muslim.uz
Ҳиндистонлик муслима аёл энг ёш нейрохирург бўлди
Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги ўрта мактабни олтин медалга битирган Марям тиббиёт мактабига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинади. 27 ёшли Марямнинг мутахассислиги нейрохирург.
«IslamNews»нинг хабар беришича, Марям Ҳиндистоннинг юқори жарроҳлик малакасига эга бўлган энг ёш мутахассиси бўлди.
Марям ёшлигидан Ислом сабоқларидан таълим олган ҳолда вояга етди. У бўш вақтида хаттотлик билан ҳам шуғулланиб туради. Ёлғиз қизини тарбиялаган Марямнинг онаси Ислом асослари ўқитувчиси бўлиб, унга диний билим олишида катта ёрдам берган. «Мен у билан фахрланаман», дейди Марямнинг онаси.
azon.uz
Унутилаётган суннатлар (36-суннат): Уйқудан турганда бурунни қоқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз уйқудан турса, бурнини уч марта қоқиб ташласин, зеро шайтон унинг димоғида тунаган бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Доктор Мустафо Шаҳота айтади: “Бурун бўшлиғида микробларнинг бир неча турлари пайдо бўлади ва ривожланади. Ҳар куни таҳоратда бурун бўшлиғининг ювилиши, унинг яллиғланиши ва микробларнинг кўпайишини кеткизади”.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Японияда мусулмонлар сони тез ўсмоқда
Васэда университети тадқиқотчиси Танада Хирофумининг сўзларига кўра, Японияда мусулмонлар сони ўтган 10 йил ичида икки баробардан зиёд кўпайди.
2010 йилда, статистика Японияда мусулмонларнинг сони 110 000 нафар эканлигини кўрсатди. 2019 охирига келиб, уларнинг сони 230 000 нафаргача ошди. Мусулмонлар сонининг ортиб бориши мамлакат бўйлаб масжидлар, намозхоналар ва ҳалол озиқ-овқат ресторанларининг қурилишига олиб келди.
Бугунги кунда Японияда 110 та масжид мавжуд бўлиб, бу ёқимли ўзгариш, дейди маҳаллий мусулмонлар уюшмаси раҳбари Муҳаммад Тоҳир Аббос Хон.
Японияда мусулмонлар жамоавий ибодатларни бажариш учун кўпроқ имкониятга эга бўлса-да, марҳумни дафн этиш учун жой топишлари ҳамон қийин. Япон халқининг 99% га яқини кремация қилинади, бу эса исломда таъқиқланади. "Бугун ўлсам, қаерга кўмилишимни билмайман", - дея ҳасрат қилади Хон.
Islam.ru маълумотларига кўра, Япония мусулмонлар уюшмаси ўн йил олдин янги қабристон учун жой излай бошлади. 70 миллион иен (700 минг АҚШ доллари) йиғишса ҳам яқин атрофдаги қишлоқ аҳолисининг норозилиги сабабли ерни сотиб олишга эриша олишмади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Гўзал ахлоқдан гўзал бўстонлар унар…
Ислом дини гўзал ахлоқдан иборат. Ахлоқ дин асоси бўлганидек, мўминликнинг ҳам белгиси ҳисобланади. Ижтимоий ҳаётда кийим-кечакдан тортиб ўзини тутишгача, муомаладан то тижоратгача, оилавий муносабатлардан ҳатто жамиятдаги хатти-ҳаракатгача – барча феъл-атворнинг умумий жамланмаси ахлоқ дейилади.
Ахлоқ Оламлар Раббисининг фитратимизга жойлаштирган яхшилик, гўзаллик ва раҳм-шафқатнинг бир бутун кўринишидир. Ҳар бир бола Ислом фитратида туғилиб, кейинчалик ота-онасининг тарбияси билан ўз йўлини танлайди. Ҳар бир бола гўзал ахлоққа йўғрилган ҳолда дунёга келади. Вақт ўтиши билан оила давраси, дўст-суҳбатдошлари, атроф-муҳит, иқтисодий имкониятлар, ахборот воситалари каби ташқи таъсир ахлоқнинг гўзаллигига, бир бутунлигига путур етказиши мумкин.
Одам Атонинг фарзандлари Қобил ва Ҳобилдан бошлаб инсон фитратига бир имтиҳон зарурияти сифатида жойлаштирилган ҳасад, хиёнат, ғурур, адоват, эҳтирос каби кишини ёмонликка етакловчи нафсоний туйғулар ҳам энг олий махлуқот бўлган инсонни энг паст даражага – тубанлик жарига қулатиши мумкин.
