ПАЙҒАМБАР ЭРКАКЛАРДАН БЎЛАДИ
Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан яна бири уларнинг эркак кишидан бўлишларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидагича хитоб қилади:
«Сендан олдин ҳам фақат шаҳар-қишлоқ аҳлидан эр кишиларни расул қилиб юбориб, уларга ваҳий қилганмиз, холос» (Юсуф сураси, 109-оят).
Яъни аввалги пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳар ва қишлоқ аҳолисидан бўлган, саҳровийлардан эмас, чунки шаҳар ва қишлоқ аҳли тарбияли, муомалани яхши биладилар. Даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли бўладилар, яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эгадирлар.
Шунингдек, аввал ўтган пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам эркак кишилар бўлишган. Аёл киши ёки фаришталар эмас, чунки аёл кишиларнинг табиий, жисмоний тузилишлари пайғамбарликдек оғир вазифага мос эмас. Аниқки, фаришталарнинг ҳам одамларга пайғамбар бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.
Бунда зинҳор аёл зотини пастга уриш маъноси йўқ. Балки унинг аёллигини эътиборга олиб, уни машаққатга солмаслик риояси бор. Агар, баъзилар ўйлаганидек, аёлни пайғамбарликдан узоқ қилиш нияти бўлганда, унинг пайғамбарларга она бўлиши ҳам раво кўрилмас эди. Ҳа, пайғамбарларни ҳам аёллар туққан!
ПАЙҒАМБАРЛАР ЎЗ ҚАВМИ ТИЛИДА ЮБОРИЛГАН
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Иброҳим сурасида марҳамат қилиб:
«Қайси бир расулни юборган бўлсак, баён қилиб бери-ти учун ўз қавми тили ила юборганмиз», дейди (4-оят).
Барча пайғамбарларни ўз қавми тили ила юбориш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган неъматидир, чунки бошқа қавмнинг тилини тушуниш қийин бўлар эди. Ҳамма пайғамбарлар ўз қавмларига юборилган ва уларга ўз қавмлари тилида ваҳий келган.
Бутун оламларга ва барча қавмларга пайғамбар бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ўз қавмининг тили – араб тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо бу ўринда уламоларимиз мулоҳаза қилган ҳикматлардан баъзиларини айтиб ўтиш жоиздир.
Бошқа пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар пайғамбар қилиб юборилганлар. У зотнинг умрлари чекланган. Шунинг учун динни ҳамма қавмларга ўзлари етказишлари қийин. Шунга кўра, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг охирги дини таълимотларини ўз қавмларига, қавмлари эса уни бутун дунёга тарқатади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у зотнинг қавмлари етказдилар.
Турли макон ва замонларда яшайдиган турли қавмларга бир пайғамбарни турли тиллар билан юбориб бўлмас эди, Аввало, бу ишни адо этиш жисмонан ҳам амримаҳол. Қолаверса, дунёда хилма-хил тиллар жуда кўп. Ҳозирги тиллар ичида Исломнинг илоҳий китоби бўлмиш Қуръони Карим нозил бўлганидан кейин пайдо бўлганлари ҳам бор. Демак, ҳар бир қавмга ўз тилида ваҳий келиши керак бўлса, кейин пайдо бўлган тилларда сўзлашувчилар нима қиларди?
Қолаверса, тилларнинг имкониятлари ҳам ҳар хил. Шунинг учун Аллоҳ таоло энг бой ва каломининг абадий мўъжиза бўлиб қолишини ҳам кўтара оладиган тилни – араб тилини танлаб, ўша тилда қиёматгача боқий қоладиган китобини – Қуръони Каримни нозил қилди. Қавмлар, тиллар, лаҳжалар, замонлар алмашаверади, аммо Қуръон мўъжиза бўлиб тураверади. Ундан араб ҳам, ажам ҳам, оқ ҳам, қора ҳам баробар фойда олаверади.
