Кутубхона

Нурул изоҳ: ҲАЖ КИТОБИ (1-қисм)

ҲАЖ КИТОБИ

"Ҳаж" сўзининг луғавий маъноси қасд қилиш демакдир. Шаръий истилоҳда эса, махсус амалларни маълум бир жойда, муайян бир вақтда адо этишни қасд қилишдир.

Изоҳ: Махсус жой Каъба ва Арафотдир, муайян вақт эса, ҳаж мавсуми, яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг илк ўн кунидир. Махсус амал эса, Байтуллоҳни тавоф қилиш ҳамда Арафотда туришдир.

Ҳажнинг фарз бўлиш вақти

Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинди. Умр давомида бир марта адо этиш фарз. Шароит бўлганида кечиктирмаслик лозим.

Ҳукми ва фарз бўлишининг далили

Ҳаж исломнинг беш рукнидан биридир ва умр мобайнида бир марта адо этиладиган фарздир. Фарзлиги Қуръони карим билан собит. Далили эса Аллоҳ таолонинг ушбу мазмундаги ояти каримасидир: "...ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж қилиш бурчи бордир..." (Оли Имрон, 97).

Шунингдек, ҳажнинг фарзлиги қуйидаги ҳадис билан ҳам собитдир: "Эй инсонлар! Ҳаж сизларга фарз қилинди, бас, ҳаж қилингиз!" Ҳажнинг фарзлига масаласида барча мусулмон олим ва фақиҳлар якдилдир. Шунинг учун инкор қилган кофир бўлади.

Бутун Ислом дунёсига иқтисодий, сиёсий ва диний ҳаётларида беҳисоб фойдалар келтирган ҳикматлари туфайли ҳаж йўлга қодир бўлганларга фарз қилинди.

Каъбанинг қисқача тарихи

Каъба ер юзидаги энг биринчи ибодатгоҳдир. Аллоҳ таолонинг амри билан бир фаришта, ривоятларга кўра, Жаброил, алайҳиссалом, томонидан қурилган. Аммо вақт ўтиши билан унинг фақат пойдевори қолган.

Одам алайҳиссалом, яратилгач, Аллоҳ унга эски пойдевор устида Каъбани қайта қуришни буюради. Кейинчалик Иброҳим алайҳиссалом яна эски пойдевор устига Каъбани янгидан курадилар.

Исломиятга қадар Каъба Амалика, Журҳун қабиласи, Пайғамбаримизнинг бувалари Қусайй ва ниҳоят Қурайш қабиласи томонидан турли даврларда таъмир қилинади. Исломият даврида эса, Умавийлардан дастлаб Язид, сўнгра Абдулмалик даврида икки марта қуршаб олинади ва натижада Каъба зарар кўради. Ҳар икки қуршовдан сўнг Макка амири Абдуллоҳ ибн Зубайр, розийаллоҳу анҳу, томонидан таъмир қилинади.

Энди хажнинг фазилатларидан баъзиларини баён қилиб ўтамиз:

  1. Ҳаж Исломнинг порлоқ ўтмишини эслатади, мусулмонларнинг диний шуурини уйғотади. Чунки ҳажда мусулмонлар Аллоҳнинг уйи Каъбаи муаззамани тавоф қиладилар. Иброҳим, алайҳиссалом, даврларини ёдга оладилар, намоз ўқийдилар. Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, масжидларида равзаларини зиёрат қиладилар. Исломнинг шон-шуҳратини юксакларга кўтарган қаҳрамон Саҳобаларнинг қадамжоларини кўрадилар. Шу сабаб улар қалбида Исломга муҳаббат кучаяди, улуғ аждодлардан ибрат олиш иштиёқи жўш уради.
  2. Ҳаж мўминларнинг гуноҳлардан покланиши Аллоҳнинг марҳамати ва баракоти бандалари устига ёғилиши учун бир василадир. Чунки баъзи олимлар айтишларича, шундай гуноҳлар борки, фақат Арафотда вуқуф туфайлигина Аллоҳ уларни кечириши мумкин.
  3. Ҳаж ойлари мусулмон мамлакатларининг турли санъат асарларини ташувчи халқаро кўргазма, баракотли тижорат мавсумидир.

Ҳажда нафақат ваҳий инган тупроқларда яшаётган халқларнинг, балки узоқ диёрлардан келган зиёратчиларнинг ҳам катта иқтисодий манфаатлари бор.

