Кутубхона

Ислом тарихи: ВАҲИЙНИНГ ДАРАЖАЛАРИ, , ҲАДИС, ҲАДИСИ ҚУДСИЙ ВА ҚУРЪОН,  ИЙМОН – АҚИЙДА, ИСЛОМ – ШАРИАТ, ЭҲСОН – ТАРИҚАТ

ВАҲИЙНИНГ ДАРАЖАЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийларнинг барчаси ҳам Қуръони Карим бўла олмаслигини яхши англашимиз керак. Бу борадаги шаръий матнларни яхшилаб ўрганиб чиқсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолодан келган ваҳийларнинг даражаси уч хил экани маълум бўлади:

  1. Ҳадиси набавий.
  2. Ҳадиси қудсий.
  3. Қуръони Карим.

ҲАДИС, ҲАДИСИ ҚУДСИЙ ВА ҚУРЪОН

Аллоҳ таолодан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган ваҳийнинг уч тури – ҳадис, ҳадиси қудсий ва Қуръон орасидаги фарқни тушуниб етиш ниҳоятда аҳамиятли ишлардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам олимлар ушбу мавзуга алоҳида эътибор қаратадилар.

  1. Ҳадис

«Ҳадис» сўзи араб тилида «сўз» деган маънони англатади. Демак, ҳадис деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади. Уламолар истилоҳида эса «ҳадис»га қуйидагича таъриф берилади:

«Набий соллаллоҳу алайқи васалламдан осор бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий ва хулқий (жисмоний ва хлоқий) сифатлар ҳамда сийратга тегишли маълумотлар «ҳадис» дейилади». Ушбу таъриф Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан осор бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил хусусларни ўз ичига олмоқда. Таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

«Гап». Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда айтган гаплари киради.

Мисол учун, «Амаллар ниятларга боғлиқдир».

Бу «қавлий (оғзаки) суннат» дейилади.

«Иш». Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш-амаллари тушунилади. Айтайлик, таҳорат қилишлари, намоз ўқишлари, ҳаж ибодатини адо этишлари ва ҳоказо.

Бу «амалий суннат» дейилади.

«Тақрир». Бу сўз бир нарсанинг тўғрилигини тасдиқлаш, маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни тасдиқлаш, маъқуллашларидан иборат. Биргина мисол:

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган бир тўп лашкарга бош эдилар. Борган жойларида жунуб бўлиб қолдилар ва совуқдан қўрқиб, ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқидилар. У кишининг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишларини маъқулладилар.

Маъқуллаш «Маъқул» деб айтиш билан ёки инкор қилмай, индамай қўяқолиш билан ҳам бўлади.

Бу «тақририй суннат» дейилади.

«Халқий (жисмоний) сифатлар». Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана тузилишларидаги сифатлари киради.

«Хулқий (ахлоқий) сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумотлар ҳам суннатга киради.

«Сийрат». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, у зот таваллуд топганларидан бошлаб то Аллоҳнинг ҳузурига қайтгунларигача бўлган таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.

 

  1. Ҳадиси қудсий

«Ҳадис» лафзининг луғавий маъносини ўргандик. «Қудсий» сўзи эса «муқаддас» деган маънони англатади.

Уламолар ҳадиси қудсийни қуйидагича таърифлайдилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилган нарса ҳадиси қудсийдир».

Ҳадиси қудсийга мисол келтирамиз.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло айтади: «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нималарнидир) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берганимнинг афзалини бераман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан афзаллиги худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан афзаллиги кабидир».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадис ҳадиси қудсий ҳисобланади, чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтганларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар.

