muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида одамларни рози қилиш, адашганни тўғри йўлга бошлаш, йиқилганни суяш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ана шу улуғвор тамойил асосида, қолаверса, халқимизга хос инсонпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик қадриятларини эътиборга олган ҳолда, ҳаётда билиб-билмай хато қилган, жиноят кўчасига кириб қолган инсонларга мурувват кўрсатилмоқда, уларни тўғри йўлга қайтариш, жамият учун фойдали шахсга айлантиришнинг самарали чоралари кўрилмоқда. Афв институти мазкур сиёсатни рўёбга чиқаришнинг самарали механизмига айланди.

Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ фуқароларнинг Рамазон ҳайити арафасида Президент фармони билан афв этилиши ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ифодаси ҳамда қанчадан-қанча инсонларга, уларнинг оиласи ва яқинларига давлатимиз раҳбаридан ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Афв этилганлар ўз уйларига кириб борар экан, уларнинг яқинлари, айниқса, фарзандлари кўзларидаги чексиз қувончни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Аслида, афв этишдан кўзланган мақсад хато қилганни фақат кечириш эмас, балки уларнинг оилаларига ҳам рўшнолик олиб киришдир.

Мазкур афвнинг ўзига хослиги шундаки, ҳар бир хонадонда хурсандчилик, шукроналик ҳукм сураётган бугунгидек байрамона кунларда афв этилганлар ҳам ўз оиласи, яқинлари бағрида том маънода байрам шукуҳини ҳис қилади. Асосийси — ибратли сабоқ, яхши якун, қайта хато қилмаслик.

Муборак рамазон ойида амалга оширилган яна бир хайрли тадбир — “Меҳр-5” операцияси ҳам алоҳида эътирофга муносиб. Зеро, 93 нафар аёл ва ёш боланинг можароли ҳудудлардан юртимизга қайтариб олиб келингани том маънода Президентимизнинг сиёсий иродаси ва инсонпарварликнинг юксак намунаси бўлди.

Ушбу инсонларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун қилинаётган бундай хайрли ишлар эзгуликнинг олий намунаси эканини таъкидлаш лозим. Афв этилган фуқаролар билан тизимли мулоқотлар қилиш, муаммоларини ҳал этиш, саволларига тўлақонли жавоб бериш уларнинг жамиятга тез мослашиши ва ўз ўрнини топишида жуда муҳим омил ҳисобланади. Шу сабабли Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Илк афв эълон қилинган кундан бошлаб, афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича аниқ ва мақсадли механизм шакллантирилган. Тизимли тадбирларнинг ижобий самараси ўлароқ, уларнинг аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топди: тадбиркорлик, тикувчилик, чорвачилик, деҳқончилик ва бошқа фойдали машғулотлар билан шуғулланмоқда. Ҳожилик мақомидаги юртдошларимиз ҳам афв этилган ватандошларимизнинг ижтимоий мослашувига яқиндан ёрдам бераётганларини қайд этиш керак.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг афв этиш тўғрисидаги фармони қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашди. Бу чинакам инсонпарварлик намунаси, юксак бағрикенглик ифодасидир. Зеро, афв институтининг моҳиятида ҳам ана шу улуғвор ғоя мужассам.

Содиқ ТОШБОЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 25 май, № 104 (360)

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги ИШИДга қўшилган ўзбек аёллари ва уларнинг фарзандларини қайтариш амалиётини олқишлади.

Шу билан бирга, ИШИДнинг Сурия ва Ироқда қайта тикланишини камайтириш учун Ўзбекистон тажрибасига эргашишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу ҳақда VOA – Америка овози ёзмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz.

«Улар ажойиб ишни амалга оширишди», - деган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблум.

Мақолада эслатилишича, президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ҳукумат 2019 йилда Сурия шимоли-шарқида жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган ватандошларни қайтариш бўйича «Меҳр» амалиётини ўтказишни бошлаган эди. 2019 йил май ойидан буён 2 йил мобайниджа 435 аёл ва болалар, нафақат Суриядан, балки Ироқ ва Афғонистондан ҳам ватанга қайтарилди. Уларнинг 343 нафари 1-15 ёшдаги вояга етмаган болалардир.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати хориждаги террорчи ташкилотларда қанча ўзбекистонлик борлигига доир маълумотни ошкор қилмайди, бироқ ўрганишлар, бу рақамларнинг минглаб эканини кўрсатади.

БМТнинг Ўзбекистондаги координатори Ҳелена Фрейзернинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг «мақтовга сазовор тажрибаси ва ҳамкорлиги» дунёнинг 56 мамлакатнинг 10 мингга яқин фуқароларини Суриядаги ИШИД таркибидан қайтаришда намуна бўла олади.

