www.muslimuz

www.muslimuz

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Уч тепа тумани   “Азиз ота” жоме масжиди имом ноиби вазифасида ишлаб келган Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзбошимчалик ила кескин чиқиши фуқароларнинг баҳс-мунозаларига сабаб бўлмоқда.

Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқ орқали имомлик мақоми ва амалдаги қонун-қоидаларга эътибор қилмай, гўёки Ислом дини самосуд қилишга чақириши тўғрисидаги қарашлари аслида динимиз таълимотига зид ва воқеликка нисбатан Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини ифода этмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи ҳар қандай чиқишларни қатъий қоралайди ҳамда уларни қонунчилик талабларига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва тўла риоя этишга чақиради.

Қайд этиш лозимки, диний идоранинг аввал қабул қилинган ва ижрога йўналтирилган ҳужжатларида масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар амалдаги қонунчилик, одоб-ахлоқ қоидалари, меҳнат мажбуриятларига амал қилиш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида диний асосда адоват қўзғатувчи ахборот тарқатмаслик, нохолис ва салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқиш қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2022 йил 13 сентябрь куни чиқарилган 01/А 128-сонли буйруқда ҳам диний соҳа вакилларининг масжидлар ва диний маросимларда, Интернет тармоғидаги чиқишларида ижтимоий беқарорликка, миллий ёки диний асосда низо келтириб чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган маълумотларни тарқатмаслик алоҳида таъкидланган эди.

Афсуски, юқоридаги талабларга қарамай,  Воҳидов Мирсобит ўз чиқишида ҳуқуқий-меърий ҳужжатлар талабларини бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларидаги талабларга риоя этмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқларда диний соҳа вакили мақомига зид чиқиши, шунингдек, диний идора ички меъёрий ҳужжатлари талабларини қўпол равишда бузгани ҳамда амалдаги қонунчиликка ҳурматсизликка йўл қўйгани кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2022 йил 19 сентябрь кунги буйруғи билан Воҳидов Мирсобит билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди ҳамда уни эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йил 30 ноябрдаги “Жамоат олдида ва ижтимоий тармоқларда чиқишларни тартибга солиш бўйича” 01А/ 198-сонли буйруғига барча имом-хатиб ва имом ноиблар томонидан қатъий амал қилиниши тўғрисида кўрсатма хати жойлардаги вакилликларга йўлланди. Буйруқнинг мазмун-моҳияти юзасидан ҳудудларда диний соҳа ходимлари иштирокида такроран тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ушбу имом ноиби чиқиши турлича талқин қилинаётганидан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жамиятдаги тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлигини таъминлаш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли фаолиятига баъзида учраб турган бундай калтабин чиқишлар соя солмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бугун ахборот маконида диний йўналишида кузатилаётган мураккаб шароит ва турли хуружлар даврида барча имом-хатиблар, ноиблар ва тизим вакилларига аҳоли орасида маърифий Ислом ғояларини кенг тарғиб этиш, тинчлик-осойишталик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, миллатлар ва элатлар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасида ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳамда амалдаги қонунчиликка қатъий риоя этишни фаолиятнинг устувор йўналишлари эканини яна бир бор эслатади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

 

Муносабат

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Бутун дунё нигоҳида бўлган ШҲТнинг Самарқанд саммити “Йил воқеаси” сифатида юксак баҳоланмоқда. Аллоҳга шукрки, халқаро майдонда катта аҳамиятга эга бўлган муҳим воқелик – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига ҳамиша навқирон замин муваффақиятли мезбонлик қилди.

Эътироф этиш жоизки, дунёдаги энг йирик минтақавий тузилманинг асосий анжумани – янги таклифлар муҳокамаси ва ташкилотнинг истиқболини белгилаб оладиган халқаро йиғин саналади. Ана шундай нуфузли саммитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан таҳдидлар кучайганини алоҳида таъкидлади.

Буюк неъматни асраш даврнинг ўткир талаби

Тинчлик улуғ неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти. Чунки, яхши турмуш, фаровонлик, эзгу мақсадлар рўёби, энг аввало, шу неъматга боғлиқ. Шунинг учун ҳам қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун моли-ю жони билан курашиб келган.

Бироқ бугунги кунда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари дин ниқоби остида ёшларни зўравонликка, маданий-маърифий ва оилавий қадриятларни йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда радикал қарашларни тарқатаётгани ташвишланарли ҳолатдир.

