Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: ҲАҚЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ: ҚАРИНДОШЛАР, ҚЎШНИ, УСТОЗ ВА ДЎСТ ҲАҚИ

Қариндошлар ҳақи

Қариндошлар бир-бирларига насаб ва насл билан боғланадиган кишилардир. Улар қуйидагилар: оталар, оналар, болалар, буви ва бувалар, ака-укалар, опа-сингиллар, амакилар, аммалар, аканинг болалари, опанинг болалари, тоғалар ва холалар, аммалар, сўнгра уларга яқин бўлган қариндошлар.

Шариатимиз уларни икки сабабга кўра “раҳм” қариндошлар деб атайди. Биринчиси: “Раҳм” Аллоҳнинг роҳман сифатидан олинган. Абдураҳмон ибн Афвдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло: “Мен Аллоҳ, Мен роҳман... раҳмни (бачадон) яратдим ва унга исмимдан исм бердим, ким унга боғланса, уни (исмимга) боғлайман, ким ундан узилса, Мен (исмимдан) уни кесаман”, деди», дейдилар.

Маълумки, “раҳм” – раҳмат, меҳрибонлик, мулойимлик, ҳалимлик каби сифатларнинг йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларга меҳрибон бўлиш, силаи раҳм қилиш вожибдир.

Иккинчиси: “Қаробат” – яқинлик, қариндошлик алоқаларини боғлашдан келиб чиққан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат қариндошликни боғлашга чақириб, кесилишдан эса қайтарганлар. Шубҳасиз, бу кўрсатмалар туғишганлар ўртасида қондошлик, биродарликни мустаҳкамлашга ўргатади, ўзаро меҳр-муҳаббат туйғуларини орттириб, инсонийлик фазилатларини юқори поғоналарга кўтаради. Жамият аъзоларида қон-қариндошлик, атрофидагиларга ҳавас ва меҳр билан қараш болаликданоқ шаклланиши ва у қалбларга чуқур илдиз отиши зарур. Токи бола улғайганида қариндошларга силаи раҳм қиладиган, бошларига мусибат етганида далда берадиган бўлсин. Шундагина биз тарбияда чиройли мақсадга эришган бўламиз.

Қуръони каримда қариндошларга силаи раҳм қилишга буюрилган оятлар кўп. Масалан:

وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ ٱلَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِۦ وَٱلۡأَرۡحَامَۚ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلَيۡكُمۡ رَقِيبٗا١

«...Ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир» (Нисо, 1).

وَءَاتِ ذَا ٱلۡقُرۡبَىٰ حَقَّهُۥ وَٱلۡمِسۡكِينَ وَٱبۡنَ ٱلسَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرۡ تَبۡذِيرًا٢٦

«Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исроф­гар­чи­ликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26).

۞وَٱعۡبُدُواْ ٱللَّهَ وَلَا تُشۡرِكُواْ بِهِۦ شَيۡ‍ٔٗاۖ وَبِٱلۡوَٰلِدَيۡنِ إِحۡسَٰنٗا وَبِذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينِ وَٱلۡجَارِ ذِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡجَارِ ٱلۡجُنُبِ

«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшнига ҳам (яхшилик қилинг) (Нисо, 36).

وَٱلَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهۡدَ ٱللَّهِ مِنۢ بَعۡدِ مِيثَٰقِهِۦ وَيَقۡطَعُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيُفۡسِدُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ أُوْلَٰٓئِكَ لَهُمُ ٱللَّعۡنَةُ وَلَهُمۡ سُوٓءُ ٱلدَّارِ٢٥

«Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир» (Раъд, 25).

فَهَلۡ عَسَيۡتُمۡ إِن تَوَلَّيۡتُمۡ أَن تُفۡسِدُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَتُقَطِّعُوٓاْ أَرۡحَامَكُمۡ٢٢ أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ لَعَنَهُمُ ٱللَّهُ فَأَصَمَّهُمۡ وَأَعۡمَىٰٓ أَبۡصَٰرَهُمۡ٢٣

«Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта.

Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир» (Муҳаммад, 22–23).

Қариндошчиликдан узилишнинг оқибати бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам вой бўлишини болаларимиз билсинлар.

Қон-қариндошлик Аллоҳга ва охират кунига имон келтиришнинг шиорларидандир. Икки шайх Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират куни қиёматга имон келтирган бўлса, меҳмонни ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлар билан боғлансин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхшиликни (яхши сўз) айтсин ёки сукут сақласин”, дедилар.

