Кутубхона

Нурул изоҳ: ТИЛОВАТ САЖДАСИ.  ШУКР САЖДАСИ.  ЖУМА НАМОЗИНИНГ ҲУКМИ

ТИЛОВАТ САЖДАСИ

*** Сабаби, ҳукми ва вақти ***

Шартлари: таҳорат қилиш, қиблага юзланиш ҳамда аврат жойларини беркитиш.

Вожиб бўлишининг сабаби: сажда оятини ўқиш ё эшитиш.

Сажда ояти намоздан бошқа пайт ўқилганида, дарҳол сажда қилиш шарт эмас. Фақат кечиктирилиши танзиҳий макруҳдир. Форсчага ўхшаш (араб тилидан бошқа тилда) сажда ояти ўқиган киши ҳам сажда қилиши лозим. Сажда калимасини ўзидан аввалги ва кейинги калималардан бири билан ўқиш, оятни тўла ўқиш кабидир.

Сажда ояти бўлган суралар:

Аъроф сураси, 206-оят;

Раъд сураси, 15-оят;

Haҳл сураси, 49-оят;

Исро сураси, 107-оят;

Марям сураси, 58-оят;

Ҳаж сураси, 18-оят;

Фурқон сураси, 60-оят;

Намл сураси, 24-оят;

Сажда сураси, 16-оят;

Сод сураси, 24-оят;

Фуссилат сураси, 37-ояг;

Нажм сураси, 62-оят;

Иншиқоқ сураси, 21-оят;

Алақ сураси, 19-оят.

 

*** Тиловат саждаси кимларга вожиб, кимларга вожиб эмас? ***

Сажда оятларидан бирини эшитган кишига, эшитишни қасд қилмаган бўлса ҳам, тиловат саждаси вожиб бўлади. Сажда оятини ўқиш ва эшитиш билан, ҳайз ва нифосдаги аёлларга сажда қилиш вожиб бўлмайди. Имомга иқтидо қилган киши сажда оятини ўқиса, имомга ҳам, жамоатга ҳам сажда қилиш вожиб бўлмайди. Фақат имом ва жамоат сажда оятини намоз ўқимаётган бир кишида эшитсалар, намоздан сўнг сажда қилишлари лозим. Бу ҳолда агар намоз асносида сажда қиладиган бўлсалар, зиммаларидаги сажда ўрнига ўтмайди, аммо намозлари ҳам бузилмайди. Ишончли нуқтаи назарга кўра, маъносини тушуниш шарти билан, форсча каби (бошқа тилда) саж­да ояти эшитилса ҳам, сажда қилиш вожиб бўлади. Ухлаётган кишидан, ёш боладан, ҳайз ё нифосдаги аёлдан сажда ояти эшитилганида ҳам сажда қилиш вожиб. Тутиқуш ва акс садодан эшитилган сажда ояти туфайли саж­да қилиш вожиб бўлмайди.

Изоҳ: Замонамизда мавжуд бўлган радио, телевизор ва шунга ўхшаш воситалардан Қуръони каримни тинглаш билан савоб қозонилганидек, сажда оятини эшитиш туфайли, сажда қилиш вожиб бўлади.

 