Президентимиз бу масалага бугунги куннинг энг долзарб муаммоси сифатида қараб, шундай деди: “Радикализмнинг ўсиб бориши хавфли тенденцияга айланмоқда. Ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз”.

Бу хавфнинг жиддийлигини ҳис этган Ўзбекистон халқаро минбарларда бундай хатарга қарши ўз ташаббусларини илгари сурмоқда.

Мамлакатимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу йўлда аҳолининг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган ва қилган ишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга нисбатан кечиримлилик сиёсати юритилиб, ёш авлод турли бузғунчи оқимлар сафига кириб қолишининг олдини олиш бўйича мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, диний ва дунёвий билимларни эгаллаган, фуқаролар орасида диний асосдаги экстремизм мафкурасига қарши иммунитетни шакллантира оладиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларини бузғунчи ғояларга қарши кураш ишларига фаол жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, ёшлар етарли билим-тушунчага эга бўлмагани ва ўта таъсирчанлиги туфайли экстремизм ва терроризм мафкураси олдида энг заиф қатлам бўлиб қоляпти. Бугунги кунда ақидапараст оқимлар ёш авлодни ўз сафига жалб қилишда интернет тармоғидан кенг фойдаланмоқда, унинг ёрдамида вайронкор мафкура мунтазам сингдириб бориляпти. Айниқса, интернет орқали турли тилларда тарғибот олиб бориш ва виртуал жамоатлар тузиш, турли кўринишдаги асоссиз “фатво”лар бериб борилиши муаммони янада жиддийлаштирмоқда.

Ҳақиқатан, бугун мусулмон оламида мураккаб жараёнлар кечмоқда. Мутаассиблик ва мазҳабларни рад этиш каби иллатлар кузатилаётгани вазиятни янада хавотирли тус олдирмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний соҳа ходимлари томонидан жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, аҳоли орасида турли экстремистик оқим вакиллари томонидан бузғунчи ғоялар тарқатилишининг олдини олиш, фуқаролар, айниқса, ёшларда маънавий иммунитетни шакллантириш юзасидан жойларда диний-маърифий суҳбатлар, ОАВ, ижтимоий тармоқлар орқали доимий чиқишлар қилиш ҳамда ислом маърифатига оид нашр маҳсулотларини тарқатиш каби фаолиятлар амалга оширилмоқда.

Ислом дини фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди. Аллоҳ таоло Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”, деб огоҳлантирган. Пайғамбаримиз ҳадиси шарифларида: “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), дейилган. Демак, ислом дини экстремизм, терроризм ва радикализмни буткул қоралайди, мусулмонларни оқибати оғир бўлган бундай ҳаракатлардан огоҳ бўлишга чақиради.

Самарқанд саммитида муҳтарам Президентимиз илгари сурган халқчил ва чин инсоний мақсадлар ҳам тинчликни мустаҳкамлаш, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, дунё давлатлари ўртасида бирдамликни кучайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Ҳаётий ўта муҳим масала

Аллоҳ таоло инсонни улуғлаб, унга ато этган неъмат – табиатни асраб-авайлаш, ундан меъёрида фойдаланишга буюрган. Ҳақ таоло: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!”, дея амр қилган (Аъроф сураси, 56-оят). Қуръони каримдаги 750 га яқин оят табиатдаги неъматлар ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди.

Шу каби илоҳий таъкидлар ҳар бир инсонни неъматларга оқилона муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни озода сақлашга чақиради. Афсуски, сўнгги йилларда дунё ҳамжамияти экологик муаммолар туфайли азият чекмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, чанг бўронлари, озиқ-овқат етишмовчилиги кабилар башариятни танг аҳволга солиб қўймоқда.

ШҲТ саммитида Президентимиз шу каби долзарб масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб, Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда, дея таъкидлади.

Ҳақиқатан, иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат танқислиги билан боғлиқ муаммолар кун тартибига чиқмоқда. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, неъматларни тежаб ишлатишимиз керак. Фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур. Аллоҳ таоло бутун инсониятга ризқу рўзни ато этиб, исрофга йўл қўймасликка чақирди: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

Набий алайҳиссалом: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва тежамкор бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида атроф-муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган. Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган.

Таъкидлаш жоизки, сув инсон ҳаётини таъминлашда асосий манба. Дарё ва сойлар суви ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам энергетика, ҳам аҳоли турмуши учун ўта муҳим. Ҳозирги кунда ичимлик сув муаммоси бутун жаҳон миқёсида ташвиш бўлиб турибди. Дунё аҳолисининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувга муҳтож.

