www.muslimuz

www.muslimuz

Ушбу китобимизнинг асосий мақсадига назар соладиган бўлсак, ваҳдатул вужуддан сўз очмасак ҳам бўлар эди. Чунки бу китобда биз сунний тасаввуфдан сўз юритмоқдамиз, фалсафий тасаввуфдан ўзимизни йироқ тутмоқдамиз. Ваҳдатул вужуд эса айнан фалсафий тасаввуфни майдонга киритган бош омиллардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, бу масалага фалсафий тасаввуфдан бошқалар ҳам қисман мубтало бўлганлар. Хусусан, бизда кўп тарқалган Нақшбандия тариқати ҳам бир вақтлар ваҳдатул вужуд масаласига катта эътибор берган.

Ҳозирги кунимизда бу масала бизнинг диёрларимизда унут бўлган эди. Шунинг учун бошқа бир қанча тортишувли масалалар қатори, ваҳдатул вужуд масаласининг қайта майдонга чиқишини истамас эдик. Мен ўзим бу масаланинг бировнинг эсига тушиб қолишини асло истамас эдим. Бу масаладан хабардор биродарларга ҳам уни қўзғамаслик кераклигини айтиб юрар эдим. Аммо биз истаймизми, йўқми, аста-секин ваҳдатул вужуд масаласи майдонга кириб кела бошлади.

Чет элдалигимда баъзи бир мухлислар хат ёзиб, мендан ваҳдатул вужуд масаласини тушунтириб беришни сўрадилар. Ўшанда биз истамасак ҳам бу масала кўтарилганини таъкидлаш билан бирга, у ҳақда бироз маълумот ҳам бердим.

Кейинчалик, юртга қайтганимда, чет эл тасаввуфига қўшилиб, ваҳдатул вужуд тушунчаси ҳам халқ орасига кириб келганининг гувоҳи бўлдим. Одамлар бу масала ҳақида савол бера бошлаган эдилар. Четдан келган китобларнинг таржималарида ушбу масала турлича ёритилган эди. Баъзи билган-билмаганлар ваҳдатул вужуд ҳақида ўзларича ёзар ва гапирар эдилар.

Ушбу ва яна бошқа баъзи бир омиллар ваҳдатул вужуд масаласи ҳақида қўлдан келганича маълумот беришга ундади.

Ваҳдатул вужуд назариясининг кенг тарқалишига асосий сабаб бўлган шахс ҳижрий 560 санада туғилган ва ҳижрий 638 санада вафот этган Муҳйиддин ибн Арабий ҳисобланади.

Ваҳдатул вужуд назариясини асосан Муҳйиддин ибн Арабий ўзининг «Ал-футуҳоту ал-Маккия» ва «Фусусул ҳикам» номли китобларида баён қилган. Бу назария ўша вақтнинг ўзидаёқ ҳамма ёққа кенг тарқалди. Айниқса тасаввуф тариқатлари орасида бу назария танадаги қон ўрнида айланадиган бўлди. Бора-бора ваҳдатул вужуд назарияси аҳли завқ ва таҳқиқнинг шиорига айланди. Бу назарияни инкор қилганлар ғофил киши сифатида, тасаввуфга ёт унсур сифатида қораланадиган бўлди.

Шу ерда Муҳйиддин ибн Арабий ва унинг сафдошлари сунний тасаввуф заифлашган вақтда, умуман, исломий илмлар таназзулга юз тута бошлаган бир пайтда майдонга чиққанлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз лозим.

Ваҳдатул вужуд назарияси, қисқача қилиб айтганда, қуйидаги фикрдан иборат:

«Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсалар шуъун ва таъйинотлар оламидир. Барча шуъун (ҳолат) ва таъйинот(жисм)лар У Зотнинг кўринишларидир. У Зот уларда зоҳир ва аралашиб юрувчи бўлгандир. Бу аралашиб юриш ҳулул (сингиш) ва иттиҳод (бирикиб кетиш) назарияси соҳиблари айтгани каби эмасдир. Балки бу аралашиб юриш бир соннинг бошқа сонлар ичида юргани кабидир. Ҳамма сонлар бирликлардан иборатдир. Аммо оламда фақатгина бир муайян нарса ёки биттагина зот зоҳир бўлади, холос. Ана ўша зот Аллоҳнинг муқаддас зоти шаклида зоҳир бўлгандир. Аллоҳнинг зоти эса кўп ададларда зоҳир бўлади. Бас, Аллоҳ аввал ва охир, зоҳир ва ботин, шериклар ва тенгдошлардан устиндир».

Бу маънонинг далили сифатида ваҳдатул вужуд асосчилари ва тарафдорлари «Махфий хазина эдим. Бас, танилишни маҳбуб кўрдим ва халойиқни халқ қилдим», деган ҳадисни келтирганлар.

Аммо ҳадис илмидан воқиф бўлган кўпчилик уламолар – ҳофиз Ибн Ҳажар, Заркаший, Суютий ва бошқалар бу гап ҳадис эмаслигини атрофлича исботлайдилар.

Ваҳдатул вужудчиларнинг асосий далилларидан бири имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги ҳадиси қудсий эди:

«Ким менинг валийимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш очаман. Бандам учун Менга Ўзим унга фарз қилган нарса ила яқинлашишидан кўра маҳбуб яқинлашиш йўқ. Бандам Менга нафллар ила яқинлашишда унга муҳаббат қилгунимча бардавом бўлур. Бас, Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитар қулоғи, кўрар кўзи, ушлар қўли ва юрар оёғи бўлурман. Ва у Мендан сўраса, албатта унга берурман. Мендан паноҳ сўраса, албатта унга паноҳ берурман».

Аллоҳ таолонинг иродаси ила ҳар нарса бўлиши мумкинлигига ваҳдатул вужуд назариясининг мусулмонлар орасида тарқалиши ёрқин мисол бўлса, ажаб эмас. Бўлмаса, «Анал Ҳақ» («Ҳақ менман») деганлар юқоридаги ҳадиси шарифни ўзларининг фикрига далил қилиб келтириб, бошқа одамлар ўша сафсатани қабул қилармидилар?! Ахир ҳадиснинг ўзида «бандам» деган сўз турибди-ку! Банда бўлгандан кейин, қандай қилиб Ҳақ ҳам бўлиш мумкин?! Бу ҳадиси шарифда фарз ибодатларни тўлиқ адо этадиган банда Аллоҳ таолога яқин бўлиши, у нафл ибодатларни ҳам кўпроқ қилаверса, дуоси тўсиқсиз қабул бўладиган ҳолга эришиши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда-ку!

Мансур Халложнинг қатли учун чиқарилган ҳукмга йиғлаб қўл қўйган уламолар каби, биз ҳам бу улуғ зотнинг «Анал Ҳақ»лари худолик даъвоси эмаслигини, Аллоҳнинг валийси илоҳлик даъвосини қилмаслигини яхши тушунамиз. Лекин Аллоҳ таолонинг муҳаббатини юрагига сиғдиролмай, Аллоҳ азза ва жалланинг яқинлигидан завқи тошиб, ўзини йўқотиб, жазавага тушган ошиқ авлиёнинг шатаҳотини ҳам, жазавасини ҳам оқламаймиз. Агар бошқа валий зотларда бўлгани каби, бу шатаҳот, бу жазава фақат ўткинчи бир ҳолат бўлганида, ҳеч бир уламо Мансур Халложга эътироз билдирмасди. Зеро, ҳадиси шарифда баён қилинишича, баъзан банда завқининг зўридан адашиб, ўзини Робб, Роббни банда деб хитоб қилиб юбориши ҳам мумкин ва бу ўткинчи янглиш ҳолат узрли ҳисобланар экан.

عَنْ أَنَسٍ :أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ: «لَلَّهُ أَشَدُّ فَرَحًا بِتَوْبَةِ عَبْدِهِ حِينَ يَتُوبُ إِلَيْهِ مِنْ أَحَدِكُمْ كَانَ عَلَى رَاحِلَتِهِ بِأَرْضِ فَلَاةٍ، فَانْفَلَتَتْ مِنْهُ، وَعَلَيْهَا طَعَامُهُ وَشَرَابُهُ، فَأَيِسَ مِنْهَا، فَأَتَى شَجَرَةً فَاضْطَجَعَ فِي ظِلِّهَا، قَدْ أَيِسَ مِنْ رَاحِلَتِهِ، فَبَيْنَا هُوَ كَذَلِكَ إِذَا هُوَ بِهَا قَائِمَةً عِنْدَهُ، فَأَخَذَ بِخِطَامِهَا، ثُمَّ قَالَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ: اللَّهُمَّ أَنْتَ عَبْدِي وَأَنَا رَبُّكَ، أَخْطَأَ مِنْ شِدَّةِ الْفَرَحِ». رَوَاهُ الشّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Ўз бандасининг тавбасидан бирингизнинг суви ва таоми ортилган, кимсасиз биёбонда қочиб кетган уловидан умидини узиб, бир дарахт тагига бориб, соясида ётганда, уловидан мутлақо умиди узилганда, ана шу ҳолда ётганида бирдан қараса, у (улов) олдига келиб қолган бўлса, унинг жиловидан тутиб, азбаройи хурсанд бўлиб кетганидан: «Эй Аллоҳим! Сен бандамсан! Мен Роббингман!» деб юборган пайтидаги хурсандлигидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади. Чунки у (банда) жуда хурсанд бўлиб кетганидан хато қилганди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Аммо Мансур Халлож шатаҳот ҳолатида туриб қолди. Аллоҳ таолонинг инсонларни ва жинларни яратишдан мақсади уларнинг ибодати, яъни қуллиги эканини унутди.

Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Заарийаат сурасида:

وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِيَعۡبُدُونِ٥٦

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим», деган (56-оят).

Аслини олганда, Аллоҳ таолога қуллик қилиш ва Уни севиш айнан бир тушунчалардир. Зеро, банда ўзини яратган Зотни севгандагина Унинг ҳар бир амрини муҳаббат билан қабул қилади ва Унга сўзсиз итоат этишдан ҳузурланади. Аслида Роббул оламиннинг ҳар бир амри бандасининг ўз фойдаси учундир. Мўмин-мусулмон учун эртаю кеч бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил қолмаган ҳолда, У Зотнинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтиб, ҳалол-пок ризқ талабида меҳнат қилиб, жамиятнинг ишончли, солиҳ бир вакили, вафодор эр, меҳрибон ота, содиқ дўст, силаи раҳм қилувчи қариндош, масжидга шошилиб бориб, секин қайтувчи намозхон, ўзига раво кўрган яхшиликларни ўзга мусулмонларга ҳам раво кўрувчи қалби сахий инсон ва энг муҳими, ҳар бир яхши амалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилувчи содиқ муқтадий бўлишдан кўра тўғрироқ йўлни биз билмаймиз. Зеро, бу айтилганларнинг барчаси севимли Роббимиз биздан талаб қилган, У Зотнинг элчиси, Ҳабибуллоҳ Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аллоҳ таолонинг амри ила етказган вожиботлардир. Тўғри эътиқоддаги ҳеч бир мутасаввиф, тўғри тариқатдаги ҳеч бир мустаршиду мурид бу вожиботларнинг биронтасини инкор қилмайди. Буларни инкор қилганларнинг эътиқоди ҳам, тариқати ҳам шубҳалидир.

Айни пайтда, биз хавф ва ражо оралиғида яшашга буюрилганмиз. Аллоҳ таолони севамиз ва тақво ҳам қиламиз. Бу амалимиз ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз буйруғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига кўрадир. Шунинг учун ҳам биз – Аҳли сунна вал жамоа аҳли «Анал Ҳақ» васвасасини ҳам, «ваҳдатул вужуд» ғояси аталмиш сафсаталарни ҳам қабул қилмаймиз.

Ваҳдатул вужудчиларнинг бошқа бир далиллари бундан ҳам ғариброқ. Улар фикрларининг далили сифатида қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам келтирадилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ يَقُولُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ: يَا ابْنَ آدَمَ، مَرِضْتُ فَلَمْ تَعُدْنِي، قَالَ: يَا رَبِّ، كَيْفَ أَعُودُكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: أَمَا عَلِمْتَ أَنَّ عَبْدِي فُلَانًا مَرِضَ فَلَمْ تَعُدْهُ، أَمَا عَلِمْتَ أَنَّكَ لَوْ عُدْتَهُ لَوَجَدْتَنِي عِنْدَهُ، يَا ابْنَ آدَمَ، اسْتَطْعَمْتُكَ فَلَمْ تُطْعِمْنِي، قَالَ: يَا رَبِّ، وَكَيْفَ أُطْعِمُكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: أَمَا عَلِمْتَ أَنَّهُ اسْتَطْعَمَكَ عَبْدِي فُلَانٌ فَلَمْ تُطْعِمْهُ، أَمَا عَلِمْتَ أَنَّكَ لَوْ أَطْعَمْتَهُ لَوَجَدْتَ ذَلِكَ عِنْدِي، يَا ابْنَ آدَمَ، اسْتَسْقَيْتُكَ فَلَمْ تَسْقِنِي قَالَ: يَا رَبِّ، كَيْفَ أَسْقِيكَ وَأَنْتَ رَبُّ الْعَالَمِينَ؟ قَالَ: اسْتَسْقَاكَ عَبْدِي فُلَانٌ فَلَمْ تَسْقِهِ، أَمَا إِنَّكَ لَوْ سَقَيْتَهُ وَجَدْتَ ذَلِكَ عِنْدِي». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ азза ва жалла қиёмат куни: «Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Билмадингми? Бандам Фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан таом сўрадим, Менга таом бермадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сенга таом берайин? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Билмадингми? Бандам Фалончи сендан таом сўради. Сен унга таом бермадинг. Билмадингми? Агар сен унга таом берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг. Эй Одам боласи, сендан сув сўрадим, Менга сув бермадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сенга сув берай? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Бандам Фалончи сендан сув сўради. Сен унга сув бермадинг. Агар сен унга сув берганингда, ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг», дейди».