Қон-қариндошликни мустаҳкамлаш умрни узайтиради ва ризқни кўпайтиради. Икки шайх Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ризқи кенг ва умри зиёда бўлишини хоҳласа, қариндошлар билан боғлансин”, дедилар. Демак, қариндошлар билан алоқаларни яхшилаш ризқни кенг ва умрни зиёда қилар экан. Яна қариндошлар билан аҳил-иноқлик бошга тушадиган турли мусибатлардан сақлайди, қийинчиликларни осон енгишга ёрдам беради. Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Садақа (силаи раҳм) ва қариндошларга боғланиш Аллоҳ таоло унинг умрини зиёда қилишига ва бевақт ўлимдан сақлашига сабаб бўлади”, дедилар.

Аҳолиси қон-қариндошликни қадрлаган мамлакат бой ва обод бўлади. Табароний ва Ҳоким Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Албатта, Аллоҳ бир мамлакатни обод этади ва одамларини бой қилади. Уларни яратганидан бошлаб уларга ғазаб билан боқмайди”, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг расули, бунинг сабаби нима?”, деб сўралди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мамлакатда яшовчилар қариндошликни узмаганидан”, дедилар.

Демак, юрт ободлиги ва кишиларнинг бекаму кўст яшаши қариндошлар билан алоқани маҳкам боғлашга ҳам боғлиқ экан. Афсус, баъзи қариндошлар бир-бирлари билан келиша олмайдилар. Улар Ислом таълимотига амал қилсалар, жуда яхши бўларди.

Қон-қариндошчилик гуноҳнинг кечирилишига ва хатоларга каффорат бўлади. Ибн Ҳиббон ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу)  ривоят қилади:

Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  ҳузурларига келиб: “Мен катта гуноҳ иш қилдим, тавба қилишим керакми?” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Онанг ҳаётми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Холанг ҳаётми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга меҳрибонлик қил”, дедилар.

Қон-қариндошлик (қиёматда) ҳисоб-китобни енгил қилади ва жаннатга киргизади. Баззоз, Табароний ва Ҳоким Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу)  ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда уч нарса топилса, Аллоҳ унинг ҳисоб-китобини енгил қилади ва Ўз раҳмати ила жаннатга киргизади”, дедилар. Шунда: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, улар нималар?” деб сўрашди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқсил кишига ҳадя беришинг, узилган қариндошлар билан боғланишинг, жаҳл қилганни кечиришинг, агар шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киргизади”, дедилар.

Икки Шайх Жубайр ибн Мутъамдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. У киши: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндошларидан узилган киши жаннатга кирмайди”, деганларини эшитдим», деди.

Қон-қариндошлар билан боғланувчини Аллоҳ таоло қиёмат куни юқори даражага кўтаради. Баззоз ва Табароний Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга Аллоҳ даражаларга кўтарадиган нарсани айтайми?” дедилар. Улар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, дейишди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нодонлик қилган кишига ҳалим бўлишинг, сенга зулм қилганни кечиришинг, сендан маҳрум қилган кишига беришинг ва сендан узилган қариндошлар билан боғланишинг”, дедилар.

Ҳаёт тажрибаси ҳадис ва ривоятлар руҳида тарбия кўрган болалар қон-қариндошлик ипларини боғловчи, уларнинг ҳақларини адо қилувчи, хурсандчилик ва маҳзун дамларда шерик бўлишларини кўрсатади.

 

Қўшни ҳақи

Ота-оналар, мураббийларимиз эътибор берадиган масалалардан яна бири қўшнилар ҳақидир. Хўш, қўшнилар ким?

Улар сизга тўрт тарафдан туташган ҳовлиларда яшайдиган маҳалладошларингиздир. Ўнгдан қирқта, чапдан қирқта, олд тарафдан қирқта, орқа тарафдан қирқта ҳовли сизга қўшни бўлади. Чегараси борми? Бор! Унутманг, зиммангизда уларнинг ҳақлари бор. Буни қуйидаги ҳадисдан англаш мумкин.

Имом Табароний Каъб ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг расули, мен фалон маҳаллага жойлашдим. Менга яқин қўшнилар қаттиқ азоб беряпти”, деди.

Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр, Умар ва Алини (розияллоҳу анҳум) жўнатдилар. Улар масжид эшиги ёнида туриб: “Огоҳ бўлинглар, сизларга тўрт тарафдан қирқтадан ҳовли қўшни бўлади. Ким қўшнисини ёмонликлари билан қўрқитса, жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантиришди.

Ислом таълимотида қўшни ҳақи тўртта қоида билан ифодаланади:

  1. Қўшнисига озор етказмаслик.
  2. Қўшнисига ёмонлик етадиган бўлса, ҳимоя қилиш.
  3. Яхши муомалада бўлиш.
  4. Қўшнидан етадиган азиятларга сабрли бўлиш, ҳалимлик билан кечириш.

Қўшнига азият беришдан сақланиш. Азият бир неча кўринишда бўлади. Зино, ўғрилик, ҳақорат, ифлос нарсаларни қўшни томонга ташлаш ва ҳаказо.

Имом Аҳмад ва Табароний Миқдод ибн Асваддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига: “Зино ҳақида нима дейсизлар?” дедилар.