Шундай экан, бу қимматли неъматни асраб-авайлаш даркор. Сувни тежаш борасида ҳадиси шарифда гўзал намуна бор. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: “Ҳой Саъд, бу қандай исрофгарчилик?!” дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?” деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: “Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам”, дедилар”.

Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70-оят).

Дарҳақиқат, исрофнинг гуноҳи ва унинг сўрови оғир, сувни исроф қилишнинг гуноҳи эса исрофлар ичида энг оғиридир. Чунки бу неъмат исрофи оқибатидан жуда катта зарарлар келиб чиқиши мумкин.

Демак, бир томчи сувни ҳам исроф қилмаслик, электр қувватини тежаш, уни бир лаҳза ҳам беҳуда сарфламаслик жамиятда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчи. Кийим кийишда, юриш-туришда, умуман, ҳар бир соҳада тежамкор бўлиш лозим. Ана шунда тежамкорлигимиз ўзимизга, оилавий иқтисодимизга, жамиятимизга, бутун эл-юртимизга фойда келтиради, хавф солаётган таҳдидлар ортга чекинади.

Самарқанд декларацияси – муҳим тарихий ҳужжат

Саммитда ШҲТ фаолиятининг муҳим соҳаларидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди.

Жами 44 та ҳужжат – баёнотлар, битимлар, дастурлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, аъзо давлатларнинг яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома, “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвони тўғрисидаги низом ва туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар ўрин олган. Шунингдек, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг иқлим ўзгаришига нисбатан жавоб ҳаракатлари, глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, энергетик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги баёнотлари ҳам қабул қилинди.

ШҲТнинг 20 йилдан зиёд фаолияти давомида шунча миқдорда муҳим ва инсон ҳаёти учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиши энг юқори кўрсаткич бўлиб, тарихий воқеага айланди.

Сўзим якунида яна бир жиҳатни айтмоқчиманки, мазкур саммитга келган бир қатор давлат раҳбарлари Самарқанд заминидаги “Боқий шаҳар”, Имом Бухорий ва Ҳазрати Хизр мажмуаларини зиёрат қилиши, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, эзгу дуолар ўқилиши ушбу йиғин ишига қут-барака берди ҳамда қабул қилинган ҳужжатларда ҳаётийлик акс эттирди.

Аллоҳ таоло бутун Ер юзининг диққат марказидан ўрин олган Самарқанд саммити юртлар тинчлиги, инсоният фаровонлиги ва мамлакатлар тараққиётига хизмат қилишини насиб этсин.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси фахрий доктори.

 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Сизларни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида чин дилдан қутлайман.

Қадимий ва меҳмондўст Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар раҳбарларини, фахрий меҳмонларимиз ва халқаро ташкилотлар вакилларини шахсан қабул қилиш шарафига муяссар бўлганимдан мамнунман.

Буюк ипак йўлининг қоқ юрагида жойлашган бу муаззам шаҳар минг йиллар давомида миллатлараро мулоқот, ўзаро маданий ва маънавий ҳамкорлик, савдо ва илмий алмашинувлар маркази сифатида хизмат қилиб келган.

Бугунги кунда пандемия ва дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Самарқанд яна бир бор Евроосиёнинг улкан макони етакчиларини бирлаштиргани, халқаро сиёсат ва иқтисодиёт марказига айлангани қувонарлидир.

Мен анжуманимизда биринчи маротаба иштирок этаётган давлат раҳбарлари – Покистон Ислом Республикаси Бош вазири жаноб Шаҳбоз Шариф, Туркия Республикаси Президенти жаноб Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти жаноб Сардор Бердимуҳамедовни самимий қутлайман.

Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Биз ШҲТга раислик давримизда Ташкилотимиз доирасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш, унинг салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга интилдик.

Хавфсизлик масалалари билан бир қаторда савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга устувор эътибор қаратилди.

Ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, Раислик режасини биргаликда тўлиқ амалга оширишга муваффақ бўлдик. 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз бугун қабул қилинган 40 дан ортиқ ҳужжатда ўз ифодасини топган.

ШҲТнинг барча давлатлари, шунингдек, Ташкилот Котибияти ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитасига раислигимизга фаол ёрдам бергани учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайди.

Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда.

Ташкилотимиз фаолияти шундай мулоқотни амалга ошириш мумкинлигини дунёга намоён этмоқда.

