Кутубхона

РЎЗА – БАДАН ЗАКОТИ

“Совм” сўзининг луғавий маъноси емоқ, ичмоқ, калом, сайр-саёҳат ва бошқа нарсалардан тийилишдир.

Истилоҳий маъноси – Рамазон ойида Аллоҳ таолога ибодатни қасд қилиб, субҳдан то қуёш ботгунча еб-ичиш ҳамда шаҳвоний ҳирсини қондирмоқдан ўзини тийиб туриш ва шунга ният қилишдир. Эс-ҳуши, соғлиги жойида, балоғат ёшига етган, шаҳрида муқим бўлган мўминлар ҳамда покиза ҳолдаги мўминалар тутиб бериши шарт бўлган фарз ибодатдир.

“Рамазон” сўзи арабча бўлиб, бундай номланиши ҳикматларини уламолар бундай изоҳлайди:

  1. Ёз охирида, куз мавсумининг бошларида ёғадиган ва ер юзини чанг-ғуборлардан тозалайдиган ёмғир маъносидаги “рамза” сўзидан олинган. Бу ёмғир ер юзини тозалаганидек, Рамазон ойи ҳам мўминларни гуноҳлардан поклайди.
  2. Қуёшнинг шиддатли ҳароратидан тошларнинг қизиб кетиши маъносидаги “рамаз” сўзидан олинган. Бундай қизиган тошлар устида юрган кишининг оёқлари куяди, қийналиб кетади. Шунга ўхшаш рўза тутган киши ҳам очлик ва сувсизликнинг машаққатини тортади, ичи ёнади. Қизиган тош оёқларни куйдирганидек, Рамазон ҳам мўминларнинг гуноҳларини куйдириб, йўқ қилади.
  3. Қилич ва ўқларни чархлаш учун иккита тош орасига қўйиб, урмоқ маъносида келувчи “рамз” сўзидан олинган. Бу ой Рамазон дейилишига сабаб, араблар бу ойда қиличларини чархлаб, тайёр қилиб қўйишар эди.
  4. Баъзилар араб ҳарфи билан ёзилган “рамазон” сўзидаги ҳарфларни бундай шарҳлаган: “р” ҳарфи раҳмат; “м” ҳарфи мағфират; “з” ҳарфи (замон) жаннат кафолати; “о” ҳарфи дўзахдан омонда бўлиш; “н” ҳарфи мағфиратли ва ҳалим Зот бўлган Аллоҳ таоло томонидан бўладиган нур.

Бу улуғ рўза ибодати ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон ойида қуйидаги оят билан фарз қилинган:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ كُتِبَ عَلَيۡكُمُ ٱلصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ١٨٣

«Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз» (Бақара, 183).

Ушбу ояти карима ва Яҳё (алайҳиссалом) васиятларидан кўриниб турибди, рўза ибодати ҳам худди намоздек фақат Муҳаммад (алайҳиссалом) умматларига эмас, балки аввал яшаб ўтган халқларга ҳам фарз қилинган. Демак, ўтмиш пайғамбарлар ва умматлари Аллоҳ учун унинг амрига кўра, ўзларига буюрилганидек рўза ибодатини адо этишган, эндиги рўза навбати Муҳаммад (алайҳиссалом) ва у кишининг умматларига. Ояти карима сўнгида айтилганидек, рўза тутиш билан киши тақводорлардан бўлади. Яъни, ейиш-ичишга ҳалол бўлган барча нозу неъматлардан, ўз жуфту ҳалоли билан лаззатли онларга берилишдан (гарчи улар бошқа вақтда мубоҳ бўлсада) тийилиб юриш орқали нафс тарбия қилинади, гуноҳлардан сақланишда сабр фазилатини шакллантиради, сабр эса имоннинг ярмидир, шайтони лаъинга қарши курашган бўлади. Оч қолгани учун феълида ожиз бандага хос хокисорлик, камтарлик пайдо бўлади, қолаверса, ейиш-ичиш, нафс қондириш Аллоҳ таолонинг суюкли, покиза қуллари бўлмиш фаришталарга бегонадир, ҳайвонларда мавжуд бўлган, юқори турадиган хислат.

Шунингдек, Қуръони каримда:

۞وَلَقَدۡ كَرَّمۡنَا بَنِيٓ ءَادَمَ وَحَمَلۡنَٰهُمۡ فِي ٱلۡبَرِّ وَٱلۡبَحۡرِ وَرَزَقۡنَٰهُم مِّنَ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَفَضَّلۡنَٰهُمۡ عَلَىٰ كَثِيرٖ مِّمَّنۡ خَلَقۡنَا تَفۡضِيلٗا٧٠

«Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик» (Исро, 70), дейилган олий мақомда яралган бўлатуриб, бу мукаррамликка нодонларча, ҳаёсизларча доғ тушираётган баъзи кишилар саноқли кунларда малоикаларга иқтидо қилади, уларга ўхшагандек бўлади. Шу маънодан келиб чиқиб, рўзадорлар қиёмат кунига атаб ёзиб борилаётган номаи аъмоллари (амаллар ёзиб бориладиган дафтари)га “тақводор киши” деб ёзилади.

Суюкли Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир неча ҳадиси шарифларида биз мўминларни рўзага тарғиб қилганлар: “Эй йигитлар жамоаси! Қай бирингиз уйланишга қодир, имкониятли бўлса, бас уйлансин, чунки уйланиш кишини кўз зиноси, фарж зиносидан сақлайди, ким қодир бўлмаса, бас у рўза тутсин, чунки рўза унинг учун (гуноҳдан) сақловчидир” (Муттафақун алайҳ).

Яъни, очлик билан шаҳват сўниб туради, қон томирлари тораяди, шайтон васвасаси кесилади. Чунки Пайғамбар (алайҳиссалом): “Албатта, шайтон одам боласининг қон томирида юради, шунинг учун унинг йўлини очлик билан торайтиринг”, деганлар.

Юқоридаги ояти кариманинг давомида Аллоҳ таоло: “Саноқли кунларда”, дея марҳамат қилди. Бу Рамазони шариф ойининг кунлари бўлиб, у баъзан йигирма тўққиз, баъзан ўттиз кундан иборатдир. Бир йилда уч юз эллик тўрт кун ичида фақат йигирма тўққиз ёки ўттиз кунгина рўзани адо этиш Аллоҳнинг бизларга бўлган марҳамати, албатта. Аллоҳ таоло биз мўминларга осонликни хоҳлайди, қийинликни эмас. Бошқача айтадиган бўлсак, Аллоҳ бизга хоҳлаган нарсаларнинг бари осон нарсалардир. Агар бир ой эмас икки ой, уч ой, ҳатто олти ой рўза тутишни фарз қилганда эди, албатта, биз мўминлар уни сўзсиз адо этган бўлардик. Аммо бу бизга қийинчилик туғдирар эди. Рамазон ойида кун бўйи оч қолиб, чанқаб, хоҳишимизга қарши бориб, нафсга бир муштлаб қийналишимиз турган гап, анча сабр қилишимизга тўғри келади. Кўпчилик рўзадор бўлгани учун қўли ишга бормай, кунни дам олиб ўтказишга мажбур бўлади. Шу томондан қарасак, бир ой етарли деб ўйлаймиз ва бунга шукр қиламиз. Аммо бу муборак ойга ички томондан назар солсак, фақат шу ойга хос фазилатлардан хабардор бўлсак, Пайғамбар (алайҳиссалом) айтганларидек, йил ўн икки ой Рамазони шариф бўлишини орзу қилган бўлардик. Ҳадиси шарифда келади: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги умматларимга бўладиган мукофотлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”.

