Кутубхона

Нурул изоҳ: ЗАКОТ КИТОБИ

 

ЗАКОТ КИТОБИ

«Закот» сўзи луғатда бир неча маънони ифода қилади. Булардан энг муҳимлари: покланиш, ортиш, ривожланиш. Истилоҳда эса белгиланган миқдордаги молни маълум шартларга биноан, уни олишга ҳақдор бўлган кишига беришдир.

 

Ҳукми, фарз бўлиши ва ҳикмати

Закот қатъий фарз амал бўлиб, Исломнинг беш асосий рукнларидан биридир. Закот хижратнинг иккинчи йили фарз қилинди. Унинг юксак ва беқиёс ҳикматлардан асосийлари қуйидагалардир:

  1. Бойларни нажот топганлардан бўлишлари учун бахиллик касалидан поклаш, уларни фойдали ишларга ўргаташ. Чунки Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг тўққизинчи оятида буюради: "Кимки ўз иафсининг бахиллигидан сақланса, бас, ана ўшалар нажот топгувчилардир" (мазмуни).
  2. Фақир ва ожиз кишиларга ёрдам бериш, шу орқали ожиз ва муҳтож кишиларнинг дардларига дармон бўлиш, уларнинг ғам ва қайғуларини енгиллатиш. Мана шу тарзда бойлар билан камбағаллар орасида ҳурмат, муҳаббат, бирдамлик ва меҳр-шафқат пайдо бўлади ва яхшилик кучаяди.

Ислом дунёсида асарлари буюк иштиёқ ва завқ билан ўқиладиган Шайх Саъдий "Бўстон" китобида шундай ёзади: "Бир кун йўлда кетаётиб, бир йигитни учратиб қолдим. Ортидан бир қўзи югуриб келмоқда эди. Мен йигитга: "Қўзининг ортингдан югуришига сабаб сенга бўлган муҳаббатими", дедим. Йигиг дарҳол қўзининг бўйнидан арқонни ечиб юборди ва яна югуришда давом этди. Қўзи ҳам эгасининг орқасидан қаёққа бурилса, ўша томонга югурганини кўриб, жуда ҳайратландим. Йигит бу томошани битириб, ёнимга келгач, шундай деди: "Жаноб, уни менинг ортимдан югуртирган арқон эмас, унга қилган яхшиликларим бўйнидаги маънавий ҳалқа кабидир. Шунинг учун ҳам орқамдан келмоқда. Биласиз, фил шунча баҳайбат бўлса ҳам, кўрган яхшилига туфайли эгасига асло ҳужум қилмайди.

Эй яхши инсон! Кўлингдан келса, ёмонларга ҳам яхшилик қил. Кўрмаяпсанми, қўлингдан бир бурда нон еган ит ҳам сенинг содиқ қўриқчинг бўлади... деди».

  1. Закот тиланчилар ҳамда ишсизлар сонини камайтиради ва шу туфайли жамиятдаги жиноятлар, қабиҳликлар ва тартибсизликлар йўқолади. Чунки муҳтож бир камбағал оч қолгач, жамиятда тартибсизликлар чиқариб, ўғирлик қила бошлайди. Аммо бойлар томонидан берилган закот туфайли моддий эҳтиёжини қондирса, жиноят қилишдан, бошқаларга зарар беришдан воз кечиб, фойдали ва хайрли ишларга киришади.
  2. Закот, бойларнинг жуда катта маблағлар йиғиб, камбағалларнинг иқтисодий маҳрум бўлишлари натижасида юзага келадиган тўнтариш каби тартибсизликлардан жамиятни ҳимоя қилади. Агар бойлар Аллоҳ таолонинг: «Улар мол-мулкларидан сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни, закот) берган зотлардир», (Маъориж, 24-25 оятлари мазмуни) деган амрига қулоқ солсалар, камбағаллар ҳам бойларнинг молларида ўзларининг ҳиссалари борлигини ҳис қила олсалар, бу ҳол жамиятдаги турли фалокатларнинг олдини олишга, фақирлар бойларнинг мол-мулкини кўпайтиришда уларга ёрдамчи бўлишларига ҳамда уни ўз мулкидек ҳимоя қилишларига сабаб бўлади.
  • Закот неъматнинг шукронасидир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига баданий, молиявий неъматлар берган. Бадан билан қилинадиган ибодатлар баданий, мол билан қилинадиган ибодатлар молиявий неъматларнинг шуқридир. Шундай экан, бой-бадавлат киши камбағал ва даромади озлиги туфайли, бошқаларга муҳтож одамларга қараб, Аллоҳ берган неъматлар билан ўзини тиланчиликдан, бошқаларга муҳтож бўлишдан қутқарган Аллоҳ таолога шукр этиб, мулкидан жуда ҳам оз қисмини фақирларга бермаса, у нақадар хасисдир.
  • Закот фарз бўлишининг бошқа ҳикмати эса, Аллоҳ йўлида курашаётганларнинг кучларига қуч қўшиб ва аскарларга ёрдам бўлиб, Исломнинг ёйилишидир. Фақир аскар Аллоҳ ва Ватан йўлида ўзини фидо қилган бўлса, бойларнинг ҳам мол-мулкидан бир қисмини уларга фидо қилиши бундан кам эмас. Санаб ўтилганлардан ташқари закотнинг яна бутун инсоният учун хайрли ва фазилатли ҳикматлари мавжуд.

 

Закотнинг фарз бўлиш сабаби

Ҳақиқатда ёки ҳукман нисобга етган мол-мулкка эга бўлмоқ.

Изоҳ: Бу мулк тижорат ёки бошқа соҳада ишлатилса кўпайиши мумкин бўлган, аммо эгаси ишлатмай сақлаётган олтин ва кумушга ўхшаш бойликлардир. Бундай бойликлар кўпайиш қобилиятига эга бўлгани учун, ҳукман кўпаювчи моллар дейилади.

 

Закотнинг рукни

Фақирни закот молига эга қилишдир. Закот берувчи киши закот ниятида фақирга бир йил уйидан бошпана берса ҳам, закот ўрнига ўтмайди.

 

Фарз бўлиишнинг шартлари

  1. Закот берадиган кишининг мусулмон бўлиши.
  2. Балоғатта етган бўлиши бир фақир ёки етимнинг қорнини тўйдирса, бу закот ўрнига ўтмайди. Чунки бу таомни мубоҳ қилишдир, унинг ихтиёрига бериш эмас. Шунингдеқ, закот ниятида.
  3. Ақлли бўлиши.
  4. Эҳтиёж ва қарзларидан ташқари, бир йил тўлган, нисоб миқдоридаги, ҳукман бўлса ҳам, кўпаювчи мулкка эга бўлиши.

 

Адо қилиш фарз бўлишининг шартлари

Молнинг нисоб миқдорига етганига бир қамарий йил тўлган бўлиши. Бу нисоб йилнинг бошида ва охирида мавжуд бўлиши кифоя.

Агар (бу мулк) йил ўртасида (нисоб миқдоридан) камайган бўлса ҳам, закот берилади.

 

Адо қилинишининг шартлари

Закотнинг адоси дуруст бўлиши учун қуйидаги уч нарсадан бири шартдир:

  1. Закот бераётганида ният қилиш.
  2. Ёки мулкидан керакли миқдорни закот учун ажратаётганида ният қилиш.
  3. Ёки закот ниятида бўлмаса ҳам, закотга берилиши лозим бўлган молнинг барчасини фақирларга тарқатиш.

Фақирнинг ўзига берилган мол закот эканини билиши шарт эмас. Ҳатто (закот бераётган кишининг) фақирга бераётган мулкни эҳсон ёки қарз деб, фақат қалбдан закот ниятида бериши ҳам дуруст бўлади.

Изоҳ: Закот берувчи киши молидан закотини ажратмасдан, вақти-вақти билан камбағалларга мулкидан эҳсонлар улашиб турса, ҳар сафар бераётганида закот деб ният қилмаса, булар закот ўрнига ўтмайди. Бу киши, "Буни нима мақсадда бермоқдасиз ?" — деган саволга, ўйламасдан "Закот" дея оладиган даражада нима қилаётганини билсин. Шунда у ният қилган ҳисобланади ва берган эҳсонлари закот ўрнига ўтади. Аммо аввал закотни ният қилмай, кейинчалик: "Мана шу муддат ичида берган садақаларим, закот ўрнига ўтсин" деб ният қилса, бу ҳам закот ўрнига ўтмайди.

 

Закоти фарз бўлган мулкларнинг турлари

Қуйидаги молларнинг закотини бериш фарздир:

  1. Йилнинг аксарият қисмини далаларда ўтлаб ўтказадиган қўй, сигир ва туяга ўхшаш тўрт оёқли ҳайвонлар.
  2. Олтин ва кумуш.
  3. Тижорат моллари.
  4. Деҳқончилик маҳсулотлари ва мевалар.
  5. Маъдан ва ер ости бойликлари.

 

Ўтловчи ҳайвонларнинг закоти

Қуйидаги уч шарт мавжуд бўлганида, буларнинг закотини бериш фарздир:

  • Нисобга етган тақдирда (бу нисоб туяда 5, сигирда 30, қўйда 40 бош).
  • Бундай мол эгасининг ихтиёрида турган ҳолда устидан бир йил ўтган бўлиши.
  • Йил давомида ёки йилнинг аксар қисмида яйловда ўтлатиб боқиш мумкин бўлиши.

 

Туянинг закоти

  1. Туя беш бош бўлмагунича, закоти берилмайди.
  2. Беш бош туяга (закот ўлароқ) битта қўй берилади.
  3. Туяларнинг сони 25 тага етгунича ҳар беш туяга битта қўй берилади.
  4. 25 тадан 36 тагача бўлган туяларнинг закоти битта икки ёшга ўтган урғочи туядир. Туялар сони 36 тага етгач, битта уч ёшга ўтган урғочи туя берилади.
  5. Туялар сони 46 тага етгач, битта тўрт ёшга ўтган урғочи туя берилади.
  6. Туялар 61 тага етгач, битта беш ёшга ўтган урғочи туя берилади.
  7. Туялар сони 76 тага етса, иккита уч ёшли урғочи туя берилади.
  8. Туялар сони 91 тага етгач, иккита тўрт ёшли урғочи туя берилади.
  9. Туялар сони 120 тадан ошса, ҳар беш туя учун битта қўй, иккита тўрт ёшли урғочи туя берилади.
  10. Туялар сони 145 тага етгач, иккита тўрт ёшли урғочи туя билан битта икки ёшли урғочи туя берилади.

12.150 та туя учун, учта тўрт ёшли урғочи туя берилади.

  1. Туялар 150 тадан 175 тагача бўлса, ҳар беш туя учун битта қўй ҳамда учта тўрт ёшли туя берилади. 175 туяга учта тўрт ёшли урғочи туя, битта икки ёшли урғочи туя берилади.
  2. 186 та учун учта тўрт ёшли урғочи туя билан битта уч ёшли урғочи туя берилади.
  3. 196 тадан 200 тагача бўлган туя учун тўртта тўрт ёшли урғочи туя закот берилади.
  4. Туялар сони 200 дан ортиқ бўлса, ҳар 50 туянинг закоти 150 дан 200 тагача бўлган 50 туянинг ҳукми бўйича берилади (яъни, 200 дан ортиқ туя 25 тага етгунича, ҳар беш туя учун бир қўй, 25 тага етгач, икки ёшли урғочи туя, 36 тага етгач, бир дона уч ёшли урғочи туя, 46 тага етгач, (246) бешта тўрт ёшли урғочи туя закот берилади).

Бухт деб аталувчи чатиштирилган туялар билан соф араб туялари ўртасида закот бериш жиҳатидан ҳеч бир фарқ йўқ. Туяларда закот қилиб урғочи туя ёки унинг бадалини бериш лозим. Сигир ва қўйларда урғочи ёки буқа, қўчқор бўлиши фарқланмайди. Мол эгаси хоҳлаганидан беради.

Закот берадиган кишида закотга бериладиган ёшдаги туя бўлмаса, ундан каттароғини беради ва фарқини (закот олган фақирдан) олади ёки ундан кичигини бериб, камига пул беради ёки туянинг тўлиқ бадалини тўлайди.

 

Отларнинг закоти

От, эшак, хачир, қўзи, (бир ёшга тўлмаган) туя ва бузоқлар учун закот берилмайди. Отлар учун закот берилмаслиги соҳибайн – Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга қўрадир.

Имоми Аъзамга, раҳматуллоҳи алайҳ, кўра отлар иккига ажратилади: ўтлаб, ризқини топган отлар (соима), ем бериб (уйда) боқилган отлар (олуфа). Бу икки қисм отлар ўзаро яна иккига бўлинади: тижорат учун қўлланилган отлар, тижорат учун қўлланилмаган отлар.

Тижорат мақсадида фойдаланилган отлардан хоҳ ўтлайдиган, хоҳ ем ейдиган бўлсин, закот бериш лозим, чунки бу отлар тижорат моли ҳисобланади. Агар отлардан тижоратда фойдаланилмаса, унда яна иккига бўлинади: юк ташиш ва миниш учун фойдаланилган отлар, бундай мақсадда фойдаланилмаган отлар. Юк ташиш ва миниш мақсадида қўлланилган отлар учун, хоҳ ем ейдиган, хоҳ ўтлайдиган бўлсин, закот берилмайди. Агар бундай мақсадда фойдаланилмаса, унда ҳам иккига ажратилади: ўтлайдиган ва ем бериб боқиладиган отлар. Агар ем бериб боқиладиган от бўлса, закот берилмайди. Ўтлайдиган отлар сути учун ёки кўпайтириш учун боқилаётган бўлса, улар ҳам иккига бўлинади: эркак отлар, биялар. Буларнинг ҳар бири ҳам иккига бўлинади. Агар отлар соф араб отларидан бўлса, эгаси хоҳласа, от бошига бир динор, хоҳласа, отларнинг жами қийматини ҳисоблаб, икки юз дирҳами учун беш дирҳам (2,5 фоиз миқдорида) закот беради.

Агарда сути учун ёки кўпайтириш мақсадида боқилаётган отлар араб отларидан бўлмаса, фақатгина қиймати ҳисобланиб, ҳар икки юз дирҳамидан беш дирҳам закот берилади.

 

Сигирларнинг закоти

  1. Ўттиз бошдан кам бўлган сигирлар учун закот берилмайди.
  • Сигирлар сони 30 тага етгач, закоти икки ёшга ўгган бир дона ургочи ё эркак бузоқцир.

 

  1. Сигирлар сони 40 тага етгач, уч ёшга ўтган битта урғочи ёки эркак бузоқ берилади.
  2. Олтмишта сигир учун икки ёшга ўтган иккита эркак ёки урғочи бузоқ берилади.
  3. Етмишта сигир учун бир дона икки ёшга ўтган эркак бузоқ билан уч ёшга ўтган урғочи бузоқ берилади.
  4. Бундан ошган ҳар ўн бош сигир учун ё битта икки ёшга ўтган эркак бузоқ ё уч ёшга ўтган урғочи бузоқ алмашлаб қўшиб берилади. Қўтослардан закот бериш сигирлардан закот бериш кабидир.

 

Қўйларнинг закоти

  1. Қирқтадан оз бўлган қўйлар учун закот берилмайди.
  2. Қирқтадан 120 тагача бўлган қўйлар учун битта қўй закот берилади.
  3. 121 тадан 200 тагача қўйлар учун 2 та қўй берилади.
  4. 201 тадан 400 тагача қўйлар учун 3 та қўй берилади.
  5. 400 бош қўй учун эса 4 та қўй берилади.
  6. 400 донадан кўп бўлган қўйларда, ҳар юз бош 1 та қўй берилади.
  7. Эчкилардан закот бериш, қўйлардан закот бериш кабидир. Улардан икки ёшга ўтганлари закот қилиб берилади.

 

Олтин ва кумушнинг закоти

Нисоб миқдорига етганидан сўнг орадан бир йил ўтгач, танга ҳолига келтирилмаган бўлса ҳам, олтин ва кумуш учуя закот бериш фарздир.

 

Кумушнинг нисоби

  1. Кумушнинг нисоби 200 дирҳамдир.

Бу 140 мисқол оғирликдаги кумушдир. 1 мисқол 4 гр.

140 м • 4 = 560 гр.

Шаръий бир дирҳам оғирлиги 2,8 гр. деганлар бор. Бaъзилар шаръий дирҳамни 3,365 гр. деган. Шундай ҳисобга кўра,

200 • 2,8 = 560 гp.   200 • 3,365 = 673 гр.

Ҳар 10 дирҳам 7 мисқол. 1 дирҳам 2,8 гр. 1 мисқол 4 гр.

 

Олтиннинг нисоби

  1. Олтиннинг нисоби 20 мисқолдир.
  2. Нисоб миқдорига етган кумуш ёки олтин қийматига тенг пулга эга бўлган киши, бу пулнинг қирқдан бирини закот ўлароқ бериши лозим.
  3. Йигирма мисқол олтиннинг қирқдан бири ярим мисқол, икки юз дирҳам кумушнинг қирқдан бири эса беш дирҳамдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қарзнинг закоти;

Тижорат молларининг закоти;

Деҳқончилик маҳсулотлари ва меваларнинг закоти;

Маъдан ва еросги бойликларининг закоти;

Закотга доир турли масалалар;

Закот бериладиган кишилар;

Закот бериш жоиз бўлган кишилар.

ФИТР САДАҚАСИ:

Рукни;

Вожиб бўлишининг шартлари;

Вожиб бўлишининг вақти;

Фитр садақасига бериш жоиз бўлган нарсалар;

Фитр садақасининг вожиб бўлган миқдори.

Ўтилган дарсларни такрорлаш.

Read 3393 times
Top