ШҲТ очиқлик ва блокларга қўшилмаслик тамойилларига қатъий содиқлиги туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни муваффақиятли тарзда чуқурлаштирмоқда. ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатларимиз ривожланиб бормоқда.

Бугун Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланмоқда. Ушбу тарихий воқеа билан Эрон Президенти жаноб Иброҳим Раисийни ва барча ҳамкасбларимизни чин қалбимдан табриклайман.

Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланишини мамнуният билан қабул қиламиз.

Бундан ташқари, биз Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш бўйича процедураларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилмоқдамиз.

ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

ШҲТ ўз тараққиётининг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўймоқда. Зиммамизда ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини биргаликда ҳал этиш масъулияти турибди.

Бизнинг фикримизча, авваламбор, Ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳимдир.

Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг "географик ядроси" мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил.

“Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Биз фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашимиз мумкин.

Ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришишимиз мумкин, деб ҳисоблайман. Ушбу дастуруламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг барча йўналишларини қамраб олиши, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши лозим.

Аввало, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳимдир.  Бу масала минтақада барқарорликни таъминлаш ва мамлакатларимиз аҳолиси фаровонлигини оширишнинг асосий шартларидан биридир.

Кўриниб турибдики, кўпроқ иқтисодий барқарорликка эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг ишончли моделларидан фойдаланиш зарур. ШҲТ мамлакатлари ўртасида қисқароқ “таъминот таянчи”га эга ишлаб чиқариш занжирларини яратиш учун амалий ҳаракатларга ўтиш ўта муҳимдир.

Биз ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини ўзаро тўлдириб боришдаги афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд салоҳиятни максимал даражада оширишдан манфаатдормиз. Шу муносабат билан ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантиришни таклиф этамиз.

Унинг асосий вазифаси савдо ва божхона тўсиқларини бартараф этишга, кафолатланган ва барқарор ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини шакллантириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босишга қаратилган қўшма дастурларни рағбатлантиришни кўзда тутади.

Шунингдек, бу вазифа ўзаро сармояларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, уларни биринчи навбатда, инфратузилмани ривожлантириш, рақобатбардош саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтириш орқали биз яратган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барча механизмларини бирлаштириш ва фаоллаштиришдан иборат бўлади.

Мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш ва амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришиш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказишни таклиф этамиз.

Саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдоримиз. Биз келгуси йилда Самарқандда “Ўзбекистон–ШҲТ” саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга тайёрмиз.

Яна бир чора-тадбир сифатида ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказишни, унинг асосида ягона электрон платформа яратишни таклиф этамиз.

Биз қабул қилаётган Минтақалараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳам бунга ёрдам беради.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Шуни тан олиш керакки, мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ майдончасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатликни йўлга қўя олмадик.

Давлатларимиз салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, биз ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўшишимиз керак.

Шу муносабат билан Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ушбу ҳужжатда мавжуд норматив-ҳуқуқий базани яқинлаштириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва янгиликларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, "яшил" ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш лозим.

Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этамиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун биз ШҲТнинг Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини қабул қилмоқдамиз.

Концепциянинг асосий қоидаларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлаши остида Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этишни таклиф қиламиз.

Шунингдек, саммит доирасида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама Битимнинг имзоланишини ҳам тарихий воқеа, деб ҳисоблаймиз.

Сизларни стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз–Мозори Шариф-Кобул–Пешовар темир йўли коридори қурилишини ҳам қўллаб–қувватлашга чақирамиз.

Ушбу икки лойиҳанинг амалга оширилиши ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, умуман олганда, Ташкилотимиз маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун кенг имкониятлар очади.

Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни биз келгуси йили Ўзбекистонда ШҲТ Биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилишимиз мумкин бўлур эди.

Кун тартибидаги экологик муаммолар алоҳида долзарблик касб этмоқда.

Бугун Иқлим ўзгаришига муносабат бўйича қўшма Баёнот қабул қилиш орқали ШҲТ ушбу хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишда бирдамликни намоён этмоқда.

Шу билан бирга, барчамиз учун ҳаётий ўта муҳим бўлган ушбу соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмлари ва шакллари зарурдир.

Биз ўз таркибида сиёсатчиларимиз, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларимизни бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузишни таклиф қиламиз.

Бундай формат иқлимга мослашиш лойиҳаларини илгари суриш, чўлланишга ва тупроқ деградациясига қарши курашиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишдаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга имкон беради.

