Кутубхона

Оилада фарзанд тарбияси: ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДАГИ УЧ УСЛУБ. ИЖТИМОИЙ, ИҚТИСОДИЙ, ВА ДИНУ ИМОНГА БЎЛГАН ТУРЛИ ХАТАРЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИШ.

 

Фарзанд тарбиясидаги уч услуб

Бола одобини яхшилашда учта услуб бор. Бу уч васила билан бола тарбияси тўғри, одоби яхши ва хулқда баркамол бўлади. Бу услублар қуйидагилар:

  1. Тарбия кушандаларидан сақланиш.
  2. Турли хатарлардан огоҳ бўлиш.
  3. Тарбия босқичларининг узвий боғлиқлиги.

 

Тарбия кушандаларидан сақланиш

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири жамиятда аҳлоқий бузуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар турли воситалар, жумладан, ахлоқсиз, фаҳшни тарғиб этувчи кино, томоша, журнал, газета, либос ва суратлардан фойдаланади.

Шу ўринда айрим манфур кимсаларнинг кирдикорларидан, жамиятнинг ахлоқини бузишда қўллайдиган ғояларидан намуналар келтириб ўтамиз. 

Бундайларнинг бир гуруҳи:

– “Ҳар нарса инсон учун, жинсий хоҳиш ва шаҳват йўлида ўзига эрк бериш керак”, деган бузуқ фикрни илгари суради;

– “Дин йўқ нарса” деб илоҳий ақида ва эзгу таълимотларга зид ғояларни пайдо қилади;

– “Беҳуда иш ва инсон лаззатланишига олиб борувчи ҳамма нарса мубоҳ”, деган хато фикрни тарғиб қилади;

– “Ҳар жойда ахлоқни бузиш учун аёллардан фойдаланиш лозим”, дея аёл зотини таҳқирлайди.

Ўзга юртни босиб олиб, маҳаллий аҳолини эрксиз қилган мустамлакачилардан бири бундай деган:

“Қадаҳ ва ҳаёсиз аёл мусулмон умматини бузишда мингта замбарак тўпидан кучли. Мусулмон умматини шаҳватларга берилиш денгизига ғарқ қилиш керак”.

Миссионерлар анжуманида Алқайс Зуймар исмли кимса бундай деган: “Сизлар мусулмон мамлакатларида Яратганга итоат этмайдиган ёшларни етиштирдинглар. Энди улар муҳим ишларга эътибор бермайди, роҳатланиш ва дангасаликни яхши кўради. Шаҳватдан бошқа нарсага ғам чекмайди, ўқиса ҳам, дунё тўпласа ҳам, шаҳват учун қилади. Агар юқори мансабни эгалласа, шаҳват йўлида хизмат қилади. Нафс йўлида ҳар нарсани сарф этади”. Шунингдек, у: “Дин ва ёшларни бузишда ахлоқсиз қисса, томоша, ҳаёсиз газета, журнал ва худосизликка етакловчи китоблардан фойдаланиш лозим” деган ғаюр, бузғунчи фикрни билдиради.

Ғаламис кимсаларнинг мазкур гапларидан маълум бўладики, улар жамиятни бузиш ва таназзулга олиб келишда ичкилик, ахлоқий бузуқлик, ҳаёсиз томоша, журнал, газета, эшиттириш ва китоблар каби нарсалардан фойдаланади. Афсус, бундай разил ва қабиҳ йўлларга айрим ғўр ёшлар эргашиб қоляпти. Айрим йигит-қизлар нафс ортидан юраётгани, ҳаёсизликка кўр-кўрона тақлид қилаётгани кўзга ташланмоқда.

Манфур кимсалар софдил, содда кишиларни, хусусан, ғўр ёшларни адаштиришга уринади. Улар бу йўлда ўта нозик услуб қўллайди. Шу боис ота-она фарзандини мусаффо динимиз ва миллий қадриятларимизнинг эзгу таълимотлари асосида тарбиялаши, айрим кимсаларнинг макру ҳийлаларига учиб қолишдан сақлаши, бундай йўлдан ўз вақтида қайтариши лозим.

Баъзи ёшлар кўнгил истагини қондираман деб, бузуқлик ортидан юриши билан нобакор кишилар уларни ёвуз ниятининг  итоаткор қулига айлантириб олиши мумкин. Бундай аянчли оқибатни фарзанд онгига сингдириш бугунги куннинг жуда муҳим вазифаларидан биридир.

 

Турли хатарлардан огоҳ бўлиш

Ахлоқсизлик, бузуқлик, ичкилик, чекишга ружу қўйиш ва нафсга қуллик оқибатида пайдо бўладиган касалликлардан фарзандни доим огоҳ этиш керак. Бунинг учун нафсга эрк бериш ва бузуқлик оқибатида келиб чиқадиган аянчли ҳолатларни тўғри тушунтириш мақсадга мувофиқ. Табиийки, ўз танасига етадиган озор, саломатлигидан айрилиш қўрқуви фарзандни бу хатарли йўллардан қайтаради.

Жинсий йўллар орқали юқувчи инфекциялар жуда хавфли касалликларга дучор этади. Улар бемор танасида ҳам, жамият учун хам оғир асоратлар қолдиради. Энг олдин эркак ва аёллар репродуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, болаларда оғир туғма касалликларга сабаб бўлади, бемор ички аъзоларининг оғир жароҳатларига олиб келади. Улар асосан жинсий йўл орқали тўғридан-тўғри юқади.

Ижтимоий текширувлар шуни кўрсатдики, аксарият 14–16 ёшдаги ўсмирлар учун ушбу касалликлар ҳақидаги маълумотлар билан танишув долзарб бўлиб кўринади. Аммо болаларни ушбу маълумотлар келажакда уларга фойдали бўлишига ишонтириш лозим. Зеро, бу саломатликни, баъзи холларда эса, ҳаётни сақлашга ёрдам беради, жисмоний ва маънавий изтиробларнинг олдини олади, шахс саломатлигини таъминлаш йўлида тўғри қа­рор қилишига ёрдам беради. Ҳозирги вақтда жинсий йўл орқали юқувчи касалликларнинг 20 дан зиёд қўзғатувчиси маълум. Шунинг учун фаҳш ишлар орқали юқадиган хавфли касалликларни баён қиламиз:

Хламидиоз – жинсий йўллар орқали юқувчи энг кўп тарқалган касалликлардан бири. Ҳўжайра ичи паразити хламидийлар келтириб чиқаради. Хламидиоз, аниқроғи, урогенетал (сийдик-жинсий) хламидиоз венерик касалликлардан саналади. Бу юқумли инфекцион касаллик бўлиб, унда хламидийлар одамнинг жинсий аъзолари ва сийдик йўлларини жароҳатлайди.

Гонорея (сўзак) – кўҳна юқумли касаллик бўлиб, у жуда қадимдан маълум. У ҳақида маълумотлар эрамиздан уч ярим минг йил аввалги Миср табобатининг қадимий тарихий ёдгорлиги “Эберс Папируси”да учрайди. Бу касаллик тарқалиши бўйича хламидиоздан кейинги ўринда туради. Гонорея ҳақида адабиётларда қайта-қайта ёритилса ҳам, лекин унга нисбатан асосланмаган бепарво муносабат ҳамон сақланиб қолмоқда. Сўзак касаллиги, асосан, зино орқали юқади. Бачадон ва тухумдонда ўткир ёки сурункали шамоллашга сабаб бўлади. Бепуштлик ва бўғимларнинг шамоллашига олиб боради. Туғиладиган болага салбий таъсир этади, унинг кўзларида шамоллаш пайдо қилиб, оқибатда кўр бўлишга олиб келади.

Сифилис (заҳм) – бу сурункали венерик касаллик бўлиб, тери, шиллиқ қаватлар, ички аъзолар, суяк ва асаб тизимини жароҳатлайди. Бу туғма ёки орттирилган умумий юқумли касаллик бўлиб, даволанмаган беморларда узоқ йиллар давом этади, қўзиш даврлари, яширин даврлари алмашиниб туради. Бу Оврупа мамлакатларида зино орқали тарқалгани учун “Оврупа касаллиги” деб ҳам аталади.

Трихомониоз – етарлича кенг тарқалган касаллик. Унинг қўзғатувчиси трихомонада бир ҳужайрали зараркунанда бўлиб, эркаклар ва аёлларни касаллантиради.

