Кутубхона

Қуръон илмлари: ҚУРЪОНИ КАРИМНИНГ ТАРҚОҚ НОЗИЛ БЎЛИШИ ҲИКМАТЛАРИ

Ваҳий илоҳий ҳикмат ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шароитга мувофиқ, тарқоқ ҳолда нозил бўлиб борди. Аллоҳ таоло ваҳий орқали у зот алайҳиссаломга ҳар куни янги таълим берар, тўғри йўлни кўрсатиб, ҳидоят қилар, қадамларини собит қилиб, хотиржамликларини зиёда этарди. Шу билан бирга, Қуръони Карим саҳобийларга ҳам муносиб тарзда нозил бўлиб, уларни тарбия қилар, бузуқ одатларини ислоҳ этар ва воқеълиқдаги муаммоларига жавоб берарди. Ўз таълимотлари ва шариат ҳукмларини бирданига тушириб, уларни чўчитиб юбормас эди. Ушбу мувофиқлик ваҳийнинг тарқоқ ҳолда нозил бўлишида яққол кўринади. Ваҳий ҳожатга қараб, беш, ўн, ундан кўп ва кам оятларда нозил бўларди. Ифк ҳодисасида бирданига ўн оят нозил бўлгани, Муъминун сурасидаги аввалги ўн оятнинг бир йўла нозил бўлиши, Нисо сураси 95-оятининг бир қисми бўлган «غَيۡرُ أُوْلِي ٱلضَّرَرِ» - «Ғойру улид-дорори» жумласининг алоҳида нозил бўлгани саҳиҳ ривоятларда собитдир. Шунингдек, Тавба сурасидаги 28-оятнинг «...وَإِنۡ خِفۡتُمۡ عَيۡلَةٗ » - «ва ин хифтум ъайлатан...» деб бошланган иккинчи ярми оятнинг аввали нозил бўлгач, орадан бир мунча вақт ўтганидан кейин тушган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бирин-кетин ўқиб беришлари учун Қуръони Каримнинг ушбу тарзда, тарқоқ ҳолда нозил бўлиши давом этди. Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма уч йиллик пайғамбарлик ҳаётлари мобайнида ҳодисалар, воқеалар, шахсий ва ижтимоий муносабатларга қараб босқичма-босқич нозил бўлди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

وَقُرۡءَانٗا فَرَقۡنَٰهُ لِتَقۡرَأَهُۥ عَلَى ٱلنَّاسِ عَلَىٰ مُكۡثٖ وَنَزَّلۡنَٰهُ تَنزِيلٗا١٠٦

«Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб нозил этдик» (106-оят).

Ушбу оятда Қуръони Каримнинг бир йўла тугал бир китоб ҳолида эмас, балки бўлак-бўлак этиб нозил қилинганининг ҳикматй ҳақида сўз боряпти. Албатта, бунинг улкан ҳикматлари бор эди. Ояти каримада ўша ҳикматлардан бири – одамларга «аста-секин ўқиб бериш» зикр қилиняпти. Албатта, ўттиз пора Қуръон бир йўла тушса, уни одам­ларга ўқиб бериш осон бўлмас эди. Уқиб берилганда ҳам, одамларнинг уни қабул қилиб олишлари осон бўлмас эди. Энг муҳими – Қуръони Карим ўқиш учунгина эмас, асосан ўқиб, амал қилиш учун туширилган илоҳий дастурдир. Уни бир йўла ўқиб, бир йўла амал қилиш осон эмас. Шу сабабдан ҳам жоҳилият ботқоғига ботган одамларни аста-секин тарбиялаб, Ислом нурига олиб чиқиш учун йигирма уч йил керак бўлди. Шу даврда жаҳон тарихида мисли кўрилмаган ажойиб бир мусулмон уммати тарбияланиб, вояга етди. Улар ҳар бир нозил бўлган оятни ўқиб, ўрганишар, ёд олишар ва унга амал қилишар эди. Ушбу шартларни амалга оширмагунларича, бошқа оятлар тушган бўлса ҳам, уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олмай туришарди. Оқибатда саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари икки оёқда юрадиган тирик Қуръонга айландилар ва оз муддатда ер юзига Қуръон таълимотларини тарқатдилар.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида марҳамат қилади:

وَقَالَ ٱلَّذِينَ كَفَرُواْ لَوۡلَا نُزِّلَ عَلَيۡهِ ٱلۡقُرۡءَانُ جُمۡلَةٗ وَٰحِدَةٗۚ كَذَٰلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِۦ فُؤَادَكَۖ وَرَتَّلۡنَٰهُ تَرۡتِيلٗا٣٢

«Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни тартил билан тиловат қилдик» (32-оят).

Қуръони Каримнинг тарқоқ ҳолда, аста-секин нозил бўлишининг ўзига яраша ҳикматлари бор эди.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларни қўллаш, қалбларини қувватлаш.

Маълумки, Набий алайҳиссалом ва мўминлар ўз душманларидан узлуксиз озор, жафо чекиб турар, қийинчилик, машаққатларга учрар эдилар. Тоқатлари тоқ бўлган пайтларида Қуръон оятлари нозил бўлиб, уларга тасалли берар, уларнинг қалбини тинчлантирар ва оғирларини енгил қилар эди.

Албатта, агар ваҳий ҳар бир ҳодисада янгиланиб турса, бу қалб учун қувват, рисолат юборилган зотга кучли иноят бўлади. Ваҳий фариштасининг у зот олдиларига кўпроқ келиши ахднинг янгиланиб туришига, тушаётган рисолатнинг ҳар томонлама қувватли бўлишига сабаб бўлади. Ваҳий нозил бўлар экан, у зотда сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган сурур пайдо бўлар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан кўп учрашиб турганлари сабабли одатдагидан ҳам сахий бўлиб кетардилар.

Қуръони Карим арабларнинг фикру хаёлларини ҳам, вазият ва ҳолатларини ҳам риоя қилган. Шунинг учун ҳам ўтган пайғамбарларнинг қавмлари билан бўлган воқеаларни турли суратда ва услубда бир неча марта такрорлаб келтирган. Бу қиссалар қачон такрорланса, ҳаловати зиёда бўлади. Буларни кўп ўринларда зикр қилиб, такрорлашдан мақсад, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва мўминларнинг қалбларини қувватлантириш эди.

وَكُلّٗا نَّقُصُّ عَلَيۡكَ مِنۡ أَنۢبَآءِ ٱلرُّسُلِ مَا نُثَبِّتُ بِهِۦ فُؤَادَكَۚ وَجَآءَكَ فِي هَٰذِهِ ٱلۡحَقُّ وَمَوۡعِظَةٞ وَذِكۡرَىٰ لِلۡمُؤۡمِنِينَ١٢٠

«Қалбингни саботли қилиш учун сенга расуллар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу(сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди» (Ҳуд сураси, 120-оят).

Бу қиссалардан хабардор бўлганингдан сўнг, динга даъват қилишда қалбингга сабот тўлади. Ўзингдан олдин ўтган пайғамбарлар ҳам қийинчиликларга дучор бўлганларини, аммо собит турганлари учун оқибатда нажот топганларини билиб, ҳимматингга ҳиммат, ғайратингга ғайрат қўшилади. Шу билан бирга, бу сурадаги ҳамма нарса ҳақ. Бу сура мўминлар учун мавъиза ҳамда эслатмадир.

Пайғамбарлар қиссасини бўлиб-бўлиб, турли услубда зикр қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини қувватлантириш, у зотга қавмларидан етаётган азият учун тасалли бериш бор. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари янгилик эмас эди. Олдин ҳам бир неча пайгамбарлар келищган ва уларнинг барчаси азобланган, ёлғончига чиқарилган ва зулм остида қолган эдилар.

Қуръони Каримнинг нозил бўлиши янгиланиб, давом этар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатларидаги мушкулотлар енгиллашарди. Бир неча бор у зотга тасалли берувчи ва ўзларидан олдинги расуллардан ўрнак олишга ундовчи оятлар нозил бўлди.

Аллоҳ таоло у зотни сабр қилишга очиқ-ойдин буюриб, Муззаммил сураси да шундай дейди:

وَٱصۡبِرۡ عَلَىٰ مَا يَقُولُونَ وَٱهۡجُرۡهُمۡ هَجۡرٗا جَمِيلٗا١٠

«Ва уларнинг гапларига сабр қил ва улардан чиройли четланиш-ла четланиб тур» (10-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига мушриклар билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатяпти. «Уларнинг турли иғво-бўҳтон ва ёлғондан иборат гапларига сабр қил, улар билан тортишиб, уришиб, жанжаллашиб ўтирмасдан, чиройли ҳолатда четланиб тур», демоқда.

«Чиройли четланиш»нинг маъноси уларга озор бермай, уришмай, сўкишмай, ўзини четга олишдир.

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида марҳамат қилади:

فَٱصۡبِرۡ كَمَا صَبَرَ أُوْلُواْ ٱلۡعَزۡمِ مِنَ ٱلرُّسُلِ

«Бас, азиймат сожиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил...» (35-оят).

