Кутубхона

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ХОТИМА МЎҒУЛЛАРНИ БЎСУНДИРИШ

БИЗ НИМА ҚИЛИШИМИЗ ЛОЗИМ?

(Хотима)

Биз аввало юртимиз қадимда барча исломий илмларга улкан ҳисса қўшган ва бошқаларга устоз ҳамда ўрнак бўлган юрт эканини англаб етишимиз лозим.

Биз имом Бухорий, имом Термизий, имом Насаий, имом Доримий Самарқандий каби машҳур муҳаддисларнинг авлодлари эканимизни англаб етишимиз лозим.

Биз имом Жоруллоҳ Замахшарий, имом Абулбаракот Насафий, имом Абу Мансур Мотуридий ва имом Абу Лайс Самарқандий каби улуғ муфассирларнинг авлодлари эканимизни англаб етмоғимиз лозим.

Биз Абу Мансур Мотуридий, Саъдуддин Тафтазоний ва Умар Насафий каби машҳур ақийда илми устозларининг авлодлари эканимизни эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Биз Бурҳонуддин Марғилоний, имом Косоний, Алоуддин Самарқандий каби буюк фуқаҳоларнинг авлодлари эканимизни англаб етишимиз лозим.

Биз кўплаб илм-маърифат соҳаларидаги каби, тасаввуфда ҳам пешқадам бўлган юртнинг фарзандлари эканимизни эсдан чиқармаслигимиз керак. 

Бу юртнинг фарзандларидан баъзилари Ислом оламида маълум ва машҳур бўлган Нақшбандия, Кубровия ва Яссавия каби тариқатларга асос солганларини англаб етишимиз лозим.

Биз Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмуддин Кубро, хожа Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, хожа Аҳрор Валий, Сўфий Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳим каби улуғ мутасаввифларнинг авлодлари эканимизни яхши билишимиз керак.

Бошқа барча илм ва маърифатлар қатори, тасаввуф ҳам юртимиз ва халқимиз тарихида, уларнинг шон-шуҳратини оширишда катта хизматлар қилганлигини эсдан чиқармаслигимиз лозим.

Барча исломий илмлар билан бирга, тасаввуф ҳам халқнинг ахлоқий тарбияси, олий қадриятлар, ватанпарварлик, бағрикенглик ва бошқа керакли омилларни шакллантириш ва тутиб туришда катта хизматлар қилган. Бу хизматларнинг тафсилоти ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилган ва ёзилади, иншааллоҳ.

Биз эса биргина мисол келтириб ўтамиз, холос.

 

МЎҒУЛЛАРНИ БЎЙСУНДИРИШ

Ҳижрий еттинчи асрда мўғул лашкарлари бутун дунёни забт этиш учун ўзларининг машҳур юришларини бошладилар. Мўғулларга қаршилик кўрсатганлар асосан мусулмонлар эди. Аммо душман уларни устара сочни қандай қирган бўлса, қиличдан шундай ўтказган эди. Мусулмон оламининг машҳур илм ва маърифат марказлари бўлган шаҳарлар мўғуллар томонидан вайрон қилинган эди.

Ислом олами мўғуллар босқини остида қолди. Улар ҳарбий маънода Ислом оламини тамомила енгиб, тиз чўктирди. Ислом оламида: «Ўлик тирилди деса, ишонгин-у, аммо мўғуллар енгилибди деса, ишонма», деган нақл тарқалган эди. 

Ўша пайтда мўғуллар дунёдаги енгилмас куч бўлиб шуҳрат қозонганидан, масиҳийлар ҳам, буддачилар ҳам уларни ўзларига қаратиш йўлида қўлларидан келган барча имконларини ишга солишар эди. Буддачилар ирқ, табиат ва муҳит жиҳатидан мўғулларга жуда яқин эдилар. Масиҳийлар эса мўғуллар билан тўқнашмаган, ҳатто яхши алоқаларда эди.

Аммо бу икки тоифа ҳам ўз ниятларига ета олишмади. Уларнинг ҳеч бири мўғулларни ўз динига кирита олишмади.

Бу борада ҳеч ким кутмаган ва инсоният тарихида ҳеч содир бўлмаган нарса содир бўлди. Бу мўъжизанинг асосий сабабчиси Ислом эди. Дунёга ўзининг қўполлиги, бешафқатлиги ва жангарилиги билан донг таратган мўғуллар ўзларидан мағлуб бўлган одамларнинг динига, Исломга оммавий равишда кира бошладилар.

Мазкур мўъжизанинг содир бўлишида мусулмон уламолар, хусусан, мутасаввифлар Аллоҳ таолонинг инояти ила бош омил бўлган эдилар.

