Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: САМОЪ.  МАДАД СЎРАШ.  ЎЗАРО АНГЛАШУВ ЗАРУР.

 

 САМОЪ

«Самоъ» сўзи арабча бўлиб, «эшитиш» маъносини англатади. Бу сўз тасаввуфга хос истилоҳлардан бирига айланиб қолган. Тасаввуфда «самоъ» сўзи зикр ёки зикрга оид нарсаларни эшитишга ишлатилади.

Бунда зикр учун мусиқа, қўшиқ, шеър ва бошқа нарсаларни эшитиш кўзда тутилган. Турли омилларга кўра, сўфийлар орасида зикрни рақс тушиб туриб қилиш, мусиқа ила қилиш, турли шеърларни оҳанг ила айтиш, ёш болаларни гўзал кийимлар кийгизиб, ўртага ўтирғизиб қўйиб адо этиш каби ғалати одатлар пайдо бўлган. Бунга асосан сунний тасаввуфга бегона бўлган унсурлар сабаб бўлган. Баъзи бир боҳисларнинг таъкидлашларича, чет эллардаги ва бошқа динлардаги тоифалар сабаб бўлган ҳолатлар ҳам бор.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг «Ламаҳотун минат-тасаввуфи ва тарихиҳи» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфнинг ёмон насибаларидан бири чегарасиз равишда бошқа маданиятлар, йўналишлар ва фикрларга очиқ бўлишдир. Ўшалар ўзи билан соғлом мантиқ ва тафаккурга тўғри келмайдиган турли нарсаларни олиб келганлар.

Ҳижрий еттинчи асрда Ироқ ва араб шарқига ҳинд мутасаввифлари келишган. Улар ҳакимлардан кўра кўпроқ фирибгарларга ўхшар эдилар. Ўшалар сўфийларнинг ҳалқаларига турли сунъий банжларни олиб кирдилар ва уларни «банжи асрор» деб атадилар. Яна «Фалакнинг айланишига ўхшайди» деб, айланиб тушиладиган рақсни ҳам киритдилар. Бу рақс Мавлавий тариқатида ҳозиргача ижро этилиб келмоқда.

Улар кийимларни йиртишни ҳам одатга киритдилар. Бу худди суюқ амирларнинг гўзал қўшиқчи қизларнинг қўшиғини эшитганда қиладиган ишига ўхшайди.

Бидъатлар бирин-кетин келаверди. Афсунгарлик ўсаверди. Охири бориб каромат билан сеҳрнинг орасини ажратиб бўлмайдиган ҳолга етди. Бу ишлар Басрадаги Рифоъия, Мисрдаги Байюмия, Микносдаги Ийсавия тариқатларида авж олди. Улар орасида илон, чаён, чўғ ва шиша синиқларини ейиш, баданларга пичоқ ва қиличларни санчиш ва бошқа шунга ўхшаш ишларни қилиш кенг тарқалди.

Деярли барча тариқатларда зикр давомида бақир-чақир ва дод-войлар кўпайди. Уларда Аллоҳ таолонинг исми ўрнига турли англаб бўлмайдиган овозларни чиқариш одатга айланди. Мазкур овозлардан баъзиларини ҳарф билан ифода қилиб ҳам, ёзиб ҳам бўлмайди.

Мана шу нотўғри ишларнинг содир бўлмаслиги учун кўпчилик уламолар зокирларга Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини билиб олишни шарт қилиб қўйдилар.

Баъзи сўфийларда «шоҳид ила сабоъ» деган бидъат зоҳир бўлди. Бу бидъат бўйича, улар ёш болаларга гўзал кийимларни кийгизиб, ҳалқанинг ўртасига ўтирғизиб қўядилар. Уларнинг бу ишни қилишга келтирган баҳоналари шуки, гўзал манзарани тааммул қилиш Аллоҳ таолога тасбеҳ айтишга тенг эмиш. «Чунки ўша нарсада Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири сокин бўлгандир», дея даъво қиладилар».