Рамазон ойи ҳижрий-қамарий йилнинг тўққизинчи ойи бўлиб, барча ойларнинг султонидир.

Рамазон ойи нима учун ойлар султони дейилган? Бу ойни бошқа ойлардан ажратиб турувчи баъзи жиҳатларни келтириб ўтсак:

  1. Қуръони каримда номи очиқ зикр этилган ой фақат Рамазон ойидир.

﴿شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدٗى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَٰتٖ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара, 185).

  1. Қуръон мана шу ойда нозил қилинган, Қуръони каримда зикр қилинган ҳамда минг ойдан хайрли бўлган кеча ҳам мана шу ойдадир.

﴿لَيۡلَةُ ٱلۡقَدۡرِ خَيۡرٞ مِّنۡ أَلۡفِ شَهۡرٖ٣

«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 3).

  1. Мана шу ойда инсонларга Аллоҳ таоло томонидан рўза тутиш фарз қилинган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ كُتِبَ عَلَيۡكُمُ ٱلصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ١٨٣ أَيَّامٗا مَّعۡدُودَٰتٖۚ

«Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабаб) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда...» (Бақара, 183–184).

  1. Фитр садақасини бериш бу ойга хос қилинган.
  2. Таровеҳ намози Рамазон ойида ўқилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Рамазон кечасининг фазилатига ишониб, савоб умидида таровеҳ намозига турган кишининг илгари қилган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган (Имом Бухорий).
  3. Рамазон ойининг охирги ўн кунини эътикофда ўтказиш суннатдир. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то Аллоҳ таоло омонатини олмагунича Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришни канда қилмадилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ҳам шундоқ эътикоф қиладиган бўлди”, дейилган (Имом Бухорий).

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Рамазон ойида рўза тутишни фарз қилган.

﴿شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدٗى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَٰتٖ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ ٱلشَّهۡرَ فَلۡيَصُمۡهُۖ

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзани тутсин» (Бақара, 185).

Рўза Одам (алайҳиссалом) давридан бери тутилади. Аввалги умматлар ҳам рўза тутган. Масалан, Довуд (алайҳиссалом) бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эди. Бунинг энг фазилатли рўза эканини Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билдирганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуд (алайҳиссалом) рўзасидир. У бир кун рўза тутиб, бир кун тутмас эди”, дедилар» (Имом Бухорий).

Насронийларда бир йили рўза йилнинг жазирама иссиқ ойига тўғри келди. Шунда уларнинг олимлари бир жойга жамланиб, рўзани йилнинг мўътадил фасли баҳорга ўтказишга қарор қилди. Бунга каффорат сифатида рўзага ўн кун илова қилиб, рўзани қирқ кунга чиқарди. Кейинчалик ҳукмдорларининг хасталаниши ёки ораларида касалликнинг тарқалиши туфайли яна ўн кунга оширишди. Кейинчалик рўзанинг шаклини ҳам ўзгартириб, парҳез ҳолига келтиришди.

Рўза тутиш Муҳаммад (алайҳиссалом) умматига ҳижратдан ўн саккиз ой ўтгач, Шаъбон ойининг ўнинчи куни, Бадр урушидан бир ой олдин фарз қилинди. Исломнинг беш шартидан тўртинчиси Рамазон ойи рўзасини тутишдир.

Рўза тенги йўқ ибодатдир. Аллоҳ таолонинг ер юзини ҳисобсиз нозу неъматлар билан тўлдиргани, бандаларига қанчалик меҳрибон ва раҳмли эканини кўрсатади. Баъзан инсон ғафлат таъсирида ёки сабабларга берилиб, бу ҳақиқатни кўра олмай, уларни эсдан чиқаради. Рамазон ойида аҳли имонлар бир онда жамоатга айланади. Азалий султоннинг зиёфатига даъват этилиб, кечга яқин “Дастурхонга марҳамат”, деган даъватни кутаётгандек вазиятга тушадилар. Бу билан чексиз марҳамат ва шафқатга азим ибодат билан жавоб қилишади.

Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда “Рамазон ойи” деб, бу ойнинг номини келтиришининг ўзи Аллоҳ таолонинг даргоҳида унинг нақадар қадр-қимматга эга эканига далилдир. Инсоният учун ҳидоят манбаи бўлмиш, ҳақ билан ботилни ажратувчи очиқ баёнотлар ва ҳужжатларни ўзида мужассам қилган Қуръони карим ҳам ушбу муборак ойда нозил қилинган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

﴿شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِيٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدٗى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَٰتٖ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ ٱلشَّهۡرَ فَلۡيَصُمۡهُۖ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوۡ عَلَىٰ سَفَرٖ فَعِدَّةٞ مِّنۡ أَيَّامٍ أُخَرَۗ يُرِيدُ ٱللَّهُ بِكُمُ ٱلۡيُسۡرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ ٱلۡعُسۡرَ وَلِتُكۡمِلُواْ ٱلۡعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ ٱللَّهَ عَلَىٰ مَا هَدَىٰكُمۡ وَلَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ١٨٥

«Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзани тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардадир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир» (Бақара 185).

عَنْ وَاثِلَةَ بْنِ الْأَسْقَعِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “أُنْزِلَتْ صُحُفُ إِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلَام فِي أَوَّلِ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ وَأُنْزِلَتْ التَّوْرَاةُ لِسِتٍّ مَضَيْنَ مِنْ رَمَضَانَ وَالْإِنْجِيلُ لِثَلَاثَ عَشْرَةَ خَلَتْ مِنْ رَمَضَانَ وَأُنْزِلَ الْفُرْقَانُ لِأَرْبَعٍ وَعِشْرِينَ خَلَتْ مِنْ رَمَضَانَ”.

Восила ибн Асқа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Иброҳим (алайҳиссалом)га саҳифалар Рамазоннинг биринчи кечасида нозил қилинди, Таврот Рамазоннинг олтинчи кечасида, Инжил Рамазоннинг ўн учинчи кечасида, Фурқон (Қуръони карим) эса Рамазоннинг йигирма тўртинчи кечасида нозил қилинди”, дедилар» (Имом Аҳмад).