Ғарблик машҳур олим Томас Орланд ўзининг «Исломга даъват» номли китобида ажойиб бир қиссани келтиради:

«Мўғул султони Тўғлуқ Темурхон ўз одамлари билан сафарга чиққан эди. У ов қилиш ниятида ўзининг қўриқ ерларида борарди. Бирдан Бухородан келган шайх Жамолуддин бошлиқ кишиларнинг ўз ерларида юрганларини кўриб қолди. Улар билмасдан бу ерларга келиб қолишган эди. Султон одам юбориб, уларни ушлатиб, оёқ-қўлини боғлатиб олдириб келди. Асирлар унинг ҳузурига келтирилганда:

«Менинг қўриқхонамга рухсатсиз қандоқ кирдинглар?!» деб аччиқ билан бақирди.

«Биз ғариблармиз. Ман қилинган ерда юрганимизни билмабмиз», деди шайх босиқлик билан.

«Ит ҳам сизлардан кўра яхшироқ!» дея бақирди султон.

«Султон тўғри айтадилар. Агар Аллоҳ таоло бизни ҳақ дин ила икром қилмаганида, итдан ҳам баттар бўлар эдик», деди шайх хотиржам оҳангда.

Ҳукмдор ҳайрат назари билан қаради-да, овида давом этди. Аммо охирги гап фикрини чулғаб олган эди. Овдан кейин асирларни яна бир бор ўз ҳузурига келтиришни амр қилди. Овдан қайтгандан кейин шайх билан ўзи ёлғиз қолди ва:

«Менга айтган гапингизни шарҳлаб беринг. Ҳақ дин деганингиз нима ўзи?» деди.

Шайх Исломни шарҳ қилиб берган эди, султоннинг қалби эриб кетди. Куфрни васф қилган эди, султон ундан қўрқиб кетди. У ўзининг залолат ва хатарда эканини англаб етди. Аммо султон ҳозир ўзи Исломни қабул қилса, қавми уни қабул қила олмаслигини айтди. Шунинг учун у шайхдан қачон ўзи бирйўла подшоҳ бўлганида ҳузурига келишини илтимос қилди.

Ўша вақтда Чиғатой давлати бир неча амирликларга бўлиниб кетган эди. Тўғлуқ Темурхон уларни бирлаштириб, кучли марказлашган давлат қуришга муяссар бўлди.

Шайх Жалолуддин юртига қайтиб, бемор бўлиб қолди. Умри охирлаб қолганда, ўғли Рашидуддинни ўз ҳузурига чорлаб: «Тўғлуқ Темур келажакда катта амир бўлади. Ўша хабарни эшитганингда, унинг олдига бориб, мендан унга салом айт ва менга берган ваъдасини эслат», деди.

Шундай ҳам бўлди. Тўғлуқ Темурхонга «подшоҳ» деб байъат қилинди ва отасининг тахтига ўтирди. Шайх Рашидуддин отасининг васиятини амалга ошириш учун аскаргоҳга кирди. Лекин подшоҳга яқин бора олмади. Аммо у ўзини билдириш йўлини топди. Бир куни саҳар чоғида султоннинг чодирига яқин жойда баланд овозда азон айта бошлади. Подшоҳ чўчиб уйғонди, ғазаб отига миниб, шайхни тутиб келтиришни амр қилди. 

Шайх ҳозир бўлди. Подшоҳга отасининг саломини етказди. Тўғлуқ Темурхон уни эсдан чиқармаган эди. У шаҳодат келтириб, Исломга кирди. Сўнгра Аллоҳ таолонинг динини ўз қавми ичида тарқатди. Чиғатой авлодлари нуфузи остида Ислом бирпасда барча диёрларга тарқалди».

Шундай қилиб, дунё тарихида биринчи марта ғолиб халқ ўзи мағлуб этган халқнинг динига кирди.

Тасаввуфнинг бунга ўхшаш хизматлари жуда ҳам кўп. Ҳозирда ҳам Ислом ва унинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф улкан хизматлар қилиши турган гап. Фақат биз ўзимиз бу нарсани тўғри йўлга қўйишимиз лозим. Бунинг учун нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади.

Аввало муқаддас динимиз Исломни яхшилаб ўрганиб, шу аснода Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуфни ҳам илмий асосда ўрганишни йўлга қўйиш бизнинг энг биринчи вазифамиз бўлиши керак. Бунинг учун дастлаб бу масаланинг ўзини яхшилаб англаб олишимиз лозим. Тасаввуфни бутунлай инкор этаётганларга унинг ҳақиқатини тушунтиришимиз зарур. Тасаввуфнинг тарихини яхшилаб ўрганиб, унинг номидан содир этилган хатоларни аниқлаб, шариат таълимотларига зид нарсалар қаторида инкор қилмоғимиз бизнинг вазифамиздир. Шу билан бирга, Қуръон ва Суннатга мувофиқ қисм – сунний тасаввуфни тан олмоғимиз лозим.