Муслим ривоят қилган.

Эътибор берадиган бўлсак, ҳадиси шарифда «бандам» сўзи қайта-қайта такрорланмоқда. Бу ерда банданинг Аллоҳ билан бирлашиб кетишига ҳеч қандай ишора йўқ.

Бу ҳадиси қудсийда муҳтож кишиларга таом ва шароб тутиш худди Аллоҳ таолога таом ва шароб тутишга тенглаштирилмоқда, холос. Бундай улуғ ишни қилишга имкони бўлган ҳар бир мусулмон албатта уни амалга ошириши лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг «ўшани Менинг ҳузуримда топган бўлар эдинг» дейиши, «ўша ишнинг савобини» деганидир.

«Эй Одам боласи, бемор бўлдим, кўргани келмадинг?!» дейди.

«Эй Роббим, қандай қилиб Сени кўргани бораман? Сен Роббул оламин бўлсанг?» дейди банда.

«Билмадингми? Бандам Фалончи бемор бўлди. Сен уни кўргани бормадинг. Билмадингми? Агар сен уни кўргани борганингда, Мени унинг ҳузурида топган бўлар эдинг.

Демак, бир бемор бандани кўргани борган одам жуда улуғ иш қилган бўлар экан. Бир банданинг бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормаган одам эса катта нуқсонга йўл қўйган бўлар экан.

Бошқа маънолар ҳам шунга таққосланади, холос.

Ваҳдатул вужуд назарияси соҳибларининг фикрича, бу дунёда Аллоҳдан бошқа вужуд бор, деб эътиқод қилган одам мушрик бўлади. Аммо «Бу дунёда Аллоҳдан бошқа вужуд йўқ, У Зотдан бошқа нарсалар Унинг кўринишларидир. Кўринишларнинг кўплиги У Зотнинг ёлғизлигини рад қилмайди», деган инсон уларнинг назарида муваҳҳид бўлади.

Ваҳдатул вужуд назариясининг дунёдаги таъсири кенгайиб борди. Сўфийлар, файласуфлар ва ёзувчию шоирларнинг тўқсон тўққиз фоизи бу назарияни ўзларининг мазҳаби қилиб олдилар.

Ўша вақтларнинг муҳаддислари, фақиҳлари ва катта уламолари бу назарияга қарши чиқдилар. Буларнинг ичида ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, Аллома Саховий, муфассир Абу Ҳайён, Иззуддин ибн Абдуссалом, ҳофиз Абу Заръа, Мулло Али Қори номи ила машҳур бўлган аллома Нуруддин Али ибн Султон Муҳаммад Ҳиравий, аллома Саъдуддин Тафтазоний ва бошқалар бор эдилар.

Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорлари бу назариянинг танқидчилари ва душманларини тасаввуфдан ва унинг самараларидан бебаҳраликлари учун душманлик қилаётганликда айблар эдилар. Улар бу борада «Бир нарсани билмаган одам унга душман бўлади» қоидаси тўғри келишини таъкидлар эдилар.

Аммо ишларнинг ривожланиб бориши ваҳдатул вужуд назарияси фойдасига бўлмади. Бу назариянинг самараси аччиқ бўлди. Дарахтнинг самараси томири эмас, мевасидир. Ваҳдатул вужуд назариясининг асли бошқача бўлса ҳам, меваси аччиқ самара берди.

Бу назарияга эргашганлар орасида ақл, ахлоқ ва шариат чегарасидан чиқиб, фисқу фужур, залолат ва гумроҳлик доирасига кирганлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетди. Ислом олами катта хавф-хатар остида қолди. Умуман, Ислом таълимотларига мутлақо зид бўлган гап-сўз ва ишлар кўпайиб кетди. Ана шу нарсаларни ўзига раво кўрганлар ваҳдатул вужуд назариясини ўзларига қурол қилиб олар эдилар.

Бир вақтлар Мансур Халложнинг қатл қилинишига сабаб бўлган гап-сўз ва эътиқодни қилганлар энди ўша нарсаларнинг ўзи билан обрў қозонадиган бўлиб қолдилар.

Имом Суютий ўзларининг «Тарихи хулафо» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:

«Ҳижрий уч юз биринчи санада Халложни туяга миндириб, сазойи қилинган ҳолда Бағдодга олиб киришди ва: «Бу қарматийларнинг даъватчиларидан биридир! Уни таниб қўйинглар!» деб жар солишди. Сўнгра тўққизинчи йили қатл қилингунича қамаб қўйишди. Уч юз тўққизинчи йили Халложни қози Абу Амр, фуқаҳолар ва уламоларнинг унинг қони ҳалоллиги ҳақидаги фатвоси ила қатл қилишди».

Халложнинг қадимги ва ҳозирги мухлислари даъво қилганларидек, уни тўғри гапни айтгани учун баъзи жоҳиллар қатл қилган эмас. Балки уни энг нотўғри гапни айтиб, айтганида туриб олганидан кейин, тўққиз йил қамоқда қолиб ҳам ўзига келмаганидан кейин уламоларнинг ижмоъи ила қатл қилишга ҳукм қилишган.

Албатта, ҳижрий тўртинчи асрнинг бошида исломий илмлар ўзининг авжида, мусулмонлар динларида мустаҳкам ҳолларида, диний эътиқод ва таълимотлар мусаффо ҳолида эди.

Аммо кейинчалик таназзулга юз тутилди. Турли омиллар таъсирида мусулмонлар ичида Ислом таълимотларига зид нарсалар ҳам тарқала борди. Одамлар Қуръон ва Суннатни қўйиб, турли фалсафа ва ажабтовур фикрларга берилиб кетишди.

Бора-бора Мансур Халложнинг «Анал Ҳақ» («Ҳақ менман») ёки «Маа фил жуббати иллаллоҳу» («Чопоннинг ичида Аллоҳдан бошқа йўқ») каби иборалари ҳам ип эша олмайдиган гап-сўзлар ва ишлар кенг тарқалди.

Ана шу нарсаларга мисолларни шайх Абул Ҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳининг имом Сарҳандийнинг ҳаётлари ҳақида ёзган китобларидан таржима ҳолида келтирамиз.

«Тилмисоний вужудий мазҳабни амалда татбиқ қилар эди. У барча ҳаром нарсаларни ҳалол ҳисобларди. У: «Мавжуд Зот битта бўлганидан кейин, ҳалол билан ҳаромнинг орасини фарқлашнинг нима ҳожати бор?!» дер эди».

Бир киши бошқа бировдан Ибн Арабийнинг «Фусусул ҳикам»ини ўқир эди. У ўз устозини Аллоҳнинг валий ва ориф бандаларидан деб билар эди. У китобни ўқиб туриб, унинг Қуръонга хилофлигини билиб қолди ва устозига: «Бу гап Қуръонга хилоф-ку», деди. Шунда ҳалиги устози: «Қуръоннинг ҳаммаси ширкдир. Тавҳид бизнинг каломимизда, холос», деди.

Бир киши ваҳдатул вужуд назариясига амал қилувчи шахс билан юриб бораётиб, сасиб ётган ўлик итни кўрди ва: «Бу ҳам Аллоҳнинг зотими?» деди. Ваҳдатул вужудчи: «Ундан ташқарига чиқадиган нарса бормиди? Ҳа, ҳамма нарса Унинг зотидир!» деди.

Ваҳдатул вужуд назарияси тарафдорига: «Агар вужуд битта бўлса, нима учун хотин ҳалол бўлиб, она ҳаром бўлган?» дейилди. Шунда у саволга: «Бизнинг наздимизда ҳамма нарса битта. Аммо анави сўқирлар «ҳаром» дейишди ва биз сизларга «ҳаром» дедик», деб жавоб берди.

Бу ҳолат ваҳдатул вужуд назарияси танқидчилари қаторига баъзи илмли сўфийларнинг ҳам қўшилишига олиб келди.

Аҳли тасаввуфдан биринчи бўлиб ваҳдатул вужуд назариясига қарши чиққан киши Кубровия тариқати шайхларидан бири шайх Алоуддавла Самноний бўлди. У киши ўзининг илмий баҳсларида соликнинг мақсади ваҳдатул вужуд эмас, убудият – бандалик қилиш эканини исботлади.

Шайх Алоуддавла Самноний қурбатнинг юқори даражасига чиққан солик ваҳдатул вужуддан юқори мартабага эришиши ҳақида сўз юритди.

Кейинроқ имом Шарафуддин Яҳё Мунирий бу фикрни кенгайтирди. У киши: «Ваҳдатул вужуд» деб гумон қилинган нарса вожибул вужуд(Аллоҳ)дан бошқа барча вужуднинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши эмас, балки нарсаларнинг ҳақиқий мавжуднинг олдида кўринмай қолишидир», деди.

Шарафуддин Яҳё Мунирий нарсаларнинг йўқлиги ёки сингиб кетиши бир нарса, уларнинг кўринмай қолиши бошқа нарса эканини исботлади.

Шундай қилиб, ваҳдатул вужуд назариясига нисбатан уч хил қараш юзага келди.

  1. Ваҳдатул вужуд назариясини тамомила қўллаб-қувватлаш. Уни айни ҳақиқат ва маърифат деб билиш.
  2. Ваҳдатул вужуд назариясини бутунлай инкор қилиш.
  3. Ваҳдатул вужуд назарияси ўрнига ваҳдатуш-шуҳуд назариясини тақдим қилиш.

Аммо Нақшбандия тариқатининг кўзга кўринган арбоби, улкан олим ва сўфий Имоми Роббоний (ҳижрий 971–1034 саналар ва милодий 1563–1625 саналар) бу хил қарашга ўзларининг тўртинчи йўлларини қўшдилар.

У кишининг фикрларича, ваҳдатул вужуд соликка ориз бўладиган бир ҳолдир. Ўшанда сўфийга кўринадиган ҳамма нарса бир вужуд бўлиб қолади. Аммо солик илоҳий тавфиқ ила набавий ҳидоятга рафиқ бўлиб турса, бошқа бир мақомга эришади. Бу мақом ваҳдатул вужуд мақомидан устин мақом бўлиб, «ваҳдатуш-шуҳуд» деб аталади. Ваҳдатуш-шуҳуд даражасига етган соликнинг шоҳидлиги фақат вожибул вужуд(Аллоҳ)нинг ёлғиз Ўзи бўлиб қолади. Бошқа нарсалар ўзлари мавжуд бўлса ҳам, унга йўқдек бўлиб қолади. Чунки қуёш чиққанда юлдузлар кўринмай қолганидек, Аллоҳ таолога етишганда, бошқа нарсалар кўзга кўринмай қолади.

Шу тариқа Имоми Роббоний сабаб бўлиб, ваҳдатул вужуд туфайли вужудга келган ихтилоф ва ноқулайликлар тугаб, ҳеч ким хафа ҳам бўлмай, мусулмонлар жумҳури ақийдасига, Қуръон ва Суннатга ҳамда исломий шариатга мувофиқ ҳолатга қайтилди.

Бу ишда Аллоҳ таоло Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳига улкан тавфиқ берди. Аввало, у киши забардаст олим эдилар. Қолаверса, донғи етти иқлимга тарқалган тасаввуф шайхи ҳам эдилар. Ўша вақтда Нақшбандия тариқатининг шайхлиги у кишида тўхтаган эди. Сўнгра масалани муолажа қилишда ҳам ҳакимона йўл тутилган эди. Бирор киши ҳақида бирор оғиз аччиқ сўз айтилмаган эди. Шу вақтгача бўлиб ўтган гап-сўзлар ва ишлар ҳам танқид қилинмаган эди. Ҳамманинг ҳурматини йўлга қўйган ҳолда янги бир қўшимча қўшиш билан иш ниҳоясига етган эди.

Айниқса Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳининг ўша пайт аҳли тариқатларнинг пешвоси бўлиб туришлари жуда ҳам қўл келган. Агар бундай бўлмаганда, аҳли тасаввуф бу каби гапни қабул қилмай, ваҳдатул вужуд фикридан қайтмай, туриб олишлари мумкин эди.