Илоҳий китобларнинг барчаси Рамазон ойида туширилиши бу ойнинг бошқа ойларга нисбатан фазли буюклигига далилдир. Башариятни бахту саодатга эриштирувчи муқаддас китобларни Рамазон ойида нозил қилган Аллоҳ жалла ва аъло уларнинг икки дунё саодатига сабаб бўладиган рўза ибодатини ҳам шу ойда адо этилишини фарз қилди. Юқорида келган рўза ҳақидаги ояти кариманинг давомида айтилади: “Ким бу ойга шоҳид бўлса (Рамазон ойига етиб келса), бас, у рўза тутсин”. Яъни, эркагу аёл, каттаю кичик баробар, балоғатга етган бўлса бас, Рамазон ойига соғ-омон етса, рўзани тутсин.

Улуғ рўза ибодатини шу ойда адо этиш фарз қилиниши ҳам, Рамазоннинг улуғ ой эканига далилдир. Моҳи Рамазон фазилатини англатадиган кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

عن أَبي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “إِذَا دَخَلَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ جَهَنَّمَ وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ”. وفي رواية: “فتحت أبواب الرحمة”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазон ойи кириши билан жаннат эшиклари (бир ривоятда: раҳмат эшиклари) очилади, дўзах эшиклари беркитилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Ҳадиси шарифдан маълум, ҳар йил Рамазон ойи келиши билан, бу ой баракотидан юқоридан раҳмат эшиклари, Рамазон аҳлларининг жойлари бўлмиш жаннат дарвозалари очиб қўйилади, дўзах эшиклари ёпилади, мўминларни тўғри йўлдан оздирадиган шайтонлар эса кишанлаб қўйилар экан. Буларнинг бари Рамазон ҳурмати, рўзадорлар ҳурмати учун бўладиган гўзал илоҳий муомаладир. Қолаверса, мўминларга Рамазон ҳурматини жойига қўйишлари учун ибрат, илоҳий дарсдир.

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Шаъбон ойининг охирги кунида (Шаъбон Рамазондан олдинги ой) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга бундай хутба (мавъиза) қилдилар: “Эй инсонлар! Сизларга бир муборак ой соя солиб турибди. Бу ойда савоби минг ойлик ибодат савобидан ортиқроқ бўлган Қадр кечаси мавжуд. Бу ойда кундузи рўза тутиш фарз қилинди, кечаси қоим бўлиб, ибодат қилиш нафлдир. Бу ойда ким ихтиёрий бир яхши амал қилса, унга худди фарз амалини қилган савоби берилур, бошқа ойда бундай эмас, агар ким, бир фарзни адо этса, унга етмишта фарзни адо этганнинг савоби берилур. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. Бу ой ўзаро ёрдам, хайру саховат, эзгулик ойидир, мўмин кишининг ризқу рўзи баракали бўладиган ойдир, ким бу ойда бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳлари кечирилади, дўзахдан озод бўлишига сабаб бўлади, ҳамда шу рўзадорнинг савобича ажрга эришади”.

Шунда биз: “Ё Расулуллоҳ, бир рўзадорни овқатлантириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди-ку?” деб сўрадик. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Мен ваъда қилган бу ажру мукофотни бир рўзадорга бир қултум сув ёки бир дона хурмо берган кишига Аллоҳ насиб этади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилишдир. Бу ойда тўрт нарсани айтиб олинглар, бу тўрт нарсадан иккитаси билан Раббингизни рози қилган бўласиз. Улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” билан истиғфор айтишингиздир! Иккитаси эса ўзларинг муҳтож бўлган нарса: Аллоҳдан жаннатни сўранг, дўзахдан паноҳ тиланг! Ким бир рўзадорнинг чанқоғини қондирса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни ҳавзи Кавсардан бир қултум билан суғоради (шу бир қултум ҳавзи Кавсар шарбатини ичган) то жаннатга киргунча чанқамас”, дедилар» (Имом Байҳақий).

Пайғамбар (алайҳиссалом) Рамазон ойи киришидан олдин бу ойнинг ҳурмати, қадр-қиммати ҳақида чуқур маъноларни қамраган пурҳикмат ҳадиси шарифларини умматларига баён қилдилар.

Бир йиллик кечалар ичида энг улуғ бир кеча бор, бунда қилинган тоат-ибодатлар минг ой, яъни бир неча йиллаб қилинган ибодатлардан афзалроқ, (минг ой саксон уч йилдан зиёдроқ вақт), савоби кўпроқ, чунки бу кечанинг қадр-қимматини Аллоҳ таоло шу кечада муқаддас Каломини нозил қилиш билан уни осмонларга етказиб қўйган. Бу кечанинг Рамазон кечаларидан бири бўлиши ҳам бу ойнинг фазилати буюклигига далилдир.

Аллоҳ таоло бу ойнинг қадрини ошириш учун яна бир безак билан зийнатлади, ким бу ойда бир ихтиёрий нафл ибодат қилса, унга фарз амалнинг савоби, бир фарзнинг эвазига эса, етмишта фарз амалининг савобини ваъда қилди. Аслида, энг улуғ савоблар фақат фарз амаллар учун берилади. Бошқа ойларда нафл амалга фарзнинг ана шундай улуғ ажри берилмайди, аммо Рамазон ойида эса Аллоҳ таоло уммати Муҳаммадияга янада марҳамат қилди. Аҳли давлат кишиларимиз шу маънога мувофиқ ҳар йили молларининг закотини фақат Рамазон ойида беришни одат қилишгани ҳам бежиз эмас.

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бу ойни сабр-тоқат ойи дедилар. Чунки бу ой тоат-ибодатни кўпроқ бажариб олишимиз керак бўлган ой, имтиёзларидан яхшигина фойдаланиб қолишимиз керак бўлган ойдир, бунинг учун сабр-тоқатли бўлиш лозим. “Сабрнинг мукофоти эса жаннат бўлади”, деганлар Пайғамбар (алайҳиссалом). Мўминнинг мақсадларидан бири ва энг буюги жаннат роҳат-фароғатига эришиш эмасми?! Ояти каримада айтилган:

﴿قُلۡ يَٰعِبَادِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ رَبَّكُمۡۚ لِلَّذِينَ أَحۡسَنُواْ فِي هَٰذِهِ ٱلدُّنۡيَا حَسَنَةٞۗ وَأَرۡضُ ٱللَّهِ وَٰسِعَةٌۗ إِنَّمَا يُوَفَّى ٱلصَّٰبِرُونَ أَجۡرَهُم بِغَيۡرِ حِسَابٖ١٠

«(Эй Муҳаммад!) Менинг имон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқинг! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг Ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлар ҳисобсиз берилур”» (Зумар, 10).

Бу ояти каримани баъзи муфассирлар: сабр қилувчиларга қиёмат куни ажр-мукофотлари берилаётганда ҳисоблаб ўтирмасдан бирданига бериб юборилади, деб таъвил қилган.

Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Бу муборак ойда мўминнинг ризқи кўпаяди”, дедилар. Чиндан ҳам, бунга ҳар йили Рамазон ойи келганда барчамиз гувоҳмиз. Рўзғоримиз баракали, савдо ва бошқа ишлар юришган, битмаётган ишлар битган, инсофсизлар инсофга келиб қолган ва ҳоказо кўп ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўламиз. Чунки бу ойда осмон эшиклари очилиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади.

Рамазон рўзасини тутган биргина рўзадорга енгил ифторлик берган кишининг гуноҳлари кечирилади (бу рўзадорнинг ҳурматидан), бирор гуноҳи эвазига дўзахга ҳукм қилинган вақтда ундан қутулиб қолади. Нафақат гуноҳи кечирилиб азобдан қутулиб қолади, балки ана шу қийналиб рўзани адо этган киши оладиган савобни, у қанча олса, шунчасини номасига битиб қўйилади. Бундай улуғ мукофотга озгина ичимлик ёки озгина емакни, у хурмоми, узумми, майизми – рўзадорга оғзини очиш учун берсак бўлди, савобга эришамиз. Фақат бунда ихлос ва ана шунинг савобига умид бўлиши лозим.

Пайғамбар (алайҳиссалом) Рамазонни уч қисмга бўлдилар – раҳмат даҳаси, мағфират даҳаси ва дўзахдан озод қилиш даҳаси. Бу уч даҳанинг ўзига хос фазилати оламларнинг Раббисигагина тегишли бўлган хулқлардир. Яъни, раҳмат даҳаси, бу Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Аллоҳ таолонинг раҳмати бандасига яхшиликни ирода қилгани, мағфирати эса хатою камчилик, гуноҳларини ўтиб юборишидир, дўзахдан озод қилиш ҳам фақат у Зотга тегишлидир. Демак, Аллоҳ таоло Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида рўзадор мўминларга раҳмат назари билан боқади, уларга кўп яхшиликлар насиб этади. Мағфират даҳасида эса, кичик гуноҳларни кечиради, учинчи даҳада раҳмат-мағфиратга эришган мўминлар энди дўзахдан озод қилинади.

Бундай катта ваъдалар фақат Рамазонга хослиги бу ойнинг улуғлигига далилдир. Қолган ўн бир ойда қилган маъсиятларимиз, қимматли вақтимиз – умримизни қадрига етмай, амал дафтарига орттирганимиз кир-доғлар Рамазон ойи билан ювилади. Моҳи Рамазон раҳмат Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига Аллоҳ таолонинг буюк туҳфасидир. Унинг қадрига етишимиз, қўлимиздан келганича шукрини адо этишимиз лозим.

Пайғамбар (алайҳиссалом) буюрганларидек, тавҳид калимаси – “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни кўпроқ айтиб олишга ҳаракат қилиш керак. Умр ғанимат, вақт ғанимат. Гуноҳларимизга, Аллоҳ таоло ва Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қилган исёнларимизга тавбаю истиғфорни кўпайтирайлик. Айниқса, Рамазоннинг саҳар чоғларида бунга эътибор берайлик.

Шайтонлару жинлар, Фиръавну Кисролар, кофирлару мунофиқларнинг борар ери бўлмиш жаҳаннамдан кўпроқ паноҳ тилаб олайлик!

Рўзадорларга бериладиган улкан мукофотлар ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар:

عَنْ سَهْلِ بن سَعْدٍ رضي الله عنه: أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “فِي الْجَنَّةِ ثَمَانِيَةُ أَبْوَابٍ بَابٌ مِنْهَا يُسَمَّى الرَّيَّانَ لا يَدْخُلُهُ إِلا الصَّائِمُونَ”.

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатда саккизта эшик бор. Улардан бири Райён деб номланиб, ундан фақат рўзадорлар киради”, дедилар» (Муттафақун алайҳ). Қиёмат куни: “Рўзадорлар қани? Райёнга марҳамат”, дейилади. Бу нидони эшитган рўзадорлар аста-секин Райёнга кириб боришади. Охиргиси кириб бўлгач, Райён эшиги ёпилади, бошқа ҳеч кимга киришга рухсат берилмайди.

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ، الْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعمِائَةِ ضِعْفٍ...”

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Одам боласининг қилган ҳар бир яхши, эзгу амалига бериладиган ажр-савоби ўндан етти юз баробаригача кўпайтириб берилади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ). Яъни, мўминнинг битта қилган фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб амали савоби ўн, баъзан етти юз баробаргача кўпайтириб ёзилади ва қиёмат кунида шунча мукофот берилади.

Бу ҳақда Қуръони каримда:

﴿مَّثَلُ ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمۡوَٰلَهُمۡ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنۢبَتَتۡ سَبۡعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنۢبُلَةٖ مِّاْئَةُ حَبَّةٖۗ وَٱللَّهُ يُضَٰعِفُ لِمَن يَشَآءُۚ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٌ٢٦١

«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайди, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 261).

Аллоҳ истаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ фазлу карами кенг, билгувчидир (яъни ушбу ояти каримада қилинган бир яхши амал етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).

Аллоҳ таоло айтур: “Магар рўза амалига эмас (чунки унга бу мукофот ҳам озлик қилади, сабаби) рўза Мен учундир. Рўзадор Менинг розилигим учун еб-ичиш ва шаҳватини қондирмоқдан ўзини тийди, шундоқ экан унинг ажрини Мен Ўзим бераман”. Бандаи мўминнинг барча ибодати Аллоҳ таоло учун бўлса-да, бу ўринда Аллоҳ таолонинг: “Рўза Мен учундир” деб уни истисно қилишидаги айни ҳақиқату ҳикматни ёлғиз Аллоҳнинг ўзи билсада, уломаларимиз бу ҳақда баъзи фикрларни айтиб ўтишган, масалан, Қуртубий бундай дейди: “Бошқа ибодатлар хатти-ҳаракатлардан иборат бўлгани учун аксар ҳолларда риё аралашиши мумкин. Аммо рўза ибодати эса, ҳаракатдан холи, шунинг учун у риёдан ҳам холи бўлади”.

“Унинг мукофотини Ўзим бераман” дейишидаги ҳикмату ҳақиқатни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Барча амалларнинг ажру мукофотини Ўзи бериши барчамизга маълум, бироқ бундан рўза мукофотини Ўзим бераман, деб истисно қилиши, рўза мукофотининг жуда улуғ экани ва ажри ҳисобсиз бўлишини билдиради.

