muslim.uz
Муфтий ҳазрат Косонсой туманидаги “Аълохон Махдум” жоме масжидига ташриф буюрдилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Косонсой туманидажойлашган “Аълохон Махдум” жоме масжидига ташриф буюрдилар.
Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари меҳр ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда намозхонлар жомега тўп-тўп бўлиб келишди.
Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида бугунги кунда юртимизда диний-маърифий соҳада, хусусан, масжидлар ободончилиги йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар, зиёрат туризми борасида йўлга қўйилаётган янги-янги хизматлар замирида халқ фаровонлиги, динимиз ривожини янада юксалтириш мақсад қилинаётгани жонли мисоллар билан ёритиб бердилар. Бу билан чекланиб қолмай, ҳали олдинда бунданда хайрли ишлар ташаббус қилинаётгани, вақти билан булар амалга ошиши қайд этилди.
Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларга муфтий ҳазратлари Аллоҳ таборака ва таолонинг ўлкамизга берган неъматлари ҳақида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазрат сўзлари бу кунларни қадрлаш, муҳтарам Президентимиз томонларидан берилаётган шарт-шароитлар учун Парвардигоримизга шукроналар айтиш, бу неъматларнинг давомли бўлиши учун дуолар қилишни сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида диний соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, Мир Араб мадрасасининг дунёдаги нуфузини инобатга олган ҳолда олий мақомга кўтарилгани, 500 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилаётгани, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми олий мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар ўз фаолиятлари йўлга қўйилгани, яқинда ташкил этилган Имом Термизий ўрта-махсус ислом билим юрти тўрт йилдан кейин олий бўлиши, Имом Бухорий ҳазратларига мос шаклда мажмуа қайта бунёд этилаётгани, Етти Пир обод қилинаётгани ҳақида сўз қилиб бердилар. Мана шундай ўзгаришларни кенг халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш зарурлиги тўғрисида гапирдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзлари якунида Аллоҳ таоло насиб этса, яқин кунларда мўмин-мусулмонларимиз учун яхши хушхабарлар бўлиши ҳақида сўз қилиб, Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Шунингдек, суҳбат ниҳоясида намозхонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ЎМИ матбуот хизмати
Сўраган эдингиз: Ҳозирги кунда фиқҳий мазҳабларга эргашиш шартми?
«Сузук ота» мажмуаси Қувайт телевидениеси нигоҳида (видео)
Уламолар ташрифи масжидлар жамоати ва эҳтиёжманд кишиларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовлар аср намозини Наманган туманидаги "Отавалихон" жоме масжидида шом намозини "Умарбой хожи" жоме масжидида жамоат билан адо этдилар. Намоздан сўнг маданий мерос тарихи, бу ерда қилинаётган ишлар хусусида жамоат билан суҳбатда бўлдилар. Маданий меросларимизга бўлаётган эътибор, шукроналик неъмати, юртимизда яшаб ўтган динимиз ривожи, халқимиз маърифатига ҳисса қўшиб ўтган уламолар ва уларнинг қилган ишлари хақида суҳбатлашдилар.
Наманган туманидаги бемор ва ижтимоий кўмакка мухтож оилалардан ҳабар олинди ва уларга "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан совғалар берилди.
***
Наманган вилоятида меҳмон бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла бугун Наманган туманидаги "Нуртепа", “Ал-Масжидун-Набавий” ва "Турсун ача" жоме масжиди намозхонлари билан аср намозидан сўнг Аллоҳ таолонинг раҳмати, марҳати ва унга олиб борувчи омиллар ва Мўмин инсонниг сифатлари тўғрисида хусусан,бошқаларга яхшилик қилиш, ёмонлик қилишдан сақланиши, ҳатта тил билан бўлса ҳам озор бермаслик ҳақида батафсил маъруза қилиб бердилар.
Суҳбатдан сўнг ўтган уламолар ҳақларига ҳамда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигида ҳизмат қилаётганлар ҳаққига Аллоҳ таолодан сўраб дуои хайрлар қилдилар.
ЎМИ матбуот хизмати
Гўзал хулқ
Оила-жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи дедик. Лекин ҳамма оилалар хақида ҳам шу гапни айтиш мумкинми? У қачон шундай даражага кўтарилади? Ким уни ана шундай мақомга олиб чиқади? Қачонки оилаларда тарбия устувор вазифа деб қаралса. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, ота-оналаримизнинг алоҳида ўрни бор. Таъбир жоиз бўлса, энг катта тарбиячи ота-оналаримиздир.
