muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 30 حزيران/يونيو 2016 00:00

Эътикоф ва унинг фазилатлари

Маълумки, инсон ижтимоий мавжудот. У ҳаёти давомида муайян жамият аъзоси бўлиши ва ўзаро алаоқаларда фаол бўлиши унинг табиати ва фитратига мос. Лекин ушбу фаолияти унинг ўзлигини англаши ва Роббисини таниши ҳамда Унга нисбатан бандачилик қилишидан тўсиб қўймаслиги даркор. Шунинг учун ҳам мусулмон инсон вақти-вақти билан қилган ишларини сарҳисоб қилиши унинг руҳий тарбияси, қалб мусаффолиги ва имонининг мустаҳкамлиги учун зарур омил ҳисобланади. ана шу маънолар юзасидан Ислом шариатида “эътикоф” деб номланувчи улкан савобларга эга бўлган амал жорий қилинган.

“Эътикоф” луғатда бир нарсани ушлаб туриш ва бир жойда туриш маъноларини ифодалайди. Шаръий истилоҳда эса – рўзадор инсоннинг ният ила жамоат масжидида маълум муддат туриши тушунилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган бўлиб, уларда эътикофнинг фазилати, фойдалари ва охиратда кўплаб ажр-савобларга сабаб бўлиши баён қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда пайғамбар алайҳиссалом:

هُوَ يَعْكِفُ الذُّنُوبَ وَيُجْرِى لَهُ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَعَامِلِ الْحَسَنَاتِ كُلِّهَا

“У гуноҳлардан ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун барча яхшиликларни қилувчи каби яхшиликларни жорий қилади”, деганлар”[1].

Инсон масжидда ибодат билан машғул бўлиши орқали турли гуноҳлардан узоқ бўлиши, уларни амалга оширишдан сақланиши имконига эга бўлади. Шу билан бирга Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш ёки бошқа нафл ибодатлар билан машғул бўлиш орқали киши ўз нафсини солиҳ амаллар қилишга одатлантириши мумкин. Шунинг учун ҳам уламолар мазкур ҳадис шарҳида “ушбу ҳадисда эътикофнинг ижобий таъсири ўлароқ Аллоҳ таоло эътикоф ўтирган бандани кейинчалик ҳам гуноҳлардан сақлашига далолат бор”, дея таъкидлаганлари бежиз эмас.

Қолаверса, ушбу ҳадисдан эътикоф ўзида кўплаб яхши амалларнинг савобини жамлаганини, эътикоф ўтирган банда барча яхшиликларни амалга оширгандек ажрга эга бўлишини билиб олишимиз мумкин.

Бошқа бир ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ёнида туриб қуйидагиларни айтганлари ривоят қилинади:

سَمِعْتُ صَاحِبَ هَذَا الْقَبْرِ يَقُولُ: مَنْ مَشَى فيِ حَاجَةِ أَخِيْهِ وَبَلَغَ فِيْهاَ كَانَ خَيْراً لَهُ مِنْ اِعْتِكافِ عَشْرِ سِنِيْنَ وَمَنِ اعْتَكَفَ يَوْماً اِبْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ تَعَالَى جَعَلَ الله بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّارِ ثَلاَثَ خَنَادِقَ أَبْعَدَ مِمَّا بَيْنَ الخَافِقَيْنِ

“Мен ушбу қабр соҳибини: “Ким ўз дўстининг ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасини осмон ва ер кенглигича бўлган уч хандақ масофада узоқ қилади”, деганларини эшитдим”[2].

Эътикоф аслида савобли амал. Унинг савоблар кўпайтириб бериладиган муборак ой – рамазон ойида бўлиши эса улкан ажрларга сабаб бўлади. Қолаверса, ушбу одат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Бу борада кўплаб ҳадислар ва саҳобаи киромларнинг асарлари ривоят қилинган. Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:  

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ فِي كُلِّ رَمَضَانَ عَشْرَةَ أَيَّامٍ فَلَمَّا كَانَ الْعَامُ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ اعْتَكَفَ عِشْرِينَ يَوْمًا

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар”[3].