Улар: “Ҳаром иш, уни Аллоҳ ва Унинг расули ҳаром қилган. У қиёматгача ҳаромдир”, дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасам, имон келтирмабди, Аллоҳга қасам, имон келтирмабди, Аллоҳга қасам, имон келтирмабди”, дедилар.

“Ким, ё Аллоҳнинг расули?” дейилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўшнисини ёмонликлардан омон сақламаган киши”, дедилар.

Ҳассон ибн Собит (розияллоҳу анҳу) айтади:

“Биронтамиз қўшнига озор бермаймиз, уни хўрламаймиз, ҳолбуки, зулм бизга қайтади. Чунки биз қўшни ҳақини омонат деб биламиз, омонатга хиёнат қилишдан Аллоҳ бизни сақласин”.

Қўшнини ҳимоя қилиш. Ислом динида қўшнини ҳимоя қилиш, уни балою офатлардан сақлаш имондан нишона, мақтовга лойиқ мўминлик хулқларидандир. Абу Ҳанифанинг (розияллоҳу анҳу) Куфада бир қўшниси бор эди. Ҳар вақт ишдан қайтиб келса, у баланд овозда:

“Зое қилдилар. Қандай йигитни зое қилдилар.

Оғир кунда керакли ҳимоячини зое қилдилар”, деб қўшиқ айтарди. Унинг овози кечаси билан Абу Ҳанифанинг оромини бузарди. Бир кеча бу қўшнисини миршаб олиб кетди. Ўша кеча Абу Ҳанифа унинг овозини эшитмади. Тонг отганда Абу Ҳанифа суриштириб, унинг қамалиб қолганини билди. Шунда Абу Ҳанифа амир Исо ибн Мусога бориб, уни озод қилишини сўради. Уни озод қилдилар. Йигит чиққач, Абу Ҳанифа секин қулоғига деди:

“Эй йигит! Сени зое қилдикми?”

“Йўқ. Яхшилик ва ҳурмат қилдингиз. Аллоҳ сизга яхши мукофот берсин!” деди ва:

“Мен кўп зарар бердим азиз қўшнимга,

Ваҳоланки, кўпларнинг қўшниси пасткашдир”, деб қўшиқ айтди.

Қўшнини ҳимоя қилиш, ундан зулмни кўтариш ва уни хорламаслик ҳақида қуйидаги ҳадисда баён қилинади:

Икки Шайх Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди ва уни хорламайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ғамни кеткизса, қиёмат куни Аллоҳ унинг ғамларидан бирини кеткизади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни беркитади”, дедилар.

Қўшнига яхши муомалада бўлиш. Яхши қўшни бўлиш учун киши яхши муносабатни йўлга қўйиши керак. Масалан, мусибат етганида таъзия билдириш, хурсандчилик куни муборакбод қилиш, касал бўлганида бориб кўриш, учрашганида салом бериш, динига ва дунёсига фойда берадиган йўлга бошлаш, қурби етганча эҳтиром кўрсатиш кабилар.

Хароитий, Табароний Амр ибн Шуайбдан ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “...Қўшни ҳақи нима эканини биласанми? Агар ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса, қарз бериш, фақир (муҳтож) бўлиб қолса, егулик бериш, касал бўлса, бориб кўриш, унга яхшилик етса, қутлаш, мусибат етса, таскин бериш, вафот этса, жанозасида иштирок этиш, унинг изнисиз ўз уйини баланд қилиб қурмаслик, қозонда қовурилаётган гўшт ҳиди билан озор бермаслик (гўштдан унга ҳам бериш)...” деб марҳамат қилдилар.

Абу Довуд агар қўшнисининг туяси ёки қўйи ўлса, ўрнига ўзиникини олиб чиқиб берарди. Хоразмийнинг “Муфидул улум” китобида келтирилишича, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг яҳудий қўшниси бор эди. Бир куни у уйини сотмоқчи бўлди. Унга: “Қанчага сотасан?” дедилар. У: “Икки мингга”, деди. Унга: “Уйингнинг нархи минг”, дедилар. Яҳудий: “Тўғри, лекин қўшним Абдуллоҳ ибн Муборак учун ҳам яна минг қўшасизлар”, деди. Бу хабар Абдуллоҳ ибн Муборакка етказилганида, у киши яҳудийни чақириб, ҳовлининг пулини берди ва: “Уйни сотма”, деди. Агар яҳудийга Ибн Муборакдек чиройли хулқли инсон йўлиқмаганида, у уйни сотишдан қайтмасди.

Қўшнининг озори (азияти)ни кўтариш. Инсон қўшнисидан етажак озорларга сабр қилиши, унга эътиборли ва кечиримли бўлмоғи, иложи борича меҳрибонлик қилиши ҳам фазилатдир.