Қуръони каримда:

﴿قُلۡ يَٰعِبَادِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ رَبَّكُمۡۚ لِلَّذِينَ أَحۡسَنُواْ فِي هَٰذِهِ ٱلدُّنۡيَا حَسَنَةٞۗ وَأَرۡضُ ٱللَّهِ وَٰسِعَةٌۗ إِنَّمَا يُوَفَّى ٱلصَّٰبِرُونَ أَجۡرَهُم بِغَيۡرِ حِسَابٖ١٠

«(Эй Муҳаммад!) Менинг имон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқинг! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг Ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлар ҳисобсиз берилур» (Зумар, 10), оятидаги “сабр қилувчилар” сўзини муфассирлар “рўзадорлар” деб тафсир қилган.

Ҳадиси шарифда айтилади: “Рўзадор учун иккита шодлик бор, биринчи шодлиги: кун ботгач оғиз очиб, ифторлик қилаётганда бўлади”. Яъни, Аллоҳ таоло берган нозу неъматлардан еб-ичиб, очлиги ва чанқоғи кетади, табиий бир сурур пайдо бўлади, қолаверса, рўзани тўла адо этди, ибодатини тугатди, бунга албатта шодланади. “Иккинчи шодлиги: Парвардигорга йўлиққан вақтда бўлади”. Чунки у Аллоҳ таоло амрига итоат этиб рўзани адо этган. Раббисига исён қилишдан қўрқиб, Унинг юзини истаб маълум бир роҳатлардан тийилган эди. Илоҳий маънога эга махсус ибодатни холис Аллоҳ таоло учун бажарди, ана энди Раббисининг ҳузурига борганда шундай улуғ мукофотлар олади, у кўзи кўрмаган, қулоғи эшитмаган, ҳатто хаёлига келмаган мукофот бўлади.

“Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло ҳузурида мушкдан ҳам кўра ёқимлироқдир”.

“Сизлардан бирортангиз рўза тутса беҳаё сўзларни айтмасин, сўкинмасин ва овозини кўтармасин, борди-ю уни биров сўкиб, ҳақорат қилса ёки уришмоқчи бўлса, унга: “Мен рўзадорман!” десин” (Муттафақун алайҳ).

Ҳозирги кунда кўпчилигимиз, айниқса, ёшларимиз ўзаро, шунчаки муомалада ҳам сўкиниши бир-бирига бақириб ҳақоратлаши сир эмас. Шундай улуғ Рамазон ойида оила бошлиқлари ҳам жуфти ҳалолларини “ширин ҳақоратлар” билан сийлаб туриши, бозор ва дўконлардаги харидор ҳамда сотувчи ўртасидаги, атрофдагиларни лол қолдирадиган томошаларини ҳар куни учратиш мумкин, на унинг ва на бунинг рўзадорлиги хаёлига келади.

Азизлар! Барчамиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматларимиз, ул зот бизнинг фойдамизни кўзлаб айтган ҳар бир сўзлари, панд-насиҳатларига жон қулоғимизни тутиб амал қилсак, икки дунё саодатига эришамиз. Рамазондан бошқа ойларда роса чегарадан чиқиб олдик, энди бу улуғ ойнинг ҳурматига риоя қилайлик. Рўза тутдикми, рўзадек оғир-вазмин бўлайлик, сабр ойидамиз. Шунинг учун турли асаббузарликка йўл қўймай, сабрли бўлайлик. Бундай ҳолатларда оғзимиз берклигини хоҳ тилимиз ёки дилимиз билан айтишга уялмайлик, шундай қилсак, ҳар қандай ҳолат яхши томонга ўзгаради.

Жумҳур фуқаҳолар иттифоқ қилиб айтган: “Рўза ва рўзадорга тегишли ояти карима ва ҳадиси шарифларда айтилган ваъдалар, рўза ҳурматини қилиб, тил ва амалда гуноҳлардан ўзини тийган кишига берилади”. Бунга қуйидаги ҳадисни далил келтириш мумкин:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلَّى الله عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “مَن لَمْ يَدَعْ قولَ الزُّورِ والعمَلَ بِهِ فَليسَ للهِ حاجةٌ فِي أَن يَدَعَ طَعَامَهُ وشَرَابَهُ”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ким ёлғон сўзни ва ёлғонга амал қилишни тўхтатмаса, Аллоҳ таоло унинг емай-ичмай қўйишига муҳтож эмас”» (Имом Бухорий, Абу Довуд ва Термизий).

Ибн Ҳажар Асқалоний: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳеч нарсага муҳтож эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай дейишлари мажозий маънода бўлиб, унинг тутган рўзаси мақбул эмаслиги, бундай рўзадор илоҳий лутфдан бенасиб қолишини билдиради”, деган.

Яна бир ҳадиси шарифда ғийбатдан рўзани очилиши айтилган. Бу ҳақда жумҳур уламолар: “Рўзадор ҳалол нарсалардан рўза тутиб, ғийбатга ўхшаш ҳаромлардан тийилмаган бўлса-да, тутган рўзаси очилмайди, гарданидан рўза соқит, аммо савобидан маҳрум бўлади”, деган.

Рўза тутган киши маънавий рўзани ҳам тутмоғи лозим. Ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик ва шунга ўхшаш бошқа ёмон хулқлар шариатимизда тақиқлангандир. Булардан мўмин одам нафақат Рамазон ойида, балки бошқа вақтда ҳам сақланиши керак. Рамазон рўзасида эса умуман қилмаслик лозим. Акс ҳолда фаҳш ва мункар иш қилиб юрган намозхоннинг ўқиган намозидан фойда бўлмаганидек, ғийбат, ёлғонга ўхшаш ҳаром ишларни қилган рўзадорнинг ҳам тутган рўзасидан фойда бўлмайди. Шу ўринда Имом Муҳаммад Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг мавзуга доир сўзларини келтирсак: “Рўзанинг даражаси учта бўлиб, биринчиси кўпчилик мўминлар тутадиган рўза, бу аввалда тафсилоти ўтгандек, қорин ва фаржни ман қилинган нарсалардан тийиб туриш, холос. Иккинчи даражаси, хос кишиларнинг тутган рўзаси бўлиб, нафақат қорин ва фаржни, балки буларга қўшиб қулоқ, кўз, тил, қўл ва оёқ, ҳамда бошқа аъзоларни ҳам гуноҳлардан тийишдир (яъни бутун аъзоларнинг тутган рўзаси). Учинчи даражаси, хос кишиларнинг ҳам хосроқлари тутган рўза бўлиб, бу аввалги ҳар икки даражага қўшимча, қалбни ҳам паст тубан нарсаларни ҳазм қилишдан, дунё ғаму ташвишларидан, умуман, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсаларнинг тафаккуридан тийиб туришдир. Бу энг юқори савияли рўза бўлиб, унда Аллоҳ ва охиратдан бошқа нарса ҳақида фикрласа, рўза очилади. Бу хил рўза пайғамбар ва сиддиқларнинг рўзаси. Иккинчи даражали рўза солиҳ – оқилларнинг рўзасидир. Уларнинг барча аъзолари ҳаром ва макруҳлардан сақланиб рўза тутади. Ислом шариатида биздан шу хил рўза талаб этилади”.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир мўмин рўза фарзлиги учун ва унинг савобидан умидвор бўлиб Рамазон рўзасини тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Бу ваъдалар бировнинг риояси учун, отасидан, акасидан ё эридан қўрққани учун ва ёки келиними, бошқасиданми уялгани учун рўза тутган киши ва яна тутаётган рўзаси дардига шифо ёки оғирлигини йўқотиш маъносидаги парҳез ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий, кўнгил майллари сабаб рўза тутган киши учун эмас.