Бошқа ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг айнан қайси кунларида эътикоф ўтирганлари очиқ баён қилинган. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз “саҳиҳ”ларида келтирган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотнинг ушбу одатларини қуйидагича ёдга олганлар:

 

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ اْلأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди”.

Фуқаҳолар ушбу ва бундан бошқа кўплаб ҳадислардан келиб чиқиб, рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш суннати муаккада – таъкидланган суннат эканига, бошқа кунлари эса мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган.

Таъкидлаш лозимки, бизнинг динимиз роҳиблик, тарки дунёчиликни асло тарғиб этмайди. Унинг кўрсатмаларида ҳар бир мусулмон ибодатга берилиб жамиятдаги моддий, маънавий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳтларни четга суриб қўйишига даъват этилмаган. аксинча, мусулмонлар доимо бир-бирлари билан умумий алоқада ва ҳамжиҳатликда бўлишлари баробарида, мазкур соҳаларда фаол бўлишларига тарғиб этилади. Шариътимизда жорий қилинган ҳар бир кўрсатма ва амалларда унинг ёрқин мисолини кўриш мумкин. Жумладан эътикофнинг ҳукми борасидаги уламоларнинг бир қатор фатволарида ҳам ана шу ҳолат ўз аксини топган. Унга кўра рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш таъкидланган суннат бўлиши кифоя йўлига кўра экани алоҳида таъкидлаган. Яъни мусулмонлардан бир неча киши ушбу фазилатли амални бажариши билан қолганларнинг зиммасидан соқит бўлади. Буни худди масжидларда азон айтишга қиёс қилиш мумкин. бир шаҳарда намоз вақти кириши билан бир неча масжидларда азон айтилса шаҳар аҳлидан бу соқит бўлади.

Эътикофнинг энг оз муддати тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аниқ кўрсатма келмаган. Шунинг учун ҳам уламолар бу борада турли қарашларни айтиб ўтишган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эътикофнинг энг ози бир кун, деган бўлсалар, Имом Абу Юсуф кундузнинг кўпроғида ўтирса, эътикоф бўлади, деганлар. Имом Муҳаммад эса бирор лаҳза бўлса ҳам ният қилиб масжидда ўтирса, эътикоф ўрнига ўтади ва эътикофга савоб олади, деганлар.

Мазҳабимиздаги кейинги муҳаққиқ уламолар кўпчилик инсонларнинг эҳтиёжларини инобатга олиб Имом Муҳаммаднинг қавлига фатво берганлар[4]. Қолаверса, буни машҳур саҳобалардан бири Яъло ибн Умайя разийаллоҳу анҳудан келтирилган ривоят ҳам қўллайди. Унда ушбу саҳоба ўз дўстига қарата: “Биз билан масжидга юр, у ерда бирор лаҳза эътикоф ўтирамиз”, деган экан[5].

Ҳанафия мазҳабига кўра аёллар эътикоф учун масжидларга бормайдилар. Балки, улар эрлари ёки ота-оналарининг рухсати билан уйларида эътикоф ўтиришлари мумкин. Бунда иложи борича ибодат учун қулай шароитга эга бўлган ўзларининг хос хоналарида эътикоф ўтирганлари афзал саналади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

صَلاَةُ الْمَرْأَةِ فِى بَيْتِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى حُجْرَتِهَا وَصَلاَتُهَا فِى مَخْدَعِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى بَيْتِهَا

“Аёл кишининг уйидаги намози айвонида ўқиган намозидан афзалдир. Унинг хос хонасида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалдир” деганлар[6].