Герпес – вирусли юқумли касалликлардан бўлиб, такрорий кечиши, тери ва шиллиқ қаватларда тошмалар тошиши, марказий ва периферик асаб тизими, кўзни зарарлаши билан фарқланади. Булар вақтида аниқланиб даволанмаса, бепуштлик, ҳомиланинг тушиб қолиши ёки ривожланмаслиги, бачадон саратони (раки), кўрлик, юрак хасталиклари, руҳий касалликлар ва бўғимларнинг шикастланиши каби жиддий оқибатларга олиб келади.

Жинсий яралар касаллиги зино – ҳаром жинсий алоқа билан юқадиган касаллик. У шиллиқ тўқималарнинг шамоллашига сабаб бўлади. Сурункали йирингли яра, чипқон, сийдик йўллари шамоллаши ва айрим аъзоларнинг шишувига олиб келади.

Юмшоқ яра касаллиги ҳам зино орқали юқади. Таносил аъзоларида оғриқли яраларга сабаб бўлади. Терига тез ёйилади.

Жинсий аъзоларнинг эрта етилиш касаллиги шаҳватни ўз вақтидан олдин ва шаҳват безлари етилмасдан қўзғатиш сабабли ўсмирларда пайдо бўлади. У тана хунуклашувига ва ҳатто руҳий хасталикка ҳам олиб келади.

Жинсий заифлик хатарли касаллик бўлиб, эркак билан эркак (баччавозлик) ёки аёл билан аёл кифояланишидан (трибадизм) келиб чиқади. Бу касаллик кўп мамлакатларда, жумладан, “маданиятли” деб аталган давлатларда  кўп учрайди.

Жинсий ҳавас касаллиги. Бу касалликга дучор бўлган киши кўп вақтини фаҳшни хаёл қилиш билан ўтказади. Бунга мубтало бўлган кишининг ақли пасаяди, хотираси суст бўлади, ғафлатга ботади, эътибори заифлашади. У худди хафа ва қийналгандек кўринади. Бу дард ҳатто руҳий касаллик келтириб чиқаради.

Фаҳш ишларнинг жамиятда хатарлари жуда кўп. Улардан айримлари қуйидагилар:

– шаҳватга берилиш, гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликларга муккасидан кетиш;

– одам савдоси, хусусан, аёлларни сотиш, фоҳишалик билан шуғулланиш;

– айрим аёл-қизларнинг бузилиши, ҳаёсиз либослар кийиши;

– ахлоқсизлар, безорилар ва нафсига қул бўлганлар кўпайиши.

Тарихда бир давлат раҳбари афсус билан бундай деган: “Мамлакатнинг келажаги хатарда. Чунки кўп ёшлар ахлоқсиз, шаҳват гирдобига шўнғиган, масъулиятни ҳис қилишмайди. Ҳар  етти ўсмирдан олтитаси ахлоқий бузуқ, шаҳват уларни домига тортиб, жисман ва руҳан заифлаштирган”.

Айрим ёвуз кишилар хориж мамлакатларидаги бузуқлик тўлқинларини обод ва фаровон юртимиз томон ҳаракатлантиришга уринмоқда. Тижорат ёки ишга жойлаштириш мақсадида ёшларни алдов йўли билан хорижга сотиб юбориш, яъни одам савдоси каби пасткашлик билан шуғулланадиганлар учраб турибди. Бундай бузғунчиликлар юртимизнинг бугуни ва ёруғ келажагини кўролмайдиган халқимиз душманларининг ишидир.

 

Ижтимоий хатар

Ахлоқсизлик оқибати бўлган дардларга йўлиққан киши фақат ўзи зарар кўриб қолмай, балки атрофдагиларга ҳам зиён етказади. Дастлаб оиласи жабр кўради. Бундай фарзанд ота-онасини норизо қилади. Чунки фарзандининг бедаво дардга мубтало бўлгани биринчи ўринда ота-онасини қаттиқ ташвишга солиши баробарида, бутун қавму қариндош, маҳалла-куй ва яқинлар орасида уларнинг юзи шувут бўлиб, бош кўтаролмай қолишади.

Таносил касалликларига гирифтор бўлган йигит асло оила қуришни ўйламайди. Чунки нафси истакларини жирканч йўл ила қондиргач, уларда уйланишга бўлган рағбат кескин пасаяди. Мабодо ота-она қистови билан уйланган тақдирда ҳам, ширин орзу-умид билан турмушга чиққан бир покиза қизни бахтиқаро қилиб, қизнинг гўзал ниятларини саробга айлантиради.