*** Тиловат саждасининг вақти ва шакли ***

  1. Намозда сажда ояти ўқилганида, тиловат саждаси учун руку ё сажда қилиш билан адо этилади.
  2. Сажда оятидан сўнг иккидан ортиқ оят ўқимай тиловат саждасини ният қилиб намознинг рукусига борса ва уни ният қилмаса ҳам, намознинг саждасини қилса, тило­ват саждаси ўрнига ўтади.
  3. Киши имомдан сажда оятини эшитиб, у имомга иктидо қилмаса ҳам, ёки (сажда ояти ўқилган ракатдан) бошқа ракатда мазкур имомга иқтидо қилса ҳам намоздан сўнг тиловат саждаси қилади.
  4. Имом сажда ояти ўқиган ракатда ҳали имом тиловат саждасини қилмасдан унга иқтидо қилган киши, имом би­лан бирга сажда қилади. Аммо шу ракатда имом ўқиган оят саждасини қилганидан сўнг, имомга иқтидо қилса, тило­ват саждаси қилмайди.
  5. Намоз асносида қилиниши лозим бўлган тиловат саждаси намоз ичида адо қилинмаган бўлса, намоздан кейин адо қилинмайди. Чунки намоз ичида қилиниши лозим бўлган тиловат саждаси учун шундай улуғ даража борки, намоздан кейинги саждалар унинг ўрнига ўтмайди.
  6. Киши намоздан бошқа пайт сажда ояти ўқиб (ёки эшитиб) сажда қилгач, айни жойда намозни бошлаб, ўша оятни ўқиса, такрор сажда қилади. Агар аввал айтилган саждани қилмаган бўлса, намоздаги сажда иккала саждан ўрнига ўтади.
  7. Айни жойда бир оятни икки ёки ундан кўп бора ўқиган киши бир марта тиловат саждаси қилади.
  8. Фақат бошқа-бошқа жойларда бир сажда оятини ўқиган киши учун бир марта тиловат саждаси қилиш кифоя эмас.

 

*** Жойни ўзгартирадиган сабаблар ***

Турган ё ўтирган жойидан зарурат учун бўлса ҳам ажралиш, дарахтда бир шохдан бошқа шохга ўтиш, анҳор ёки каттароқ ҳовузда (сажда ояти ўқилган) жойдан бошқа жойга сузиб ўтиш билан, жой ўзгарган ҳисобланади.

 

*** Жойни ўзгартирмайдиган сабаблар ***

  1. Бир хонанинг ёки катта бўлса-да, масжиднинг ичида сажда ояти ўқилгач, бир бурчакдан бошқа бир бурчакка ўтиш.
  • Қуръон тиловат қилаёттан пайт кеманинг юриши.
  • Сажда ояти ўқилгач, бир ёки икки ракат намоз ўқирлик вақтнинг ўтиши.
  1. Бир қултум сув ичиш, бир-икки луқма таом ейиш ёки бир-икки қадам юриш.
  • Бир нарсага суяниш, ўтириш, ёки ўрнидан туриш.
  1. Сажда ояти ўқилган жойда ҳайвонга миниш ёки тушиш.
  2. Устида намоз ўқилаётган ҳайвоннинг юриши. Бундай ҳолларда бир марта сажда қилиш кифоя.
  3. Сажда ояти ўқиётган киши ўрнида қолгани ҳолда, эшитаётган кишининг жойи ўзгарса, эшитаётган киши такрор сажда қилиши лозим.
  • Бир жойда бир сажда оятини кўп эшитган кишининг такрор сажда қилиши шарт эмас. Фақат ўқиган киши жой ўзгартиргани туфайли, такрор сажда қилиши керак.

 

*** Турли масалалар ***

Сажда ояти бўлган сурани ўқиётиб, сажда оятини ўқимай ташлаб кетиш макруҳдир.

Сажда оятига бир ёки бир неча оят қўшиб ўқиш мустаҳабдир.

Ўтирган кишининг тиловат саждаси қилиш учун ўрни­дан туриб, сажда қилиши мустаҳабдир.

Сажда оятини эшитган кишининг ўқиган кишидан аввал бошини саждадан кўтармаслиги ҳам мустаҳабдир.

Сажда ояти бир жамоат ичида ўқилиб, ҳамма бирдан сажда қилиши лозим бўлганида, оятни ўқиган кишининг олдинроққа ўтиши ва жамоатнинг саф тортиши шарт эмас. Ҳар ким ўтирган жойида, хоҳлаганидек сажда қилади.

 

*** Тиловат саждасининг саҳиҳ бўлиш шартлари ***

Тиловат саждасининг саҳиҳ бўлиш шартлари намознинг саҳиҳ бўлиш шартларидир (такбири таҳримадан бошқа).