Муборак рамазон ойи ибодат мавсуми. ушбу фазилатли ойни ғанимат билиб, имкон қадар ҳар бир дақиқани тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказиш, Аллоҳ таолонинг авфи ва мағфиратини сўраш, Унинг буюк фазли, раҳматидан умид қилиш улкан бахт ва саодатдир. Шундай экан ҳар биримиз бу каби фазилатлардан ғафлатда қолмаслигимиз ва буюк Роббимизнинг қуйидаги олий чақириғини унутмаслигимиз лозим: “Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”[7].

 

 

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти ходими

Турсунов Абдулатиф

 

[1]  Ибн Можа “Сунан”да ривоят қилган. Баъзи муҳаддислар ушбу ҳадисни заиф дейишган. Чунки иснодида Фарқад ибн Яқуб ас-Сабахий исмли ровий бўлиб, Имом Яҳё ибн Маийн уни ишончли, деган бўлса, Имом Аҳмад ва Имом Дорақутний заиф, дейишган. Аллома ибн Ҳажар Асқалоний эса “Ушбу ровий ишончли, ростгўй ва ибодатгўй инсон бўлиб, баъзан ёддан ҳадис айтишда адашиб турган”, деган. Жумҳур уламолар ҳукмий ва ақидавий бўлмаган, балки фазилатли амалларга тааллуқли бўлган масалаларда бу каби заиф ҳадисларга суяниш мумкинлигига иттифоқ қилишган.

[2] Табароний “Муъжам ал-авсат”да, Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган. Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг “Мажмаъ аз-завоид” асарида “Ушбу ҳадиснинг исноди яхши”, деган бўлса, Имом Ҳоким ушбу ҳадисни саҳиҳ, дея баҳолаган.

[3] Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

[4] Қаранг: Мулла Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори ал-ҳанафий. Фатҳу боб ал-иноя шарҳ китоб ан-ниқоя. 2-жуз. 243-бет. 

[5] Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган.

[6] Абу Довуд “Сунан”да, Байҳақий “Маърифтус сунан вал осор”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Имом Ҳоким “Ушбу ҳадис икки шайх (Бухорий ва Муслим) шартига кўра саҳиҳдир” деган.  

[7] Ҳаж сураси, 77-оят.

الخميس, 30 حزيران/يونيو 2016 00:00

30 июнь кунидаги хатмоналар

Ҳурматли порталимиз мухлислари, Яратганга шукрки, Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабабли муборак Рамазон ойи ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда. Айниқса, кундузлари соим бўлиб Аллоҳга муқарраб бўлган инсонлар, тунлари таровиҳ намозларида ҳам иштирок этиб Аллоҳнинг каломига соме бўлишмоқда. Дуолар мустажоб бўладиган ғанимат дамларда Юртимиз ва юртдошларимиз ҳақига хайрли дуолар қилишмоқда.

Сиз азизларга 30 июнь куни пойтахтимизнинг қуйидаги масжидларида Қуръон хатмоналари якунига етишини маълум қиламиз:

  1. “Абдулҳамид ҳожи” жоме масжиди. (Манзил: Учтепа тумани, Муаллим кўчаси 2-уй.) Масжид имом-хатиби-Азимов Жамолиддин . Қори: Орзиев Раҳматуллоҳ.
  2. “Омина” жоме масжиди. (Манзил: Юнусобод тумани, Обод маҳалласи, Ўртасарой кўчаси 30 уй.) Масжид имом-хатиби-Ҳазратқулов Муҳаммадбоқий. Қорилар: Давлатов Ҳикматуллоҳ, Шодиев Юсуф.
  3. “Занги ота” жоме масжиди. (Манзил: Шайхонтоҳур тумани, "Занги ота" маҳалласи, Самарқанд дарвоза кўчаси 122 – уй.) Масжид имом-хатиби - Мирзаев Хайруллоҳ. Қорилар: Ҳакимов Шуҳрат, Ахматқулов Элёржон, Бобожонов Отабек.

