muslim.uz

muslim.uz

Бугун республикамизнинг барча олий таълим муассасаларида кириш имтиҳонлари бўлгани каби Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам 2017-2018 ўқув йили учун тест синовлари бўлиб ўтди. Абитуриентлар “Ўзбекистон тарихи” ҳамда “Она тили ва адабиёти” фанларидан ўз билимларини синовдан ўтказдилар. Унда жами 462 нафар абитуриент иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи асосида институтда тест синовлари юқори савияда ўтказилиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Ўтган йиллардаги кириш имтиҳонларидан фарқли равишда, жорий йилги қабул имтиҳонлари жараёни адолатлилиги, ҳаққонийлиги ва шаффофлигини тўла таъминлаш мақсадида жами абитуриентлар ягона зал – “Ҳазрати Имом” масжидининг хонақосида тест синовларини топширдилар.

Шунингдек, тест жараёни ҳамда ташқарида ота-оналар учун яратилган шарт-шароитлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “muslim.uz” портали жамоаси томонидан https://www.facebook.com/muslimuzportal саҳифасида тўғридан-тўғри (онлайн режимда) интернет орқали эфирга узатиб борилди.

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Бугун, 4 май куни Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ва Ғарбий-шимолий минтақаси мусулмонлари идораси таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов бошчилигидаги 4 кишидан иборат делегация Санкт-Петербург шаҳрига жўнаб кетди.

Шунингдек, делегация таркибида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бош имом-хатиби Хусниддин қори Абдукаримов, “Носирхон” масжиди имом-хатиби Жасур Раупов ва “Дўстжонбой” масжиди имом-хатиби Баҳром Атаджанов каби имом-домлалар бор.

Ўзбекистон делегацияси бир ҳафта мобайнида Санкт-Петербург шаҳри ва Россиянинг Ғарбий-шимолий минтақаларида бўлиб, меҳнат муҳожирлари, маҳаллий аҳоли ва турли ташкилотларда маърифий учрашувларда иштирок этадилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

الجمعة, 28 نيسان/أبريل 2017 00:00

Шаъбон ойи фазилатлари

Фазилатли ойлардан бири шаъбонда қилинган хайрли амалларнинг ажри жуда улуғдир. Айниқса, бу ойнинг биринчи ярмида нафл рўза тутиш ниҳоятда савоблидир.

Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани "Бароат кечаси" дейилади. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, ажал ва умр белгиланади ва амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.

Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен: «"Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?" деб сўраганимда, у зот: "Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман", дедилар» (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).

Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбоннинг ўртасидаги кечада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилишини айтганлар: "...Истиғфор айтгувчи борми? Уни мағфират қилурман. Ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Мубтало борми? Унга офият берурман".

Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир.

Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига нузул этади ва Бани Калбнинг қўйлари жунидан ҳам кўп одамни мағфират қилади", дедилар» (Ибн Можа, Имом Термизий ва Аҳмад ривояти).

Бани Калб қабиласи ўша вақтда сурув-сурув қўйлари билан машҳур бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаъбон ойининг ярмида Аллоҳ таоло ниҳоятда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаш учун ана шу қўйларнинг жунини мисол қилиб келтирганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Аммо кимдир (доимий нафл) рўза тутиб юрган бўлса, уни тутаверсин", дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Кимдир бирор нафл рўзани маълум кунларда ўзига вазифа қилиб олган бўлса, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, рўза тутиш жоиздир. Масалан, кўпчилик душанба ва пайшанба кунлари нафл рўза тутади.

Демак, шаъбон ойининг иккинчи ярмида нафл рўза тутмаган яхши, аммо биринчи ярмининг охиридаги кечаси ҳам, унинг эртаси ҳам улуғ фазилат ва баракотли фурсатдир.

