www.muslimuz

www.muslimuz

 

НАМОЗ МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

Юқоридаги келтирилган ҳадиси шарифда Яҳё (алайҳиссалом) Бани Исроилга етказаётган беш нарсанинг иккинчиси намоздир. Худди шундай Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) келтирган дин – Ислом динининг иккинчи устуни ҳам намоздир.

Абдуллоҳ ибн Умар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) айтади: «Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ислом қуйидаги беш нарсага бино қилинган – Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари эканига чин қалбдан иқрор бўлишга, намозни адо этишга, закот беришга, рамазон рўзасини тутишга, қодир бўлган киши ҳаж қилмоғига”» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу машҳур ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, ҳар бир кишига энг биринчи лозим нарса тавҳид калимасини айтиш ва ундан кейин намозни адо этишдир. Бу олдинги барча пайғамбарлар келтирган динда ҳам худди шу тартибда бўлган. Бунга ҳадисдаги Яҳё (алайҳиссалом) даъвати ҳам далилдир. Демак, Аллоҳ таоло нозил қилган барча дин ва шариатнинг биринчи амри киши тавҳид калимасини тили билан айтиб, дили билан тасдиқ этиши, иккинчи ўринда буюрилган нарса эса намозни адо қилишидир. Намоз жисмоний ибодат бўлиб, у барча ибодатларнинг тожидир, у тилда айтиб, дилда тасдиқ этилган тавҳиднинг амалий тасдиғи, мусулмонликнинг зоҳирий кўринишидир.

Намозни адо этиш ҳар бир аҳли тавҳидга, эркагу аёл – барчасига бирдек қатъий фарз, яъни гарданидаги мўминлик бурчидир.

Намоз, унинг фарзлиги ва фазли ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифлар бисёрдир. Фуқаҳою доно зотларнинг намоз ҳақида девон-девон китоблари ҳисобсиздир. Бу бежиз эмас, албатта.

Чунки намоз диннинг асосий устунидир.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло бандаларига тавҳиддан кейин намоздан кўра Ўзига севикли бўлган нарсани фарз қилмади (яъни, Аллоҳ таолонинг бандаларига энг яхши кўрган фарзи биринчиси тавҳид бўлса, иккинчиси намоздир). Агар на­моздан кўра унга маҳбуброқ нарса бўлганда эди, малоикаларга уни буюрган бўларди, малоикалар эса ўшани адо этишарди. Малои­каларнинг руку қиладиган, фақат саждада турувчи, хушу ила қоим бўлиб турувчи ва доим қаъдада ўтирадиганлари бор”, дедилар.

Яъни, Аллоҳ таоло фаришталарининг унга ана шу ҳолатларда ибодат қилишларини яхши кўради, шунинг учун фаришталарнинг баъзилари доим саждада, баъзилари доим рукуда, бошқалари қиёмда, яна бирлари ўтирган ҳолатда ибодатда бўлишади.

Аллоҳ таоло башариятга ҳам турли хил малоикаларнинг ибодат усулларини ўзида мужассам қилган намозни фарз қилди, намоз билан унга бандалик қилишларини яхши кўрди. Намоз барчага бирдек фарз, магар мажнун, балоғатга етмаган болаларга фарз эмас. Жамиятда тутган ўрни нечоғли баланд бўлса-да, касби ҳарчанд оғир бўлса-да, бемор ёки олис юртларда мусофир бўлса-да, эрки ўзида бўлмаса-да (ҳуши бўлса бас), эркак-аёл – ҳаммага бирдек фарз, ҳар кун беш вақт ўқиш фарздир.

Мусулмонлик даъво қилган ҳар қандай киши учун намоз диний ва илоҳий мажбурият бўлиб, уни чиройли суратда, ўз вақтида адо этиши лозим. Акс ҳолда, оят ва ҳадислардаги ваъидларга мустаҳиқ бўлади. Қиёмат куни аҳволи жуда оғир бўлади, бу нарсадан оят ва ҳадисларда огоҳлантирилган, жумладан:

﴿۞فَخَلَفَ مِنۢ بَعۡدِهِمۡ خَلۡفٌ أَضَاعُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَٱتَّبَعُواْ ٱلشَّهَوَٰتِۖ فَسَوۡفَ يَلۡقَوۡنَ غَيًّا٥٩

«Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олди. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқур» (Марям, 59).

Ушбу ояти каримадан олдинги ояти карималарда улуғ набий ва расуллардан баъзиларининг зикри келади. Улар “Аллоҳ таолога муҳаббатли, ҳассос қалбли, Раббисига итоатли, ҳидоятга эришган ва илоҳий неъматларга сазовор бўлган олиймақом зотлар”, деб таърифланади. Ана шу таърифлардан сўнг Аллоҳ таоло биз келтирган мазкур ояти каримани баён қилади. Яъни, ана шундай садоқатли, тақволи, намоз ва закотларини вақтида адо этадиган зотлар ортидан, уларнинг ўринларига нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилди. Намозни зое қилиш, уни ўқимай, вақтига беэътибор бўлиш энг катта мусибат эканини ушбу ояти каримадан билиб олсак бўлади. Бенамоз одам ҳар қандай ёмонликдан, гуноҳдан тап тортмайдиган бўлиб қолади, шунинг учун мазкур нобакор ўринбосарлар намозни зое қилгани зикр этилгандан кейин шаҳватларига эргашганлари баён этилмоқда. Яъни, улар ҳавойи нафслари нимани истаса, шуни қиладиган бўлишади. Жумладан, ароқхўрлик, зинокорлик, айш-ишрат, ўйин-кулги каби шаҳватлар шулар жумласидандир. Энди улар намозни зое қилиб, нафсларига қул бўлиб юраверади. Оқибат эса улар учун жуда аянчли бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг жазосига гирифтор бўлади. Лекин барибир Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, уларга яна бир бор имкон бериб, тавба эшигини очади:

﴿إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يَدۡخُلُونَ ٱلۡجَنَّةَ وَلَا يُظۡلَمُونَ شَيۡ‍ٔٗا٦٠

«Магар ким тавба қилса ва имон келтириб солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирур ва (уларга) ҳеч зулм қилинмас» (Марям, 60).

Намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб, фақат яшаб юрганлардан ким тавба қилса, инсонга умр фақат яхши еб-ичиш учунгина берилмаганини тушуниб, гуноҳларидан афсус-надомат чекиб, тамомила тўғри йўлга қайтса, имон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка, оғир жазога учрамас, балки у жаннатга кирур. Имонида содиқлиги ва адо этган солиҳ-эзгу амаллари эвазига жаннатий бўлур. Ҳеч қандай зулм-азобга учрамас.

Ўзимиз барча намозларни адо этадиган бўлиб, тўғри йўлда юрганимиздан кейин дилбандларимиз, ўғил-қизларимизга, уларнинг одобига эътибор қаратишимиз лозим.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:“مُرُوا أَوْلَادَكُمْ بِالصَّلَاةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا وَهُمْ أَبْنَاءُ عَشْرٍ وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجِعِ

Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни етти ёшида намозга буюринг! Улар ўн ёшга етганида намоз ўқимаса, уринг ва ётар ўринларини ажратиб, алоҳида қилиб қўйинг”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам масъул. Уларни гўзал адаб-ахлоқли, диёнатли қилиб ўстириш биз ота-оналарга ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбар (алайҳиссалом) бизларни фарзандларимиз олдидаги бурчимиздан келиб чиқиб, уларга намоз таълимини беришга буюрдилар. “Фарзандларингиз етти ёшга етганда намоз ўқисин”, дедилар. Маълумки, фарзанд етти ёшида ҳали ҳам бола ҳисобланади. Кўп нарсага ақли етмайдиган, ўйин-кулгини яхши кўрадиган бўлиши табиий.

Шунинг учун уларга буюрсангиз-у, намоз ўқимаса (ҳадис маъносида тушунилганидек), бу ёшда уларни урманг, қўполлик қилманг, ҳатто сўкинманг ҳам, токи улар безиб қолмасин. Енгил-енгил огоҳлантиринг, ўз навбатида унинг ўқишига таълим-тарбиясига, шулар қатори, намоз адо этишига эътибор бериб боринг, аста-секин назоратни кучайтиринг. Ўн ёшга етганида эса, бир оз муомалани ўзгартиринг, яъни жиддийлаштиринг. Унинг лоқайдлигини айб деб билингда, “адаб таёғи”ни ишга солинг. Онда-сонда жазоланг, токи у бу ёшида ана шундай ишларининг айб-гуноҳ эканини ҳис қилсин. Айбига яраша жазо борлигини билсин. Майли, биздан қўрқиб, намоз ўқийдиган бўлсин, чунки бу бола улғайган сари Раббисидан қўрқиш ҳиссига айланади. Мана шу ҳолда улар аста балоғат ёшига етгунича намозни тўла адо этадиган бўлади. Фарзандларимиз намозхон бўлгани яхши. Чунки намозхондан ҳеч ёмонлик чиқмайди. Ҳатто мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам одоб-ахлоқи билан ўртоқларига намуна бўлади. Балоғат ёшига етишгач, энди уларга ҳам намоз қатъий фарз бўлади. Чунки улар ҳам фарз амаллар буюрилган ёшга етган ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга қилган амри фармонига дохил бўлишади. Яъни, бундан кейинги қилган гуноҳларидан масъул бўлишади.

Аллоҳ таоло барчага қуйидагича амр қилади:

﴿حَٰفِظُواْ عَلَى ٱلصَّلَوَٰتِ وَٱلصَّلَوٰةِ ٱلۡوُسۡطَىٰ وَقُومُواْ لِلَّهِ قَٰنِتِينَ٢٣٨

«(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан, ўрта намозни сақланг (ўз вақтида ўқинг) ва (намозда) Аллоҳга бўйсунган ҳолатда (камтарлик билан) туринг!» (Бақара, 238)

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кунда беш вақт намозни ўз вақтида, ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда адо этишга буюради. Хусусан, “ўрта намоз”га янада эътибор беришимизни таъкидлайди.

“Ўрта намоз” ҳақида муфассирлар ўз китобларида саҳобаи киромлардан ҳар хил ривоятлар келтирган.

Ибн Касир тафсирида ўрта намоз бу бомдод намози дейилган ривоятларни келтириб, Молик (розияллоҳу анҳу) “Муватто” китобида ҳазрат Али ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) гапларини далил қилишини айтади. Аммо Ибн Касир “Ўрта намоз бу аср намози” деган гапни устун деб унга кучли далилларни келтирган. Маҳмуд Алусий эса “Руҳул маоний” тафсирида “ўрта намоз бу пешин намози”, деган гап аниқроқ эканини таъкидлаб: “Аслида ўрта намозни Аллоҳ таоло беш вақт фарз намоз ичига яширган. Қай бири эканини тайин қилмаган, худди “Қадр” кечасини рамазон ойи кечаларига, Исми Аъзамини барча исмларининг ичига, дуо ижобат бўладиган соатни Жума куни соатларининг ичига яширганидек”, деган. Бу билан мўминлар ўрта намоз эътиборида беш вақт намознинг муҳофазасини қилишсин.

عن ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِىَّ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “أَىُّ الْأعَمَالِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ؟قَالَ: “الصَّلاَةُ لِوَقْتِهَاقُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟قَالَ: “بِرُّ الْوَالِدَيْنِقُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟قَالَ: “الْجِهَادُ فِى سَبِيلِ اللَّهِقَالَ: “وَحَدَّثَنِى بِهِنَّ وَلَوِ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِى

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом)дан “Энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен яна сўрадим: “Кейин қайси?” “Аллоҳ таоло йўлида қилинган жиҳод”, дедилар». Ибн Масъуд: “Агар мен яна сўраганимда ул зот менга зиёда қилардилар”, деди (Муттафақун алайҳ).

﴿ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا١٠٣

«Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо,103).

Бу беш вақт намозни ўз вақтида адо этиш фарз, вақтидан ўтказиб адо этиш гуноҳ бўлганидек, вақти кирмасдан олдин ўқиш ҳам гуноҳ (мусофир ҳам намоз вақтига риоя этиши керак). Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо): “Албатта, ҳар бир намознинг тайинли вақти бор, худди ҳаж ибодатининг маълум вақти бўлганидек”, деган.

﴿ٱتۡلُ مَآ أُوحِيَ إِلَيۡكَ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَۖ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ تَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۗ وَلَذِكۡرُ ٱللَّهِ أَكۡبَرُۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا تَصۡنَعُونَ٤٥

«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур» (Анкабут, 45).

Намоз энг улуғ ибодат бўлиб, у мўминнинг меърожидир.

Яъни, намоз Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърожга еттинчи осмондан ўтиб, ҳеч ким кўрмаган ва билмаган илоҳий олам – Сидратул мунтаҳога чиққанларида у зотга ва умматларига фарз қилинган ибодатдир.

Бу ибодатни адо этаётган киши меърожга чиққандек бўлади. Раббисига яқин туриб, у билан суҳбат қуради. Анас ибн Молик, Абу Заррдан (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) ривоят қилинган Меърож воқеаси ҳақида узун бир ҳадисни Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида келтирган. Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг бундай сўзлари бор: “Кейин мен яна юқорига кўтарилдим, қаламларнинг (ёзганда чиқадиган) овозини эшитиб турдим (яъни ўша жойда фаришталарнинг Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани унинг амрига биноан ёзишаётган пайтда чиқадиган овозни эшитдилар). Шу вақт Аллоҳ таоло менга ва умматимга бир кеча-кундузда эллик вақт намозни фарз қилди”. (Мусо (алайҳиссалом) маслаҳати билан Муҳаммад (алайҳиссалом) ўша жойга қайта-қайта қатнадилар.) Аллоҳ таоло эллик вақт намозни беш вақт намозга туширди ва айтди:

“У (намоз) беш вақт фарз бўлди, (аммо унинг савоби) эллик вақт намознинг савобига баробар, Менинг ҳузуримда сўздан қайтилмайди” (Яъни, Аллоҳ таоло кунига ўқилган беш вақт намозга эллик вақт намознинг, бир вақтга ўн вақт баробарида савоб беришга сўз берди. Ана шу сўзи ўзгармас). Бу биз ожиз мўминларга Аллоҳ таолонинг бениҳоя улуғ марҳаматидир.

Намозда турган киши Аллоҳ таолонинг ҳозир-нозирлигини, Аллоҳ таоло билан роз айтишаётганини ҳис қилиши керак, мана шундай ҳис билан ўқилган намоз фаҳш-мункар ишлардан эгасини қайтаради.

“Эҳсон нима?” деган саволга Пайғамбар (алайҳиссалом): “Эҳсон – Аллоҳ таолога Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, гарчи сен Аллоҳ таолони кўрмаётган бўлсанг-да, Аллоҳ сени кўриб туради”, деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Имон аломати бўлмиш намоз Аллоҳ таолонинг буйруғи – фарз бўлибгина қолмай, руҳий-маънавий очликка озуқа, дардга даво, жисмоний касалликка шифо, қалбга нурки, у нур юздан балқиб туради, хато-камчилик, айбу нуқсонларга эса каффорат, Аллоҳ таоло у билан хунук гуноҳларимизни кечириб юборгай! Даргоҳи илоҳийда даражамизни оширгай, чунки Ислом устуни бўлган бу намозда турли ибодатлар мажмуаси мужассам: Аллоҳ таолога итоаткорона қуллик қилиш, унга шукрона айтиш, дуою илтижо, дунё ва унинг ишларидан қибла томон юз буриш, ҳамда Пайғамбар (алайҳиссалом)га салавот-салом айтиш мавжуд ва фаришталар хулқини ҳам шу намоз ичида топгаймиз.

Пайғамбар (алайҳиссалом) кунлик беш вақт намоз хатоларга каффорат бўлишини бундай тушунтирдилар.

أرَأيْتُمْ لَوْ أنَّ نَهْرَاً بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ ، هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ؟ قالوا : لا يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ، قَالَ : فَذلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الخَطَايَا

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаи киромлардан: “Менга айтинглар-чи, бирингизнинг уйи олдидан анҳор оқиб ўтган бўлса ва ҳар куни шу анҳорда беш марта ювиниб турса, унинг баданида кир қолдирадими?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ, умуман кир қолдирмайди”, деб жавоб берди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мана шу (анҳорда беш бора чўмилиш) кунда беш вақт намознинг мисоли, Аллоҳ таоло улар сабаб хатоларни ўчиради”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бирга қиш яқинлашган кунларнинг бирида бир дарахт олдида турган эдим. Дарахт япроқларининг кўпи тўкилиб бўлган ва яна тўкилмоқда эди. Шунда ул зот марҳамат қилдилар: “Эй Абу Зарр!” Мен: “Лаббай, ё Расулуллоҳ?” дедим. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, бир мўмин Аллоҳ таолонинг розилиги учун намоз ўқиса, унинг гуноҳлари худди шу дарахт япроқларидек тўкилади”, дедилар».

Мулла Али Қорий: “Ушбу ҳадиси шарифдаги “важҳаллоҳ”дан мурод, Унинг розилиги учун, холис Аллоҳ таоло учун ўқиса, шул тариқаки, унда ҳеч қандай риё-сумъа бўлмаслиги ва улар билан бирор шахсий ва дунёвий манфаат қасд қилинмаслиги, балки улар билан фақат Аллоҳ таолонинг амрига итоатни қасд қилиши керак”, деб шарҳлаган.

Мана шу ҳолда адо этилган намоз ўз-ўзидан гуноҳларнинг тўкилиб кетишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди ва бир бегона аёлни ўпиб олганини баён қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга ҳеч нарса демадилар, Раббининг амрини кутдилар. Бир оздан сўнг аср намозини адо этдилар. Шу вақт Аллоҳ таоло: “Куннинг икки тарафида ва кечанинг маълум соатларида намозни адо этинг, албатта, (намозга ўхшаш) ҳасанотлар (кичик) гуноҳларга каффорат бўлади”, деб ваҳий қилди.

Ушбу ояти каримани эшитганлардан бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом)дан: “Ё Расулуллоҳ, бу ваъда фақат у учунми?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Йўқ, фақат унга эмас, балки барча умматим учундир”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: كنتُ عِندَ النبيِّ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وسَلَّم فجاءه رجلٌ فقال: “يا رسول الله، إني أصَبْتُ حَدّا فأقمه عليَّ ولم يسألْه قال: “وحَضَرَتِ الصلاةُ فصلَّى مع النبيِّ صلى الله عليه وسلم فلما قضى النبيُّ الصلاةَ قام إليه الرَّجُلُ فقال: “يا رسول الله، إني أصَبْتُ حَدّا فأقم فيَّ كتابَ اللهقال: “أليس قد صَلَّيتَ معنا؟قال: “نعمقال: “فإنَّ الله قد غَفَرَ لك ذَنْبَك أو حَدَّك”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида эканимда, бир киши ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Мен ҳад уриладиган гуноҳ қилиб қўйдим, бас, менга ҳад уринг, жазо беринг!” деди. Пайғамбар (алайҳиссалом) ундан ҳеч нарса сўрамадилар. Шунда намоз вақти бўлиб қолди. Ҳамма Пайғамбар (алайҳиссалом)га иқтидо қилган ҳолда намоз адо этди, намоз тугагач, мазкур киши яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб: “Ё Расулуллоҳ! Мен ҳад уриладиган гуноҳ қилиб қўйдим, бас, мени Қуръон ҳукмига кўра жазоланг!” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен биз билан бирга намоз ўқимадингми?” дедилар. У киши: “Ҳа, ўқидим”, деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “У ҳолда, бор кетавер! Аллоҳ гуноҳингни (ҳадингни) кечириб юборди”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Нававий айтади: “Катта гуноҳларга намоз каффорат эмас. Аҳли сунна вал жамоада гуноҳи кабиралар тавба қилиш билан ёки Аллоҳ таолонинг фазли билан кечирилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳузурида Пайғамбар (алайҳиссалом) шариатида эвазига улкан ажр-савоблар ваъда қилинган ибодат бўлмиш намозни тўла ва вақтида адо этувчилардан бўл. Зеро, Аллоҳ таоло огоҳлантирган:

﴿فَوَيۡلٞ لِّلۡمُصَلِّينَ٤ ٱلَّذِينَ هُمۡ عَن صَلَاتِهِمۡ سَاهُونَ٥

«Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини “унутиб” қўяди» (Моъун, 5). Ушбу оятда зикр қилинганлар қаторида бўлиб қолмаслик лозим. Улар намозларини ўз вақтидан ортга сурадиган кишилардир. Балки сен, эй биродарим, Аллоҳ таоло айтган:

﴿رِجَالٞ لَّا تُلۡهِيهِمۡ تِجَٰرَةٞ وَلَا بَيۡعٌ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِ وَإِقَامِ ٱلصَّلَوٰةِ وَإِيتَآءِ ٱلزَّكَوٰةِ يَخَافُونَ يَوۡمٗا تَتَقَلَّبُ فِيهِ ٱلۡقُلُوبُ وَٱلۡأَبۡصَٰرُ٣٧

«...кишилар бордир, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олар. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқур» (Нур, 37), деб таърифлаган комил мўминлардан бўлгин. Омин, ё Раббал оламин!

Намоз улуғ ибодат бўлгани учун уни адо этаётган чоғимизда фарз, вожиб, суннат амалларига, ҳатто, мустаҳабларига ҳам эътибор берайлик. Намоз одобларига риоя қилайлик. Ўзимизни илоҳий меърожга чиқишга тайёрлайлик. Аввало, чиройли таҳорат олиб, кейин қиблага юзланиб, ният қилайлик. Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва буюклигини ёдга олайлик.

Биринчи такбирни айтиб намозга киргандан кейин, намоз рукнлари: қиём, қироат, руку, сажда ва қаъдаларни тўлиқ бажариб, уларнинг орасини озгина тўхташ ва ҳаловат билан ажратайлик. Умуман, қулоқ қоқиб намозга киргач, то салом бергунча хушу – ботиний қўрқув – синиқлик билан, хузу – зоҳирий қўрқув, хокисор ҳолда бўлайлик. Чунки намозни бир жасадга қиёслаб кўрсак, унинг руҳи, жони – хушу, хузу бўлади. Жонсиз, руҳсиз жасад ҳеч кимга фойда бермаганидек, хушу, хузусиз ўқилган намоз ҳам фойдасиз бўлиши мумкин. Шунинг учун намознинг доим руҳи бўлсин. Ана шу ҳолда ўқиладиган намоздан бизни ҳеч нарса, ҳеч қандай машғулот тўса олмайди. Намозда турган пайтда у ён-бу ёнга юз буриб қарамаслик керак. Чунки Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мўмин намоз ўқиб турган ҳолида Аллоҳ таоло ҳам унга юзланиб турган бўлади. Агар юзини бурса, Аллоҳ таоло ҳам ундан юз буради, яъни рад этади”, деганлар.