Шукуҳли ва дуолар ижобат бўладиган хатмона кечасида Аллоҳ таолодан Рамазон ойи  Юртимиз учун барокатли ва хайрли бўлишини, Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз эса фаровон бўлишини сўраб дуолар қилайлик. Зеро, бу ойда қилинган дуо мустажобдир.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

الخميس, 30 حزيران/يونيو 2016 00:00

Муборак Рамазон ойида Жаннатга 122 эшик

Муборак Рамазон ойида Жаннатга 122 эшик

  • Ҳар бир амални фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб бажариш. (Ихлосли бўлиш).
  • Аллоҳ таолога тавба қилиш.
  • Янги чиққан ойни кўрганда дуо қилиш.
  • Иймон ва савоб умидида рўза тутиш.
  • Иймон ва савоб умидида кечаларини бедор ўтказиш.
  • Иймон ва савоб умидида қадр кечасида бедор бўлиш.
  • Охирги ўн кунида янада жидду жаҳд қилиш.
  • Умра қилиш.
  • Эътикофда ўтириш.
  • Рўзадорга ифторлик қилиб бериш.
  • Қуръони каримни тиловат қилиш.
  • Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш.
  • Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  • Истиғфор айтиш.
  • Таҳоратни мукаммал адо этиш.
  • Таҳорат олгандан кейин шаҳодат калимасини айтиш.
  • Доимий таҳоратли бўлиб юриш.
  • Мусвок ишлатиш.
  • Таҳорат олгандан кейин икки ракат намоз ўқиш.
  • Азон эшитандан кейин унинг дуосини ўқиб қўйиш.
  • Азон ва иқомат орасида дуо қилиш.
  • Доимий беш вақт намозни адо этиш.
  • Намозларни ўз вақтида адо этиш.
  • Хусусан бомдод ва аср намозларининг вақтига янада риоя қилиш.
  • Жума намозини доимий адо этиш.
  • Жума куни дуолар ижобат бўладиган лаҳзаларни ўрганиб, шу вақтларда дуо қилиш.
  •  Жума куни “Каҳф” сурасини ўқиш.
  • Масжидга бориш.
  • Ҳарам масжидида ва Набавий масжидида намоз ўқиш.
  • Қубо масжидида намоз ўқиш.
  • Доимо жамоат билан намоз ўқишга риоя қилиш.
  • Биринчи сафда намоз ўқишга интилиш.
  • Доимо “Зуҳо” намозини адо этиш.
  • Кундалик ўқилиб бориладиган суннат намозларини қолдирмаслик.
  • Нафл намозларни уйда адо этиш.
  • Кўп сажда қилиш.
  • Масжидда бомдод намозини ўқиб бўлгандан кейин ўз жойида қуёш чиққунча зикр қилиб ўтириш.
  • Жаноза намози ва дафн маросимига қатнашиш.
  • Ёш фарзандларни намоз ўқишга ўргатиш.
  • Ёшларни рўза тутишга ўргатиш.
  • Ҳар бир фарз намозидан кейин Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  • Рўзадор оғиз очишини кечиктирмаслиги.
  • Оғиз очиш амалини шом намозидан аввал бажариш.
  • Агар топилса, хурмо билан оғиз очиш.
  • Доимо ифторлик дуосини ўқишга риоя қилиш.
  • Ифторлик пайтида дуо қилиш.
  • Бошқа пайтларда ҳам кўпроқ дуо қилиш.
  • Саҳарлик қилиш.
  • Овқат еб, ичимлик ичиб бўлгандан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтиш.
  • Закотни адо этиш.
  • Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш.
  • Садақа бериш.
  • Бировларга ошкора қилмай садақа бериш.
  • Масжидлар қурилишига моддий ёки маънавий кўмак бериш.
  • Саломни кенг ёйиш ва мискину фақирларга таом едириш.
  • Йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш.
  • Ота-онага яхшилик қилиш ва уларга итоат этиш.
  • Аёл киши эрига итоат этиши.
  • Ҳалолдан касб қилиш.
  • Доимо аҳли-оила нафақасидан хабардор бўлиш. 
  • Етим-есирларга ва мискину бечоралар нафақасидан хабардор бўлиш.
