muslim.uz
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президентининг Оролбўйини ривожлантириш бўйича ташаббусини маъқуллади
Муносабат
2021 йил 19 май куни Ҳиндистоннинг «International Affairs Review» электрон нашрида шундай сарлавҳали мақола эълон қилинди.
“Орол денгизининг қуриши оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш чора-тадбирлари глобал иқлим ўзгариши ва экологик ҳалокатларнинг кескинлашуви шароитида долзарб аҳмият касб этаётган муҳим устувор вазифалар сифатида белгиланган, деб ёзади мақола муаллифи Адити Баҳодури.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида экологик муаммоларни ҳал қилиш соҳасида кўлами ва аҳамияти жиҳатдан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Орол денгизи қуриши оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш муҳим устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Буларнинг барчаси глобал иқлим ўзгариши ва экологик ҳалокатларнинг кескинлашуви шароитида долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда дунёда орол фожиаси билан боғлиқ салбий ўзгаришлар нафақат Марказий Осиё мамлакатларига, балки дунё миқёсидаги барқарор ривожланишга ҳам жиддий хавф солмоқда, деган тушунча ортиб бормоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-ессиясида чиқиш қилиб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол денгизи инқирозининг бутун минтақага кўрсатаётган зарарли таъсирига қаратди. Ўшанда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш таклиф этганди.
Ўзбекистон раҳбари томонидан халқаро минбарларда ҳамда минтақавий даражадаги нуфузли тадбирлар доирасида билдирилган ушбу барча ташаббус ва таклифлар аста-секин ҳақиқатга айланмоқда.
Шу жиҳатдан, 2021 йил 18 май куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан маъқулланиши диққатга сазовордир.
Ушбу ҳужжат Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилади ҳамда бу борада БМТга аъзо давлатлар, жамғармалар, дастурлар ва муассасаларни, халқаро молия институтлари ва бошқа манфаатдор томонларни Орол денгизи минтақасида барқарор, инклюзив иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун экологик хавфсиз, энергия ва сув тежайдиган технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга чақиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақаларо тадқиқотлар институти бош илмий ходими Нозим Ҳасанов олиб борган тадқиқотларга кўра, Орол денгизининг қуриган майдони Қозоғистон ҳудудида 2,2 миллион гектар, Ўзбекистон ҳудудида – 2,3 миллион гектарни, жами 4,5 миллион гектарни ташкил этади. Ҳар йили денгиз тубидан 100 миллион тоннагача туз ва чанг кўтарилади, тарқалаётган туз ва чанг аҳоли саломатлиги, минтақа табиати ва иқтисодиётига мислсиз зарар етказмоқда.
Шу боис, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Орол муаммосини ҳал этиш бўйича ёндашувларда туб ўзгаришлар кўзда тутилган эди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли ҳаёти учун глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича изчил чора-тадбирлар белгиланганди.
2017 йил 18 январда ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида 2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинди. Ўша йили ишончли ва барқарор молиялаштиришни таъминлаш мақсадида Оролбўйи минтақасини ривожалантириш жамғармаси таъсис этилди. Ҳалокат оқибатларини юмшатиш, экологик, ижтимоий-иқтисодий ҳолат ва маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга йўналтирилган умумий ҳажми қарийб 800 миллион АҚШ долларига тенг 67 та лойиҳанинг амалга оширилиши бу борада муҳим қадамлардан бўлди.
Шунингдек, 2018 йилда Туркманистонда ўн йиллик танаффусдан сўнг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари йиғилишининг ўтказилиши муҳим воқеалардан бири бўлди.
Ушбу йиғилишда жамғарма фаолиятини такомиллаштириш, минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш, сув ресурсларини мувофиқлаштирилган тарзда бошқариш, Марказий Осиё мамлакатларининг бу борадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон раҳбари йиғилиш ижтирокчилари эътиборини Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратиб, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси – бу борада ягона минтақавий ташкилот эканини қайд этган эди.
Шунингдек, Оролбўйи ҳудудида минтақада экологик вазиятни соғломлаштиришга қаратилган сув ресурслари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ягона рўйхатни шакллантириш ва дунёнинг экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, бундай лойиҳаларни биргаликда тайёрлаш ҳамда ушбу мақсадлар учун узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ва грантларни ажратиш таклифи билдирилди.
Ана шу мақсадда 2018 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Марказ шўрланган муҳитда тадқиқотлар ўтказишга йўналтирилган, шунингдек, таълим ва технологиялар соҳасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиради.
Чўлни воҳага айлантириш учун каттагина молиявий ва инсон ресурслари ажратилди. 2020 йилда коронавирус пандемиясига қарши кураш олиб борилганига қарамай, Орол денгизининг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш бўйича бошланган кенг миқёсли ишлар тўхтамади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Орол денгизининг қуриган тубига экилган кўчатлар майдони 1,2 миллион гектарни ташкил этади.