Аллоҳ таоло Ёсин сурасида марҳамат қилади:

فَلَا يَحۡزُنكَ قَوۡلُهُمۡۘ إِنَّا نَعۡلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعۡلِنُونَ٧٦

«Уларнинг гапи сени маҳзун қилмасин. Албатта, Биз нимани сир тутсалар ва нимани ошкор қилсалар, билурмиз» (76-оят).

Баъзида Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим бериб, кофирлар фақат у кишининг шахсиятларига жароҳат етказмаётганлари, у зотнинг ўзларини ёлғончи деб, туҳмат қилмаётганлари, балки улар ҳаққа қайсарлик қилаётганларини эслатар ва ҳар асрда, ҳар авлодда улар каби ҳаққа қарши чиқувчилар бўлишини билдирар эди.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:

قَدۡ نَعۡلَمُ إِنَّهُۥ لَيَحۡزُنُكَ ٱلَّذِي يَقُولُونَۖ فَإِنَّهُمۡ لَا يُكَذِّبُونَكَ وَلَٰكِنَّ ٱلظَّٰلِمِينَ بِ‍َٔايَٰتِ ٱللَّهِ يَجۡحَدُونَ٣٣

«Уларнинг айтаётганлари, албатта, сени маҳзун қилишини яхши биламиз. Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар» (33-оят).

Ҳақиқатан ҳам, Макка мушриклари ҳеч қачон «Муҳаммад ёлғончи», деган эмаслар. Улар бу зотнинг бир оғиз ҳам ёлғон сўзламаганларини эътироф этар, аммо иззат-обрўларидан айрилиб қолишдан қўрқиб, ҳасад қилиб, Исломга киришдан бўйин товлашар, Аллоҳнинг оятларини инкор этишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу инкорлари сабабини уларнинг шахсларидаги нуқсрндан деб ўйламасликлари керак.

«...балки золимлар Аллеҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар».

Қуръони Каримда анбиёларнинг хабарларини ва қиссаларини такрор-такрор келтиришдан кўзланган асосий мақсад, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш, таъзия билдириш ва сабри жамилга, гўзал ўрнакка йўлловчи оятларни такрор-такрор нозил қилишдир. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг зулми давомий бўлиб, у зотнинг қалбларини собит қилиш учун нозил бўлаётган ваҳий тўхтаб қолса ва тасал­ли оятлари янгиланиб турмаса, бундай ҳолатларда бошқа инсонларда бўлгани каби, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари ҳам маҳзунликка ва умидсизликка тушиши табиийдир.

Аслида Аллоҳ таоло у зотни хафа бўлиш, ҳасратга тушиш, ўзлари эзилишлари ва қалблари сиқилишидан қайтармаган. У зот ҳам бошқа одамлар каби инсон эдилар. У кишининг табиатларида ҳам инсоннинг ички кечинмаларида содир бўладиган барча ҳолатлар мавжуд бўлган. Яъни Қуръони Каримда келган «маҳзун бўлма», «сиқилма» де­ган иборалар гуноҳдан қайтариш мазмунидаги наҳйи сифатида эмас, тасалли бериш маъносида айтилган.

Аллоҳ таоло Анъом сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб шундай дейди:

وَلَقَدۡ كُذِّبَتۡ رُسُلٞ مِّن قَبۡلِكَ فَصَبَرُواْ عَلَىٰ مَا كُذِّبُواْ وَأُوذُواْ حَتَّىٰٓ أَتَىٰهُمۡ نَصۡرُنَاۚ وَلَا مُبَدِّلَ لِكَلِمَٰتِ ٱللَّهِۚ وَلَقَدۡ جَآءَكَ مِن نَّبَإِيْ ٱلۡمُرۡسَلِينَ٣٤

«Батаҳқиқ, сендан олдин хам расуллар ёлғончига чиқарилганлар. Бас, улар то нусрат келгунича ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ. Батаҳқиқ, сенга расулларнинг хабаридан келган» (34-оят).

Аллоҳнинг йўлига даъват қилувчиларга ҳар доим ҳам осон бўлмаган. Мушрик-кофирлардан озор топаётган, уларнинг иғво-бўҳтонларига учраётган битта сен эмассан.

«Батахқиқ, сендан олдин ҳам расуллар ёлғончига чиқарилганлар».