  • Етимни ўз кафиллигига олиб, унинг нафақасига қараш.
  • Етимнинг бошидан силаб, унга меҳр-шафқат кўрсатиш.
  • Дўсту биродарларнинг эҳтиёжларини раво қилиш.
  • Аллоҳ йўлидаги дўстлардан ҳол-аҳвол сўраб кўргани бориб туриш.
  • Касалларни ҳолидан хабар олиш.
  • Қариндош-уруғлар гарчи, алоқаларни узган бўлсалар-да, улар билан борди-келди қилиш.
  •  Мусулмон кўнглини кўтариб, хурсанд қиладиган ишларни амалга ошириш.
  • Қийналиб қолган кишининг ишини енгиллатиш.
  • Заифҳол кишиларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш.
  • Ўзаро низо чиққан, бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетган инсонларнинг орасини ислоҳ қилиш.
  • Гўзал хулқли бўлиш.
  • Ҳаёли бўлиш.
  • Ростгўй бўлиш.
  • Босиқ, кечиримли, мулойим бўлиш.
  •  Кўришганда қўл бериб саломлашиш.
  • Очиқ юзли бўлиш.
  • Савдода бағрикенг бўлиш.
  • Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан кўзни тийиш.
  • Яхшиликка чақириб, ёмонликнинг олдини олиш.
  • Солиҳлар, яхши инсонлар билан бирга бўлиш.
  • Тил ва бошқа аъзоларни номақбул ишлардан сақлаш.
  • Пайғамбар алайҳиссалом кўп саловот айтиш.
  • Яхшилик қилиш ва эзгу ишларга далолат қилиш.
  • Инсонлар Аллоҳ таолони танишига сабабчи бўлиш.
  • Инсонларнинг айбларини беркитиш.
  • Сабрли бўлиш.
  • Бирор бир гуноҳ иш содир этганда, икки ракат намоз ўқиб тавба қилиш.
  •  Ҳайвону жонзотларга ҳам шафқатли бўлиш.
  • Инсонлардан таъма қилмаслик.
  • Кўп таҳлил (яъни, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”) ва тасбеҳ айтиш.
  • Садақайи жория қилиш.
  • Савдо-сотиқда ростгўй бўлиш.
  • Мусулмонлар ғам-ташвишини аритиш.
  • Мусулмон ва бошқаларга зиён бермаслик.
  • Ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш.
  • Ота-онанинг дўстлари билан ҳам борди-келди қилиб алоқани узмаслик.
  • Ширин сўзли бўлиш.
  • Қўл остидаги ишчи-ходимларга шафқатли бўлиш.
  • Бир солиҳ амални оз-оз бўлса-да, бардавомлик ила бажариш.
  • Қўни-қўшниларга яхши муносабатда бўлиш.
  • Меҳмонларни иззат-икром қилиш.
  • Ота-онанинг ҳаққига дуо қилиш.
  • Дўсту биродарининг ҳаққига ғойибона дуо қилиш.
  • Мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилиш ва Аллоҳ таолодан уларнинг гуноҳларини кечиришини сўраш.
  • Масжидларни тозалигига ҳисса қўшиш.
  • Турмуш ўртоғи билан яхши муносабатда бўлиш.
  • Ўз аҳли-оиласига таълим-тарбия бериш.
  • Бирор кишига жабр қилган бўлса, ундан розилик олиш ва зиммасидаги ўзгаларнинг моддий ва маънавий ҳақларини адо этиш.
  • Ёмонлик кетидан уни ювиб юборадиган яхшилик қилиш.
  • Омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо қилиш.
  • Каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш.
  • Ўзгаларнинг ғам-қайғуси ва дардига шерик бўлиш.
  • Тилни ёмон сўзлардан сақлаб фақат яхши сўзларни айтиш.
  • Мусулмонлар обрўсини сақлаш.
  • Қалбни бахиллик ва ҳасаддан пок тутиш.
  •  Инсонлар орасида адолат билан ҳукм қилиш.
  • Мусулмонларга яхши ишларда кўмаклашиш.
  • Бошига кулфат ёғилган кишига ёрдам бериш.
  • Яхшиликка чақираётган кишининг чақириғига лаббай дейиш.
  • Яхши иш қилган кишига миннатдорчилик билдириш ва муносиб мукофотлаш.
  • Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш. 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади

الخميس, 30 حزيران/يونيو 2016 00:00

Амаллар ниятга боғлиқ (шеър)

Азизлар айтайин битта ҳикоят,
Қанча китобларда келган ривоят.

Кундуз умид билан бўлсак рўзадор.
Кечалар қиёмда турсак ҳам бедор.
Бировнинг ҳаққига қилсак хиёнат.
Бизда бўлмаса инсоф диёнат.
Бировнинг ортидан айтсак ғийбатлар.
Беэътибор ўтса қанча суҳбатлар.
Номаҳрамдан тиймас бўлсак кўзимиз.
Беихтиёр бурилса унга юзимиз.
Ёлғон аралашса битта савдода.
Молим ўтказай деб бўлсак ғавғода.
Қўрқмасдан еб қолсак биров хаққини.
Зарра озорласак инсон халқини.
Рўзадорман деб ўйлама зинҳор!
Балки бу рўзанг бўлибди бекор.

Иймон билан тутсанг рўзадир зиё.
Билсин дея тутсанг бўлади риё.
Аввал ниятинг тўғирла банда,
"Амаллар ниятга боғлиқ"-эканда.
"Мўминнинг нияти амалдан яхши",
Ҳар бир яхши ният қалбнинг нақши.

Қиёматда келтирилар бир ожиз банда.
Намои аъмоли қўйилар унда.
Амал китобида "ҳаж-умраю, саъю ҳаракот
Қўп эрур унда садақа, закот".
Бул амалларни кўриб ул ҳайрон,
Банда ўзича ўйлади шу он:
"Буларнинг ҳеч бирин қилган эмасман.
Демак, бул китоб менинг эмаскан".
Шунда Аллоҳ таоло айтади унга:
"Бул сенинг китобинг, ўқигин банда.
Сен бечора ҳолда яшардинг унда,
ва айтардинг менда мол бўлганида.
Албатта, ҳаж қилиб Каъба борардим.
Агар молим бўлса закот берардим.
Ниятда содиқлигингни билдим.
Буларнинг ҳаммасин савобин бердим".

Кўринг ҳолис ният фойдасин.
Аллоҳ билар ниятни ҳамма-ҳаммасин.
Аллоҳ қарамайди молларингизга.
Ва қарамас сурату аҳволларингизга.
Балки амаллару қалбларга қарар,
Қалбдаги яширин ҳаммасин билар.
Чин қалб билан тутинг бу ой рўзасин.
Қалбингиз танисин борлиқ Эгасин.
Рўза тутсин танада ҳар битта аъзо.
Шунда рўзанг бўлар аълодан аъло.
Гуноҳ ювиб қолинг, бу ой омонат.
Рўзаси қабулни кутади жаннат.
Жаннатга муштоқ бўлса рўзадор,
Ҳар хил гуноҳлардан сақлансин юз бор.
Жаҳаннам азобидан паноҳ тиласин.
Аҳлига доимо кулиб қарасин.
Эй ожиз Хуршид, тила офият.
Умматга тилагин кўп яхши ният.
Ниятим юртимиз тинч-омон бўлсин.
Жами мусулмонларни саломат қилсин.


                                                      Хуршид Еркабаев.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top