Кутубхона

Нурул изоҳ: ТАЯММУМ. МАСҲ.

*** Таяммум ***

Таяммумнинг дуруст бўлиши учун қуйидаги шартлар лозим:

  1. Ният. Ниятнинг моҳияти таяммум қилимоқчи бўлган нарсага қалбан боғланиш бўлса, вақти таяммум қилинадиган нарса устига қўллар урилган пайтдир.

Ният дуруст бўлишининг учта шарти бор:

а). Ният қилувчининг мусулмон бўлиши. б). Ният қилган ибодатини, бошқа ибодатлардан ажрата олиши. в). Киши ният қилган ибодатининг моҳиятини (яъни фарз, вожиб ёки суннат эканини) билиши.

Таяммум қилиб намоз ўқишнинг ҳам шартлари бор:

– таяммум қилиб таҳорат олишни ният қилиш;

– намоз ўқишни ўзига ҳалол этишни ният қилиш (чун­ки таҳоратсиз ёки таяммумсиз намоз ўқиш ҳаромдир);

– таҳоратсиз адо этиш мумкин бўлмаган жаноза намози ё тиловат саждаси каби мустақил бир ибодатга ният қилиш.

Фақат таяммум қилишни ният қилиб таяммум қилган бўлса ёки Қуръони карим тиловати учун қилинган тайяммум билан намоз ўқиб бўлмайди.

  1. Таяммумни мубоҳ қиладиган қуйидаги ҳолатлардан бири юз бериши:

а) шаҳар жойда бўлса ҳам, сувдан тўрт минг қадам (уч км.) олисда бўлиши; б) сув ишлатиш мумкин бўлмаган би­рор касалликка чалиниши; в) ҳавонинг баъзи аъзоларга зарарли ёки касалликка сабаб бўладиган даражада совуқ бўлиши; г) озгина сув бор бўлиб, унга ҳам хамир қориш эҳтиёжи бўлганида (шўрва каби унчалик зарурий бўлмаган таомлар пиширилиши эҳтиёж ҳисобланмайди); д) қудуқдан сув тортиш учун (пақир, арқон каби) зарур жиҳозларнинг йўқлиги; е) таҳорат киладиган бўлса, жаноза ёки ҳайит намозига бошидан ё келган жойидан улгура олмаслиги маълум бўлса.

Изоҳ: Таҳоратли ҳолда ҳайит ёки жаноза намозини бошлаганида, намоз ичида таҳорати бузилган кишининг намоздан чиқиб, таҳорат янгилаганидан сўнг, намозини келган жойидан давом эттириб, тамомлаши "бино қилиш" дейилади. Жаноза ё ҳайит намозида таҳорати бузилган киши, таҳорат янгилашга кетса, жамоат намозни тамомлашидан қўрқса, таям­мум қилиб, намозни давом эттиради ва шу йўл билан қазосини ўқиш мумкин бўлмаган намозларни ўтказиб юбормаган ҳисобланади. Жаноза, ҳайит намози бошланганида ҳам шу ҳукмга амал қилинади). Жума, беш вақт фарз намоздан бирини ўтказиб юборишдан қўрқиш узр эмас (чунки жума намози ўтиб кетса, ўрнига пешин намозини, намоз вақти чиққан бўлса, қазосини ўқиш мумкин).

  1. Таяммум ер жинси ҳисобланган тупроқ, тош ёки қумга ўхшаш пок нарсаларга қилинади. Олтин, кумуш ва ёғоч материалларига ўхшаш нарсаларга таяммум қилиш жоиз эмас.
  2. Таяммумда масҳ қилинадиган аъзоларни тўла масҳ қилиш.
  3. Таяммум масҳини қўлнинг бутун ички юзаси ёки аксар қисми билан қилмоқ.
  4. Таяммумда икки қўл кафтини, бир жойга бўлса ҳам, икки марта уриш. Таяммумга ният қилиш шарти билан, тупроқнинг бирор восита ёрдамида қўл кафтига тегиши ҳам икки зарб ўрнига ўтиши мумкин.
  5. Таяммум қилаётганида ҳайз, нифос, таҳоратсизлик каби таяммумга зид ҳолатлардан холи бўлиш.
  6. Шам ва ёғ каби таяммум масҳининг (терига тегишига) монеъ бўладиган нарсалардан покланиш.