Ваҳдатул вужуд масаласи ҳозирда тарих сифатида ўрганилмоқда. Шу билан бирга, баъзи ҳолларда низоларга ҳам сабаб бўлмоқда. Айниқса бу назарияни ўйлаб чиқарган ва унга ишониб, амал қилганларнинг ҳукми нима бўлади, деган саволнинг жавобида низолар кўп бўлган.

Баъзилар Муҳйиддин ибн Арабий ва унинг издошларини дунёдаги энг ёмон гаплар билан қоралашади.

Бошқалар эса уларни дунёдаги энг улуғ кишилар сифатида мақташади.

Қораловчилар уларнинг зоҳирда куфр, фисқ ва исёнга далолат қилувчи сўзларини далил қилиб келтирадилар.

Мақтовчилар эса уларнинг тавҳид ва ихлос ҳақидаги гапларини ҳамда амалларини далил қилиб келтирадилар.

Учинчи бир тоифа уларнинг гап-сўзлари ва амалларида икки тарафга ҳам далолат қилувчи нарсалар борлигини эътиборга олиб, «Уларнинг ишини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз, улар ҳақида бир ёқлама ҳукм чиқармаймиз», дейдилар. Биз ҳам мана шу тоифага қўшиламиз. Аммо кичик бир мулоҳазамиз бор. Биз хоҳлаймизми, йўқми, бугунги кунда «Ислом фалсафаси» ва «тасаввуф фалсафаси» деган атамалар мавжуд. Аслида Ислом дини ҳақидаги энг бузуқ тасаввурлар ҳам унга фалсафа сифатида қарашдан бошланган. Зеро, Ислом фалсафа эмас, эътиқодиётдир. Гарчи Исломда мантиқ ҳам, фалсафа ҳам, мушоҳада учун мавзу ҳам мавжуд бўлса-да, буларнинг ҳеч бири инсоннинг ожиз ақлига, ожизона тафаккурига ташлаб қўйилган эмас. Чунки дин инсоният ўйлаб чиқарган ғоялар йиғиндиси эмас, аксинча, бутун борлиқни, жамики жонзотни ва хусусан инсониятни ҳам яратган Роббул оламин томонидан одамзод ва жинларга уларнинг абадий бахтли ҳаётга эришишлари учун ўткинчи дунёда амал қилишлари вожиб этиб юборилган дастуруламалдир. Бу қонуннинг барча бандларини Роббул оламиннинг Ўзи тузган ва расуллари орқали бандаларига етказган. Ва охирги Расули Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали охирги шариатини жорий қилгач, бу дастуруламал қиёматга қадар ҳеч бир ўзгаришсиз қолишини эълон қилган. Шунинг учун Қуръони Карим ва Суннати набавия орқали инсониятга етказилган вожиботларни шу туришича қабул қилиш лозим. Инсон ожиз ақли ила бу вожиботлардан ўзига ёққанини танлаб олишга, ёқмаганини инкор қилишга ҳақли эмас. Шунинг учун ҳам дин фалсафадан юқори туради. Қолаверса, Ислом дини бошқа-ю, тасаввуф бошқа нарса эмас. Тасаввуф, яъни руҳий тарбия мана шу диннинг ажралмас бир қанотидир. Бинобарин, ҳатто шартли равишда ҳам «Ислом ва тасаввуф» ёки «Ислом фалсафаси» ва «тасаввуф фалсафаси» деб ажратишнинг ўзи мутлақо нотўғридир.

Мўмин-мусулмон киши унга Қуръони Карим ва Суннати набавия орқали билдирилган эътиқодиётларга қатъий иймон келтиради ва айни пайтда Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиришни лозим кўрмаган, сир тутган нарсалар ҳақида ортиқча сўраб-суриштирмайди. Чунки бизга динда чуқур кетмаслик буюрилган. Бу борада Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий» асарида келтирилган қуйидаги ривоят ғоятда ибратлидир:

«Бир киши «Факиҳатан ва аббан»ни қироат қилиб туриб, «аббан»нинг маъносини сўраганда, Умар розияллоҳу анҳу: «Биз чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганмиз», дедилар» («Фатҳул Борий», 13-жуз, 271-бет).

Динга фалсафа сифатида қараш эса айнан чуқур кетиш ва ортиқча уринишдан бошқа нарса эмас.

Мўмин-мусулмон кишининг динда чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан қайтарилганига энг кучли далилни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан мисол келтириб кўришимиз ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида Роббул оламиннинг ҳузурига кўтарилганларида «Сидратул мунтаҳа»(«Тугаш дарахти»)га етиб боргунларича йўлда ҳеч бир инсон зоти бу ҳаётида кўролмайдиган жуда кўп ғаройиботларни, Аллоҳ азза ва жалланинг қудратига далолат қилувчи улкан белгиларни, жумладан, жаннатни, дўзахни, Обод уйни (Байтул маъмурни), ўтган набийларни, Жаброил алайҳиссаломнинг асл қиёфаларини ва бошқа мўъжизаларни кўрдилар. Булар меърож воқеаси нақл қилинган ҳадисларда баён этилган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг ҳузурида кўрган нарсалари ҳақида оятда ҳам, ҳадисда ҳам бирор маълумот йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббул оламиннинг ҳузурида қандай ҳолатда бўлганлари Қуръони Каримда биргина оят билан баён этилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

مَا زَاغَ ٱلۡبَصَرُ وَمَا طَغَىٰ١٧

«Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам» (Нажм сураси, 17-оят).

Аллоҳ таолонинг энг севимли бандаси, ҳабиби, хотамул анбиё, сарвари олам, сарвари коинот бўлган зотнинг Роббул оламиннинг ҳузуридаги ҳолларига қаранг: «Нигоҳ бурилмади ҳам, ҳаддидан ошмади ҳам».

Ҳолбуки, биз оддий одамлар, ақлимиз етмай турган бир нарсанинг сирини билишга имкон туғилиб қолса, бутун борлиғимиз билан шунга интилиб, ҳар қандай тўсиқни назар-писанд қилмаслигимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Роббул оламиннинг ҳузурида туриб ҳам, на ортиқча савол сўрадилар ва на атрофга бурилиб қарадилар. Яъни у зотнинг ҳаттоки нигоҳлари ҳам «ҳаддидан ошмади». Фақат Аллоҳ таоло кўрсатишни хоҳлаган нарсаларнигина кўрдилар ва У Зот рухсат берган нарсанигина сўрадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу мавқифлари у зотнинг умматлари учун энг гўзал ўрнакдир. Зеро, шу пайтгача диндаги барча тойилишлар, хатолар, янглиш тушунчалар айнан «чуқур кетишдан ва ортиқча уринишдан» келиб чиққан. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини динда ғулувга кетишнинг оқибатидан такрор-такрор огоҳлантирганлар, ҳаддан ортиқча зоҳидликдан, ноўрин тақводан қайтарганлар. Нафсини ҳаддан ташқари қийнашга аҳд қилган, ортиқча зоҳидликни ўзига одат қилиб олмоқчи бўлган умматларини мутлақо ёқламаганлар. Динда чуқур кетувчиларнинг гап-сўзини ҳам, амалларини ҳам асло тасдиқламаганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ШАТАҲОТ.

ЖАНДА КИЙИШ.

ОДОБ ВА АХЛОҚ.

Энг сўнГги манзиллар

١8 - لِأَهْلِ الْخَيْرِ جَنَّاتٌ وَنُعْمَى     وَلِلْكُفَّارِ أَدْرَاكُ النَّكَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Солиҳ бандаларга жаннатлар ва шоду хуррамликлар бўлади, кофирларга эса қаттиқ жазоларнинг энг туби бўлади.

 

Назмий баёни:

Солиҳларга жаннат, шоду хуррамлик,

Кофирларга уқубат, азоб аламлик.

 

Луғатлар изоҳи:

لِ – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.

الْخَيْرِ أَهْلِ – жор мажрур хабари муқаддам. Матнда келган “аҳли хайр”дан барча умматларнинг мўминлари назарда тутилган.

جَنَّاتٌ – мубтадо. Луғатда “дарахтзор боғ” маъносини англатади. 

وَ – мутлақ жамлаш учун келган атф ҳарфи.

نُعْمَى – калимаси نُعْمَةٌ нинг кўплик шакли бўлиб, “кўз қувончлари”, “шоду хуррамликлар” маъноларини англатади. جَنَّاتٌ га атф қилинган.

كُفَّارِ – жор ва мажрур мубтадосидан олдин келган хабар. Мубтадоси اَدْرَاكُ дир.  كُفَّارِ калимаси كَافِرٌ нинг кўплик шакли бўлиб, бундан ташқари كَافِرُونَ كَفَرَةُ  ва كِفَارُ шаклларида ҳам жам бўлади. Фақатгина كُفَّارُ кўпроқ иймонсизларга нисбатан истеъмол қилинса,  كَفَرَةُ кўпроқ неъматга нонкўрлик қилувчиларга нисбатан ишлатилади. 

اَدْرَاكُ – калимаси دَرَكٌ  ва دَرْكٌ ларнинг кўплик шакли бўлиб, “энг туби” маъносини англатади. Кўплаб шарҳларда إِدْرَاكُ тарзида биринчи ҳарфини касрали қилиб “кофирларга  жазоларнинг етиши бордир”, маъноси берилган.  Лекин таҳқиқларга кўра أَدْرَاكُ мўътабар ҳисобланади.

النَّكَالِ – музофун илайҳ. Луғатда “қилмишга яраша берилган қаттиқ жазо” маъносини англатади.

 

Матн шарҳи:

Дунёда иймон келтирган ва унинг тақозоси бўлган яхши амалларни қилиб, хайр аҳлидан бўлган бахтли инсонларни Аллоҳ таоло остиларидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритади ва хилма-хил неъматлар билан мукофотлайди. Иймон келтириб, яхши амалларни қилган солиҳ бандаларни қандай мукофотлар кутиб тургани ҳақида шундай хабар берилган:  

﴿إِنَّ ٱللَّهَ يُدۡخِلُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ يُحَلَّوۡنَ فِيهَا مِنۡ أَسَاوِرَ مِن ذَهَبٖ وَلُؤۡلُؤٗاۖ وَلِبَاسُهُمۡ فِيهَا حَرِيرٞ٢٣

“Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни Аллоҳ (жаннатдаги) остидан анҳорлар оқиб турадиган боғларга киритур. Улар у жойда олтин билакузуклар ва марваридлар билан безалурлар, либослари эса ҳарир (ипак) бўлур”[1].       

Жаннатга кириш Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан бўлади. Яъни Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига сазовор бўлган инсонлар жаннатга кирадилар.  Аммо жаннатларнинг ичидаги мартабалар инсонларнинг қилган амалларига кўра бўлади. Кўпроқ ва яхшироқ амал қилганлар улуғ жойларни эгалласалар, улардан камроқ амал қилганлар эса амалларига яраша пастроқ жойларга эга бўладилар.    

“Жаннат луғатда “боғ” маъносини билдириб, аслида, “тўсилган” сўзидан олинган. “Жин” сўзи ҳам “тўсилган” маъносидадир чунки улар ҳам кўзлардан яширин ва тўсилган бўладилар. “Жиннилик” ҳам шу маънода бўлиб, бундай васфга эга инсоннинг қалби яхши ва ёмонни ажратиб олиш қобилиятидан  тўсилганлиги учун  шундай номланган. Мукофотлар диёри бўлган жойнинг “Жаннат” деб номланиши эса унга кирган кишиларни дарахтлар тўсиб тургани ёки у жойда бериладиган мукофотлар то унга киргунча тўсилган бўлганлиги учундир”[2]

Жаннатнинг номлари

Матнда جَنَّاتٌ (жаннатлар) дея кўплик шаклида келтирилди, чунки жаннатлар кўп бўлиб, уларнинг номлари Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:

  1. Фирдавс (боғ, бўстон).

﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ كَانَتۡ لَهُمۡ جَنَّٰتُ ٱلۡفِرۡدَوۡسِ نُزُلًا١٠٧

“Албатта, иймон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур”[3].     

  1. Адн (ватан тутмоқ).

﴿جَنَّٰتُ عَدۡنٖ يَدۡخُلُونَهَا تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُۖ لَهُمۡ فِيهَا مَا يَشَآءُونَۚ كَذَٰلِكَ يَجۡزِي ٱللَّهُ ٱلۡمُتَّقِينَ٣١

“Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай”[4].

  1. Наъийм (ҳузур-ҳаловат).

﴿إِنَّ لِلۡمُتَّقِينَ عِندَ رَبِّهِمۡ جَنَّٰتِ ٱلنَّعِيمِ٣٤

“Албатта, тақводорлар учун Парвардигорлари ҳузурида неъмат боғлари бордир”[5]

  1. Хулд (мангулик).