«Меҳр» амалиёти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг рўйхатига киритилган террористик гуруҳларга алоқаси бўлган аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш, репатриация қилиш, судга тортиш, уларни реабилитация қилиш ва ижтимоий тинч ҳаётга интеграциялашувининг асосий тамойиллари чиқарилиши билан бир вақтга тўғри келди», - деган Фрейзер VOA – Америка овозига сўзлар экан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аввало биргаликда тавба қилайлик:

استغفر الله (3) استغفر الله العظيم الکريم الذی لا اله الا هو الحی القيم و اتوب اليه. اللهم انت ربی لا اله الا انت خلقتنی و انا عبدک و انا علی عهدک و وعدک ما استطعت اعوذ تک من شر ما صنعت ابوء لک بنعمتک علی و ابوء بذنبی فاغفرلی فإنه لا يغفر الذنوب الا انت

Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ. Астағфируллоҳал ъазийм ал карим, аллазий лаа илаҳа илла ҳу... Ал ҳаййул қайюм ва атубу илайҳ.

Аллаҳума анта робби... Лаа илаҳа илла анта халақтаний... Ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма санаъту абуу лака биниъматика алаййа ва абуъу бизамби фағфирли фа иннаҳу лаа яғфируз зунуба илла анта.

Ё Раббана! Шу ёшимизга қадар қилган хатоларимизни, гуноҳларимизни, айбларимизни, қусурларимизни лутфинг, караминг билан кечир. Бундан кейинги ҳаётимизда гуноҳу хато қилмасдан, севган қулинг бўлиб яшашимизни насиб эт!

Инсон гуноҳ қилган, айбли бўлиши мумкин. Аллоҳу Таъоло ҳазратлари Ғаффораз зунубдир – гуноҳларни авфу  мағфират этгувчидир. Сатторал уюбдир – айбларни беркитувчидир. Афувдир – авф этишни севади.

Каримдир – бандасининг гуноҳидан қатъи назар, озгина қилган савобли ишлари учун ҳам кўп мукофотлар бериб, уни охиратда бахтиёр қилувчи улуғ раҳматга эгадир. Демакки, банда хатосини тушунсин, Аллоҳга қайтсин...

Аллоҳга қайтишни «тавба» дейдилар. Шуни билиш керакки, фақатгина «Тавба қилдим, ё Раббим!» дейишнинг ўзи билан тавба тавба бўлмайди. Тавба – ваъдадир, надоматдир... Инсон ўз ҳаётининг жараёнини, фаолиятини, йўналишини, яшаш тарзини ўзгартиришидир. Шунинг учун Аллоҳга астойдил тавба қилиш керак...

Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу Куфа масжидига кириб қарасалар, масжиднинг бир бурчагида бир одам: «Тавба қилдим, ё Раббим! Тавба қилдим, ё Раббим!..» – деб ўтирибди. Ҳазрат Али унга: «Тавба қиляпсан, бу жуда яхши, аммо шуни билки, фақатгина сўзда: «Тавба қилдим, ё Раббим!» дейиш ёлғончиларнинг тавбасидир», – дедилар. Чунки тили билан тавба қилади, феъл-одатини ўзгартирмайди. Инсон ўз ҳолини, феъл-атворини ўзгартириши, яхши бир инсон ҳолига келиши керак.

Масалан, Аллоҳ асрасин, қимор ўйнаса, қиморни ташлаши, Аллоҳ асрасин, ичкилик ичувчи бўлса, ичкиликни ташлаши, ёмон одатлари бор бўлса, уларни ташлаши керак! Жаноби Ҳақ йўлига қайтиш бу...

Инсоннинг қайтиши қатъий бўлса, бу қайтишга «тавбаи-насуҳ», жуда самимий тавба дейдилар. Насуҳ – жуда самимий дегани. Мана шундай самимий қайтиш – тавба қилса, олдинги гуноҳлари қанча кўп бўлса ҳам, Аллоҳ кечиради. Ҳатто қотил бўлса ҳам, золим бўлса ҳам, кечиради. Бу хусусда Ҳадиси шарифларда муждалар бор. Шунинг учун Аллоҳнинг раҳматидан асло умид узмаслик, Аллоҳнинг раҳматини исташлик керак!..

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди халқимиз орасида ўзаро бирдамлик ва меҳр-оқибатни кенг тарғиб этиш ва шу йўлда хизмат қилаётганларни рағбатлантириш мақсадида “Яхшилик қил – 2021” ижодий ишлар танловини эълон қилган эди.

