Рамазон

Саҳарлик – суннатдир

Саҳарлик қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан бўлиб,  Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳу) ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга саҳарлик қилганларини бундай баён этадилар:

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар.....(Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамиша саҳобаларга саҳарлик қилиш, унинг фазилатлари ҳақида сўзлар эдилар. Шу боис, саҳобалар саҳарликка туришни ўзларига одат қилиб олгандилар.

Ирбод ибн Сария (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойида мени саҳарликка чақириб, барака дастурхони сари шошилгин, дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига кирганимда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарлик қилаётган эканлар. Шунда менга, албатта, саҳарлик баракадир, дедилар (Насоий ривояти).

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Барака жамоат ва саҳарликдадир дедилар. (Имом Табароний ривояти)

Абу Саид Ҳудрий (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саҳарлик вақтида таом истеъмол қилиш – баракадир, бир қултим сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинг, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Саҳарлик Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига эргашишдан ташқари, уммати Муҳаммадни аҳли китобдан ажаратиб турувчи амаллардан бири ҳамдир. Бу ҳақда Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик емагидадир, дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) оғиз очиш вақти келса ифторлик қилишга шошилиб, саҳарликни эса кечиктирардилар ҳамда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилганлар, дер эдилар.

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Мен оилам билан биргаликда саҳарлик қилардим ва бамдод намозини Набий (алайҳиссалом) билан ўқишга кеч қолмай деб шошилиб уйимдан чиқардим (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарликдаги баракалардан яна бири унда дуоларимиз қабул бўлувчи вақт бордир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига нозил бўлади ва: Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Саҳарлик қилиш Аллоҳ ва фаришталарнинг раҳматига сазовор бўлишга сабаб бўлади. Абу Саид Ҳудрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Саҳарлик қилувчига Аллоҳ ва унинг фаришталарининг раҳмати бўлади, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Шунингдек, саҳарлик вақтида хурмо истеъмол қилиш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан ҳисобланади.

Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Хурмо мўмин учун қандоқ ҳам яхши саҳарлик, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига амал қилишимизни насиб этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

 

Read 102172 times
Tagged under
Top