Сендан олдинги пайғамбарларнинг барчаси ҳам сен каби мушрик-кофирлар томонидан ҳақоратланганлар: сени сеҳргар дейишган бўлса, улар ёлғончига чиқарилганлар. Аллоҳнинг йўлига даъват қилувчиларнинг сафлари бир. Сафнинг аввали нимага учраса, охири ҳам шунга дуч келади. Лекин сабр қилиш керак. Мақсадга сабр билан эришилади. Ўтган пайғамбарлар, даъватчилар ҳам сабр билан мақсадга эришганлар. Ишонч комил бўлсинки, албатта, нусрат иймон томонида бўлади. Эртами-кечми, Аллоҳнинг йўлида юрганлар нусрат топадилар. Ўтган пайғамбарлар ҳам,

«Бас, улар то нусрат келгунича ёлғончига чиқарилганларига ва берилган озорларга сабр қилганлар».

Бу сўзлар – ҳақ сўзлар, яъни Аллоҳ Пайғамбарига ва у кишининг меросхўрлари бўлмиш даъватчиларига айтаётган башорат сўзлардир.

«Аллоҳнинг сўзларини ўзгартирувчи йўқ».

Доимо Аллоҳнинг динига хизмат қилувчилар ғолиб чиқадилар. Мушрику кофирлар мағлуб бўладилар. Мўминларга – пайғамбарлар ва уларга эргашганларга ғалаба турли ҳолда етиши, баъзида эртароқ, баъзан айни кутилган пайтда, гоҳо кечроқ келиши мумкин. Аммо албатта келади. Бу ҳақиқат пайғамбарларнинг хабарларидан равшан бўлади:

«Батаҳқиқ, сенга расулларнинг хабаридан келган».

Уларни сен яхши биласан. Бас, улардан ибрат ва ўрнак олиш керак.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга Қуръони Каримни ёдлаш осон бўлиши.

Қуръони Каримнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тарқоқ ҳолда нозил бўлишининг ҳикматларидан яна бири – Қуръони Каримнинг у зотга ва мусулмонларга ёдланиши осон бўлишидир. Уламолардан баъзилари юқорида ўтган Фурқон сурасининг оятида зикр қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини собит қилишдан мақсад, у зотнинг қалбларига Қуръони Каримни ёддан жамлашдир, дейишади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёзиш ва ўқишни билмайдиган уммий эдилар. Шунингдек, саҳобаи киромларнинг кўплари ҳам уммий бўлганлар. Ушбу ҳақиқатни Қуръони Карим ҳам таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Жума сурасида марҳамат қилади:

هُوَ ٱلَّذِي بَعَثَ فِي ٱلۡأُمِّيِّ‍ۧنَ رَسُولٗا مِّنۡهُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ

«У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда улар­га Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир» (2-оят).

Биз «саводсиз» деб таржима қилган маъно араб тилида «уммий» дейилиб, бу сўз ўқиш-ёзишни билмайдиган шахсга нисбатан ишлатилади. «Умм» она дегани. Демак, «уммий» сўзидан «онадан туғилгандек, ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган» деган маънони тушуниш керак. Ўша давр араблари «уммий қавм» деб аталган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар. Шунинг учун ҳам у зотга ва саҳобаларга Қуръони Каримни ёдлаш осон бўлиши учун оятлар бўлак-бўлак, тарқоқ ҳолда нозил бўлди.

Бошқа пайғамбарлар ўқиш ва ёзишни билишар, агар уларга китоб бир йўла нозил қилинса, уни ёдлаб олиш им-кониятлари мавжуд эди.

Ибн Фурок бу ҳақда шундай дейди:

«Айтилишича, Таврот бир йўла нозил қилинган. Чунки у ўқиш ва ёзишни биладиган набий Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган эди. Қуръон тарқоқ ҳолда нозил қилинди. Чунки у ёзилмаган ҳолда уммий Набийга нозил қилинди».

Ибн Асокир Абу Назрадан ривоят қилади:

«Абу Саъид Худрий бизга Қуръондан эрталаб беш оят, кечқурун беш оят ўргатар эди ва «Жаброил Қуръонни беш оят-беш оят олиб тушган», деб хабар берар эди».

Байҳақий қилган ривоятда Умар розияллоҳу анҳу дейдилар:

«Қуръонни беш оят-беш оятдан ўрганинглар. Чунки Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни беш оят-беш оятдан олиб тушар эди».

  1. Кишиларнинг ҳолини эътиборга олиш, ҳаётдаги ҳодисаларга ҳамоҳанг равишда умматни тарбиялаб бориш, ҳукмларнинг ҳаётийлигини таъминлаш.

