Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: СУННИЙ ТАСАВВУФ

Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат?

Аввало турли омилларга кўра «тасаввуф» сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақиқатнинг «руҳий тарбия», «тазкиятун-нафс», «сулук» ва шунга ўхшаш маънолар билан ифода қилинганини айтиб ўтмоғимиз лозим.

Қуръони Каримда динимизнинг шўъбаларидан ва нубувват орқали келган муҳим нарсалардан бири бўлган бу ҳақиқат «тазкия» – «поклаш» деб аталган. Тазкия Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган тўрт муҳим нарсадан бири сифатида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Жумуъа сурасида қуйидагиларни айтади:

هُوَ ٱلَّذِي بَعَثَ فِي ٱلۡأُمِّيِّۧنَ رَسُولٗا مِّنۡهُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبۡلُ لَفِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٖ٢

«У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар» (2-оят).

Биз «саводсиз» деб таржима қилган маъно араб тилида «уммий» дейилиб, бу сўз ўқиш-ёзишни билмайдиган шахсга нисбатан ишлатилади. «Умм» она дегани. Демак, «уммий» сўзидан «онадан туғилгандек, ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган» деган маънони тушуниш керак. Ўша давр араблари «уммий қавм» деб аталган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар. Албатта, Аллоҳ таолонинг улкан ҳикмати туфайли шундай бўлган. Нима учун ҳикмат, деяпмиз? Чунки саводсиз жамиятда уммий бўлиб ўсган, умрида ҳеч нарса ўқимаган-ёзмаган, ўзга динлар, шариат ва маданиятлардан бехабар ҳолда вояга етган, пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳнинг иродаси билан халқларни дунёда энг мукаммал дин бўлмиш Исломга даъват қила бошладилар.

Энди бевосита ояти кариманинг шарҳига ўтайлик.

«У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган… Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар».

Аллоҳ таоло арабларга ўзларининг ичидан чиққан ва ўзларига ўхшаш уммий кишини элчи қилиб юборганини миннат қилмоқда. Бу элчи Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бу элчининг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:

Аллоҳ таоло Ўзининг «...оятларини ўқиб берадиган...» Расулни юборди.

Яъни Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан нозил бўлаётган Қуръони Карим оятларини уммий қавмларга етказадилар;

«...ва уларни поклайдиган...»

Яъни ўша Расул уларни куфр ва гуноҳлар ботқоғидан поклайди. Уларнинг қалбларини, руҳларини, виждонларини, муомалаларини, хуллас, барча-барча тарафларини поклайди.

Ўша поклаш «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб аталиб, мўминларнинг нафсларини кучлантириб сайқаллаш, уларга фазилатларни касб қилдириш, уларни разолатлардан холи қилиш билан бўлади.

«...ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборди».

«Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, яъни ўша Расул уларга Қуръон таълимотларини, ундаги амрларни, қайтариқларни ва аҳкомларни ўргатади.

«Ҳикмат»дан мурод эса Пайғамбаримизнинг суннатларидир. «Суннат» Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, қилган ишлари ва ўзгалар томонидан айтилган сўз ёки қилинган ишни маъқуллаганликларидан иборатдир. Суннат мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Динимизнинг кўпгина аҳкомлари, ҳаётимиздаги зарур таълимотлар Набий алайҳиссаломнинг суннатлари, ҳадисларидан олингандир.

«...гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам...» дегани, Исломдан олдин дунё халқларининг қаттиқ адашишда эканлигига, уларнинг жаҳолат ботқоғида қулоқларигача ботиб ётганлигига ишоратдир.

Демак, тазкиятун-нафс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бажаришлари лозим бўлган тўрт муҳим нарса: оятларни уммийларга тиловат қилиб бериш, уларга Китобни таълим бериш, уларга ҳикматни ўргатиш ва уларни поклашдан биридир.

Нафсни поклаш ҳақида юқоридаги оятдан бошқа ояти карималар ҳам бор.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

كَمَآ أَرۡسَلۡنَا فِيكُمۡ رَسُولٗا مِّنكُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡكُمۡ ءَايَٰتِنَا وَيُزَكِّيكُمۡ وَيُعَلِّمُكُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَيُعَلِّمُكُم مَّا لَمۡ تَكُونُواْ تَعۡلَمُونَ١٥١

«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга Китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул юбордик» (151-оят).