Шу билан бирга, қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга йўналтирилган фармон ва қарорлари ижроси устидан назорат кучайтирилди. Ана шу мақсадда 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Қўмита экологик инқироз ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш зонасига айлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланмоқда.
Масалан, Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманида қиймати 1,1 миллион АҚШдолларига тенг сувни тозалаш ускуналари ўрнатилди. Бундан ташқари, қўмита ЮНЕСКО билан қорақалпоқ ўтовларини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу Оролбўйи минтақасида туризмни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишда муҳим қадамлардан бири бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев юқори минбарлардан туриб дунё ҳамжамиятини денгиз қуриши натижасида келиб чиқадиган оқибатларни бартараф этиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни фаол тарзда бирлаштиришга чақириб келмоқда. 2017 йилда Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб Орол денгизи харитаси ва унинг фожиаси кўламини яққол намойиш этди. Шунинг учун ушбу сессияда Ўзбекистон раҳбарининг Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондини ташкил этиш ташаббуси дунё ҳамжамиятида жўшқин акс садо берди. Бир йилдан сўнг, 2018 йил 27 ноябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Траст фонди фаолияти йўлга қўйилди.
Жамғарма мақсадлари ва вазифалари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, унинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун маблағ йиғиш мақсадида халқаро донорлик ташкилотлари ва молия институтлари иштирокида турли тадбирлар ташкиллаштириш бошланди. БМТ шафелигида 2019 йил 24-25 октябрь кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтган “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуман ана шундай муҳим тадбирлардан бўлди. Унда кўплаб давлатлар, шунингдек, БМТ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари иштирок этди. Анжуманда халқаро ҳамжамиятнинг экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги, Оролбўйи минтақасида истиқомат қилаётган аҳоли турмуш шароитини яхшилаш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди. Ушбу форум ва бошқа тадбирлар қисқа муддатда зарур инвестицияларни жалб қилишга ва БМТ Траст фондининг фаол ишини бошлашга ёрдам берди.
Ҳозирги кунда жамғарма 26,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тўплади. Қайд этиш жоизки, минтақада янги иш ўринлари ташкил этиш, табиий офат зонасида ижтимоий ва табиий шароитларни яхшилаш мақсадида 5 йил давомида яна 123,2 миллион АҚШ доллари йиғиш режалаштирилган.
2020 йил 1 декабрда жамғарма ҳузурида Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш бўйича Маслаҳат қўмитаси ҳам ташкил этилди. Қўмита белгиланган вазифаларнинг комплекс ечимларини ишлаб чиқиш бўйича қимматли тавсияларни тақдим этади. Масалан, қўмитанинг 2021 йил 30 мартда БМТ ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги шафелигида бўлиб ўтган йиғилишида академик доиралар, халқаро молия институтлари, БМТ агентликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хусусий сектор, давлат муассасалари, фуқаролик жамияти институтларининг 130 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Учрашувда жамғарманинг Оролбўйи минтақасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, перинатал ёрдам сифатини ошириш, қишлоқ хўжалигида ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, умумтаълим мактабларида санитар шароитларни яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиргани қайд этилди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасининг бешта аҳоли пунктида истиқомат қилаётган қарийб 35 минг киши тоза ичимлик суви билан таъминлангани, инфратузилма сезиларли даражада яхшилангани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари, Қўнғирот, Беруний туманларидаги туғруқхоналар ҳамда Нукус шаҳридаги перинатал марказда янги ускуналар ўрнатилган.
Учрашувда, шунингдек, умумий қиймати 12,4 миллион АҚШ долларига тенг янги лойиҳалар ҳам маъқулланди. Мўйноқ туманида ихтисослашган шифохона қуриш, қишлоқ хўжалигига қатор инновацион, тежамкор технологияларни жорий қилиш қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда Европа Иттифоқи, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, БМТнинг атроф-муҳит дастури, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги, турли мамлакатлар вакиллари Оролбўйи минтақасида барқарор ривожланиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Бажарилган ишлар БМТ Траст фондини ташкил этиш ғояси ўз вақтида ва талаб даражасида бўлганидан далолат. Бунинг самарасида сайёрамиздаги йирик экологик фожиалардан бири бўлган ҳалокат оқибатини бартараф этишда халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имкони пайдо бўлди.
Жамғарма жаҳон ҳамжамиятининг Оролбўйи аҳолисига амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган кенг кўламли ва узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича халқаро платформа вазифасини ўтади.