Қуръони Карим билан ҳадиси қудсий орасидаги фарқлар:

  1. Агар Жаброил алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига олиб келса-ю, мўъжизалиги бўлмаса, ҳадиси қудсий саналади. Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, сўзлари ҳам Аллоҳ таоло томонидандир. Аллоҳ таолонинг Ўзи араблардан унга ўхшаш калом келтиришни талаб қилган, улар бунга қодир бўлишмаган ва қиёматгача ҳам қодир бўлишмайди, Ҳадиси қудсийда эса бу хусусият учрамайди. Унинг мўъжизалиги йўқ ва Аллоҳ таоло араблардан унга ўхшаш нарса келтиришни талаб қилмаган.
  2. Қуръони Карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийларини, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони Карим хос қилинган. Бу ҳам илоҳий китобнинг ўзига хос сифатларидан биридир.
  3. Қуръони Карим фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига нисбат берилади. Ҳадиси қудсий эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам нисбат берилади.
  4. Қуръони Каримнинг барчаси, ҳар бир ҳарфигача тавотур ила ривоят қилинган. Унинг барчаси қатъий собит бўлган. Ҳадиси қудсийларнинг кўпи мутавотир бўлмай, оҳод хабарлардир. Баъзи ҳадиси қудсийлар саҳиҳ, айримлари ҳасан, бошқаси заиф бўлиши ҳам мумкин.
  5. Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ таолодандир. Ҳадиси қудсийнинг маъноси Аллоҳ таолодан, лафзи ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар «Ҳадиси қудсийнинг лафзи Аллохдан», десалар, бошқалар «Аллоҳдан эмас», дейдилар.

– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари иккига бўлинади:

  1. Аллоҳ таолодан фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий қилинганлари.

Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятларидан бошқа ваҳийларни қам келтириб турганлари маълум ва машҳур. Ана шу қисм иаҳийлар Суннат сифатида ворид бўлган. Бу хилдаги Сун-иатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилapra етказганлар. У зотнинг етказишдан бошқа ҳеч қандай дахллари бўлмаган. Бунга мисол тариқасида имом Абу Муҳаммад ибн Қутайба «Аёл киши ўз аммаси ёки холаси устига никоҳланмас» деган ҳадисни келтирадилар. Бу ҳадис ваҳий бўлиб, унинг маъносини Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганлар. У зот ҳам ўз навбатида мусулмон умматига етказиб, ҳаётга татбиқ қилганлар. Мазкур ҳадис ворид бўлганидан бошлаб ҳамма мусулмонлар учун амма ёки хола устига уларнинг қиз жиянини кундош қилиб олиш ҳаром бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу ҳукмдан фалончи истисно» деб айта олмаганлар.

  1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайхиссалом орқали ваҳий қилинмаган, балки у зотнинг ўзлари ижтиҳод этганлари.

Бундай нарсаларнинг асосий қоидалари ва мақсадларини Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилиб берганидан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодлари ила баён қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ижтиҳодлари ҳам ваҳий ўрнида бўлган. Агар хато бўлса, Аллоҳ таоло тўғрилаб қўйган. Бу қисмдаги Суннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи тасарруфотлар қилишга ҳақлари бўлган.

Мисол учун, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак мусулмонлар учун ипак кийим кийиш ҳаром эканини баён этганларидан кейин Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўзларининг хасталиклари ипак кийишни тақозо этишини айтиб, у зотдан изн сўраганларида, у кишига ипак кийим кийишга рухсат берганлар. Агар бу ҳукм Жаброил алайҳиссалом келтирган ваҳий бўлганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон ўзларича рухсат бермаган, балки бошқа ҳолатлардаги каби, Аллоҳ таолодли бирор хабар келишини кутган бўлар эдилар.

Ҳадис китобларимизда келтирилган ривоятларнинг аксарияти ушбу – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарликни етказиш юзасидан содир бўлган икки хил Суннатга тааллуқлидир. Ислом шариатининг  аҳкомларига тегишли барча нарсалар – ибодат, эътиқод, охират, одоб-ахлоқ, солиҳ амалга тарғиб қилиш, ёмонлик лардан қайтариш каби ишлар шулар жумласига киради, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Ҳашр сураси 7-оятида:

«Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва ни мадан қайтарса, ўшандан қайтинглар», деганда айнап шу турдаги Суннатни қасд қилгандир.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг маъноси Аллоҳ тарафидан, лафзи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидандир.

 

III. Қуръони Карим

«Қуръон» сўзи араб тилида бир неча маъноларни билдиради ва бу маънолар Аллоҳ таолонинг ушбу номдаги Китоби – Қуръони Каримда ҳам ўз ифодасини топган:

  1. «Ўқиш» маъноси.
  2. «Жамлаш» маъноси.
  3. «Ёдлаш» маъноси.

