Кутубхона

Эътиқод  дурдоналари: АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ГЎЗАЛ ИСМЛАРИ

Тавҳиднинг луғавий ва истилоҳий маънолари

Тавҳид сўзи исми масдар бўлиб, луғатда “яккалаш”, яъни бир нарсага яккаю ёлғизлик нисбатини бериш ва унинг кўп ададда эканини инкор қилиш маъноларини англатади. “Қомусул муҳит” китобида, “тавҳид ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришдир” дейилган.

Тавҳиднинг истилоҳий маъноси тўғрисида бир қанча ажойиб таърифлар келган. Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ тавҳидни шундай таърифлаган:

هُوَ إِثْبَاتُ الْوَحْدَانِيَّةِ لِلذَّاتِ الصَّمَدَانيَّةِ

“Абадий барҳаёт Зотнинг яккаю ягоналигини тасдиқлаш, тавҳид деб аталади”[1].

Муҳамммад Анвар Бадахшоний эса “Ақидатут-Таҳовий”нинг шарҳида тавҳидга шундай таъриф берган:

أَنْ يَتَبَرَّأَ الاِنْسَانُ عَنْ جَمِيعِ وُجُوهِ الاِشْرَاكِ بِاللهِ وَيَعْتَقِدَ أَنَّ اللهَ سُبْحَانَهُ وَتَعَالَى وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَا فِى ذَاتِهِ وَلَا فِى صِفَاتِهِ وَلَا فِى اَفْعَالِهِ وَلَا فِى اَسْمَائِهِ وَلَا فِي أَحْكَامِهِ  

“Инсон Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг барча кўринишларидан ўзини сақлаб, Аллоҳ таолони зотида ҳам, сифатларида ҳам, феълларида ҳам, исмларида ҳам ҳукмларида ҳам шериги йўқ,  яккаю ёлғиз эканлигига эътиқод қилиши  тавҳид деб  аталади”[2].

Ушбу таърифдан Аллоҳ таоло ҳақида қуйидагича эътиқод қилиш лозимлиги келиб чиқади:

– Аллоҳ таоло борлиқдаги бирор нарсага ўхшамайди ва Унинг бирор нуқсону камчилиги йўқдир;

– Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари Қуръон ва ҳадисларда баён қилингандир;

– Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг  ҳақиқати қандай эканини билишдан барча халойиқ ожиз.  

Ақоид уламолари илоҳиёт бобидаги масалаларни иккита асосга боғлаб тушунтирадилар:

  1. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш;
  2. Аллоҳ таолонинг бирлигига иймон келтириш.

Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш далиллари ҳақида қуйидаги гапни айтганлар: “Аллоҳ таолонинг борлигига далиллар махлуқотларнинг ададларичадир”. Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш далиллари ҳам икки қисмга бўлинади:

а) барча махлуқотларда мушоҳада этиладиган далиллар;

б) пайғамбарлар олиб келган далиллар. 

Банда Аллоҳ таолони борлиқдаги бирор нарсага ўхшамаслигига ва Унинг бирор нуқсону камчилиги йўқлигига қатъи эътиқод қилмагунича мўмин бўла олмайди. Қуръони каримда Унга ўхшаш бирор нарса йўқ экани ҳақида шундай хабар берилган:

﴿لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ وَهُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١١

“Унинг мислидек бирор нарса йўқдир. У Эшитувчи ва кўрувчидир”[3].

Шунингдек, ҳар бир мўмин банда Аллоҳ таолонинг исму сифатлари ҳақида Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда баён қилинганидек эътиқод қилиши лозим. Бу ҳақида қуйидаги ривоятлар келтирилган:

“Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ таоло Ўзи васф қилганидан ёки Расули васф қилганидан бошқача васф қилинмайди, Қуръон ва ҳадисдан ташқарига чиқилмайди”, деган.

