Қуйидаги ҳолатларда рўзадорнинг рўзаси бузилмайди:
- Рўза тутганлиги эсидан чиқиб, еб-ичиб қўйса; Аммо бу ҳолатда рўзадорлиги эсига тушиши биланоқ, дарҳол еб-ичишни тўхтатиши керак.
- Кундуз куни рўзадор ухлаб, дам олиб уйқусида эҳтилом бўлиб қолса; Бу ҳолатда рўза очилмайди. Бу одам ғусул қилиб ибодатларини адо қилаверади;
- Кўзга дори томизса ёки сурма қўйса; Кўзига дори томизганда гарчи томоғида унинг мазаси билинса ҳам рўза очилмайди;
- Қон олдирса;
- Мисвок ишлатса;
- Муболағасиз оғиз-бурунни чайса; Рамазон ойида таҳорат пайтида оғиз чайилганда сув томоғда ғарғара қилинмайди, бурунга сув олинганда охиригача тортилмайди. Чунки бу ҳолатларда сув ичкарига ўтиб кетиб, рўзани очилишига сабаб бўлиши мумкин;
- Ғусл қилса; Бунда устидан сув қуйиб яъни душ қабул қилиши мумкин. Аммо рўзадор ваннани тўлдириб ичига тушиб ўтиришдан ёки бассейнга тушишдан сақланиши лозим.
- Салқинлаш мақсадида ҳўл латтага ўраниб олса;
- Ғийбат қилса ҳам рўза очилмайди, балки рўзанинг савобидан маҳрум бўлиб қолади;
- Оғзини очишни ният қилса ҳам рўза очилмайди, балки тутган рўзасининг савоби мукаммал бўлмайди;
- Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чанг ёки пашша кирса ҳам рўзаси очилмайди; Аммо рўзадорлиги эсида туриб, хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади.
- Тиш олдириб, қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўза очилмайди;
- Қулоқдан сув кирса ҳам, қулоқни кавласа ҳам рўза очилмайди; Аммо бу ишларни қилмаган маъқул.
- Балғам ёки мишиқнинг кириши ёки чиқиши билан ҳам рўза очилмайди;
- Ўзи хоҳламаган ҳолда, мажбур бўлиб қусса ҳам рўза очилмайди;
- Тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани еса ҳам рўза очилмайди; Аммо шундай бўлса-да, оғиздан ташқарига чиқариб, сўнгра яна оғзига солиб ютса, рўза очилади.
- Оғиз сўлагини ютса рўза очилмайди; Аммо ташқарига чиқариб ютса рўзаси очилади.
- Жунуб ҳолда юриш билан ҳам рўза очилмайди;
- Мушакка, тери остига укол қилиш билан ҳам рўза очилмайди.
Манбалар асосида
ТИИ проректори
Ибодулла Аҳроров
тайёрлади.