Ушбу иқтибосда келган ҳар бир нарсага сўфийларнинг ўзлари далил ва ҳужжат келтирадилар.

Рақсни мубоҳ деган сўфийлардан бири Абу Абдурраҳмон Силмий ва яна бири имом Ғаззолийдир.

Рақсни жоиз деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга: «Мен сенданман, сен мендансан», деганларида, у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакраганларини далил қилиб келтирадилар.

Иккинчи далил: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Зайд розияллоҳу анҳуга: «Сен биродаримиз ва мавломизсан», деганларида, у кишининг хурсандчиликдан бир оёқларини кўтариб, иккинчисини тушириб сакраганлари.

Учинчи далил: Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳабашларнинг рақсини томоша қилганлари.

Аммо уламолар бу гапларни қатъиян рад қиладилар. Ибн Жавзий ва Жавҳарий: «Хурсандчиликдан бир оёқни кўтариб, иккинчисини тушириб сакраш ва ҳабашларнинг ўйини рақс эмас, хурсандликни ифода этувчи енгил ҳаракатдан бошқа нарса эмас», деганлар.

Рақс тушадиган мутасаввифлар ҳақида имом Моликдан сўралганида: «Улар гўдакми ёки жинними?! Аҳли Исломдан бирортаси буни қилганини эшитганимиз йўқ», деганлар.

Биз ўзимиздан қўшамизки, юқоридаги уч ҳолатни рақсга далил деб фараз қилган чоғимизда ҳам, зикр учун рақс тушиш мутлақо мумкин эмас. Ахир ўзи учун хурсандчилик хабарини эшитган одамнинг қувончдан сакраши ва ийд куни ҳарбий машққа ўхшаш ўйин кўрсатиш билан Аллоҳ таолони зикр қилишни рақс ила ижро этиш орасида фарқ бўлиши керак-ку!

Ибн Қудома Мақдисий самоъ ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки у зотнинг саҳобаларидан бирортасининг ҳам бу номаъқул йўлга юрганлари нақл қилинмаган. Ҳеч замонда кечаси тонг отгунча самоъ билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинмаган. Ҳеч ким «Ким рақс тушса, унга бунча савоб бўлади», дегани йўқ. Ҳеч ким «Қўшиқ қалбда иймонни ўстиради», дегани йўқ. Ҳеч ким «Уларни эшитишда ажр бор», дегани йўқ!»

Самоънинг мазаммати ҳақидаги фуқаҳоларнинг фатволари жуда ҳам кўп. Уларни қайта-қайта такрорлаб ўтирмаймиз. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчиликнинг маломатига сабаб бўлган ўша ҳолатлар ҳозир ҳам баъзи бир жойларда давом этиб келмоқда.

Аммо бизнинг диёрларимизда асосан Нақшбандия тариқати кенг ёйилгани учун, бу нарсалар тарқалмай қолган. Бу ерларда самоъда баъзи байтларни мусиқасиз, оҳанг билан айтиш бор. Буни эса ҳозирги замонимизда тасаввуфда кўпгина илмий ишлар олиб борган кишилар ҳам жоиз нарса сифатида эътироф қиладилар.

Устоз Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тарбиятунар-руҳия» номли китобида қуйидагиларни ёзади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар билан ўтказган ҳаётлари давомида «ҳадаа» маълум нарса бўлган. (Ҳадаа – шеърни хиргойи қилиш.) Баъзилар юриб кетаётиб, ҳадаа айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ҳадаада иштирок этганлар. Саҳобалар шеър айтар эдилар. Ўша шеърларнинг баъзилари оҳанг билан айтиларди. Баъзиларини қизлар, баъзиларини эркаклар иш ва юриш давомида айтганлар.

Аммо саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг доимий бўлмаса ҳам, ғолибо самоълари Қуръони Карим бўлган.

Шеър айтиш ёки ўқиш ҳам бўлган. Лекин бу нарсалар асосан дам олиш пайти, хурсандчилик ва тўй муносабатлари ила бўлган.