Эътибор қилинса, ушбу оятда олти муҳим нарса ҳақида сўз бормоқда:

Биринчидан, ўзингиздан танлаб, Расул юбордим.

Иккинчидан, у Расул сизларга оятларимни тиловат қилиб беради.

Учинчидан, у сизларни поклайди. Аллоҳ ирода қилмаса, сизларни ким поклаши мумкин эди, ахир?!

Тўртинчидан, у Расул сизларга Китобни – Қуръонни ўргатади.

Бешинчидан, ҳикматни ўргатади.

Олтинчидан, билмайдиган нарсаларингизни ўргатади.

Мазкур ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бундай неъматларни ато эта олмайди. Ана ўша муҳим ишлар ичида тазкия ҳам бор.

Аллоҳ таоло Аълаа сурасида қуйидагиларни айтади:

قَدۡ أَفۡلَحَ مَن تَزَكَّىٰ١٤ وَذَكَرَ ٱسۡمَ رَبِّهِۦ فَصَلَّىٰ١٥

«Дарҳақиқат, ким пок бўлса, ютуқ топадир. Ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса» (14-15-оятлар).

Ҳа, охиратда ютуққа эришиш учун, катта оловга кириб куймаслик учун, ўша олов ичида на ўлмай ва на тирилмай, даҳшатли азобда қолмаслик учун ҳар бир банда бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳлардан пок бўлиши, ўз Роббини зикр қилиб, намоз ўқиши шарт.

Бу ердаги покланиш ва зикрдан сиз билан биз ўрганаётган ҳақиқат кўзда тутилган.

Аллоҳ таоло Шамс сурасида қуйидагиларни айтади:

وَنَفۡسٖ وَمَا سَوَّىٰهَا٧ فَأَلۡهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقۡوَىٰهَا٨ قَدۡ أَفۡلَحَ مَن زَكَّىٰهَا٩ وَقَدۡ خَابَ مَن دَسَّىٰهَا١٠

«Ва нафс билан ва унинг бекаму кўст қилиниши билан қасам. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, зафар топди. Ва батаҳқиқ, ким уни булғаса, ноумид бўлди» (7-10-оятлар).

Аллоҳ таоло инсоннинг нафсини Ўзи яратади. Яратганда ҳам, ажойиб қилиб, камолга эришиш истеъдодига эга қилиб, ҳамма нарсасини мўътадил қилиб, турли қувват ва қобилиятларга эга қилиб, ақлли қилиб яратади. Инсон ўзини бекаму кўст қилиб яратган Аллоҳ таолога иймон келтириши ва Унга итоату ибодат қилиши лозим ва лобуддир.

Аллоҳ таолонинг шунча нарсалар билан қасам ичишидан мақсад улардан кейин келадиган масалага, яъни инсон нафсининг пок бўлишига эътиборни тортиш, унинг аҳамиятини оширишдир.

«Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди».

Яъни Аллоҳ таоло инсон нафсини бекаму кўст қилиб яратган бўлишига қарамай, унга, унинг нафсига фужур йўли нима-ю, тақво йўли нима эканини баён қилиб ҳам берди. Яхши нима – ёмон нима, иймон нима – куфр нима, савоб нима – гуноҳ нима, ҳидоят нима –  залолат нима, ҳамма-ҳаммасини тушунтириб берди.

Ана шундан кейин энди:

«Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, зафар топди».

Яъни ким ўз нафсини куфрдан, ширкдан, нифоқдан, турли ёмонлик ва гуноҳлардан покласа, икки дунёда ютуққа эришади.

«Ва батаҳқиқ, ким уни булғаса, ноумид бўлди».

Яъни ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлар ила ифлос қилса, икки дунёда ноумид бўлади, ҳасратга учрайди.

Ушбу оятлардан тазкиятун-нафс – нафсни поклаш динимиздаги энг муҳим ишлардан бири эканини англаб оламиз. Бу муҳим ишни амалга оширадиган, йўлга қўядиган, ўргатадиган илмни «тасаввуф» деб аташ урф бўлиб қолган. Уни бошқа номлар билан атаса ҳам бўлар эди. Аммо нима учундир айни «тасаввуф» деган ном билан аталиб қолган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромларининг буюк ҳаётларига диққат билан назар соладиган бўлсак, тазкиятун-нафс, ихлос ва ахлоқнинг олий намуналарини кўрамиз.