عَن أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “إِنَّ اللَّهَ لَا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишингизга ёки молу давлатингизга назар қилмас, балки қалбингизга (ундаги ният, қасдингизга) ва қилаётган амалларингизга қарайди”, дедилар» (Имом Муслим).

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар (алайҳиссалом) бизларни илоҳий ўлчовларнинг биридан хабардор қилдилар. Аллоҳ таоло шу ўлчови билан мўмин бандаларини ҳам, уларнинг ибодатларини ҳам сарҳисоб қилади. Аллоҳ таоло бандасига қалбига ва қилган ишларига қараб баҳо беради. Қалб ният, мақсад, ихлоснинг маконидир. Шунга кўра, қилинган ҳар қандай ибодатга заррача риё қўшилса, у маъсиятга, илоҳий назарда жирканч ишга айланади, аксинча, ҳар қандай дунёвий иш соф ният ва ихлосдан келиб чиқса, у савобли амалга айланади.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Қайси бир банда Аллоҳ таоло йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ азза ва жалла шу бандасининг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадиси шарифда ҳам икки нарсага эътибор беришимиз керак, чунки Пайғамбар (алайҳиссалом) катта марҳаматни ваъда қиляптилар. Биринчидан, тутиладиган рўза Аллоҳ йўлида ва Унинг розилиги учун бўлиши керак, озгина ҳам риё аралашмаслиги учун иложи борича бировга билдирмаслик лозим. Иккинчидан, бу ҳадисда юқорида хослаганлари каби Рамазонга хосламадилар, балки умумий қилиб “ким бир кун рўза тутса” дедилар. Демак, Рамазон рўзасими, ҳар ҳафта душанба, пайшанба кунлари ёки ҳар ой ўртасида уч кун тутиладиган рўзами, буларнинг барига мазкур илоҳий марҳамат бирдек тегишлидир.

Аллоҳ таоло рўза оятининг давомида бундай дейди: “Сизлардан бирор киши бемор ёки сафарда бўлса (улар тутолмаган рўза кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади”. Аллоҳ таоло биз мўминларга рўзани фарз қилган фармони олийсида Ўзининг Латиф (бандаларига лутф кўрсатувчи) Зот эканини ҳам уқтирган. “Барча мўминга Рамазонда рўза шарт”, дегандан сўнг бемор, мусофир, кекса ёшли мўминларга лутф кўрсатди. Яъни, улар Рамазон рўзасини тутмасликларига рухсат берди. Кейинги кунларида бемор касалидан тузалса, мусофир муқим бўлса, кексаларимиз ҳам куч-қувватга кириб қолишса, неча қун қазо қилишган бўлса, бир кунига бир кун тутиб беришади.

Ояти каримадаги рўза тутмаслик рухсати теккан беморга: рўза тутиш билан касали чўзилиши, зўрайиши эҳтимоли бўлган ҳар қандай хасталар, ҳайз ва нифосдаги аёллар киради. Касаллиги тузалгач, аёллар поклангач қазо рўзаларини тутишлари шарт. Яъни, бир кунига бир кун тутишади.

Ояти каримадаги “Рўзага қийналадиган кишилар”га ёши улуғ отахон ва онахонлар ҳамда ҳомиладор ва эмизикли аёллар киради.

Рўза тутишга ярамайдиган кексаларимиз тутмаган бир кун рўзалари ўрнига бир мискин қорнини (ўртача таом билан) тўйғазишади ёки шу таом пулини тўлашади. Бу ояти каримадаги айтилган нарса “фидя” дейилиб, унинг миқдори худди фитр садақасидек икки кило буғдой пулига тенг. Саховат қиламан деган кексалар фидя миқдорини оширишлари мумкин. Бу, аслида, ояти каримада айтилганидек ўзларига яхшидир. Ҳомиладор ва эми­зикли аёллар фидя бермайди, балки рўзани қазо қилиб тутади.

Ояти карима сўнгида: “Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзларинг учун яхшироқдир” дейилди, яъни бу: эй мўминлар, агар рўза тутишдаги беҳисоб ҳасанот-даражот, мақом-мартабаларни ҳамда руҳий чиниқиш, жисмоний соғломликдан иборат фойдалар аниқлигини билганингизда эди, албатта, Рамазон рўзасини тутишни ихтиёр қилган бўлур эдингиз, деганидир.

Рўзадорга кўплаб ваъда ва илоҳий марҳаматларни башорат қилган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни узрсиз тутмаслик ёки очиб юборишдан қаттиқ қайтарганлар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ким Рамазондан бир кунни рухсатсиз ва касалликсиз тутмаса, кейин умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша кун рўзасини тутиб бера олмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ва Сунан эгалари).

Рўза ойида рўзага қодир бўла туриб, масалада айтилган узрлардан ҳеч бирига соҳиб бўлмаган киши рўза тутмаса, демак, у Рамазонни менсимаган, рўза ҳурматини оёқ ости қилган бўлади.

Имом Заҳабий “Ал-кабоир” асарида: “Фарзларни қасддан тарк қилиш, кабира гуноҳлардан, рўзани беузр тутмаслик зино ва ароқхўрликдан ҳам ёмонроқдир”, деган. Заҳабий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг фикри тўғри, чиндан ҳам Аллоҳнинг амрини, яъни фарз амалларини бажармаслик, бандалар қилмасликлари керак бўлган гуноҳни қилиб қўйишдан ёмонроқ, бунга Одам (алайҳиссалом) ва Иблис лаъин воқеаси мисол бўлади.

Буюк хулқ соҳиби Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг хулқи билан хулқланинглар”, деган эканлар. Аллоҳ таоло ўта марҳаматли, карами кенг Зот. Пайғамбар (алайҳиссалом) ўзлари ҳам барча энг гўзал хулқларга эга эканлари Қуръони каримда зикр этилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ана шундай хулқларидан бири саховатлилик эди.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (алайҳиссалом) одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил (алайҳиссалом) у зотнинг ҳузурларига келган пайтда яна ҳам саховатпеша бўлар эдилар. Жаброил (алайҳиссалом) Рамазоннинг ҳар кечасида Пайғамбар (алайҳиссалом) олдиларига келар ва Қуръон илмини ўргатар эди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг олиҳимматликлари эсаётган ша­молдан ҳам тезроқ эди” (Муттафақун алайҳ).

Сахийлик, қўли очиқлик, олижаноблик – беришга лойиқ бўлган нарсани бериш мумкин бўлган кишига беришдир.