Ибн Касир, Ибн Мурдавайҳи ва Насаий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларнинг бирортангиз бир оёғини иккинчисининг устига қўйиб олиб, қўшиқ айтаётганини зинҳор кўрмай. Бақара сурасини ўқимай қўймасин. Шайтон Бақара сураси ўқилган уйдан қочади. Албатта, уйларнинг энг кичиги Аллоҳнинг Китобидан холи бўлганидир», деганлар.

Бу эса саҳобалар ҳаётида асосий самоъ Қуръони Карим бўлганини билдиради.

Шеърнинг ҳам ўз ўрни бор. Лекин бу нарса уларнинг ҳаётида худди таомга қўшиладиган туз каби бўлган. Шунингдек, уларнинг ҳаётида оҳанг билан бир нарса айтишнинг ҳам ўрни бўлган. Аммо бу нарсалар уларнинг улкан ишлар билан тўлиб-тошган улуғ ҳаётларидан оз жой эгаллаган.

Бу гаплар баъзи сўфийларга эътироз сифатида айтиладиган нуқталардан биридир. Уларнинг ҳаётида оҳанг ва гўзал овоздан ҳузурланиш саҳоба розияллоҳу анҳумнинг ҳаётларидагига қараганда катта улуш олгандир».

Ўша чегараланган самоъ вақтида ҳам одобга риоя қилиш қаттиқ таъкидланади. Тўғри йўлдаги сўфийлар бу борадаги одобларни ҳам тартибга солганлар:

  1. Самоъ вақтида гапирмаслик.
  2. Беҳуда нарсалар билан шуғулланмаслик.
  3. Табассум қилмаслик.
  4. Овозини баланд қилмаслик.
  5. Кийим-бошини йиртмаслик.
  6. Бошини қимирлатмаслик.
  7. Қарсак чалмаслик.
  8. Самоъ учун махсус тўпланмаслик.
  9. Самоъ бўлмаса, ахтармаслик.
  10. Танбур чалиш ва «Яшанг, яшанг», дейиш бўлмаслиги.
  11. Тор бўлмаслиги.
  12. Доира ҳам, дўмбира ҳам бўлмаслиги.
  13. Шам, тўшаклар ва ёстиқлар бўлмаслиги.

Бу борада Нақшбандия тариқати жуда ҳам қулай ҳолатда бўлиб келган. Чунки суннатга энг яқин деб эътироф қилинган бу тариқатда одатдаги зикрни ҳам овозни чиқармай қилиш йўлга қўйилган.

 

МАДАД СЎРАШ

Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, бошларига тушган мушкулларни кушойиш қилишларини сўраганлар. Шунингдек, бирор фойдали иш бўлишини ҳам сўраганлар. Бу ҳол айниқса одамлар бошига оммавий кулфат тушган пайтларда ёрқин намоён бўлади. Ўша пайтларда зикрлар уюштирилиб, «Ё мадад! Ё мадад!» кўпайиб қолади. Ҳар қавм ўзи эътиқод қиладиган валий ёки солиҳ кишининг исмини айтиб, мадад сўрайди.

Аксар ҳолларда Хизр алайҳиссаломдан мадад сўраш одат тусига кирган. Оналар болаларини бирор жойга юбораётиб: «Хизр бувам қўлласин», дейдилар. Бошқаларда ҳам бунга ўхшаш мадад сўрашлар тез-тез такрорланади.

Одатда беморлигига шифо излаганлар ҳам бирор авлиёнинг қабрини зиёрат қилиб, назр атаб туриб, дардига шифо сўрайди. Баъзилар фарзанд сўрайди. Яна бошқа бировлар ўзининг бошқа ҳожатининг раво бўлишини тилайди. Улар қабр тошларини ўпиб, кўзларига суртадилар, яна бошқа бидъат ишларни қиладилар.

Уламоларимиз бу ишларнинг барчасини инкор қиладилар ва уларга қарши курашадилар. Улар тирик ёки ўлик шахслардан, ким бўлишларидан қатъи назар, мадад сўраш ширк эканини тинмай таъкидлайдилар.