Ҳа, пайғамбар ўзига келган илоҳий таълимотларни одамларга баён қилиб беради. Шу билан унинг вазифаси тугайди. Қолгани Аллоҳнинг ихтиёрида.
ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ ФАЗЛ ДАРАЖАЛАРИ
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлиш учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади:
«Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Руҳул қудус билан қўлладик» (253-оят).
Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Ана ўшалар» деган сўз келмокда. Бу пайғамбарлар алайҳимуссаломга нисбатан эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан «Ана ўшалар расуллардир» дейилиши ҳурматга далолат килади.
Ояти каримада пайғамбарлар ва пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун экани ва ўша устунлик нимада экани ҳам билдириб ўтилмоқда.
«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик».
Мазкур фазл пайғамбарлар алайҳимуссаломни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса барча уммат ва авлодларга юборилган бўладилар. Шунингдек, бу фазллар пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.
Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:
«Улардан Аллоҳ гаплашгани бор...»
Яъни пайғамбарлар ичида Аллоҳ бевосита гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Мусо алайҳиссаломни «Калимуллоҳ» дейишади, бу эса «Аллоҳ ила сўзлашган» деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам оятда у зотнинг исмлари айтиб ўтирилмади.
«...ва баъзиларининг даражасини кўтарган».
Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.
«...Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизалар бердик ва уни Руҳул қудус билан қўлладик».
Қуръони Карим Ийсо алайҳиссаломни доимо оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр килади. Бу билан у зотнинг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақларидаги турли чўпчакларнинг бекор эканини исботлайди. Ийсо алайҳиссаломга берилган «очиқ-ойдин мўъжизалар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга у зотга нозил қилинган Инжил китоби ва Аллоҳ у зотга берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Руҳул қудус»дан мурод фаришта Жаброил алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, бу катта қўллаш ҳисобланади.
Ояти каримада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун у зотнинг фазллари зикр қилинмади. Ҳамма пайғамбарлар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пайғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зот ва у зотнинг пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У зотнинг пайғамбарликлари барча авлодлар, барча уммат ва халқлар учундир. У зотнинг пайғамбарликлари қиёмат кунига қадар бардавомдир. У зотнинг пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи пайғамбарликдир. Шу сабабдан у зотдан кейин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма пайғамбарларга берган фазилатларни жамлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бергандир.
Шундай бўлса ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Мени бошқа пайғамбарлардан устун қўйманглар», дейдилар.
Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозе! Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб: «Оятда воқеликдан хабар берилган, ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларига, пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканига далолатдир», деганлар.
Аммо пайғамбарларнинг пайғамбарликлари ва Аллоҳ таолонинг мустафо бандалари эканликларида ҳеч қандай фарқлашга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Бақара сурасининг охирида айтилади:
«Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз» (285-оят).
Яъни Аллоҳ юборган барча пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз.
Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди, чунки мазкур пайғамбарларнинг барчасига нозил бўлган дин Ислом бўлган.
ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
Аллоҳ таоло одамлар орасига нима учун пайғамбарлар юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб, Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:
«Одамлар бир уммат эдилар. Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила Китоб нозил қилди» (213-оят).
Аслида инсоният Одам Ато ва Момо Ҳавво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Улар бир оиланинг аъзолари бўлиб, аста-секин кўпайиб бордилар. Кўпайишлари билан бирга фикр-мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам ортиб борди, чунки ҳар кимнинг ўз табиати, ўз ақли, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб фикр баён қилади. Бу ҳар кимнинг фитратидаги хусусиятдир, чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу торти шувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида, ер юзи обод бўлмас эди...
Демак, одамлар ўртасида ихтилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйиб берилса, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди ва ихтилоф яна ҳам кучаяди.
Агар улардан бир гуруҳини танлаб олиб, ўша танланганларга топширилса, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб, пора олиши мумкин, ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ.