 

*** Адо этиш тартиби ***

Сажда оятини ўқиган ёки эшитган киши ўтирган бўлса, ўрнидан туради. Қўлни кўтармай такбир айтиб, саждага боради ва яна такбир айтиб, ўрнидан туради. Шу тартибда бир марта сажда қилади. Сўнг ташаҳҳуд ўқимайди ва салом бермайди.

 

*** Шукр саждаси ***

Ҳазрати Абу Бакрдан, розийаллоҳу анҳу, ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, инсонни хушнуд қиладиган бир нарсага рўпара келганларида ёки бирор хушхабар эшитганларида Аллоҳ таолога шукр қилиш мақсадида дарҳол сажда қилар эдилар.

Шукр саждаси Имоми Аъзамга, розийаллоҳу анҳу, кўра намоздан сўнг макруҳдир ва ҳеч қандай савоби йўқ, қилмаган афзалдир. Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга кўра эса, савоб бўлган бир ибодатдир. Шукр саждаси тиловат саждаси каби адо этилади.

Изох,: Фиқҳ уламолари Имом Аъзамнинг, раҳматуллоҳи aлaйҳ, бу нуқтаи назарларини, қилиниши вожиб эмас деб, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммаднинг фикрларини эса, қилинишининг зарари йўқ, жоиздир деб шарҳлашганлар. Бунга кўра, ҳар бир хушхабарни эшитганида сажда қилиш шарт эмас, аммо қилиниши жоиздир.

 

*** Ҳар балонинг даф қилиниши ҳақида ***

Имом Насафий «Кофий» номли асарларида айтадиларки, кимки бир жойда барча сажда оятларини ўқиб, ҳар бири учун алоҳида-алоҳида сажда қилса, бу ибодат туфайли бошига келадиган барча балолардан омон қолади.

 

*** Жума намозининг ҳукми ***

Жума намози қуйидаги етти шартни жам қилган бўлиб, ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир.

Фарз бўлишининг шартлари:

  1. Эркак бўлиши;
  2. Озод бўлишни;
  3. Шаҳарда ёки шаҳар яқинида истиқомат қилиши;
  4. Соғлом бўлиши;
  5. Золимнинг ҳамласидан омон бўлиши;
  6. Икки кўзи кўр бўлмаслиги;
  7. Икки оёқнинг бирданига оқсоқ ёки шол бўлмаслиги.

 

*** Дуруст бўлишининг шартлари ***

  1. Жума намози пешин намозининг вақтида ўқилиши зарур. Пешин намозининг вақти кирмасдан жума ўқилиши ду­руст эмас. Жума ўқилаётганида вақт чиқса, у бекор бўлади.
  2. Вақтида (фарз намозидан аввал) жума хутбаси нияти билан, жума намозига жамоат бўла оладиган кишилар ҳузурида хутба ўқилипш керак.
  3. Барчанинг масжидга кириб, бемалол намоз ўқиши мумкин бўлиш зарур.

Ҳанафий мазҳабига кўра, жума фарзи учун етарли жамо­ат қул, мусофир ва беморлардан иборат бўлса ҳам, имомдан бошқа уч эркак кишидир. Мазкур жамоат билан жума намози ўқиш мумкинлигининг шарти бу кишиларнинг биринчи саждага боргунларича имом билан бирга қолишларидир. Илк саждани қилгач, (намозни бузиб) тарқайдиган бўлсалар, имом намозни ёлғиз ўзи жума намози сифатида тамомлайди. Аммо имом биринчи саждага бормасидан, жамоат тарк этадиган бўлса, намоз бузилади. Уч кишилик жамоатдан бири аёл ёки ёш бола бўлса, намоз саҳиҳ бўлмайди. Қул, мусофир ва беморнинг жума намозида имом бўлиши жоиздир.

 

*** Жума намозининг хутба ва суннатлари ***

Жума хутбасида тасбеҳ ёки таҳмид билан кифояланиш, кароҳат билан жоиздир.