Бу каби иллатлар билан хасталанган қизлар эса, ўз ўрнида, турмуш қуришдан кўра бундай енгил-елпи ҳаётни устун кўради. Улар учун энди бировнинг уйига келин бўлиш тушунчаси мутлақо ёт, ҳатто хаёлига келтиришни истамайди. Фарзанд дунёга келтириш, парваришлаш ва вояга етказиш каби оналик бахти эса, бундай тоифадагилар наздида “машаққат”га айланади.

Саодатли хонадонга келин бўлиш, диёнатли бир ёрга бахт туҳфа эта оладиган вафодор жуфти ҳалол бўлиш, хонадонда серфарзанд бўлишдек юксак бахтни солиҳа, покиза ва лобар қизларгина орзу қилишади. 

Ахлоқсиз, ҳаёсиз кимса истамаган ҳолда ногирон фарзандни дунёга келтиради. Оила қуришдек шарафли бурчдан узоқ бўлган нафс асираси туғилган фарзандга зулм қилган бўлиб, унга ўзидаги жирканч тарбиядан бошқа нарсани бера олмайди.

Бу дардларга мубтало бўлган кимса қариндош-уруғларидан узилиб қолади. Чунки нафснинг ортидан юриб, ножўя лаззатга берилганнинг қавму қариндошлар олдида заррача қадр-қиммати бўлмайди. Халқимизнинг диний ва миллий қадриятларимиз билан уйғунлашиб кетган ўзига хос орият ва ҳамият сифатлари ғалаён қилиб, ундай кимсадан узоқлашишга сабаб бўлади.

Инсон учун Аллоҳ таоло ато этган бетакрор неъмат – умрни беҳуда ўтказиш гуноҳ. Эркак ва аёл учун инсоний бахт бу ҳаётнинг мазмунидир. Ҳақиқий бахт эса мустаҳкам қурилган оила, яъни, эр-хотиннинг аҳил, чиройли истиқомат қилишидадир.

 

Иқтисодий хатар

Ғанимат вақтини нафс лаззати ва шаҳват йўлида сарф қилувчи одам моддий ва маънавий таназзулга учрайди. Аллақачон маънан ва жисман заифлашган бундай инсон энди иқтисодий жиҳатдан ҳам заифлашади. Бу жараён бир-бирига узвий боғлиқ уч ҳолат сабабидан яққол кўзга ташланади: дармонсизлик; ишда самаранинг камайиши; ғайриқонуний касб қилиш.

Дармонсизлик. Машъум дардга чалинган, лаззат ва нафс кетидан юрувчи кимсаларда ақлий, жисмоний, хулқий ва руҳий касалликларга дучор бўлиш кузатилади. Бу эса қувватни камайтириб, дармонсизликни келтириб чиқаради. Бемор турли йўллар билан ўз дардига шифо қидира бошлайди. Юқорида зикр этилган дардларга осон шифо топиш амримаҳол. Даволаниш кўп маблағ талаб этади, иқтисодга жиддий зарар келтиради.

Ишда самаранинг камайиши. Аҳлоқсизлик зарарлари ишдаги бараканинг йўқолишига сабаб бўлади. Биринчидан, нопок кимса молларини ёмон йўлда сарф этади, иккинчидан, бу йўлдаги кишида ўз ишига эътибор сусаяди. Чунки унинг қалбида инсофга чақирувчи бирор омил қолмаган, бузуқ ишлари кундан-кунга ўзига мойдек ёқиб боради. Ишга бўлган масъулиятни четга суриб қўяди. Оқибатда эса иши орқага тортади. Шуларни ҳам ўз қилмишининг оқибати деб билмаётган нафс қули бу бахтсизликнинг чорасини хато йўллардан қидира бошлайди.

Имом-домлалардан бири шундай воқеани айтиб берган эди: “Бир куни хонамга кўринишидан туппа-тузук бир киши кириб келди. Ораста кийиниши, салобатли ва вазмин кўринишидан бирор лавозимдаги киши бўлса керак, деган ўйга бордим. Назокатли оҳангда, дид билан сўрашиши эса, хаёлимдан ўтган фикрни яна тасдиқлади.