  

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси

الجمعة, 28 نيسان/أبريل 2017 00:00

Талаба илмга муҳаббатли бўлиши керак

(Фахрий имом Абдулатифхон домла Султонмаҳмудов билан суҳбат)


Абдулатифхон Султонмаҳмудов (Абдулатифхон махдум) наманган шаҳрида туғилган. 1952 йили “Мир Араб” мадрасасига ўқишга киради. Мадрасани тугатгач, у ерда араб тилидан ўқитувчи қилиб олиб қолинади. 1960–1962 йиллари Сурия Давлат университетининг шариат факультетида таҳсил олади. Қайтгач, диний назорат кутубхонасига ишга киради. 1963–1968 йиллари “Мир Араб” мадрасасида мударрис ва илмий мудир, 1968–1972 йилларда мудир бўлиб ишлайди.
Абдулатифхон махдум 1973 йил Наманганга қайтиб, “Шайх Эшон” жоме масжидида (1977–1980), кейинчалик “Махдум Эшон” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. 1991 йили Наманганда “Мулла Қирғиз” (ҳозирги “Ҳидоя”) мадрасаси очилганидан кейин, кўп йиллар ушбу даргоҳда тафсир илмидан дарс берган. Абдулатифхон махдум ҳозирда нафақада, фахрий имом.

 

– Ассалому алайкум, устоз. Сиз узоқ йиллардан бери динимиз ривожига хизмат қилиб келаётган фидойи уламолардан бирисиз. Суҳбатимизни дастлаб болалигингиз, ота-онангиз ва илк устозларингиз ҳақларидаги хотираларингиздан бошласак...


– Отамиз мен туғилмасимдан олдинги йиллардан бошлаб Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги масжидда имом бўлганлар. Ўқимишли аёл бўлган онамиз тўрт фарзанд билан уйда қолганлар. У замонлар битта нон топилса, тирикчилик учун кифоя ҳисобланган. Жуда ҳам қийин замонлар эди. Кейин мактабга кирдим, ўқидим. Мактабни битиришга улгурмай, ишлашга тўғри келди. Косибга шогирд тушиб, шу ҳунарни ўргандим. Бир оз муддат деҳқончилик қилишга ҳам тўғри келди, бироқ бу ишда ҳам омадим юришмади. Кейин заводга ишга кирдим. Ўша пайтларда “Бухорода мадраса очилибди”, деган гап тарқалди. Мен буни эшитдиму, ўша ерда албатта ўқишим керак, деган ниятни қалбимга тугиб қўйдим. Ҳужжатларимни тайёрлаб турсам, ҳарбий хизматга чақирув қоғози келди. Украинанинг Одесса вилоятида хизмат қилдим. Ҳарбийдан қайтгач, ниҳоят мадрасага бордим. 1951–52-йиллар эди. Ўшанда 27 ёшли навқирон йигит бўлсам-да, “Бисмиллоҳ” лафзини ҳам арабча ёзувдан ўқий олмасдим. Араб имлосидаги илк саводим ана шу мадрасада чиққан.
Илк устозларимдан бири диний идорамиз асосчиси Эшон Бобохон ҳазратларидир. Биз у кишини Эшонбува дердик. Эсимда, мад­расанинг биринчи (ёки иккинчи) курсини тамомлаб, ёзги таътилга чиққан кунларимиз эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг биноси йўқлиги сабаб, Эшонбувам ўз ҳовлиларини диний бошқарма учун бергандилар. Ўша пайтларда “Бароқхон” мадрасасида кўзи ожизлар жамияти жойлашганди. Кейинроқ ҳукумат мадраса биносини диний назорат ихтиёрига бергач, бино тубдан таъмирланиб, ходимлар у ерга кўчиб ўтишди. Эшонбувам ўз ҳовлиларида қолганларини эшитдим-у, бутун ёзги таътил давомида у кишининг хизматларини қиламан, деган қарорга келдим. Наманганга қайтиб, бу ниятимни “Махдум Эшон” жоме масжидини очган, масжиднинг биринчи имоми Абдулқаюм домлага айтдим. Домла ниятимни эшитиб, хурсанд бўлдилар ва ўзлари мошинада Эшонбувамнинг даргоҳларига мени олиб бордилар. Эшонбувамнинг хонадонлари ҳамиша турли масалаларни ҳал қилиш учун келиб-кетувчилар билан гавжум бўларди. Шундай қилиб, мен жуда ноёб фурсатни қўлга киритгандим. Ёз бўйи Эшонбувамнинг хизматларида бўлдим, у зотдан икки дунёйим учун фойдали билимлар, ҳаётий сабоқлар олдим. Жуда олижаноб, кенг фикрлайдиган ва донишманд одам эдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин.
“Мир Араб” мадрасаси мудири, раҳматли Шаҳобиддин қори домла ҳақларида ҳам менда ёрқин хотиралар қолган. Шаҳобиддин домла асли Андижондан эдилар, қироатлари ва диний билимлари Исмоил махдум домлага маъқул келиб, мадрасага мудир бўлганлар.
Устозларимдан, Муҳаммад Амин Охунд домлани ҳам яхши эслайман. Домла асли Марғилондан бўлиб, Тошкентда яшаб, ўрнашиб қолган таниқли, катта олим эдилар. Анча кексайиб қолган бўлсалар ҳам, биз ёшларга ҳеч оғринмай билим беришдан чарчамасдилар. Дарслари қулоғимиздан кириб, қалбимизга қуйилиб-ўрнашиб қоларди.
Яна кўплаб устозлардан ҳам баҳра олганмиз, кексачилик, ҳозир ҳар бирларини номма-ном санаб бера олмайман, аммо ҳақларига дуо­да бўлишни канда қилмайман. Ҳаммаларини Аллоҳ таоло раҳматига олган бўлсин.
Мадрасани битиргач, Сурия Давлат университетининг шариат факультетида Шайх Муҳаммад Амин Мисрий, Шайх Мустафо Аҳмад Зарқо, Ҳишом Бурҳоний каби Ислом оламининг кўзга кўринган олимларидан сабоқ олдик.
Қайтиб келгач, динимиз, халқимиз хизматида бўлдим. Худога шукр, умримнинг кўп қисми таълим бериш билан ўтди, имомлик ҳам қилдим. Эндиликда нафақадаман, элу юртимиз, динимиз ривожини сўраб дуо қилиб ўтираман...