Жума хутбасининг ўн саккиз суннати бор:

  1. Хутба ўқийдиган кишининг нажосат ва жанобатдан пок бўлиши.
  2. Аврат жойларини беркитиши.
  3. Хутбани бошлашдан аввал минбарда ўтириши.
  4. Имом-хатибнинг олдида азон айтилиши.
  5. Имом-хатибнинг азондан сўнг, уруш билан қўлга киритилган жойларда чап қўлида ушлаганича таяниб, сулҳ орқали олинган жойларда эса, қиличсиз (хутба ўқиш учун) ўрнидан туриши.
  6. Имом-хатибнинг жамоатга юзланган ҳолда хутба ўқиши.
  7. Хутбани Аллога ҳамду сано билан бошлаши.
  8. Калимаи шаҳодатни ўқиши.
  9. Пайғамбаримизга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, салавот айтиш.
  10. Жамоатга ваъз-насиҳат қилиши.
  11. Жамоатга Аллоҳнинг азобидан қутқарадиган сабабларни эслатиши.
  12. Қуръондан бирор бир оят ўқиши.
  13. Хутбани иккига бўлиши.
  14. Икки хутба орасида ўтириши.
  15. Иккинчи хутбани ҳам яна Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Пайғамбаримизга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, салавот билан бошлаши.
  16. Иккинчи хутбада барча мўминларга дуо ва мағфират тилаши.
  17. Жамоатнинг хутбани эшитиши.
  18. Ҳар икки хутбани тиволи муфассал, яъни Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасидан Буруж сурасигача бўлган қисми узунлигида қилиши. Бундан чўзиш ва суннатлардан бирини тарк қилиш макрухдир.

 

*** Жума намозига оид турли масалалар ***

  1. Жума куни биринчи азон айтилгач, мусулмонларнинг савдо-сотиқ (каби дунё) ишларини тўхтатиб, жума намозига боришлари фарздир.
  2. Имом минбарга чиқса, хутба ва жума фарзи тамом бўлгунича, гапириш ва нафл намоз ўқиш жоиз эмас.
  3. Хутба эшитаётганларнинг еб-ичишлари, кераксиз нарсалар билан шуғулланишлари, у ёқ-бу ёққа қарашлари, саломга алик олишлари ҳамда аксирганга «ярҳамукаллоҳ» деб жавоб қайтаришлари макруҳдир.
  4. Имом-хатиб минбарга чиққач, жамоатга салом бермайди.
  5. Азон айтилгач, жума намозини ўқимасдан сафарга отланиш (таҳриман) макруҳдир.
  6. Бемор, мусофир ва аёлларга ўхшаш жума намозини ўқиш фарз бўлмаган кишилар, агар жума намозини ўқисалар, пешин намозининг ўрнига ўтади ва пешин намози улардан соқит бўлади.
  7. Ҳеч қандай узрсиз жума намозига мукаллаф бўлган кишиларнинг жума намози ўқимасдан аввал пешин на­мозини ўқишлари ҳаромдир. Шунга қарамай, уйида пе­шин ўқиганидан сўнг, пушаймон бўлиб, имом ҳали намозни тамомламасдан, масжид сари отланса, намозга улгурмаса ҳам, ўқиган пешин намози ботил бўлади ва нафлга айланади.
  8. Бемор, мусофир ҳамда қулга ўхшаш узрли кишилар­нинг жума намози ўқилган жойда пешинни жамоат билан ўқишлари макруҳдир.
  9. Жума намозига ташаҳҳудда ёки саҳв саждасида қўшилган киши жума намозига улгурган ҳисобланади.

 

КЕЙИНГИ МАЗУЛАР:

Ҳайит намозлари ҳукми ва шартлари;

Рамазон ҳайитининг мустаҳаблари;

Ҳайит намозининг вақти;

Ҳайит намозларини ўқиш тартиби;

Қурбон ҳайитининг ҳукми;

Ташриқ такбирининг ҳукми, муддати ва кимларга вожиб бўлиши;

Ташриқ такбири;

Қуёш тутилганида ўқиладиган намоз;

Ой тутилганида ўқиладиган намоз;

Ёмғир сўраш дуоси;

Хавф (қўрқув) намози;

Такрорлаш учун саволлар.

Read 5035 times
Top