Ҳаририй айтадилар: “Қўшнини ҳурмат қил, гарчи зулм қилса ҳам”. Шубҳасиз, нодонлик қилганга меҳрибонлик, ёмонлик қилганга яхшилик қилган ва зулм ўтказганни кечирган киши қиёмат кунида олий мартабада бўлади.

Баззоз ва Табароний Уббода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга Аллоҳ унинг сабаби билан юксак даражаларга кўтарадиган нарсанинг хабарини берайми?” – дедилар. “Ҳа, Аллоҳнинг расули”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга нодонлик қилганга меҳрибон бўл, сенга зулм қилганни кечир, сени маҳрум қилганга (сенга бермаганга) бергин ва сендан узилганга (сендан қариндошлик алоқасини узганга) боғлан”, дедилар.

Гуноҳкорни кечириш ва хатокорни афв этиш кўпинча уни тўғри йўлга солади. Шундан жафо – халимликка, тўсқинлик – равонликка, ғазаб – муҳаббатга айланади. Қуръони каримда:

وَلَا تَسۡتَوِي ٱلۡحَسَنَةُ وَلَا ٱلسَّيِّئَةُۚ ٱدۡفَعۡ بِٱلَّتِي هِيَ أَحۡسَنُ فَإِذَا ٱلَّذِي بَيۡنَكَ وَبَيۡنَهُۥ عَدَٰوَةٞ كَأَنَّهُۥ وَلِيٌّ حَمِيمٞ٣٤

 «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилинган.

Шундай экан, болаларни ёшлигиданоқ чиройли қўшничилик руҳида тарбиялаш муҳимдир. Токи бола уйланиш ёшига етиб, мустақил оила қурганида ҳам қўшничилик муомала ва одобларига амал қилсин. Бировга озор беришдан тийилсин, аксинча, кучсизларни озор берувчилардан ҳимоя қилсин. Уларга меҳрибонлик ва ҳалимлик билан боғланишга ҳаракат қилсин. Бу орзу ва ниятларимиз икки йўл билан, яъни,  болага қўшничилик одобларини тушунтириш ва қўшни болаларни бир-бири билан дўстлаштириш, ўзаро ҳамжиҳатликни пайдо қилиш орқали амалга ошади.

Шубҳасиз, бола ёшлигидан мана шу яхши хислатлар билан хулқланса, жамият учун энг керакли инсонлардан бўлиб етишади. Қаерда бўлса ҳам, фазлини зоҳир қилиб туради.

 

Устоз ҳақи

Устоз жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдуздир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган, аксинча, инқирозга юз тутган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган чиройли иборалар бор. Шундоқ экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор.

Болаларни устозни ҳурмат қилишга, уларнинг ҳақини адо этишга ўргатиш лозим. Шунла улар билим ўргатган, тўғри йўлга солган, ёмон йўллардан қайтарган кишининг қадр-қимматига етадилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мураббийларга олимларни ҳурматлаш, мураббий ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кшрсатмалар берганлар.

Имом Аҳмад, Табароний ва Ҳоким Убода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимлармизни (ҳақини) билмаган менинг умматимдан эмас”, дедилар.

Табароний “Авсат” деб номланган китобида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм ўрганинглар ва билинглар, илмда хотиржамлик ва салобат бор, ўргатувчига тавозеда бўлинглар”, дедилар.

Табароний “Кабир” деб номланган китобида Абу Умомадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мунофиқлар уч тоифа кишини: Исломда сочи оқарган кишини, илмли кишини ва одил имом (раҳбар)ни қадрламайди”, дедилар.

Имом Аҳмад Саҳл ибн Саъд Соидийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, олимнинг орқасидан юрилмайдиган, ҳалим (беозор, ювош) кишилар тирик қолдирилмайдиган, қалблари ажамларники ва тиллари араб бўладиган замон келмасин”, дедилар.

Имом Бухорий Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Уҳуд жангида шаҳид бўлганларни (қабрга қўйишда) жамлаб: “Буларнинг қайси бири Қуръонни ёд олган?!” деб сўрадилар. Қайси бирига ишора қилинса, ўшани олдин лаҳад (қабр)га қўярдилар.

Юқоридагилардан қуйидагиларни хулоса қилса бўлади: шогирд устозига тавозели бўлиши, унинг кўрсатмасидан чиқмаслиги, ҳар бир ишда ундан маслаҳат олиш лозим. Яна устози олдида ўзини хокисор тутади, мағрурланмайди, кибрдан узоқ бўлади. Устоз хизматини қилишга ҳамиша шай туради. Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) олимларга тавозели бўлгани учун шарафландилар. У киши: “Уларга нафсимни хорлайман, шунда улар нафсимни инкор этадилар, хорланмаган нафс ҳеч вақт инкор этилмас”, дер эди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) мартабаси баланд ва қадри улуғ бўлатуриб, Зайд ибн Собит ансорийнинг уловларини ушлаб етаклади ва: “Бу бизларнинг олимларимизга қиладиган икромимиз”, деди. Яъни, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Зайд ибн Собит минган уловни етаклаб олимга эҳтиром кўрсатди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (Халаф Аҳмарга): “Фақат рўпарангизда ўтираман (сизга юзланиб), устозга тавозе қилишга буюрилганмиз”, деди.