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарбия хақида бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Ким уларга эргашса, улкан ютуқларга эришади: “Менга ушбу нарсаларга кафолат беринг, мен сизларга жаннат кафолатини бераман. Сўзласангиз, рост сўзланг. Ваъда қилсангиз, вафо қилинг. Омонат топширилса, сақланг. Кўзларингизни тўсинг ва қўлларингизни тийинг” (Имом Аҳмад). Ушбу ҳадиси шариф ижтимоий ва маьнавий тарбиянинг асосидир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун ҳаётларини уммат тарбиясида ўтказганлар. Бир киши қалби қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, етимнинг бошини силашни буюрдилар. Насиҳат қилинг деб келган саҳобага: “Ғазаб қилма!” дедилар.
Пайғамбар бўлиб келиш сабабларидан бирини баён қилиб: “Албатта мен карамли хулқларни батамом ниҳоялаш учун юборилдим”, деб айтганлар (Имом Бухорий).
Оишадан (розийаллоҳу анҳо) у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари хақида сўралганида: “Хулқлари Қуръон эди” (Имом Аҳмад), деб жавоб берган. Яьни, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръондаги одоблар билан хулқланган эдилар.
Бу хусусда Анас (розийаллоҳу анҳу): “Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн йил хизмат қилдим. Бирор нарсани қилган бўлсам, нега бундай қилдинг, деганларини ёки бирор нарсани тарк этсам, мана бундай қилсанг бўлмасмиди, деганларини эшитмадим”, деб гувоҳлик берганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Пайғамбар бўлганларидан бошлаб то вафот этгунларича одамларни тарбияга,гўзал хулққа чақирганлар. Абу Зарр (розийаллоҳу анҳу) Маккада у зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларини эшитиб, укасига: “Бориб қарачи, бу водий соҳиби нима демоқда?” деганлар. Укалари қайтиб келиб: “Бу водий соҳиби, яьни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни гўзал хулққа даьват қилаётганликларини кўрдим” деб айтган.
Чиройли ахлоқнинг тури кўп. Улардан шахсга хос бўлганлари бор: ҳақда собит туриш, ширинсўзлик, ростгўйлик, ихлос, ҳилм, олийжаноблик, юмшоқлик, адолат, омонатдорлик, ва хоказо. Улардан жамиятга хослари эса ўзлари кўмаклашиши, эҳсон қилиш, вафодорлик, саҳийлик, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш кабилардир.
Кишининг хулқи гўзал, тарбияси чиройли бўлиши комил имонли эканидан нишонадир. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг имони энг мукаммали хулқи гўзал бўлганларидир”, деганлар (имом Термизий).
Гўзал хулқ сабабли киши Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг маҳбуб ва қиёмат куни у зотга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг яқин киши бўлади. Бу хусусда ҳадиси шарифда: “Огоҳ бўлинг, сизларнинг менга энг маҳбубингиз ва қиёмат кунида менга энг яқин ўтирадиганлариннгиз кимлигини айтайми? Хулқи гўзал бўлганларинигиздир” (Имом Байҳақий), яна бир ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, киши гўзал хулқи сабабли кундузи рўза тутувчи, кечаси ибодат қилувчи киши даражасига етади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд).
“Мен хулқини гўзал қилган кимса учун жаннатнниг энг олийсидаги қасрга кафилман” (Имом Абу Довуд). Уламолар бу ҳадисни келтириб, гўзал хулқ, чиройли тарбия хақидаги ҳадислар хусусида: “Шундан бошқа ҳадис бўлмаганида ҳам кифоя қиларди”, дейишган. Қарангки, чиройли ахлоқ оҳибига шунча яхшилик, мукофотлар бор. Демак, фарзанд тарбиясига бутун куч ғайратини сарф этган ота-она, тарбиячи ва мураббийлар учун ҳам шунча савоб-мукофотлар борлигига ҳеч шубҳа йўқ.
Ота-она фарзандига фақат яхшиликни хохлайди. Ҳадиси шарифда айтилганидек, отанинг фарзандига берадиган тортиқлари ичида энг афзали тарбия ва одобдир. Фарзанд туғилганидан кейин ота зиммасига унинг моддий таьминоти билан бирга, маьнавий тарбияси ҳам вожиб бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизни маҳкам тутингиз ва уларнинг одобларини гўзал қилингиз” (Имом Байҳақий), деганлар.
Инсон агар эзгу ғоялар асосида тарбия топаётган бўлса, у ҳамиша зулматдан қочиб, ёруғликка интилади. Ҳар қандай давлатни, жамиятни ўзидан нур таратадиган, шунингдек ана шундай нурга, ёруғликка интиладиган шахслардан ташкил топган оилалар, шундай оилаларда камол топган инсонлар таянч устун бўлиб ушлаб туради. Халқ ва миллатнинг маьнавияти, ахлоқи, эзгу аньаналари, қўйингки, унинг бор миллий бойлиги, бисоти ана шундай қалбларда макон топиб, тадқиқ этилиб, сайқалланиб, бойитилиб бошқа қалбларга, биздан кейинги авлодларга ўтади.
А.ЖУМАЕВ,
Шаҳрисабз туман бош имом-хатиби