Намозда илтифот – юз буриш ҳақида ҳанафий мазҳабимизда бундай дейилади: “Бўйинни буриб, ўнг ёки чапга қараш – макруҳ амал, кўз қорачиғининг ўзи билан қарашнинг эса зарари йўқ. Аммо гавда қисми билан қибладан бошқа томонга бурилиш намозни ботил қилади. Яна қиёмда турган ҳолингда ўнг ва чап оёғингга дам бериб, ўнгу сўлга мойил бўлиб турма. Чунки бу хузуга зиддир. Шунинг учун у макруҳ саналади, фақат хатмоналарда макруҳ эмас”.

“Сизлар намозда тек туринглар, яҳудийлардек дам у ёнга, дам бу ёнга мойил бўлмангиз!”

Адо этаётган намозни Аллоҳ таолонинг ҳузурига йўллаётгандек ўйлайлик, бунинг учун оламларнинг ягона Раббисига йўллаётган туҳфамиз бенуқсон, гўзал суратда бўлиши керак.

Қуйидаги ҳадиси шарифга эътибор бериб, унга амал қилайлик.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши масжидга кирди. Пайғамбар (алайҳиссалом) масжид (хонақоҳи)нинг четида ўтирган эдилар. Кирган киши намоз ўқиди. Кейин Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдиларига келиб, салом берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг саломига алик олиб: “Қайт, бориб намозингни бошқатдан ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг”, дедилар. У киши қайтиб бориб намоз ўқиди, сўнг келиб яна салом берди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ва алайкас салом, бор, қайта намоз ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг”, дедилар. Ҳалиги киши учинчи ёки тўртинчи мартасидан кейин: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга ўргатинг (намозни қандай ўқий)”, деди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Агар намоз ўқишга турсанг, мукаммал тарзда таҳорат қил, кейин қиблага юзлан, “Аллоҳу акбар”, дегин, кейин қодир бўлганингча Қуръони каримдан қироат қил, кейин рукуга бор, токи руку ҳолингда хотиржам тур, сўнг бошингни кўтар, токи тўғри текис бўл (яъни тик тур), шундан кейин саждага бор. Сажда қилган ҳолингда хотиржам тур, кейин саждадан қайтиб, хотиржам ҳолда бир оз ўтир, кейин яна саждага бор. Сажда қилган ҳолингда хотиржам тур (саждадан туришга шошилма)”, дедилар». Бошқа бир ривоятда бундай дейилган: “Кейин қиёмга тур, шундан сўнг ҳар бир намозингни мана шу ҳолда адо эт” (Муттафақун алайҳ).

Абу Масъуд Бадрий ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сажда ва рукусида орқасини (белини) тик қилмаган кишининг намози намоз эмас”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Юқоридаги ҳадиси шарифда намозни шошилмай адо этишга тарғиб, мукаммал намоз қандай бўлишини билдириш бор. Биринчи ҳадиси шарифда Пайғамбар (алайҳиссалом) хонақоҳда ўтирганларида бир киши келиб тез, енгил-елпи қилиб, икки ракат намоз (таҳийятул масжид) ўқиди. Пайғамбар (алайҳиссалом) уни кузатиб турдилар. Барча ишларда, айниқса, ибодатларда мукаммаллик, мусаффолик бўлишини хоҳлаган Сарвари коинот у киши ўқиган бу намозини ва шу кўринишда ўқишини истамадилар. У зот башариятнинг муаллими бўлганлари учун у кишига намознинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиб ўқиладиган намозни тушунтирдилар ва намозни доим шундай шошилмай ўқишга буюрдилар. (Иккинчи ҳадиси шарифда ҳам юқоридаги маъно янада ёрқинроқ ифодаланди. Намознинг барча ўринларида хотиржамлик, тўғрилик, унинг мукаммаллиги ва савоби кўп бўлишига сабаб бўлади.)

Қавма – рукудан қайтгач, саждага кетишдан олдин гавда ва белни тик қилиб, бир оз туришдир.

Жалса – икки сажда орасида гавда билан белни тик қилиб бир оз ўтиришдир.

Кўпчилик намозхонлар умуман эътибор қилмайдиган, руку ва сажда қилган ҳолатдаги хотиржамлик, қавма ва жалса Шо­фиъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳимаҳумаллоҳ) наздида фарз амал ҳи­собланади. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)да суннати муак­кададир. Баъзилар вожиб деган. Афсуски, кўпчилигимиз намоз­нинг суннатларига, тартиб ва қоидаларига риоя қилмай, номига, енгил намоз ўқишга одатланганмиз. Адо этаётган намозимиздан ҳаловат, завқ олиш йўқ, чунки намознинг ҳикматларидан беха­бармиз. Унинг вожибу суннатларига ўта бепарвомиз. Ҳатто намоз макруҳларинигина эмас, балки намозни бузувчи амалларни ҳам бил­маймиз.

عن أَبِي قَتَادَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “أَسْوَأُ النَّاسِ سَرِقَةً الَّذِي يَسْرِقُ صَلاتَهُقَالُوا: “يَا رَسُولَ اللَّهِ، كَيْفَ يَسْرِقُ صَلاتَهُ؟قَالَ: “لا يُتِمُّ رُكُوعَهَا وَلا سُجُودَهَا”.

Абу Қатода (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ўғрилар ичида энг ёмони намоз ўғрисидир”, дедилар. “Намоз ўғриси ҳам бўладими, намоздан қандай қилиб ўғирлайди, ё Расуллулоҳ?” деб сўрашди. “Руку ва саждасини тўлиқ қилмайди(ган киши намоз ўғрисидир)”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларидаги мунофиқлар мажбурликдан, зўр-базўр, бепарво ҳолда намоз ўқиган. Шунинг учун улар намоздаги ҳаловатни сезмаган. Биз мўминлар эса, барча арконлари, суннату мустаҳабларига эътибор бериб, унинг лаззатини топишимиз лозим. Чунки бу буюк ибодат банда билан Раббисини боғловчи энг мукаммал илоҳий риштадир. Уни боғламоқчи бўлган ҳар бир мўмин бунга ўта жиддийлик билан ёндашмоғи керак.

Пайғамбар (алайҳиссалом) ва саҳобалар ҳақиқий ором ҳамда ҳузур-ҳаловатни намоздан олганлар.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Менинг кўзим қувончи намоздир”, дер эдилар.

Тарихдан маълум, Пайғамбар (алайҳиссалом) мушриклар билан боғлиқ кўп кўнгилсиз воқеалардан сўнг намоз ўқиб, кўнгилларини кўтарардилар. Ушбу оятга амал қилардилар:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱسۡتَعِينُواْ بِٱلصَّبۡرِ وَٱلصَّلَوٰةِۚ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ١٥٣

«Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара, 153).

Қоронғи кунимизни ёритиш, ғам-ташвишни аритиш, сиқилган кўнглимиз очилиши учун хотиржам ҳолда намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан мадад сўрайлик. Айниқса, фарз намозларини вақтида ўқишга ҳаракат қилайлик. Дунё ишлари ва ҳар хил машғулотларни деб намозларни қазо қилмайлик. Борди-ю, ухлаб қолиб, эсимиздан чиқиб намоз вақтини ўтказиб юборсак, дарҳол қазосини адо этиб, истиғфор айтайлик. Фарзнинг қазосини ўқиш ҳам фарз.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلَّى الله عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “مَنْ نَسِىَ صَلاَةً أَوْ نَامَ عَنْهَا فَكَفَّارَتُهَا أَنْ يُصَلِّيَهَا إِذَا ذَكَرَهَاوفي رواية: “لَا كَفّارَةَ لَهَا إلَّا ذَلِك”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ким намозни унутса ёки ухлаб қолса, бас, унинг каффорати эсига тушгач (ёки уйғонгач), адо этишидир”, дедилар». Бошқа бир ривоятда: “Унинг каффорати шу (эсига тушгач адо этиши)дир”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

Намоз мўмин киши учун нақадар муҳим эканига қуйидаги ҳадис ёрқин далолат бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Қиёмат куни инсон энг биринчи намоздан сўралади. Умри мобайнида гарданига фарз бўлган барча намозни адо этган бўлса, у албатта, нажот топади. Борди-ю, намоздан қарздор бўлиб чиқса, зиёнга учрайди. Барча нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билса-да, малоикалардан сўрайди: “Қаранглар-чи, (бандамнинг номаи аъмолига) фарзга қўшимча ўқиган нафл намозлари борми?” Қаралади, агар унда нафл намози бўлса, Аллоҳ таоло: “Бандамнинг қазо намози ўрнини нафллари билан тўлдиринг”, деб марҳамат қилади. Ундан кейин бошқа амаллари шунга қараб ҳисоб-китоб қилинади”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

عن أبي أُمامَةَ قَالَ: سَمِعتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَخطُبُ في حجَّةِ الوداع يقول: “أيُّها النَّاس، اتَّقوا الله وصلُّوا خمسَكم وصُوموا شَهرَكم وأدُّوا زكاةَ أموالِكُم وأَطيعوا ذا أمركم تدخلوا جنَّة ربكم”.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (алайҳиссалом) видолашув ҳажида хутба қилиб бундай деганларини эшитдим: “Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинг! (Беш вақт) намозингизни адо этинг, (Рамазон) ойида рўза тутинг, молу мулкингиз закотини (камбағал, мискинларга) беринг ва ишингизга бош бўлиб турганга итоат қилинг! (Шуларга амал қилганингиздан сўнг) Раббингизнинг жаннатига киринг!”» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Чиройли суратда адо этган намозларимиз, Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, чин дилдан, Аллоҳ учун берган закотларимиз, ҳамда раҳбарларга бўлган итоатимиз сабаб Аллоҳнинг жаннатига киришимиз мумкин экан. Аслида, банданинг қилган ҳар қандай амали, гарчи у солиҳ амал бўлса-да, уни жаннатга олиб кира олмайди. Илло, Аллоҳ фазлига олсагина, у жаннатга кира олади. Аллоҳ фазлини амаллари гўзал бўлган, ибодатли кишилар умид қилса бўлади.

Чунки Қуръони каримда: «Бас, (шу дунёда солиҳ) амал қилувчиларнинг (жаннатдаги) мукофоти нақадар яхшидир!» (Зумар, 74) дейилган.

Эй ҳар бир ишга қодир Аллоҳ! Бизларни беш вақт намозни тўла адо этадиган, доим зикрингни қиладиган қалби салим, фазлу карамингга эришадиган бандаларингдан қилгин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Рўза – бадан закоти;

ОДОБ – БОЛАНИНГ КЎРКИ

Болалик чоғимизда катталар сўзлаб берган эртакларнинг қаҳрамонлари дев, ялмоғиз ёки алвасти каби қўрқинчли махлуқлар олдига кирганда салом беришар, бунга ўша махлуқлар: «Агар саломинг бўлмаганида, икки ямлаб, бир ютар эдим», деб жавоб қайтаришарди. Ўша эртакларда бир жойга албатта салом билан кириш зарурлигига нега бунчалик урғу берилганининг сабабларини улғайгачгина тушундик. Шунинг учун бола эсини таниши билан учраган таниш-нотанишга салом беришини талаб қилинг. Чунки саломлашиш инсонлар одобининг боши, танишув муқаддимаси, мусулмон киши ахлоқининг асосий шартларидан биридир.

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатсин. Чунки салом бериш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидандир, унга алик олиш эса вожибдир. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Доно халқимиз бежиз: «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган. Чунки бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингиз ҳузурига «Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, унинг жаҳли тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасидан ҳам юксак.

Ота-боболаримиз азалдан ўғил-қизларнинг чиройли хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият беришган. Чунки Ислом дини ахлоқни имон қаторида қўяди. Ҳамма замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олижаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган.

Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматни ҳусни хулқ, одобли бўлишга тинмай чақирганлар. Бу мавзуда жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаган биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар».

«Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар».

«Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойимликни яхши кўради».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир».

