muslim.uz

muslim.uz

Хива шаҳрининг «Ичан қалъа» музейидан қадимий қудуқ топилди. Бу ҳақда Фанлар академияси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 19 апрель куни Хива шаҳрининг «Ичан қалъа» давлат музей қўриқхонаси ҳудудидаги таъмирлаш ишлари чоғида ёпиб ташланган қудуқ оғзи очилган. Бироқ унинг ноанъанавий кўриниши турли фаразларга сабаб бўлмоқда.

У бошқа сув қудуқлари каби пастдан тепага торайиб кетмасдан, унинг барча қисмида диаметри бир хил, яъни 2,6 метрни ташкил қилган. Чуқурлиги 5,6 метрга тенг. Қадимги анъанага кўра қудуқнинг асоси, яъни пойдевор қисмига Хоразм шароитида кўп учровчи дарахт, тут ёки гужумдан ёғоч пойдевор ўрнатилган. Ёғочнинг қалинлиги 16 сантирметр атрофида бўлган.

Шунингдек, қудуқ деворларига 25х25х6 сантирметр ўлчамдаги пишган ғишт билан терилган. Ғиштлар юзасида ромбсимон белгилар мавжуд. Қудуқ тахминан бундан 100-150 йил олдин қурилган. Мазкур қудуқдан айнан нима мақсадда фойдаланилгани масаласи илмий жиҳатдан ўрганилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الخميس, 22 نيسان/أبريل 2021 00:00

Толиби илм закот олишга шаръан ҳақлими?

Ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ "Танқийҳул фатовол Ҳомидийя" китобида бундай деганлар: "Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур. Агар унга етарли маблағни ажратмасалар, шу маблағ улардан қозининг буйруғи ила мажбуран ундириб берилур. Шунингдек, закотни вақтида адо қилмай, зиммасида закот бериш қарзи бўлган кишиларни ҳам уни адо этишга (толиби илмга беришга) мажбурланурлар".

Моликий мазҳабининг етук фақиҳи Қасрий ибн Муҳаммад ал-Мухтор ибн Усмон ибн ал-Қасрий, ал-Ийдайлабий раҳимаҳуллоҳ "Толиби илмлар ҳар йили мусулмонлардан юз динор миқдорида молиявий маблағ олишга ҳақли бўлурлар" – деб фатво берганлари айтилган.

Ҳамда Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: "Раддул Муҳтор" китобида бундай деганлар: "Байтул-мол яъни давлат бюджетидан ажратиладиган ёрдам пулларининг бериладиган ўринларидан бири – олимлар ва бошқа ишларни ташлаб, шаръий илм олишга астойдил киришган талабалардир". Валлоҳу аълам.

 

"Ҳадис илми мактаби" ўқитувчиси Баҳодир БАҲРОМЖОН ўғли

Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этиш борасида аҳоли фикрини билиш учун махсус сўров ўтказилди. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 60 фоиздан ортиғи мазкур тизим йўлга қўйилишига хайрихоҳлик билдирган.

Ўзбекистонда ислом молиясини ташкил этиш бўйича аҳоли фикрини билиш мақсадида 2 минг 235 нафар бизнес вакиллари ҳамда 5 минг нафар жисмоний шахслар орасида сўров ўтказилди. Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатасида ўтказилган давра суҳбатида маълум қилинган.

Қайд этилишича, тўғридан тўғри ва онлайн шаклда ўтказилган сўровда бизнес субъектларининг 38 фоизи, жисмоний шахсларнинг 56 фоизи диний қарашлари сабаб анъанавий банк кредит хизматидан фойдаланмаслигини билдирган.

Иштирокчиларнинг 61 ва 75 фоизи Ўзбекистонда ислом молия муассасалари иш бошласа ёки ислом молия хизматлари таклиф этилса, уни танлашга тайёр эканлигини айтган.

Шунингдек, сўровда банклар ҳам иштирок этган ва улардан Ўзбекистонда ислом молия тизимини жорий этишдаги энг катта тўсиқлар ва муаммолар ҳақида сўралган.

Маълум бўлишича:

  • ислом молия маҳсулотлари ва хизматларини, жумладан, ислом суғуртаси бўлган «такофул»ни тартибга солувчи қонунлар йўқ;
  • амалдаги банк фаолияти ва солиқ бўйича қонунчилик ислом ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган банклар учун мослаштирилмаган;
  • банклардаги мавжуд дастурий таъминот тизимлари ислом молия битимлари бўйича амалиёт ўтказишга мос эмас;
  • ислом молияси ва банки бўйича мутахассислар олий таълим тизимида тайёрланмайди. Шу боис, мутахассислар кам, амалий тажриба эса йўқ. Шунингдек, аҳолининг ислом молияси ҳақида билим ва тушунчалари ҳам етарли эмас.

«Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан юқори қисми Ислом динига эътиқод қилади ва эътиқоди туфайли 15-20 фоизга яқин аҳоли анъанавий кредитлаш тизимидан фойдаланмаяпти.

Муқобил кредитлаш тизими орқали эса мазкур қатлам ҳам тўлиқ қамраб олиниши мумкин. Бу ана шу қатлам омонатларини иқтисодиётга жалб этиш, улардан эса оқилона фойдаланиш учун катта имконият яратади. Яъни бу орқали «захирадаги» ички инвестицияларни иқтисодиётимизнинг ўсишига жалб қилиш, хуфиёна иқтисодиёт салмоғини камайтириш, энг муҳими, тадбиркорликни ривожлантиришимиз мумкин бўлади», дейилади хабарда.

Ҳозирда Ўзбекистондаги бизнес субъектларининг 80 фоизи ички манбалар ҳисобидан молиялаштирилади ва уларнинг чорак қисмигина кредит хизматидан фойдаланади. Банк активларининг 85 фоизи эса давлат банкларига тегишли ва уларда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун саноқли маҳсулотлар мавжуд.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёдаги 300 дан зиёд ислом банки ва молия муассасаларининг ялпи активлари 2,5 триллион АҚШ долларидан ошиб, йилига 15-20 фоизга ўсмоқда.

Тизимни иқтисодиётга жорий этиш учун амалдаги банк қонунчилиги, солиқ ва фуқаролик кодекслари ҳамда бошқа қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиниши лозим бўлади. Қолаверса, бу соҳада кадрларни тайёрлаш ва аҳолининг саводхонлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг айтишича, исломий молиялаш тизими аҳоли қўлидаги бўш маблағларни реал иқтисодиётга жалб қилиш орқали ҳам иқтисодиёт, тижорат ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада фаоллаштиришга қўшимча имкон яратади.

Маълумот учун, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни кўзда тутади. Яъни у –шерикчиликка асосланади.

Тизимда мижоз талаби билан объектни қуриш, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Шериклик асосидаги мазкур молиялаш тизими дахлсизлик, шартнома мажбуриятларига риоя қилиш, таваккалчиликлар, фойда ва даромадларни адолатли тақсимлаш, иқтисодий фаровонлик ва ижтимоий адолатнинг мувофиқлик тамойилларига асосланади.

Ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, ижтимоий адолат, қонун доирасида ҳаракат қилиш, маблағларни меъёрида сарфлаш ва монополияга қарши курашиш мазкур тизимнинг фундаментал асоси ҳисобланади.

الخميس, 22 نيسان/أبريل 2021 00:00

РЎЗАДОР ЗОНТ ЮТИШИ МУМКИНМИ?

— Ошқозон касаллиги билан бемор бўлган кишига махсус мослама – зонт юттириш орқали ташхис қўйилади. Бунда зонт ютаётган бемор рўзадор бўлса унинг рўзаси бузиладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ошқозон текширув мосламаси (зонт) деганда – оғиз орқали ютилиб, бир учи ташқарида қолиб, иккинчи учи ошқозонга етиб борадиган тиббий қурилма тушунилади. Ушбу мосламадан асосан ошқозонни тасвирга олиш ва ундаги касалликка ташхис қўйиш учун фойдаланилади. Ташхис амалиёти тугаганидан сўнг мазкур мослама оғиз орқали қайта чиқариб олинади.

Бемор рўзадор ҳолида ошқозон текширув мосламаси (зонт)ни қуруқ ҳолида ютса, унга ёғ ёки бирор дори воситаси суртилмаган бўлса – бу унинг рўзасини бузмайди. Чунки ҳанафий мазҳабининг умумий қоидасига кўра қорин қисми(жавф)га кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани бузади. Бу ҳақда Имом Косоний бундай дейдилар: “Ичкарига кирган нарсанинг ўша ерда ўрнашиб қолиши рўза бузилишининг шартидир” (“Бадойиъус Санойиъ”).

Фиқҳий манбаларимизда ушбу қоидага қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтирилган: “Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса (яъни ютса), ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади” (“Баҳрур-роиқ”).

Демак, ошқозон текширув мосламасининг бир учи ташқарида қолиб, тўлиқ ичкарига кирмагани ҳамда ошқозонда ўрнашмагани сабабли рўзани очмайди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтиб ўтилганидек зонт ютиш жараёнида унга ёғ ёки дори суртилмаган, қуруқ ҳолатда бўлиши лозим. Акс ҳолда рўза очилади. Воқеликда эса ёғ суртилмаган ҳолда зонт ютиш бемор учун катта машаққат туғдиради. Баъзан мослама учидаги тасвирга олиш қурилмасини ошқозонга сув юбориш орқали тозалаб туриш зарурати пайдо бўлади. Сувнинг ичкарига кириши билан шубҳасиз рўза бузилади.

Зонт орқали ошқозонни текшириш асносида юқоридаги каби ноқулайликлар келиб чиқадиган бўлса, бемор шариатнинг умумий рухсатидан фойдаланиб, ўша кунги рўзани Рамазондан кейин бир кун тутиб бериши мумкин.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Буюк Британиянинг олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритувчи ва университетлар фаолиятини баҳолаб борувчи Times Higher Education ташкилоти ўзининг навбатдаги THE Impact Ranking рейтинги натижаларини эълон қилди.

Жами 20 минг ОТМда олиб борилган ўрганишлар натижасида бу галги рейтингга фақат 1115 та ОТМ киритилди. Мазкур рейтингда Ўзбекистон ОТМлари ичида Ўзбекистонда Халқаро ислом академияси учинчи бўлиб 47,5 балл билан 801-1000+ гуруҳига киритилган.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Top