Рамазон

Таомланиш одоби

Ҳамма нарсанинг одоби бўлганидек, таом емоқнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Ана шу одобни ўрганиб, унга амал қилиш ғоят фойдали амалдир.

Таом ейиш шартлари:

  • Таоми ҳалол бўлмоғи керак. Чунки дуо ва ибодатларнинг қабул бўлишига ҳалол луқма сабаб бўлади;
  • Ризқни Аллоҳ таолодан деб билиш;
  • Аллоҳ таоло тақсимотига рози бўлиш;
  • Модомики, еган таомининг қуввати баданида бор экан гуноҳ иш қилмаслик.

Таом ейиш одоблари:

  • Таом ейишдан олдин икки қўлини бўғимигача уч марта ювиш;
  • Таомни “Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳим” ни айтиб бошлаш;
  • Таомни ўнг қўли билан ейиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: “Ҳар бирингиз ўнг қўли билан енг ва ўнг қўл билан ичинг ва ўнг қўл билан беринг. Чунки шайтон чап қўл билан ейди, чап қўл билан ичади ва чап қўл билан беради;
  • Таом ейишни туз билан бошлаб, туз билан тугатмоқ;
  • Нонни икки қўл билан синдирмоқ. Чунки нон улуғ неъматдир.
  • Қўл билан ейиладиган таомни уч бармоқ, яьни, бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ ва ўрта бармоқ билан емоқ;
  • Таомни ўз олдидан емоқ;
  • Таом еган идишни яламоқ;
  • Таом егандан сўнг “Алҳамдулиллаҳ” демоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом таомдан сўнг ушбу дуони айтардилар: “Бизларни таомлантирган ва сув билан қондирган ҳамда бизларни мусулмонлар жумласидан қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”;
  • Таомдан сўнг иккала қўлини бўғимигача уч марта ювмоқ;
  • Шериклари билан таом емоқ. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Жамь бўлингизлар таомларингизга-ки, Аллоҳ таоло ушбу таомга барака беради”, деб марҳамат қилганлар;
  • Таомнинг охиригача шериклари билан бирга еб турмоқ;
  • Луқмани кичик олмоқ;
  • Товоқнинг четидан олмоқ;

Шуни айтиш керакки, овқатланаётганда бош ва бошқа аьзоларни қашиламоқ, оғзида луқма билан гаплашмоқ, ёнидаги шеригининг овқатланишига қарамоқ, таомни иссиқ ҳолда емоқ, таомни айбламоқ, таомни пуфламоқ, таом юриб кетаётиб емоқ, тик туриб таом емоқ номақбул амаллардан.

Хулоса қилиб айтганда, дуо ва ибодатларнинг қабул бўлиши, комил ва оқил фарзандларнинг дунёга келиши луқмаи ҳалолга боғлиқдир.

Н.НУРМАТОВ,

Марҳамат туманидаги  «Сунна»  масжиди имом-хатиби

Read 87513 times
Tagged under
Top