Имом Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ): “Моликнинг ҳузурида у кишини ҳурматлаб, қоғознинг шитирлашини эшитмасин деб, китобни секин (нафис) варақлардим”, деди. Робеъ: “Аллоҳга қасам, Шофиъий менга боқиб тураганларида, у кишининг салобатидан сув ичишга журъат қила олмадим”, деди.

Халифалардан бирининг ўғли Шурайкнинг ҳузурига келди ва деворга суяниб турганча ҳадис айтиб беришини сўради. Шурайк унга қайрилиб ҳам қарамади. Шунда у яна сўради. Шурайк авалгидек қайрилиб қарамади. Шунда у: “Халифаларнинг ўғлини паст санаш (менсимаслик) эмасми?” деди. Шурайк: “Йўқ, илм Аллоҳ ҳузурида буюкдир, мен уни зое қилишдан қўрқдим”, деди.

Шогирд устозига: “ё устоз”, “ё муаллим”, “жаноб муаллим”, “жаноб домла” деб мурожаат қилсин. Устозининг исмини устоз борлигида ҳам, йўқлигида ҳам айтмасин. Агарда айтиш жудаям керак бўлса, “фазилатли устозим бундай дедилар” ёки “устозим фалончи бундай дедилар” ёки “йўлбошчим фалоний бундай дедилар”, деб айтсин.

Шўъба: “Агар биронтадан бир ҳадис эшитсам, унга қул бўлардим ва унинг ҳузурига тез-теў бориб турардим”, деди.

Таълим олувчи бола устози тирик вақтида ҳақига дуо қилиши, устоз вафот этганидан сўнг авлодлари, қариндошлари ва дўстларидан хабар олиши, қабрини зиёрат қилиши, устозга истиғфор айтиши, унинг номидан эҳсион қилиши, динда, илмда, хулқда унинг ўргатганларига риоя қилиши, илмига эргашиши (иқтидо қилиши), одоби билан одобланиши лозимдир.

Шогирд устозидан етаётган баъзи азиятларга сабр қилмоғи, бу ҳол устоздан илм олишига монелик қилмаслиги керак. Албатта, устоз шогирдини бекордан-бекор койимайди. Шогирд бундай пайтда ўзини тафтиш қилсин, устозидан узр сўрасин. Шундай қилса, устоз ва шогирд узоқлашмайди, қайтага яқинлашади. Шогирд хато қилса, устоз уни йўлга солади.

Улуғ салафларимиз айтадилар: “Ким илм олишда сабр қилмаса, нодонлигича қолади. Сабр қилса, дунё ва охират саодатига эришади”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Толиб бўлиб хорландим ва матлуб бўлиб азиз бўлдим”, деди.

Шофиъий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Суфён ибн Уяйнага: “Сизга одамлар ернинг турли бурчагидан таълим олгани келадилар, сиз уларга қаттиқ гапирасиз. Улардан сиздан кетиб қолишлари ва сизни тарк этишларидан қўрқмайсизми?” дейилганида, у киши: “Шунинг учун улар мени тарк этсалар, улар аҳмоқдир”, дедилар”.

Яна у киши дейдилар:

Устоз ва табиб ҳар иккиси

Агар ҳурматланмаса, насиҳат қилмас.

Дардингга чидар агар табибга жафо қилсанг,

Нодонлигингга чидар агар устозга жафо қилсанг.

Шогирд устози ҳузурида одоб, тавозе билан ўтириши, чалғимаслиги, бутун эътиборини у кишига қаратиши лозим. Ўтирганида бармоқларини қисирлатиш, ҳуда-беҳуда йўталиш, томоқ қириш, бурин тортиш, пишиллаб нафас олиш, у ер-бу ерини қашиш, ёнидагилар билан гаплашиш кабилар устозга ҳурматсизлик саналади. Чунки устоз рўпарасида қанча толиби илм ўтирса, барини кўриб, нима билан машғуллигини билиб туради. Шогирднинг битта ноўрин ҳаракати уни ранжитиши, фикридан чалғитиши мумкин. Натижада дарс маромига етмай қолади.