Аммо тасаввуф сафига суқилиб кириб қолган баъзи бировлар мазкур ишларни ўзларича таъвил қиладилар. Улар аҳли солиҳ кишилар тирикликларида ҳам, ўтганларидан кейин ҳам ўз руҳлари билан мадад бера олишларини даъво қиладилар. Бу даъволарини тасдиқлаш учун турли қиссалар ҳам айтадилар. Улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирамиз.

Бир мурид оғир юкни кўтариши керак бўлиб қолибди. У ҳарчанд уринса ҳам, ҳалиги юкни кўтара олмабди. Кейин шайхи эсига тушибди-да, «Ё пирим», деб туриб кўтарган экан, дарҳол юкни кўтариб, йўлига равона бўлибди. Манзилга етгандан кейин пирининг олдига кириб, бўлган ҳодисани айтибди. Шунда пир: «Юкни сен кўтардинг-у, азобини биз тортдик», деб елкасини очиб кўрсатибди. Қараса, елка юк ботганидан шилиниб кетган эмиш.

Бу дунёдан ўтиб кетган авлиёларнинг ихлос қилган кишиларга берган «ёрдамлари» ҳақида сон-саноқсиз қиссалар бор ва улар тинмай янгилари билан тўлиб боради.

Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққан олимлар мадад сўраш масаласида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларнинг сабабларини ҳам аниқлаганлар.

Ўша сабаблардан бири шийъа мазҳабидан таъсирланиш, дейдилар мазкур олимлар. Турли омилларга кўра, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги кишилардан баъзилари аҳли ташаййуънинг фикрларидан таъсирланган ҳолатлар ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидаги кишиларда имом ҳақида ўзига хос эътиқод бор. Ўша эътиқодга биноан, имом ғайбни билади, халойиқнинг нидоларини эшитади ва ҳоказо. Тариқатда юрган баъзи кишилар ҳам ўз шайхлари ҳақида мана шу эътиқодни қиладилар.

Замонамизнинг кўзга кўринган алломаси Абулҳасан Надавий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Араб шарқидаги саёҳатчининг эсдаликлари» номли китобларида тариқат шайхларидан бирининг эшиги олдида ҳалқа бўлиб олиб зикр қилаётган кишилар «Мадад! Эй саййидим Ҳасан! Сен – султони замон!» деб турганларини кўрганликларини ёзганлар ва шайхлар тавҳидга зид бу ҳолни кўриб туриб, жим турганларидан ажабланганлар.

Мазкур сабабларнинг иккинчиси ва асосийси баъзи бир оят ва ҳадиси шарифларни нотўғри таъвил қилиш ёки ўта заиф ҳадиси шарифларни ҳужжат қилиб олишдир.

Баъзи бир илмли шайхлар бу ҳолни енгиллаштириш учун мадад фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина бўлишини таъкидлаш билан бирга, азиз-авлиёлардан мадад сўраш ишини бошқачароқ тушунча асосида англашга ёки англатишга ҳаракат қиладилар.

Замондош тариқат шайхларидан Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи фазилатли шайх Муҳаммад Закий Иброҳим ҳазратлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Аммо «мадад» деган гапларига келсак, албатта, йўқдан бор қилиш ва мадад бериш неъмати фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига хосдир ва Аллоҳ таолонинг Ўзидангинадир. Бу дунё ҳаёти ҳам, охират ҳаёти ҳам, мулкнинг барчаси ҳам, малакутнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ таолонинг яратиши ва мадади билан бўлади. У Зотнинг Ўзи «Ҳаммасига, анавиларига ҳам, манавиларига ҳам Роббинг атосидан мадад берурмиз!» деган (Исро сураси, 20-оят). Бу оят комил ва шомилдир. Бошқа бир оятда «Ҳаммаси Аллоҳнинг ҳузуридан, деб айт!» дейилган (Нисо сураси, 78-оят).

Банда йўл ва сабабдир.

Ҳар бир нарсага йўл ва сабаб бор.