﴿قُلۡ أَذَٰلِكَ خَيۡرٌ أَمۡ جَنَّةُ ٱلۡخُلۡدِ ٱلَّتِي وُعِدَ ٱلۡمُتَّقُونَۚ كَانَتۡ لَهُمۡ جَزَآءٗ وَمَصِيرٗا١٥

“(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводорларга ваъда қилинган мангулик жаннатими?!” Улар учун (бу) мукофот ва натижа бўлур эди”[6].   

  1. Маъво (текис жой).

﴿أَمَّا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ فَلَهُمۡ جَنَّٰتُ ٱلۡمَأۡوَىٰ نُزُلَۢا بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ١٩

“Иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун қилган амаллари сабабли жаннат масканлари манзил бўлур”[7].     

  1. Дорус-Салом (омонлик диёри).

﴿۞لَهُمۡ دَارُ ٱلسَّلَٰمِ عِندَ رَبِّهِمۡۖ وَهُوَ وَلِيُّهُم بِمَا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ١٢٧

“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир. Қилган (солиҳ) амаллари сабабли, У уларнинг дўстидир”[8].  

  1. Дорул Муқома (турар жой).

﴿ٱلَّذِيٓ أَحَلَّنَا دَارَ ٱلۡمُقَامَةِ مِن فَضۡلِهِۦ لَا يَمَسُّنَا فِيهَا نَصَبٞ وَلَا يَمَسُّنَا فِيهَا لُغُوبٞ٣٥

“У зот бизларни Ўз фазли ила бир турар жойга жойлаштирдики, у ерда бизга чарчоқ етмас, ҳорғинлик ҳам етмас”[9].

Жаннатийларнинг қувонч ва хурсандчилиги ҳали жаннатларга кирмаслариданоқ бошланади. Жаннатга кириш изни берилгандан сўнг ҳаммалари хурсандчиликдан энтикишиб, унга яқинлашадилар. Жаннат эшиклари ҳам кўриниб, унга яқинлашганларида хурсандчилик устига хурсандчилик бўлиб жаннат эшиклари очилади ва унинг қўриқчилари: “Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг”, дея олқишлар билан кутиб оладилар:

﴿وَسِيقَ ٱلَّذِينَ ٱتَّقَوۡاْ رَبَّهُمۡ إِلَى ٱلۡجَنَّةِ زُمَرًاۖ حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءُوهَا وَفُتِحَتۡ أَبۡوَٰبُهَا وَقَالَ لَهُمۡ خَزَنَتُهَا سَلَٰمٌ عَلَيۡكُمۡ طِبۡتُمۡ فَٱدۡخُلُوهَا خَٰلِدِينَ٧٣

“Парвардигорларидан қўрққан тақволи зотлар ҳам гуруҳ-гуруҳ ҳолда жаннатга бошлаб борилур. То қачонки, улар унинг дарвозалари очилган ҳолда эканида етиб келганларида ва унинг қўриқчилари: “Сизларга салом! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда кирингиз!” – деганларида (улар беҳад шодланурлар)”[10].    

Жаннатга кирганларидан сўнг эса кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган, санаб саноғига етиб бўлмайдиган улуғ неъматлар ато қилинади:

﴿يَٰعِبَادِ لَا خَوۡفٌ عَلَيۡكُمُ ٱلۡيَوۡمَ وَلَآ أَنتُمۡ تَحۡزَنُونَ٦٨ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ بِ‍َٔايَٰتِنَا وَكَانُواْ مُسۡلِمِينَ٦٩ ٱدۡخُلُواْ ٱلۡجَنَّةَ أَنتُمۡ وَأَزۡوَٰجُكُمۡ تُحۡبَرُونَ٧٠ يُطَافُ عَلَيۡهِم بِصِحَافٖ مِّن ذَهَبٖ وَأَكۡوَابٖۖ وَفِيهَا مَا تَشۡتَهِيهِ ٱلۡأَنفُسُ وَتَلَذُّ ٱلۡأَعۡيُنُۖ وَأَنتُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ٧١ وَتِلۡكَ ٱلۡجَنَّةُ ٱلَّتِيٓ أُورِثۡتُمُوهَا بِمَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ٧٢

“(У кунда тақво аҳлига айтилур:) “Эй бандаларим! Бугун сизларга хавф йўқдир ва сизлар асло ғам чекмайсиз. (Сизлар дунёда) оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлгансиз. Ўзингиз ҳам, хотинларингиз ҳам мамнунлик ҳолларингизда жаннатга кирингиз!” Уларга олтин лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда (жаннатда) мангу қолурсиз. Қилиб ўтган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир”[11].       

Жаннатларга кириш Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан бўлганидек, дўзахларга кириш У зотнинг адолати билан бўлади.

Ушбу байт: “Яхшиларга Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига эришишларига кўра неъмат даражалари бордир. Кофирларга эса У зотнинг адолатига мувофиқ тобора азобларга шўнғиш бордир”, маъносини англатади. Кофирларнинг азобларга шўнғишлари ҳақида Қуръонда шундай хабар берилган:  

﴿إِنَّ ٱلۡمُنَٰفِقِينَ فِي ٱلدَّرۡكِ ٱلۡأَسۡفَلِ مِنَ ٱلنَّارِ وَلَن تَجِدَ لَهُمۡ نَصِيرًا١٤٥

“Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубида (бўлур)лар. Уларга (ўшанда бирор) ёрдамчи топмайсиз”[12]

“Яъни мунофиқлар жаҳаннам қаъридаги табақададирлар. Жаҳаннамнинг етти табақаси бор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Улар (яъни мунофиқлар) дўзахнинг энг остида бўладилар. Чунки улар Ислом ва унинг аҳлига истеҳзо қилиб куфр билан жамланганлар. Жаннатда даражотлар (юксалишлар) бўлганидек, дўзахда дарокатлар (азоб чуқурларига шўнғишлар) бордир”, – деган[13].

Жаннатлар кўп бўлгани каби дўзахлар ҳам кўп бўлиб, уларнинг бир-бирларидан қўрқинчли номлари Қуръони каримда баён қилинган.    

 

Дўзахнинг номлари

Қуръони каримда қуйидаги номдаги дўзахлар борлиги зикр этилган:

  1. Жаҳаннам (абадий жазо диёри).

﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ فَتَنُواْ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتِ ثُمَّ لَمۡ يَتُوبُواْ فَلَهُمۡ عَذَابُ جَهَنَّمَ وَلَهُمۡ عَذَابُ ٱلۡحَرِيقِ١٠

“Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра тавба қилмаган кимсаларга жаҳаннам азоби ва улар учун ўт азоби бордир”[14].   

  1. Лазо (кучли аланга).

﴿كَلَّآۖ إِنَّهَا لَظَىٰ١٥ نَزَّاعَةٗ لِّلشَّوَىٰ١٦

Йўқ! Ахир, у шундай дўзахдирки, териларни сидириб олувчидир”[15].   

  1. Ҳутама (синдирувчи, вайрон қилувчи).

﴿كَلَّاۖ لَيُنۢبَذَنَّ فِي ٱلۡحُطَمَةِ٤

“Йўқ! Қасамки, албатта, у “Ҳутама”га ташланур!”[16].     

  1. Саъийр (ўта қизиган).

﴿إِنَّ ٱلشَّيۡطَٰنَ لَكُمۡ عَدُوّٞ فَٱتَّخِذُوهُ عَدُوًّاۚ إِنَّمَا يَدۡعُواْ حِزۡبَهُۥ لِيَكُونُواْ مِنۡ أَصۡحَٰبِ ٱلسَّعِيرِ٦

“Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур”[17].    

  1. Сақар (қаттиқ куйдириб жизғанак қилувчи).

﴿سَأُصۡلِيهِ سَقَرَ٢٦

“Яқинда Мен уни Сақарда (жаҳаннамда) куйдиражакман”[18].   

  1. Жаҳийм (ўта иссиқ олов).

﴿وَإِنَّ ٱلۡفُجَّارَ لَفِي جَحِيمٖ١٤

“Фожирлар (кофирлар) эса дўзахдадирлар”[19].    

  1. Ҳовия (қаттиқ қизиган ўт).

﴿فَأُمُّهُۥ هَاوِيَةٞ٩

 “Бас, унинг онаси “ҳовия”дир”. У (ҳовия)нинг қандай эканини сенга нима билдирди? У қаттиқ қизиган ўтдир[20].    

Яхшига мукофот, ёмонга жазо бериладиган қиёмат кунида иймон келтиришдан такаббурлик қилганлар ана шундай энг ёмон жойларга гирифтор бўладилар. Жаҳаннамга ҳукм қилинганларни азоб фаришталари орқаларидан куч билан унга итариб борадилар:

﴿يَوۡمَ يُدَعُّونَ إِلَىٰ نَارِ جَهَنَّمَ دَعًّا١٣ هَٰذِهِ ٱلنَّارُ ٱلَّتِي كُنتُم بِهَا تُكَذِّبُونَ١٤ أَفَسِحۡرٌ هَٰذَآ أَمۡ أَنتُمۡ لَا تُبۡصِرُونَ١٥ ٱصۡلَوۡهَا فَٱصۡبِرُوٓاْ أَوۡ لَا تَصۡبِرُواْ سَوَآءٌ عَلَيۡكُمۡۖ إِنَّمَا تُجۡزَوۡنَ مَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ١٦

У кунда улар жаҳаннам олови сари ҳайдалурлар. (Уларга дейилур): Сизлар ёлғон деб юрган дўзах мана шудир. Қани, бу ҳам сеҳрми ёки сизлар кўрмаяпсизларми?! Унда куйингиз! Энди (унинг азобига) хоҳ сабр қилинг, хоҳ сабр қилманг – сизларга баробардир! Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингиз жазосини олурсиз”[21].   

Азоб фаришталари куч билан дўзахга итариб борганларидан сўнг уларга: “Мана бу ўз кўзларингиз билан кўриб турганларингиз сизлар ёлғонга чиқарган ўт бўлади, сеҳр эканми бу, ё дунёда яхшилик ва иймонни кўрмаганларингиз каби буни ҳам кўрмаяпсизларми, энди чидайсизларми, чидамайсизларми – барибир қилиб юрган амалларингизнинг жазосини оласизлар”, – дер эканлар.  

 

Жаннат ва дўзахнинг абадийлиги баёни

١9 - وَلاَ تَفْنَى الْجَحِيمُ وَلاَ الْجِنَانُ      وَلاَ أَهْلُوهُمَا أَهْلُ انْتِقَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Дўзах ва жаннатлар йўқ бўлиб кетмайди  ва иккаласининг аҳллари ҳам кўчиб ўтиш аҳли бўлмайдилар.

 

Назмий баёни:

Дўзаху жаннатлар ҳеч фано бўлмас,

Уларнинг аҳллари кўчмас ва ўлмас.

 

Луғатлар изоҳи:

لاَ – нафий ҳарфи.

تَفْنَى – (йўқ бўлмоқ) маъносидаги فَنَاءً масдаридан олинган музориъ феъли. Шу маънода дунёдан кетиши яқин қолгани эътиборидан   кекса кишига ҳам “шайх фоний” сўзи ишлатилади.

الْجَحِيمُ – фоилликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қаттиқ қиздирилган олов” маъносини англатади.

لاَ – нафий ҳарфи мозий феъли билан қўлланганда такрор келиши вожиб бўлади. Музориъ феъли билан қўлланганда эса такрор келиши жоиз бўлади. Шунга кўра бу ерда لَا  ҳарфи жоизликка кўра такроран келган.

الْجِنَانُ – калимаси جَنَّةُ нинг кўплик шакли бўлиб, الْجَحِيمُ га атф қилингани учун раф бўлиб турибди.

 لاَ  – нафий ҳарфи. لَا нинг исми изофа билан маърифа бўлгани сабабли  لَيْسَ нинг амалини қила олмайди[22]

أَهْلُوهُمَا – замир жаннат ва дўзахга қайтади. Олдинги жумлага атф. 

أَهْلُ – хабар. Аҳл калимаси бу ўринда “эга” маъносини ифодалайди.

انْتِقَالِ – бу масдар бир макондан иккинчи маконга кўчиб ўтишга нисбатан ишлатилади.

 

Матн шарҳи:

Жаннат ва дўзахга иймон келтириш охират кунига иймон келтиришнинг бир бўлаги ҳисобланади. Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг “Дўзаху жаннатлар ҳеч фано бўлмас” деган сўзлари, жаннат ҳам, дўзах ҳам яратиб қўйилган, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди, уларни  Аллоҳ таоло боқий қолдиради, деган маъноларни ўз ичига олади. Яъни Аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодига кўра, жаннат ва дўзах ҳозирда мавжуд бўлиб, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди.

Бу масалада ҳам мўътазилийлар каби адашган тоифалар жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратиб қўйилганини инкор қилишиб, уларни Аллоҳ таоло қиёмат кунида яратади, агар ҳозирда мавжуд бўлса, ояти карималарда хабар берилганидек йўқ бўлиб кетишлари лозим бўлиб қолади, деган эътиқодда бўлишган. Ўзларининг бу сўзларига  далиллар келтиришган:     

﴿ كُلُّ شَيۡءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجۡهَهُۥۚ

“Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир”[23].  