Олимнинг шогирд устидаги ҳақларини баён қилишда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бундай дедилар: “Олим (устоз)нинг сендаги ҳақи: ҳаммага умумий салом берсанг, устозга саломни хос қил, унинг ҳузурида қўлинг ва кўзинг билан ишоралар қилма, “фалончи бу сўзнинг аксини айтди” дема, бировни ғийбат қилма, унинг хатосини қидирма, агар алашса, узрини қабул қил, уни Аллоҳ учун улуғла, агар иши (ҳожати) бўлса, уни қилишга шошил, ҳузурида бирон киши билан шивирлаб гаплашма, кийимидан ушлама, агар дарс беришни кечиктирадиган бўлса, ундан талаб қилма, суҳбатидан тўйиб қолма, чунки у хурмо дарахтига ўхшайди, ундан қачон бир нарса тушади деб кутгин (интизор бўл)”.

Шогирд устози ўтирган синфга ёки хос жойга киришда изн сўрайди, устоз бир ўзи бўладими ёки бошқалар билан бўладими, барибир. Агар рухсат бермаса, қайта сўрамаслик керак. Устоз ҳузурида чиройли кийинмоқ, ўзига қарамоқ, хўшбўйликлар сурмоқ керак. Илм ўрганишга, масжидга шундай борадилар. Чунки илм ўрганиш ҳам ибодатдир.

Овқатланаётган идишингиз қанча чиройли, покиза бўлса, иштаҳам ҳам шунча яхши, нонушта кўнгилли бўлади. Устоз ҳузурида ҳам шогирднинг қалби чиройли, покиза бўлиши керак. Бундай қалбга илм ўтиради, самараси кутилганидек бўлади.

Шогирд устозидан бир ҳукмни ёки қимматли фикрни, ёки бир ҳикоя, шеърни эшитса, уни ёд олсин ёки эсда сақлаб қолсин. Тинглаётганида ҳайрати юз-кўзларидан сезилиб турсин.

Ато: “Мен ҳадисин бир кишидан эшитаман, ваҳоланки, мен бу ҳадисни ундан яхшироқ биламан, шундай бўлса ҳам ўзимни билмагандек тутаман”, деган.

Яна у: “Мен бир ҳадисни бирон бир ёш йигитдан аввал эшитмаганимдек эшитаман, ваҳоланки, мен у туғилмасидан олдин ҳадисни эшитганман”, деган.

Шогирд дарс пайтида ҳафсаласизлик қилмасин, балки зеҳнини ўткирласин, саволларга жавоб бериш билан машғул бўлсин. Устоз айтган дарсни албатта тайёрласин. Агар устознинг сўзини англамай қолса, узр айтиб, сўраб билиб олсин. Бундай ҳолатдан устоз ранжимайди, балки шогирдининг талабчанлигидан, лоқайд эмаслигидан хурсанд бўлади. “Сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”, дейдилар ҳазрат Навоий. Албатта, биз айтаётган талаблар бола мактабга ёки мадрасага борганида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. У ўқув даргоҳига боргунча, устозга рўпара бўлгунча, оила даврасида бу ҳақда тушунча шаклланиши керак. Бу ишга хусусан ота-она, бобо ва бувилар, амма-холалар масъулдирлар. Токи бола мактаб, устоз ҳақидаги тушунчаларга олдинроқ эга бўлсин, бирданига нотаниш оламга тушиб қолгандек бўлмасин. Албатта, бола ўқишга қатнаётган ака-опаларини кўриб илк кўникмани олади. Лекин бу кўникма ота-онанинг, катталарнинг таъкидлаши, тушунтириши билан мукаммал бўлади.

Ҳабиб ибн Шаҳид: “Эй ўғлим, фақиҳларга ва олимларга эргаш, улардан илм ўрган ва одобларидан олгин, чунки бу менга кўп ҳадисдан маҳбуброқ”, деди.

Мухаллад ибн Ҳусайн бир куни Ибн Муборакка: “Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтожроқмиз”, деди. Баъзи салафлар фарзандларига: “Одобдан бир боб ўрганиш етмиш боб илм ўрганишдан яхшироқдир”, деб таълим берган.

Суфён ибн Уйайна: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) катта мезондирлар. Нарсаларнинг у киши хулқига, сийратига ва йўлига мувофиқ келгани ҳақ ва уларга мувофиқ келмагани ботилдир”, деди. Ибн Сирин: “Улар илм ўрганган каби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўлларини ҳам ўрганадилар”, деди.

Албатта, биз зикр этаётган одоблар устозлар ҳақини адо қилиш, тақволи бўлиш, Исломга содиқ қолиш, Аллоҳ учун виқорни умид қилиш, Исломни ақида ва шариат деб, Қуръони каримни дастур деб имон келтиришни талаб қилади.

 

Дўст ҳақи

Бола тарбиясида яхши дўст ва ҳумсуҳбат танлашни ўргатиш ҳам муҳим саналади. Чунки унинг вояга етишида ва ҳаёт йўлларида ўртоғининг, дўстининг таъсири катта бўлади. “Дўстингни айт, сенинг кимлигингни айтиб бераман”, деган гап бежиз айтилмаган. Мева-мевадан ранг олганидек, бола-боладан одоб ёки бўлмағур қилиқларни ўрганади. Яна халқимиз: “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади”, дейди.