Бас, агар мадад сўровчи тирик шайхдан мадад сўраётган бўлса, унинг мадад сўрашдан мақсади илм, иршод ёки дуо сўрашдир. Қалб орқали ёки нафс орқали ёхуд шайхнинг иймон сирлари, ибодат қуввати ва робитаи ҳузур билан йўғрилган қувватидан руҳий оқим ёки таъсирини сўрашидир.

Ҳар бир махлуқнинг таъсир қилувчи кучи, магнит оқими ва йўналишлари бор. Буни эски ва янги илм исбот қилди. Ҳамда бунга инсондаги шижоат, мурувват, ҳиммат ва шунга ўхшаш нарсаларни далил қилди. Буларнинг ҳаммаси махфий қувватлардир. Биз уларни турли номлар билан атаб, «ахлоқ» деб васф қилганмиз.

Сўнгра буни янги илми нафс ҳам тасдиқлади. У ҳасадни инсондаги ёмон қувватга мисол қилиб олди. Бу нарса инсондаги ёмон қувватга муқобил ўлароқ яхши қувватлар борлигига далилдир. Ўша қувватлар бошқаларга худди ҳасад қилинган шахсга таъсир кўрсатганидек таъсир кўрсатади. Ҳар бир нарсанинг муқобили бордир. Бу унинг зиддидир.

Сўнгра дунёнинг барча дорилфунунлари ва маҳкамалари томонидан эътироф этилган магнит ухлатилиши ҳам бор. Бу нарса инкор қилиб бўлмайдиган далилдир.

Шайх Ибн Қайюм ўзининг «Руҳ» номли китобида тириклар ва ўликларда кўпгина инсоний қувват ва энергиялар борлигини таъкидлаган:

«Агар вафот этган шайхдан мадад сўралса, унинг Ҳаққа яқин ҳолда, барзахда ҳаёт турган руҳидан сўрайди. Ундан ўзининг ишларида Аллоҳ таолога шафоатчи бўлиб йўлланишини сўрайди. Руҳлар ўз оламида замон ва макон чегараси ила боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Чегара ва чеклашлар башарий ҳаёт натижасидир. Руҳлар эса озодлик оламидадир. Шубҳасиз, бу нарса энг хатарли тойиш жойларидан биридир. Буни тўғри англаб етишга ва забт қилишга фақат юксак ақл эгаларигина қодир бўладилар.

Бу тасаввуфга нисбат бериладиган баъзи жамоаларнинг алаҳлашга ўхшаш ҳолатларини жоиз нарса деганим эмас. Мен бу мавзунинг аҳли илм наздида қандай тушунилишини айтиб ўтдим, холос. Ҳар бир ҳаққа ўхшаган ботил ҳам бор. Кўзи очиқ билан кўр, зулмат билан нур тенг бўла олмас».

Бошқа бир замондош уламо, тасаввуф ҳақида бир қанча китоблар ёзган мутахассис Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тарбиятунар-руҳия» номли китобининг 312-313-бетларида бу борада тамоман бошқача фикр тақдим этади:

«Авлиёлар Аллоҳ таолонинг «Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир» деган қавлида зикр қилингандирлар. Уларнинг кароматлари шариатдаги шартлари ила собитдир. Шу билан бирга, эътиқод шулки, улар розияллоҳу анҳум ўзларига ҳаётлик чоғларида ҳам, мамотларидан кейин ҳам наф ва зарар бера олмайдилар. Бас, шундай экан, ўзгаларга ҳеч нарса бера олмасликлари турган гап.

Ривоятларда келган, ҳадисларда таърифланган кайфиятда қабрларни зиёрат қилиш шариатда суннат ҳисобланади. Аммо ким бўлишларидан қатъи назар, қабрдагилардан мадад сўраш, уларга бу ҳақда нидо қилиш, улардан ҳожатларни раво қилишларини сўраш, уларга назр аташ, қабрларни безаш, мунаввар қилиш, силаш, Аллоҳдан бошқа билан қасам ичиш ва улардан келиб чиқадиган бидъатлар гуноҳи кабиралар бўлиб, уларга қарши курашиш лозим. Баъзи ғаразли кишиларнинг турли сафсаталарига дарча очмаслик учун бу ишларни таъвил қилишга ўтмаймиз.