«Қуръон» сўзининг истилоҳий маъноси:

«Қуръон Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, тавотур ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган, ожиз қолдирувчи каломидир».

 

ИСЛОМ ДИНИ

«Ислом» сўзининг луғавий маъноси қуйидаги маъноларни англатади:

  1. Ихлос.
  2. Турли офатлардан саломат бўлиш.
  3. Сулҳ ва омонлик.
  4. Итоат ва бўйсуниш.

Исломнинг шаръий маъноси эса «Аллоҳ ягона» деб эътиқод қилиб, Унга бўйсуниш, бутун қалб билан Унга ихлос қилиш ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтиришдир.

Қуръони Каримда Ислом ширкка (Аллоҳнинг шериги бор, деб ишонишга) қарши қўйилган. Бошқа оятларда Ислом Аллоҳга ихлос қўйиш ва Унга бўйсуниш, итоат қилиш маъноларида ҳам келган.

Ислом дини асосан уч қисмдан иборат:

Иймон – ақийда масалалари;

Ислом – шариат масалалари;

Эҳсон – тариқат масалалари.

Энди ушбу уч қисм билан қисқача танишиб олайлик.

 

1

ИЙМОН-АҚИЙДА

Мўмин-мусулмонликни даъво қилган киши Аллоҳнинг борлигига, азалий ва абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтириши лозим.

Фаришталарга бўлган иймон Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон одам фаришталарнинг сифатларига, хизматларига ва хусусиятларига ҳам иймон келтириши лозим. Шунингдек, Аллоҳнинг китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши даркор.

Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхши-ю ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши лозим. Иймон мазкур сифат ва даражада бўлгандагина ҳақиқий иймон бўлади. Диннинг эътиқод қисмига оид таълимотлари “иймон” деб аталишини шундан билиб оламиз.

Иймон, яъни эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами одатда «ақийда» деб аталади. Бу қисмга оид илм «Ақоид илми» дейилади.

«Ақийда» сўзи арабча «ъақада» феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.

Аслида бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш лозим. Кейин эса ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши керак. Сўнгра замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.

Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўналтирадиган, ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.

Ақийда масалалари дунёвий тизимларда мафкура – идеология ҳам дейилади.

Ислом ақийдалари Қуръони Карим ва Суннатдан олинади.

Исломда иймон Аллоҳ таоло тарафидан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади.

Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки дунёда ҳам ҳеч бир нарсага эриша олмаслигини қаттиқ таъкидлайди. Исломда ҳамма нарса иймон асосида олиб борилишига алоҳида аҳамият берилади.

 

Аллоҳга иймон

Аллоҳга бўлган иймон бу масалада бош рукн ҳисобланади. Аллоҳга иймон бўлмаса, бошқа нарсага иймон бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, иймон масаласининг бош рукни бўлмиш Аллоҳга иймон келтириш нима ўзи?

Ислом нуқтаи назарида Аллоҳга бўлган иймон Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига, холиқлигига, мудаббирлигига, яъни барча ишнинг тадбирини қилиб турувчи, бошқарувчилигига, розикдигига ҳамда бошқа исму сифатлари ва ишларига тил билан иймон келтириш, уларни дил билан тасдиқлашдир. Бу иймон Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганларидек бўлиши зарур.

Аллоҳга бўлган иймон ўз эгасини ҳар қандай ҳолатда Аллоҳнинг амри билан яшашга чорлайди. Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир ишим-қилмишимни Аллоҳ кўриб турибди» деган ишонч ила ҳаёт кечиради. Шунинг учун у фақат Аллоҳга хуш келадиган ишларни қилиб яшайди. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир гапимни Аллоҳ эшитиб турибди» деган ишонч билан яшагани учун доимо ўзидан яхши овоз, гап, сўз ва маънолар чиқишига ҳаракат қилади. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам «Ҳар бир амалимни Аллоҳ ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади» деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо яхшилик қилиб, ёмонлиқдан узоқ туради. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам «Тавбани фақат Аллоҳ қабул қилади» деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша хатони такрор қилмасликка шошилади. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳга иймони бор одам ўзида барча яхши фазилатларни жамлашга, барча разолатлардан четда бўлишга ҳаракат қилади. Иймон ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир жамият ва бутун инсоният учун ўта муҳим ҳамда зарур сифат эканини одамлар кўриб-билиб турибдилар.