 “Хуш келибсиз, биздан нима хизмат?” дея саволомуз қарадим. Бу гапимдан кейин нотаниш кишининг юзлари бироз тундлашиб, чуқур “уҳ” тортганча сўз бошлади: “Тақсир, менга ёрдамингиз жуда зарур. Шу десангиз, ўзим яхшигина бир жойда ишлайман. Қўл остимда анчагина одамлар меҳнат қилади. Сўнгги пайтлар ишим юришмай қолди. Гўёки барчаси тескари томонга кетаётгандек, тез-тез тобим қочиб қолади, даволаниш сабабидан назоратсиз қолаётган корхонамда иш унуми пасайиб кетди. Яхшигина ишлаб турган ишчиларим эса ишни ташлаб кетишяпти. Ҳамкор ташкилотлар шартномаларни сабабсиз бекор қилишмоқда. Ўйлаб ўйимга етолмайман, барчаси яхшигина кетаётган эди, бирданига нима бўлди, ҳайронман. Домла, бир ўқиб дам солиб қўйсангиз, ҳаммаси изга тушиб кетармиди, деган мақсадда олдингизга келдим.”

Имкон қадар унга тасалли бериб, ўқиб қўйдик-да, таскин сўзлар ила сабр қилмоғини айтиб, дуолар қилдик. Шу алфозда хайрлашаётган маҳалда, икки томонига бир-бир қараб, сергакланганча: “Домла, бир илтимосим бор, айтсам майлими?” деб қолди. “Айтинг”, деганимдан сўнг гап бошлади: “Қўл остимда бир неча йилдан буён бир аёл ишлайди. Тўғрисини айтсам, ўша аёл билан орамиз жуда яқин... хуллас, бир-биримизни ёқтирамиз. Аммо муаммо шундаки, ўртамизда никоҳ йўқ. Шу аёлни менга никоҳлаб қўйсангиз, домла, ҳар ҳолда, ҳалоллик деганларидай...” Бошимга биров гурзи билан ургандай бўлиб, жойимга ўтириб қолдим. Рангим ўзгарганини кўриб, гапини бошқа давом эттиролмади. Ҳадиксираган алфозда кўзлари бежо боқиб, бир вақтнинг ўзида мендан “ижобий” жавоб ҳам кутиб, жавдираб турарди. Бир неча сония ўтиб, ўзимни қўлга олиб, секингина, қаерда ишлаши ва исми шарифи билан қизиқа бошлаганимдан сўнг, дарҳол жуфтакни ростлаб қолди.”

Нафс қуллигига маҳкум бўлган бу банда бузуқлигининг касофатидан айни ҳайвоний сифатга эга бўлибди. Буни қаранг, инсондек мукаррам зотлар орасида ҳайвонларга ўхшаб қолиш тасаввурга сиғмайдиган даражада хорлик бўлса-да, бунга “эришганлар” ҳам топилар экан. Наҳотки “ҳалоллик” ҳақида “қайғураётган”, шунга “талпинаётган” инсон эркак ва аёл ўртасидаги бундай муносабатлар никоҳсиз бўлмаслигини, лоақал бир бора бўлса-да, ўйлаб ҳам кўрмаган. Ота-онаси фарзандининг шу каби қилмиш­ларидан хабардорми? Азизлар, бу каби муаммолар барчамизни бирдек ўйлантириб қўйиши аниқ.

Ғайриқонуний касб қилиш. Бундай балога учраб, иқтисодига ҳам зарар етган киши энди молу давлат талвасасига тушади. Қалб шу даражада хасталанадики, унга мол-дунёни қандай йўл билан топишнинг фарқи йўқ. Бу ҳар қандай йўл, биров мулкига хиёнатми, ўз мавқеини суиистеъмол қилишми, одам савдосими, ўғирликми, ҳеч биридан тап тортмасдан шуғулланади. Чунки у бир пасткаш, ўзига зулмкор кимсага айланди. Унинг ғафлат босган қалбидаги имони ҳам гўё милтиллаб қолган шам мисоли сўниб қолаёзган. Аллоҳдан қўрқишга ундайдиган ҳеч нарса қолмаган. Унга тузалишнинг биргина чораси – қилган ишидан қаттиқ надомат чекиб, тавба қилиб, нопок йўлга бошқа қайтмасдан, яхшиликда бардавом бўлишдир.