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганса, тавҳид ақийдасини ҳимоя қилиш энг муҳим масала эканини яққол кўради. Ҳеч шубҳа йўқки, мазкур нидоларга ўхшаш нарсаларни таъвил қилиш имкони бўлса ҳам, улар энг оз деганда, баъзи одамлар учун ширк эшикларидан биридир.

Баъзи кишилар авлиё ва шайхларга нидо қилиб, мадад сўраш шийъалардан кириб қолган нарса эканини баҳона қиладилар ва бунга шийъалар ишлатадиган «мадад» сўзини далил қилиб келтирадилар.

Баъзилари эса руҳларнинг бу дунё билан алоқаси бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар.

Аммо униси ҳам, буниси ҳам тавҳиднинг аслига таъсир ўтказадиган мазкур ишларни оқлаш учун кифоя қилмайди. Аллоҳ таоло бизга ўтганларга дуо қилишимизни амр қилган, улардан бирор нарсани сўрашни амр қилмаган. Аллоҳ таоло мўминларнинг васфида шундай марҳамат қилади:

وَٱلَّذِينَ جَآءُو مِنۢ بَعۡدِهِمۡ يَقُولُونَ رَبَّنَا ٱغۡفِرۡ لَنَا وَلِإِخۡوَٰنِنَا ٱلَّذِينَ سَبَقُونَا بِٱلۡإِيمَٰنِ وَلَا تَجۡعَلۡ فِي قُلُوبِنَا غِلّٗا لِّلَّذِينَ ءَامَنُواْ رَبَّنَآ إِنَّكَ رَءُوفٞ رَّحِيمٌ١٠

«Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозимизда «Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин», дейишимизни таълим бердилар.

Иш чаппасига айланиб, уларнинг ҳаққига дуо қилиш ўрнига, улардан мадад сўраб турсак, шубҳасиз, хато қилган бўламиз».

 

ЎЗАРО АНГЛАШУВ ЗАРУР

Аввал ҳам бир неча бор таъкидланганидек, тасаввуф ҳақида мусулмонлар орасида хилма-хил қарашлар мавжуд. Баъзилар тасаввуфни «куфр ва ширк» дейдилар. Баъзилар эса тасаввуфдан бошқа нарса ботил, дейдилар. Кўпчилик ҳар нарсага ўзига тегишли баҳо беради. Бу масаладаги асосий тортишув биринчи икки тоифа орасида боради.

Ҳозирги кунимизга келиб, икки тарафни бир-бирига яқинлаштириш борасида бирмунча ишлар қилинди ва қилинмоқда. Кўпчилик ҳар бир нарса каби, бу масалада ҳам ҳақиқат ўз ўрнини топишига ишонмоқда.

Ҳижрий 1423, милодий 2003 сананинг ҳаж мавсумида «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти уюштирган маданий мавсумда Судан жумҳурияти Вақф ва Диний ишлар вазири Исом Аҳмад Башир жаноблари «Исломий келишув уфқлари» мавзусида маъруза қилди. У киши ўз маърузасида мусулмонлар орасида келишув лозим бўлган бир неча масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, тасаввуф масаласига алоҳида тўхталди. Унда аҳли тасаввуф билан уларга қарши кучлар орасида келишув, бир-бирини англашув лозимлигини илмий йўл билан кўрсатиб берди. Тасаввуфга қарши тарафларга уларнинг имомлари ҳисобланган Ибн Таймиянинг ёзганларидан далиллар келтириб, эслатма берди.

Биз ҳам Ибн Таймия ва бошқа кишиларнинг тасаввуф ҳақидаги гапларидан намуналар келтириб, юқоридаги фикрни қўллаб-қувватламоқчимиз.

