muslim.uz
Муфтий ҳазратга Қурбон ҳайити табриклари келмоқда
Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари номига хориждаги бир қатор диний идоралар раислари ва дипломатик корпуслар вакилларидан табриклар келди.
Мазкур табрикномаларда улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари орқали бутун Ўзбекистон мусулмонларини муборак Қурбон ҳайити билан қутлаб, ўзларининг самимий эзгу тилаклари ва табрикларини йўллашган ҳамда ушбу муборак кунда барча мусулмонларга ва ислом умматига Аллоҳдан хайру – баракот ва муваффақиятлар ато этилишини сўрашган.
Юқоридаги табрикномалар қуйидаги муфтийлар ва элчилар номларидан келган:
– Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода;
– Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули Утпинов;
– Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиев;
– Тожикистон ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзода;
– Хитой Ислом Ассоциацияси раиси шайх Ҳасан Янг Фамин;
– Россия мусулмонлари диний жамоасининг раҳбари,
Москва муфтийси Альбир ҳазрат Крганов;
– Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари
Диний бошқармаси раиси Муфтий Равиль ҳазрат Панчеев;
– Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Саид Матар ал-Қемзи;
– Жазоир Халқ Демократик Республикаси мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насер Бушерит;
– Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид ал-Касирий;
– Фаластин Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад номидан табриклар келди.
Қутловлар келиши давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими
Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги
Муҳтарам ватандошлар!
Мана шу файзли дамларда Ер юзидаги жами мусулмон уммати қатори қалби шукуҳга тўлиб турган сиз, азизларни – нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимизни, навқирон ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.
Ушбу саодатли онларда ҳаммамиз аввало Ийд ал-адҳо байрамига эл-юртимиз билан биргаликда тинчлик-омонлик ва сиҳат-саломатликда етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтишимиз табиийдир.
Барчамизга аёнки, ислом дини аввало тинчлик, эзгулик ва инсонийлик динидир.
Муқаддас Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган, хусусан, “Бақара” сурасида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” – дея марҳамат қилинган.
Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашдек ўткир талаблар юртимизда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, ҳар бир инсон учун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ишонаманки, бу эзгу ва муқаддас вазифа Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалб даъвати ва инсоний бурчига айланиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ҳурматли дўстлар!
Аллоҳ таоло томонидан азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонни, унинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳурматини улуғлаш каби муқаддас тушунчаларни ўзида акс эттирган ушбу байрам юртимизда инсон қадрини юксалтириш, халқимизни ҳаётдан рози қилиш борасида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг экани билан ҳам айниқса эътиборлидир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантиришга ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишларимиз халқимиз ва дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётгани барчангизга яхши маълум.
Айниқса, фуқароларимизнинг диний эътиқод борасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланиб, мўмин-мусулмонларимиз ибодат амалларини эмин-эркин бажармоқдалар.
Бу ҳақда сўз юритганда, икки йиллик коронавирус пандемияси чекловларидан сўнг бу йил 12 минг ватандошимиз муқаддас ҳаж амалларини бажариш имконига эга бўлгани, кейинги 6 ойда 40 мингга яқин юртдошимиз умра зиёратини адо этганини таъкидлаш лозим.
Сўнгги йилларда шаклланган эзгу анъанамизга мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунлари юртдошларимизга бу айёмни ўз оиласи ва яқинлари бағрида янада мазмунли ўтказиш, гўзал ва бетакрор юртимиз бўйлаб кўнгилли саёҳатларни амалга ошириш учун қулайлик яратади.
Биз табаррук динимиз ва ўлмас қадриятларимиз, ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват, саховат ва ҳамжиҳатлик, сабру қаноат ва шукроналик сингари улуғ фазилатларни мустаҳкамлаб келаётган муборак Қурбон ҳайитининг барҳаёт анъаналари асрлар оша инсонларни, турли халқлар ва элатларни бирлаштирувчи беқиёс маънавий куч бўлиб хизмат қилаётганидан фахрланамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида яшаётган мусулмон дўст ва биродарларимизни, хорижий ҳамкорларимизни ушбу мўътабар айём билан қутлаб, уларга бардавом тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.
Азиз юртдошлар!
Барчангизни муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор табриклайман.
Эл-юртимизнинг бу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин!
Аллоҳ таоло гўзал диёримизни, олижаноб ва бағрикенг халқимизни ҳамиша ўз паноҳида асрасин!
Азиз Ватанимизда тинчлик ва барқарорлик ҳамиша бардавом бўлсин!
Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг Ўзи доимо мададкор бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Хушхабар: Бухородаги 7 та маданий мерос объекти Ислом олами маданий мероси рўйхатига олинди
Жорий йилнинг 3-6 июль кунлари ICESCO бош қароргоҳида (Марокко қироллиги, Работ шаҳри) ICESCO ислом оламининг 10-сессияси бўлиб ўтди. Мазкур сессияда Бухорода жойлашган 7 та маданий мерос объектлари Ислом олами маданий мероси рўйхатига олиниб, сертификатлар топширилган.
Исмоил Сомоний мақбараси, Чор Бакр, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пойи калон ансамбли, қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасасига тегишли сертификатлар ICESCO Бош директори Салим Ал Малик томонидан тақдим этилган.
Зариф Комилов, ЎзА
Арафа куни Раҳмат тоғида туришнинг фазли
Раҳмат тоғи
Аллоҳга шукрки, дунёдаги барча мўмин-мусулмонларга икки йилдан кейин хаж йўллари очилди. Шу маънода ҳажнинг фарз амалларидан бири – Арофот тоғи ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Жабал ар-Раҳма ёки Арафат тоғи Маккаи мукарраманинг шарқида тахминан 22 киллометр масофада Макка ва Тоиф ўртасидаги йўлда жойлашган. Минодан 10 км, Муздалифадан эса 6 км узоқликда. Унинг “Раҳмат тоғи” деб номланиши Арафот кунида ҳожиларга тушадиган марҳамат ва баракаларни яқинлиги учун.
Тоғнинг номлари
Раҳмат тоғининг номи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида маълум бўлмаган. У кўплаб номлар билан аталган:
- Жабал ал-Дуа: Арафа куни дуо жойи бўлгани учун;
- Ал-Қураин тоғи: Баъзилар шундай дейишган;
- Элал: Қадимги жоҳилият давридаги номи;
- Жабулул Вуқуф: Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хожилар тургани учун.
Арафа куни Раҳмат тоғида туришнинг фазилати
Арафотда туриш ҳажнинг энг улуғ ибодатларидан бири бўлиб, усиз ҳаж бўлмайди. Бу кунда Арафотда туришнинг фазилатлари ҳақида қўйидигилар зикр қилинади:
- Бу кунда энг кўп одам дўзахдан озод қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа куни, Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ!” (Имом Муслим ривояти).
- Арофат кунидек хожиларни дуо ва тазаррулари ижобат бўладиган бошқа жой йўқ. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши дуо - бу Арофот кунидаги дуодир”, дедилар.
- Аллоҳ таоло Арафа аҳли билан фаришталарга фахрланади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло бир бандани Арафот кунидан кўра тез-тез дўзахдан озод қилиши, дуо қилиши сўнг фаришталарга мақтаниб: «Бу одамлар нима истайди?», дейди.
- Аллоҳ таъола ушбу кунда Арафотда турганларга раҳмат ва барокотини туширади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ҳузурида Арафот кунидан яхшироқ кун йўқ. Аллоҳ таоло дунё осмонига (фаришталарга мақтаниб) ер аҳли билан фахрланиб айтади: “Менинг чанг босган бандаларимга қаранг! Менинг раҳматимдан умидвор бўлиб, барча жойлардан келдилар. Ва ҳоланки улар менинг азобимин кўрмаганлар. Аллоҳ таоло бирор кунда Арафа кунидек бандани дўзахдан озод қиладиган кун йўқ, дейди”.
- Бу кунда Арофотда тўриш машҳуд кунидир
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейди: “Ваъда қилинган кун қиёмат куни, машҳуд куни Арофот кунидир, Шоҳид жума кунидир”.
Ушбу ҳадиси шарифдан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
- Дуо қилиш;
- Истиғфор айтиш;
- Қуръон тиловат;
- Зикр тасбиҳлари;
- Хожат номозларини ўқиш;
- Кишилар бир-биридан розлик олиш.
Аллоҳ таоло барчалармизни ушбу муқаддас жойда ибодат қилишни насиб этсин!
Обидхон домла Икрамов,
ЎМИ Наманган вилоят вакил ўринбосари.