«Одамлар билан хуш муомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар».

«Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиганлар инсонларнинг энг яхшиларидир».

Ҳар бир ота-она ана шу кўрсатмаларга биноан боласини чиройли хулқ эгаси қилиб тарбияласин, унга одоб ўргатсин. Чунки яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди».

Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар.

Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар.

Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».

Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга ҳам раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Ёшлар тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари керак («Иҳё...» китоби, 3-жуз, 70-бет).

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, ўзгалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозели бўлиш».

Подшоҳ Анушервон доно вазири Бузургмеҳрдан: «Мулойим кишининг белгилари қайсилар?» деб сўраганида, вазири: «Мулойим кишида учта нишона бўлади: биринчиси – юзсиз, бадфеъл кишилар қўпол сўзласа ҳам, у яхшилик қилаверади; иккинчиси – қаҳр-ғазаби алангаланганида ҳам, тишини тишига босади; учинчиси – бир кишидан зиён етса-ю, жазо беришга қодир бўлса ҳам, аччиғини ютади», деб жавоб қилди.

Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» деб сўрашибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан.

Суқрот ҳакимнинг бундай сўзлари бор: «Ҳалол меҳнат, муҳтожларга ёрдам, ғазаб вақтида ёмон сўзлардан тилни ва бировга озор беришдан қўлни тийиш, камчиликни битириб ҳамда ёмон хулқ-атворни тузатиб, гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш энг яхши фазилатлардир».

«Тўғри йўлдан оғишмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафс орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳбат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қилиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъданидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино.

Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат зийнати билан безаган эди. Бир куни у ўғлининг ғоятда қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрди. Уни олдига чақириб: «Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», деди. Ўғли ундан: «Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?» деб сўради. Отаси унга: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берди.

Фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб борсинлар:

Фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қилишига эътибор қаратинг. Болангизни кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилишга ўргатинг.

У одамлар билан яхши муносабат ўрнатсин, қўпол ва беҳаёларча сўзлаб, дилларни оғритмасин. Чунки инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.

 Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга болаликдан ана шу хислатларни сингдириш пайида бўлинг.

Фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, ўзгаларни менсимай паст назар билан қараш, обрўйи, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш ҳам одобсизлик эканини яхшилаб тушунтиринг.

Шунингдек, ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ёшларга ярашиқли одобдандир. Шу боис уларни болаликданоқ ана шу одобларга ўргатиб боринг.

 

ПОКЛИК ИМОНДАНДИР

Ислом дини поклик, тозалик динидир, поклик имондандир, деб таълим беради. Шунинг учун фарзандларимизни болаликдан покликка, озодаликка ўргатишимиз керак бўлади.  Аллоҳ таоло пок бандаларини яхши кўришини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан:

فِيهِ رِجَالٞ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْۚ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُطَّهِّرِينَ١٠٨

Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар... (Тавба, 108).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар:

تَنَظَّفُوا فَإِنَّ الْاِسْلاَمَ نَظِيفٌ

«Пок бўлинглар, зеро, Ислом покликдир» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса:

اَلنَّظَافَةُ تَدْعُو إِلىَ الْاِيمَانِ وَالْاِيمَانُ مَعَ صَاحِبِهِ فىِ الْجَنَّةِ

«Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир», дейилган (Имом Табароний ривояти).

Имом Ғаззолий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга, ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига олиб боради. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!»

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

وَثِيَابَكَ فَطَهِّرۡ٤

«Либосларингизни покланг» (Муддассир, 4).

Болаларимизга кичиклигиданоқ кийимларини пок, тоза тутишни ўргатайлик. Чунки либос инсон зийнати ҳисобланади.

 Боланинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламини поклашига бевосита боғлиқдир. Демак, ота-она унинг халқумидан ўтаётган ҳар бир нарсага жиддий аҳамият бериши лозим.

Болаларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишлари ҳам кўп жиҳатдан уларнинг ҳамиша тоза, пок юришларига, бу борадаги исломий талабларни яхши билиб олишларига асосланади. Одобимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхши инсонликнинг кўзгусидир. Агар инсон кир-чиркинликлардан тозаланиб юрса, бу борадаги одобларимизга риоя қилса, гўзаллик ва саломатликнинг энг олий даражасига эришади. Кир-чир, исқирт ҳолда юрувчи, тозаликка эътибор бермайдиган боладан ҳамма ўзини олиб қочиши турган гап. Шу боис фарзандларимизни тоза, пок юришга, эрталаб уйқудан турганда ва ётаётганда юз-қўлларини ювишга, таҳорат ва ғусл олишга, бадани ва тана аъзоларини ҳамиша пок, кийимларини, ўрин-жойларини тоза тутишга гўдакликданоқ одатлантириб бориш зарур.

Шарқона одоб талабларига кўра, комил инсонлар ҳаётда ҳамиша ювинган (таҳорат олган), тоза кийимлар кийган ҳолда, тирноқ, соч-мўйлабларини ўстириб юбормай, уятли жойларини яшириб юришлари лозим. Ҳар куни камида икки марта – эрталаб ва кечқурун тишларни мисвок (махсус тозалаш воситаси) ёки тиш чўткаси ёрдамида тозалаш ҳам одобнинг асосий шартларидандир.

Болаларнинг ҳар ҳафтада камида бир марта, асосан жума кунлари, байрамларда, ўсмирлик пайтида уйқусида булғаниб қолганида баданларининг ҳамма ерига сув етказиб чўмилишлари (ғусл қилишлари) талаб этилади. Амалий ва тиббий тажрибалардан маълум бўлишича, бундай ювиниш одамни турли ифлосликлардан тозалабгина қолмай, куч-қувватни тиклаш ва тетиклаштиришга ҳам хизмат қилади.

Болаларимизга ҳожатхонага кириб-чиқиш тартиб-қоидаларини ҳам ўргатиб қўяйлик. У жойга кираётганда шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки орқа ўгириб ўтирилмайди, бошяланг,  ялангоёқ кирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жониворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи борича, чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса, сийдик қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак. Турли битикли қоғозларни, яроқли мато, тоза пахта, тезак, суяк кабиларни тозаланиш мақсадида ишлатиб бўлмайди.

Фарзандимиз балоғатга ета борар экан, унинг мўйлов ва соқоллари ўса бошлайди. Мўйлабнинг лаб четида ўсиб кетиши ғайридинлар одати бўлгани учун уни узайтириб юбормай, қисқартириб туришни тайинланг. Киндикости туклари деганда жинсий аъзо ва орқа йўл атрофидаги туклар назарда тутилади ва улар кетказиб (қириб ёки юлиб) тозаланади. Қўлтиқ ости тукларини ҳам ўсиши билан юлиб, бунга чидамаганлар эса қириб тозалашади.

Тирноқни ўстириб юриш одобимизга хилоф бўлгани учун, уни ўсган заҳоти олиб турган маъқул. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш айрим қизлар ўйлаганидай, мутлақо зийнат саналмайди.

Фарзандингизнинг қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришига эътибор қаратинг. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш лозим.

Одобимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги замонавий тиш тозалаш чўткалари 1806 йилдан бошлаб урфга кирган бўлса, аждодларимиз минг йиллардан буён арок деган дарахтнинг шохларидан махсус ясалган восита (мисвок) ёрдамида оғиз-тишларини тозалаб юришган. Мисвок оғиз-тишни тозалабгина қолмай, уни хушбўй қилади, кайфиятни яхшилайди, милк ва тиш касалликлари олдини олади, кўзни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради. Фарзандингизга мисвок ёки тиш тозалаш чўткасидан фойдаланишни ўргатинг, эрталаб ва кечқурунлари бу ишини назорат қилиб боринг.

Киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим.

Болаларингизга тозалик ва поклликка доир ушбу қоидаларни сингдирсангиз, фойдадан холи бўлмайди: уйқудан турган бола уч марта ювмагунича ҳеч нарсага қўлини урмасин. Ичимлик ичаётганида идиш ичига нафасни туширмаслик, синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда емаслик ва ичмаслик лозим, чунки бунда унинг ичига микроблар тушиши ва касаллик қўзғаши мумкин.

Шунингдек, уй, ҳовли ва ишхоналарни ҳамда уларнинг атрофини тоза тутиш, ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман, ахлатни тўпламаслик ҳам одобга киради.

Уй ичини, идиш-товоқларни, жиҳозларни тоза сақлаш ҳақида фарзандларингизга тушунча беринг. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар орасида озода-тартибли юриш талаб этилади.

 

ХАТОЛАРНИНГ АЧЧИҚ МЕВАСИ

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатлари аҳолиси оила инқирозга учрагани, фарзандлар тарбияси батамом издан чиққани, катталар ва болалар ўртасидаги муносабатлар аслий ўзанидан четга чиқиб кетгани азобини чекяпти. «Оталар ва болалар ихтилофи» деган сохта муаммолар ўйлаб топилиб, тарбия соҳасидаги хатоларни хаспўшлашга ҳаракат қилиняпти. Бу аҳволни тузатиш борасида қанчалаб тадқиқотчилар, олимлар ва сиёсатчиларнинг бошлари қотган.

Шарқ оилаларида эса бу муаммонинг бўлиши мумкин эмас. Чунки бизда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг айтганига қулоқ солиш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф» тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик талаб этилади.

Ислом ахлоқида «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулкдан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, деганидир. Айни пайтда бу, ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлгани ҳолда, мазкур қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас.

Исломий оилаларда улғайган фарзандлар қариб-қартайиб, моддий ва маънавий ёрдамга мухтож бўлиб қолганларида, иншааллоҳ, тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.

Яхши, одобли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё этишади, иззат-икром қилиб, дуоларини олишади. Чунки бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади – ота-онага қилган яхшиликлари эртага ўн чандон бўлиб фарзандларидан ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.

Фарзандига болалигидан яхши тарбия беролмаган, бу муҳим ишга бефарқ қараган оилаларда эса ҳамиша бир муаммо: фарзанд ота-онага умуман буйсун­май қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айтганига кир­майди. Айрим фар­зандлар эса ота-онани сўкиш у ёқда турсин, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири ота-онасининг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган...

Хўш, ўзимизга бир савол берайлик: «Бу аянчли воқеаларда ким айбдор?» Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки кўча муҳитига тўнкаб қўя қолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги надомат-тасалли билан овунса ҳам бўлади.

Аммо шуни очиқ тан олиш керак, бола билан ота-онанинг муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган. Нима сўраса, айтгани дарров муҳайё, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай, бажо қилишган. Гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Лекин ота-она қўл қисқалигиданми ёки бошқа сабабдан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолса, улар ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.

Баъзан йиғин ва давраларда суҳбатдошларнинг бола тарбиясига оид баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбияси яхши бўлишининг омилларини ҳар ким ўзича шарҳлайди. Кимдир улуғ муаллимлар тажрибасига кўра тарбия беришни тавсия этади. Бошқаси ота-она аввало ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди. Биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали санаса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни асосий масала, деб билади. Лекин кўпчилик боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Айтилган бу омиллар ҳам керак, лекин аввал таъкидлаганимиздек, болангизга ҳали туғилмасидан олдин ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амри­маҳол! Аксинча, ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.

Ўспиринлик инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу пайтда болаларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларнинг солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: «Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам, унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да, тутуни димоғингни ачитади», деганлар.

Халқимизда: «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар», деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَكُونُواْ مَعَ ٱلصَّٰدِقِينَ١١٩

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба, 119)

Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий (раҳимаҳумаллоҳ) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. “Ҳосил йиғиб олинади” дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): “Эй йигитлар! Шуни билинглар, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишувида муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада фарзандларимизни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир”, деганлар.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғларида берилган”, деган.

Ҳаётда катталар ва болалар ўртасида маълум келишмовчиликлар, бир-бирини тушунмаслик, бир-бирига “ғайирлик” каби ҳолатларнинг бўлиши табиий. Чунки кўп ҳолларда уларнинг ёши ва тажрибаси борасидаги кескин фарқ “ўз ҳукмини ўтказиб” туради. Ота ҳаётда эришган тажрибаси, мавқеи, билими доирасида фикр юритиб, боласидан ҳам шунаг муносиб бўлишни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз бўлганидан отанинг насиҳатини ўз эркига тажовуз сифатида қабул қилади. Ота ўргатганларининг аксини бажаргиси келади. Фитратидан келиб чиқиб, отанинг хатосини у ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган тарзда такрорлашга мажбур бўлади. Отанинг ўз фарзанди “бу хатоларни такрорламаслиги учун” жон куйдириши самарасиз кетади. Бунда унинг жиғибийрон бўлгани ҳам, бошини чангаллагани, юрагини сийпагани ҳам иш бермайди.

Ёш ва замон орасидаги фарқ боис катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари, турмушга муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто кийиниш, муомала, овқатланиш каби оддий ҳолатларда ҳам икки томон кескин фарқланиши мумкин. Бир қарашда арзимас кўринган бу ҳолатлар ҳам баъзан тўқнашувлар омилига айланиб кетади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, фарзандингиз сиз истагандай кийинмаслиги, сиз ёқтирган овқатни емаслиги, сиз берилиб эшитиб турган мусиқани хоҳламай, «бошқа шўхроғига олайлик», деб илтимос қилиши мумкин. Бу боланинг инжиқлиги ёки «бузилиб кетаётгани», ёхуд қайсарлиги ва итоатсизлиги белгиси эмас, балки унинг ёши ва у яшаётган давр билан боғлиқ ўзига хос эҳтиёжидир.

Кўпни кўрган қариялар, тажрибали кишилар билан суҳбатлашсангиз, бир нарсани такрор-такрор эслатишади: ҳамма даврда ҳам катталар ёшларнинг «бузилиб кетаётганидан, ҳаётни тушунмаслигидан, ёши улуғлар билан муносабатларда бетгачопарлик, қайсарлик қилишидан» нолиб ўтишади. Гап, албатта, «ҳа, бизнинг давримиз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди, катталардан ҳайиқиб турар эди» деган надомат тўла оҳангларда якунланади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам, ўз навбатида, катталарни қолоқликда, даврни ва ёшларни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга уринишда айблашади. Улар ҳам гапни «ҳозирги ёшларга қийин бўлаётгани» ҳақидаги таассуфлар билан якунлашади.

Тажрибалардан маълумки, фарзанд учун ота-онадан садоқатлироқ, улардан фидойироқ, меҳрибонроқ дўст ёки улфат топиш қийин. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат ёки бало келганида ҳамма ундан воз кечиб ёки ташлаб кетиши мумкин. Фақат ота-она бундай қилолмайди: фарзанди билан баб-баравар қайғуради, фиғон чекади, ярасига малҳам қўяди. Аммо бу садоқат ва фидокорлик ҳам айрим фарзандларга кўп ҳолларда ёқмайди, уларнинг ортиқча меҳрибончилигидан жаҳли чиқади. Гўё уни ёш бола санаб, ортиқча илтифот кўрсатишаётгандек туюлади. Бошидан мусибати ариши биланоқ яна эски «дўст»ларини излашга тушади. Ота-она эса фарзандининг бу қилиғидан заррача хафа бўлмай, илгаригидан ҳам зўрроқ садоқат ва илтифот кўрсатаверади.

Ота-оналар ўз фарзандлари билан муроса қилиш, уларнинг «кўнглини топиш»да яна бир жиҳатга аҳамият беришлари керак бўлади. Яратган ҳар бир бандасини маълум ёш орасида синов-имтиҳонга солиши бор. Масалан, йигирма ёшгача камбағаллик, ўттиз ёшгача фарзанддан қисиш, қирққача ҳаётда ўрнини тополмаслик, элликда бирор касаллик ёки бирор ахлоқсизлик билан имтиҳон қилиши мумкин. Ёхуд энг суюмли фарзандингиз сизнинг бутун қилган яхшиликларингизга жавобан бирор «исён» ёхуд дилхиралик билан жавоб қайтариши эҳтимол. Чунки у ҳамма нарсага ўз ақли, дунёқараши, феъл-атворидан келиб чиқиб муносабатда бўлади, фикр юритади.

Бундай нозик пайтларда бўлиб ўтаётган ишлардан ё бошга тушган мусибатлардан дарров фожиа ясамай, сабр қилишни ўрганинг. Болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини шов-шув қилмай, ундан душман ясамай, ётиғи билан таҳлил этинг. Фиғонингиз фалакка ўрламасин, ҳасратингиз дунёга сиғмай қолмасин. У билан «дўппини олиб қўйиб» дилдан, самимий «гаплашиб олиш»га урининг. Унинг қалбидаги ҳис-туйғулар, ёшлик пўртаналари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганчалик, ноўрин гумон қилаётганингиздай ваҳимали эмасдир?

Бир журналда тадқиқотчиларнинг ярим ҳазил, ярим чин тарзидаги кузатувларига кўзим тушган эди. Фарзанднинг отаси ҳақидаги фикрлари турли ёшда ҳар хил бўларкан: беш ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Ўн ёшда: «Отам кўп нарсани биладилар». Ўн беш ёшда: «Мен ҳам отамчалик биламан». Йигирма ёшда: «Тўғрисини айтсам, отам ҳеч нарсани билмайдилар». Ўттиз ёшда: «Ҳар ҳолда отам унча-мунча нарсани биладилар». Қирқ ёшда: «Отамнинг фикрини ҳам билсам, ёмон бўлмасди». Эллик ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Олтмиш ёшда: «Қанийди, отам тирик бўлганларида, улар билан маслаҳатлашган бўлар эдим». Болалар билан муроса ва муносабатларда уларнинг бу кайфиятини ҳам инобатга олиш керак бўлади.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш, шу жумладан, гиёҳвандлик офатидан асраш ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда иш раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихи, Ватанига, она тилига, ўз миллатини улуғлаган сиймоларга, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.

Фарзандлари улғайган сари ота болаларига ва улар тақдирига янада ҳушёрроқ қараши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганида, китобимизнинг олдинги бобларида айтиб ўтганимиздек, фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва болаларимизнинг илм олишлари ва касб-ҳунар эгаллашларига маслаҳатчи ва ҳамфикр бўлишимиз даркорлигини унутмаслигимиз керак. Уларни теварак-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқлик эмас, балки дахлдорлик руҳида тарбиялашимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Одоб ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Бугунги техника асрида бизнинг фарзандларимиз ҳар томонлама етук, соғлом, ақл-фаросатли ва бахтли бўлишлари керак. Дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни ҳам пухта эгаллашлари керак. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарига фахр, кўз қувончи бўлишларини насиб айласин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ҳақларга риоя қилиш;

Ота-она ҳаққи;

Ота-онага яхшилик қилиш одоби;

 

*** ҲАЙЗ, НИФОС ВА ИСТИҲОЗА ***

Аёллардан уч хил қон келади:

Ҳайз. Балоғатга етган ва иёс (ҳайздан қолиш) ёшига тўлмаган аёлнинг бачадонидан ҳеч қандай касаллик ёки ҳомиладорликсиз ҳар ойнинг маълум кунларида келадиган қондир. Аёл эллик беш ёшида иёс ёшига етган ҳисобланади. Ҳайз муддатининг ками уч, кўпи ўн кундир.

Нифос. Аёллардан туғишдан сўнг келадиган қондир. Муддатининг кўпи қирқ кундир, ками учун маълум чегара белгиланмаган.

Истиҳоза. Аёллардан ҳайз пайтида уч кундан оз ва ўн кундан кўп муддатда, нифосда эса кирқ кундан сўнг ҳам (томир ёрилиши туфайли) келадиган қондир.

 

*** Туҳр (ҳайздан покланиш) муддати ***

Икки ҳайз орасидаги покланиш муддати камида ўн беш кундир. Энг кўп муддати белгаланмаган. Фақат истиҳоза қони келаётганида балоғатга етган аёлнинг ҳайз муддати ўн кун, покланиш ҳолати ўн беш кун, нифос муддати эса кирқ кун қилиб белгиланади.

 

*** Ҳайз ва нифос пайтида қилиш ҳаром бўлган амаллар ***

Ҳайз ва нифос пайтида ушбу саккиз амални қилиш ҳаром:

  1. Намоз ўқиш.
  2. Рўза тутиш.
  3. Қуръони каримдан бир оят миқдорича ўқиш (зикр, сано ва дуо мақсадида дуо оятларини ўқиш жоиз).
  4. Қуръони каримни ё бирор оятни ғилофсиз ушлаш (оят қоғоз ёки матога ёзилган бўлса ҳам).
  5. Масжидга кириш.
  6. Каъбани тавоф қилиш.
  7. Жинсий алоқа қилиш.
  8. Эркакнинг аёл киндиги билан тиззаси орасидаги аъзоларидан фойдаланиши.

 

*** Покланиш нима билан тамомланади? ***

Ҳайзнинг (ўн кун), нифоснинг (қирқ кун) муддати ўтгач, ғусл қилмасдан жинсий алоқа килиш жоиздир.

Ҳайз ва нифоснинг энг кўп муддати ўтмай туриб, аёлнинг доимий одати билан қон тўхтаса, ғусл ё таяммум қилиб, намоз ўқимагунча ёки намоз унинг зиммасида қарз бўлмагунича, жинсий алоқа қилиши мумкин эмас. Буни шундай тушуниш керак: аёл ҳайзи тўхтагач,  ғусл қилиб намоз ўқиши учун етарли ё ошиқча вақт кечса ҳам ғусл ёки таяммум қилмай шунча вақт ўгказганидан сўнг эри билан жимо қилиши мумкин.

 

*** Фарзларнинг қазоси ***

Ҳайз ёки нифос қони тўхтагач, аёл (Рамазонда бўлса) рўзасининг қазосини тутиб беради. Қазо бўлган намозларини ўқимайди.

 

*** Жунуб кишига ҳаром бўлган амаллар ***

Ғусл қилгунча бешта нарса ҳаром бўлади:

  1. Намоз ўқиш.
  2. Қуръони каримдан бир оят (бўлса ҳам) ўқиш.
  3. Қуръонни ё бирор ояти каримани ғилофсиз ушлаш.

Изоҳ: Ғилоф Қуръони каримга ёпишган бўлмай, фақат уни муҳофаза қилиш учун қўлланадиган сумка, мато, халтачага ўхшаш нарсалардир. Булар Қуръони каримга ёпиишмагани учун, улар орқали Қуръони каримни ушлаш жоиз. Аммо Қуръоннинг жилди Қуръони каримдан бўлгани учун, уни ғилофсиз ушлаш жоиз эмас.

  1. Масжидга кириш.
  2. Каъбани тавоф қилиш.

 

*** Таҳоратсиз киши учун ҳаром бўлган амаллар ***

Таҳоратсиз кишига қуйидаги уч амални қилиш ҳаромдир:

  1. Намоз ўқиш.
  2. Қуръонни ёки бир ояти каримани ғилофсиз ушлаш.
  3. Каъбани тавоф қилиш.