Қуръони Каримнинг тарқоқ ҳолатда нозил бўлишида мусулмон умматини аста-секинлик билан тарбиялаб бориш ҳам кўзда тутилган эди. Қуръони Каримнинг нозил бўлиши мусулмон умматининг воқеъликдаги ҳаётига алоқадор бўлган. Баъзан бир иш содир бўлиб, уммат ўзаро бир қарорга келиб, у ишни амалга оширса-ю, ушбу қарор нотўғри бўлса, оят нозил бўлар эди-да, уларни тўғри йўлга йўллаб қўярди.

Гоҳида уммат орасида бир савол пайдо бўлиб, унинг ечимини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашса, оят нозил бўлиб, унга жавоб берарди. Уммат бирор қийин аҳволга тушиб, йўл тополмай қолса, оят нозил бўлиб, улар­га йўл кўрсатарди. Қуръони Каримнинг оятлари жамиятдаги оилавий-ижтимоий масалалардан сиёсий-иқтисодий масалаларгача аралашиб, йигирма уч йиллик рисолат даврида энг тўғри ечимларни келтирди. Шунинг учун инсоният тарихида ушбу йигирма уч йиллик муддат энг саодатли давр, яъни «Саодат асри» деб номланади.

Қуръон нозил бўлиб турган давридаги воқеалар ривожи ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобаларнинг саъй-ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларнинг тўлалигича сақланиб қолиши бебаҳо ҳодисадир.

Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда нозил бўлар эди. Мана шу ҳолда унинг одамлар устидан ҳужжат бўлиши кучаяр, мўъжизакорлик қуввати ҳам ортар эди.

Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баъзан тушунмовчиликлар, динимизда бу ишнинг ҳукми қандай экан, деган саволлар пайдо бўлиб турарди. Шундай ҳолатларда оят тушиб, бу ишларга аралашар, уларни тўғри йўлга солиб юборар ва саволларга жавоб берарди. Бу эса Қуръоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига сабаб бўларди.

Қуръони Каримнинг тарқоқ ҳолда нозил бўлишининг яна бир ҳикмати:

  1. Шариат таълимотларини даражама-даража ҳаётга татбиқ қилиш.

Кишиларни ота-боболаридан қолган урф-одатлардан ва ўзлари кўникиб қолган тузумларидан бирданига ажратиб бўлмас эди. Шунинг учун Қуръон аста-секин тушди ва юқорида зикр қилинган урф-одатларни бирин-кетин Ислом келтирган тартиб ва қоидаларга алмаштирди.

Абу Толиб Маккий «Ан-Насих вал-Мансух» номли китобида Қуръоннинг нозил бўлиши хусусидаги мулоҳазаларида шунга ишора қилади:

«Агар (оятлар) босқичма-босқич нозил бўлса, уларни қабул қилиш муваффақиятли кечади. Аксинча, агар улар бир йўла нозил қилинганида, унда фарзлар ва қайтариқлар кўплиги сабабли аксар инсонлар уни қабул қилишдан қочар эдилар. Имом Бухорий Оиша розияллоху анҳодан ривоят қилган ҳадис бу маънони равшанлаштиради. Оиша онамиз шундай деди:

«Албатта, Қуръондан аввало жаннат ва жаҳаннам зикр этилган суралар нозил бўлди. Ниҳоят, кишилар Исломга оқиб кира бошлагач, ҳалол ва ҳаром(га тегишли оятлар) но­зил бўлди. Агар дастлаб нозил бўлган нарса «хамр ичманглар» бўлганида, албатта улар: «Хамрни ҳеч қачон тарк қилмаймиз», дейишарди, «зино қилманглар» бўлганида, албат­та улар: «Зинони ҳеч қачон тарк қилмаймиз», дейишарди».

Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганида, одамларга баҳона топилиб, «Биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз», дейи шлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят нозил бўлиб, сўнг маълум фурсат ўтгач, бошқаси нозил бўлса, ал­батта, улар юқоридаги баҳонани қила олмас эдилар.

Маълумки, Исломдан олдин ароқхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар ароқхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақалашиб, бир-бирларидан ўтишга ҳаракат қилишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар ароқсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Албатта, бундай жамиятни ароқхўрлик иллатидан тозалаш осон эмас эди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони Карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган.

Аллоҳ таоло бу масаланинг муолажаси бўйича биринчи нозил қилган оятлар Наҳл сурасида бўлиб, уларда қуйидагилар баён қилинган.

وَمِن ثَمَرَٰتِ ٱلنَّخِيلِ وَٱلۡأَعۡنَٰبِ تَتَّخِذُونَ مِنۡهُ سَكَرٗا وَرِزۡقًا حَسَنًاۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَةٗ لِّقَوۡمٖ يَعۡقِلُونَ٦٧

«Ba хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят (белги) бордир» (67-оят).