Бугун дунёнинг манзараларига боқсангиз, урушлар, қонли тўқнашувлар айримларнинг манфаат ва ҳирсларининггина инъикоси эканини кўрасиз. Глобал оламдан ўзимизнинг кичик дунёга “кўчганимиз”да эса юртдошимиз, маҳалладошимиз, ҳатто оила аъзоларимиздан бирининг тоза фитратга зид хатти-ҳаракатларига кўзимиз тушади. Бу аслида ўша бир бутун гўзал ахлоқнинг заифлашганини кўрсатувчи омилдир.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал ахлоққа бундай таъриф беради: “Гўзал ахлоқ – очиқ чеҳрали бўлиш, инсонларга доимо яхшилик қилиш ва уларга азият етказадиган нарсаларни бартараф этишдир”.
Ўқиганда ёқимли ва қилиш осондек кўринган бу амаллар аслида динимизда энг улуғ савобга эришиш мумкин бўлган мақбул ибодат саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни тарозуда гўзал ахлоқдан ўзга оғирроқ келадиган нарса йўқ”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Шу нуқтаи назардан, асли фитратимизда бор бўлган, бизга олам-олам савоблар келтирадиган гўзал ахлоқни “уйғотиш” унчалик қийин иш эмас.
Гўзал ахлоқ – ширин сўз, яхши муомала, муҳаббат, табассум, марҳамат кўрсатиш, аввало, инсоннинг ўзидан бошланиши керак. Яъни, инсон ўзига яхшилик қилиб, боқий дунёда хайр ва саодатга эришиши учун ана шу яхшиликларга қўл уриши лозим. Зеро, бу амаллар ўз ўрнида уни ҳаловат ва бахт кўчасига олиб киради.
Инсон ўз яратилишига мувофиқ, эзгу ниятлар билан ҳаракат, ҳалол меҳнат қилса, умри давомида муваффақият қозонади, чунки олға қадам ташлаш учун арзирли мақсади бор. Бу хатти-ҳаракатлари, аввало, ўз оиласига, кейин атрофидагиларга хотиржамлик, ижобий муҳит ва албатта ишонч беради. Мўминнинг ишончли ва омонатдор бўлишининг сири ҳам мана шунда.
Таъкидлаш лозимки, инсоннинг бу ҳаракатларидан ҳосил бўлаётган ишонч ва омонатдорлик ҳисси вақт ўтиши билан яқинларидан ўзига қайтади. Бора-бора бу ижобий фазилатлар атрофоламга ёйилади ва ўзи яшаётган, келажакда фарзандлари яшайдиган муҳит ижобийлашувига туртки бўлади. Худди Расулуллоҳ алайҳиссалом яшаган саодат асридагидек… Худди жаҳолат сабаб кин, адоват ва маишатдан бўшамаган инсонлар жамиятида бир бурда нонини ҳам мўмин биродарлари билан бўлишиб еган саҳобаи киромлар шаклланганидек…
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 4-сонидан
Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир
Юртимиз мустақилликка эришган илк йилларда 14 январь санасида Ўзбекистон Республикасининг Қуролли кучларига асос солинди. Айнан шу сана ҳар йили мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни деб белгиланиб, юртимиз бўйлаб кенг нишонланиб келинмоқда.
Бугун Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўқитувчи ва талабалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги халқаро хафсизликни тамийнлаш қушинлари ҳарбий қисми кичик сержантлари Б.Бекмуратов, С.Саидов ва Ж.Бабаевлар меҳмон бўлишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ватанимизни севиш, ҳар бир қариш ерини асраб-авайлаш шарафли ва савобли бўлиш билан бирга, барчамизнинг бурчимиз экани таъкидланди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, деганлар. Ушбу ҳадис инсон ўзи яшаб турган Ватани, дини, оила аъзоларини ҳимоя қилиши улуғ ва хайрли амаллар сирасига кириши маълум бўлади.
Юртни асраш, қўриқлаш, Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш динимиз таълимотида улкан савобли амал саналади. Бинобарин, шижоатли палласини, борингки, ҳаётларини шарафли бурчини адо этиш учун бахшида қилган ўғлонларнинг хизмати сабаб элу юрт хотиржам, заминимиз осойишталик ҳукм сурмоқда.
Бошқа бир ҳадисда юрт сарҳадларини қўриқлаш нақадар шарафли ва савоби қанчалар улуғлиги баён қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кечалари Аллохдан қўрқиб ёш тўкккан кўзни ва Аллох йўлида тунларни посбонлик килиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”, деганлар.
Ушбу ҳадислар қалбида иймони бор ҳар бир мусулмонни сергак торттириши ҳақиқат. Шунингдек, қалбида юрти, Она Ватанига бўлган муҳаббатини ҳам зиёда қилади.
Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида тунни тун демай доимо огоҳ ва сергак туриб, сарҳадларни қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларимиз ҳар доим соғ-омон бўлсин. Аллоҳ таоло Ўзининг ажр-мукофотлари билан тақдирласин!
Адилбай Ережепов,
Билим юртининг маънавият ва маърифат
ишлари бўйича мудир ўринбосари