Бугун, 24 май куни “Вақф” хайрия жамоат фондининг "Yaxshilik qil – 2021" танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу жараён жонли эфир тарзида muslim.uz ва vaqf.uz порталлари саҳифасида орқали узатилди.

Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков, Диний идора бўлим мудири Муҳаммад Айюб домла Ҳомидов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлими бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, мутасадди вакиллар ва танлов қатнашчилари иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра "Яхшилик қил – 2021" танлови “Энг яхши видеоролик” йўналиши ғолиби Ёрқин Ҳалил бош мукофот, яъни махсус диплом ва 7 000 000 сўмлик сертификат соҳибига айланди;

"Яхшиликни тарғиб этувчи энг яхши мақола" йўналиши ғолиби Ҳайтмурат Ережепов махсус диплом ва 5 000 000 сўмлик сертификатга эга бўлди;

“Яхшиликни тарғиб этувчи энг яхши инфографика” йўналиши ғолиби Дилафруз Қурбоновага эса махсус диплом ва 5 000 000 сўмлик сертификат насиб қилди.

Ушбу йўналишлар бўйича ғолибларга диплом ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири Ҳилол” китоблари, эсдалик совға ва махсус сертификат билан тақдирланишди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир маъруф садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи худди уни қилувчи кабидир”, дедилар».

Аллоҳ таоло “Вақф” фондининг хайрли ишларига барака берсин, ғолибларга мукофотларни муборак қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Савол: Мен шариатга мувофиқ кийинишим учун нималарга эътибор беришим керак. Баъзи муслима аёл-қизлар қора рангли кийим киядилар. Ҳижоб қора рангда бўлиши шартми?

 

Жавоб: Шариатимизга кўра аёллар либоси айнан қора рангда бўлиши шарт қилинмаган. Қуръони каримда ҳам, суннати набавияда ҳам аёллар қора рангли либосда бўлиши ҳақида кўрсатма йўқ. Шариатда талаб этилгани – аёлларнинг либоси аврат аъзоларини тўлиқ ёпиши кераклигидир. Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёлларнинг икки қўли, кафти ва юзидан бошқа аъзолари аврат ҳисобланади.

Шунингдек, аёл киши кийган кийимнинг ўзи ҳам зийнат бўлмаслиги шарт. Яъни, номаҳрам эркак кишиларнинг эътиборини ўзига жалб қиладиган ялтироқ ва яшнаб турувчи рангларда бўлмаслиги талаб этилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аёллар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар!” дея буюрган (Нур сураси, 31-оят).

Ушбу оятдан уламолар аёл кишининг либосининг ўзи зеб-зийнат билан бурканган, одамларни ўзига жалб қиладиган бўлмаслиги кераклиги келиб чиқишини таъкидлашган.

Ислом тарихида баъзи саҳобия аёлларнинг қора рангли ёпинчиққа ўранганларининг асосий сабаби ўзларига номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб этмаслик бўлган. Лекин бундан бошқа муслима аёлларнинг ҳам кийимлари айнан қора рангда бўлиши шарт экани келиб чиқмайди. Чунки бошқа кўплаб ривоятларда Расули Акрам алайҳиссаломнинг аёллари, қизлари ва бошқа саҳобия аёллар ипак, пахта, канопдан тўқилган қизил, кўк, оқ ва сариқ рангли матолардан кўйлак кийишгани нақл қилинган.

Машҳур тобеинлардан Иброҳим Нахаий ва Алқама ибн Асвадлар Набий алайҳиссаломнинг аёлларини қизил ёпинчиқда кўрганларини айтишган (Ибн Аби Шайба ривояти).

Яна бир тобеин Ибн Аби Мулайка: “Умму Салама разияллоҳу анҳонинг устида сариққа бўялган рўмол ва кўйлакни кўрдим”, деган (Ибн Аби Шайба ривояти).

Шунингдек, Қосим ибн Муҳаммад Оиша онамизни эҳромдалик пайтларида сариқ рангли кўйлак кийганларини айтган. Саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу эса: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумнинг устига йўл-йўл чизиқли ипак тўн ёпиб қўйилганини кўрганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти)

Расули Акрам алайҳиссаломнинг суюкли қизлари Умму Кулсум разияллоҳу анҳо йўл-йўл чизиқли кийим кийганлари, ана шундай ранг ва шаклдаги либос кийиш аёлларга жоиз эканига далолат қилади.