Пайғамбар (алайҳиссалом) қўллари очиқ, жуда ҳимматли бўлганлари тўғрисида кўплаб ишончли ривоятлар ворид бўлган, ушбу ҳадис шулар жумласидандир:

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Саховатли киши Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир, бахил киши Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга эса яқиндир. Ўзи жоҳил, бироқ сахий бўлган киши Аллоҳга обид бўлса-да, бахил бўлган кишидан севиклироқдир”, дедилар» (Имом Термизий).

Барча гўзал хулқларни ўзларида мужассам қилган Пайғамбар (алайҳиссалом) саховат фазилатида ҳам умматларига намуна эдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сахийликлари улуғ Рамазон ойида яна ҳам кўп ва тез бўларди, ҳатто шамол тезлигидан ўтарди. Бунга биринчидан, муборак ойнинг келиши сабаб бўлса, иккинчидан, илоҳий илмни Жаброил (алайҳиссалом) билан такрор қилишларидир.

Жаброил (алайҳиссалом) Рамазоннинг ҳар кечаси келиб, Пайғамбар (алайҳиссалом)га Аллоҳ таолонинг илмини яхшилаб ўргатар, тушунтирар эди, шу заҳоти у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хотираларига ўчмас бўлиб муҳрланарди. Шу сабаб бўлиб, Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳимматлари денгиздек мавж урарди.

Ҳадисдан олинадиган баъзи фойдалар:

Ҳар қандай вақтда саховатли бўлиш, айниқса, Рамазон ойида кўпроқ ҳимматли бўлиш, аҳли фазл кишини кўпроқ зиёрат қилиш, Қуръон илми ва тиловатига берилиш жуда катта савобларга ноил бўлишга сабаб бўлади.

Рамазони шариф Аллоҳ таолонинг ойи, Қуръони карим ойи. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ҳар йил Рамазон ойида Қуръонни Жаброил (алайҳиссалом)га бошдан охиригача ўқиб, ўтказиб олар эканлар. Шундан келиб чиқиб, ер юзи мусулмонларига ҳар Рамазонда масжид ва хонадонларда Қуръон тиловат қилиш, уни хатм қилиш суннат бўлди.

Рамазоннинг ҳар кечасида хуфтоннинг фарзидан кейин, витрдан олдин йигирма ракат намоз ўқиш суннати муаккададир. Бу таровеҳ намози дейилади.

Бу ҳақда Пайғамбар (алайҳиссалом)дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ”.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким имон билан савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Рамазон ойида тун охирида субҳдан олдин саҳарлик қилиш мустаҳаб бўлиб, кўп ажрли амалдир.

عَنْ أَنس بن مالك رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “تَسَحَّرُوا فَإِنَّ فِي السَّحُورِ بَرَكَةٌ”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ عَمْرِو بن الْعَاصِ رضي الله عنه: أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “فَصْلُ مَا بَيْنَ صِيَامِنَا وَصِيَامِ أَهْلِ الْكِتَابِ أَكْلَةُ السَّحَرِ”.

Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ саҳарлик қилишдир”, дедилар» (Имом Муслим).

Демак, мусулмонлар рўзасининг аҳли китоблар рўзасидан фарқи бўлиб, у саҳарлик қилишдир. Аҳли китоб – яҳудий ва насороларда саҳарлик йўқ эди. Шунинг учун саҳарлик қилиш фазилатли иш бўлиб, баъзи ривоятларда айтилганидек, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш керак.

عَنْ سَهْلِ بن سَعْدٍ: أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “لا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ”.

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Модомики, одамлар ифторлик қилишга шошилсалар, доим яхшиликда бўлишади”, деб марҳамат қилдилар» (Муттафақун алайҳ).

Демак, оғиз очиш вақти бўлиши билан ифторлик қилишимиз керак. Бу суннат бўлиб, шом ўқишдан олдин бир оз нафсни ўлдиргудек таомланиб олишимиз кўп яхшиликка эришишимизга узвий боғлиқ экан.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَقَالَ اللَّهُ تَبَارَكَ وَتَعَالَى: “أَحَبُّ عِبَادِي إِلَيَّ أَعْجَلُهُمْ فِطْرًا”».

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло: “Менга (рўзадор) бандаларим ичида маҳбуброғи ифторликка шошилганидир”, деди”» (Имом Термизий).

Чунки яҳудий ва насоролар ифторликни кечиктирарди. Биз мўминлар уларга хилоф равишда, ифторликни қасддан кечиктирмаслигимиз лозим.

Қуръондаги “инзол” сўзи бирданига тушириш маъносини англатса, “танзил” сўзи эса, бўлиб-бўлиб тушириш маъносини англатади. Қуръони карим йигирма уч йил давомида бўлиб-бўлиб нозил қилингани барчага маълум. Лекин оятда бирдан нозил қилинди, дейилишининг сабаби:

  1. Кўпчилик тафсирларда келган ривоятларга кўра, Қуръон Рамазон ойининг муборак Қадр кечасида дунё осмонига бир мартада нозил қилинди. Кейин йигирма уч йил давомида босқичма-босқич, бўлиб-бўлиб, ер юзига туширилди. Демак, Қуръон дунё осмонига Рамазон ойининг Қадр кечасида тўлиғича нозил қилинди.
  2. Қуръон бу ойда нозил бўла бошлади. Чунки “ҳаммасини зикр қилиш баъзисини ҳам ўз ичига олади” қоидасига кўра амалга оширилади.

Оятдаги “...Қуръон нозил қилинган ойдир” сўзидан мурод, Рамазон ойидир. Албатта, Қуръони каримда бу муборак ойдан ташқари Аллоҳнинг мақтовига сазовор бўлган бошқа бирон бир ой очиқ айтилмаган. Ҳа, Рамазон шундай муборак ва улуғ ойдир. Шу сабабли рўзанинг фарз қилиниши Рамазон ойига хос қилинган. Маз­кур саноқли ва чегарали кунлар ҳам мана шу муборак Рамазон ойининг кунларидир. Оятда “...Ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”, дейилмоқда.

Рамазон рўзасини тутиш Қуръон ва у нозил бўлган ойга ҳурматнинг ифодасидир.

Рамазон Қуръон ойидир. Бу ойда нафсоний истакларни тарк этиб, ейиш ва ичишдан воз кечиш орқали инсон фаришта сифати билан сифатланади. Бу билан у Қуръонни худди ҳозир нозил бўлгандек тиловат қилиш ва эшитиш, ҳатто бу илоҳий хитобни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитаётгандек, балки Жаброил (алайҳиссалом)дан, балки азалий калом Соҳи­би­дан эшитишдек ҳолатга муяссар бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонга хитоб қилмоқда. Бу инсон учун энг буюк шарафдир. Қуръонга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш уни чиройли қилиб уйнинг тўрига осиб қўйиш билан бўлмайди. Агар сизга улуғ кишиларнинг биридан мактуб келса, сиз уни таржимонлар ёрдамида бўлса ҳам ўқишга, мазмунини би­лишга ҳаракат қиласиз. Мактубни очмасдан, четга олиб қўйиш ақлли кишининг иши эмас. Қуръонда сизга бутун оламлар Рабби хитоб қилмоқда. Қуръонни ўқиш ва уқиш, маъносини англашга ҳаракат қилиш инсоннинг энг муҳим вазифасидир. Рамазон ойи буни амалга оширишнинг энг файзли ва баракали пайтидир.