Аҳмад ибн Абдул Ҳалим Ибн Таймиянинг «Ал-фатаво ал-кубро» номли китобининг ўн биринчи жуз, ўн еттинчи саҳифасида қуйидагилар келган:

«Сўфийлар ўз замонларига қараб гоҳида энг улуғ сиддиқлардан бўладилар. Улар замонларининг энг мукаммал сиддиқларидандир. Биринчи асрдаги сиддиқ улардан мукаммалроқдир. Сиддиқларнинг даражалари ва навлари бўлади.

Улардан содир бўладиган кўпгина ижтиҳодлар туфайли одамлар улар ҳақида низога тушганлар.

Бир тоифа одамлар сўфийларни ва умуман, тасаввуфни мазаммат қилган ва уларни «бидъатчилар, суннатдан чиқувчилар» деб аташган.

Бошқа бир тоифа эса улар ҳақидаги мақтовда ҳаддидан ошган ва уларни «халойиқнинг энг афзали ва анбиёлардан кейинги акмали» деганлар.

Бу ишларнинг икки тарафи ҳам мазаммат қилингандир. Улар Аллоҳнинг тоатида ижтиҳод қилувчилардир. Бу худди бошқа аҳли тоатлар ижтиҳоди кабидир. Уларнинг ичида ижтиҳодига қараб, ўзувчилардан бўлганлари бордир. Уларнинг ичида ўртачалардан бўлиб, ўнг тараф аҳлидан ҳисобланадиганлари ҳам бор. Икки тоифадан ҳам ижтиҳод қилиб, хатога йўл қўйганлари бор. Гуноҳ қилиб, тавба қилганлари ва қилмаганлари бор».

Ибн Таймия ўзининг «Ал-ақоид ал-восития» номли китобида авлиёларнинг кароматлари ҳақида қуйидагиларни ёзган:

«Авлиёларнинг кароматларини ва улар томонидан содир бўладиган одатдан ташқари ишларни, илмларни, мукошафотларни, турли қудрат ва таъсирларни тасдиқлаш ҳам аҳли суннанинг усулларидандир. Бу нарсалар ўтган умматларда Каҳф ва бошқа сураларда келгани каби содир бўлган. Бу умматнинг аввалида эса саҳоба ва тобеъинлар ҳамда умматнинг баъзи тоифалари орасида содир бўлгандир. Бу нарса то қиёматгача давом этади».

Ибн Таймиянинг бош шогирди Ибн Қайюм ҳам тасаввуф ҳақида худди устозига ўхшаш гапларни айтган. У ўзининг «Мадорижус-соликийн» номли китобида аҳли тасаввуф ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Ушбу шатаҳотлар одамлардан икки тоифани фитнага солган. Улардан бири ушбу тоифа(аҳли тасаввуф)нинг яхшиликларидан, улар нафсининг лутфидан ва гўзал муомалаларидан шатаҳотлари айби ва нуқсони туфайли тўсилгандирлар. Ушбу шатаҳотлар туфайли уларни тамомила инкор қилганлар ва уларга нисбатан мутлақо ёмон гумонда бўлганлар. Бу тажовуз ва исрофдир. Агар ҳар бир хатокорни ёки адашганни бирйўла тарк қилинадиган бўлса, барча яхшиликлари унутиладиган бўлса, барча илмлар, синоатлар ва ҳикматлар бузилган бўларди ва уларнинг кўзга кўринган нарсалари ишдан қоларди.

Иккинчи тоифа ул қавмнинг яхшиликларини, қалбларининг мусаффолигини, қасдларининг тўғрилигини ва муомалаларининг гўзаллигини кўрганларида уларнинг шатаҳотларини, нуқсонларини кўришдан тўсилдилар. Улар ўша камчиликлар устига яхшилик этагини ёпдилар, уларни қабул қилиш ҳукмини чиқардилар ва уларга ёрдамчи бўлдилар. Бу ҳам ҳаддан ошиш ва хатодир.

Аҳли адолат ва аҳли инсофлар эса ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берганлар, ҳар бир мартаба эгасини ўз мартабасига туширганлар. Соғ-саломатга беморнинг ҳукмини, беморга соғ-саломатнинг ҳукмини бермаганлар. Балки қабул бўладиган нарсани қабул қилиб, рад қилинадиган нарсани рад қилганлар».

Биздаги ўзини Ибн Таймия ва Ибн Қайюмнинг издошлари деб юрганлар ҳам ушбу маъноларни билиб қўйсалар, ўзлари учун яхши бўлар эди.

Қадимда ва ҳозирда ўтган, ўзлари сўфий бўлмаса ҳам, катта олим бўлган шахслар тасаввуф ҳақида инсоф ва адолат билан сўз юритганлар.

Жамиятшунослик илмининг асосчиси, кўплаб илм ва маърифатларнинг таърифини келтирган машҳур олим Абдурраҳмон ибн Халдун тасаввуфни миллат ичида пайдо бўлган янги илмлардан ҳисоблаган. У тасаввуфни усул, мусталаҳ ва шунга ўхшаш бошқа диний илмлар қаторида кўрган. Унинг фикрича, тасаввуфнинг асли ахлоқ ва ибодат бобидаги исломий ҳақиқатдир.

Абдурраҳмон ибн Халдун ўзининг «Муқаддима» номли машҳур асарида тасаввуф ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Аслида уларнинг тариқати умматнинг ўтганлари ва катталари бўлмиш саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейин келганлардан буён келаётган ҳақ ва ҳидоят тариқатидир. Бунинг асли ибодатга берилиш, Аллоҳ таолога ажраб чиқиш, дунёнинг зебу зийнатидан юз ўгириш, кўпчилик ўзини урган лаззат ва молдан ўзини тийиш ва халойиқдан ажраб, хилватда ибодат қилишдан иборатдир.

Бу ҳол саҳоба ва салафларнинг ҳаммаларида бор эди. Иккинчи асрда ва ундан кейин дунёга берилиш қулоч ёзиб, одамлар молу дунёга аралашиб кетганларида, ибодатга берилганлар «сўфийлар» деган исм билан ажралиб чиқдилар».

Салафийлардан бўлган имом Абу Исҳоқ Шотибий ўзининг «Эътисом» номли машҳур китобида тасаввуф ҳақида қўйидагиларни ёзади:

«Тасаввуфнинг дақиқ маънолари ҳақидаги калом мутлақо бидъат эмас. Шу билан бирга, у мутлақо далили тўғри бўлган нарса ҳам эмас. Бу ерда иш тақсим бўлади.

Аввало, «тасаввуф» лафзини шарҳ қилиш лозим. Токи ҳукм мавҳум ишга воқе бўлсин. Чунки кейин келган авлод учун бу иш мужмалдир. Шунинг учун аввалгилар айтган нарсага қайтмоғимиз керак. Уларнинг ҳузурида тасаввуф икки хил маънога далолат қилади.

Биринчиси – «ҳар бир яхши ахлоқ ила хулқланиш ва ҳар бир ёмон ахлоқдан четланиш».

Иккинчиси – «ўз нафсидан фоний бўлиб, Робби ила боқий бўлиш».

Гоҳида бу иккисини бошқа лафз ила ифода қилиш ҳам мумкин. Агар бу маъно собит бўлса, биринчи маънодаги тасаввуфда сўз юритиш бидъат эмас. Чунки у амал қилиш лозим бўлган нарсани чуқур англаш, унинг офатлари, белгилари ҳамда унга етган фасодни ислоҳ қилишга қайтади. Бу эса тўғри фиқҳдир. Унинг асллари Қуръон ва Суннатда очиқ-ойдиндир. Бунга ўхшаш нарсалар бидъат деб аталмайди».

Асримизнинг кўзга кўринган алломалари ҳам тасаввуфни тўғри тушунишга чақирганлар ва чақирмоқдалар. Бу чақириқлар аста-секин ўз самарасини ҳам бермоқда. Ҳозирда ижобий натижалар кўзга кўриниб бормоқда.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

БИЗ НИМА ҚИЛИШИМИЗ ЛОЗИМ? (хотима)

Read 3518 times
Top