Ушбу ояти карима Қуръони Каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир. Кўриниб турибдики, бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида муайян бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора мусулмонлар ичида маст қилувчи ичимликка қарши Қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.

Хамр ҳақидаги ушбу илк оят нозил бўлгандаёқ, киши­лар уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ ниҳоий ҳукм тушиши муқаррарлигини сезиб туришар эди. Бу ҳақда баъзи ибратли ривоятлар ҳам келган.

Наҳл сурасидаги ушуб оят нозил бўлганидан кейин бўлса керак, ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, ҳазрати Умар ибн Хаттоб: «Аллоҳим! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» деган эканлар.

Вақти келиб, Бақара сурасидаги қуйидаги ояти карима нозил бўлди:

۞يَسۡ‍َٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡخَمۡرِ وَٱلۡمَيۡسِرِۖ قُلۡ فِيهِمَآ إِثۡمٞ كَبِيرٞ وَمَنَٰفِعُ لِلنَّاسِ وَإِثۡمُهُمَآ أَكۡبَرُ مِن نَّفۡعِهِمَاۗ وَيَسۡ‍َٔلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَۖ قُلِ ٱلۡعَفۡوَۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمُ ٱلۡأٓيَٰتِ لَعَلَّكُمۡ تَتَفَكَّرُونَ٢١٩

«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт...» (219-оят).

«Хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни бир оз бўлса-да, таъсир ўтказувчибарча нарсага нисбатан ишлатилади. Бунинг ичига барча спиртли ичимликлар ҳамда наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради.

Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деб ўргатмоқда.

Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ экани аввалдан таъкидланмоқда. Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмокда. Улар хамр сотиб пул топишни манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни ҳам манфаат деб тушунишган. Лекин бунга ўхшаш манфаатлари уларнинг гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқдирилмоқда.

Бу оят хамр ҳақидаги ўзидан аввалги Наҳл сурасида келган оятни қўллаб-қувватлади. Одамларнинг Пайғамбар алайҳиссаломдан ароқ ҳақида сўрашлари ҳам бежиз эмас эди. Чунки кишиларда исломий жамиятда ноўрин, гуноҳ ишларни идрок этиш ҳисси кучайиб бораётган эди. Бу оят нозил бўлганидан кейин мусулмонларда ароққа нисбатан нафрат ҳисси яна ҳам кучайди. Кўпчилик ичишни ташлади. Лекин бу ароқни тамомила ҳаром этиш, дегани эмас эди.

Имом Термизий ва Ибн Абу Ҳотим Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши қуйидагиларни айтадилар:

«Абдурраҳмон ибн Авф таом қилиб, бизни меҳмонга чақирди. Ароқ ҳам қуйиб берди. Ароқ бизга ўз таъсирини кўрсатди. Намоз вақти бўлиб қолган эди, Фалончини олдинга – имомликка ўтказдилар. Шунда у «Эй кофирлар! Сиз ибодат қиладиганга мен ибодат қилмайман ва сиз ибодат қиладиганга биз ибодат қиламиз», деб ўқиб юборди. Шунда Аллоҳ таоло Нисо сурасидаги қуйидаги оятни нозил қилди:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡرَبُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنتُمۡ سُكَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَعۡلَمُواْ مَا تَقُولُونَ

«Эй иймон келтиргамлар! Мает ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...» (43-оят).

Бу мусулмонларга қаттиқ таъсир қилди. Чунки намоз энг улуғ ибодат бўлиб, мўминлар уни кўз қорачиғидек авайлар эдилар. Иккинчидан, кофирлар билан тенгма-тенг тортишиб турган ғоялари – улар ибодат қилган нарсага ибодат қилмаслик эди. Намозда туриб, оятнинг маъносини тескари қилиб, «Сиз ибодат қилганга биз ибодат қиламиз», деб юборилиши катта мусибат эди. Ушбу оят нозил бўлганидан сўнг ароқ ичиш имкони яна ҳам камайди. Чунки беш вақт намознинг орасида маст бўлмай туриш осон эмас эди. Кейинроқ ароқни бутунлай ҳаром қилувчи оят нозил бўлди.