Рамазонда бутун Ислом олами азим масжид кўринишини олади. Бу шундай масжидки, ҳофизлар ҳар тарафдан Қуръон тиловат қилиб, илоҳий каломни замин аҳлига эшиттиради. Ҳар Рамазонда Қуръон ўз оятларини янада нурли ва порлоқ тарзда кўрсатиши, Рамазоннинг Қуръон ойи эканини исботлайди. Бу улуғ жамоатнинг қолганлари ҳузур билан Қуръони карим хатмларини тинг­лайди, бошқалар эса ўзлари тиловат қилади. Шундай вазиятдаги муқаддас масжидда ўз нафсига тобе бўлиб, ейиш-ичиш билан бу ҳалқадан чиқиш қанчалик беодоблик ва жамоатнинг маънавий нафратига дучор бўлишга сабабчи эса, худди шунга ўхшаб, Рамазонда рўзадорларга мухолифотда бўлиш ҳам Ислом оламининг маънавий танбеҳига дучор бўлишига сабаб бўлади.

Рамазонда қилинган ҳар бир амалга минг савоб ёзилади.

Ҳадисларда билдирилганидек, Қуръоннинг ҳар бир ҳарфига ўн савоб бор. Ўнта яхшилик ёзилиб, ўнта жаннат меваси берилади. Рамазонда ҳар бир ҳарфга ўн эмас, минг, оятул курсий каби оятларнинг ҳар бир ҳарфига минглаб ва Рамазон жумаларида бу янада кўпроқ, “Лайлатул Қадр” кечасида эса, ўттиз минг савоб берилади. Ҳар бир ҳарфи ўттиз минг боқий жаннат меваларини берувчи Қуръони карим шундай бир мунаввар дарахт, Рамазонда сон-саноқсиз меваларни мўминларга тақдим этади.

Энди айтинг, шундай фойдали боқий тижоратдан узоқ турганлар, бу муборак ҳарфларнинг қадрига етмаганлар қанчалик зарар қилишган бўлади?!

Рамазон охират тижорати учун очилган ғоят фойдали бозорга ўхшайди. У охират ҳосилини экиш учун серунум тупроқ, амалларнинг униб-ўсиши учун баҳор ёмғирига ўхшайди. Аллоҳ таоло ҳузурида бандалигимизни намоён қилиб, безанадиган энг азиз ва улуғ байрам кабидир. Модомики шундай экан, ейиш-ичиш каби нафсни ғафлатда қолдирувчи жисмоний истакларни жиловлаш учун рўза тутишга буюрилган. Бу билан инсон гўё вақтинча жисмонийликдан чиқиб фариштага айлангандек бўлади. Охират тижоратига йўналгани учун дунёвий ташвишларини бир четга суриб, руҳий парвозга шайланади.

Рамазон бу фоний дунёда, фоний умрда ва қисқа бир ҳаётда боқий умр, абадий ҳаётни бизга тақдим этади. Қадр кечаси саксон уч йилдан кўпроқ умрнинг самарасини бериши мумкин. Бу ҳақиқатга Қадр кечасининг минг ойдан хайрли эканини билдирган Қуръон ҳужжатдир.

Дунё мамлакатларида ҳам баъзи бир муҳим кунлар, юбилейлар байрам сифатида кенг нишонланади. Ўша кунда давлат бошлиғи ўз халқига одатдагидан бошқачароқ муомала қилади. Қабул маросимлари уюштиради, мукофотлар беради, умумий афв эълон қилади.

Модомики, Рамазон шундай байрам экан, албатта, шаҳвоний ва нафсоний ҳаракатлардан тийилиш учун инсонларга рўза тутиш буюрилиши керак. Рўзанинг энг мукаммали эса, ошқозон рўза тутганидек, бошқа аъзолар – кўз, қулоқ, қалб, хаёл, фикр кабиларга ҳам маълум маънода рўза туттириш билан бўлади. Яъни, ҳаромлардан ва бўлмағур нарсалардан узоқ туриш ва ҳар бир аъзо ибодат қилиши лозим. Масалан, тилни ғийбат қилиш, ёлғондан сақлаш йўли билан рўза туттириш ҳамда Қуръон тиловати, зикр, тасбеҳ, салавот ва истиғфор айтиш билан ибодат қилдириш керак. Кўзни номаҳрамга қарашдан ва қулоқни ёмон нарсалар эшитишдан сақлаб, кўзни ибратга ва қулоқни ҳақ сўз ва Қуръон эшитишга йўналтириш уларга бир нави рўза туттириш демакдир. Инсонни энг кўп ташвишга қўядиган ошқозонга рўза туттириш орқали таътил бе­рилса, бошқа аъзоларни бўйсундириш осон кечади.

Мана шу ойда улуғ бир кеча борки, унинг қадри минг ойдан афзал.

﴿إِنَّآ أَنزَلۡنَٰهُ فِي لَيۡلَةِ ٱلۡقَدۡرِ١ وَمَآ أَدۡرَىٰكَ مَا لَيۡلَةُ ٱلۡقَدۡرِ٢ لَيۡلَةُ ٱلۡقَدۡرِ خَيۡرٞ مِّنۡ أَلۡفِ شَهۡرٖ٣ تَنَزَّلُ ٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَٱلرُّوحُ فِيهَا بِإِذۡنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمۡرٖ٤ سَلَٰمٌ هِيَ حَتَّىٰ مَطۡلَعِ ٱلۡفَجۡرِ٥

«Албатта, Биз уни (Қуръонни Лавҳул маҳфуздан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр, 1– 5).

“Қадр” сўзининг турлича маънолари бор. Жумладан, қадр-қиммат, ўлчов, миқдор. Бу сурага мазкур сўзларнинг ҳар бири тўғри келаверади. Зеро, бу кечанинг қадр-қиммати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бир йиллик ишлар ўлчаниб, режалаштирилиши бунга далилдир.

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани аниқ баён қилинмаган. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уни аниқлаб, айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин Рамазон ойининг охирги ўн куни тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло биз мўминларни Рамазон ҳурматига тўла риоя қиладиган ва бу ойнинг барча фазилатларидан баҳраманд бўла оладиган бандаларидан қилсин. Омин, ё Раббал оламин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Закот – молиявий ибодат;

Read 3968 times
Top