Рамазон

Қадр кечасининг фазилатлари

Ўтган умматларнинг умри узун бўлганидан, улар жуд кўп яхшиликлар қилиб, бисёр ажр-савобга эришганлари тарихдан маълум. Бу ҳолатни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билгач, у зоти бобаракотга умматларининг умри жуда қисқа кўринган. Узун умрли умматларга ҳаваслари келиб, умматимнинг умри ҳам уларга ўхшаб узун бўлганида, албатта, булар ҳам кўп яхшиликлар қилиб, кўплаб ютуқларга эришардилар, деб орзу қилганларида, Аллоҳ таоло у зотга Лайлатул қадрни ато қилиб, бу кечада қилинган ибодатларнинг ажр-мукофоти ўтган умматларнинг минг ой давомида қилган ибодатлари савобидан афзалдир, деган.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло биз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматларини бошқа умматлардан кўплаб хусусиятлар билан фазилатли қилди. Бизга расуллар ва набийларнинг ичидан энг афзали ва энг охирги пайғамбарини юборди, энг охирги Китоби – Қуръонни туширди ҳамда бизни энг яхши уммат деб атади:

كنتم خير أمة أخرجت للناس

 (Эй мусулмонлар!) Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз” (Оли Имрон, 110-оят ).

Лайлатул қадр қандай кеча ўзи? Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ   

«Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.  (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр сураси).

Лайлатул қадр – қадри улуғ кеча, дегани. Бу кечада бериладиган фазилатларнинг қадри юксаклиги, унинг қадр-қиммати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бандаларнинг бир йиллик амаллари ўлчаниб, режалаштирилишидан шундай номланган. Зеро, фаришталар бу кечада келгуси йилнинг шу кечасигача қилинадиган барча ишларни ўлчаб-ҳисоблаб қўядилар.

Сурада зикр қилинганидек, бу кечада Қуръони карим нозил қилинган. У минг ойдан яхшироқ кечадир. Бу тахминан, Лайлатул Қадр кечаси ичида бўлмаган 83,3 йилга тўғри келади. Бу, шу муборак кечада қилинган ибодатлар шунча йил давомида бажарилган ибодат савобидан афзал, деганидир. Фараз қилайлик, бу муборак кечани бир марта топган киши шунча йиллик ибодатдан кўра афзал савобга эришса, уни бир неча марта топган киши қанчалар ажрга эришар экан-а? Бу ортиқ бахт борми? Шу боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу муборак ойни интиқлик билан кутар, унинг яқинлашаётганини саҳобаларга эслатиб, тайёргарлик кўришга чорлардилар. Рамазон келгач, саҳобаларни қутлаб муборакбод этардилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ражаб ойи кирганида бундай дуо қилар эдилар:

اللهم بارك لنا في رجب وشعبان وبلغنا رمضان

 «Ё Аллоҳ, бизга Ражаб ва Шаъбонда барака бергин ҳамда Рамазонга етказгин» (Имом Байҳақий ривояти).

Муалло ибн Фазл (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Салафи солиҳлар Рамазон келмасидан олти ой олдин Аллоҳдан бу ойга етказишини сўраб дуо қилишар, Рамазондан кейин эса, яна олти ой бу ойдаги ибодатларининг мақбул бўлишини тилаб илтижо этишар эди». Шундай қилиб, у зотлар йил давомида бу муборак ой ҳақида қайғурар эканлар.

Бу кечада Жаброил (алайҳиссалом) бошчилигида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган бандаларнинг бир йиллик ишларини олиб тушадилар. Бу тун тонг отгунча тинчлик-омонлик кечасидир. Бу муборак кечада фаришталар мўминларга салом беришади, бандаларнинг тақдирига фақат тинчлик-омонлик битилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يَقُمْ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْبخاري.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Қадр чекасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар. Демак, бу кечани намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, дуо, истиғфор каби ибодатлар билан бедор ўтказиш керак.

Таъкидлаш лозимки, Лайлатул қадр кечасини бедор ўтказишдан мурод ибодат, зикру тасбеҳ, Қуръон тиловати бўлиши керак, таомхўрлик, зиёфат, бекорчи гап-сўзлардан иборат эмас. Аввало, бу кечани қоим бўлиш учун ўша кечанинг хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳадиси шарифда хуфтонни жамоат билан адо қилган киши ўша кечанинг ярмини, бомдодни жамоат билан ўқиган киши ўша кечанинг қолган қисмини бедор ўтказибди, дейилган.

 

Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

Read 93263 times
Top