muslim.uz

muslim.uz

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков таржима қилган таниқли уламо Али ибн Жобир ал-Файфий қаламига мансуб “Чунки Сен борсан, Аллоҳ...” номли асари китоб ҳолида нашрдан чиқди.

Мазкур китоб Аллоҳ таолони таниш, таъбир жоиз бўлса, У Зот билан қандай қилиб самимий ва саҳиҳ муносабат ўрнатиш ҳақидадир. Китоб мутолааси ўзига зулм қилган – гуноҳларга ботган кишига қандай чиройли тавба қилишни, оғир касаллик чангалида қолганга қандай қилиб шифо сўрашни, қарзга ботиб қолганларга қандай қилиб нажотга эришиш йўлларини таълим беради. Китобда Аллоҳ таолонинг ўнта исм-сифатлари баён этилган бўлиб, уларнинг маънолари ва хусусиятлари ҳақида сўз боради.

Қисқача айтганда китоб яккаю ягона Холиқимиз Аллоҳ таолонинг қудрати чексизлигини, раҳмати нақадар кенглигини ўзига хос тарзда, ҳаммага тушунарли тилда баён этиши билан ҳам жуда аҳамиятлидир.

Аллоҳ таолодан ушбу китобни таржима қилиш, таҳрирлаш, чоп этиш ва унинг нашр қилинишига ҳисса қўшган барча азизларга дунё ва охиратда яхшиликлар сўраб қоламиз.

Аллоҳ таоло ушбу янги китобни халқимизга муборак, ўқиганларга манфаатли айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркияда нашр этиладиган нуфузли “Business Türk” журналининг Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятига оид махсус сонида замонавий Ўзбекистон ҳаётига бағишланган таҳлилий мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси муаллифлигидаги “Туркий Кенгаш номининг Туркий давлатлар ташкилоти ўлароқ қайтадан номланиши ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлади” сарлавҳали мақола 2021 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларга бағишланган.

Унда турк заминининг қадим тарихга эга “Демократия ва эркинликлар” оролида ташкил этилган Туркий кенгаш саммитининг тарихий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган.

“Истанбулдаги саммит – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг октябрь ойида бўлиб ўтган Президент сайловидан кейинги илк хорижий ташрифи бўлганлиги жиҳатидан биз учун алоҳида аҳамиятга эга эди, – деб ёзади журнал. – Саммитда қабул қилинган қарорга мувофиқ, Туркий кенгаш номининг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) сифатида қайта номланиши ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади”.

Мақолада умумий тил ва муштарак қадриятлар асосида таъсис этилган Туркий давлатлар ташкилоти доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил равишда тараққий этиб бораётгани, ҳатто оғир пандемия даврида ҳам шерикликни кенгайтиришга, ўзаро ҳамжиҳатликда муносабатларни ривожлантиришга эришилгани қайд этилган.

Муаллиф йиғилишда имзоланган истиқболли “Турк дунёси нигоҳи 2040” дастурий ҳужжати улуғвор мақсадларимизга хизмат қилажагини ҳам қайд этган.

Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур саммитдаги нутқида муҳим таклифларни илгари сурганига журналхонларнинг эътибори қаратилган.

“Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш, Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлиқ дастурини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда Туркий давлатлар саноат ҳафталигини ўтказиш, АйТи-мутахассислар учун доимий платформа яратиш ҳамда 2022 йилда Экспертлар конференциясини ўтказиш, Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича агентлиги, яъни, ЭКОТУРКни тузиш, “Туркий дунё туризми” ва “Табаррук зиёрат” сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш, Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари шулар жумласидандир”, - деб таъкидланган нашрда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти ташкилот доирасида аъзо мамлакатларнинг ёшлари борасидаги фаолиятларни жадаллаштиришга эътибор қаратиб, бу борадаги ҳаракатларни яқинлаштириш мақсадида 2022 йилда Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилишни таклиф этгани ҳам алоҳида таъкидланган.

Мақола интиҳосида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитига Ўзбекистон мезбонлик қилиши ҳам қаламга олинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الإثنين, 14 شباط/فبراير 2022 00:00

Илм ҳақида сўраламиз (аудио)

Абдусамад домла ЖЎРАҚУЛОВ

Тошкент тумани "Ҳамд" жоме масжиди имом-хатиби

الإثنين, 14 شباط/فبراير 2022 00:00

Бобур покмазҳаб, художўй шахс бўлган

Заҳириддин Муҳаммад Бобур қисқа умри давомида ғоят нотинч, бесаранжом ҳаёт кечирган. Ниҳоятда зийрак, нозиктаъб, синчков Бобур кўрган кечирганлари ҳақида бебаҳо ҳазина – “Бобурнома”ни ёзиб қолдирган.
Ҳар қандай соҳа, фан кишиси асардан ўз қизиқишига тааллуқли бирор ибратли воқеа, лавҳа ўқиб, ҳайратга тушиши табиий. “Бобурнома”ни ўқир эканмиз унда айрим воқеалар кишига ғайритабиий туюлиб, кўз ўнгимизда муаллифнинг улуғвор сиймоси янада юксалгандек бўлади, у чиндан-да сирли, самовий бир шахс сифатида гавдаланади.