Аёлларнинг қора кийим кийишларига диний тус бериш нотўғри эканини ҳозирги замон уламолари ҳам таъкидлаб ўтишган. Жумладан: Саудия Арабистонига қарашли “Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси” томонидан эълон қилинган “Аёл кишининг рўмоли ва либосининг ранги ҳақида”ги фатвосида шундай дейилган:

“Муслима аёл кишининг либоси қора рангга хосланган эмас. У истаган рангдаги либосни кийиши мумкин. Бунда кийим аврат аъзоларини тўсадиган бўлиши, эркакларнинг либосига ўхшамаслиги, тор бўлиб, аёлнинг аъзоларини билдириб турмаслиги, юпқа бўлиб, ортидаги нарсани кўрсатадиган бўлмаслиги ҳамда фитнага сабаб бўлмайдиган либос бўлиши шарт қилинган”.

Фазилатли шайх Аднан Таҳа Аммоннинг “Дастур” газетасига берган интервюсида шундай дейдилар: “Ҳижоб кийимининг қора бўлиши мажбурий эмас. Лекин ҳар қандай рангда жоиз. Шуҳрат кийими ёки диққат эътиборни тортадиган даражада бўлиши керак эмас. Одатда араб аёллари қора рангли кийим кийишади. Бу урф саналиб, камтарлик белгиси деб санашади. Шаҳарларда айрим қабилалар ва аёллар бош ва юзни бекитувчи ранг сифатида оқ рангдан фойдаланишган. Аслида динимиз аёлларни маълум бир рангдаги кийимни кийишга мажбурламайди”.

Ушбу маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, динимизда аёлларнинг либоси ёки рўмоли муайян бир рангда ёки шаклда бўлиши қатъий белгиланмаган. Балки Ислом динига мансуб ҳар бир халқнинг ўз миллатига, замонасига хос кийими бор. Масалан: Эронда бошқача, Туркияда бошқача, Малайзияда, Индонезияда бутунлай бошқача. Шу боисдан табиийки, ўзбек миллатига мансуб мусулмон аёлларининг миллий кийими ҳам ўзгача. Аёл киши юзи ва икки қўлининг кафтларидан бошқа аъзоларини беркитадиган ҳолда сидирға ёки гулли матодан кўйлак кийиб ва рўмол ўраб юрса жоиздир. Куйлак ва рўмолни қайси кўринишида ёки рангда бўлишнинг аҳамияти йўқ.

Кузатишлардан яна бир жиҳатни англаш мумкинки, айни кунларда аёл-қизлар орасида қора рангдаги либос кийишдан мақсад авратни тўсиш эмас, балки модага айланиб бормоқда. Шунингдек, урфимизда одат бўлмаган бошдан-оёқ тим қора либос қийиш жамиятда кўпчиликни ўзига жалб этиши билан авратдан ёпишдан бош мақсад бўлган ўзгаларни жалб этмаслик талабига зид ҳолатдир. Мана шу жиҳатни ҳам доимо ёдда сақлаш керак.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари оқ кийим барча рангларнинг энг яхшиси, шунинг учун уни иложи борича тез-тез кийиш кераклигини айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир. Ҳамда уларда ўликларингизни кафанланглар”, деганлар.

Баъзи араб халқларида аёллар қора рангли кийим кийишларини айрим мутахассислар қуйидагича таҳлил қилишган:

1) оқ ранг эркаклар устунлигини таъкидлайди. Аёл эркак кишига соя каби эргашиши учун қора кийим кияди. Шундай қилиб, бу кимнинг аёли ва кимга тегишли экани дарҳол тушунарли бўлади;

2) қадимги пайтда араб қабилалари орасида тунда кўплаб ҳужумлар содир этиларди, ўлжа сифатида болалар ва аёлларни қўлга олишарди. Шунинг учун ҳужум қилаётганлардан яшириниш мақсадида аёллар қорамтир кийим кийишган;

3) араб мамлакатларининг ҳудуди анча иссиқ. Кўчада қорамтир кийим кийган аёллар тезда қизиб кетиб, кўчада беҳуда кезиб юрмасдан тезда уйга қайтишга тўғри келган.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

- Ислом динида аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилсада, бунда махсус рангдаги кийим кийиш шарт этиб белгиланмаган.

- Баъзи шарқ мамлакатлари аёлларининг қора кийим кийиши арабларнинг иқлимий ва маданий-тарихий омиллари билан боғлиқ бўлиб, бунга диний тус бериш тўғри эмас.

- Модага эргашиб, қора либос кийиш ҳам дуруст эмас. Шунингдек, одат бўлмаган бизнинг жамиятдаги тим қора либос қийиш орқали кўпчиликни ўзига жалб этиш ҳам динимизда маъқулланмайди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Top