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِنَّمَا ٱلۡخَمۡرُ وَٱلۡمَيۡسِرُ وَٱلۡأَنصَابُ وَٱلۡأَزۡلَٰمُ رِجۡسٞ مِّنۡ عَمَلِ ٱلشَّيۡطَٰنِ فَٱجۡتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ٩٠ إِنَّمَا يُرِيدُ ٱلشَّيۡطَٰنُ أَن يُوقِعَ بَيۡنَكُمُ ٱلۡعَدَٰوَةَ وَٱلۡبَغۡضَآءَ فِي ٱلۡخَمۡرِ وَٱلۡمَيۡسِرِ وَيَصُدَّكُمۡ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِ وَعَنِ ٱلصَّلَوٰةِۖ فَهَلۡ أَنتُم مُّنتَهُونَ٩١

«Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очар) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг иыгадир. Бас, ундан четда булннг. Шоядки, зафар топсангш. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?!» (Моида сураси, 90-91-оятлар)

Ушбу икки оят Қуръони Каримнинг хамр ҳақидаги сўнгги оятларидир. Бу ерда унинг батамом ҳаром экани баён қилинган. Хамрни ҳаром қилишнинг бундай босқичма-босқич суратда олиб борилиши энг манфаатли услуб экани тажрибада исботланган.

Бу оятлар Уҳуд урушидан кейин, учинчи ҳижрий санада, демак, Қуръоннинг илк нузулидан сўнг ўн олти йил ўтгач нозил бўлган. Бунинг биринчи сабаби одамлар берилиб кетган иллатни аста-секинлик билан даволаш экани гапириб ўтилди. Аммо энг муҳим сабаб, ҳақиқий омил ҳақида энди гаплашамиз.

Қуръони Карим оятлари Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида нозил бўлиб турди. Агар ўша даврда нозил бўлган оятларга назар солинадиган бўлса, ҳаммаси ақийда масаласига, кишилар қалбига «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни ўрнатишга қаратилгандир.

Узоқ муддат ҳидоятсиз юрган, ширк ва куфр моғори босган қалбларни тозалаш-поклаш ва ягона Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, холиқлиги, розиқлиги, ҳокимлиги, илоҳу маъбудлиги, бутун оламнинг тарбиячиси, қиёмат кунининг молики экани ва бошқа сифатларини яхшилаб тушунтириб, кишиларнинг ягона ақийдасига айлантиришга ҳаракат бўлди. Шу билан бирга «Лаа илааҳа иллаллоҳ» ахлоқиётлари, яъни шу калимаи тоййибага иймон келтирган кишининг ахлоқи қандай бўлиши кераклиги ҳақида йўл-йўриқлар бўлди. Иймон келтириб, мусулмон бўлган кишиларнинг қалби покланиб, унга «Лаа илааҳа иллаллоҳ»дан бошқа ақийда сиғмайдиган бўлди. Бу қалбларга ягона Аллоҳнинг муҳаббатидан ўзга ҳеч қандай муҳаббат йўл топа олмайдиган бўлди. Кишилар борликда Аллоҳ таолодан ўзга ибодатга сазовор зот йўқлигини тушуниб етдилар. Яъни бу дунёда одамлар банда бўлишларига ҳақдор Зот, инсонлар айтганларини қилиб яшашларига ҳақли Зот, розилигини олишга ҳаракат қилиш керак бўлган Зот ягона Аллоҳ таолонинг Ўзи экани уларнинг мустаҳкам ақийдасига айланди. Мусулмонлар бу дунёда нима ҳалол, нима ҳаром эканини тайин қиладиган зот битта – Аллоҳ эканини тушуниб етдилар. Улар ўз ҳаётларининг барча соҳаларида фақат Ислом кўрсатмалари асосида яшашлари лозимлигини тушуниб етдилар. Уларнинг иймон-эътиқодлари қувватланди. Аллоҳдан келган ҳар бир амрни катта қувонч би­лан, шавқу завқ билан кутиб оладиган ва ўша амрга амал қилишда бир-бирлари билан мусобақалашишга шошиладиган ҳолга келдилар. Исломдан олдинги ҳаётлари тўла залолатда бўлганини, ўзлари буту санамларга сиғиниб юрганларини, ўзларига ўхшаш одамлардан қўрқиб, уларнинг иродаларига итоат этиб юрганларини, ҳамма эътиқодлари, тасаввурлари нотўғри эканини англаб етдилар. Жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиққанларидан ниҳоятда севиндилар. Уларга бу улкан неъматни берган Аллоҳнинг амрига итоат этишни ўзларига шараф деб биладиган бўлдилар. Мана шундай ҳолат ўзгаришларидан кейингина амалий ҳукмларга оид оят­лар нозил бўла бошлади ва мусулмонлар уларни мисли кўрилмаган аниқлик билан ҳаётга татбиқ этишга киришдилар. Хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ушбу оят нозил бўлганда, кишилар хамр саклайдиган идишларини кўчага олиб чиқиб, ерга урганлар. Мадинаи Мунаввара кўчаларида ароқ оққан. Одамларга ушбу оят нозил бўлганлигининг хабари етганда ичишга шайланиб турган хамрларини қайтарганлар, ичиб қўйганларини қусиб ташлаганлар. Шу би­лан жамият бу иллатдан батамом қутулган.

Бунга ўхшаш иллатларнинг муолажаси фақат чуқур ий­мон ва эътиқод асосида бўлмаса, муваффақиятсизликка учраши турган гап. Кўплаб тажрибалар шунга далилдир. Шунинг учун Қуръони Карим жамиятни мавжуд иллатлардан тозалаш, унда фазилатларни мужассамлаштириш амалиётини босқичма-босқич, даражама-даража олиб борган ва буюк муваффақиятларни, инсоният тарихида мисли кўрилмаган натижаларни кўрсатган. Қуръони Каримнинг тарқоқ ҳолда нозил бўлишидаги яна бир ҳикмат амалий исботини топган.

  1. Қуръони Каримнинг масдари, келиб чиққан жойи­га ишора қилиш, унинг ҳақиқий илоҳий Китоблигига яна бир исбот кўрсатиш.

Қуръони Каримнинг тарқоқ тушишининг энг улкан ҳикматларидан бири унинг масдари, келиб чиққан жойига ишора қилиш бўлиб, унинг ҳақиқий илоҳий Китоблигига ҳужжат ҳамдир. Уйлаб кўринг, йигирма уч йил давомида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят олдинма-кейин тушса-да, ҳаммаси йиғилиб, бутун инсониятни тўғри йўлга бошлайдиган, бир ҳарфи ҳам ўз ўрнидан бошқа жойга тушмаган Китоб ҳосил бўлса! Бу иш фақат ҳар нарсага қодир Зот – улуғ Аллоҳнинг қудратли ҳикмати билан бўлиши мумкин, холос.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

الٓرۚ كِتَٰبٌ أُحۡكِمَتۡ ءَايَٰتُهُۥ ثُمَّ فُصِّلَتۡ مِن لَّدُنۡ حَكِيمٍ خَبِيرٍ١

«Алиф лаам ро. (Бу) оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра ўта ҳикматли, ўта хабардор Зот томонидан муфассал қилинган Китобдир» (1-оят).

Яъни сизларга ушбу зикр қилинганга ўхшаш ҳарфлардан ташкил топган Қуръон келди. Унинг

«оятлари мустаҳкам қилинган...»

Яъни тузилиши пухта, далолат қилиши дақиқ, ҳар бир сўзи чуқур маъноли, ҳамма тарафи бир-бирига муносиб, ҳеч камчилиги йўқ, йигирма уч йил мобайнида тарқоқ ҳолда нозил қилинган бўлса-да, бир-бирига зид келадиган жойи йўқ, биринчи оятидан охирги оятигача изчил.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ ٱلۡقُرۡءَانَۚ وَلَوۡ كَانَ مِنۡ عِندِ غَيۡرِ ٱللَّهِ لَوَجَدُواْ فِيهِ ٱخۡتِلَٰفٗا كَثِيرٗا٨٢

«Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, унда кўп ихтилофлар топар эдилар» (82-оят).

Ҳа, Қуръони Каримнинг Аллоҳнинг ҳузуридан нозил бўлганини англаш учун инсоф билан бир тафаккур қилишнинг ўзи кифоя.

«Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, унда кўп ихтилофлар топар эдилар».

Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унинг тарқоқ тарзда, узоқ муддат мобайнида нозил бўлганига қарамай, ичида ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди. Бу эса ушбу Каломнинг ёлгиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганига етарли далилдир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

قُل لَّئِنِ ٱجۡتَمَعَتِ ٱلۡإِنسُ وَٱلۡجِنُّ عَلَىٰٓ أَن يَأۡتُواْ بِمِثۡلِ هَٰذَا ٱلۡقُرۡءَانِ لَا يَأۡتُونَ بِمِثۡلِهِۦ وَلَوۡ كَانَ بَعۡضُهُمۡ لِبَعۡضٖ ظَهِيرٗا٨٨

«Агар инсу жинлар ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтириш учун тўплансалар, бунда баъзилари баъзиларига ёрдамчи бўлсалар ҳам, унга ўхшашини келтира олмаслар», деб айт» (88-оят).

Барча инсонларга ҳам, жинларга ҳам жуда оз илм берилгандир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қуръони Каримдаги илк ва сўнгги нозил бўлган оятлар;

Илк нозил бўлган оятлар;

Сўнгги нозил бўлган оятлар;

Read 3733 times
Top