 

*** Истиҳоза ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳукмлари ***

Истиҳоза бурундан тўхтовсиз қон оқиши каби ҳолат бўлиб, намоз ўқиш, рўза тутиш ва жинсий алоқа қилишга монеълик қилмайди. Истиҳозали аёл ҳудди сийдигини тута олмаган ёки давомли ичи кетаётган кишидек узрли ҳисоб ланиб, ҳар бир намоз вақти киргач, таҳорат қилади ва хоҳлаганича фарз ёки нафл намоз ўқиши мумкин. Узрли кишиларнинг таҳорати намоз вақти чиқиши билан бузилади.

Изоҳ: Бу ҳукм Имоми Аъзам, розийаллоҳу анҳу, ва Имом Муҳаммадга кўрадир. Яъни узрли киши бомдод намози учун қилган таҳорати билан фақат бомдод намозини ўқийди. Таҳоратни бузувчи бошқа сабаб бўлмаса ҳам, қуёш чиқиши билан унинг таҳорати бузилади. Имом Абу Юсуфга кўра, узрли кишининг таҳорати намоз вақти кириши билан ҳам, чиқи­ши билан ҳам бузилади. Бунга кўра, узрли кишининг қуёш чиққанидан сўнг қилган таҳорати пешин вақти кириши би­лан бузилади.

Имоми Аъзам ва Имом Муҳаммадга кўра эса, узрлининг таҳорати намоз вақти кириши билан бузилмайди. Имом Зуфарга кўра, узрлининг таҳорати фақат намоз вақти кириши билан, яъни бамдод намози учун қилган таҳорати, қуёш чиқи­ши билан эмас, балки пешин намози вақти кириши билан бу­зилади.

 

*** Одам қачон узрли ҳисобланади? ***

Узрга сабаб бўлган ҳолат бошланганидан сўнг тўла бир намоз вақти ўтгунича ҳеч тўхтамай давом этса, киши узрли ҳисобланади.

 

*** Давомийлик шарти ***

Узрнинг давомийлик шарти дастлаб бошланган пайтда бир намоз вақтини тўла қамраб олгач, кейинги намоз вақтида бир марта бўлса ҳам яна рўй беришидир. Узрнинг ниҳоясига етиши, яъни узрли ҳолатдан чиқиш шарти, бир
вақт намоз муддатида тўлиқ узрдан холи бўлиш, яъни узрсиз ўтказишдир. 

 

*** Нажосат ва нажосатдан покланиш ***

Нажаслар икки хил бўлади: нажаси ғализа, нажаси хафифа.

Ароқ, оққан қон, ўлиб қолган ҳайвон гўшти ва ошланмаган тери, гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг сийдиги, ит ва йиртйич ҳайвонлар ахлати, сўлаги, товуқ, ғоз ҳамда ўрдак ахлати, инсон вужудидан чиққан таҳоратни бузувчи (қон, маний, мазий, вадий каби) нарсалар нажаси ғализа ҳисобланади.

От ва гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги ҳамда гўшти ейилмайдиган (лочин, калхат) қушларнинг ахлати кабилар нажаси хафифа дейилади.

Нажаси ғализанинг дирҳам миқдори қуюқ нажосатларда 3,2 гр. ва суюқ нажосатларда эса очиқ қўл кафтининг сув турадиган қисмига тенг миқдор ёйилишидир. Нажаси хафифа кийим ва баданнинг тўртдан биридан оз миқдорига ёйилса, намозга монеъ эмас. Игна учи қадар майда бўлган сийдик томчисининг ҳам зарари йўқ.

Ҳаром тўшак ёки тупроқда ётган кишининг териси ёки оёғининг нами билан ҳўл бўлиб, оёқ ёки баданда нажосат асорати кўринса, бадан ва оёқ ҳаром бўлади. Акс ҳолда ҳаром бўлмайди. Сиқилганида сув чиқмайдиган даражада нам бўлган ҳаром кийимга ўралган пок ва қуруқ кийимлар ҳам ҳаром бўлмайди.

Қуруқ, ифлос жойга ёйилган нам кийимлар ҳам ер ундан нам бўлиб қолса-да, нопок бўлмайди. Нажас нарса устидан эсаётган шамол кийимга тегса ҳам, уни ифлос қилмайди. Фақат кийимда бирор асорати қолса, ифлос бўлади.

 

*** Нажосат теккан нарсалар қандай тозаланади? ***

Қонга ўхшаш кўриниб турган нажас бир марта ювиб ташлаш билан кетказилади. Батамом кетказиш қийин бўлиб, иарсаларда нажосат асорати (ранг, ҳид каби) қолса, зара­ри йўқ. Сийдикка ўхшаш аниқ кўринмайдиган нажосатлар уч марта ювиш ва ҳар бир ювишдан сўнг сиқиб ташлаш билан кетказилади.

Либосга, баданга теккан нажаслар сув, сирка, гул суви каби суюқликлар билан ювиб покланади.

Маҳси ва шунга ўхшаш нарсалар унсурли нажосатдан нам бўлганида ҳам ерга ёки тупроққа суртиш билан, қилич (пичоқ) ва унга ўхшаш нарсалар эса, артиб тозалаш билан покланади.

 

*** Ернинг тозаланиши ***

Ифлос бўлган ер юзаси қуёш ёки шамол таъсирида қуриб, устидаги нажосат асорати йўқолгач, покланган ҳисобланади. Бундай жойда намоз ўқиш жоиз. Фақат у тупроқка таяммум қилиб бўлмайди. Зеро, таяммумда тупроқ (нажосатдан) пок бўлиши шарт. Шунингдек, ерда ўсиб турган дарахт ва ўтлар ҳам устидаги нажосат қуриб йўқолгач, тоза ҳисобланади.

 

***  Бошқа ҳолга ўтиш билан покланиш ***

Ифлос бир нарса чириши ёки ёниб кул бўлиши билан моҳияти ўзгарса, покланган ҳисобланади. Либос ёки баданда қуриб қолган маний қириб ташланса, пок бўлади. Агар қуримаган бўлса, ювиб тозаланади.

 

* Ўлик ҳайвонларнинг териси ва шунга ўхшаш нарсаларнинг покланиши *

Инсон ва тўнғиздан бошқа, гўшти ейилмайдиган ўлик ҳайвонларнинг териси аччиқтош, туз ва шунга ўхшаш дориворларни сепиш орқали ҳақиқий маънода, тупроқ суриш ёки қуёшда қуритиш орқали эса ҳукмий маънода ошлаш билан покланади.

Изоҳ: Ўлик фил териси ҳам ошланса, ҳалол. Чунки фил ҳукман ваҳший ҳайвонлар сирасига киради. Зеро, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, фил тишидан ясалган тароқ қўллаган эдилар.

Гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг терилари, шаръий сўйиш («Бисмиллаҳ» айтиш) билан пок бўлади. Гўштлари эса шаръий сўйилса ҳам, ҳалол бўлмайди.

Қон бормайдиган соч, тирноқ, шох ва ёғи бўлмаган суякка ўхшаш аъзолар, ҳайвон ўлгач, нопок ҳисобланмайди. Аммо асаб толалари нопокдир. Кийикнинг мушкхалтаси, мушкнинг ўзи каби покдир, ейилиши жоиз. Ёввойи мушукнинг мушки ҳам пок бўлиб, унинг ҳушбўй ҳидидан сепган кишининг намози дурустдир.

 

Такрорлаш учун саволлар

  1. Ҳайз, нифос ва истиҳоза орасидаги фарқни, ҳар бирининг энг кам ва энг кўп муддатларини айтинг.
  2. Икки ҳайз орасидаги энг қисқа ва энг узун поклик муддати қанча?
  3. Ҳайз ва нифос пайтида бажарилшни ҳаром бўлган амалларни баён қилинг. Поклик ҳолати қай тарзда тўлиқ бўлади, ҳайз ва нифосда бўлган аёл намоз ва рўзани қазо қиладими?
  4. Жунуб ва таҳоратсиз бўлган кишига бажариш ҳаром бўлган амалларни баён қилинг.
  5. Истиҳоза ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг ҳукмини тушунтириб беринг.
  6. Киши қачон узрли ҳисобланади? Узрнинг давомийлик шарти билан ниҳояга етиш шартини айтинг. Узрли киши қандай таҳорат қилади ва қандай ҳолларда таҳорати бузилади?
  7. Нажосатнинг турларини айтинг, ҳар бирига биттадан мисол келтиринг. Қанча миқдордаги нажосат, намозга монеъ ҳисобланмайди?
  8. Кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган нажосатлар қандай тозаланади? Либос ва бадандаги нажосат нима билан покланади? Маҳси ва шунга ўхшаш нарсалар қандай тозаланади?
  9. Ўлик ҳайвонларнинг териси нима билан покланади? Ўлим тирноқ ва суякларнинг ифлослигига сабаб бўладими? Кийикларнинг мушк халтаси покми ё нопок?

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

НАМОЗ КИТОБИ:

Вожиб бўлишининг шартлари;

Вожиб бўлишининг сабаби;

Намоз вақтлари;

Икки фарз намознинг бирга (жамъ) ўқилиши;

Мустаҳаб бўлган намоз вақтлари;

Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар;

Нафл ва суннат намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар;

Азон ва такбирнинг ҳукмлари;

Азон;

Арабчадан бошқа тилда азон айтиш;

Муаззинга оид мустаҳаб амаллар;

Азоннинг макруҳлари;

Қазо намозларида азон;

Азон эшитилганда нима дейилади?

Намознинг шартлари;

Намознинг рукнлари;

ШОМ ДИЁРИДАН ЧИҚҚАН НАБИЙЛАР

АЙЮБ АЛАЙҲИССАЛОМ

Ана шундай мураккаб бир даврда Аллоҳ таоло Бану Исроилга Айюб алайҳиссаломни набий қилиб юборди. У зотнинг мол-мулклари, аҳли аёллари кўп эди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломдан уларнинг барчасини олиб қўйиб, бошларига турли мусибатларни солди ва баданларига ҳам дард бериб синади. Айюб алайҳиссаломдан барча юз ўгирди, фақатгина жуфти ҳалоллари – аёллари ҳар қандай вазиятда ҳам у зот алайҳиссалом билан бирга бўлди.

Айюб алайҳиссалом Суриянинг шимолий ўлкаларида бир жойдан иккинчисига кўчиб юриб, кишиларни Аллоҳ таолонинг ибодатига даъват қилдилар.

Айюб алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссаломнинг авлодидирлар.

Қуръони Каримда ҳам, суннати мутоҳҳарада ҳам Айюб алайҳиссаломнинг ўзларига етган мусибатга сабр қилганларидан бошқа ҳаётлари, қавмлари ёки даъватлари ҳақида маълумотлар келган эмас. Шунинг учун биз у зотнинг зикрлари келган ояти карималарни ўрганиш ила кифояланамиз.

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).

Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта – Аллоҳ. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот уларнинг қаторида Айюб алайҳиссаломга ҳам ваҳий юбориб, у зотни ҳам Ўзига пайғамбар қилиб олди.

Айюб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси, танлаб олган пайғамбаридирлар. Бошқа пайғамбарлар қатори, Аллоҳ таоло у зотни ҳам синовга солган. Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг умматларига ибрат, тасалли бўлиши учун ўша синов ҳақида хабар берилмоқда. Бу синов мол-дунё, аҳли аёл ва саломатлик борасида бўлган. Айюб алайҳиссалом бу синовларнинг ҳаммасига гўзал сабр қилиб, бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан узилмадилар. У Зотга бўлган ишончлари сусаймай, розилигини тилаб турдилар.