Улар шариатнинг амр этган нарсалари бўлган ибодатларни адо этишда бўлсин, юриш-туришда бўлсин, қироату тасбеҳда бўлсин, дуо ва зикрда бўлсин,  касбу муомалада бўлсин – ҳар қандай ҳолатда ҳам ихлос, сабр, зуҳд, адаб, ҳаё, хушуъ, хузуъ, шавқу завқ каби олиймақом даражаларда бўлганларини кўрамиз.

Албатта, бу ҳолатларни диққат билан ўрганган одам у зотларни худди бошқа оламдан келган, ўзига хос ҳис-туйғу билан яшаётган, нафас олаётган кишилар деб ўйлар эди. Чунки улар Аллоҳ таоло билан доимий алоқа ҳисси билан ҳаёт кечирар эдилар.

Худди шу маъно Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида «эҳсон» деб аталганини ҳар бир киши алоҳида эҳтимом билан ўрганмоғи лозимдир.

Илм аҳллари орасида «Жаброил ҳадиси» номи билан машҳур бўлган ҳадиси шариф ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирган бўлиб, уни алоҳида эътибор билан ўрганилса, жуда кўп фойдалар ҳосил бўлади. Келинг, бу ҳадиси шарифни қўлдан келганича ўрганиб чиқайлик.

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ  قَالَ: بَيْنَمَا نَحْنُ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ  ذَاتَ يَوْمٍ إِذْ طَلَعَ عَلَيْنَا رَجُلٌ شَدِيدُ بَيَاضِ الثِّيَابِ، شَدِيدُ سَوَادِ الشَّعْرِ، لَا يُرَى عَلَيْهِ أَثَرُ السَّفَرِ، وَلَا يَعْرِفُهُ مِنَّا أَحَدٌ، حَتَّى جَلَسَ إِلَى النَّبِيِّ ، فَأَسْنَدَ رُكْبَتَيْهِ إِلَى رُكْبَتَيْهِ، وَوَضَعَ كَفَّيْهِ عَلَى فَخِذَيْهِ، وَقَالَ: يَا مُحَمَّدُ، أَخْبِرْنِي عَنِ الْإِسْلَامِ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ : «الْإِسْلَامُ أَنْ تَشْهَدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَتُقِيمَ الصَّلَاةَ، وَتُؤْتِيَ الزَّكَاةَ، وَتَصُومَ رَمَضَانَ، وَتَحُجَّ الْبَيْتَ إِنِ اسْتَطَعْتَ إِلَيْهِ سَبِيلًا». قَالَ: صَدَقْتَ. قَالَ: فَعَجِبْنَا لَهُ يَسْأَلُهُ وَيُصَدَّقُهُ، قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الْإِيمَانِ. قَالَ: «أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ». قَالَ: صَدَقْتَ. قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ الْإِحْسَانِ. قَالَ: «أَنْ تَعْبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، فَإِنْ لَمْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنِ السَّاعَةِ. قَالَ: «مَا الْمَسْئُولُ عَنْهَا بِأَعْلَمَ مِنَ السَّائِلِ». قَالَ: فَأَخْبِرْنِي عَنْ أَمَارَاتِهَا. قَالَ: «أَنْ تَلِدَ اْلأَمَةُ رَبَّتَهَا وَأَنْ تَرَى الْحُفَاةَ الْعُرَاةَ الْعَالَةَ رِعَاءَ الشَّاءِ يَتَطَاوَلُونَ فِي الْبُنْيَانِ». قَالَ: ثُمَّ انْطَلَقَ فَلَبِثْتُ مَلِيًّا، ثُمَّ قَالَ لِي: «يَا عُمَرُ، أَتَدْرِي مَنِ السَّائِلُ؟» قُلْتُ: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ، قَالَ: «فَإِنَّهُ جِبْرِيلُ، أَتَاكُمْ يُعَلِّمُكُمْ دِينَكُمْ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деди у.

Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга соат(қиёмат)дан хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал ва чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.

Сўнгра у қайтиб кетди. Мен анча пайт (Расулуллоҳнинг ҳузурларида) бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Умар, сўровчининг кимлигини билдингми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шариф инсон васфига ожиз бўлган улкан ҳақиқатларни ўз ичига олган. Чунки унда Ислом, иймон, эҳсон нималиги ҳамда қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жами «дин» деб аталмоқда.