– Фарзандларингиз, набираларингиз ҳақида ҳам сўзлаб беринг: улар орасида сизнинг йўлингизни танлаганлари ҳам борми?


– Аллоҳга шукр, фарзанд-набираларимнинг ҳаммалари динимиз аҳкомларини маҳкам тутиб, салоҳиятда ўсиб-улғайишди. Ўғилларимдан бири Муҳаммадамин имом-хатиб бўлиб ишлайди. Набирам Абдулмажид Тошкент ислом институтида таълим олмоқда.


– Сиз собиқ шўролар тузумида диний соҳада фаолият юритгансиз. Ўша даврлар билан ҳозирги кунларни солиштирганда қандай ўзгаришлар юз берган?


– Ҳа, у замонлар билан мустақиллик даврининг бир-биридан фарқи ер билан осмонча. Агар бу кунларнинг афзаллиги ҳақида гапирадиган бўлсам, суҳбатимиз бугун тугамайди.
Шўро даврида саноқлигина масжид бўлиб, уларнинг ҳам кўпи абгор аҳволда эди, улуғ аждодларимизнинг муборак қадамжолари харобаларга айланиб қолган эди. Биргина мисол, биз талабалик йилларимизда Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг қаровсиз мақбараларини девор ошиб ўтиб, зиёрат қилардик.
Тўғри, ўша вақтдаги диний раҳбарларимиз қўлларидан келганича ҳаракат қилишган, аммо ҳаммага маълум, шўро ҳукуматининг динга нисбатан қараши ўта ёмон эди. Ўшандай шароитда ҳам жонини хатарга қўйиб, динимиз ва миллатимиз равнақи йўлида хизмат қилган диний ходимлардан фақат миннатдор бўлиш, ҳақларига дуо қилиш керак.
Кейин Аллоҳ таолонинг юртимизга ҳиммати жўш уриб, мустақиллик неъматини берди. Мадрасалар, мақбаралар обод қилинди. Янги-янги муҳташам масжидлар бунёд этилди. Бундай ишлар битта ёки иккита шаҳарда эмас, бутун юртимиз бўйича амалга оширилди. Боя айтганимдек, бундоқ неъматларни санаб тугатолмайсиз. Ҳозир энди яйраб-яйраб илм оладиган, бамайлихотир, роҳатланиб ибодат қиладиган замон келди.