Шайтон эса машаққатли синов лаҳзаларида Айюб алай­ҳиссалом билан бирга қолган барча мухлис кишиларни васваса қилар эди. Ўша мухлислар ичида у зотнинг хотинлари ҳам бор эди. У аёлга ҳам турли томондан васваса қилинарди. Унга: «Агар Аллоҳ Айюбни яхши кўрганида, уни бундай балога гирифтор этмас эди», дейиларди. Бу гаплар Айюб алайҳиссаломга ҳам етиб келди. Хотинлари мазкур гаплардан баъзиларини айтганида, у зот имкон топганларида аёлларини уришга қасам ичдилар.

«Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди» (Сод сураси, 41-оят).

Айюб алайҳиссалом ҳамма нарса Аллоҳ таолодан бўлишини яхши билсалар ҳам, кўнгилсиз нарсани одоб юзасидан шайтонга нисбат бердилар. Шунингдек, бу шикоят билан мухлис кишиларини шайтон васвасага солаётганига, бундан ўзлари ҳам озорланаётганларига ишора қилдилар.

Аллоҳ таоло у зотнинг бу илтижоларига, ёлворишларига муносиб жавоб берди:

«Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)» (42-оят).

Яъни «Оёғинг билан ерни тепгин», деди. Айюб алайҳис­салом Аллоҳнинг амрига итоат этиб, оёқлари билан ерни тепган эдилар, у ердан сув чиқди.

Демак, шу сувга чўмилган одам шифо топади. Ундан ичилса, ички дардларга даво бўлади. Шундай бўлди ҳам.

Айюб алайҳиссалом мазкур сувда чўмилиб, ундан ичиб шифо топганларидан сўнг Аллоҳ таоло у зотга аҳли оилаларини қайтариб берди. Улар билан бирга яна ўшанча ҳам берди. Бу ишлар қандай амалга ошганини Ўзи билади. Ўлиб кетганларини тирилтирганми, қочиб кетганларини қайтарганми ёки бутунлай янгитдан берганми – бу томони Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум.

Шундай қилиб Айюб алайҳиссалом бутунлай соғайиб кетдилар, аҳли оилалари ҳам икки баробар бўлиб қайтди. Энди учинчи нарса қолди: имкон топганида энг оғир пайтларда ихлос билан ёнида турган вафодор хотинларини уришга қасам ичиб қўйган эдилар, ўша қасамга амал қилиш. Бу мушкул иш эди. Шундай вафодор ва мухлиса аёлни, оғир ва машаққатли лаҳзаларда елкадош бўлган, бало-офатларни бирга тотган йўлдошни мушкул ариганидан кейин юз таёқ уриш керак.

Дарҳақиқат, бу оғир муаммо эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила бу муаммони ҳам ҳал этди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга деди:

«Қўлингга бир дастани олда, у билан ур. Қасамингни бузма». Биз уни сабрли топдик. У нақадар яхши бан­да! Албатта, у сертавбадир» (44-оят).

Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломга қасамларини қандай адо этишни ўргатмоқда ҳамда у зотга Ўзи томонидан бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабабини баён килмоқда:

«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма».

«Эй Айюб, неча марта уришни айтган бўлсанг, ўшанча новдани бир даста қилиб ол-да, у билан хотинингни ур. Шунда қасамингни адо этган бўласан, қасаминг бузилмайди.

Бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабаби:

«Биз уни сабрли топдик».

«Синов келганда, Айюб гўзал тарзда сабр қилди. Биз­га бўлган ишончи сусаймади. Бизнинг розилигимизни топишдан бир лаҳза ҳам умидини узмади».

«У қандай хам яхши банда!»

Айюб ниҳоятда яхши бандадир.

«Албатта, у сертавбадир».

Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қайтади.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Айюб алайҳиссаломнинг фарзандларидан бири Зулкифл алайҳиссаломдирлар.

 

ЗУЛКИФЛ АЛАЙҲИССАЛОМ

Зулкифл алайҳиссалом Айюб алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Бу зот ҳақларида Қуръони Каримнинг икки жойида қисқагина маълумот келган. Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам Зулкифл алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ.

Шунинг учун ўша маълумотлар жой олган Қуръони Ка­рим оятларини ўрганиш ила кифояланамиз.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида қуйидагиларни айтади:

«...ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир» (85-оят).

Таъкидлаганимиздек, Зулкифл алайҳиссалом ҳақларида маълумотлар оз. Анбиё сурасида машҳур пайғамбарлар билан бирга зикр этилишлари у зотнинг пайгамбарлардан бўлганларини кўрсатади. Шу билан бирга, ушбу оятда у зот ҳам сабр қилувчилар қаторига қўшилмоқдалар.

«...ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Улар солиҳлардандир» (86-оят).

Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига киритди, яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.

Аллоҳ таоло Сод сурасида марҳамат қилади:

«Исмоил, Ал-Ясаъ ва Зулкифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир» (48-оят).

Бу уч пайғамбарнинг ҳаётларида ҳам эслашга лойиқ ибратли ҳодисалар бўлиб ўтган. Улар ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ахёрлардан – энг яхши бандалардан бўлганлар.

Ана шу пайғамбарларнинг ҳаётларида, дин йўлидаги фидокорликларида, бало-офатларга, машаққатларга сабрларида, турли синовларга бардош беришларида, мушриклар ва мунофиқлардан келган озорларни кўтара билишларида кўплаб ибратлар бор.

 

ИЛЁС АЛАЙҲИССАЛОМ

У зотнинг насаблари Ҳорун алайҳиссаломга туташади.

Соффот сурасида Илёс алайҳиссалом ҳақларида қуйидаги оятлар келган:

«Албатта, Илёс ҳам расуллардандир» (123-оят).

Илёс алайҳиссалом Бану Исроилнинг пайғамбарларидан биридирлар. У зот Ҳорун алайҳиссаломнинг наслидан бўлиб, Илёс ибн Ёсин деб аталганлар. Илёс алайҳиссалом Шом ўлкаси, аниқроғи, ҳозирги Ливан давлатидаги Баълабакка шаҳрида яшаб, ўша ердаги Баъл номли санамга ибодат қилувчи бир қавмга юборилганлар ва ўша ерда вафот этганлар.

«Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизми?! Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми? Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби – Аллоҳни-я?!» (124-126-оятлар).

Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар қилиб юборилган Илёс алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби қавмларини тўғри йўлга, Аллоҳнинг ибодатига даъват этдилар.

«Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизми?!»

Илёс алайҳиссалом қавмларини тақводор бўлишга чақирдилар. Шунингдек, қавмларининг Аллоҳга ширк келтириб, санамга сиғинишларини инкор этдилар:

«Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми? Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби – Аллоҳни-я?!»

Уларни Аллоҳнинг ибодатини тарк этмасликка, Унга ширк келтирмасликка чақирдилар. Лекин қавмлари бу чақириқларга қулоқ осмади.

«Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Энди албатта улар (азобга) ҳозир қилинувчилардир» (127-оят).

Қавм Илёс алайҳиссаломни ёлғончи қилди. У зотга иймон келтирмади, у зотнинг айтганларига юрмади, тақво қилмади. Баълга ибодат қилишда давом этди. Аллоҳ таолонинг ибодатини тарк қилди. Шунинг учун

«Энди албатта улар (азобга) ҳозир қилинувчилардир».

Албатта, дўзах азобини тотиш учун ҳозир қилинажаклар.

«Аллоҳнинг танланган бандаларигина мустасно» (128-оят).

Улар жаннатда мукофотларини олишга ҳозир бўладилар.

«..а кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик» (129-оят).

Дунё тургунча келадиган авлодлар Илёсни мақтаб, олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик:

«Илёс(ийн)га[1] салом бўлсин». Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз, чунки у мўмин бандаларимиздандир» (130-132-оятлар).

«Шунинг учун иймон тақозоси билан Бизнинг йўлимизда жидду жаҳд қилди ва мазкур олий мақомларга эришди».

Шу ерда Илёс алайҳиссаломнинг қиссалари тамом бўлади.

Аллоҳ таоло Анъом сурасидаги бир қанча пайғамбарларнинг зикри асносида келган оятлардан бирида:

«...ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари солиҳлардандир» (85-оят) деб Илёс алайҳиссаломни ҳам зикр қилган.

Ушбу ояти каримада зикр қилинган пайғамбарлар – Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс алайҳиссаломлар зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти ка­римада «Ҳаммалари солиҳлардандир» ибораси ила васф қилинаётирлар.

Зотан, ҳамма пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.

 

АЛ-ЯСАЪ АЛАЙҲИССАЛОМ

Қуръони Каримда бу пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари Анъом сурасида бир марта, Сод сурасида бир марта зикр қилинган.

«...ва Исмоил, Ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом сураси, 86-оят).

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларидан катта гуруҳини зикр қилиш давомида Исмоил, Ал-Ясаъ, Юнус ва Лут алайҳиссаломларни зикр этган. Буларнинг алоҳида ажралиб турадиган сифатлари Аллоҳнинг Ўзига аён.

Аммо «Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» дейилишидан улар оламдаги энг афзал зотлар экани маълум бўлмоқда.

Сод сурасидаги Ал-Ясаъ алайҳиссалом ҳақларидаги оят юқорида ўтди. Бироқ У зот тўғрисида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда бошқа маълумот йўқ.

Ал-Ясаъ алайҳиссалом Илёс алайҳиссаломнинг амакилари Ахтубнинг ўғли бўлганлар. У зотнинг насаблари Юсуф алайҳиссаломда туташади.

Ал-Ясаъ алайҳиссалом Бану Исроилнинг пайғамбарларидан бўлиб, Илёс алайҳиссаломнинг шариатларига даъват қилганлар. У зотнинг даврларида гуноҳ ишлар ва зулм ниҳоятда кучайган. Ана шундай оғир бир шароитда Ал-Ясаъ алайҳиссалом Шомнинг Баълабакка шаҳрида пайғамбарлик қилганлар ва ана шу заминда вафот этганлар.

 

ЮШАЪ ИБН НУН АЛАЙҲИССАЛОМ

Баъзи пайғамбарлар борки, исмлари Қуръони Каримда келмаган бўлса ҳам, ҳадиси шарифларда ёки набийлар қиссалари ёзилган мўътабар китобларда келган.

Шундай набийлардан бири Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдир. У зот Бану Исроилга Мусо алайҳиссаломдан кейин раҳбар бўлганлар. Тарихчилар орасида Аллоҳ таолонинг «Мусо ўз хизматкорига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, ҳатто узоқ муддат сарфласам ҳам юравераман», деганини эсла» (Каҳф сураси, 60-оят) деган сўзидаги хизматкор йигит Юшаъ алайҳиссаломдир, деганлар бор.

Ҳорун алайҳиссалом вафот этгач, Бану Исроил саҳродаги маълум ҳудудда зое, саргардон бўлиб, «тийҳ» ҳолатида, яъни адашиб-улоқиб юрди. Аллоҳ таоло уларни жазолаб, Сийно саҳросида адашиб юришни тақдир этди. Мусо алайҳиссалом ҳам ўша пайтда вафот этдилар. Мазкур ҳолат қирқ йил давом этди. Бунинг зикри Мусо алайҳиссаломнинг Мисрда кечирган ҳаётлари ҳақидаги қиссада батафсил келади. Муҳими шуки, Бану Исроилдан ким тирик қолган бўлса, Юшаъ алайҳиссалом билан бирга «тийҳ» ҳолатидан чиқди. Улар Байтул мақдисга боришди. У ерда Юшаъ алайҳисса­лом Бану Исроилдан қўшин туздилар. Уларни ўн икки уруғ асосида ўн икки қисмга бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом улар билан бирга бориб Арийҳо, сўнг Байтул мақдисни фатҳ қилмоқчи бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом уларнинг ичида таҳминан 27 йил Аллоҳнинг китоби – Таврот билан ҳукм юритдилар. Юшаъ алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бану Исроил яна залолат ва фисқу фасодларига қайтишди.