  1. Ҳаж улкан ҳаёт мактаби, яъни мусулмонлар орасида ўзаро ёрдамлашув ва маълумот алмашинувига сабаб бўлган сафардир. Киши ҳаж сафари асносида кўплаб мамлакатлар, турли-турли миллатларни кўради. Уларнинг ҳаёт тарзлари ва урф-одатлари билан танишади, ибратланади, ҳаётий тажрибалар орттиради.
  2. Ҳаж кучли иродага эга бўлган, Аллоҳнинг тавфиқ ва ёрдамига чин дилдан ишониб, таваккул қилган кишилар бажара оладиган бир машаққатли ибодатдир. Бу машаққатлар ҳожининг ахлоқини гўзаллаштиради, қўполликни кетказиб, унга оддий имконлар билан яшашни, камтарликни, сабр-бардошли бўлишни ўргатади.
  3. Ҳаж бою камбағал, амалдор-хизматчи ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг ожиз бандалари эканини кўрсатувчи, ҳақиқий тенглик ва биродарлик кўзгусидир. Чунки ҳажда барча ҳожилар дунё ва унинг зийнатларидан қалбан узиладилар, барча бир хил либос – эҳром кийиб, яхши сўзларни айтиб, худди бир инсондек ойдин туйғуларга тўлган қалб билан ягона Аллоҳ таолога ёлворади.

Ҳеч ким ўзини дунёвий мартабаси ва бойлиги туфайли бошқалардан афзал кўра олмайди. Фақат тақводагина баъзилари баъзиларидан устун бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз, соллаллоху алайҳи ва саллам, айтганларидек: «Араб ажамга нисбатан фақат такво жиҳатидан фазилатли бўлиши мумкин».

Ҳамманинг кийгани эҳром барча мусулмонлар орасидаги ҳақиқий тенгликка ишорат қилади. Айни пайтда инсониятга бу дунё ва унинг гўзалликларидан айрилиб, нариги дунёга юзланган дастлабки ҳолатни эслатади. Чунки киши қабрга ҳам эҳромга жуда ўхшаш матога ўралиб кетади. Бу эса, кишини солиҳ амаллар билан охиратга тайёргарлик қилишга ташвиқ қилади. Ояти каримада айталганидек: «Охират учун тайёрланган зоди роҳилалар ичида энг хайрлиси тақводир».

  1. Ҳаж бутун дунё мусулмонларини бир даврага йиғувчи халқаро анжумандир. Дунённинг турли бурчакларидан келган милёнлаб инсонлар Ислом манфаатларини кўзлаб махсус кунларда Аллоҳни зикр қилиш учун тўпланадилар. Исломият уларнинг кўнгилларини, фикр ва туйғуларини бирлаштириб туради. Ҳожилар ҳажга келиб бир-бирлари билан танишадилар, севишадилар, муаммоларини ҳал қилишда бир-бирларига ёрдам берадилар.
  2. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади, «... ва ўша вақтни эслангизки, Биз байт (Каъба)ни инсонлар учун савоб қозониш ва ҳимояланиш жойи қилдик». Ҳарами Шарифда нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ҳам хавфсизлик ва ҳузур ичида бўладилар. Бу жиҳатдан дунёда Ҳарамга тенг келадиган макон йўқ. Ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу: «Каъбада отам Хаттобнинг қотилини ушлаб олсам, у ердан чиққунича (унга) қўлимни теккизмайман», деган эканлар.
  3. Ҳаж Аллоҳ таолонинг инсонларга берган неъматларига бир шукронадир. Чунки Аллоҳ инсонларга сиҳат-саломатлик, зарурий эҳтиёжларидан ташқари мол-давлат ва яна кўплаб неъматлар берган. Шундай бўлгач, Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш фарздир.

Фарз бўлишининг сабаби

Ҳажнинг фарз бўлиш сабаби Байтул Ҳарам Каъбанинг мавжудлигидир. Шунинг учун инсон умр давомида бир неча марта ҳажга бориши шарт эмас.

Фарз бўлишининг шартлари

  1. Мусулмон бўлиш.
  2. Балоғатга етганлик.
  3. Ақлли бўлиш.
  4. Озод (ҳур) бўлиш.
  5. Ҳаждан қайтгунича, қарамоғидаги кишиларнинг эҳтиёжларидан ташқари ўзининг барча сафар ҳаражатларини ҳам қоплайдиган маблағга эга бўлиш.
  6. Дорул ҳарбда яшайдиган мусулмоннинг ҳаж фарз ибодат эканини билиши.
  7. Вужуд саломатлиги.
  8. Йўлнинг хавфсиз (бехатар) бўлиши.
  9. Сафар камида уч кунлик бўлса, аёлларга маҳрамининг ҳамроҳ бўлиши.
  10. Қамоққа тушиб қолмаслик, ошкора тўсиқ йўқлиги.

Саҳиҳ адо бўлишининг шартлари

  1. Эҳромга кириш.
  2. Белгиланган вақтлар ва жойларда амалларни бажариш.

Вақт

Ҳажнинг вақти маълум ҳаж ойларидир. Улар Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир.

Рукнлари

Ҳажнинг икки рукни бор.