 

*** Таяммумнинг сабаблари, вожиб бўлиш шартлари ***

Таяммумнинг сабаблари ва вожиб бўлишининг шарт­лари таҳоратнинг сабаб ва шартлари билан бир хилдир.

 

*** Таяммумнинг рукнлари ***

Таяммумнинг иккша фарзи бор:

  1. Пок тупроққа ё унинг жинсига икки бор қўл кафтларини уриш.
  2. Қўлларни тирсаги билан қўшиб, юзни тўла масҳ қилиш.

Изоҳ: Бу ҳақда Пайғамбармиздан, соллаллоҳу ааайҳи ва саллам, шундай мазмундаги ҳадис ривоят қилинган: «Ерга биринчи уриш билан юз, иккинчисида қўллар тирсаклар билан қўшиб масҳ қилинади. Қўлларни икки марта ерга уриб таяммум қилинади». Сўнгра Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, одамларга кўрсатиб бериш мақсадида икки кафтларини ерга уриб, юзларига масҳ тортадилар, кейин яна қўлларини ерга уриб, ҳам ички, ҳам ташқи томонига масҳ тортадилар.

Таяммум қилишдан олдин бармоқлардаги узуклар чиқарилади. Юзнинг икки қулоқ орасидаги қисми тўла масҳ қилинади.

 

*** Таяммумнинг суннатлари ***

Таяммумнинг еттита суннати бор:

  1. Таяммумни «Бисмиллаҳ» билан бошламоқ.
  2. Тартибга риоя қилмоқ (аввал қўлларни тирсаклари билан қўшиб, сўнгра юзни масҳ қилмоқ).
  3. Қўллар ва юзни масҳ қилиш орасини узмаслик.
  4. Ҳар икки қўлни тупроқка ургач, уларни чангга пасайтириб тутиб кўтариш (қоқиш).
  5. Қўлларни силкитмоқ.
  6. Тупроққа яхши тегиши учун бармоқлар орасини очмоқ.

Вақт чиқмасдан аввал сув тогшшга умид қилган киши таяммумни намоз вақтининг охиригача кечиктириши мустаҳабдир.

Сув берилиши ваъда қилинган кишига, намоз қазо бўлишидан қўрқса ҳам, таяммумни кечиктириш вожибдир.

Кийим берилиши ваъда қилинган яланғоч киши, на­моз қазо бўлиб қолишидан қўрқмаса, намозни кечикти­риши зарур.

Сув олиш учун пақир, арқон каби анжомлар бериш ваъда қилинган ҳолда қудуқ бошида кутиб турган кишига намоз вақти чиқишидан қўрқмаса, анжомлар билан таъминлангунича таяммумни кечиктириши вожибдир.

 

*** Сувни ахтариш ***

Яқин орада сув бор деб ўйлаган киши, бехатар бўлса, тўрт минг қадам масофа орасида сув излаши вожибдир.

Киши халқи хасис бўлмаган бир жойда турган бўлса, (таяммум қилмасдан аввал, суви кўп бўлган бирор) кишидан сув сўраши зарур. Агар у сувни фақатгина пул эвазига берадиган бўлса, сув сўраган кишининг ейиш, ичиш каби зарур харажатларидан ортиқча пули бўлса, сувни сотиб олиши керак. Сув учун жуда катта ҳақ талаб қилинса ёки уни ўз қийматида сотиб олишга пули етмаса, таям­мум килади.

 

*** Таяммум қилиб намоз ўқиш ***

Таяммум қилган киши хоҳлаганича фарз, суннат ва нафл намозлари ўқиши мумкин. Намоз вақти кирмасидан аввал таяммум қилиш мумкин.

