Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: ОИЛАДА ФАРЗАНД ТУҒИЛДИ...

ОИЛАДА ФАРЗАНД ТУҒИЛДИ...

Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига фарзанд беришини айтган:

لِّلَّهِ مُلۡكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۚ يَخۡلُقُ مَا يَشَآءُۚ يَهَبُ لِمَن يَشَآءُ إِنَٰثٗا وَيَهَبُ لِمَن يَشَآءُ ٱلذُّكُورَ أَوۡ يُزَوِّجُهُمۡ ذُكۡرَانٗا وَإِنَٰثٗاۖ وَيَجۡعَلُ مَن يَشَآءُ عَقِيمًاۚ إِنَّهُۥ عَلِيمٞ قَدِيرٞ

«Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир» (Шўро, 49–50).

Аллоҳнинг ушбу оятда айтилган қудрати инсоният ҳаётида ўз ҳақиқатини топган ва топмоқда. Оли Имрон сурасида «Албатта, Исоннинг (отасиз туғилиш) мисоли, Аллоҳ наздида бамисоли Одам (алайҳиссалом) кабидирки, уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, (у) бўлди» (59), деб айтилгани каби, инсонни ота-онасиз ёки Исо (алайҳиссалом) каби отасиз яратишга Аллоҳ таоло қодир.  Ёки Момо Ҳавони яратгани каби битта эркакдан, яъни аёл иштирокисиз ҳам инсонни ярата олади. Ёки ота ва она иштирокида одамларни дунёга келтириши ҳам Унинг қудратидандир. Ота ва она бор бўлатуриб, фарзанд бўлмаслиги ҳам бу қудратнинг улуғлигидандир. Аллоҳ таоло нимани хоҳласа, шу бўлишига шак-шубҳа йўқ.

Ояти каримада айтилганидек, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаганига фақат қизлар инъом этади, хоҳлаганига эса фақат ўғил фарзандлар ато этади, хоҳлаганига фарзандларни аралаштириб беради ва хоҳлаганини бепушт қилиб қўяди. 

Фарзанд ато этиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида бўлгани учун ҳатто пайғамбарларга ҳам бир хил жинсда ёки бир хил миқдорда фарзанд берилмаган. Масалан, Лут ва Шуайбларга (алайҳимуссалом) фақат қиз фарзандлар, Иброҳимга (алайҳиссалом) фақат ўғил фарзандлар, Муҳаммадга (алайҳиссалом) ҳам қиз, ҳам ўғил фарзандлар берган, Яҳё ва Исога (алайҳимуссалом) эса фарзандсиз бўлишларини ирода этган.

Бу илоҳий тақсимот бандаларининг синови учундир. Бинобарин, бандасидан неъматга шукр ва мусибатга сабр матлубдир.

Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Аллоҳ таоло инсонни тўрт қисмдан иборат қилиб яратди: баъзилари фақат қиз фарзанд кўради; баъзилари фақат ўғил кўради; бошқалари ундан ҳам, бундан ҳам баҳраманд бўлади; баъзилари умуман фарзанд кўрмайди».

Қози Байзовий айтдилар: «Юқорида келтирилган оятдан мақсад, фарзанд кўриш ё кўрмаслик Аллоҳ таолонинг амри эканини уқтиришдир. Чунки Парвардигор қайси банда фарзанд кўрса ёки кўрмаса, нима бўлишини яхшироқ билади. Қайси бандасига фарзанд бериш ё бермаслик Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади».

Янги турмуш қурган келин-куёвнинг энг эзгу орзуси фарзандли бўлишдир. Айниқса, улар илк фарзандларини ниҳоятда интизор, интиқлик билан кутишади. Мана, ниҳоят, орзулар ушалди, улуғ ниятлар рўёбга чиқди, Аллоҳ таоло ёш оилага фарзанди аржуманд ато этди. Улуғ муаллим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оилада янги чақалоқ туғилганида нималар қилиш кераклигини ҳадиси шарифларида батафсил кўрсатиб берганлар. Бу кўрсатмалар, жумладан,  қуйидагилардан иборат.