  1. Бир лаҳза бўлса ҳам, Арафотда вуқуф қилиш, туриш.
  2. Зиёрат тавофини адо этиш.

Тавофнинг уч тури мавжуд:

  1. Қудум тавофи. Бу маккалик бўлмаган ҳожилар учун суннатдир.
  2. Зиёрат тавофи. Бу ҳажнинг асосий шартларидан бўлиб, Қурбон ҳайитининг уч куни мобайнида барча ҳожилар томонидан адо қилиниши шарт.
  3. Садар. Бу вадо тавофи бўлиб, ҳаж амаллари тамомлангач, Каъбадан айрилаётганида маккалик бўлмаган барча ҳожиларга вожиб тавофдир.

Ҳажнинг вожиблари

Ҳажнинг йигирмадан ошиқ вожиблари бор. Қуйидагилар шулар жумласидандир:

  1. Мийқотдан бошлаб эҳромга кириш.
  2. Қурбон ҳайитининг биринчи куни тонг отгач, кун ёришгунича бир лаҳза бўлса ҳам Муздалифада туриш.
  3. Сафодан бошлаб, Марвада битириш шарти билан Сафо билан Марва орасида етти марта саъй қилиш (югуршп).

Изоҳ: Сафо билан Марва Макка шаҳри ичида жойлашган бўлиб, ораси тахминан 405 метрча бўлган икки тепаликдир. Ораларидаги ушбу масофа бугунги кунда икки томони дўконлардан иборат кўчадир.

Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳиссалом хотини Ҳожар онамиз билан ўғли Исмоилни алайҳиссалом егулик ва сувсиз бугунги Макка шаҳри жойлашган водийга ташлаб, ўзлари Фаластинга қайтадилар. Шундан сўнг ёлғизлик ва чанқоқликдан сиқилган Ҳожар онамиз бирор бир кишини ёки сув топиш умидида бу икки тепалик орасида югуриб етти марта у ёқдан-бу ёққа бориб келадилар. Ҳаж асносида ҳожилар томонидан бажариладиган саъй ибодати ушбу ҳодисадан қолган.

  1. Маккалик бўлмаган ҳожиларнинг видо (хайрлашув) тавофи қилишлари.
  2. Қурбон ҳайити ва ташриқ кунларида шайтонга тош отиш.
  3. Соч олдириш ёки қисқартириш.
  4. Тикилган кийимларни киймаслик ёки бош ва юзни ёпиш каби ножоиз ҳаракатларни қилмасдик.

Қурбонлик қилишни лозим этадиган амаллар (ҳажнинг) вожибларидир.

  1. Эҳромли ҳолда қилиниши тақиқланган барча ҳаракатлардан ўзини четга олиш.
  2. Каъбани тавоф қилаётганида жунуб ва бетаҳорат бўлмаслик ҳамда аврат жойларининг ёпилиши.
  3. Байтни ҳар етти марта айланганидан сўнг икки ракат намоз ўқиш.
  4. Ҳар бир тавофни Ҳатим деб номланган жойнинг (Каъбанинг эски пойдевори) орасидан бошлаш.
  5. Хажарул Асвад қаршисидан бошлаб, Байтуллоҳни чап тарафида тутган ҳолда тавоф қилиш.

Ҳажнинг суннатлари

Ҳажнинг суннатлари жуда кўп бўлиб, асосийлари қуйидагилардир:

1) Эҳромга киришдан аввал ғусл қилиш.

2) Эҳромга кираётганида эҳромнинг суннати ниятида икки ракат намоз ўқиш.

  1. Эҳромга киргач талбияни кўп айтиш.
  2. Маккалик бўлмаганларнинг тавофи қудум қилишлари.
  3. Тавофни кўп қилиш. Бу тавоф маккалик бўлмаганлар учун нафл намоздан афзалдир.
  4. Имомнинг ҳаждаги ибодат тартибларини тушунтириш мақсадида Зулҳижжанинг еттинчи куни пешиндан сўнгра Маккада хутба ўқиши.
  5. Тарвия (Зулҳижжанинг саккизинчи) қуни куёш чиққач Маккадан Минога йўл олиш ва ўша тун Минода қолиш.

Изоҳ: Мино Маккадан 6,5 км шарқда жойлашган шаҳарчадир. «Мино» истак, орзу деган маънони англатади. Аллоҳнинг амри билан Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоилни, алайҳиссалом мана шу ерда қурбонлик қилишга киришган эдилар.

  1. 8. Зулҳижжанинг тўққизинчи куни қуёш чиққач, Минодан айрилиб, Арафотга чиқиш.
  2. 9. Иложи борича хушуъ билан ва ёлворган ҳолда, кўпроқ дуо-илтижога ғайрат қилиш.

Эҳром

Эҳром муайян (жинсий яқинлик, соч ва тирноқ олиш, хушбўйланиш, бош ва юзни ёпиш, тикилган кийим кийиш, ов қилмаслик ва унга ундамаслик, дарахт кесмаслик каби) нарсаларни қилмасликка азм этишдир.

Эҳромнинг рукни талбия айтиш (Аллоҳни улуғлаш), шарти эса ният қилишдир.

Мийқот

(Эҳромсиз ўтиш мумкин бўлмаган жойлар)

Ҳаж амаллари адо этиладиган маълум бир вақтлар бўлганидек, уни адо этиш учун йўлга чиққанида эҳромсиз ўтиб бўлмайдиган жойлар ҳам бор. Ҳаж ва умра қилмоқчи бўлганларнинг бу жойлардан эҳромсиз ўтишлари жоиз эмас. Бу жойлар эса қуйидагилардир:

  1. Мадиналиклар ва у ердан келганлар учун Зулҳулайфа.
  2. Ироқликлар ва у ердан келганлар учун Зоту Ирқ.
  3. Мисрликлар, шомликлар ва бў йўлдан келганлар учун Жуҳфа.
  4. Наждликлар ва Нажд орқали келганлар учун Қорнул Манозул.
  5. Яманликлар ва Яман орқали келганлар учун Яламлам эҳромга кириладиган жойлардир. Бу жойлар мийқот дейилади.

Ушбу мийқот жойларига келмасдан аввал ҳожилар. Эҳромга киришлари ва ҳажда тақиқланган амалларни қилишдан сақланишлари жоиз. Маккага киришни хоҳлаган, маккалик бўлмаган ҳожиларнинг мийқот жойларидан эҳромга кирмасдан ўтишлари жоиз эмас. Маккаликларнинг эҳромга кирадиган жойи Ҳиллдир. Ҳарами Шарифда ўтирган кишининг ҳаж учун эҳромга кирадиган жойи Ҳарами Шариф, умра учун эса Ҳиллдир.

Ҳажни адо этиш тартиби

Ҳаж қилмоқчи бўлган киши қуйидаги амалларни бажариши керак:

  1. Мийқотда ё ундан олдин эҳромга кириш.
  2. Эҳромга киришдан олдин тирноқларни, ортиқча тукларни олиш.
  3. Мўйлабларни қисқартириш.
  4. Ғусл ёки таҳорат қилиш.
  5. Янги ёки ювилган изор ва ридо кийиш, улар оқ ва янги бўлгани афзалдир.
  6. Агар бор бўлса хушбўйлик сепиш.
  7. Икки ракат намоз ўқиш (бу амаллар мустаҳаб).
  8. Намоздан сўнг «Аллоҳумма инний урийдул ҳажжи фаяссирҳу ли ва тақоббал минний» деб дуо қилиш. Маъноси: «Аллоҳим, мен ҳаж қилмоқчиман. Уни менга осон қил ва мендан уни қабул эт».
  9. Икки ракат намоздан сўнг ҳажни ният қилиб талбия, яъни "Лаббайка" айтади. Талбияга бошқа калималарни ҳам қўишб айтиш жоиздир. Ният қилиб талбия айтгач, эҳромга кирган ҳисобланади.
  10. Талбиядан сўнг Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи ва саллам салавот айтиш.
  11. Шундан сўнг яхши дуо қилиш мустаҳабдир.

Ҳажда ман қилинган амаллар

Эҳромга киргач, аёли билан жинсий яқинлик қилишдан, ёмон сўз айтишдан, гуноҳ қилишдан, тортишишдан, қуруқликдаги ҳайвонни овлашдан, ё овчига уни кўрсатишдан, тикилган либос кийишдан, салла ўрашдан, оёққа маҳси кийишдан, бош ва юзни беркитишдан, атир сепишдан, соч ва соқол олдиришдан, тирноқ олишдан сақланиш лозим.

Эҳром кийган ҳолда ғусл қилиш, ҳаммомга кириш, кажава ва чодирга кириб салқинланиш, белга камар ва шунга ўхшаш нарсаларни тақиш жоиздир. Ҳар намоздан сўнг, пастдан юқорига чиқаётганида ёки водийга тушаётганида, ҳожилар гуруҳига дуч келганида ҳамда саҳар вақтида эркаклар овозини чиқариб талбия айтишади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Маккага киришда қилинадиган амаллар

Умра

Умранинг вақш ва мийқотлари

Рукни

Вожиблари

Бажариш тартиби

Қирон ҳажи

Ҳукми

Қирон ҳажининг шартлари

Адо қилиш шакли

Аллоҳга шукр

Таматтуъ ҳажи

Ҳукми ва саҳиҳ бўлиш шартлари

Таматтуъ ҳажининг қоидалари

Аллоҳга шукр

Read 4777 times
Top