Яъни Аллоҳ таолодан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир. Бошқа бир оятда ҳам барча жонзотнинг фоний бўлиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи боқий қолиши хабар берилган:

﴿كُلُّ مَنۡ عَلَيۡهَا فَانٖ٢٦ وَيَبۡقَىٰ وَجۡهُ رَبِّكَ ذُو ٱلۡجَلَٰلِ وَٱلۡإِكۡرَامِ٢٧

(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром эгаси бўлмиш Роббингнинг “юзи” боқий қолур”[24].      

Ушбу оятлардаги كُلٌ калимаси عَامٌّ  ва جَميِعٌ каби умумийликни ифодаловчи калималарнинг энг кучлиси бўлиб, у чекланмаган кўпликка далолат қилади. Модомики бу калимани мазкур маъносидан  бошқа маънога ўзгартирувчи  далил бўлмаса, у асл ҳолида тураверади. Шунга кўра жаннату дўзах ҳозирда яратиб қўйилган бўлганида, уларнинг иккаласи ҳам, ичидагилар ҳам қиёмат кунидан олдин бошқа махлуқотлар қатори йўқ бўлиб кетиши лозим бўлиб қоларди. Уларнинг эса абадий экани, ҳеч қачон йўқ бўлмаслиги  хабари берилган. Шунинг учун ҳам икковини Аллоҳ таоло қиёмат кунида абадий йўқ бўлмайдиган қилиб яратади, – дейишган.

 Уларнинг бу тушунчаларига қарши Аҳли сунна вал-жамоа уламолари қуйидаги далилларни келтирганлар.  

 

Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилганига далиллар

  1. Қуръонда жаннат ва дўзах ҳақида келган оятларда ўтган замонни ифодаловчи сўзлар билан хабар берилган:

﴿۞وَسَارِعُوٓاْ إِلَىٰ مَغۡفِرَةٖ مِّن رَّبِّكُمۡ وَجَنَّةٍ عَرۡضُهَا ٱلسَّمَٰوَٰتُ وَٱلۡأَرۡضُ أُعِدَّتۡ لِلۡمُتَّقِينَ١٣٣

“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг”[25]

Ушбу ояти каримада жаннатнинг тайёр қилиб қўйилганинг хабари берилган.

﴿وَٱتَّقُواْ ٱلنَّارَ ٱلَّتِيٓ أُعِدَّتۡ لِلۡكَٰفِرِينَ١٣١

“Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!”[26].   

Бу ояти каримада эса дўзахнинг тайёрлаб қўйилгани хабар берилган. Мазкур ояти карималарда жаннат ва дўзах ҳақида  “тайёрлаб қўйилган” дея ўтган замонни ифодаловчи сўз билан келтирилиши уларнинг ҳозирда мавжуд эканига ва тайёрлаб қўйилганига далолат қилади.

  1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожда жаннат ва дўзахни кўрганлар. Кўрилган нарса эса мавжуд бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

﴿وَلَقَدۡ رَءَاهُ نَزۡلَةً أُخۡرَىٰ١٣ عِندَ سِدۡرَةِ ٱلۡمُنتَهَىٰ١٤ عِندَهَا جَنَّةُ ٱلۡمَأۡوَىٰٓ١٥

“Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни илк бор Ерда кўргач, яна) иккинчи бор кўрди. “Сидратул-мунтаҳо” дарахти олдида. “Маъво боғи” ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир”[27].  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сидратул мунтаҳо”га борганларидан сўнг жаннатга кирганлар ва унинг қандай эканини тасвирлаб берганлар:

ثُمَّ دَخَلْتُ الْجَنَّةَ فَإِذَا فِيهَا جَنَابِذُ اللُّؤْلُؤِ وَإِذَا تُرَابُهَا الْمِسْكُ

“...Сўнгра жаннатга кирдим, у ерда марварид гумбазлар бор экан, унинг тупроғи мушк экан”Бухорий ривоят қилган.

  1. Аллоҳ таоло жаннат ва дўзахни яратганидан сўнг Жаброил алайҳиссаломни кўришга юборгани ҳақидаги ривоят ҳам иккисининг яратилиб қўйилганига далилдир:

عن أَبي هُرَيْرَةَ عن رَسُولِ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَمّا خَلَقَ الله الْجَنّةَ وَالنّارَ أَرْسَلَ جِبْرَيلَ إِلَى الجَنّةِ فَقَالَ انْظُرْ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعْدَدْتُ لأَهْلِهَا فِيهَا قَالَ فَجَاءَهَا وَنَظَرَ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعَدّ الله لأَهْلِهَا فِيهَا قالَ فَرَجَعَ إِلَيْهِ قالَ فَوَعِزّتِكَ لاَ يَسْمَعُ بِهَا أَحَدٌ إِلا دَخَلَهَا فَأَمَرَ بِهَا فَحُفّتْ بِالمَكَارِهِ فَقَالَ ارْجِعْ إِلَيْهَا فَانْظُرْ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعْدَدْتُ لأَهْلِهَا فِيهَا قالَ فَرَجَعَ إِلَيْهَا فَإِذَا هِيَ قَدْ حُفّتْ بِالمَكَارِهِ فَرَجَعَ إِلَيْهِ فَقَالَ وَعِزّتِكَ لَقَدْ خِفْتُ أَنْ لاَ يَدْخُلَهَا أَحَدٌ قالَ اذْهَبْ إِلَى النّارِ فَانْظُرْ إِلَيْهَا وَإِلَى مَا أَعْدَدْتُ لأِهْلِهَا فِيهَا فَإِذَا هِيَ يَرْكَبُ بَعْضُهَا بَعْضاً فَرَجَعَ إِلَيْهِ فَقَالَ وَعِزّتِكَ لاَ يَسْمَعُ بِهَا أَحَدٌ فَيَدْخُلُهَا فَأَمَرَ بِهَا فَحُفّتْ بِالشّهَوَاتِ فَقَالَ ارْجَعْ إِلَيْهَا فَرَجَعَ إِلَيْهَا فَقَالَ وَعِزّتِكَ لَقَدْ خَشِيتُ أَنّ لاَ يَنْجُوَ مِنْهَا أَحَدٌ إِلاّ دَخَلَهَا.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло жаннатни ва дўзахни яратган вақтида Жаброилни жаннатга жўнатиб: Унга ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”,  – деди.  У келиб унга ва у ерда Аллоҳ таоло унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларига қаради-ю, бирдан Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб: Иззатингга қасам ичиб айтаманки, у ҳақида эшитган кимса борки, албатта унга киради”,деди. Аллоҳ жаннатга амр қилди, у ёқимсиз нарсалар билан ўралди. Аллоҳ таоло Жаброилга: Унга қайт ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”,деди. Жаброил унга қайтиб келиб қараса, у ёқимсиз нарсалар билан ўралибди. У Аллоҳ ҳузурига қайтди ва: Иззатингга қасам ичиб айтаманки, унга бирор кимса киролмаса керак,  деб хавфсираб қолдим”,деди. Аллоҳ таоло унга: Дўзахга бор унга ва у ерда унинг аҳли учун тайёрлаб қўйган нарсаларимга қара”, деди. Бас унинг баъзиси баъзисининг устига чиқиб турган эди. У Аллоҳ ҳузурига қайтди ва: Иззатингга қасам ичиб айтаманки, унга у ҳақида эшитмаган кимсагина кирса керак”,деди. Аллоҳ унга амр қилди, у шаҳватлар билан ўралди. Аллоҳ таоло: Унга қайтиб бориб қара”,  –деди. Жаброил қайтиб бориб қаради ва: Иззатингга қасам ичиб айтаманки, ундан бирор кимса нажот топа олмай унга кириб кетса керак, деб қўрқиб қолдим”,  –деди”,  –деб айтдилар. “Термизий ривоят қилган”.

Ушбу хабарлар ҳозирда жаннат ҳам, дўзах ҳам яратиб қўйилганига очиқ-ойдин далиллардир. Энди уларнинг كُلٌ калимасини ўз маъносидан бурувчи далил бўлмаса, у асл ҳолида тураверади, деган сўзларига қуйидагилар билан жавоб берилган: юқоридаги далиллардан жаннат ва дўзахнинг ҳозирда мавжуд эканлиги собит бўлди. Мавжудлиги собит бўлган жаннат учун тугаш йўқлигини Аллоҳ таоло шундай хабар берган:

﴿إِنَّ هَٰذَا لَرِزۡقُنَا مَا لَهُۥ مِن نَّفَادٍ٥٤

“Албатта, бу Бизнинг (жаннат аҳлига берадиган) ризқимиздирки, унда тугаш бўлмас”[28]

Жаннатдаги неъматларнинг доимийлиги ҳақида:

﴿۞مَّثَلُ ٱلۡجَنَّةِ ٱلَّتِي وُعِدَ ٱلۡمُتَّقُونَۖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُۖ أُكُلُهَا دَآئِمٞ وَظِلُّهَاۚ

 “Тақводорлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: унинг остида анҳорлар (доимо) жорий, мевалари ва соялари боқийдир”[29].     

Ҳадиси шарифда жаннатдаги неъматларнинг доимийлиги ҳақида шундай хабар берилган:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ وَأَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قال إذَا دَخَلَ أهْلُ الجَنَّةِ الجَنَّةَ يُنَادِي مُنَادٍ إنَّ لَكُمْ أنْ تَحْيَوْا فَلا تَمُوتُوا أَبَداً  إنَّ لَكُمْ أنْ تَصِحُّوا  فلا تَسْقَمُوا أبداً  وإنَّ لَكمْ أنْ تَشِبُّوا فلا تَهْرَمُوا أبداً  وَإنَّ لَكُمْ أَنْ تَنْعَمُوا فَلا تَبْأسُوا أَبَداً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон жаннат аҳли жаннатга кирсалар, бир нидо қилгувчи: “Албатта, яшашларингиз сизларга, ҳеч қачон ўлмайсизлар, албатта, соғлом бўлишларингиз сизларга, ҳеч қачон касал бўлмайсизлар, албатта, ёш бўлишларингиз сизларга, ҳеч қачон қаримайсизлар, албатта, ҳузур-ҳаловатда яшамоқларингиз сизларга, ҳеч қачон бахтсиз бўлмайсизлар”, – дея нидо қилади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.     

Жаннатдаги неъматлар абадий бўлганидек, дўзахдаги азоблар ҳам абадийлиги ҳақида шундай хабар берилган:

﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ مِنۡ أَهۡلِ ٱلۡكِتَٰبِ وَٱلۡمُشۡرِكِينَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَٰلِدِينَ فِيهَآۚ أُوْلَٰٓئِكَ هُمۡ شَرُّ ٱلۡبَرِيَّةِ٦

Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам ўтидадирлар, у ерда абадий қолурлар. Ундайлар халойиқнинг энг ёмонидирлар[30].  

Хулоса қилиб айтганда, жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳозирда мавжуд, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди.

Уламолар яратилган нарсаларни йўқ бўлиш ё бўлмаслиги жиҳатидан иккига ажратганлар:

  1. Аввали ҳам, охири ҳам бор нарсалар. Бунга дунё ва ундаги нарсалар киради;
  2. Аввали бор, охири йўқ нарсалар. Бунга жаннат, дўзах ва улардаги нарсалар киради.

Демак, жаннат ва дўзах Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилиши билан вужудга келган бўлса, худди шундай Аллоҳ таолонинг йўқ қилиб юбормаслиги билан доимий бор бўлиб туради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ЖАННАТДА АЛЛОҲ ТАОЛОНИ КЎРИШ БАЁНИ.

ЖАННАТДАГИ ЭНГ ОЛИЙ НЕЪМАТ.

АЛЛОҲ АДОЛАТЛИ ВА РАҲМАТЛИ ЗОТДИР.

 

[1] Ҳаж сураси, 23-оят.

[2] Муҳаққиқлар гуруҳи. Туҳфатул аолий. – Миср: “Ахтар босмахонаси”, 1887. – Б. 40.

[3] Каҳф сураси, 107-оят.

[4] Наҳл сураси, 31-оят.

[5] Қалам сураси, 34-оят.

[6] Фурқон сураси, 15-оят.

[7] Сажда сураси, 19-оят.

[8] Анъом сураси, 127-оят.

[9] Фотир сураси, 35-оят.

[10] Зумар сураси, 73-оят.

[11] Зухруф сураси,  68, 72-оятлар.

[12] Нисо сураси, 145-оят.

[13] Муҳаммад Али Собуний. Софватут-тафосир 1-жилд. –  Байрут-Лубнан: “Мактабатул Асрия”, 2009. – Б. 264.

 

[14] Буруж сураси, 10-оят. 

[15] Маъориж сураси, 15, 16-оятлар.

[16] Ҳумаза сураси, 4-оят. 

[17] Фотир сураси, 6-оят.

[18] Муддассир сураси, 26-оят.

[19] Инфитор сураси, 14-оят.

[20] Қориъа сураси, 9-оят.

[21] Тур сураси, 13, 16-оятлар.