Бошқа масалалар қатори иймон масаласида ҳам ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзи кўрсатганидек бўлиши керак. Инсоннинг ўзича «Унга иймон келтираман-у, бунга иймон келтирмайман» дейиши кулгили. Бу ҳолатда иймон-эътиқод, дину диёнат масаласини Аллоҳ эмас, банда жорий қилган бўлади.

Аллоҳга иймон қандай бўлиши кераклигини Аллоҳнинг Узи баён қилиб бериши, шунингдек, Аллоҳдан бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб бериши фақат Исломда собитдир. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

 

Фаришталарга иймон

Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга эга. Фаришталарга иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон кўзига кўринмайдиган, чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга ҳамда «фаришталар» деб номланган аскарлари борлигига иймон келтириш қачон ва кимга зарар келтирибди?

Мўмин-мусулмон инсон ўзига икки фаришта бириктирилганига, агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша икки фаришта Аллоҳнинг изни ила уни муҳофаза қилишига ишонади. Яна у ўша фаришталарнинг бири яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни, заррача бўлса ҳам, номаи аъмолига ёзиб бораётганига, қиёмат куни шу битиклар асосида ҳисоб-китоб бўлишига иймон келтиради. Бу эса ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Ушбу омил ҳар бир инсон, жамият ва барча инсоният учун ўта зарурдир.

Фаришталарга иймон бўлмаган жамиятда эса одамлар кўнглига келган ёмонликни хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда қиладиган бўлди. Иймонсиз жамият мафкурачилари тўқиб чиқарган «виждон азоби» каби қуруқ ҳиссиётлар фойда бермайди. Негаки иймонсизда виждон бўлиши умуман мумкин эмас.

Иймонсизлик натижасида инсон табиати ҳам бузилади: баъзи инсонлар ўзларига бўлган ишончни йўқотиб, қўрқоқ, шахсиятсиз бўлиб қолишади, бошқалари эса ҳар қандай ёмонликдан тап тортмайдиган нобакор махлуққа айланишади.

Шунингдек, фаришталарга нисбатан иймони бузуқ бўлган юртлар ва халқларда ҳам турли муаммолар келиб чиқади. Уларнинг баъзилари фаришталарни Аллохга шерик қилсалар, бошқалари дев, пари ва ўзга хурофий нарсаларга аралаштириб юборишади. Оқибатда турли зарарли урф-одатлар ва тасарруфотлар келиб чиқади. Демак, биз мусулмонлар, бошқа нарсалардаги каби, фаришталар ҳақида ҳам энг тўғри иймонга эга эканимиз билан фахрланишимиз ва ундан фойдаланишимиз лозим.

 

Илоҳий китобларга иймон

Аллоҳнинг китобларига иймон келтириш ҳам улкан ҳикматларга молик иш. Бу Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларига Ўз китоблари, яъни кўрсатмалари тўпламини нозил қилиб, уларни икки дунё саодатига эриштирадиган йўлга ҳидоят қилиб турганига; бу Аллоҳ ҳар замонни ўзига яраша китоб билан таъминлаб, аста-секин инсониятни тайёрлаб боргани ва вояга етказганига; бу инсоният ўз камолига етганида, Аллоҳ унга баркамол Китобни – қиёматгача мўъжиза бўлиб қолувчи Қуръони Каримни нозил қилганига; бу инсоният бундан буён фақат Қуръонга амал қилгандагина мақсадига эришиши мумкинлигига иймон келтиришдир. Бу эса инсоннинг саодатли ҳаёт соҳиби бўлиши учун энг муҳим омиллардан биридир.

Аллоҳнинг китобларига иймон келтирмайдиганлар эса ушбу эзгуликларнинг барчасига, инсоннинг асли бир эканига, Аллоҳ инсонни улуғлаб, унга Ўз таълимотларини берганига, бошқа махлуқотлардан устун эканини исбот қилганига куфр келтирувчилардир. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг китобларига ёки уларнинг баъзисига иймон келтирмаганлардан фақат ёмонлик чиқади, холос.