Имом Бухорийнинг устози Нуъайм ибн Ҳаммод: “Ким Аллоҳни Унинг яратган нарсасига ўхшатса, кофир бўлибди, ким Аллоҳ Ўзи ҳақида васф қилган нарсани ёки Унинг Расули васф қилган нарсани инкор қилса, кофир бўлибди, Аллоҳ Ўзини васф қилган нарсада ва Расули Уни васф қилган нарсада ўхшаш ҳам, тенг ҳам йўқдир”, деган”.

Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масалаларни қисқа ва содда сўзлари билан тушунтириб қўйган:

Кўнгилда кечса кўзга тушса ҳар шай,

Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай.

* * *

Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас,

Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас.

Яъни Аллоҳ таоло инсоннинг кўнглига келган ва тасаввур қилган барча нарсалардан олийдир. Чунки бандалар замон ва макон ичида бўлган нарсаларни тасаввур қиладилар. Аллоҳ таоло эса замон ва маконнинг ичида эмас, балки уларни йўқдан бор қилган зотдир.  

Шундай экан, ҳар бир мўмин банда Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг  ҳақиқати нимадан иборат эканини била олмаслигига қатъи эътиқод қилиши ҳамда уларнинг қандай эканини билишга уриниб баҳс қилмаслиги лозим. Қуйидаги ҳикматли шеър бу ҳақида етарли тасаввур беради:

اَلْعَجْزُ عَنْ دَرْكِ الإِدْرَاكِ اِدْرَاكٌ

وَ البَحْثُ عَنْ سِرِّ ذَاتِ الرَّبِّ إِشْرَاكٌ

“Идрок этиш фаҳмидан ожизлик идрок этишдир,

Роббнинг зоти сирини излаш  ширк келтиришдир”[4].

Зеро, баҳс қилишнинг бирор фойдаси ҳам бўлмайди. Чунки бирор нарсадаги сифатнинг ҳақиқати нимадан иборат эканини тўлиқ англаш учун ўша сифат эгасини тўлиқ англаш керак бўлади. Аллоҳ таолонинг зоти қандай экани эса сўралмайди. Шунинг учун Аллоҳ таолодаги сифатларнинг асл моҳияти нимадан иборат эканини сўраш ҳам дуруст бўлмайди.

 

Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари

Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари зикр қилинган. Ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта исми бор эканлиги баён қилинган. Аммо бундан Аллоҳ таолонинг барча исмлари фақат тўқсон тўққизтадан иборатлиги келиб чиқмайди, балки бизларга баён қилинганлари тўқсон тўққизта экани тушунилади. Ушбу тўқсон тўққизта исмларини номма-ном санаб чиққанларга жаннат ваъдаси берилган:     

 عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ  قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ  عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ لِلَّهِ تِسْعَةً وَتِسْعِينَ اسْمًا مِائَةً غَيْرَ وَاحِدَةٍ مَنْ أَحْصَاهَا دَخَلَ الْجَنَّةَ وَهُوَ وِتْرٌ يُحِبُّ الْوِتْرَ هُوَ اللَّهُ الَّذِى لاَ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ الرَّحْمَنُ الرَّحِيمُ الْمَلِكُ الْقُدُّوسُ السَّلاَمُ الْمُؤْمِنُ الْمُهَيْمِنُ الْعَزِيزُ الْجَبَّارُ الْمُتَكَبِّرُ الْخَالِقُ الْبَارِئُ الْمُصَوِّرُ الْغَفَّارُ الْقَهَّارُ الْوَهَّابُ الرَّزَّاقُ الْفَتَّاحُ الْعَلِيمُ الْقَابِضُ الْبَاسِطُ الَخَافِضُ الرَّافِعُ الْمُعِزُّ الْمُذِلُّ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ الْحَكَمُ الْعَدْلُ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ الْحَلِيمُ الْعَظِيمُ الْغَفُورُ الشَّكُورُ الْعَلِىُّ الَكَبِيرُ الْحَفِيظُ الْمُقِيتُ الْحَسِيبُ الْجَلِيلُ الْكَرِيمُ الرَّقِيبُ الْمُجِيبُ الْوَاسِعُ الْحَكِيمُ الْوَدُودُ الْمَجِيدُ الْبَاعِثُ الشَّهِيدُ الْحَقُّ الْوَكِيلُ الْقَوِىُّ الْمَتِينُ الْوَلِىُّ الْحَمِيدُ الْمُحْصِى الْمُبْدِئُ الْمُعِيدُ الْمُحْيِى الْمُمِيتُ الْحَىُّ الَقَيُّومُ الْوَاجِدُ الْمَاجِدُ الْوَاحِدُ الصَّمَدُ الْقَادِرُ الْمُقْتَدِرُ الْمُقَدِّمُ الْمُؤَخِّرُ الأَوَّلُ الآخِرُ الظَّاهِرُ الْبَاطِنُ الْوَالِى الْمُتَعَالِى الْبَرُّ التَّوَّابُ الْمُنْتَقِمُ الْعَفُوُّ الرَّءُوفُ مَالِكُ الْمُلْكِ ذُو الْجَلاَلِ وَالإِكْرَامِ الْمُقْسِطُ الْجَامِعُ الْغَنِىُّ الْمُغْنِى الْمَانِعُ الضَّارُّ النَّافِعُ النُّورُ الْهَادِى الْبَدِيعُ الْبَاقِى الْوَارِثُ الرَّشِيدُ الصَّبُورُ.   رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг 99 та, бир кам 100 та исми бор. Ким уларни номма-ном айтиб чиқса, жаннатга киради. У тоқдир тоқни яхши кўради.  У Ундан  бошқа илоҳ йўқ бўлган: 1. Аллоҳ (Ибодат қилинган Зот), 2. Ар-Роҳман (Меҳрибон), 3. Ар-Роҳийм (Шафқатли), 4. Ал-Малик (Эга), 5. Ал-Қуддус (Мутлақ пок), 6. Ас-Салам (Тинчлик ато этувчи), 7. Ал-Муъмин (Иймон ато этувчи), 8. Ал-Муҳаймин (Назорат қилувчи), 9. Ал-Азийз (Энг кучли), 10. Ал-Жаббар (Энг қудратли), 11. Ал-Мутакаббир (Энг буюк), 12. Ал-Холиқ (Яратувчи), 13. Ал-Бариъ (Йўқдан бор қилгувчи), 14. Ал-Мусоввир (Махлуқотларга суврат берувчи), 15. Ал-Ғоффар (Ниҳоятда кечирувчи), 16. Ал-Қоҳҳар (Бўйин сундирувчи), 17. Ал-Ваҳҳаб (Доимий неъматлар ато этувчи), 18. Ар-Роззақ (Ризқ берувчи), 19. Ал-Фаттаҳ (Файзу-барака манбасини очувчи), 20. Ал-Алийм (Ҳар бир нарсани билувчи), 21. Ал-Қобиз (Ўзи хоҳлаган барча нарсани ушлаб турувчи ), 22. Ал-Басит (Қалбларни кенгайтирувчи), 23. Ал-Хофиз (Пасайтирувчи), 24. Ар-Рофиъ (Кўтарувчи), 25. Ал-Муъизз (Азиз қилувчи), 26. Ал-Музилл (Хор қилувчи), 27. Ас-Самийъ (Ҳар бир нарсани эшитувчи), 