Бу масала Орол денгизи экологик фожеасининг ҳалокатли оқибатларини бартараф этиш нуқтаи назаридан алоҳида долзарб аҳамиятга эга.

Хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик ШҲТ ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади. Янги реаллик шароитида мамлакатларимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш долзарб масала ҳисобланади.

ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва  уларга тезкорликда муносабат билдиришга оид шартномаларимиз асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштиришнинг аллақачон мавриди келган.

Мамлакатларимиздаги вазиятни баҳолаш ва бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда мажмуавий қарорлар қабул қилиш учун Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг йиллик сайёр йиғилишлари амалиётини йўлга қўйиш муҳимдир.

Радикализмнинг ўсиб бориши хавфли тенденцияга айланмоқда. Ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, кўп жиҳатдан аллақачон замонавий ҳаётни белгилаётган хавфсиз ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратишни истар эдим.

Фақат кучларни бирлаштириш орқали, бир пайтнинг ўзида, ахборот маконидаги таҳдидларни камайтира борган тақдирдагина биз рақамлаштириш афзалликларидан тўла фойдалана олишимиз мумкин.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозим.

Ушбу масалада яқинда бўлиб ўтган Тошкент конференциясини қўллаб-қувватлаганликлари учун ҳамкасбларимга алоҳида миннатдорлик билдиришни истар эдим.

Мазкур анжуманда афғон делегацияси, кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг, жумладан, ШҲТ вакилларининг иштироки жаҳон ҳамжамиятининг ушбу мамлакат билан ҳамкорлик бўйича мувофиқлаштирилган ёндошувларни ишлаб чиқишга бўлган  интилишини тасдиқлайди.

Шуни таъкидлашни истардимки, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим.

Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради.

Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз.

Бундан ташқари, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни бизнинг мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қиламиз.

Фонд маблағлари ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам асосини шакллантиради. Халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ШҲТ минтақасидаги тинчлик ва кенг қамровли шерикликнинг гаровидир.

Бугун қабул қилинаётган Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича комплекс режа айнан шу мақсадларга қаратилган.

Маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш тамойилига таянган ҳолда, Ташкилотимиз миллионлаб одамларга маданиятлараро мулоқот ва ўзаро алмашувнинг янги  имкониятлари эшикларини очиб беради.

ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Шуни қайд этишни истардимки, замонавий технологиялар бизга маданиятлараро мулоқотнинг рақамли платформаларини ишга тушириш имконини беради.

Бу - виртуал музейлар ва ижодий кўргазмалар, илмий видеоконференциялар бўлиб, улар, аҳоли, жумладан, ёшларни бундай лойиҳаларга фаол жалб қилиш орқали халқларимизнинг янада яқинлашишига кўмаклашади.

Ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳам шу мақсадга йўналтирилади.

Ушбу устувор йўналишдаги ҳамкорлигимизни фаоллаштириш учун келгуси йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилишни таклиф этаман.

Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим биргаликдаги ишларимиз учун зарур ҳуқуқий замин яратади.

Қадрли дўстлар!

Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келган. Асрлар давомида бу ерда турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотнинг ўзига хос маданияти яралган.

Самарқанд – биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга татбиқ этилган жонли намунадир.

Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган бундай мулоқот фавқулодда зарурдир.

Шу боис бугун Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этишдан мамнундир.

Бу ташаббуснинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндошувлар ва қарорларни излашга тайёр, "Самарқанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир.

Унинг амалий ижросига доир масалаларни сиёсий етакчилар, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доираларининг нуфузли вакиллари иштирокида келгуси йили Самарқанд халқаро форумида биргаликда кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биз тез фурсатларда барча шерикларимизга тақдим этадиган сермазмун Ҳаракатлар дастури форум ишининг асоси бўлади. Сизларнинг кенг қўллаб-қувватлашингизга ва ташаббусимизни тарғиб қилишдаги иштирокингизга умид қиламан.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Сўзимнинг якунида Ўзбекистон раислигидаги мақсадларга эришишда фаол кўмаклашганингиз учун барчангизга яна бир бор самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янада изчил ривожланишига ҳамда Ташкилотимиз нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.

https://youtu.be/-r0PKyBpbJg
Манба: https://www.youtube.com/watch?v=-r0PKyBpbJg

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг 22-саммити Самарқанд шаҳрида 15-16 сентябр куни ташкиллаштирилади. Ушбу нуфузли халқаро анжуман олдидан Самарқанд мутлақо янгича қиёфа касб этмоқда. Қадимий шаҳар бугун меҳмонларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top