Бу ҳадисда диний таълим беришда амалий – кўргазмали дарс кўриниши баён қилинмоқда.

Имом Муслим Аммор ибн Қаъқаъадан ривоят қилишларича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида ўтириб:

«Мендан сўрайдиган нарсангизни сўраб олинглар», дедилар. Одамларни ҳайбат босиб, бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда ҳадисда васф қилинган, оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва васф қилинган ҳайъатда ўтириб олиб, ҳамма учун ғоятда муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берувчининг:

«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деган саволига:

«Ислом – «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», деб жавоб бердилар.

Диннинг амалий қисми бўлган шаҳодат калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларнинг «Ислом» деб аталишини шундан билиб оламиз.

Сўровчининг:

«Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», деб жавоб бердилар.

Бу иймоннинг шаръий маъноси ҳақидаги, яъни шариат бўйича «иймон» деб нимага айтилади, деган саволдир.

Жавобда эса шариат бўйича иймоннинг бош масалалари ҳисобланган нарсалар умумий кўринишда айтилмоқда.

«Аллоҳга иймон келтириш» дегани умумий гапдир. Лекин шариатга кўра «Аллоҳнинг борлигига ишонаман», дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У Зотнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириш лозим.

Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига бирдек иймон келтириш лозим.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг китобларига, расулларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши лозим. Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши керак. Бу ишда бировларга тақлид қилиш билан иш битмайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ақийда масалаларини уларни яхши биладиган тақводор уламолардан ўрганиб олмоғи зарур. Иложи бўлса, ақийда китобларидан бирортасини ўрганиш, мухтасар матнлардан бирини ёдлаб олиш лозим.

Диннинг эътиқод қисмига оид таълимотлари «иймон» деб аталишини шундан билиб оламиз.

Савол берувчининг учинчи саволи:

«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», дейиш бўлди.

Бу ҳадиси шарифнинг сиз билан бизга ҳозирги баҳсимиз учун керакли жойи айнан шу ердан бошланади.

«Эҳсон» луғатда «яхшилик», «гўзал иш» деган маънони англатади. Уламолар: «Бу ҳадисда у «ихлос» маъносида келган», дея шарҳлайдилар.

 Жавобда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оз сўзлари билан кўп маънони ифода эта олиш қобилиятларини кўрсатадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсоннинг таърифида:

«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзининг маъносини батафсил англаб олмоғимиз лозим.

Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардир. Лекин ибодат маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди.

Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, «қуллик қилди», «қул бўлди» деган маъноларни билдиради. Абдуллоҳ – Аллоҳнинг қули деганидир. Демак, ибодат «қуллик қилиш» маъносидадир. Бу маъно форсчасига «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинади-ю, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилаётганда Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлишга ҳаракат қилиши лозим-у, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида «Аллоҳ мени кўриб турибди», деб тасаввур қилиши керак-ку, бошқа вақтларда «кўрмаяпти», деб ўз билганини қилавериши керакми?

Йўқ, асло ундоқ эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги – қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётган ҳам, иложини қила олмай ҳаждан қолган ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси.

Фақат гап ўша банда ўзининг бандалигини тан олишида! Яъни «Аллоҳнинг қулиман», деган одамнинг Аллоҳ таолога ҳақиқий қуллик қилишида!

Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳнинг айтганини қилиб яшашида! Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган шахс хожасининг айтганларини қилмаса, хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишига тўғри келади. Аллоҳ таолога қул бўлгандан кейин, ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар.

Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек, ихлос билан яшамоғи, У Зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини «Аллоҳ таоло мени кўриб турибди» деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.

Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳ таолога, касбу кор пайтида эса молу дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳ таолога, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади.

Демак, эҳсон – банданинг Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан ибодат қилмоғи, ҳаёт кечирмоғидир. Жуда бўлмаса, «Аллоҳ мени кўриб турибди» деган ишонч билан, ўшанга яраша амал билан яшамоғидир. Бу даражага етмаган шахс эса ҳали эҳсон ва ихлос даражасига етмаган бўлади.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, иймон, Ислом ва эҳсоннинг қўшилувидан дин ҳосил бўлар экан.

 

Давоми бор...

 

Read 3828 times
Top