28. Ал-Басийр (Ҳар бир нарсани кўрувчи), 29. Ал-Ҳакам (Ҳукм қилувчи), 30. Ал-Адл (Мутлақ адолат қилувчи), 31. Ал-Латийф (Энг илтифотли), 32. Ал-Хобир (Ўта хабардор), 33. Ал-Ҳалим (Мўминларнинг тавба қилиб олишларига ўта имкон берувчи), 34. Ал-Азийм (Энг улуғ), 35. Ал-Ғофур (Ўта мағфиратли), 36. Аш-Шакур (Оз амал учун кўп савоб берувчи), 37. Ал-Алий (Энг олий мартабали), 38. Ал-Кабийр (Энг катта), 39. Ал-Ҳафийз (Муҳофаза қилувчи), 40. Ал-Муқийт (Ризқ берувчи), 41. Ал-Ҳасийб (Ҳисоб қилувчи), 42. Ал-Жалил (Улуғ Зот), 43. Ал-Карийм (Лутфу-карам кўрсатувчи), 44. Ар-Роқиб (Энг юксак кузатиб турувчи), 45. Ал-Мужийб (Ижобат қилувчи), 46. Ал-Васиъ (Илму раҳмати бепоён), 47. Ал-Ҳакийм (Ҳар бир нарсани ҳикмат билан қилувчи), 48. Ал-Вадуд (Барчага меҳр кўрсатувчи), 49. Ал-Мажид (Шон-шарафи чексиз), 50. Ал-Баъис (Юборувчи), 51. Аш-Шаҳийд (Гувоҳлик берувчи), 52. Ал-Ҳаққ (Ҳақни юзага чиқарувчи), 53. Ал-Вакийл (Барчанинг иши унга топширилган Зот), 54. Ал-Қовий (Кучли Зот), 55. Ал-Матийн (Матонатли Зот), 56. Ал-Валий (Ҳомий Зот), 57. Ал-Ҳамийд (Унга ҳамду-сано айтилган Зот), 58. Ал-Муҳсий (Ҳисоб қилувчи), 59. Ал-Мубдиъ (Асос солувчи), 60. Ал-Муъийд (Қайтарувчи), 61. Ал-Муҳйи (Тирилтирувчи), 62. Ал-Мумийт (Ўлдирувчи), 63. Ал-Ҳай (Азалий ва абадий барҳаёт), 64. Ал-Қоййум (Қоим қилувчи Зот), 65. Ал-Важид (Хоҳлаганини топувчи Зот), 66. Ал-Мажид (Шон-шарафли Зот), 67. Ал-Ваҳид (Яккаю-ягона), 68. Ас-Сомад (Эҳтиёжсиз Зот), 69. Ал-Қодир (Барча нарсага Қодир Зот), 70. Ал-Муқтадир (Ниҳоятда Қудратли), 71. Ал-Муқаддим (Олдинга сурувчи), 72. Ал-Муаххир (Орқага сурувчи), 73. Ал-Аввал (Барча нарсадан аввал), 74. Ал-Охир (Махлуқотлар йўқ бўлиб кетганда ҳам Ўзи қолувчи), 75. Аз-Зоҳир (Борлиги очиқ-ойдин), 76. Ал-Батин (Махфий нарсаларни билувчи), 77. Ал-Ваалий (Барча нарсаларнинг эгаси), 78. Ал-Мутаъалий (Нуқсонлардан пок Зот), 79. Ал-Барр (Энг яхшилик қилувчи), 80. Ат-Тавваб (Гуноҳларни кечирувчи), 81. Ал-Мунтақим (Интиқом олувчи), 82. Ал-Афувв (Авф қилувчи), 83. Ар-Роуф (Ўта меҳрибон), 84. Маликул мулк (Мулк эгаси), 85. Зул жалали вал икром (Шон-шараф ва иззат-икром эгаси), 86. Ал-Муқсит (Адолат қилувчи), 87. Ал-Жамиъ (Жамловчи), 88. Ал-Ғоний (Беҳожат), 89. Ал-Муғний (Ҳожатларни раво қилувчи), 90. Ал-Маниъ (Ман қилувчи), 91. Аз-Зорр (Зарарли нарсаларни ҳам яратувчи), 92. Ан-Нафиъ (Наф берувчи), 93. Ан-Нур (Осмонлар ва ерни ёритгувчи), 94. Ал-Ҳадий (Ҳидоят қилувчи), 95. Ал-Бадийъ (Нарсаларни ўхшашсиз яратувчи), 96. Ал-Бақий (Боқий қолувчи), 97. Ал-Варис (Мавжудотлар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимий бўлувчи), 98. Ар-Рошийд (Тўғри йўлга йўлловчи), 99. Ас-Собур (Ўта сабрли)”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган.