 

Дину имонга хатар

Юқорида нафс балосининг ортидан келадиган зарар ва хатарларни бирма-бир баён қилдик. Албатта, барчани бундай офатларнинг каттасидан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) огоҳ этганлар:

عن ابن عباس قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « إياكم والزنا ، فإن فيه أربع خصال : يذهب البهاء عن الوجه ، ويقطع الرزق ، ويسخط الرحمن ، والخلود في النار ». (رواه الطبراني في الأوسط)

Имом Табароний “Авсат” асарида ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зинодан сақланинг. Унда тўрт офат бор: юздан гўзалликни кетказади, ризқни кесади, Раҳмонни ғазаблантиради, дўзахда абадий қолишга сабаб бўлади”, дедилар.

Кимса бундай қабиҳ ишни содир этаётганида унинг қалбидан имондек бебаҳо улуғ неъмат суғуриб олинади. Бу эса унга етадиган хатарларнинг энг даҳшатлиси ва энг улканидир. Ваҳоланки, мўмин инсоннинг имонидан зиёда бойлиги бўлмайди. Буни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича баён этганлар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال النبي صلى الله عليه و سلم ( لا يزني الزاني حين يزني وهو مؤمن... (رواه البخاري)

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Зинокор мўмин ҳолида зино қилмайди...”, дедилар. Яъни, кимса ушбу катта гуноҳни Аллоҳдан қўрқмасдан қилишга журъат этдими, Аллоҳ таоло у бандасидан ўзининг ушбу неъматини олиб қўяди. Демак, мўмин айни шу ишни қилаётган вақтда имонсиз ҳолда бўлади.

Агар зинокор гуноҳда бардавом бўлиб, тавба қилмай вафот этса, Аллоҳ уни қиёмат куни азобга дучор этади. Аллоҳ таоло бундай дейди:

وَٱلَّذِينَ لَا يَدۡعُونَ مَعَ ٱللَّهِ إِلَٰهًا ءَاخَرَ وَلَا يَقۡتُلُونَ ٱلنَّفۡسَ ٱلَّتِي حَرَّمَ ٱللَّهُ إِلَّا بِٱلۡحَقِّ وَلَا يَزۡنُونَۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ يَلۡقَ أَثَامٗا٦٨ يُضَٰعَفۡ لَهُ ٱلۡعَذَابُ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ وَيَخۡلُدۡ فِيهِۦ مُهَانًا٦٩

«Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар. Қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур» (Фурқон, 68-69).

Ҳар бир замон ва маконда бузуқлик, турли фаҳш ишлар шармандалик келтирган. Барча пайғамбарлар умматларини бу каби қабиҳ ишлардан қайтарган.

Бундай гуноҳ ишнинг оқибатида мўминнинг бебаҳо неъмати бўлган имони, жавоҳирдан-да қиммат бўлган соғлиғи, инсон зийнати бўлган одоби, қадрдон оиласи, пок ризқи, жамоаси, хуллас, дунё ва охиратига улкан зиён етади. Ким бундай қалтис йўл қурбони бўлар экан,  икки дунё бахту саодатидан бебаҳрадир. Фарзанд тарбиясига лоқайд бўлган ота-она эса, бу дунёда исноддан бош кўтаролмасдан виждон азобида ўтади, охиратда эса уларга ғам-ғусса ва андуҳлар бўлиши муқаррар. Шу боис ота-она эътиборсиз бўлиб ёки истиҳола қилиб, бу тарбияни асло кечиктирмасликлари лозим.

Бундай нозик тарбия ўз вақтида берилса, қалбимиз қўри бўлган фарзандлар иффатли, ор-номусли бўлиб вояга етади. Ҳар бир нарсанинг ўз мавриди бўлганидек, фарзанд уйланиш ёшига етса, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига биноан, муносиб жуфт топиб, уйлантириш лозим. Чунки сабрнинг чегараси бор. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бир неча ёш йигитлар келиб, шикоятларини баён этишди: “Ё Расулуллоҳ, бизлар шаҳватни тийишда ожизмиз, бичтириш жоизми?” Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўз-ўзига зулм қилишга рухсат бермадилар.

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: يا معشر الشباب من استطاع الباءة فليتزوج... (رواه البخاري)

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин”, деганлар.

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Тарбия босқичларининг узвий боғлиқлиги;

Балоғатга етган йигит, қиз одоби;

Таяммумнинг шартлари;

Эр-хотин муносабати;

Read 3849 times
Top