Боланинг ўртоқ ва дўст танлашига ота-оналар шунчаки бир ҳолат деб қарамасликлари керак. Бу ҳам тарбиянинг муҳим жиҳатларига киради.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши ҳамсуҳбат ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хушбўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуфловчи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмаганингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг босқонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қолади”, дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фақат мўминни дўст қил ва таомингдан фақат тақводор есин”, дедилар.

Ибн Асокир ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен ўзингни ёмон ошнодан сақлагин, чунки сен у билан таниласан”, дедилар.

Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши дўстининг динидадур, шундай экан, бас, сизлар кимни дўст тутганига қаранглар”, дедилар.

Бола ўсмирлик ёшига етганидагина оқ билан қорани ажрата бошлайди. Яхши дўст ким-у, нобоп дўст ким, кимни яқин олиш кераг-у, кимдан узоқ бўлиш кераклигини фарқлай бошлайди. Ўзаро борди-келди алоқалар, давра қуриб катта-кичик ўтиришлар урфга киради. Бу пайтда ота-оналар, устозлар жудаям зийрак бўлишлари зарур. Бола ўзига яхши дўст топганига ишонч ҳосил қилгач, дўстини вақти-вақти билан зиёрат қилиш, бемор бўлса бориб кўриш, ҳадялар бериш, муҳтож бўлганда қарашиш каби фазилатлардан уни огоҳ қилиш зарур. Бу чиройли одатлар болада ижтимоий онгни пайдо қилади ва келажакда жамият ҳақини адо қиладиган кишилардан бўлиб улғайишига ёрдам беради.

Дўстликнинг зарурий талаблари қуйидагилар:

Учрашиб қолганида саломлашишга шошилмоқ. Икки шайх Абдулло ибн Амр ибн Осдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда қайси амал яхши?” деб сўралди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Овқат бериш ва таниган, танимаганга салом бериш”, дедилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар ва бир-бирингиз билан ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча имон келтирмайсизлар. Сизларга ўзаро муҳаббатли қиладиган нарсани кўрсатайми? Ораларингизда саломни ошкор (кенг тарқатинг) қилинглар”, дедилар.

Икки дўстдан қай бири аввал салом берса, кўп савоб олади ва дўстига алик олишни фарз қилади. Чунки салом бериш суннат, алик олиш фарздир. Шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўзаро муҳаббат ва бирдамлик ривожланади.

Дўст касал бўлганда бориб кўриш. Имом Бухорий Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Беморни бориб кўринглар, очга таом беринглар ва қулларни озод қилинглар”, дедилар.

Икки шайх Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақи бештадир: саломга алик олиш, беморни бориб кўриш, жанозага ҳозир бўлиш, даъват (чақириқ)га жавоб бериш ва акса урса, унга яхшилик тилаш”, дедилар.

Ислом таълимотида касал дўстини бориб кўриш мусулмоннинг биродари устидаги ҳақи ҳисобланади. Бу амаллар ҳам кишилар ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга омил бўлади.

Акса урса, унга яхшилик тилаш. Имом Бухорий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларнинг бирортангиз акса урса, “Алҳамдулиллаҳ” десин. (Уни эшитган) дўсти ёки биродари унга: “Ярҳамукаллоҳ” десин. Агар унга (акса урган кишига) “Ярҳамукаллоҳ” деса, у “Яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳ балакум” десин», дедилар.

Сиртдан қарашда, арзимагандек кўринган бу одоб қоидалари инсонлар ўртасида ўзаро муҳаббат ва бирдамлик алоқаларини мустаҳкамлайди.

Аллоҳ йўлида дўстни зиёрат қилиш. Ибн Можа ва Имом Термизий Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким касални бориб кўрса ёки Аллоҳ йўлида биродари (дўсти)ни зиёрат қилса, Нидо қилувчи унга: Сен ўзинг ва юришингни яхши қилдинг ва жаннатда ўзинг учун ўрин тайёрладинг, дейди”, дедилар.

Имом Муслим Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қиладиган бўлди. Аллоҳ унинг йўлига инсон қиёфасидаги бир фариштани қўйди. Унинг олдига келганида: “Қаёққа боряпсан?” деб сўради фаришта. “Ушбу қишлоқдаги биродаримни кўрмоқчиман”, деди киши. “Унда сен кўзлаган бирор мақсадинг борми?” “Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ таоло учун муҳаббат қилганман, холос”, деди. “Мен фариштаман, батаҳқиқ, сен унга муҳаббат қилганингдек, Аллоҳ ҳам сенга муҳаббат қилди”, деди.