 

Пайғамбарларга иймон

Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса инсониятнинг шараф силсиласидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар инсоният учун шону шараф, фахр бўлган, Роббул оламийннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахслардир. Уларнинг ҳаммалари ягона Аллоҳнинг бандалари, ягона Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар ўзаро биродарлар бўлиб, бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, ягона Аллоҳга сиғингани, бир динга амал қилгани тушунилади. Шунинг учун ҳам Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса гўёки ҳамма пайғамбарларни инкор қилгандек кофир бўлади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намуна, ҳар бирлари ҳидоят маёғидир. Уларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача барчага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож ҳолга келган. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, уларга Ислом кўрсатганидек иймон келтириш лозим, чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу хусусият йўқ.

Иймонсизлар инсоният тарихининг гултожи бўлмиш Пайғамбарлар алайҳиссаломларни ҳийлагар, ёлғончи, бузуқ, каззоблар деб эълон қилишди ва бу билан инсоният қадрини яна бир карра ерга уришди. Улар турли нобакорларни пайғамбарлардан устун қўйиб, афзал кўрсатишга уринишди. Аммо вақти-соати келиб, улар сиғиниб юрган шахслар шайтондан баттар, тубан махлуқлар экани маълум бўлди.

Исломдан бошқа айрим динларда пайғамбарлар алайҳиссаломларнинг баъзиларини ўз қизи билан зино қилганликда айблаб, баъзиларини умуман тан олишмайди. Бошқа бир динда эса ғулувга кетиб, улар илоҳийлаштириб юборилади – Пайғамбарлар алайҳиссаломларни «Худонинг ўғли» ёки «Худо» деб эътиқод қилинади. Бунга ўхшаш хатолар тўлиб ётибди. Демак, бу масалада ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ҳам Ислом керак.

 

Охират кунига иймон

Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймондаги рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим бўлган нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхш тушуниб турибмиз.

Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлса, инсониятнинг таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиш амримаҳол. Агар охират кунига иймон-ишонч бўлмаса, с юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди. Охират кунига иймон йўқолиб, «Одам ўлганидан кейин чириб, йўқ бўлади, қайта тирилмайди» деган фикр ҳукмронлик қилса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган “ўрмон қонунлари” жорий бўлади. Ҳа, агар золим бу дунёда қилган зулми учун жавоб бермаса, ёлғончи-фирибгар ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайида бўлаверса, хуллас, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлослик дан қайтмаса, бу дунё қандай дунё бўлади? Кучсизлар, мазлумлар, бечораларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт кечириш ўз-ўзидан чексиз азобга айланиб, жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини ўзи ўлдиришлар кўпаймайдими?

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун кишилар инсофли, диёнатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликлардаи қайтишлари лозим. Ёмонлиқдан қайтиш учун эса албатта, охират кунига иймон келтириш даркор.

 

Яхши-ёмон қадарга иймон

«Қадар» сўзи «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради.

Уламолар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо – Аллоҳ таоло ҳамма нарсаларнинг келажакда

қандай бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар – ўша нарсалар Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмон Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишларини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг барчасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асосланган.

Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чексизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳ таолонинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон бўлмаса, Аллохга бўлган иймон тугал бўлмайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатию ўз йўлида ҳаракат қилаётган сайёралардан ҳам бохабар. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса четда қолмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир зарра ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.

Шунингдек, қиёматгача нима бўлиши ҳам Аллоҳга маълум. Агар уларни билмаса, У Зотнинг баркамоллик сифатига нуқсон етган бўларди.

Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. «Бу ишим бесамар бўлмаса, кейингиси натижа берар», деб доимо яхши умидда иш олиб боради, чунки унга нима тақдир қилингани маълум эмас, белгилари ҳам йўқ. Қадарга бўлган ишончнинг ҳикматларидан яна бири инсон бошига мусибат тушганида қайғуни енгиллаштиришидир. Шунингдек, қазо ва қадарга иймон келтирган инсон ўз ҳаётида муваффақиятларга эришган чоғида ҳам ўзини йўқотиб қўймайди.

