muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  

17-ўгит:  Росулуллоҳга кўп-кўп саловот айтинг!

 

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айтинг»  (Аҳзоб сураси )

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган).

Хулоса:

1. Муҳаммад алайҳиссаломга энг аввало Аллоҳ таоло саловот айтмоқда. Аллоҳ томонидан у зотга  юборилган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини”, англатади.

2. Аллоҳ таолонинг муқарраб фаришталари ҳам тўхтовсиз ҳолда Пайғамбаримизга салавот юбориб туради. Фаришталар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотнинг маъноси: “У зотнинг ҳақларига дуо қилишлари ва истиғфор айтишларини”, англатади.

3. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишилар ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишга буюрилгандирлар. Мўминлар томонидан у зотга салавот айтишнинг маъноси: “Набий алайҳиссаломга дуо қилишлари ва у зотни улуғлашларини”, англатади.

4. Қуръон ва суннатда буюрилган бирорта амал ҳақида “Аллоҳ ва Унинг фаришталари шу амални бажаради”, деган хабар келмаган. Фақатгина, Росулуллоҳга саловот айтиш ҳақидагина ушбу амални Аллоҳ ва Унинг фаришталари ҳам бажариши айтилмоқда. Бу эса, саловот айтишнинг фазилатини янада юксалтиради.

5. Қолаверса, саловот айтган киши Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш билан биргаликда жудаям кўп ажр ва савобларга эга бўлади.

6. Аввало, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишига Аллоҳ таоло саловот айтади.

7. Атиги бир марта саловот айтган кишининг ўнта гуноҳи, хатоси ўчирилади.

8. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишининг даражаси ўн баробар кўтарилади.

9. Агар бу саловотлар қанча кўп бўлса, берилган ваъдалар ва хушхабарлар ҳам шунчалик зиёда бўлиб бораверади.

10. Саловотнинг турлари жудаям кўпдир. энг қисқаларидан бири: “Соллаллоҳу алайка я Росулаллоҳ”, “Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи”, каби  жумлалардир.

Аллоҳумма  солли аъла саййидина Муҳаммад, Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Ислом

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби бошчилигида имом-хатиблар Сурхондарё вилоятига ташриф буюрдилар ва биринчи "Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғий Термизий" мақбараларини зиёрат қилдилар.

Тиашриф давом этмоқда...

 

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани «Амиробод» овул фуқаролари йиғинидаги «Сафо» жоме масжиди ўтган асрнинг 1955-йиллари қурилган. 2000-йилгача ҳар ҳил ташкилотлар хизмат уйи сифатида фойдаланиб келган. Масжид 2000-йили «Сафо» номи билан Адлия вазирлигидан расмий рўйхотдан ўтиб фаолият кўрсата бошлади. Эски масжид иморати аҳолига ноқулай жайдан қурилган, ёнида автотранспорт ва пиёдалар йўли йўқ. Шу боис куз ва қиш мавсумида масжидга борувчилар, жумладан нуроний отахонларга муаммо туғдирар эди.

2018-йили ҳомийлар ва маҳаллий аҳолининг кўмаги билан мазкур масжиднинг янги иморатининг қурилиши бошланиб, 2020-йили қурилиш ва ободонлаштириш ишлари якунланди

29-октябрь куни «Сафо» масжидининг янги иморатини фойдаланишга топшириш маросими бўлди. Унда Элликқалъа тумани ҳокими С. Авезов, Қорақалпоғистон  мусулманлари қозиёти қозиси Ш. Бауаддинов, тумандаги масжид имом-хатиблари, фахрий нуронийлар иштирок қилдилар. Туман ҳокими С. Авезов, Қорақалпоғистон  мусулманлари қозиёти қозиси Ш. Бауаддиновлар  сўзга чиқиб, намозхонларни бу қутлуғ даргоҳ, гўзал кошона, эътиқод маскани билан қутладилар, сўнгги йилларда мамлакатда дин эркинлиги соҳасида, намозхонларнинг ибодат қилиш шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.  Туман аҳолисини масжид очилиши билан табрикладилар.

Масжид қурилишида ўз кумакларини аямаган инсонларга ташаккурнома ва қимматбахо совғалар топширилди.  

Масжид кишини ўзига оҳангрободек тортади. Лойиҳага асосан ўта мустаҳкам таъмал тоши устига пишиқ ғиштдан қурилган.  Масжид мажмуасида 300-350 нафар намозхон учун зарур бўлган барча шарт–шароитлар яратилган. Мўжазгина кутубхона ташкил этилган. Масжид чорбурчак шаклида бўлиб, унинг қишки намозхонаси тепасида маҳобатли гумбаз қад ростлаган.

 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти.

 

 

الخميس, 29 تشرين1/أكتوير 2020 00:00

Қиёматда кимнинг ёнида бўлмоқчисиз?

Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидаги барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Жаброил алайҳиссаломни чақириб, “Мен фалончи бандамни яхши кўрдим, сен ҳам уни яхши кўргин”, дейди. Шунда уни Жаброил алайҳиссалом яхши кўради. Сўнгра осмонга нидо қилиб: “Албатта, Аллоҳ фалончини яхши кўрди, сизлар ҳам уни яхши кўринглар”, дейди. Шунда осмон аҳли уни яхши кўради. Сўнгра Ер аҳли ҳам уни яхши кўради” (Муслим ривояти). 

Аллоҳнинг севгисига эришишнинг биргина йўли бор, у ҳам бўлса Қуръони каримда марҳамат қилинади:

“Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон Зотдир”, (Оли Имрон, 31).

Қалби Расулулллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим бўлган, у зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир. Имом Бухорий келтирган ривоятда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Бир киши Набий соллаллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг расули, қиёмат қачон бўлади?» деди. У зот: «Унга нима ҳозирладинг?» дедилар. У: «Унга кўп намоз ҳам, рўза ҳам, садақа ҳам ҳозирлаганим йўқ. Лекин мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман», деди. У зот: «Сен яхши кўрганинг билан бирга бўласан», дедилар.

Имом Термизий ва Насоий келтирган ривоятда Сафвон ибн Қудома розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳижрат қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим ва: «Эй Аллоҳнинг расули! Қўлингизни узатинг байъат қилай», дедим. У зот қўлларини узатдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, мен сизни яхши кўраман», дедим. У зот: «Киши яхши кўргани билан бирга бўлади», дедилар.

Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўриш билан бирга у зот буюрган ҳар бир ишга бўйсуниш ва қайтарган ҳар бир қайтариқларидан қайтиш зарур. 

Ҳаётимиз мобайнида суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига диққат қилиб амал қилсак, ҳар бир сўзимиз ҳадисга мувофиқ, ҳар ишимиз суннатга мутобиқ бўлса, юқорида айтилган ҳадисга лойиқ бўлишимиз ва Қиёмат кунида ҳам суйганимиз – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўламиз. 

Иншааллоҳ...

Акбар Умар тайёрлади

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтсалар аввало масжидга кирардилар. Бу ҳақда Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида олдин масжидга кирар, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимага учрар, шундан кейингина уйларига кетар эдилар” (Имом Табароний ривояти).

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан фақатгина кундузи тонг вақтида келардилар. Сафардан келсалар, масжиддан бошлардилар ва унда икки ракат нафл намоз ўқиб, сўнгра ўтирардилар. Одамлар у кишига келиб салом беришар эди” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ сафардан қайтишда масжидга киришга одатланайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

 

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Top