Демак, «Бундай ихтилофларнинг қай бири тўғри? Қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифлиқцан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, бекаму кўст, тамадан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бир зот керак бўлади. Ана ўша зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир! У ҳамма нарсани билувчи Зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни Ўзи билади.
«Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ ила Китоб нозил қилди».
Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифалари мўминларга хушхабарларни, кофиру осийларга огоҳлантиришларни етказишдир.
Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб, уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар.
Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар, адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади.
Ҳамма пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг асосий вазифаларидан бири – Аллоҳ таолога иймон келтириб, У Зотга ибодат қилишга даъват этишдир. Аллоҳ таоло Анбиё сурасида бу борада қуйидагиларни айтади:
«Сендан илгари юборган ҳар бир расулга «Мендан ўзга илоҳ йўқ. Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз» (25-оят).
Ибодатга сазовор Зот ягона Аллоҳ таоло эканини англатиш, Унга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат Унга сиғинишга чақириш барча илоҳии динлар ва пайғамбарларнинг иши бўлган. Тавҳид ақийдаси ҳеч қачон ўзгармаган.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади:
«Батаҳқиқ, ҳар бир умматга «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб расул юборганмиз. Улардан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам бор ва устларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор» (36-оят).
«Ҳеч шубҳа йўқки, Биз ҳар бир умматга пайғамбар юбордик. Ҳар бир пайғамбарнинг ўз умматига айтадиган гапи:
«Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», дейишдан иборат бўлди.
Яъни «Бу дунёда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси ила яшанг. Унинг айтганини қилинг, қайтарганидан қайтинг, фақат Унгагина сиғининг. Шу билан бирга, тоғутдан четланинг. Унга ибодат қилманг».
«Тоғут» сўзи араб тилида Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган нарсани ифода этади. У шайтон, фолбин, буту санам, турли тузумлар ёки шахслар, табиатдаги махлуқотлар ёки ҳайвонлар бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳдан ўзганинг айтганини қилиб яшаш, ўшанинг таълимотларига амал қилиш, унга сиғиниш тоғутга ибодат қилиш бўлади. Аллоҳ таоло эса бандалари фақат Ўзига ибодат қилиб, тоғутдан четланишини истайди. У Зот ушбу хоҳиш-иродасини одамларга пайғамбарлари орқали етказди. Аммо одамлар ўзларини турлича тутдилар.
«Улардан Аллоҳ ҳидоят қилганлари ҳам бор ва устларига залолат ҳақ бўлганлари ҳам бор».
Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат – куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди.
Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ. Улар ўз ихтиёрлари билан иш тутишди. Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳнинг қамровли, умумий ихтиёридан чиққанлари йўқ, чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У Зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади.
Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларнинг ҳидоятга келишини ихтиёр этган ва шуни жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда буни жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Ана шу қонун-қоидаларга биноан ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳнинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири Аллоҳ таолонинг амр ва наҳийларини бандаларга етказишдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади:
«Улар Аллоҳнинг рисолатларини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиганлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб-китоб қилишга кифоядир» (39-оят).
Ҳеч қандай тангликсиз Аллоҳнинг йўлига эргашиб юрган юртлар, пайғамбарлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлар:
«Улар Аллохнинг рисолатини етказадиган» зотлардир.
Аллоҳ таоло уларни ўз элчиси – пайғамбари қилиб юборган. Улар одамларга Аллоҳнинг хабарларини етказувчилардир. Албатта, Аллоҳ таолонинг рисолатида У Зотнинг Ўз бандаларига йўллаган амрлари ва наҳийлари бўлади. Пайғамбарлар ана ўшаларни ўз умматларига етказадилар.
Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, қуйидагиларни марҳамат қилади:
«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (Моида сураси, 67-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло у зотга ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул қилиш-қилмаслигига қарамай, даъват қилавериш, Аллоҳ таолонинг амрлари ва наҳийларини етказавериш лозимлигини буюрмоқда:
«Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».
Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган, жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.
«Агар (шундай) қилмасанг, Унинг рисолатини етказмаган бўласан».
Яъни «Агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ-масанг, Аллоҳнинг элчилиги – пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан».
«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».
Уларнинг ёмонликларидан асрайди.
«Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири одамларга яхши ўрнак бўлишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади:
«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун – Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор» (21-оят).
Аллоҳ таоло яна Мумтаҳана сурасида шундай марҳамат қилади:
«Батаҳқиқ, сизларга Иброҳимда ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор» (4-оят).
ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ
«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни мўъжизани бошқалар қилишдан ожиз қолишади.
Истилоҳда эса: «Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган ғайритабиий – одатдан ташқари иш мўъжизадир».
Кофирлар, одатда, пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга, доимо ўз номаъқулчиликларини ҳаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб туришади. Аввалги ўтган барча пайғамбарларга худди шундай таклифлар қилинган. Аллоҳ Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизалар берган. Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизалар берган.
Моддапарастлик авж олиб, «Ҳар бир нарса моддий асосга эга» деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизалар берган.
Ўтган пайғамбарлар ўзларига берилган мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўьжизалари ҳам амалдан қолган, чунки уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир макон ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса абадий ва улкан мўъжиза – Қуръони Карим нозил қилинган, чунки у зотнинг пайғамбарликлари қиёмат бўлгунича барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун у зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза – Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилган. У зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёматгача барҳаёт бўлади. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у зотдан пайғамбарликларини тасдикдовчи мўъжиза талаб этишса, Қуръони Каримни далил қилганлар.
Бошқа пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун оддий бир иш эди. Ҳамма пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларидан жой олган.
Аллоҳни таниган одамлар учун ҳатто Исро ва меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва меърож қилганлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини ҳар хил тутди ва ҳар хил гап-сўзларни айтди. Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига югуриб боришди. У киши хабарнй эшитгандан сўнг: «У зот шу гапларни айтдиларми?» деб сурадилар. «Ҳа», дейишди. У киши: «Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», дедилар. Улар: «Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди. Абу Бакр: «Мен у зотнинг бундан ғаройиброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдикдайман», дедилар.
Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиш, Аллоҳнинг каломи – Қуръонни кишиларга етказиш ва уни татбиқ этиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг асосий мўъжизалари эди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа мўъжизалари у зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатишни талаб қилган пайтда ҳам уларга мўъжиза сифатида Қуръони Карим далил қилинарди. Бунга Анкабут сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин:
«Улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар. «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дегин. Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50-51-оятлар).
Кофир одам хаёлига нима келса, гапираверади. Улар:
«Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дейишди.
Эй Пайгамбар!
«Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Меи эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин».
Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда нозил қилади. Кимга керак бўлса, ўшанга кўрсатади. Қанча керак бўлса, шунча. Пайғамбар эса очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.
Нима учун улар мўъжиза нозил бўлишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қаршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий мўъжиза – Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!
«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»
Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!
«Бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат вa эслатма бордир».
Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш, барча ваъз-насиҳатлардан эслатма олиш учун кишида иймон жавҳари бўлиши керак. Иймонсизлар олдиларида улкан мўьжиза турса ҳам, «Унга Роббидан мўьжизалар нозил қилинса эди», деб юраверишади.
Юқорида зикр қилиб ўтилган тарихдаги давлатлар ва жамоаларнинг кўпчилиги ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқаришди. Ўзларининг адашув ва хатоларида давом этаверишди. Улардан фақат озгинаси иймон келтирди. Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбарларининг охиргиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башариятнинг ҳаммасига, ер юзининг барча бурчакларига пайғамбар қилиб юборди. У зотнинг ҳаракатлари билан адашган башариятнинг ҳидоятга юриши кўзланган эди.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ИКИНЧИ БОБ:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари;
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имтиёзлари;