[22] لَا ҳарфи баъзи ўринларда لَيْسَ нинг амалини, яъни мубтадони раф, хабарни насб қилади. Бунда қуйидаги шартлар топилиши керак:

– لا нинг исми ҳам хабари ҳам накра бўлиши керак. Масалан, لَا تِلْمِيذٌمُقَصِّرًامِنْهَؤُلاَءِالتَّلَامِيذِ

– لا билан исми ораси бошқа бирор калима билан ажралиб қолмаслиги керак. Фақт зарф ва жор мажрурнинг орани ажратиши мустасно ҳисобланади. Масалан, لَا عَلَيْكَرَجُلٌشاهدًا

– لا нинг нафийси إِلاَّ билан бекор қилинмаслиги керак. Агар  إِلاَّбилан бекор қилинса, لَا ҳарфи  لَيْسَнинг амалини қила олмайди. Масалан, لَا تِلْمِيذٌإلاَّأَفْضَلُمِنْزُهيرٍ

– لا дан кейин إِنْ келмаслиги керак. Агар орқасидан إِنْ келса, لَا  ҳарфи  لَيْسَнинг амалини қила олмайди. Масалан, لَا إنْ تِلْمِيذٌ مُتَقَاعِسٌ

– لَا ҳарфи такрор келмаслиги керак. Агар такрор келса, لَا  ҳарфи لَيْسَ нинг амалини қила олмайди. Масалан, لَا لَاتِلميذٌكَسُولٌ

[23] Қасос сураси, 88-оят.

[24] Ар-Роҳман сураси, 26, 27-оятлар.

[25] Оли Имрон сураси, 133-оят.

[26] Оли Имрон сураси, 131-оят.

[27] Нажм сураси, 13, 15-оятлар.

[28] Сод сураси, 54-оят.

[29] Раъд сураси, 35-оят.

[30] Баййина сураси, 6-оят.

Муносабат

  

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳга шукрки, Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида Президентимизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва илғор ташаббуслари билан юртимизда дин ва эътиқод эркинлиги борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Ушбу кенг кўламли ислоҳотлар самараси жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинмоқда.

Яна бир юксак эътироф — 2020 йил 7 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти расмий баёнот бериб, Ўзбекистонни диний эркинликлар соҳасидаги “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганини эълон қилди. Жумладан, Давлат котиби Майкл Помпео мамлакатимиз эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида улкан ўсишга эришганини эътироф этди. Ўзбекистон эндиликда дин эркинлиги тўлиқ таъминланадиган мамлакат сифатида баҳоланади.

АҚШ Давлат департаменти қарори Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллиги арафасида эълон қилингани чуқур рамзий маънога эга. Зеро, Бош қомусимизда Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда инсонларнинг  дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда тан олиниши ҳам Конституциямизнинг ҳаётимиздан нақадар мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини кўрсатади.

Шубҳасиз, бундай юксак эътироф Президентимизнинг қатъий иродаси, билим ва салоҳияти, жасорати, бағрикенглик, адолат тамойилларига асосланган оқилона сиёсати маҳсулидир.

Баёнотда махсус рўйхатдан чиқишда Ўзбекистон тажрибасига юқори баҳо берилди. Жумладан, АҚШ Давлат котиби “Ўтган йил давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан эришилган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Ўзбекистон “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганини эълон қилишдан мамнунман. Ўзбекистоннинг қонунлари ва амалиётдаги жасорати бошқа миллатлар учун намуна бўлмоқда”, деб алоҳида эътироф этди.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар соҳасидаги махсус топшириқлар бўйича элчиси Сэм Браунбек Давлат котиби қарори Президент Шавкат Мирзиёевнинг эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасидаги мустаҳкам иродаси, унинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли фаолият, ўзгаришлар ва ислоҳотлар натижаси эканини таъкидлади.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг дин эркинлигини таъминлашда эришган натижалари тан олиниб, мамлакатимиз 2018 йилда алоҳида хавотирдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганди. Ўзбекистонда диний эркинлик борасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз 12 йилдан сўнг ушбу рўйхатдан чиқарилиб, “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”га ўтказилганди. Мана, икки йил ўтиб, мамлакатимиз мазкур рўйхатдан ҳам чиқарилди. Бу Ўзбекистон учун жуда ҳам катта халқаро эътирофдир.

Ҳақиқатан, мазкур қарор кутилган хушхабар эди. Чунки Ўзбекистонда ҳаётнинг барча жабҳасида улкан ўзгаришлар, тарихий янгиланишлар юз беряпти. Халқаро диний эркинликлар бўйича нуфузли ташкилотлар вакиллари ўтган йилларда Ўзбекистонга қилган ташрифлари чоғида диний эркинликларни таъминлаш, ибодат қилиш учун муносиб шароитларни ҳозирлаш, ислом маърифатини кенг тараннум этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларга бевосита ўзлари гувоҳ бўлди.

Айниқса, ўз аҳамияти бўйича Ўзбекистон тарихида янги воқелик — минглаб маҳкумларнинг афв этилиши ёки ўтган икки йилдан кўп вақт мобайнида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир пайтлар экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилгани кўпчиликнинг эътиборига молик иш бўлди.

Маълумки, Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида Президентимиз томонидан бир қатор илғор ташаббуслар илгари сурилди.

Ушбу ташаббуслар замирида “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори мужассам. Шу негизда мамлакатимизда муборак динимизни, буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Кейинги даврда Самарқандда — Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби, Тошкентда — Ислом цивилизацияси маркази, Бухорода — Мир Араб олий мадрасаси, Термизда — Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий ўрта махсус ислом билим юрти муқаддас динимиз маърифатини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Ақида, калом, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илми мактаблари ишламоқда. Ўзбекистондаги халқаро Ислом академияси илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш бўйича жадал фаолият юритмоқда.

Шунингдек, масжид-мадрасаларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши, ҳаж қилувчилар сони 7 мингдан оширилиши, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши, диний таълим муассасаларида мўмин-мусулмонлар учун “Қуръони карим ва тажвид” курслари ташкил этилиши, юртимиз уламолари халқаро тадбирларда муносиб иштирок этиши кабилар янги даврдаги ишлар бўлди. 

Бундан ташқари, ислом олами билан алоқалар мустаҳкамланиб, мусулмон дунёсининг энг мўътабар уламолари ўлкамизга ташриф буюришди. Айниқса, Миср бош имоми, Азҳари шариф шайхи Аҳмад Тоййибнинг юртимизга ташрифи ва мусулмон дунёсининг энг табаррук уламолари иштирокида ўтказилган халқаро конференциялар диний-маърифий соҳадаги ишларнинг жаҳон ҳамжамиятида кенг тараннум этилишига катта омил бўлди.

Бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва барқарорликни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон ташаббусларининг халқаро доирада эътироф этилгани, шубҳасиз, бизга янада катта куч-ғайрат ва рағбат бағишлайди.

Аллоҳ таоло мамлакатимизда дин ва эътиқод эркинлиги борасидаги эзгу ишларни янада бардавом айласин, бутун дунёда юртимизнинг мақоми ва нуфузини янада зиёда қилсин. 

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

 

 

Шу йил 10 декабрь куни мамлакатимиздаги марказий оммавий ахборот воситалари учун “Ҳазрати Имом” мажмуасига пресс-тур уюштирилди. Ушбу учрашув Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

ОАВ ходимлари дастлаб “Ҳазрати Имом” жоме масжидининг қурилиш тарихи ва ҳозирги ҳолати билан яқиндан танишдилар. Сўнг Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси зиёрат қилишди. Бу ерда Қуръони карим тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди. Кейин Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти ўқув ва таълим жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Пресс-тур иштирокчилари “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги Бароқхон мадрасаси ва у ердаги ҳунармандчилик кўргазмасини томоша қилишди. Шундан сўнг меҳмонлар Мўйи муборак мадрасасида бўлиб, у ердаги Ҳазрати Усмон Мусҳафи  ва қадимий қўлёзма манбаларни зиёрат қилишди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада қилинаётган ишлар, обод этилаётган муборак қадамжолар, хусусан, “Ҳазрати Имом” мажмуаси тўғрисида сўзлаб берди. 

Ушбу пресс-турда юртимиздаги 30 га яқин оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Ўзбекистон 24”, “Севимли”, “ЎзРепорт ТВ”, “Маданият ва маърифат”, “Зўр ТВ”, “Менинг юртим” телеканаллари; “Маҳалла”, “Орият Доно” радиоканаллари; Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги; “Оила даврасида”, “Даракчи”, “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон” газеталари ҳамда Интернет сайтлари вакиллари иштирок этди.

Ташриф сўнгида меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр этилган “Ҳазрати Имом”, “Виждон эркинлигининг ҳуқуқий асослари” номли китоблар, “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси сонларидан совға қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

СУРАЛАРНИНГ АВВАЛИДАГИ ҲАРФЛАР ВА МУТАШОБИҲ СИФАТЛАР

Аввал ўтган саҳифаларда муташобиҳнинг луғатдаги ва истилоҳдаги маънолари, турлари ва бошқа унга боғлиқ нарсаларни қўлдан келганича ўрганиб ўтдик. Энди эса бу борадаги энг нозик, энг қийин ва энг чигал мавзулардан иккитаси – сураларнинг аввалидаги ҳарфлар ҳамда муташобиҳ сифатлар ҳақида алоҳида сўз юритишга ҳаракат қиламиз.

СУРАЛАРНИНГ АВВАЛИДАГИ ҲАРФЛАР

Қуръони Каримнинг суралари бир юз ўн тўртга бўлиб, улардан йигирма тўққизта сура сўзлар билан эмас, ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича номлар берилган: баъзилар «ал-ҳуруфул-муқоттоъат» – «кесик ҳарфлар» десалар, бошқалар «ҳуруфул-ҳижа» – «алифбо ҳарфлари» дейдилар, учинчилари эса «фаватиҳус-сувар» – «сураларни очувчилар» дейдилар. Биз мазкур номлардан машҳур бўлгани «кесик ҳарфлар», яъни «маънодан узилган ҳарфлар» мазмунидаги истилоҳни танлашни маъқул кўрдик.

Кесик ҳарфлар мазкур йигирма тўққиз сурада турлича келган. Биз уларни энг кўп келган шаклларидан бошлаб келтирамиз.

  1. Уч ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан ўн учта сура бошланган:

«Алиф лаам миим» – Бақара сураси.

«Алиф лаам миим» – Оли Имрон сураси.

«Алиф лаам миим» – Анкабут сураси.

«Алиф лаам миим» – Рум сураси.

«Алиф лаам миим» – Луқмон сураси.

«Алиф лаам миим» – Сажда сураси.

«Алиф лаам ро» – Юнус сураси.

«Алиф лаам ро» – Ҳуд сураси.

«Алиф лаам ро» – Юсуф сураси.

«Алиф лаам ро» – Иброҳим сураси.

«Алиф лаам ро» – Ҳижр сураси.

«To сиин миим» – Шуаро сураси.

«To сиин миим» – Қосос сураси.

  1. Икки ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан тўққизта
    сура бошланган;

«To ҳа» – Тоҳа сураси.

«To сиин» – Намл сураси.

«Йа сиин» – Ёсин сураси.

«Ҳа миим» – Ғофир сураси.

«Ҳа миим» – Фуссилат сураси.

«Ҳа миим» – Зухруф сураси.

«Ҳа миим» – Духон сураси.

«Ҳа миим» – Жосия сураси.

«Ҳа миим» – Аҳқоф сураси.

  1. Бир ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан иккита сура
    бошланган;

«Сод» – Сод сураси.

«Нун» – Қалам сураси.

  1. Тўрт ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан иккита
    сура бошланган;

«Алиф лаам миим сод» – Аъроф сураси.

«Алиф лаам миим ро» – Раъд сураси.

  1. Беш ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар билан иккита сура
    бошланган;

«Кааф ҳаа йаа ъайн соод» – Марям сураси.

«Ҳа миим ъайн сиин қооф» – Шуро сураси.

Ушбу сураларнинг аввалида келган ҳарфлар ҳақидаги маълумотларни зеҳн солиб ўрганиладиган бўлса, уларнинг биринчи мажмуаси – ярмига яқини, яъни ўн учтаси уч ҳарфдан ташкил топган. Мазкур адад араб тилидаги сўзларнинг энг кўпи уч ҳарфдан иборат бўлишига ишорадир, десак муболаға бўлмайди.

Иккинчи ўринда икки ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар тўққизта сурада келмоқда. Араб тилида ҳам уч ҳарфли сўзлардан кейин иккинчи ўринда икки ҳарфли сўзлар туради.

Кейинги ўринларда битта, тўртта ва бешта ҳарфдан иборат кесик ҳарфлар келган. Араб тилида ҳам шу ададдаги ҳарфли сўзлар нисбати мулоҳаза қилинади.