 

*** Яраси бор кишилар нима қилади? ***

Баданининг аксар қисми ёки ярми ярали бўлган киши жунуб бўлса ғусл ўрнига, таҳоратсиз бўлса таҳорат ўрнига таяммум қилади. Аъзоларининг аксар кисми соғлом, озгина қисми ярали бўлса, соғлом жойларини ювиб, ярали жойларига масҳ тортади.

Изоҳ: Таҳоратда ювиладиган аъзоларнинг аксарияти ёки ярми ярали бўлган кишининг таяммум қилиши мумкин бўлганидек, танасининг ярми ёки аксарияти ярали ҳолда жунуб бўлган киши ҳам таяммум қилиб, барча ибодатларни адо этиши мумкин. Ярали аъзолар кам-кўплиги аъзоларнинг сонига кўра ҳисобланади. Агар бир кишининг боши, юзи ва қўллари ярали, бу яралар ушбу аъзоларнинг озгина қисмини эгаллаган бўлиб, оёқлари соғлом бўлса ҳам, у киши таяммум қилади. Чунки таҳоратда ювилиши фарз бўлган аъзоларнинг аксария­ти яралидир. Баъзи фикҳ уламолари ҳам таҳоратда ювилади­ган аъзоларнинг аксарияти ярали бўлсагина таяммум қилинади, дейдилар. Шунингдек, қорнида ёки елкасида баданига сув тегса зарарланадиган яраси бўлса, танасининг аксар қисми ярали кишилардек, жанобатдан покланиш учун таяммум қилади.

Ярали киши ювиниш билан таяммумни қўшиб, биргаликда қилмайди (яъни хоҳ ғуслда, хоҳ таҳоратда бўлсин, баъзи аъзоларини ювиб, айни пайтда таяммум ҳам қил­майди, фақат таяммум қилади).

 

*** Таяммумни бузадиган нарсалар ***

Таҳоратни бузадиган нарсалар, таяммумни хам бузади. Та-ҳоратда ювиладиган аъзоларни ювшттга етарли сувни топиш Хамда сувни кўллашга қодир бўлишхам таяммумни бузади.

 

*** Қўллари ва оёқлари кесилган кишилар ***

Агар қўллари ва оёқлари кесилган кишининг юзида яраси бўлса, таҳоратсиз намозини ўқийди, юзидаги яраси тузалгач, бу намозларнинг қазосини ўқимайди (қўллари ва оёқлари кесилган кишининг юзида яраси бўлмаса, юзини ювиб намоз ўқийди).

 

*** Масҳ бўлими ***

*** Маҳсига масҳ тортиш ***

Маҳсига эркаклар ҳам, аёллар ҳам таҳорат қилаётганларида масҳ тортишлари мумкин.

 

*** Маҳсига масҳ тортишнинг жоиз бўлиш шартлари ***

Маҳсига масҳ тортишнинг жоиз бўлиши учун еттита шарт бор:

1) Маҳси таҳорат қилиб, оёқлар ювилганидан сўнг кийилган бўлиши керак. Олдин оёқларни ювиб, таҳоратни тамомламасдан маҳсини кийиш ҳам мумкин. Бу ҳолда таҳорат тамомлангунича таҳоратни бузувчи ҳеч бир амал содир этмаслиги керак.

2) Маҳси оёқларни тўпиғи билан қўшиб ёпиши зарур.

3) Маҳси ўртача одимлаб камида бир фарсаҳ (тақрибан 80 км) бетўхтов йўл босишга имкон бериши лозим Шу боис шиша, тахта ва темирдан қилинган маҳсиларга масҳ тортиш жоиз эмас. Чунки бундай маҳсилар инсонга азият беради.

4) Маҳсининг тўпиқдан пастки қисмида учта бармоқ сиғадиган йиртиғи бўлмаслиги керак.

5) Маҳсилар ҳеч қандай боғичсиз оёқда турадиган даражада қалин бўлиши зарур.