– Устоз, таълим соҳасида тажрибангиз катта. Талабаларнинг илм олишлари учун уларни илмга қизиқтириш, ҳар бири билан алоҳида шуғулланиш керакми ёки Аллоҳ насиб қилган бўлса, шундоқ ҳам илмни ўзлаштираверади, деб ҳисоблайсизми?


– Талаба энг олдин нимани ва қандай мақсадда ўрганмоқчилигини аниқлаб олиши лозим. Ҳар қандай соҳада илм ўрганаман деган одамда ўша илмга муҳаббат бўлиши керак. Энг муҳими, ният холис бўлиши зарур. Сўнг мақсадига етишиш учун жидду жаҳд қилсин. Ана шунда илм юқади. Албатта, устознинг ҳам бу ўринда аҳамияти катта. Умуман, талабаларга, хусусан, диний илмни ўрганаётганларга эски замон билан ҳозирги кунларни муқояса қилиб, шундай яхши шароитларда ҳам илмга бепарво бўлиш жуда катта ношукрлик ва айб экани ҳақида бот-бот тушунтириб турилса, иншоаллоҳ, фойдали бўлади.


– Устоз, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Узоқ йиллар бизларга дуогўй бўлиб юришингизни Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Наманган шаҳар бош имом-хатиби
Мусохон АББОСИДДИНОВ ва
Нўъмон АБДУЛМАЖИД
суҳбатлашишди.
HIDOYAT журнали 2017 йил 2 сон / hidoyat.uz

الإثنين, 10 نيسان/أبريل 2017 00:00

ДУНЁНИНГ ЭНГ ҚАДИМИЙ МУСУЛМОН ШАҲАРЛАРИ

Сайёрамизнинг энг “кекса” мусулмон шаҳарлари билан танишинг.

 Алеппо – 6300 “ёш”да. Суриянинг энг йирик шаҳарларидан бири – Алеппо эрамиздан аввалги III минг йилликларда қадимий Эбла давлатнинг пойтахти ҳисобланган. ЮНEСКОнинг “Бутун жаҳон мероси” рўйҳатига олинган.



Суз
– 6200 “ёш”да. Ушбу шаҳар Эронда жойлашган. У эрамиздан аввалги III минг йилликда Эрон ҳудудидаги қадимги Элам қироллик давлатининг пойтахти бўлган.



Ал-Файюм, 6000 – “ёш”да. Мисрда жойлашган эрамиздан аввалги IV минг йилликка оид қадимий шаҳарлардан бири.



Дамашқ – 5000-6000 “ёш”да. Сурия пойтахти Дамашқ эрамиздан аввалги III минг йилликка тегишли бўлиб, VIII асрда барпо этилган Умавийлар масжиди шаҳарнинг энг диққатга сазовор ҳамда қадимий қисми ҳисобланди.



Ғазиантеп – 5650 “ёш”да. IV минг йилликка оид ушбу қадимий шаҳар Туркиянинг жанубий қисмида жойлашган. У тарихда бир неча минг йиллар давомида мисрликлар, бобилликлар, форслар, юнонлар, арманлар, византияликлар ва араблар ҳукмронлиги остида бўлган.



Иерихон – 5000 “ёш”да. Фаластинда жойлашган. Унинг тарихи милоддан аввалги IХ асрдан бошланади. Инсон излари биринчи бўлиб топилган маконлардан бири.



Байрут5000 “ёш”да. Байрут Ливан пойтахти ҳисобланади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

muslim.uz

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top