muslim.uz
Ўзбекистон делегацияси Озарбайжонга жўнаб кетди
Бугун, 10 июль куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайх-ул-Ислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг таклифига биноан, Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрига жўнаб кетди.
Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида икки диний идора ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириши режалаштирилган.
Шунингдек, сафар давомида вакилларимиз Озарбайжоннинг бир қатор давлат ташкилотларида ҳам бўлиб, у ерда учрашувлар ўтказиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон делегациясининг Озарбайжонга ташрифи 13 июль кунига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими
Мусулмонлар дунёга совға қилган ихтиролар (Замонавий кимё)
Жобир ибн Ҳаййан (Jabir ibn Hayyan) – алкимёни кимёга айлантирган мусулмон олими. IX асрда у ҳозирги кунда замонавий илм-фанда қўлланилаётган жараёнларни ихтиро қилди. Улар: кристаллаш, эриш, қайта ишлаш, буғланиш, шўрланиш, дистиллашдир. Ҳаййан сульфат ва нитрат кислоталарини кашф этди ва дистиллаш аппаратини ихтиро қилди. Шу туфайли бутун дунёда хушбўй ичимликлар ва муаттар атир-упалар пайдо бўлди.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи обод бўлади
Давлатимиз раҳбари Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳини реконструкция қилиш лойиҳаси билан танишди.
Президентимиз вилоятларга сафарлари чоғида ҳар бир ҳудуднинг тарихини ўрганишга, маънавий меросини тиклашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Муборак қадамжоларни зиёрат қилиб, уларни обод қилиш бўйича кўрсатмалар бермоқда.
Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи – Намангандаги ана шундай масканлардан бири. Қадамжо мақбара, масжид, рамзий дарвоза ва музейдан иборат.
Давлатимиз раҳбари бу қадамжони қадимий усулда таъмирлаш, кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялаш бўйича тавсиялар берди.
Анвар Самадов, ЎзА
Россияда хатми Қуръон ўтказиб берган қориларимиздан сафар таассуротлари
Россияда хатми Қуръон ўтказиб берган қориларимиздан сафар таассуротлари. Мустаҳкам алоқалар ва алоҳида эътироф ҳақида
Дунёнинг энг йирик 8 масжиди
Масжид ул-ҳарам. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан масжид. Унда қон тўкиш ва шу каби гуноҳ ишлар ҳаром қилингани боис шундай ном билан аталган. Масжиднинг умумий саҳни 400.800 минг кв. метр бўлиб, бир миллион бир юз йигирма минг намозхонни сиғдира олади. Каъба эшиги 280 кг соф олтиндан ясалган. Унинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади.
Масжид ун-набий. Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига жойлашган. Масжид қурилишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари иштирок этганлар. Масжид кейинчалик Ҳазрати Умар ва Усмон (розияллоҳу анҳум) томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган. Масжиднинг саҳни юз минг кв. метрдан ортиқ бўлиб, 1 миллиондан зиёд кишини ўз бағрига сиғдира олади. Масжиднинг 105 метрли иккита, 75 метрли тўртта минораси, ўзи очиб-ёпиладиган 27 та томи, 400дан ортиқ устунлари, 6800 та қандиллари бор. Масжид ичида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳамда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳум)нинг қабрлари жойлашган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар.
Шайх Зайд масжиди. Меъморчилик санъатининг дурдона кўриниши, дунёнинг энг йирик масжидларидан бири ҳисобланган ушбу масжид Бирлашган Араб Амирлигининг пойтахти Абу-Дабида жойлашган. Масжид унинг асосчиси ва мамлакатнинг биринчи раҳбари Зайд ибн Султон Нахайана исми билан номланган. Қурилиш ишлари 1996 йилда бошланиб, 12 йил давом этган. Унда 3500дан ортиқ дунёнинг 38та қўшма корхоналарининг қурувчи, мутахассислари меҳнат қилган. Масжиднинг расмий очилиши 2007 йилнинг Рамазон ойида бўлган. Масжид поклик рамзи бўлган оқ мармардан қурилган. Масжид сиғими 41 минг намозхон учун мўлжалланган. Шайх Зайд масжиди 82та гумбаз, минглаб устун ва қандиллар ҳамда қўл меҳнатида тўқилган дунёдаги энг катта гилам (бу гиламни мингта тўқувчи бир йил давомида тўқиган) билан безатилган. Масжиднинг асосий биносида диаметри 10 метр, баландлиги 15 метр, оғирлиги 12 тонна бўлган қандил ўз нурини сочиб туради. Масжид кундузи қуёшда оқ ва тилла, кечқурун эса бошқа рангларда ярқираб туради.
Султон Умар Али Сайфуддин масжиди. Қироллик масжиди бўлган ушбу масжид Бруней Султонлигининг пойтахтида жойлашган. Масжид баландлиги 52 метрни ташкил этади. Тинч океанидаги энг гўзал масжид ҳисобланади. 1958 йилда замонавий услубда қурилган. 44 метр баландликдаги миноралари мармардан, устунлари олтиндан ишланган. Масжид атрофи улкан боғ билан ўралган.
Зохир масжиди. Ушбу масжид Малайзиянинг Кедах штатида жойлашган. Мамлакатнинг энг қадимий ва катта масжиди ҳисобланади. Масжиднинг умумий майдони 11 минг 500 кв. метр бўлиб, 1912 йилда барпо этилган. Масжиднинг бешта устуни Ислом динининг беш устунини англатади.
Фейсал масжиди. Жануби-шарқий ва жанубий Осиёдаги энг йирик, дунёдаги энг катта масжидлар орасида тўртинчи ўриндаги Фейсал масжиди Покистоннинг Исломобод шаҳрида жойлашган. Масжид 90 метр баландликдаги тўрт минора билан ўралган. Унинг қурилиши 1976 йилда бошланиб, 1986 йилда якунланган. Масжид умумий саҳни 5 минг кв. метрни ташкил этади. Масжид 300 мингга яқин намозхонни сиғдира олади.
Султон Хуссайн масжиди. Сингапурда жойлашган ушбу масжид 1824 йилда Султон Хусайн ташаббуси билан барпо этилган. Кейинчалик масжид янада кенгайтирилди ва 1928 йил масжид икки қаватли қилиб қурилди. Масжид 5 минг нафар намозхон учун мўлжалланган. Султон Хуссайн масжидининг 2 та гумбаз ва 4 та минораси бор. Унинг саҳни 4100 минг кв. метрни ташкил этади. 1960 ва 1993 йилларда масжид қайта таъмирланди.
Султон Сулаймон масжиди. Туркия пойтахти Истамбулнинг Вефа вилоятида жойлашган. 1550 йил Султон Сулаймоннинг топшириқига биноан қурилган. Масжид гумбази 53 метр бўлиб, 5 минг намозхонни сиғдира олади. 56 метр баландликдаги 4 та минора Султон Сулаймоннинг мамлакатнинг тўртинчи подшоҳи эканлигини англатади. 136 та дераза масжидни ёруғ бўлишини таъминлайди. Масжид ҳовлисида Султон Сулаймоннинг қабри бор.
Даврон Нурмуҳаммад
тайёрлади