muslim.uz
Коронавирусга чалиниб, ундан тузалган кишининг маслаҳатлари
«Кимларгадир керак бўлиб қолар, деган ўйда касаллик тарихимни ёзиб қўйяпман. Аллоҳ ҳамма беморларга шифо берсин.
КАСАЛЛИК ТАРИХИ ВА ДАВО УСУЛЛАРИ
• 2020 йил 23 мартдан 2020 йил 6 апрелга қадар, 14 кун мобайнида иситмам тушмади. Қаттиқ совқотдим, титрадим, бироз бошим оғриди, нафас олишим қийинлашди.
• Иситманинг ўн биринчи куни, 2020 йилнинг 3 апрелида доктор келиб, «Катта эҳтимол билан коронавирус бўлиши мумкин», деди. Шифохонага боришга рози бўлмадим. Улар ҳам мажбур қилмадилар.
• Таҳорат олишим ва намоз ўқишим бироз оғир бўлса-да, давом этиб турди ва бу жуда катта маънавий қувват бўлди.
• 2020 йил 6 апрел, душанба кунидан бугунга қадар иситмам чиқмади. Фақат қувват йўқ, холос.
• 2020 йил 7 апрел, сешанба куни машинада бироз юриб кўрдим. Хато қилган эканман. Дарров тўхтатдим.
• Чоршанба ва пайшанба кунлари тахминан 300 метрдан пиёда юрдим. Қаттиқ чарчадим.
• Кеча жума куни тахминан 2 км юрдим. Тўртга бўлиб. 500 метрдан. Ҳар юрганимда қаттиқ чарчадим ва қотиб ухладим.
• Бугун бирданига 2 км юриб келдим. Қаттиқ чарчадим ва қотиб ухладим. Иситмам чиқмади.
ОДАМЛАРНИНГ КЎРСАТМАЛАРИ, МАСЛАҲАТЛАРИ БИЛАН ҚУЙИДАГИ ДАВОЛАРНИ ҚЎЛЛАДИМ:
1. Занжабилни асалга аралаштириб қўйиб, тинимсиз чой қилиб ичдим. Ҳозиргача ичяпман.
2. Хушхўр бўлиши учун қизил малинадан ҳам аралаштириб турдим.
3. Оёғимнинг остига пиёз босиб юрдим, ухладим.
4. Парацетамол ичиб турдим. Иситмам тушганидан кейин тўхтатдим.
5. Оёғимни бир неча марта иссиқ сувга солиб ўтирдим.
6. Яхши овқатландим. Кўпроқ шўрва ва мастава. Парҳезни тўхтатдим. Семириб кетиб қолишдан кўра тузалмай қолишдан кўпроқ қўрқдим.
7. Олма сиркасини сувга аралаштириб баданимга суртдим. Спирт билан ҳам шундай қилдим.
8. Седана ёғини ичдим. Седанани асалга аралаштириб едим.
9. Асал ва лимонли чой ичдим. Кўп ичдим.
10. Қайнаган сувнинг ўзини ҳам кўп ичдим.
11. Иситма бироз тушганидан кейин малҳам суриб массаж олдим.
12. Кўп Қуръон эшитдим. Атрофимдагилар Қуръон ўқиб дам солдилар.
13. Хонани тез-тез шамоллатиб, ҳавосини алмаштириб турдилар.
2020 йил 11 апрел куни ёзилган
islaminstitut.uz
Сўкинишдан сақланинг!
Сўкинч ва ҳақорат инсоннинг кайфиятини бузиб, сўкиш эшитган одамни дили оғриб, кўнгли ўксийди.
Уйдаги фарзанд ҳам ота-онадан ҳамиша ширин сўз кутади. Зеро, яхши гапга илон инидан чиқади. Мусулмон кишиларнинг сўкиниши фазилат саналмайди, фосиқлик ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлашларича, “Сўкинишни бошлаган киши гуноҳкор бўлади, сўкиш эшитган эса, мазлум бўлади”. Ўзаро жанжаллашиб, одамлар бир-бирини ҳайвонлар номи билан атаб ҳақоратлаши ҳам динимиз талабига тўғри келмайди. Ҳатто ҳайвонларнинг ўзини, паррандаю даррандаларни ҳам сўкиш ман қилинган.
Расулуллоҳ: “Хўрозларни сўкманглар, зеро улар одамларни бомдод намозига уйғотадилар”, дея айтганлар ҳадисларда.
Ҳозирги кунда пана-пастқамларда эмас, жамоат жойларда айрим ёш яланг, оғзи бузуқ эркакларнинг сўкинишлари қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ижтимоий тармоқдаги суҳбатларда турли майда ва фитна гаплар ортидан сўкинишлар, ҳақоратлар бошланади. Ҳаттоки ота-онадан сўкинишгача етиб борадилар, ота-онадан сўкиш, ўз ота-онасини сўкиш билан баробар бўлган гуноҳи кабирадир. Қаердан туриб сўкинаётган бўлмасин гуноҳлигини албатта идрок қилиши керак.
Ўспирин ёшлар орасида ҳазиллашиб, бир-бирларини нолойиқ сўзлар билан аташ, ота-онасини қўшиб сўкиш ҳоллари кўп учрайди. Бундай тубан ҳазиллар ҳам тарбиясизлик оқибатидир. Сўкишни ишлатадиган одамлар, олий илм даргоҳини битирган бўладими, катта мансаб эгаси бўладими, яхши яшаб, яхши кийинган бўладими, ким бўлишидан қатъий назар беодоб фосиқ бўладилар. Чунки Расулуллоҳ: “Мусулмонни сўкиш фосиқликдир, у билан урушиш куфрдир”, деганлар.
Шарият кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар, сўкувчилар тавба қилиб, ўзларини тузатиб олишлари керак. Биз мусулмонлар ўзимизнинг барча ишларимизда яхши сўзларни айтиб, ёмон сўз ва амаллардан қайтишимиз лозим. Ислом динимизнинг нафақат одамни балки ҳайвонни ҳам сўкишни ман қилади. Ёш болаларимизни шу руҳда тарбиялаб боришимиз, катталар ёшларга ўрнак бўлмоғимиз лозим.
ЎМИ матбуот хизмати
Ўзбекистон ва ИҲТ илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибининг фан ва технологиялар бўйича ўринбосари Асқар Мусинов билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
ТИВ веб-саҳифасига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ИҲТ билан илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг ўринбосари қардош Қозоғистон вакили Асқар Мусиновни ИҲТнинг ушбу масъулиятли лавозимига сайлангани билан табриклади.
Қайд этилганидек, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг “Таълим ва маърифат - тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида 2016-йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган 43-сессияси Ўзбекистоннинг ИҲТ давлатлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлади, икки ва кўп томонлама шаклларда ҳамкорликни географик жиҳатдан кенгайтириш учун ноёб имконият яратди.
Асқар Мусинов Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислом оламида илмий-технологик тараққиётга эришиш борасидаги ташаббусларининг муҳимлиги ва долзарблигини таъкидлади ва уларни амалга оширишда ИҲТ амалий ёрдам беришга тайёрлигини изҳор қилди.
ИҲТ фан ва технологиялар бўйича конференциясини ўтказиш, коронавирус пандемияси шароитида тегишли идоралар ўртасида онлайн учрашувларни ташкил этиш, ИҲТ мамлакатларининг нуфузли университетларида ўқиш учун грантлар бериш бўйича таклифлар алоҳида кўриб чиқилди.
Музокарада томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати