Кутубхона

ИСТИҒФОР ВА ТАВБАНИНГ ФАЗИЛАТИ

ДИН НАСИҲАТДИР

Тамим Дорий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир!”, деганлар (Имом Бухорий).

Шунда саҳобалар: “Ким учун, ё Расулуллоҳ!” деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун, Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ва оммаси учун”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

“Насиҳат” сўзи луғатда “холис”, “самимият”, “содиқ” деган маъноларни англатади. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир!” деганларида диннинг моҳияти насиҳат, тўғрилик ва барқарорлик ҳамда хотиржамлик эканини назарда тутганлар.

Бир ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Мендан олдин Аллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг ҳаворийлари ва саҳобалари бўлиб, улар пайғамбар йўлидан юрган, унинг амрига итоат этган. Ундан кейин келган инсонлар унга хилоф қилган, қилмаган ишларини айтишган ва буюрилмаган ишларни қилишган. Ким қўли билан уларга қарши чиқса, у мўминдир, ким тили билан уларга қарши чиқса у мўминдир, ким дили билан уларга қарши чиқса, у мўминдир. Бундан бошқа кишида тариқча имон йўқ” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисни бошқа бир ҳадис шарҳлаб келган:

عَنْ أَبِي سَعِيد الْخُدْرِيِّ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُول اللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُول: “مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَف الْإِيمَان”.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир ёмонлик кўрса, уни қўли билан қайтарсин, кучи етмаса, тили билан қайтарсин, шунда ҳам кучи етмаса, дили билан қайтарсин, мана буниси эса имоннинг энг заифидир”, деганларини эшитдим» (Имом Муслим).

Демак, мўмин киши бирор ёмон ишни кўрса, ундан бошқаларни қайтариши ҳам насиҳат экан. Ислом маданиятига қаранг, биринчи қўл билан, кейин тил билан, кейин дил билан қайтаришга буюряпти. Фақат қўл ёки фақат тил билан қайтариш эмас, балки энг сўнгги умид дил билан, ич-ичдан ёмон кўриш ҳам керак экан. Мана шу орқали мусулмон киши насиҳат қилган бўлади, бу орқали жамиятда юзага келадиган турли кўнгилсизликлар олди олинади.

Насиҳат энг аввало, Аллоҳ учун, кейин унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун, имомлар, яъни бошлиқлар ва омма учун бўлиши ҳадиси шарифда айтиб ўтилди. Қуйидаги икки ривоят насиҳатнинг нақадар улуғ иш эканини кўрсатади.

  1. Умар (розияллоҳу анҳу) халифалик даврида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Баҳрайнга волий этиб тайинланади. Бир сафар Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Мадинага келганида ёнида ўн минг дирҳам пул бор эди. Уни кўрган Умар (розияллоҳу анҳу) Абу Ҳурайрага: “Буларни ўзлаштирдингми, эй Аллоҳнинг ва Китобининг душмани”, деди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Мен Аллоҳнинг ва Китобининг душмани эмас, балки у иккисига душман бўлганларнинг душманиман”, деди. “Унда булар сенга қаердан келди”, деди халифа. “Отим бор эди, туғди. Уни сотиб, пулини тижорат учун айлантиришга бердим”, деди Абу Ҳурайра. Умар (розияллоҳу анҳу) бу ҳолатни текшириб кўрди ва пулни қаердан олганини аниқлагач, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)га бу пул ҳалол эканини англаб етди ва унинг волийлик ишлари баракасини сўраб дуо қилди.

Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Ёмон кўрсанг ҳам сенга яхшиликни истаб шундай қилдим”, деди ва Юсуф (алайҳиссалом) ҳақларида сўз очмоқчи эди, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Юсуф (алайҳиссалом) пайғамбар бўлган. Мен эса, Абу Ҳурайраман, билмасдан гапиришдан қўрқаман, чунки таъзирим берилиши, молим тортиб олиниши ва шаънимга ёмон сўзлар айтилиши мумкин”, деди.

  1. Бир куни Абу Зарр Ғифорий (розияллоҳу анҳу) Муовия ибн Абу Суфённинг кўп мол эҳсон қилганини кўрди ва унга: «Агар инфоқ қилганларинг давлат хазинасидан бўлса, сен хоинсан. Биласан, “Аллоҳ таоло хоинларни ҳидоят қилмайди”(Юсуф, 52). Агар улар ўзингники бўлса, унда сен исроф қилдинг, “Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди” (Аъроф, 31) деди».

Бу ривоятда Муовия ибн Абу Суфёнга Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) молни тўғри сарфлаш хусусида насиҳат қилди.

Насиҳат мусулмонларнинг имомларига бўлиши ҳадисда зикр қилингани каби, оддий бир саҳоба Муовия (розияллоҳу анҳу)нинг кўп мол сарфлаганини кўриб, унга ояти каримани эслатиб қўйди. Демак, динда насиҳат ҳар бир нарсада бўлиши ва ҳар ким томонидан айтилиши мумкин экан.

“Дин насиҳатдир”, дейилганда фақат бировларга ақл ўргатиш эмас, балки ҳар бир лаҳзани яшаб кўрсатиш ва шу орқали ўрнак бўлиш лозим. Зеро, юқоридаги икки ҳикояда қандай насиҳат қилингани гувоҳи бўлдик. Мўмин киши айтиб эмас, балки яшаб насиҳат қилиши керак.

Халқ орасида пайдо бўлган айрим нотўғри тушунчалар кишини ажаблантиради. Баъзан: “Домланинг айтганини қил-у, қилганини қилма”, деган маънодаги гап-сўзлар қулоғимизга чалиниб қолади. Аслида, бу нақлнинг маъноси бутунлай бошқача: “Домла жамоатга нафл ибодатларни буюрмайди, балки фарз, вожиб ва суннат амалларга риоя қилишга чақиради. Ўзи эса, нафл ибодатларни ҳам бажаради. Бу оммага малол келмаслиги учун: “Домланинг айтганини қил-у, қилганини қилма”, деган нақл пайдо бўлган.

Бу ҳам бир насиҳат. Чунки дин машаққат эмас, енгилликдир.

 

ИСТИҒФОР ВА ТАВБАНИНГ ФАЗИЛАТИ

Инсон гоҳо билиб-билмай хатолар қилиб қўяди. Ўзининг хатосини тан олган киши қайтиб бу ишни қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки инсон ўзи қилган ишларни тафаккур қилиши лозим. У хато қилганда тавба қилиш имконияти борлигини англайди. Аллоҳ таоло унга имконият беради. Чунки У ўта меҳрибон ва шафқатли Зотдир.

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўтган ва келаси барча гуноҳларини мағрифат қилинганига кафолат борлигига қарамасдан, у зот ҳар куни етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтган ва тавба қилганлар”, дейилади (Имом Бухорий ривояти).

Одам (алайҳиссалом) айтади: “Аллоҳ Муҳаммад умматига менга бермаган тўртта афзалликни берди: биринчиси, менинг тавбам Маккада қабул бўлди. Муҳаммад уммати қаерда тавба қилса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилади. Иккинчиси, мен осий бўлган вақтимда, Аллоҳ либосимни олиб қўйди, аммо Муҳаммаднинг уммати яланғоч ҳолда осий бўлса ҳам, Аллоҳ уларни либослантиради. Учинчиси, осий бўлган вақтимда аёлим билан орамиз ажратиб қўйилди. Аммо Муҳаммаднинг уммати осий бўлса-да, улар билан хотинларининт ораси ажратиб юборилмайди. Тўртинчиси, мен жаннатда осий бўлган эдим, Аллоҳ мени у ердан чиқариб юборди. Аммо Муҳаммаднинг уммати жаннатдан ташқарида Аллоҳга осий бўлади, лекин тавба қилса, Аллоҳ уларни жаннатга киритади”.

Ҳар бир мўминга тавба қилиш вожиб ҳисобланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَيَٰقَوۡمِ ٱسۡتَغۡفِرُواْ رَبَّكُمۡ ثُمَّ تُوبُوٓاْ إِلَيۡهِ يُرۡسِلِ ٱلسَّمَآءَ عَلَيۡكُم مِّدۡرَارٗا وَيَزِدۡكُمۡ قُوَّةً إِلَىٰ قُوَّتِكُمۡ وَلَا تَتَوَلَّوۡاْ مُجۡرِمِينَ٥٢

«Эй қавмим! Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетманг!» (Ҳуд, 52)

Бошқа бир ояти каримада эса:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ تُوبُوٓاْ إِلَى ٱللَّهِ تَوۡبَةٗ نَّصُوحًا عَسَىٰ رَبُّكُمۡ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمۡ سَيِّ‍َٔاتِكُمۡ وَيُدۡخِلَكُمۡ جَنَّٰتٖ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ يَوۡمَ لَا يُخۡزِي ٱللَّهُ ٱلنَّبِيَّ وَٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مَعَهُۥۖ نُورُهُمۡ يَسۡعَىٰ بَيۡنَ أَيۡدِيهِمۡ وَبِأَيۡمَٰنِهِمۡ يَقُولُونَ رَبَّنَآ أَتۡمِمۡ لَنَا نُورَنَا وَٱغۡفِرۡ لَنَآۖ إِنَّكَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٞ٨

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинг, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан”, дерлар» (Таҳрим, 8).

Модомики, гуноҳ Аллоҳ билан банда орасида бўлар экан, бошқа бирон кишининг ҳақи аралашмаган бўлса, албатта, Парвардигор уни кечиради. Фақат учта шарт бажарилса:

  1. Гуноҳдан буткул узоқлашиш.
  2. Астойдил тавба қилиш.
  3. Гуноҳга қайтмасликка аҳд қилиш.

Агар учликдан биронтаси бажарилмаса, тавба қабул бўлмайди.

Агар бошқа бирор кишининг ҳақи аралашган бўлса, юқоридаги учта шарт ва ўша кишини рози қилиш билан тавба қабул қилинади.

Кунларнинг бирида Робиъа Адавийянинг уйига тунда ўғри киради ва бир обдаста сувдан бошқа ҳеч нарса топа олмайди. У уйдан чиқиб кетиш учун эшик томон юраётганида Робиъа унга: “Эй фалончи, агар сен ростдан ҳам ўғри бўлсанг, уйимдан қуруқ чиқиб кетма”, дейди. Ўғри талмовсираб: “Мен ҳеч нарса олганим йўқ”, дейди. Робиъа: “Обдастани олда, таҳорат қилиб, ҳеч бўлмаса икки ракат намоз ўқиб чиқиб кет”, дейди. Ўғри унинг айтганини қилади, таҳорат олиб намоз ўқишга киришади. Робиъа осмонга қўлини кўтариб: “Эй Раббим, мана бу банданг менинг эшигимга келиб ҳеч нарса топа олмади, уни Сенинг даргоҳингга жўнатдим, фазлингдан бебаҳра қайтарма”, дейди. Ўғри икки ракат намозни тугатиб, ибодат лаззатини бутун вужуди билан ҳис этади ва тонг отгунича ибодат қилади. Тонг чоғи Робиъа унинг олдига кирса, боши саждада Яратганга муножот қилар эди.

Эрталаб Робиъа унга: “Тунни қандай ўтказдинг”, дейди. “Раббим ҳузурида синиқлик билан ибодат қилдим, тавба ва истиғфор айтдим, хато ва гуноҳларим кечирилишини сўрадим”, деди.

Робиъа қўлини дуога очиб: “Парвардигоро, бу банданг соатлаб Сенинг даргоҳингга қўл кўтариб турибди, уни ноумид қўйма”, деб дуо қилади.

Не мақсадлар билан кирган ўғри обида аёлнинг дуоси билан обид банда бўлиб чиқиб кетди.

Аллоҳнинг даргоҳи кенг, қилган хатоларимизни кечириши шаксиз, имконият бор, вақт ғанимат, фойдаланиб қолайлик, азизлар!

Васият охирида: “Тадбир каби ақлли иш йўқ, тийилиш каби тақво йўқ ва чиройли одоб каби насаб йўқдир”, дейилганида ҳар бир ишни қилишдан олдин пухта ўйлаб, оқибатини кўз олдига келтириб, кейин амалга ошириш тавсия қилинди. Қанчалаб инсонлар аҳмоқлиги туфайли ҳалок бўлганига тарих гувоҳ.

Асмаъий айтади: «Бир араб боладан: “Сенда минг дирҳам бўлса-ю, лекин аҳмоқ саналсанг, мамнун бўласанми”, деб сўрадим. У: “Йўқ, асло”, деди. “Нима учун?” деб сўрадим. “Аҳмоқлигим туфайли бирон жиноят қилиб қўйишдан қўрқаман, мол кетади, аҳмоқлигим яна давом этади”, деди».

Луқмони Ҳаким ўғлига: “Аҳмоқ билан дўстлашма, гарчи у гўзал бўлса ҳам. У қилич каби кўриниши чиройли бўлиши мумкин, лекин оқибати ёмон бўлади”, деди.

Ҳар қандай касалликнинг шифоси бўлиши мумкин, лекин аҳмоқликка даво йўқ. Ким уни даволайман деса, ўзи ҳам унинг гирдобига тушиб қолади.

Ҳадиси шарифда айтилади: “Уч нарсадан бири кимда бўлмаса, унинг амали йўқ деб ҳисобланг: гуноҳлардан тийилиш учун Аллоҳдан қўрқиш; аҳмоқлардан тийилиш учун ҳалим бўлиш; инсонлар билан муроса қилиш учун яхши хулқли бўлиш” (Имом Термизий ривояти).

Гўзал хулқ киши имонини мукаммал қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қандай мўминнинг имони комил ҳисобланади, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўмин”, деб жавоб берганлар (Абу Довуд ривояти).

Гўзал хулқли киши тунлари бедор, кундузлари рўзадор киши даражасини қўлга киритади, деган ривоятлар бор. Одатимизга мувофиқ гўзал хулқни улуғ васиятлар соҳиби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан излайлик. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Мен комил хулқларни маромига етказиш учун юборилдим”. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ахлоқлари ҳақида сўралганда: “Ахлоқлари Қуръон эди”, деган. Шу сабабли у киши барчага ўрнак эдилар. Аллоҳни ва охират кунини истовчилар учун тирик намуна эдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашган қанчалаб инсонлар улуғ ажр ва мукофотларга эришди.

“Гўзал хулқ соҳиби ҳузур-халоватдадир, инсонлар ундан мамнун бўлади, ёмон хулқли кишилардан ҳамма безор. Фазилат ақл ва одоб билан кўринади, бойлик билан эмас. Кимнинг одоби ёмон бўлса, насаби йўқ бўлиб кетади, кимнинг ақли адашса, асли ҳам адашади”.

Ҳа, азизлар! Биз юксак хулқ соҳиби бўлган зотнинг умматларимиз. Омадимиз, бахтимиз бўлмиш гўзал хулқ нима эканини қидирмаймиз, балки у тўла-тўкис бизларга кўрсатиб кетилган, фақат сўзда эмас, амалда ҳам. Шундай экан, имкон қадар уни ўзимизда мужассамлаштирайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи ярлақасин! Муборак васиятларда айтилган сифатлар билан сифатланишни насиб айласин, омин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ТЎРТИНЧИ КИТОБ

ТЎРТИНЧИ ВАСИЯТ:

Итоат – улуғ ибодат!;

Хотиннинг эрига итоатсизлик қилиши;

 

Read 4134 times
Top