Бобур покмазҳаб, художўй шахс бўлган. Ҳаётда кўп қийинчиликлар, хиёнатларга дуч келган, изтироб чеккан. Ночор, ноилож қолган пайтларда энг аввал Аллоҳга илтижо қилган, ёрдам ўтинган. Қуйида “Бобурнома”да Бобурнинг ўзи қайд қилган икки дуоси ва уларнинг натижасини кўриб чиқамиз.

Тасаддуқ: Бобур кўп фарзанд кўрган. Уларнинг ҳар бирини алоҳида меҳр билан суйган. Саргардон ҳаётида ўн бир фарзандидан жудо бўлган. Ўзи истагандай катта давлат тузиб, ниҳоят тинчлик осойишталикка ҳам эришади. Аммо яна “толеъи йўқ”лик қилиб, янги оғир кулфатни тайёрлаб турган қисмат олдида ожиз бўлиб қолади. Севимли фарзанди, тахт вориси оғир хасталикка чалингани ҳақида хабар етади. Ҳумоюн бу вақтда Ҳиндистоннинг Самбал вилоятида ҳоким бўлиб турган эди. Валиаҳддан кейин туғилган тўрт фарзандини тупроққа қўйиб, яккаю ягона фарзандининг ўлим тўшагида ётиши шўрлик онани қаттиқ қайғуга солади.

Бобур дарҳол шаҳзодани Аграга – ўз ёнига олиб келишларини буюради. Беҳуш шаҳзодани Самбалдан Деҳлигача тахтиравонда, ундан Аграга кемада олиб келишади. Шаҳзоданинг аҳволи жуда оғир, иситма зўридан ўзини билмай тинимсиз алаҳлаб ётарди. Мамлакатнинг энг билимдон табиблари ҳам ночор бош чайқашдан нарига ўта олмади. Бобур умидсизликка тушади. Шунда яқин амирларидан бири Амир Абулқосим Ҳумоюннинг жонига тенг қимматбаҳо нарсани садақа қилишни таклиф этади. Зора Аллоҳ даргоҳида қабул қилиб, шаҳзоданинг дардига шифо берса, дейди.

Амир Абулқосим, шубҳасиз, Ҳумоюн қўлида сақланаётган Кўҳинур олмосини назарда тутганди. Бобур бундан кўра қимматбаҳороқ нарса ўзининг жони бўлиши мумкинлигини англаб, Ҳумоюннинг мендан қиммабаҳороқ нарсаси йўқ. Унинг учун мен ўз жонимни қурбон қиламан деган қарорга келади. Сарой аъёнларининг эътирозига қарамай, Ҳумоюн ётган хонага кириб, унинг атрофини уч марта айланади ва “Неки дардинг бўлса мен кўтардим, сен учун жоним Аллоҳ йўлига садақа бўлсин” деб хитоб қилади.

Бобурнинг ўзи эътироф этишича, ўша заҳоти у оғир тортади, мўжиза юз бериб Ҳумоюн енгил бўлиб кўзини очади, бир оз ўтиб ўрнидан туриб, бошидан сув қуяди ва аҳвол сўраб келгучиларни қабул қилади. Маълум муддат ўтиб, Бобур ўзига келиб дуоси қабул бўлгани учун шукроналар айтади. Орадан уч кун ўтиб вафот этади. Ҳумоюн эса падари бузрукворидан сўнг яна 30 йил умр кечиради. Бу воқеани кейинчалик Бобурнинг тарихчи қизи Гулбаданбегим ҳам “Ҳумоюннома”да эслаб ўтади.

Бобур ўз табиати билан мард, олийжаноб, саховатли шахс бўлган. Кечиримли бўлган, аммо ярамас, калтабин, хиёнаткор кишилардан қаттиқ нафратланган.

Темурий шаҳзодалар хизматида бўлган хиёнаткор Хусравшоҳ исмли амирга нисбатан Бобур айтган лаънат ҳам ижобати билан диққатга лойиқ: “Ҳар кишиким шундоқ шаниъ (разил) ҳаракатга иқдом қилғай (қадам қўйгай) ва ул кишиким бундай эҳтимом (рағбат) қилғай юз минг лаънатдур домани (то) қиёматгача: ҳар ким Хусравшоҳнинг бу афволини (феъл атворини, хиёнаткорлигини) эшитиб лаънат қилмоғон ҳам сазовори лаънат бўлсун” (“Бобурнома”дан).

Бобурдай шахснинг бу қадар ғазаб ва қарғишига қолган Хусравшоҳ аслида ким бўлган? Хусравшоҳ Бобурнинг амакиси, темурий Султон Маҳмуд Мирзо (1453- 1495)нинг хизматидаги амири ҳамда унинг ўғли Султон Масъуд Мирзонинг бек аткаси бўлган. Кичик беклик лавозимидан секин-аста кўтарилиб улуғ амирликка эришган Хусравшоҳ хиёнатга юз тутади. Ҳисор ҳокими бўлиб катта ҳудуд ва кўп сонли қўшинга эга бўлади. Мавқеи кучайиб Султон Маҳмуд Мирзо вафот этганда унинг хазинасини эгаллашга уринган, аммо темурийларга содиқ амирлар қаршилик қилгач, Ҳисорга қочиб кетади.