 

ФАРЗАНД ХУРСАНДЧИЛИГИ

Энг аввало, бола туғилиши билан хурсандчилик қилиниб, биринчи навбатда унинг отасидан суюнчи олинади. Чунки ота биринчи бўлиб фарзандли бўлганини эшитса, унга нисбатан меҳри ошади. Агар бир кишига хотини туққани ҳақида хушхабар етказилса, фарзандни Аллоҳ таоло инъом этган улуғ неъмат деб билиши, дарҳол Аллоҳга ҳамд айтиши суннатдир. 

Аллоҳ таоло Иброҳимга (алайҳиссалом) хушхабар бериб, бундай дейди:

وَلَقَدۡ جَآءَتۡ رُسُلُنَآ إِبۡرَٰهِيمَ بِٱلۡبُشۡرَىٰ قَالُواْ سَلَٰمٗاۖ قَالَ سَلَٰمٞۖ فَمَا لَبِثَ أَن جَآءَ بِعِجۡلٍ حَنِيذٖ فَلَمَّا رَءَآ أَيۡدِيَهُمۡ لَا تَصِلُ إِلَيۡهِ نَكِرَهُمۡ وَأَوۡجَسَ مِنۡهُمۡ خِيفَةٗۚ قَالُواْ لَا تَخَفۡ إِنَّآ أُرۡسِلۡنَآ إِلَىٰ قَوۡمِ لُوطٖ وَٱمۡرَأَتُهُۥ قَآئِمَةٞ فَضَحِكَتۡ فَبَشَّرۡنَٰهَا بِإِسۡحَٰقَ وَمِن وَرَآءِ إِسۡحَٰقَ يَعۡقُوبَ

«Иброҳимга элчиларимиз (фарзандли бўлиши ҳақида) хушхабар келтирдилар ва «Салом!» дедилар. У ҳам «Салом!» деди-да, ҳеч қанча вақт ўтмай, бир бузоқ (гўштининг) кабобини келтирди. Унга (таомга) қўл чўзмаганини кўргач, (Иброҳим) улардан ётсиради ва улардан қаттиқ қўрқиб кетди. (Улар) дедилар: «Қўрқма! Биз Лут (қавми)га юборилганмиз». Хотини (Сора) турган эди, кулиб юборди. Унга Исҳоқ (номли фарзанд) ва Исҳоқнинг орқасидан Яъқуб (исмли набира беришимиз) ҳақида хушхабар бердик» (Ҳуд, 69–71).

Бошқа оятда Закариёга (алайҳиссалом) хушхабар беради:

فَنَادَتۡهُ ٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَهُوَ قَآئِمٞ يُصَلِّي فِي ٱلۡمِحۡرَابِ أَنَّ ٱللَّهَ يُبَشِّرُكَ بِيَحۡيَىٰ مُصَدِّقَۢا بِكَلِمَةٖ مِّنَ ٱللَّهِ وَسَيِّدٗا وَحَصُورٗا وَنَبِيّٗا مِّنَ ٱلصَّٰلِحِينَ

«Сўнгра, масжидда туриб намоз ўқиётганида, фаришталар унга нидо қилиб, дедилар: «Аллоҳ сенга Яҳё (исмли фарзанд) хушхабарини бермоқдаким, у Аллоҳнинг сўзини тасдиқ этадиган, (ўз қавмига) пешво бўлиб, (шаҳватлардан) ўзини тиядиган солиҳ пайғамбарлардан (бўлур)» (Оли Имрон, 39).

Марям сурасида эса:

يَٰزَكَرِيَّآ إِنَّا نُبَشِّرُكَ بِغُلَٰمٍ ٱسۡمُهُۥ يَحۡيَىٰ لَمۡ نَجۡعَل لَّهُۥ مِن قَبۡلُ سَمِيّٗا

«(Аллоҳ айтди): «Эй Закариё! Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмиз; унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирор (кимсани) ҳамном қилган эмасмиз», дейилган (7).

Фарзанднинг туғилиши нафақат унинг ота-онаси, балки барча қариндош-уруғлар, яқинлар учун ҳам чинакам қувончли ҳодисадир. Шунинг учун у туғилган заҳоти Аллоҳга мақтов ва шукроналар айтиб, бу ҳақда ҳаммага маълум қилинади. Бошқалар ота-онани янги меҳмон билан қутлашади, унга узоқ умр, сиҳат-офият ва эзгу тилаклар тилашади.

Сийрат китобларида айтилишича, туғилган бола боис хурсандчилик қилиш лозим. Абу Бакр ибн Мунзир айтади: Ҳасан Басрийнинг олдига бир киши келиб, унинг ҳузурида ҳозиргина фарзандли бўлган кишини кўради. Ҳасан Басрий унга: «Бола муборак бўлсин! Уни берган Аллоҳга шукр қил, яхшилик билан сийлабди», дейди.

Айниқса, қиз бола туғилганида кўпроқ хурсанд бўлишингиз лозим. Чунки қиз фарзанд ўша хонадонга яхшилик ва масъудлик олиб келади, хотиннинг баракотлиси илк фарзанди қиз бўлганидир.

Баъзилар фақат ўғил кўришни исташади, қиз бола туғилганида эса севиниш ўрнига ҳафсалалари пир бўлиб, ҳатто хотинларини айблашгача боришади. Бу мутлақо нотўғридир. Аксинча, агар қиз фарзанд туғилса, ота-она зиёдароқ хурсанд бўлиши зарур.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган:

يَهَبُ لِمَن يَشَآءُ إِنَٰثٗا وَيَهَبُ لِمَن يَشَآءُ ٱلذُّكُورَ

«…Хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур...» (Шўро, 49).

Қуръони каримда қиз боланинг ўғил боладан олдин зикр этилиши ҳам қиз фарзанднинг ўғилга нисбатан баракали ва фазилатли эканига ишорадир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Биринчи фарзанди қиз бола бўлгани аёлнинг баракотли, бахтли ва шарофатли эканига далолатдир».

 

ЭМИЗИШ (РАЗОЪ)

Янги туғилган чақалоқнинг эмиши (разоъ) ўтмишда ҳам,  ҳозирда ҳам энг долзарб масалалардан бўлиб келяпти. Яқин ўтмишимизда кўпчилик эмизишнинг, она сутининг ҳикматидан бехабарликда, бу муҳим ишга эътиборсиз бўлиб қолган эди. Туғруқхоналарда сути кам оналарнинг болалари сути кўп бошқа оналар сути ёки сунъий озиқлар билан боқилар эди. Сут берган онанинг кимлиги номаълум қоларди. Мустақил бўлганимиздан кейин бу нотўғри ишга барҳам берилди.

«Разоъ» сўзининг маъноси «сут эмиш»дир. Шариатда разоъ дейилганида боланинг бошқа аёл кўкрагидан икки ёшгача сут эмиши ва бунинг ҳукмлари билан боғлиқ масалалар тушунилади. Чақалоқ икки ёшгача онасидан бошқа аёлни эмса ёки унинг сути ичирилса, разоъ ҳукми собит бўлади. Бунда сут миқдорининг фарқи йўқ, бир томчи сут кирса ҳам разоъ собит бўлади. Разоъ ҳукмига кўра, бегона аёл сутини эмган болага ўша аёл она, аёлнинг эри ота ҳукмида бўлади. Сут эмган бола шу эр-хотиннинг асл фарзандларидек, уларнинг ўз фарзандлари эса бу болага маҳрам ҳисобланади. Сут эмган бола ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, шу маҳрамларига никоҳланиши мутлақо мумкин эмас. Ҳалол ва ҳаром масаласида эмикдошликка ҳам алоҳида эътибор берилади.  

Шариатимиз оналарга бир неча вазифаларни юклайди. Жумладан, улар фарзанд соғлом ўсиши учун уни таркибида барча зарур моддаларни мужассамлаштирган она сутидан маҳрум қилмасликлари зарур. Чунончи, Қуръони каримда янги туғилган фарзанднинг онадаги ҳақи бундай баён қилинади:

۞وَٱلۡوَٰلِدَٰتُ يُرۡضِعۡنَ أَوۡلَٰدَهُنَّ حَوۡلَيۡنِ كَامِلَيۡنِۖ

«Оналар болаларини тўла икки йил эми­задилар...» (Бақара, 233).

Ояти каримада чақалоқни икки ёшигача она сути билан эмизиш нақадар фойдали эканига ишорат этилмоқда. Лекин шариат бўйича она эмизишга мажбур қилинмайди, бунга бошқа эмизадиган аёлларни ёллаш ҳам мумкин. Бу одат арабларда кенг тарқалган эди. Муҳаммад (алайҳиссалом) оналари тирик бўлатуриб, Саъд қабиласига мансуб Ҳалима исмли аёлга эмиздирилганлари, тарбиясига берилганлари Ислом тарихидан маълум.

Сут она ёллашда унинг соғлом, серсут, хулқи ва одоби намунали, ўзи ақлли бўлишига алоҳида эътибор бериш керак, чунки эмизувчи аёлнинг феъл-атворидаги иллат ва фазилатлар болага ҳам кўчиши аниқланган.

Уламолар ўртасида «Она ўз фарзандини эмизишга мажбурми ёки мажбур эмасми?» деган масала ҳам бор. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): «Агар бола онасидан бошқани эммаса ёки онасидан бошқа эмизадиган аёл бўлмаса ёхуд ота бошқа эмизадиган аёлга бериш учун ижара маблағига эга бўлмаса, она болани эмизишга мажбур қилинади», деганлар. Чунки эмиш боланинг нафақаси ҳисобланиб, унга кетадиган барча нафақа отанинг бурчидир. Бу масалада ҳам аёлнинг эрки, озодлиги, шахсий ҳуқуқи эътиборга олингани ва туққан онаси «мен боламни эмизмайман» деса, уни айблаш ноўрин экани билинади. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) эса: «Туққан она боласини эмизишга мажбурдир», дейдилар.

Аммо баъзи оналар ҳам бор, сути камлиги, қомати бузилиши, иши кўплиги каби сабабларни баҳона қилиб, боласини эмизиш ўрнига сунъий сут ва бўтқалар билан боқишни афзал кўришади. Табиатдаги ҳеч нарса она сути ўрнини босолмайди, буни замонавий тиббиёт ҳам исботлаган. Ҳадиси шарифда: «Бола учун она сутидан яхшироқ озуқа йўқ», дейилган.

Халқимизнинг ўзига хос бир гўзал фазилати ва хусусияти бор – ҳеч бир она боласини сабабсиз, узрсиз эмизишдан бош тортмайди. Дарҳақиқат, зарурат бўлмаган тақдирда муддатидан олдин она сутидан бошқа сут ёки маҳсулот билан боқишга ўтиш боланинг соғлом, баркамол ўсишига салбий таъсир этишини замонавий тиббиёт таъкидлайди.

 

ЧАҚАЛОҚ ҚУЛОҒИГА АЗОН АЙТИШ

Янги туғилган чақалоқ оппоқ матога ўралади, чунки динимизда матоларнинг энг афзали оқ ранглиси экани айтилган. Тезда  ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш, Парвардигордан фарзандига ихлос ва эътиқод билан дунё ҳамда охират яхшиликларини сўраш лозим. Бу ҳақда ушбу ҳадис ворид бўлган:

عن أبى رافع أنه قال: رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم أنه أذن فى أذن الحسن بن علي حين ولدته فاطمة

Абу Рофеъдан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотима ва Алининг ўғиллари Ҳасан туғилганида қулоқларига азон (ва такбир) айтганларини кўрдим».

Бошқа ҳадисда бундай дейилади:

عن ابن عباس رضى الله عنهما أن النبي عليه السلام أذن فى أذن الحسن ابن علي يوم ولد وأقام فى أذنه اليسرى

Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Ҳасан ибн Али туғилганида (ўнг) қулоғига азон айтиб, чап қулоғига такбир айтдилар».

عن الحسن بن على عن النبى صلى الله عليه وسلم قال: «من ولد له مولود فأذّن فى أذنه اليمنى و أقام فى اذنه اليسرى، لم تضره أم الصبيان».

Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Ким фарзандли бўлса, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтса, унга уммус сибён зарар бермайди», дедилар.

Ҳадисдаги «уммус сибён» шайтон бўлиб, у болаларга зарар ё касаллик келтиришини муҳаддислар айтишган.

Чақалоқ қулоғига азон билан такбир айтишдан мақсад, бола дунёда биринчи эшитадиган овоз ва сўз Аллоҳнинг муборак исми бўлишидир. Шунингдек, ушбу азон ва иқомат сабабидан бола турли бало ва дардлардан саломат қолади, унга шайтон таҳдид қилмайди. Чунки шайтон азон овозидан тумтарақай қочади.

 

 

КЕЙИНГИ ҲАФТА МАВЗУЛАРИ:

 

Таҳник қилиш;

Чиройли исм қўйиш;

Боланинг сочини олиш;

Ақиқа қилиш;

Ўғил болани хатна қилиш;

Read 4895 times
Top