Барча нарсани Аллоҳдан деб билиб, мусибат етганда сабр қилади, яхшиликка эришганда шукр қилади.

Албатта, иймоннинг бошқа рукнлари каби қадарга иймон ҳам инсон бахт-саодати учун хизмат қиладиган муҳим омиллардан биридир.

Исломда инсоннинг ақийдаси борасидаги барча масалалар аллақачон ҳал бўлган. Бу борада мусулмонлар бошқаларга ўхшаб ҳардамхаёл бўлмайдилар. Дунёдаги энг тўғри эътиқодда, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилиб берган ақийдада эканликларига тўлиқ ишонч билан саодатли ҳаёт кечириб бораверадилар. Узларининг ташвишга, хавотирга ва иккиланишга қолмасликларини яхши биладилар.

 

2

ИСЛОМ – ШАРИАТ

«Шариат» сўзи араб тилида «поғона, босқич», «сун ичиш жойи» ҳамда «йўл, услуб» деган маъноларни англатади. Воқеликда «шариат» атамаси «қонунчилик» маъносида ишлатилади. Хусусан, Аллоҳ жорий қилган амалий ҳукмлар мажмуаси «шариат» дейилади. Шу маънода шариат «фиқҳ» маъносида ҳам тушунилади.

Самовий динларнинг барчаларидаги амалий қисм «шариат» деб аталади. Ислом шариати ҳукмлари Қуръон, Суннат, ижмоъ ва қиёсдан олинади. Мусулмон уламолар «Шариат ҳукмлари барча макон ва замонларга мос бўлиш қоби лиятига эга» деган ғояни олға сурадилар.

«Шариат ҳукмларининг умумий мақсади бу дунёда одамларнинг ҳаёти ва саодати учун керак бўлган барча нарсаларни юзага чиқаришдир», дейди усулул фиқҳ уламолари. Бу эса уларга манфаатни жалб қилиш ва улардаи зарарни даф қилиш орқали юзага чиқади. Шариат ўша ҳақиқатни ўзига жо қилган.

Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилган:

  1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш.
  2. Инсон ақпини муҳофаза қилиш.
  3. Инсон динини муҳофаза қилиш.
  4. Инсон мол-мулкнини муҳофаза қилиш.
  5. Инсон насл-насабини ҳимоя қилиш.

Шариатда асосан мўмин-мусулмон банданинг амалий ҳаётига тегишли ишлар тартибга солинади. Одатда бу ишларга оид манбаларда ибодатлар, муомалалар, оила ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар низоми ҳамда жиноятларга боғлиқ масалалар баёни келади.

Ибодатларда таҳорат, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалаларига оид шаръий ҳукмлар ўрганилади.

Муомалаларда асосан савдо-сотиқ, турли молиявий алоқалар, мерос, васият, вақф, қулларга оид ишлар каби масалалар ўрганилади.

Оила низомида никоҳ, талоқ, идда, ҳазона, нафақа каби масалаларга эътибор қаратилади.

Жиноятларда эса маст бўлиш, зино қилиш, одам ўлдириш, бировга тан жароҳати етказиш ва пгунга ўхшаш жиноятларни аниқлаш ва уларга тайин қилинадиган шаръий жазолар ҳақида сўз боради.

Албатта, таом, шароб, ҳалол-ҳаром каби шахсий ҳаётдаги масалалар ҳақида ҳам алоҳида боблар бўлади. Шунингдек, кишиларнинг ташқи ва ички алоқаларига боғлиқ, хавфсизликни сақлаш, мудофаа, асирлар, ўлжа каби нарсларга оид ҳукмлар, инсон ҳаётига боғлиқ бошқа барча масалалар ўрганилади.

 

Ободончилик ва адолат

Юқорида ҳам таъкидланганидек, шариатнинг умумий мақсади манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф этишдир. Шу билан бирга, манфаатларни иложи борича кўпайтириш ва зарарларни имкон қадар камайтириш вожиблигини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Буларнинг барчаси икки улуғ мақсад орқали амалга ошади. Улар ободончилик ва (ўзаро) тақсимотдаги адолатдир.

Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, тенглик ва адолатдир. Демак, бандалар бузғунчилик сабабларини йўқотишлари, шаҳарларни муҳофаза қилишлари, одамларга зулм қилиш дан четда бўлишлари ва яна рушднинг сабабларига эрга-шишлари вожиб бўлади. «Рушд» деб тўғри йўлга эришиш, балоғат ва яна молу давлатни чиройли тасарруф қилишгп ҳам айтилади. Яъни иқтисодни тўғри йўлга қўйиш ҳам му-ҳим вазифалардан биридир.

Шариат таълимотларида бундан бошқа ҳаёт, тараққиёт ва саодат учун керак бўлган барча нарсалар мавжуддир.

 

3

ЭҲСОН – ТАРИҚАТ

«Эҳсон» диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда, «тариқат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.

Исломнинг руҳий-маънавий ва ахлоқ-одобга оид таъли-мотларини Қуръони Карим ва Суннат асосида руҳий тарбия илми – тасаввуф баён қилиб беради.

Руҳий-маънавий қисм «тазкиятун-нафс» – «нафсни пок-лаш» деб ҳам аталади, чунки унда мўминларнинг нафсларини, яъни шахсиятларини поклаш, уларга фазилатларни касб қилдириш ва уларни разолатлардан холи қилиш борасида ҳаракат кетади.

Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, дин «яхши» деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, «ёмон» деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида олиймақом қадрият ҳисобланади.

Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

«Ахлоқ» сўзи «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Тасаввуф илмида ўша хулқларнинг яхши ва ёмони, уларнинг яхшисига амал қилиб, ёмонидан четланиш йўллари баён этилади. Сўнгра ҳусни хулқ ҳақида алоҳида тўхталиб, унга оид кўплаб маълумот ва тажрибалар ўрганилади.

Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал, мукаррам ахлоқлар дини бўлган Ислом орқали ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Уларнинг ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлибгина қолмай, ўзгаларга ҳам яхшиликлар етишини истаганлар.

Ҳар бир нафснинг покланиши учта омилга боғлиқ:

биринчи омил – покланиш, яъни қалб хасталикларидан даволаниш;

иккинчи омил – тикланиш, яъни маълум мақомотларни рўёбга чиқариш;

учинчи омил – хулқланиш, яъни маълум исм ва сифатлар ила хулқланиш.

Мазкур асосдаги руҳий тарбия инсон зоти ва унинг икки дунёдаги саодати учун жуда ҳам зарурдир. Ислом дини ҳар бир мусулмонга мазкур тарбияни мукаммал ҳолда тақдим этади.

Иймон-эътиқоди, дунёқараши тўғри ва соф, амаллари эзгу, ҳар бир лаҳзада, барча ҳолатда «Аллоҳ мени кўриб турибди» деган ишонч-эътиқод асосида яшайдиган, барча ёмонлик ва номаъқулчиликлардан покланган, ҳамма яхшилик ва фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, Роббул оламийннинг хулқлари билан хулқланган, ўз зиммасидаш ҳақ ва бурчларни тўла адо этган шахсгина том маънодаги «комил инсон» бўлади.

Ислом динининг жамиятдаги хизмати ана шундай комил инсонни тарбиялаш ва ўшандай инсонлардан таркиб топган жамиятни барпо этишдир. Мақсад инсонга унинг инсонийлигини қайтариш, унинг яратилишидан кўзланган мақсадпи рўёбга чиқаришдир. Сиз буни шу сатрларгача бўлган маълумотлардан ҳам англаган бўлсангиз керак. Бу ҳам бўлса, Ислом динининг айнан инсон бахт-саодати учун юборилгапи ҳамда дунёда унга эркин, фаровон, бахтли ва унумли ҳаёт, охиратда эса чексиз саодат тақдим этувчи илоҳий таълимоi эканидандир десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоқ таолонинг бевосита иштирокида айнан ана шундай жамиятнинг юзага чиқишига хизмат қилдилар. У зотга Аллоҳ таолонинг салавотлари ва саломлари бўлсин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

УЧИНЧИ БОБ

Рошид халифалар даври

БИРИНЧИ ФАСЛ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

Мусайлима ҳақида

 

Read 3574 times
Top