6) Маҳси оёққа сув ўтказмайдиган бўлиши керак.

7) Ҳар бир оёқнинг олди тарафида уч бармоқ миқдори масҳ тортиладиган қисми бўлиши зарур. Бунга кўра, оёғинг бармоқлар тарафи йўқ киши, товон тарафи бўлса ҳам, маҳсига масҳ торта олмайди.

Изоҳ: Агар оёғи тўпиқ остидан кесилган бўлиб, таҳоратда ювилиши фарз бўлган қисми қўлнинг уч бармоғи энидан оз қолган бўлса, соғлом оёғининг маҳсисига масҳ торта ол­майди. Чунки кесилган оёқнинг қолган қисми масҳ қилинадиган миқдордан оз қолгани учун, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Соғлом оёққа масҳ тортиладиган бўлса, ювиш ва масҳ тор­тиш биргаликда бажариладики, бу ҳам ножоиздир.

 

*** Масҳнинг муддати ***

Масҳнинг муддати муқим учун бир кечаю бир кундуз, сафардагилар учун уч кечаю уч кундуз, яъни 72 соатдир. Муддат маҳси кийилганидан сўнг, таҳорат бузилган вақтдан эътиборан бошланади.

Муқим киши масҳ муддати ўтмай, сафарга чиқса, масҳ муддатини сафардагилар каби тамомлайди. Сафар нияти билан масҳ тортгач, бир кеча-кундуздан сўнг, қайта муқимликка ният қилса, дарҳол маҳсисини ечади. Агар бир кеча-кундуз тўлмаган бўлса, бу муддатни тўлдиради.

 

*** Масҳнинг фарзи ***

Масҳнинг фарзи ҳар бир оёқнинг уст қисмига маҳси устидан қўлнинг учта кичик бармоғичалик миқдорда масҳ тортишдир.

Изоҳ: Ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, таҳорат қилаётиб, маҳсиларини ечган бир кишини кўрдилар ва уни оҳиста туртдилар. Сўнгра маҳси устига мана бундай масҳ тортиш буюрилди деб, оёқ учидан бошлаб тўпиқларигача қўлларининг учта бармоғини тойдирган ҳолда масҳ тортиш кераклигини унга кўрсатиб бердилар.

 

*** Масҳнинг суннатлари ***

Масҳнинг суннати қўлни (сув олиб таншагач) бармоқларни очиқ ҳолда маҳсининг устига қўйиб, оёқларнинг учидан бошлаб маҳсининг қўнжигача тортишдир.

 

*** Масҳни бузувчи сабаблар ***

Таҳоратни бузадиган нарсалар, яна қуйидагилар масҳни бузади:

– маҳсини ечиш, оёқнинг ярмидан кўпроғини ечиш мақсадвда маҳсининг қўнжигача чиқариш;

– маҳсига сув кириб, бир ёки икки оёқнинг ярмидан кўпроғини ҳўл қилиши;

– масҳ муддатининг тугаши. Таҳорат қилса шиддатли совуқда оёқлар музлашидан қўрқса, масҳ муддати хавф ўтгунгача чўзилади. Махсини ечиш, сув кириб кетиши, масҳ муддати тугаши боис масҳ бузилса, фақат оёқлар ювилади.

Бошдаги салла, қулоқчин, рўмол, қўлқоп ва шунга ўхшаш нарсалар устидан масҳ тортиш жоиз эмас.

 

*** Боғлагич (бинт), гипсга ўхшаш нарсалар ҳақида ***

Аъзоларнинг биридан қон олдирилганда, бирор аъзо яраланган ёки синганида бинт ёки гипсга ўхшаш нарсалар билан боғланса ва уларни ювишга ҳам имкон бўлмаса, боғланган жойнинг аксар қисми ёки ҳаммаси устидан масҳ тортилади.

Қон олдирилган ёки ярадор бўлган аъзоларнинг боғлагичлар орасидан кўриниб турган жойларга масҳ тортиш кифоядир.

Гипс ёки боғланган жой устидан масҳ тортиш ювиш кабидир. Бунда масҳ тортишнинг маълум бир муддати йўқ, яъни яра тузалиб кетгунича масҳ тортиш мумкин.

Бир кишининг тахтакачлаш, гинслаш ёки боғлашни таҳоратли ҳолда бажариши шарт эмас.

Икки оёқдан бири ярали бўлганида, ярали оёқнинг боғланган жойига масҳ тортиб, иккинчи оёқни ювиш жоиз.

Яра тузалмасдан аввал тахта, гипс ёки бинт тушиб кетса ҳам устидан тортилган масҳ бузилмайди.

Зарурат туфайли бинт (ва шунга ўхшаш нарсаларни) янгилаш жоиздир. Бу ҳолда қайтадан масҳ тортиш вожиб эмас, лекин масҳ тортган афзал.

Касаллик туфайли мусулмон ва мутахассис шифокор томонидан ювмаслик тавсия қилинган ёки ювилса, зарар етиши тахмин қилинган ярали кўз ҳам ювилмайди. Унга масҳ тортилади.

Тирноқ синиқларига дори, сақич, ўт пуфаги қўйиб боғланган, ечиб ювиш зарарли бўлса, унга масҳ тортиш жоиздир. Масҳ тортиш зарар берса, бу ҳам тарк килинади.

Ярали аъзоларга боғланган бинт ёки гипс устидан таҳоратда эса бошга масҳ тортиш учун ният қилиш шарт эмас.

 

Такрорлаш унун саволлар

  1. Таяммумни таърифлаб, дуруст бўлиши учун зарур шартларни санаб беринг. Сўнгра ниятнинг ҳақиқатини, вақтини ва дуруст бўлиш шартларини тушунтириб бе­ринг.
  2. Таяммумнинг фарзларини, суннатларини, сабабини ва фарз бўлиш шартларини айтиб беринг.
  3. Таяммумни кечиктириш қачон мустаҳабдир? Қачон шартдир? Сувни қанча масофагача қидириш лозим?
  4. Намоз вақти кирмасидан аввал таяммум қилиш жоизми? Битта таяммум билан фақат бир вақт фарз намози ўқиладими ёки бошқа вақтларнинг фарзларини ўқиса ҳам бўладими?
  5. Таяммумни бузадиган нарсаларни айтинг, ярали киши қачон таяммум килишини тушунтиб беринг. Бир вақтда ҳам ювиб, ҳам таяммум қилса бўладими?
  6. Маҳсига масҳ тортишнинг ҳукмларини айтиб беринг. Муқимнинг, мусофирнинг масҳ муддатлари қанча?
  7. Сафарга чиққан киши (камида 15 кун туришга) ният қилса, бир кеча-кундузлик масҳ муддатини қачон тамомлайди? Фарз бўлган масҳ миқдори қанча?
  8. Маҳсига тортиладиган масхнинг суннатларини, масҳни бузадиган нарсаларни ва устига масҳ тортиш жоиз бўлмаган нарсаларни баён қилинг.
  9. Яра боғичларининг ҳукмларини тафсилотлари билан тушунтириб беринг. Маҳси ва боғичлар устига масҳ тортиш учун ният қилиш шартми?

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

ҲАЙЗ, НИФОС ВА ИСТИҲОЗА:

Покланиш нима билан тамомланади?

Фарзларнинг қазоси;

Жунуб кишига ҳаром бўлган амаллар;

Таҳоратсиз киши учун ҳаром бўлган амаллар;

Истиҳоза ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳукмлари;

Одам қачон узрли ҳисобланади?

Давомийлик шарти;

Нажосат ва нажосатдан покланиш;

Нажосат теккан нарсалар қандай тозаланади;

Ернинг тозаланиши;

Бошқа ҳолга ўтиш билан покланиш;

Ўлик ҳайвонларнинг териси ва шунга ўхшаш нарсаларнинг покланиши.

Read 5816 times
Tagged under
Top