Араб алифбосидаги ҳарфлар Абулаббос Мубарраднинг фикрига кўра йигирма саккиз ҳарфдан, Сибавайҳнинг сў-зига биноан йигирма тўққиз ҳарфдан иборат. Сураларнинг аввалида келган алифбо ҳарфлари эса жами ўн тўртта бўлиб, улар 29 та сурада келган. Шунга кўра, иштирок этган ҳарфларнинг умумий адади бир қавлга кўра жами араб ҳарфлари ададининг ярмига тўғри келса, иккинчи қавлга кўра, улар билан бошланган суралар сони араб ҳарфларининг ададига тўла мос келади.

Қуръони Карим баъзи сураларнинг аввалида алифбо ҳарфларидан баъзиларини келтириш ила араблар ўз тарихи давомида ҳеч қилмаган ва билмаган ишни юзага чиқарди. Шунинг учун ҳам бу ҳарфлар муташобиҳнинг энг машҳур мисолларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам уламолар қадимдан ўша ҳарфлардан кўзланган мурод нима экани ҳақида кўпгина таъвиллар қилдилар, ихтилофларга тушдилар.

Ихтилофнинг асосий сабаби – улар ҳақида на Набий алайҳиссаломнинг ўзларидан ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз, улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари – билмаган нарсаларинигина сўрар эдилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар эдилар ва асосий эътиборни шунга қаратардилар. Билган нарсалари хусусида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди.

Уламоларнинг суралар аввалидаги ҳарфлар тўғрисидаги ихтилофлари аеосан икки қисмга бўлинади:

Биринчи қисмга мансуб кишилар ушбу ҳарфларни беркитилган илм, ўралган сир, дейдилар. Унинг илмини Аллоҳ таоло Ўзига хос қилган, уни инсонларга билдирмаган. Одамлар уларнинг маъноларини билмайдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ҳар бир китобда Аллоҳнинг сири бордир. У Зотнинг Қуръондаги сири сураларнинг аввалидаги ҳарфлардир», деганлар.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эса: «Ҳар бир китобнинг сараси бордир. Ушбу Китобнинг сараси ҳижо ҳарфларидир», деганлар.

Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сирини Аллоҳга ҳавола этадилар. Бошқалари эса: «Бу – Аллоҳ билан Набий алайҳиссалом ўртапаридаги сир», дейдилар.

Иккинчи қисмга мансуб кишилар эса: «Ушбу очувчи ҳарфлардан қасд қилинган маълум маъно бор. Инсон уни идрок қилиши ва баён этиши лозим», дейдилар.

Уларнинг айтишларича, Қуръони Карим ҳидоят Китобидир. Ҳидоят эса маънони фаҳмлаш билангина юзага чиқади. Аллоҳ таоло бизга уни тадаббур қилишни ва ундан ҳукмлар чиқариб олишни буюрган. Агар маънони фаҳмлаш осон бўлмаса, тадаббур қилишнинг имкони йўқ, ҳукм чиқариб олишнинг иложи йўқ. У Зот уни очиқ араб лисонида нозил этган. Бинобарин, унинг барчаси фаҳмланадиган бўлиши лозим. У Зот уни охирига етган ҳикмат, қалблардаги дардларга шифо, нур ва очиқ-ойдйн Китоб, раҳмат ва иймон келтирадиган қавм учун эслатма қилган. Бундай бўлиши учун эса албатта, фаҳмланиши, идрок қилиниши осон бўлиши керак.

Бу йўналишдаги кишиларга уламоларнинг жуда кўплари, мутакаллимлар, муфассирлар ва бошқалар кирадилар.

Имом Розий айтади: «Билки, албатта, мутакаллимлар бу гапни (биринчини) инкор қилдилар ва: «Аллоҳ таолонинг Китобида халққа тушунарли бўлмаган нарса келиши жоиз эмас», дедилар. Бу гапларига оятлардан, хабарлардан ва ақлдан ҳужжатлар келтирдилар».

Аммо бу гапнинг эгалари ва уларни қўлловчиларнинг сураларнинг аввалидаги ҳарфлар тўғрисидаги гаплари турлича бўлиб, уларни таъвил қилишда ва улардан кўзланган мақсад ҳақида жуда ҳам кенг миқёсда ихтилоф қилдилар. Ҳаттоки имом Розийнинг айтишича, уларнинг бу борадаги айтган гаплари йигирма биттага етди. Уларнинг кўпчилиги ҳеч қандай далил ва ҳужжати йўқ тахмин ҳамда гумондан бошқа нарса эмас.

Улардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

  1. Бу ҳарфлар ўзлари билан бошланган сураларнинг исмларидир. Худди муайян нарсага уларни таниб олиш учун қўйилган исмларга ўхшайди. Агар бир киши «Сод»ни ёки «Қоф»ни ўқидим, деса, ушбу исм билан номланган сурани ўқиганини тайин қилган бўлади.

Агар маълум ҳарфлар «Алиф лаам мим»га ўхшаб, бирдан ортиқ суранинг аввалида келган бўлса, уларнинг орасини ажратиш учун суранинг муштарак бўлмаган исми қўшиб айтилади. Мисол учун, «Алиф лаам мим – Бақара» ёки «Ҳа мим – Сажда»га ўхшаш.

Ушбу фикрни ушлаганлар орасида имом Розий, Халил, Сибавайҳ ва бошқалар бор.

  1. Ушбу ҳарфлардан кўзланган мақсад бор. Бу гапни
    айтганлар ҳам ўша кўзланган мақсад ҳақида бир неча хил
    гапларни айтадилар.

А) Кўпгина тафсирчилар, айниқса тафсирчиларнинг кейинги авлоди: «Баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар ила бошланиши арабларга «Қуръон сизлар ишлатиб юрган «алиф», «лам», «мим»га ўхшаш ҳарфлардан тузилган. Қўлларингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузинглар-чи», деган маънони англатиш учун қилинган», деганлар.

Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда араблар ўзларининг сўзга усталиклари билан фахрланиб юрар эдилар. Шоирлар ҳамда сўз усталари мўътабар шахслар ҳисобланар эдилар. Доимо шеърхонлик, ваъзхонлик бўйича мусобақалар ўтказиб туриларди. Ҳатто ғолиб шоирларнинг шеърлари Каъбаи муаззаманинг деворига осиб қўйиларди. Қуръони Карим уларнинг нозик жойларидан тутиб: «Агар сўз устаси эканингиз рост бўлса, ўзингиз ишлатиб юрган оддий ҳарфлардан тузилган Қуръонга ўхшаш нарса келтиринг-чи», деди.

Бу худди тупроқнинг мисолига ўхшайди. Оддий тупроқдан кимдир лой қилиб, ғишт қуяди, кимдир сопол идишлар ясайди ва ҳоказо. Лекин Аллоҳ таоло ушбу оддий тупроқдан инсонни яратди, унга жон ато этди. Шунга ўхшаб, араб алифбосининг оддий ҳарфларидан араб сўз усталари шеър тўқийдилар, ваъзхонлик қилиб, одамларни қойил қолдирадилар. Аммо Аллоҳ таоло ўша ҳарфларнинг айнан ўзидан ҳамма-ҳаммани ожиз қолдирувчи Қуръонни нозил қилди!

Б) Абу Исҳоқ Зажжож ва бошқалар: «Сураларнинг аввалида келган ҳижо ҳарфларидан ҳар бирида Аллоҳ таолонинг исмларидан ёки сифатларидан бирига рамз бор», дейдилар. Мисол учун, «Алиф лаам мим» – «Ана Аллоҳу аълам» (Мен билувчи Аллоҳман) ва ҳоказо.

Ушбулар сураларнинг аввалида келган ҳарфлар ҳақида келган баъзи фикрлардан намуналардир. Ҳақиқатни эса Аллоҳ таолонинг Узи билади.

 

АЛЛОҲ ТАБОРАКА ВА ТАОЛОНИНГ

МУТАШОБИҲ СИФАТЛАРИ

Муташобиҳ сифатлар деганда, Аллоҳ таолони сифатлаб келган, аммо сиртдан қараганда, У Зот таолога нисбат бериб бўлмайдиган оятларнинг маъноси кўзда тутилади. Муташобиҳ сифатлар мавзуси энг нозия масалалардан бўлиб, уларни таъвил қилишда муҳкамга мурожаат қилиш ва зоҳирий (луғавий) маъноларидан бошқа томонга буриш вожибдир.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ақийдага оид нарсаларни муҳкам оятлардан ва ўта ишончли ақлий далиллардан олинишига иттифоқ қилганлар. Шунингдек, оят ва ҳадисларда сиртидан муҳкам оятлар ва ўта ишончли ақлий далиллар тўғри деб топган ақийдага хилоф нарса келса, уларнинг зоҳирий маъноси Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муроди эмас, деб эътиқод қилиш вожиблигига иттифоқ қилинган.

Ушбу мавзу Аллоҳнинг тавҳидига, У Зотни поклаш вожиблигига ва мусулмон банданинг ақийдасига ҳамда иймонининг тўғрилигига бевосита боғлиқ бўлгани учун ҳам энг нозик мавзу ҳисобланган. Айнан шу сабабдан бу мавзу исломий мазҳаблар ва гуруҳлар орасидаги энг кўп тортишувлар ва ихтилофларга сабаб бўлган. Минг афсуслар бўлсинки, кўпгина гуруҳлар бу мавзуда адашиб, сифатлар ҳақидаги оятларнинг сиртқи маъносини олиб, Аллоҳ таолони У Зотга лойиқ бўлмаган жисм ва бошқа нарсалар билан сифатлаб, залолатга юз тутдилар. Ёки уларни ботил таъвил қилиб, йўлдан адашдилар.

Имом Фахриддин Розий бу ҳақда ўз тафсирида қуйидагиларни ёзади:

«Одамларнинг жумҳури наздида давом этиб келаётган қонун шулки, гўёки уларнинг мазҳабига тўғри келган ҳар бир оят муҳкамдир. Уларга хилоф бўлган ҳар бир оят муташобиҳдир. Аммо муҳаққиқ ва инсофли кишининг наздида оятлар уч қисмдан иборатдир:

  1. Зоҳири ақлий далиллар билан таъкидланган нарса ҳақиқий муҳкамдир.

Зоҳирини таъкидлаш имкони йўқлигига қатъий далиллар собит бўлган нарса ҳақида бу ерда Аллоҳнинг муродини билиб бўлмайди, деб ҳукм қилинади.

  1. Ушбу далилларнинг собит бўлишига ёки бўлмаслигига далолат қилмаган нарсалар ҳақида ҳукм чиқаришдан тўхташ керак бўлади. Ана ўша нарса муташобиҳдир. Яъни иши шубҳали бўлиб, икки тарафдан бирини аниқлаб бўлмайдиган ҳолда бўлади.

Мана шу тўғри йўлдир. Айни шундай фикрлаш ила мўътадил кўзқараш вужудга келади. Ана шунга аввал ўтган ва кейин келган мусулмон уламолар жумҳури рози бўлганлар».

 

МУТАШОБИҲ СИФАТЛАР БЎЙИЧА САЛАФ ВА ХАЛАФЛАРНИНГ ТУТГАН ЙЎЛЛАРИ

Салафлар – Исломнинг аввали, яъни биринчи асрларида ўтган саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар.

Халафлар – салафлардан кейин келган мусулмонлар авлоди.

Улардан ҳар бирининг муташобиҳ сифатлар ҳақида ўзларининг тутган йўллари бўлган. Келаси сатрларда ана шу йўлларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида танишиб чиқамиз.

 

МУТАШОБИҲ СИФАТЛАР ВА САЛАФЛАР

Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини мусулмонлар ичидан биринчилардан бўлиб ақоид илми уламолари чуқур ўрганганлар. Ақоид илми уламоларининг барчасининг – эскиларининг ҳам, янгиларининг ҳам, салафларининг ҳам, халафларининг ҳам бу изланишдан мақсадлари битта – Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаш бўлган.

Салафларнинг араб тилини билиш ва динйй эътиқод даражалари олиймақом бўлганини ҳамма жуда яхши билади. Бунинг устига, уларнинг вақтида турли ихтилофлар, фирқалар, фалсафалар бўлмаган, бўлса ҳам, кучсиз ва таъсирсиз бўлган. Шунинг учун улар бошқа илмлардаги каби, ақоид илмида ҳам турли уринишларга муҳтож бўлмаганлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ал-Фиқҳул-Акбар» номли китобларида қуйидагиларни айтадилар:

«У Зот Ўз махлуқотларидан ҳеч нарсага ўхшамайди. У Зотга Унинг махлуқотларидан ҳеч нарса ўхшамайди. У Зотнинг сифатларининг барчаси махлуқларнинг сифатининг хилофидир. У Зот бизнинг илмимизга ўхшамас илм билан билади. У Зот бизнинг қудратимизга ўхшамас кудрат ила қодир бўлади. У Зот бизнинг кўришимизга ўхшамас кўриш ила кўради. Аллоҳ таоло Қуръонда юз, қўл ва нафсни зикр қилган бўлса, улар У Зот учун кайфияти йўқ сифатлардир».