Шу билан бирга кўриб чиқилаётган муаммо минтақа давлатлари етакчилари эътиборида турибди. Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг иккита маслаҳат учрашуви минтақавий, жумладан, экологик муаммоларни муҳокама этиш ва ҳал қилиш учун самарали майдонлардан бирига айланди (биринчиси 2018 йил март ойида Нурсултонда, иккинчиси 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлган). Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу каби учрашувларни ташкил этиш ташаббускори бўлди.
Иккинчи маслаҳат учрашуви якунида минтақа мамлакатлари раҳбарлари қўшма баёнот қабул қилди. У бошқа масалалар каби Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф қилиш билан боғлиқ муаммоларни қамраб олади.
Ҳужжатда Орол денгизи ҳавзасида ўзаро ҳамкорлик янада ривожлантирилиши ва мустаҳкамланиши истаги билдирилган. Шунингдек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси имкониятларидан ва кўпшериклик Траст фондининг ресурсларидан минтақага янги билимлар, инновацион технологияларни жалб қилиш, «яшил» иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш, саҳроланиш кучайиши, экологик миграциянинг олдини олиш ва бошқа чоралар бўйича амалий вазифаларни ҳал қилиш мақсадида фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида ушбу муаммога алоҳида тўхталиб ўтди. Ва яна бир бор жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол фожиасининг минтақага салбий таъсирига қаратди. Ўзбекистон раҳбари Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди.
Бугун Орол денгизини тиклаш ҳақида эмас, балки денгиз қуришининг одамлар соғлигига таъсирини енгиб ўтиш, ушбу кенг кўламли экологик ҳалокатнинг таъсирини камайтириш ҳақида сўз бормоқда. Орол ҳалокатининг сабабчиси инсон, аммо айнан инсонгина бу ҳудудга ҳаётни қайтаришга қодир. Денгизнинг қуриган тубида униб-ўсаётган дарахтлар бунга ишонч уйғотмоқда.
Кўз ўнгимизда бутун минтақа ўзгариб бормоқда, одамлар тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда, замонавий уйлар, йўллар, мактаблар, касалхоналар барпо қилинмоқда. Бу ерларга хорижий инвесторлар етиб келди, дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар сони ортмоқда. Буларнинг барчаси Оролбўйи тикланаётганидан ва унинг истиқболи порлоқ эканидан далолат беради.
Адити Баҳодури,
«International Affairs Review»,
Ҳиндистон
Шамоилул Мустафо (19-қисм): Пайғамбар алайҳиссаломга илоҳий эҳтиром намуналари (Аудио)
Сайёҳлик имкониятларимиз Қирғизистонда намойиш этилди
Қирғизистоннинг Чўлпон ота шаҳрида жойлашган Чингиз Айтматов номидаги «Рух ордо» маданият маркази ҳудудида «Issyk-Kul ITF-2021 «I am nomad» Иссиқкўл халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Президент Садир Жапаров иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мазкур халқаро туризм ярмаркаси доирасида “Ёз-2021” сайёҳлик мавсуми бошлангани расман маълум қилинди.
Тадбирда халқаро сайёҳлик компаниялари, туроператор ва агентликлар, туризмни ривожлантириш бўйича давлат идоралари вакиллари, авиакомпаниялар, меҳмонхоналар, йўловчи ташувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари жамланди.
Қирғизистон Президенти тадбир иштирокчиларини қутлаб, Иссиқкўл халқаро сайёҳлик ярмаркаси 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётгани, унда қўшни мамлакатлардаги аксарият сайёҳлик компаниялари ушбу платформада ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда», деди.
Кўргазмада Президент маҳаллий туроператорлар, шунингдек, Туркия, Венгрия ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик бўлинмалари билан танишди.
Ўзбекистон элчихонаси мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида «Рух-ордо» маданият маркази сайтида миллий китоб, либос ва ўзбек халқ амалий санъати маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир доирасида сайёҳлик соҳасида хорижий сайёҳлик агентликлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ўрнатилган транспорт алоқалари, хусусан, «Тошкент–Балиқчи–Тошкент» темир йўли лойиҳаси, «Тошкент–Бишкек–Тошкент» автобус йўналиши ва республикалардаги эпидемиологик вазият яхшиланишидан кейин тўлиқ ишлай бошлайдиган «Тошкент–Тамчи–Тошкент» чартер авиарейси ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
"Энг катта ниятимиз - тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз"
Одамлар ҳар доим бир хил ҳолатда яшамайди. Аллоҳ таолонинг турли синовлари бўлиб ўтиши мумкин. Шундай синовлардан бири бу беморликдир. Қайси инсон берилган дардга сабрли бўлиб, Аллоҳ таолонинг синов имтиҳонига бардошли бўлса, гуноҳлари кечирилиб савобга эришади. Аммо, бу синовга сабрсизлик қилса, гуноҳкор бўлади. Мана шундай ҳолларда динимиз мўмин-мусулмонлар ўрталарида меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик зиёда бўлиши учун бир-биридан хабар олиб туришга чақиради.
Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладиларки: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир. Саломга алик олиш, касални бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса бориш ва акса ўргувчига яхшилик тилашдир” (Муслим ривояти).
Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан. Беморни зиёрат қилиш эса Ислом динида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Бунга, ушбу келтириладиган ҳадислар ажойиб далилдир.
“Бемор биродарининг зиёратида борган мусулмон киши, то қайтиб келгунча, жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”.
Бошқа бир ҳадисда эса “Бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг касаллигини эрталаб кўрса, албатта унга кечқурунгача етмиш минг фаришта саловат айтади. Агар кечқурун касални кўрса, албатта унга етмиш минг фаришта эрталабгача саловат айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади”.
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, турмушимиз осуда, беморларимизга клиника ва шифохоналарда даволаниш учун барча жиҳоз ва шароитлар муҳайё. Давлатимиз раҳбари томонидан барча ислоҳотлардан асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш экани, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутиши таъкидлаб келинмоқда.
2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинишидан ҳам бу соҳани янада такомиллаштириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш назарда тутилган.
Халқимиз Рамазон ҳайитини тинчлик-хотиржамликда, шукроналик билан байрам қилиб, ўзаро меҳр-оқибат янада ошиб, эҳтиёжманд оилаларга мурувват кўрсатиш, беморлар ҳолидан хабар олишдек савоб ишларни амалга ошираётган Рамазон ҳайити кунлари шундай эзгу қадриятларимизга мувофиқ, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига борди ва шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашди.
Пайғамбаримиз (с.а.в) беморни зиёрат қилиш одоблари ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Сиздан бирортангиз касал кўришга борса, у билан қўл бериб кўришсин ва қўлини беморнинг пешонасига қўйиб аҳволини сўрасин, унга шифо ва узоқ умр тиласин. Ва ундан ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрасин. Зеро, касал кишининг дуоси фаришталарнинг дуоси каби ижобатдир”. Бундан ташқари, яна беморнинг тузала бошлаганига ишора қилиш, самимий сўзлар билан унинг кўнглини кўтариш ҳам одобдир.
Бемор болалар ҳолидан хабар олган давлатимиз раҳбари оналар ва болаларни Рамазон ҳайити билан муборакбод этиб: “Бугун келишимдан мақсад - сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа турғазиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз”, дейиш орқали уларнинг кўнгилларини кўтардилар, шифо топишларига умид бағишладилар. Бундан ташқари, ушбу касалликни бартараф этиш бўйича ҳукумат томонидан бажариладиган амалий ишлар ҳақида ҳам тўхталдилар.
- Кўнгилларингиз бўлинмасин. Бир ўзларингиз эмассизлар. Ҳаммамиз ҳамдардмиз. Бу соҳада имкониятларни яхшилаш учун янги марказ қурамиз. У ерда оналар учун ҳам, болаларнинг ўқиши учун ҳам шароит бўлади, даволаш ҳам ўзгаради. Энг катта ниятимиз - тезроқ даво топиб, уйга, оилангиз бағрига қайтишингиз, - деди Президент.
Бемор дардига шифо топишда албатта, тиббий мутахассис кўмагига муҳтож бўлади. Бу пайтда у моҳир, ўз ишининг билимдони бўлган табиб ёки шифокорга мурожаат этиши лозим.
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят.)
Муфассир уламолар бу оят маъносини кенг тушуниш, яъни турли соҳа ва илмларда ҳам билимдон, мутхассислардан ёрдам сўраш зарурлигини айтганлар. Бу фақат диний, ақидавий масалалар билангина чегараланиб қолмайди. Инсоннинг жисмоний саломатлигини сақлаши, касалликларга муолажа қилишида ҳам ушбу оятга амал қилиши лозимлиги таъкидланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ дардни ҳам, давони ҳам туширган ва ҳар бир дардга давосини қилиб қўйган. Шундай экан даволанинглар”, дея марҳамат этганлар. Бу ҳадиси шариф мусулмон табибларини замонлар оша ҳар қандай касалликни даволашга қурби етганча уринишга ундаб келган ва янги-янги дориларни кашф этишларида илҳом манбаи бўлган. Иншаллоҳ, бу беморлар ҳам даво топадилар, ота-оналарини шод этиб, келгусида халқимиз ва мамлакатимиз фаровонлиги учун бел боғлаб хизмат қиладилар. Зеро, уларнинг шифо топишлари учун зарурий чоралар кўрилмоқда. Аллоҳ таоло барча беморларга Ўзи шифои комил берсин.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили