Кутубхона

ОЯТ ВА СУРАЛАРНИНГ ТАРТИБИ

Қуръони Карим суралардан, суралар эса оятлардан иборатдир. Уларнинг ўзига яраша тартиби бор. Оят ва сураларнинг тартиби ҳақида батафсил сўз юритишдан аввал бу икки иборанинг луғатдаги маъноси ва таърифи билан яхшилаб танишиб олайлик.

«Оят» сўзининг маънолари

«Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:

  1. «Мўъжиза».

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Бану Исроилдан уларга қанчадан-қанча очиқ-ойдин оят(мўъжиза)ларни берганимизни сўра» (211-оят).

  1. «Белги-аломат».

Аллоҳ таоло яна Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, унинг подшоҳлигининг ояти (белгиси) -сизларга ичида Роббингиздан сакина ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолдиқ бор сандиқ келишидир» (248-оят).

  1. «Ибрат».

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, бунда мўминлар учун оят (ибрат) бордир» (77-оят).

  1. «Ажойиб иш».

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

«Ибн Марямни ва унинг онасини оят (ажойиб иш) қилдик» (50-оят).

  1. «Бурҳон, далил».

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Ва осмонлару ернинг яратилиши дамда тилларин-гиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят (бурҳон)ларидандир» (22-оят).

  1. «Жамоат».

Арабларда «Қавм ояти – жамоаси билан чиқди» деган гап бор.

  1. Қуръон ояти.

Уламолар истилоҳида оят шундай таърифланади:

«Оят Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили бўлган сўзлар мажмуасидир».

Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, бурҳон, далил, ҳарф ва сўзлар мажмуаси ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.

Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом ўрганган. У кишидан Набий алайҳиссалом, у зотдан эса мусулмонлар ўрганганлар.

Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларни яхши тушуниб етишда ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.

Қуръони Каримда «оят» сўзи кўп марта такрорланган. «Оят» сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқ англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.

 

Оятларнинг тартиби ҳақида

Қуръоннинг жамланишида оятларнинг тартиби Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишораларига мувофиқ ва Аллоҳ таолонинг тавқифи – белгилаб беришига асосан бўлган. «Тавқиф» сўзи бизнинг тилимизда «юқоридан тасдиқланган» деган маънони англатади. Яъни Қуръони Карим оятларининг тартиби Аллоҳ таолонинг Ўзи тарафидан белгилаб, тайин қилиб берилган. Бу ишда бандаларнинг ҳеч қандай дахли йўқдир.

Ҳар бир сурадаги оятларнинг ўрни ва басмалаларни сураларнинг бошига қўйиш тартиби шаксиз ва хилофсиз, тавқифийдир. Шунинг учун унга хилоф қилиш жоиз эмас.

Қуръони Карим оятлари тартиби тавқифий эканининг далили қуйидаги ривоятда келган.

Ибн Абу Мулайкадан ривоят қилинади:

«Иби Зубайр деди: «Усмонга: «Сизлардан вафот этиб, жуфтларини қолдирганларнинг...»ни бошқа оят насх қилган. Нимага уни ёзасан ёки тарк қиласан?» дедим. «Эй биродаримнинг ўғли, ундан ҳеч нарсани ўз ўрнидан ўзгартирмайман», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, Усмон розияллоҳу анҳу оятларнинг ўрнини ўзгартиришга журъат қилмаганлар. Гарчи оятнинг насх қилингани собит бўлиб турса ҳам, уни олиб ташламаганлар. Чунки у киши ўзларида ҳам, бошқаларда ҳам Қуръон оятларининг тартибига аралашиш ҳуқуқи йўқлигини яхши билар эдилар. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оятларнинг тартибини Аллоҳнинг амрига мувофиқ айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврлари-да ваҳий котибларига ушбу тавқифий илмни етказганлар.

Имом Аҳмад Усмон ибн Абул Оссдан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирған эдим. Тўсатдан у зот кўзларини юқорига қаратиб, сўнгра тўғриладилар-да, кейин бундай дедилар:

«Менга Жаброил келиб, мана бу оятни сурадаги мана бу ўрнига қўйишимни буюрди: «Албатта, Аллоҳ адолатга, яхшилик қилишга, яқин қариндошга (ҳақини) беришга амр этур ва фаҳшдан, мункардан ҳамда тажовузкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эслатма олсангиз».

Ҳадис китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларига Қуръонни имло қилиб, сўнгра уларга оятлар тартибини кўрсатиб берганларини тасвирлайдиган кўплаб ҳадислар мавжуддир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча сураларни оятлари тартиби билан намозда ёки жума хутбаларида кўпчилик саҳобалар гувоҳлигида ўқиганлар. Мана шу ҳолат оятларнинг тартиби тавқифий эканига очиқ-ойдин далилдир.

Саҳобалардан бирор киши оятларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилаб берган тартибига хилоф қилмаган. Ҳатто бу масала мутавотир даражасига етган.

 

«Сура» сўзининг маънолари

«Сура» сўзи луғатда «қўрғон», «манзил» ва «шараф» деган маъноларни англатади.

Уламоларимиз истилоҳида эса «Сура Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган мустақил мажмуасидир».

Бошқача қилиб айтсак, Қуръон оятларининг қўрғон билан ўралгандек бир тўплами «сура» дейилади.

Қуръони Каримдаги энг қисқа сура Кавсар сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура эса Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборат.

Қуръонда 114 та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор. Баъзи сураларнинг номи суранинг аввалидаги сўздан олинган. Баъзилариники эса ўша сурада зикри кўпроқ келган нарсаларнинг номига қўйилган.

 

Сураларининг тартиби ҳақида

Сураларнинг тартиби ҳам тавқифийдир. Эътибор берадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари қуръоний сураларнинг барчасини ўз ичига олади. Бунинг акси бўлиши мумкин ҳам эмас. «Сураларнинг тартиби саҳобалар ижтиҳоди билан бўлган» ёки «Баъзи суралар тартиби ижтиҳодий ва баъзилари тавқифий бўлган» каби фикрлар ҳеч қандай асосга эга эмас.

Шу маънода имом Заркашийнинг қуйидаги сўзи бир оз мулоҳазалидир:

«Баъзи сураларнинг тартиби Аллоҳ вожиб қилган иш юзасидан эмасдир. Балки у саҳобаларнинг ижтиҳоди ва ихтиёрига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳар бирларининг ўзлари хоҳлаган тартибдаги мусҳафлари мавжуд бўлган».

Заркаший келтирган сабабга таслим бўлиш жоиз эмас. Чунки саҳобаларнинг ўзларига тегишли хос мусҳафларидаги суралар тартиби уларнинг шахсий ихтиёрлари билан бўлган. Лекин ушбу тартибга бошқа бирор кишини мажбур қилмаганлар ҳамда бунинг акси ҳаромдир, деган даъвони ҳам олға сурмаганлар. Зеро, улар ушбу мусҳафларни омма учун эмас, балки ўзлари учун ёзганлар. Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафлари тартибини уммат ижмоъ билан қабул қилгач, ёлғиз ҳолдаги мусҳафларни тарк қилганлар. Агар суралар тартиби ўзларининг ижтиҳодига ташлаб қўйилганлигига, бу нарса ўз ихтиёрларига боғлиқ эканига эътиқод қилганларида, албатта, Усмон розияллоҳу анҳунинг мусҳафлари тартибини эмас, балки ўз мусҳафлари тартибини маҳкам ушлаган бўлар эдилар. Сўнгра Заркашийнинг ўзи ҳам суралар орасидаги тартибни тавқифий, дейдиганлар билан ижтиҳодий, дейдиганлар орасидаги ихтилоф фақатгина лафзда эканини айтади.

«Сураларнинг тартиби икки қисмга кўра бўлган – тавқифий ва ижтиҳодий» деган фикрни олға сурувчилар иккинчи қисм, яъни «ижтиҳодий бўлган» деган фикрларида саҳиҳ далилга суянмайдилар. Ҳар қалай, бу иккинчи фикр тарафдорларининг сони ниҳоятда оз бўлиб, муваффақият қозонмаган. Қози Абу Муҳаммад ибн Атийя шундай дейди:

«Сураларнинг аксари – ас-сабъ ат-тивал (етти узун сура), «Ҳаа-Миим»лар ва муфассалларнинг тартиби Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида маълум бўлган».

Абу Жаъфар ибн Зубайрнинг фикрича, «Суралар тартиби тавқифийдир», дейдиганлар «Улар ижтиҳодий», дейдиганлардан кўпроқ.

Тавқифий, деган қавлга хилоф қилган озчилик кишилар ниҳоятда заиф ҳадисга суянишади. Балки, бу ҳадиснинг асли йўқ бўлиши ҳам мумкин. Унинг барча ривоятларидаги исноди Язид Форсийга бориб тақалади. У Ибн Аббосдан, деб ривоят қилади. Имом Бухорий Язид Форсийни заифлардан, деб зикр қилган. Унинг ўзи ёлғиз ровий бўлганда, ушбу каби муҳим ҳадислар ундан қабул қилинмайди. Ушбу ҳадисда Қуръон сураларининг маърифати, қироати ва мусҳафларга ёзилиши қатъий мутавотир йўл билан собит бўлганлиги ҳақидаги хабарларга шубҳа билдириш бор. Яна унда сураларнинг аввалидаги «басмала»нинг собитлигига ҳам шак билдирилган. Гўёки Усмон розияллоҳу анҳу уларни ўз фикри билан қолдирган ва ўз фикри билан ўчирган. Бундай туҳматдан у зотни Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Шунинг учун ҳам бу ҳадиснинг асли йўқ, дейишга мажбурмиз. Бу ботил ҳадисни зикр қилиб, гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Балки ундаги Усмон розияллоҳу анҳунинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга берган жавобига ишора қилиб ўтамиз. Қуръони Каримда Тавба ҳамда Анфол суралари кетма-кет жойлашган бўлиб, улар орасида «басмала»нинг йўқлиги хусусида Усмон розияллоҳу анҳу:

«Анфол Мадинада нозил қилинган аввалги суралар-дан эди. «Бароат» эса Қуръондаги охирги суралардандир. Ундаги қиссалар Анфолдаги қиссалар билан ўхшаш бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга «Бароат» Анфолданми, йўқми, баён қилмай, қабз қилиндилар. Мен ундан деб гумон қилдим ва шунинг учун уларнинг орасини яқинлаштирдим», дейди.

Демак, бу мавзуда ихтиёр қилинган ва кучли фикр шуки, биз бугунги кундаги мусҳафларда кўриб турган сураларнинг тартиби худди оятлар тартиби каби тавқифий бўлиб, бу мавзуда ижтиҳодга ўрин йўқдир.

 

Қуръони Каримнинг суралари ва оятлари ҳақида баъзи маълумотлар

Қуръони Карим суралари тўрт қисмга бўлинади.

  1. Тивол (Узун суралар).

Бу қисмдаги суралар еттита: Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Аъроф суралари, Анфол билан Тавба биргаликда ёки бу иккисининг ўрнига Юнус сураси тивол гуруҳига киради.

  1. Миъун (Юзталиклар). Оятлари юздан зиёд ёки шунга яқин бўлган суралар.
  2. Масааний (Қироати кўп такрорланадиган).

Бу қисмдаги суралар аввалги қисмдагидан кейин келади. Улар уч турдан – узун, ўртача ва қисқа суралардан иборатдир.

  1. Муфассал (бўлинган суралар). Бу қисмдаги сураларнинг
    ораси «басмала» билан кўп бўлингани учун шундай номланган. Уларнинг узунлари «Қоф»дан «Набаъ»гача, ўртачалари «Набаъ»дан «Зуҳо»гача, қисқалари «Зуҳо»дан охиригача.

Қуръони Карим сураларининг сони 114 та.

Қуръони Каримдаги энг қисқа оят «Йа сиин» бўлиб, икки ҳарфдан иборат. Энг узун оят эса Бақара сурасидаги «дайн» («қарз олди-бердиси») оятидир.

Қуръони Карим оятлари сонининг олти минг икки юзтадан ортиқ эканига иттифоқ қилинган, ундан тепаси ҳақида ихтилоф қилинган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, оятлар адади хусусида юзага келган ихтилоф баъзи оятларни қўшиш ёки олиш билан эмас, айрим оятларни баъзилар битта оят деб қараган бўлса, бошқаси иккига бўлиб, иккита оят деб қараганидан келиб чиққан.

Қуръони Каримнинг сура ва оятларга бўлиниши уни ёдлашни осонлаштиради. Шунингдек, ўқувчига ўз дини ва шариатининг маълум бир қисмини ўрганиб бўлганини ҳис қилдиради.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлиши

Read 42908 times
Top