Имом Бухорийнинг шайхи Нуайм ибн Ҳаммод Хузоъий қуйидагиларни айтган:

«Ким Аллоҳни У Зотнинг махлуқотларига ўхшатса, батаҳқиқ, кофир бўлибди. Ким Аллоҳ Узини васф қилган нарсани инкор қилса, батаҳқиқ, кофир бўлибди. Аллоҳ ва У Зотнинг Расули У Зотни васф қилган нарсада ўхшатиш йўқ. Ким Аллоҳ таоло учун очиқ-ойдин оятлар ва саҳиҳ хабарларда келган нарсаларни Аллоҳнинг жалолига лойиқ равишда собит қилса ва Аллоҳдан нуқсонларни қайтарса, батаҳқиқ, ҳидоят йўлига юрибди».

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, бу маънода ҳам салаф, яъни ўтган мусулмон авлодлар ва уламоларнинг тутган йўллари бор нарсани ўзича қабул қилиш, бошқа нарса ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаслик бўлган. Бу масала «Аршга истиво» масаласи номи билан машҳурдир. Чунки бу ҳақдаги ояти карималарда «Алал-Арши истава» бирикмаси Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади. Агар матнни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Аллоҳ Аршга баробарлашди» деган маъно келиб чиқади. Ўтган авлодлар орасида бу маънони Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қиламиз, у ҳақда сўз очмаймиз, деб келишилган. Чунки у вақтда ҳамма яхши тушунчага эга бўлган, содда ҳаёт кечирган ва улар турли фитналарга дучор бўлмаганлар. Шу билан бирга, ушбу масалани кўтариб турадиган баъзи шахслар ҳам топилган. Лекин кўпчилик уларни «фитначи» деб номлаб, ўз фикрларини тарқатишларига йўл қўйишмаган. Шу билан мусулмонлар оммаси тинч-омон юрган.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ҳам худди шунга ўхшаш тасарруфлар содир бўлган. Биргина мисол келтирамиз.

Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Субайғ Ироқий мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида, Амр ибн Осс уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.

Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб: «Бу одам қани?» деди. «Юклар билан», деди у. «Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!» деди.

Уни олиб келди. Умар унга: «Нималар ҳақида сўрайсан?» деди. У айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб, одам юборди. Ўша билан унинг орқасини уриб, яра қилди. Кейин уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра уни қўйиб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у: «Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллохга қасамки, тузалдим», деди.

У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга «Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди. Бу ҳалиги одамга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга: «Унинг ҳоли яхши бўлди», деб ёзди. У ҳам ўз навбатида: «Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», деб ёзди».

Бу одам Бану тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринар эди. Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам, ҳаммаси тарқалиб кетадиган бўлди. Авваллари у ўз қавмида саййид, пешво эди. Ўшандан кейин ҳақир, хору зор бўлди.

Бу масалада имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг тутган мавқифлари ҳам ҳамманинг таҳсинига сазовор бўлган. Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан. Шунда имом Молик: «Истиво маълум. Унинг қандайлиги номаълум. Унга иймон келтириш вожиб. У ҳақда савол бериш бидъат. Сен бидъатчи экансан! Буни чиқаринглар менинг олдимдан!» деган эканлар.

Салафи солиҳларимиз шу йўл билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг поклиги, ўхшаши йўқлиги ва бошқа барча камолот сифатларига бўлган тўғри эътиқодни сақлаб турганлар.

 

МУТАШОБИҲ СИФАТЛАР ВА ХАЛАФЛАР

Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳудудлари кенгайиб, турли халқ, дин, фалсафа ва мафкурага эга одамлар ҳам Исломни қабул қилдилар ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошладилар. Табиийки, улар ўзларининг эски фикр ва тасаввурларидан бирданига ва бутунлай узилиб чиқа олмас эдилар. Шу билан бир вақтда, Ислом душманлари ҳам доимий равишда турли иғволар қилиб туришар эди. Улар мусулмонларнинг ақийдаларига футур етказиш мақсадида турли шубҳали масалаларни ғоят усталик ила ўртага ташлар эдилар. Ана шундай масалаларнинг энг катталаридан бири Аллоҳ таолонинг сифатларига оид оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини мисол қилиб, мусулмонлар ақийдасига зарар етказишга уриниш бўлди. Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки бошқа У пок Зотга нисбат берилган сифатларда кишиларни кўплаб залолатга кетказиш бошланди.

Анчагина тоифалар бу масалада куфрга кетдилар.

Энди салафи солиҳларнинг Имом Молик каби «Бу масалада савол бериш бидъатдир», деб фатво чиқаришлари билан иш битмайдиган ҳол юзага келди. Балки бунга ўхшаш масалаларда савол сўрамайдиган одамнинг ўзи қолмади.

Ана шундай нозик бир пайтда ақийданинг софлигини сақлаб қолиш борасида Абулҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий каби буюк алломалар беқиёс хизмат қилдилар. Бошқа нозик масалалар қатори, Аллоҳ таолонинг сифатларига оид масалада ҳам ҳал қилувчи ечим топдилар. Бузғунчилар «Аллоҳнинг Аршга истиво қилиши унга баробарлашишидир», деган бўлсалар, халаф – кейинги уламоларимиз «Йўқ, унда Аллоҳга нуқсон нисбати берилган бўлади, шунинг учун «истиво»ни Аллоҳ таолонинг бошқа баркамол сифатларига мос равишда тушунмоқ керак», дедилар. Шу тариқа «Истиво қувват ва султон ила эга бўлмоқдир» деган таъвил қилинди. Бунда ҳам худди салафи солиҳларга ўхшаб, Аллоҳ таолони турли нуқсонлардан поклаш қасд қилингандир.

Салаф уламоларимизнинг ҳам, халаф уламоларимизнинг ҳам мақсадлари бир бўлган. Фақат улар мақсадга етиш учун ўз замонларига ва шароитларига мос йўл тутишган, холос. Сиз билан бизлар ҳам бу масалада жуда эҳтиёт бўлиб, ихтилоф қилмай иш тутмоғимиз лозим.

Бу борада айниқса имом Абулҳасан Ашъарийнинг тутган йўлларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ зарур деб биламиз. У киши ўзларининг «Ал-Лумаъ» номли китобларида халаф уламоларининг йўлини тутган бўлсалар, сўнгги китоблари «Ал-Ибана»да эса салаф уламолари йўлини тутганлар. Баъзи уламоларнинг фикрига кўра Абулҳасан Ашъарий «Ал-Ибана»ни аввал, «Ал-Лумаъ»ни кейинроқ ёзганлар. Шунга биноан Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги масалада салаф уламолари йўлидан халаф уламолари йўлига ўтиш ҳалқаси бўлган, дейишимиз мумкин.

Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари – турлича тушуниш мумкин бўлган матнларни Аллоҳ таолонинг айблардан поклигини англатувчи бир хил тушунчадан бошқага буриб бўлмайдиган матнлар англатадиган маънога мослаб таъвил қилиш бўлган.

Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари мусулмонлар оммасини «мушаббиҳа», «муъаттила» ва «мужассима» деб аталган тоифаларнинг бузғунчи фикрларидан сақлаш учун шу йўлни тутишга мажбур бўлганлар.

«Мушаббиҳа»лар Аллоҳ таолонинг сифатларини махлуқотларнинг сифатларига ўхшатишни ўзларига эп кўрган нобакорлардир.

«Муъаттила»лар Аллоҳ таолонинг Ўзи ёки У Зотнинг Пайғамбари алайҳиссалом зикр қилган сифатларини инкор қилган нобакорлардир.

«Мужассима»лар Аллоҳ таолога жисм нисбатини берган нобакорлардир.

Аҳли сунна ва жамоанинг халаф уламолари оятда зикр қилинган «қўл»ни қувват ва карам деб таъвил қилганлар. «Кўз»ни иноят ва риоят деб таъвил қилганлар. Шунингдек, ҳадиси шарифда «Қалблар Роҳманнинг икки бармоғи орасидадир» деб келган «икки бармоқ»ни ирода ва қудрат деб таъвил қилганлар.

Бир ҳадисда «Албатта, Аллоҳ Одамни ўз суратида яратгандир», деб келган. Бунга сиртдан маъно берган кишилар Одам Аллоҳнинг суратида яратилган, деб тушунадилар. Аммо халаф уламолар буни «Аллоҳ Одамни ўзига хос суратда яратди» деган маънога мослаб таъвил қилганлар. Бундан эса Аллоҳ Одамни халқ қилган вақтда уни ўзига хос суратда яратган, у давр ўтиши билан ўзгариб қолмаган, деган маъно келиб чиқади.

Худди шу ҳадиснинг маъносини англатувчи бошқа бир ҳадисда келган «Албатта, Аллоҳ Одамни Роҳманнинг суратида яратгандир» деган маънони халаф уламолари «Роҳманнинг сифатида яратгандир» деб таъвил қилганлар. Араб тилида «сурат» сўзи «сифат» маъносини ҳам англатади. Шунда «Аллоҳ таоло Одамни яратганда, уни илм ва идрок каби Ўзида бор сифатлар билан қўшиб яратган» деган маъно келиб чиқади.

Шу ерда халаф уламолари Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида келган оят ва ҳадисларни таъвил қилишда ҳавойи нафсларига қараб эмас, араб тили қоидаларига ва энг муҳими, диний таълимотлар асосига қараб иш олиб борганликларини таъкидлашимиз лозим.

Яна бир бор таъкидлаймизки, салафнинг мазҳаби ўз вақтида тўғри ва афзал бўлган. Халафнинг мазҳабини шароит тақозоси мажбур қилган. Иккисининг мақсади ҳам Аллоҳ таолони айблардан ва Узига мос бўлмаган сифатлардан поклаш бўлган.

Халаф уламолари мазҳаби бўйича, Аллоҳ таолонинг Зотига боғлиқ матнларга – оят ва ҳадисларга назар солиш, уларни таъвил қилиш жоиздир. Таъвил қилганда уларнинг сиртига хилоф ўлароқ, Аллоҳнинг улуғлигига, тавҳидига ҳамда поклигига мувофиқ ва мақбул таъвил қилинади. Бунда луғат, арабларнинг услублари ишга солинади. Зотан, Қуръони Карим араб тилининг олий услубида нозил бўлгандир.

Таъвилчилар икки гуруҳга тақсимланади:

  1. Таъвил қиладилар, аммо мавҳум матндан мурод қилинган сифатни тайин қилмайдилар. Балки уни тайин қилишни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиладилар. Улар Аллоҳ таолога бизга маълум бўлган сифатлардан зиёда сифатларни собит қиладилар. Мазкур сифатлар «зиёда сифатлар» деб аталади. Ушбу қавл имом Абу Ҳанифа ва имом Абулҳасан Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳимога нисбат берилади.

Бу гуруҳдагилар таъвил қиладилар ва ўзларининг башарий тоқатлари етганича матндан кўзланган маънони ва сифатни тайин қилишга уринадилар. Ашъарийлардан бўлмиш Абулфатҳ Аҳмад ибн Бурҳон ва бошқалар таъвилни ихтиёр қилганлар. У киши шундай деган экан: «Икки гуруҳ ўртасида «Қуръонда маъноси билинмайдиган нарса бўлиши жоизми?» деган саволда хилоф келиб чиқди. Уларнинг (аксар салафларнинг) наздида жоиздир. Шунинг учун улар таъвилни ман қилганлар ва Аллоҳнинг Ўзи биладиган нарсага суянган ҳолда У Зотни бундай сифатларнинг зоҳирий маъноларидан пок деб эътиқод қилганлар. Бизнинг наздимизда эса жоиз бўлмайди, чунки илмда пешқадамлар буни биладилар».

Иккинчи гуруҳга мансуб уламоларнинг умумий қоидаларига биноан, ҳақиқатини олиш имконсиз бўлган ҳар бир лафзни тўғри келадиган энг яқин мажозга буриш вожибдир. Чунки лафзларни ҳайратга соладиган даражада ташлаб қўймасдан таъвил қилиш лозим. Агар лафз ёки матн фақат бир маънодан бошқа маънони кўтармайдиган бўлса, унга ўша маънони бериш вожибдир ва унга бошқа маъно берилмайди.

Халафларни таъвил қилишга ундаган нарса муташобиҳга ўзининг зоҳири – сиртқи маъносидан англанадиган маънонинг тескарисини юклаш вожиблигидир. Чунки Аллоҳ таолони мазкур зоҳирий маъно ва жисм ила сифатлаш мутлақо мумкин эмаслигига далиллар собит бўлган. Чунки усул қоидаларига биноан, ақл билан нақлнинг орасида тўқнашув бўлиши мумкин эмас. Тўқнашув лафзлар ҳамда мажоз ва ташбиҳни ишлатшпда бўлади. Илмни яхши эгаллаб, узоқ вақт иш кўрганлар, унинг масалаларига шўнғиганлар ақл ва нақлда келган нарсаларни муташобиҳни таъвил қилиш орқали бирлаштиришлари мумкин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ХУЛОСАЛАР

Top