Қийналганда ёрдам бериш. Икки шайх Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди ва уни хорламайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилишда бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилишда бўлади. Ким мусулмондан бир ғамни кетказса, қиёмат куни Аллоҳ унинг бир ғамини кетказади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни беркитади”, дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган жойга бориш, айтмаган жойга бормасликни уқтирадилар. Халқимизда тўй, маърака, аза билан боғлиқ издиҳомлар бўлади. Ушбу издиҳомларнинг эгалари имкониятларига қараб одам айтадилар. Ўша айтган одамларига қараб тайёргарлик кўрадилар. Таклиф этилган жойга борган киши биродарининг кўнглини олган, бормаса, ранжитган бўлади. Айтмаса ҳам бориладиган бўлса, хижолатпазлик бўлиб қолиши мумкин. Энди жаноза масаласига келсак, унга қўни-қўшнидан эшитиб ҳам борилаверади, чунки жаноза одамларга номма-ном айтилмайди. Бошига мусибат тушган биродарининг кўнглини сўраш, марҳумнинг жанозасида иштирок этиш вожиб амаллардандир.

Инсонлар одат қилган ва урф бўлган байрамлар билан қутлаш. Дайламий Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Ким биродарига жума (намози)дан қайтаётганида йўлиқса: “Аллоҳ биздан ва сиздан (ибодатларимизни) қабул қилсин”, десин». “Саҳиҳ” китобида келтирилишича, Талҳа Каъб ибн Моликни Аллоҳ тавбасини қабул қилгани билан қутлади.

Дўст ва қадрдонларга байрамларда ҳадя (совға) улашиш. Имом Табароний “Авсат” китобида Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. У киши: “Ўзаро ҳадя (совға) улашинглар, бир-бирингизга муҳаббатли бўласиз”, дедилар. Яна Табароний “Авсат” китобида Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй мўминларнинг аёллари, ўзаро ҳадя улашинглар, гарчи қўйнинг бир оёғини бўлса ҳам. Чунки у дўстлик (муҳаббат)ни пайдо қилади ва гина-кудурат (нафрат)ни кеткизади”, дедилар.

Имом Молик “Муватто” китобида ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро қўл ушлаб кўришинглар, нафрат кетади, ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирингизга муҳаббат пайдо бўлур ва ғазаб (нафрат) кетади”, дедилар.

Дўстлик иплари ўзаро қўшничиликда, сафарда, иш жойида, мактабда, маҳаллада, талабалик йилларида, ҳатто кутилмаган воқеа-ҳодисалар туфайли боғла­ниши мумкин. Ҳамма гап дўстликни қадрлаш ва сақлаб қолишда.

Имом Табароний ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир саҳоба иккалалари уловда кетаётиб (чакалакзор) дарахтзорга кирдилар. Ва у ердан иккита ёғоч кесиб олдилар. Бири эгри, бири тўғри. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўғрисини ҳамроҳларига бердилар. У: “Ё Аллоҳнинг расули, сиз тўғриси (яхшисига) ҳақлисиз”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, эй фалончи, ҳар бир дўст (ҳамроҳ) дўстига масъулдир, гарчи бир кун, бир соат ҳамроҳ бўлса ҳам”, дедилар.

Робеъ ибн Абу Абдураҳмон: “Сафарда мурувват (саховат) бор”, деди. Сафардаги мурувват дегани – егуликлардан қарашиш, ширин суҳбат қуриш, ҳамроҳини камситмасликдир. Шунинг учун ҳам халқимизда дўстни қуда бўлиб, қўшни бўлиб, сафарда ҳамроҳ бўлиб синайсан, деган ҳикмат бор. Буни болаларга, ёшларга уқтирмоқ зарур.

“Юз марта эшитишдан бир марта кўрган афзал”, деган мақол бор. Дўст танлаш, дўстлик одобини сақлашда, дўсту биродар қадр-қимматини жойига қўйишда ота-она ва катталарнинг ибрати ҳам ёшларга намуна бўлади.

Бола оқ-қорани таний бошлаганиданоқ унга дўст ҳақидаги тушунчаларни сингдириб бориш муҳимдир. “Дўстсиз бошим – тузсиз ошим”, дейди халқимиз. Қабилалар, жамиятлар, давлатлар дўстлик билан камол топган, енгилмас кучга, қудратга эга бўлган. Дўстлик ўзаро меҳр-муҳаббатдан, бир-бирига ихлос ва вафодан, фақат ўзини эмас, ўзгаларни ҳам меҳрибонлик, ғамхўрлик билан ўйлашдан қоим бўлади.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Яхшиликка чорлаш;

Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш;

Амали сўзига мос бўлсин;

Ёмонликдан қайтариш босқичма-босқич бўлиши;

Ёмонликдан қайтарувчининг яхши хулқли бўлиши;

Ёмонликдан қайтаришда азиятга сабр қилиш;

Сабр билан насиҳат қилиш;

Read 3970 times
Top