Шарҳ:  Матндаги أَحْصَاهَا مَنْ калимаси ҳақида Хаттобий шундай деган: “Иҳсо қилиш” (номма-ном айтиб чиқиш) бир қанча кўринишларда ҳосил бўлиши мумкин: 

  1. Уларнинг бирортасини қолдирмасдан охиригача тўлиқ санаб чиқади, улар билан Аллоҳга дуо қилади ва ҳамду сано айтади, шунда “иҳсо” қилган бўлади ва ваъда қилинган нарсага ҳақдор бўлади.
  2. “Иҳсо қилиш” ушбу ояти кариманинг маъносига тааллуқлидир:

﴿عَلِمَ أَن لَّن تُحۡصُوهُ

(... У саноғига ета олмаслигингизни билиб...)[5] яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари, ким ушбу исмларнинг ҳаққини адо этишга тоқати етса ва улар тақозо қиладиган нарсаларга амал қила олса, жаннатга киради, маъносидадир. Бу эса уларнинг маъноларини англаш ва улар тақозо қиладиган нарсаларни ўзига лозим тутиш орқали вужудга келади. Масалан, ким Розиқни таниса, ризқ масаласида хотиржам бўлади. Бошқа исмларда ҳам шу каби бўлади.

  1. Бу сўздан мазкур исмларнинг маъноларини англаш кўзда тутилгандир. Чунки арабларнинг فُلاَنٌ ذُو إِحْصَاءٍ“Фалончи иҳсо эгасидеган сўзларидан فُلاَنٌ ذُو مَعْرِفَةٍ Фалончи маърифат эгасимаъноси тушунилади.

Баъзи уламолар эса “Ким уларни номма-ном айтиб чиқса жаннатга киради”, сўзининг беш хил маъноси бор деганлар:

  1. Ким уларни тўлиқ ёдлаб олса, жаннатга киради;
  2. Ким улар тақозо қиладиган нарсаларга амал қилишга тоқат қила олса, жаннатга киради;
  3. Ким уларнинг маъноларини англаса, жаннатга киради;
  4. Ким уларни билиб, иймон келтириб, номма-ном айтиб чиқса, жаннатга киради;
  5. Ким Қуръонни то хатм қилгунча ўқиса, жаннатга киради, чунки бу исмлар унинг ичидадир.

“Аллоҳ таоло тоқдир” сўзи Аллоҳ таоло шериги йўқ, ўхшаши йўқ бўлган ягона зотдир, барча махлуқотлар эса жуфтдир, деган маънони англатади.

“Тоқни яхши кўради” сўзи Аллоҳ таолонинг исмлари ададида  жуфтдан тоқнинг афзал кўрилиши, тоқ ваҳдоният маъносига далолат қилувчироқ бўлганлиги  учундир, деб тушунилади. Шунингдек, бу сўзни Аллоҳ таоло худди намознинг беш вақт тоқ қилиб адо этилиши, таҳоратдаги амалларнинг уч ёки бир мартадан бажарилиши ва намоздан кейинги зикрларнинг ўттиз уч мартадан айтилиши каби амаллардан ва зикрлардан тоқларини  яхши кўради, деб тушуниш ҳам мумкин.

Албатта, таржимада берилган маънолар Аллоҳ таолонинг исмлари маъноларидан бири бўлиб, ундан бошқа маънолари ҳам кўп. Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий “Мақсидул асна шарҳу асмаиллаҳил ҳусна” (Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари шарҳидаги улуғвор мақсад) асарида тўқсон тўққизта исмнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида шарҳлаган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

АЛЛОҲ ТАОЛОГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ БАЁНИ

 

[1] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 10. 

[2] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхийсу шарҳи ақидатит Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415ҳ. – Б. 24.

[3] Шўро сураси, 11-оят.

[4] Мулла Али Қори. Мирқотул мафотиҳ 1-жуз. Байрут-Лубнан: “Дорул кутубил илмия”, 2007. – Б.  404.

[5] Муззаммил сураси, 20-оят.

Read 5807 times
Top