Ҳаж ва умра

Умр сафаридан олинадиган фойдалар

Ҳаждан кўзланган асосий мақсад, Аллоҳ улуғлаган ва шарафлаган муқаддас маконда Унинг зикрини қоим қилиш ва ундаги фойдалар ва яхшиликларга шоҳид бўлиш ва қўлга киритишдир. Бу эса банданинг дунё ва охиратда саодат топишига сабаб бўлади.

«Одамлар орасида (юриб уларни) ҳажга чорлагин! (Шунда)улар сенга (Каъбага) пиёда ва ҳар қандай туяда узоқ йўллардан келурлар. Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда(Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига(қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзларингиз ҳам еяверингиз, бечора камбағалларга ҳам едирингиз!» (Ҳаж, 27-28).

Уламолар, Қуръони карим ва суннати шарифда келган далиллардан фойдаланиб ҳаждан олинадиган фойдаларнинг баъзиларини зикр қиладилар.

1) Масжидул ҳаромда ўқилган намоз бошқа жойдаги намозлардан афзаллиги.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менинг масжидимда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан минг марта афзалдир. Масжидул ҳаромда ўқилган намоз бошқа масжидларда ўқилган намоздан юз минг марта афзалдир» (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

2) Мабрур ҳаж, энг афзал амаллардан биридир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» деб сўралди. «Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», дедилар. «Кейин нима?» дейилди. «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш», дедилар. «Ундан кейин нима?» дейилди. «Мабрур ҳаж», дедилар» (Икки шайх ва Насаий ривоят қилган).

3) Гуноҳлар мағфират қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар».

4) Мабрур ҳажнинг мукофоти жаннатдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».

5) Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир, агар Унга дуо қилсалар дуоларини қабул қилади, Ундан мағфират сўрасалар уларни мағфират қилади” (Ибн Можа ривоят қилган). 

6) Ҳажда қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир.

Бурайда розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ҳажга қилинган нафақа Аллоҳ йўлида қилинган нафақа кабидир. Бир дирҳам эвазига етти юз баробардир” дедилар” (Муъжамул авсат).

7) Унда шифобахш замзам суви бор

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“У замзам сувини шиша идишларда кўтариб олиб кетар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар ва касаллар устидан қуяр ва уларга ичкизар эдилар деб айтарди”.

Юқорида зикр қилинган фазилатлар, улуғ манфаатлар бўлиб, ҳожилар ҳаж ибодати давомида бу файзу баракотларга ноил бўладилар.

Аллоҳ таоло муборак сафарга кетган ва кетиш арафасида юрган ҳожиларимизни соғу саломатликда ибодатларини адо этиб, гуноҳлардан покланиб келишларини насиб қилсин. Муқаддас жойларда ўзлари, фарзандлари, сизу биз ватандошлари ҳақларига қилган дуоларини қабул этсин. Уларнинг дуолари шарофати ила юртимизнинг тинч ва осойишталигини бардавом айласин.

 

Нўъмонжон СОЛИЕВ

Тошкент тумани

“Чувалачи” жоме масжиди имом-хатиби

Read 9305 times

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top