Рамазон

Рўзадорга бир ҳўплам сув

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Салмон Форсий (р.а) ривоят қилиб бундай деганлар: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга хутба ўқиб бундай дедилар: “Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва баракотли ой яқинлашмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло Бу ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирорта фарз амални адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади, у – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр эҳсон улашиладиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй Расулулоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса, бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига ҳам беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир култум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон — аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради, ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар.

Ҳадиси шарифдан маълум бўладики, Рамазон хайр ва саховат ойидир. Албатта, бундан хайр-саховат фақат шу ойда қилиниши керак, деган маъно чиқмайди. Яъни, саховат мавсумий қадрият эмас. Меҳр-мурувват, саховат халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган бобомерос қадриятларимиздан ҳисобланади. Саховатли зотлар, уларнинг тарихда қолдирган яхши номлари, саховатпешалик билан амалга оширган ишлари биз учун ибратдир

Ифторлик дастурхонини меъёрида, камтарона тузаш мақсадга мувофиқ. Одамлар кўрсин, мақтасин, ҳавас қилсин, деган мақсадда қилинган, риё аралашган эҳсон мақбул эмас. Юзлаб кишиларни тўйхона, ресторанларга ифторликка чақиргандан кўра, шунга сарфланадиган маблағни маҳалладаги кам таъминланган оилаларга, муҳтож ёки жисмоний имконияти чекланган кишиларга ҳадя қилинса, янада кўпроқ савобга мушарраф бўлинади. Рўзадор хатти-ҳаракатларини ислоҳ этиб, атрофдагилар билан муомалани чиройли қилиши, нафсини жиловлаши ҳам зарур. Ёлғон сўзлаш, бировга иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ гаплар билан одамлар дилини оғритиш каби иллатлардан сақланиши керак. Шунингдек, етим-есирлар, беморлар, муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиши лозим.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадисларида: “Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб номланур. Қиёмат куни ундан рўзадорлар кирурлар, улардан бошқа бирор одам кирмас...”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Насаий ривояти). Ушбу хосиятли ойда мўмин киши рўза тутиши билан бирга аҳли оиласи, қавм-қариндоши, қўшнию танишларига гўзал муомала қилса, илм-маърифат ёйса, хулқ-атвори билан бошқаларга ибрат бўлса, бунинг ажр-мукофоти улуғ бўлади, иншааллоҳ.

Ушбу саодатли кунларда Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиши, оилаларимизнинг маънавий камолоти, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину-диёнатига содиқ инсонлар бўлиб камол топишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

 

Абдулвоҳид ЎРОЗОВ,

Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби

 

 

Read 90446 times
Top