Ушбу оралиқ даврда Арабистон яриморолидан кўплаб санъоний жамоатлар келиб, Сурияда қарор топишди. Улар Дамашқ, Ҳамо ва бошқа мамлакатларни тузиб, у ерларга «мустаҳкам ўрнашиб қолишди. Улар бут-санамларга ибодат қилишган. Энг машҳур санамлари Иштор маъбудаси ва Адунис маъбуди бўлган.

 

ҲИЗҚИЛ (ҲИЗҚИЁЛ) АЛАЙҲИССАЛОМ

Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдан кейин Бану Исроилнинг ишини Ҳизқил алайҳиссалом давом эттирдилар. Аммо у кишининг фаолиятлари узоқ давом этмади. Ҳизқил алайҳиссаломдан кейин Бану Исроил кўплаб фирқаларга бўлиниб кетди ва уларнинг аҳволи ёмонлашди. Бу қавм ер юзида фисқу-фасод билан машғул бўлишди, набийларини қатл этишди. Шу сабабли Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг устидан душманларини ғолиб қилди, улар қатл қилган набийлар ўрнига туғёнга кетган жаббор подшохдарни юборди. Натижада улар Бану Исроилнинг қонини зулм ила тўкишди, беаёв азоблашди. Бану Исроилга Ғазо ва Асқалон аҳли ҳам ғолиб келиб, улардан муқаддас тобутни тортиб олишди.

Шу даврдан бошлаб Бану Исроилдан нубувват кесилди, уларнинг давлати парчаланиб кетди. Иш шу ҳолда давом зтиб, орадан тақрибан тўрт юз йил ўтди. Кейин Аллоҳ таоло уларга Шамвил[2] алайҳиссаломни набий қилиб юборди.

 

ШАМВИЛ АЛАЙҲИССАЛОМ

Бану исроилликлар Шамвил алайҳиссаломдан уларга бир подшоҳ тайин этишларини талаб қилишди ва ўша подшоҳнинг раҳбарлиги остида урушда қатнашишларини айтишди. Шунда у зот уларга Толутни етакчи сифатида танладйлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг оят-белгиси – сизларга ичида Роббингиздан сандиқ келмоғидир, унда хотиржамлик ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолган қолдиқ бор. Уни фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта, бу нарсада сизларга оят-белги бор», деди» (248-оят).

Бану Исроилга Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини исбот этиш учун уларни қойил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким уддалай олмайдиган бир мўъжиза кўрсатиляпти. Маълумки, Мусо алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бану Исроилга Юшаъ алайҳиссалом раҳбар бўлган эдилар. Ўша пайтда уларни муқаддас ерларидан ҳайдаб чиқарган душманлари бир қанча муқаддас нарсаларини тортиб олишган эди. Мазкур тортиб олинган нарсалар ичида Бану Исроилга хос бир машҳур тобут – сандиқ ҳам бор эди. Мусо алайҳиссалом қачон урушга кирсалар, ўша тобутнинг ўз қўшини олдида боришини таъминлар эдилар. Шунда Бану Исроилнинг қалбига хотиржамлик тушиб, урушдан қочишмасди. Кейинчалик мазкур тобутга Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлардан қолган эсдалик – табаррук нарсаларни солиб қўйишган эди. Жумладан, мазкур тобутда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида берган лавҳлар, у зотнинг ҳассалари, кийимлари, кавушлари, Ҳорун алайҳиссаломнинг саллалари каби нарсалар ҳам бор эди.

Шамвил алайҳиссалом: «Тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, ушбу мўъжизанинг ўзи кифоя қилади», дедилар.

Кейинги оятлардаги маънога қараганда, бу иш рўй бериб, Бану Исроилда ишонч ҳосил бўлганга ўхшайди:

«Толут лашкарлар билан чиққанда, «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синайди. Ким ундан ичса, у мендан эмас ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Аммо биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар ундан (дарёдан) ўтганларида, «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар бнландир», дедилар» (249-оят).

Ниҳоят Бану Исроилнинг урушдан қочмай қолган одамлари Толутнинг Аллоҳ тайин қилган подшоҳ эканига ишонтирилгач, Толут улардан қўшин тайёрлади. Сўнг уруш қилиш вақти етиб келди. Улар жангга отландилар. Шунда Толутнинг ҳақиқий лашкарбоши экани намоён бўлди. У аскарларининг ҳолатини яхши биларди. Улар авваллари мағлубиятга учраб юрган, хорликка кўникиб қолишган эди. Душман эса аксинча, кучли ва ғалабага одатланиб қолган. Ундай душманга ғолиб келиш учун мустаҳкам иродага эга бўлиш керак. Шунинг учун Толут ўз аскарларининг иродасини синаб кўрмоқчи бўлди. Шаҳардан чиққанларида синов шартини эълон қилди:

«Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синайди. Ким ун­дан ичса, у мендан эмас ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Аммо биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», деди».

Йўлда бир имтиҳон (дарё) учрайди, ким иродаси кучли бўлиб, чанқоқликка чидаб, унинг сувидан ичмаса, синовдан ўтган бўлади – Толутнинг ҳақиқий аскарига айланади. Ким иродасизлик қилиб, дарёнинг сувидан ичиб олса, аскарликка қабул қилинмайди. Бироз сувсизликка чидай олмаган одам урушнинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап. Шу билан бирга, Толут томоқни ҳўллаб олиш учун сувдан бир ҳўплам ичишга рухсат берди.

Юриб бориб, дарёга ҳам етишди.

«Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар».

Кўпчилиги синовдан ўта олишмади. Бундан оғир ишга киришишдан олдин одамларни фақат оғзаки синов эмас, балки амалий синовдан ҳам ўтказиш зарурлиги билиб олинади. Биринчи амалий синовдаёқ Толутнинг қўшини сараси сарага, пучаги пучакка ажради. Синовдан ўтмаганлар ажралиб қолишди.

«У ва у билан бирга иймон келтирганлар ундан (дарёдан) ўтганларида, «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар».

Алҳол, иймонлилар ичида ҳам заифлар пайдо бўлди. Душманга рўбарў келганда ўзларининг озлиги, душманнинг кучли эканини сезиб, урушда қатнаша олмасликларини, бунга тоқатлари йўқлигини баён қилишди. Улар вазиятни ўз тарозиларига солиб кўриб, ғолиб келишларига кўзлари етмади. Шунда ҳақиқий мўминлар, ҳамма нарсани илоҳий ўлчов билан ўлчайдиганлар юзага чиқишди.

«Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар».

Ўзи асл нарса оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам шулар жумласидандир, чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар ва Аллоҳ танлаган муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ундайлар Парвардигори оламга рўбарў бўлишларига қатъий ишонадилар. Шунинг учун ҳамма машаққатларни енгишга тайёр бўладилар. Ҳамма нарса «Аллоҳнинг изни билан» бўлишига ишонадилар. Шунинг учун сонлари оз бўлса ҳам, қўрқмайдилар. Улар Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга эканини яхши биладилар. Аллоҳнинг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.

«Жолут ва унинг аскарларига рўбарў келганларида: «Роббимиз, устимиздан сабр тўккин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», дедилар» (250-оят).

Улар душман билан тўқнашганларида, дуо қилиб Аллоҳдан сўрайдиган нарсаларини сўрашга ошиқдилар. Ўша пайт дуо қабул бўладиган лаҳзадир. Ҳақиқий мўминлар – Аллоҳни ҳеч қачон эсдан чиқармайдилар. Аллоҳнинг кўрсатмасига биноан керакли тадбирларни ишга солиб, ҳамма нapca қўлида бўлган Зотга ёлворадилар.

«Роббимиз, устимиздан сабр тўккин» ибораси сабр ҳудди тўкиладиган нарсадек тасаввур беради. Ҳудди сувни тўккандек бошидан тўкиб юборса, оқиб оёғигача тушади. Энг керакли нарса бўлгани учун мазкур мўминлар энг аввал сабрни тилга олдилар.

«...қадамларимизни собит қилгин...» – «бу улуғ ишда қадамимиз тойилмасин, собит турсин». Бу ҳам Аллоҳнинг ёрдами билан бўладиган иш.

«...ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», дедилар».

Мўминларнинг орзуси кофирлар устидан ғолиб чиқишдир. Уларнинг орзуси рўёбга чиқди.

«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг одамларни бир-бирлари билан даф қилиши бўлмаганида, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламларга фазлу марҳаматлидир» (251-оят).

Толут ва унинг аскарлари Жолут ва унинг аскарлари устидан ғалаба қозонишди. Бу ғалаба, албатта, Аллоҳнинг изни билан юз берди. Ҳеч бир нарса Унинг изнисиз бўлмайди. Аллоҳ Ўз иродасини мўминлар орқали юзага чиқаради.

«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди».

Довуд Толут лашкари ичидаги ёш йигит, Жолут эса катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи лашкарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва лашкарбошининг ёшгина йигитча қўлида ўлим топишини ирода қилди. Бу билан одамларга, агар Аллоҳ хоҳласа, бир ёш йигит ҳар қандай жабборнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шу билан бирга, бу ишнинг ортида бошқа ҳикмат ҳам бор эди:

«Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди».

Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бану Исроилга подшоҳ бўлдилар. Уларнинг подшоҳлик даври «олтин давр» бўлди. Аллоҳ таоло у зотга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Довуд алайҳиссалом;

Сулаймон алайҳиссалом;

Ишаъё алайҳиссалом;

 

[1] Бу сўз ҳақида баъзи уламоларимиз: «Илёс сўзи «фосила» (оятларнинг охирини бир-бирига ўхшатиш) учун ушбу шаклда келтирилган», десалар. бошқалари «Илёсийн – Илёснинг жами, яъни Илёс ва унга эргашган мўминларга салом бўлсин дегани» деб тафсир қиладилар.

[2] Араб тилида яна Ашмувил, ибронийда Шамуэль, лотин тилида Самуэл, гулада Самуил деб аталади.

الأحد, 08 كانون1/ديسمبر 2019 00:00

Файласуф имон келтирди

Муҳйиддин Арабий – улуғ аллома. Кўп китоблар ёзган. У зотнинг кўп кароматлари тилдан тилга ўтиб юради. Ҳазратнинг ўзи ҳикоя қилади: «Суҳбатда эдик. Қиш куни, ўртада олов ёниб турарди. Даврада бир файласуф ҳам бўлиб, пайғамбарларни инкор қилар, “фалсафа, фақат фалсафа”, дерди. У айтди: “Авом Иброҳимнинг оловга ташланганда ёнмаганига ишонади. Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки олов ёқувчидир ва ҳамма нарсани қизитиб, қовуради. Менимча, Қуръондаги олов Намруднинг ғазабига ишора; Иброҳимнинг ёнмагани эса қаҳрдан омон қолгани бўлса керак”.

Шунда мен каромат кўрсатиш эмас, Иброҳим (а.с.) мўъжизасига муносиб далил келтиришни астойдил истаб, дедим:

– Аллоҳ таолонинг: “Эй олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!” (Анбиё, 69), деган сўзини исботлаб бераман.

Бир ҳовуч чўғни олиб, файласуфнинг этагига тўкдим. У жуда қўрқиб кетди. Чўғларни қўлим билан аралаштирдим. Файласуфнинг ранги оқарди. Чунки этаги куймади. Чўғларни жойига қайтариб, айтдим: “Оловнинг ёндирмаслиги ҳам, ёндириши ҳам Аллоҳнинг амри биландир. У Зот истаса, ўт куйдирмайди”. Файласуф шу ерда имон келтириб, мусулмон бўлди».


манба: "Ирфон" тақвими

Top