Темурий шаҳзодалар ўртасидаги низодан фойдаланиб тахтга даъвогарлик қилган. Ўзи хизмат қилган темурийларга кўрнамаклик қилади, тахтга ўтириш илинжида ўзи бек аткалик қилган Султон Масъуд Мирзонинг кўзига мил торттиради. Бу билан ҳам қаноатланмай Бойсунғур Мирзони Балхга биргаликда ҳужум қилиш баҳонасида алдаб чақириб олади ва ўлдиртиради. Бу воқеаларни эшитган Бобур унга лаънат ўқиган.

Бобур Шайбонийхон билан жангда мағлубиятга учраб Самарқандни ташлаб чиққанда унинг кўпгина амирлари Хусравшоҳ хизматига ўтиб кетади. Бобур Кобулга юриш бошлаганда, Хусравшоҳдан ёрдам сўраб элчи юборади, бироқ Хусравшоҳ катта имкониятга эга бўла туриб, унга ёрдам беришни истамайди. Бобур Кобулда салтанатини мустаҳкамлаб олгач, барча беклари яна унинг хизматига қайтади. Хусравшоҳ хизматидаги мўғул беклари ҳам Бобур томонига ўтади. Натижада Хусравшоҳ узр сўраб элчи юборади.

Бобур унинг шунча ёмонлигидан кейин ҳам уни авф этади ва моли ва жонига омонлик беради, аммо Хуросондан чиқиб кетишни буюради. Хусравшоҳ соғ-омон чиқиб кетади, аммо уни Бобурнинг дуоибади қувиб етади. У Қундузга юриш қилганида Ҳамза султонга асир тушади ва боши кесилиб Хоразмда турган Шайбонийхонга жўнатилади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-маърифат ҳақидаги ғоялари, аҳлоқ одоб, яхшилик, вафо, ҳалқини севиши унга яхшилик қиладиган қилиб тарбиялаш, меҳнат аҳлини қадрлаш, инсонпарварлик, Ватандан жудолик ғам-алам эканлиги, адолат ҳақидаги қарашлари, аҳлоқий таълимий фикрлари ҳозирги давр ёшлари тарбиясида ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Шунингдек, Бобурийлар давлатидаги маданий муҳитнинг Бобур бошқарган Ҳиндистон учун аҳамияти ҳақида Жаваҳарлаъл Неру шундай ёзади: “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди.”

Дарҳақиқат, она заминимизда туғилиб ўсган, келажакда тақдир тақазоси билан ўзга юртда шоҳ бўлиб, уни том маънода гуллантирган, катта силжишларга чорлаган, умрининг охирги кунларигача Ватан соғинчи билан яшаб, бу ҳақида кўп бора қалам тебратган буюк Ватандошимизнинг ҳаёт йўли ва серқирра ижодини ўрганиш, ундан ибрат олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Озода АКБАРОВА,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети
Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси услубчиси, ЎзА

Буюк Британиядаги Кембриж Марказий масжиди шу ҳафта Cambridge Sustainable Food ташкилотига 8,8 тонна озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия қилди. Islam.ru хабарига кўра, хайрия Islamic Relief UK миллий хайрия ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланди.
Бу ҳақда Кембриж Марказий масжиди директори Муҳаммад Ашраф шундай деди: "Муҳтож одамларга ёрдам бериш биз учун катта шараф. Пандемия кўплаб оилаларнинг иқтисодига таъсир қилди. Бугун улар зўрға кун кечирмоқда. Уларга ёрдам бериш бизнинг бурчимиз. Бу йўлда ёрдам бераётган ҳамкор ташкилотлардан миннатдормиз".
Ушбу озиқ-овқат хайр-эҳсонининг бир қисми бепул овқат тарқатадиган Edge Café жамоатчилик-озиқ-овқат марказига етказиб берилди. Қолганлари шаҳар бўйлаб ишлайдиган бошқа еттита жамоат озиқ-овқат марказлари ўртасида ва озиқ-овқатдан қийналган аҳолига тарқатилади.
"Биз Кембриж Марказий масжиди ва маҳаллий исломий ҳамжамиятнинг ушбу қўллаб-қувватлаши учун жуда миннатдормиз. Шаҳримизда озиқ-овқат хавфсизлиги узоқ вақтдан бери муаммо бўлиб келган, бу фақат COVID-19 пандемияси билан янада кучайди. Аҳоли учун бундай катта миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотларининг хайрия қилингани бизга ёрдам бўлди. Келгусида ҳамкор ташкилотлар хайрли ишни давом эттириш ниятидалар. Бу ҳам бизга катта далдадир", - деди Cambridge Sustainable Food бош директори Сэм Дайер:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top