Бу ишни йўлга қўйишда имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг «Ким сўфий бўлса-ю, фақиҳ бўлмаса, зиндиқ бўлибдир. Ким фақиҳ бўлса-ю, сўфий бўлмаса, фосиқ бўлибдир. Ким иккисини жамласа, муҳаққиқ бўлибдир», деган гапини эсда тутишимиз лозим.

Ҳа, биз ҳозирги пайтда худди шу қоидага амал қилишимиз керак. Чунки баъзи сўфийларимиз фиқҳ илмини етарли билмайдилар. Баъзи фақиҳларимиз тасаввуфни етарли билмайдилар. Иккисини жамлаганларимиз эса бармоқ билан санарли даражада оз.

Ҳа, ҳозирда тасаввуф йўлини тутганлиги билан фахрланиб юрганларимиз ўзларининг илмий даражаларини қайта кўриб чиқишлари жуда ҳам зарур. Ақийда, шариат ва тариқат бобларида нималарни устоздан қабул қилгани ва нималарни ўқиганини сарҳисоб қилсин. Илми етарли бўлмаса, зудлик билан илм олишга ўтсин. Ҳеч бўлмаса, ўзига фарзи айн бўлган илмларни ўргансин. Бу оддий муриднинг вазифасидир. Аммо ўзини бошқаларга бошлиқ, устоз, шайх деб билганлар эса ўз мақомига яраша илми борми-йўқми эканини аниқлаб олмоғи ва камини тўлдирмоғи зарур.

Зеро, такрор бўлса ҳам, яна айтамизки, тасаввуф шариатдан ташқаридаги, ундан юқорироқ турувчи алоҳида бир йўл эмас. Тасаввуф – шаръий аҳкомларни севиб, ички ҳузур билан адо этмоқликдир. Тасаввуф – шариат соҳибини – Роббул оламинни севмоқ ва Унга мутлақо таслим бўлмоқдир. Аммо бу севги вужудга боғлиқ муҳаббат эмас.

Тасаввуф адабиётидаги турли рамзлар, ишоратлар, сўфий шоирларнинг илоҳий ишқ ҳақидаги муболағали тасвирлари, илоҳий ёрнинг вужудини васф қилишга уриниш каби ҳолатлар кўпинча шатаҳотлардан холи бўлмайди. Ҳолбуки, «ишқи илоҳий» деган тушунчанинг ўзи ҳам нотўғридир. «Ишқ» сўзи вужудга оид майлни ҳам ифода этгани учун, бу сўз асосан эркак ва аёлнинг севгисига нисбатан қўлланилади. Фақат қалбга доир бу гўзал туйғуни эса «муҳаббат» деб ёки умуман, «севги» деб атамоқ тўғридир. Шу маънода Роббни севмоқ – Унинг барча исм ва сифатларини севмоқдир. Аллоҳ таолога муҳаббат – иймон келтириш талаб қилинган асосларни севмоқ демакдир. Аллоҳ азза ва жаллани севмоқ – Унинг барча яратган махлуқларини ва энг аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севмоқ демакдир. Расулуллоҳни севмоқ эса у зотнинг суннатларига эргашмоқ, севиб амал қилмоқликдир.

Аслида Аллоҳ таолонинг севгисига эришишни истаган банда учун энг тўғри йўл У Зотнинг махлуқларини ва энг аввало Роббимизнинг севимли ҳабиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни севишдир.

«Илоҳи анта мақсуди ва ризока матлуби» каломининг маъноси фақат сўфийларнинг эмас, барча мўмин-мусулмонларнинг шиоридир. Муриднинг ёки соликнинг ва умуман, ҳар бир мукаллафнинг ирода қилгани, кўзлагани, излагани – Роббул оламиннинг розилигидир. Бизнинг барча амалларимизнинг мақсади ҳам ёлғиз шу: Роббул оламиннинг розилиги. Бунинг учун шариатда фарзу вожиб бўлган амалларни бекаму кўст адо этишдан ташқари, суннат ва нафл ибодатларни ҳам севиб бажармоқ лозимдир. Ана шу ўринда бизга бу йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ворислари бўлмиш шариат олимларининг ва ибодатлари, муҳаббатлари ила юксак даражаларга эришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқларидан кўпини ўзига сингдирган обиду зоҳид шайхларнинг устозлиги керак бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва у асосидаги қўшимча нафл намозлар, зикрлар, тасбеҳлар ва дуоларнинг адади бениҳоя кўп. Бир одамнинг буларнинг барчасига амал қилиши вақт ва умр нуқтаи назаридан ҳам деярли иложсиздир. Шунинг учун ҳам шайхлар аниқ бир муриднинг ҳолига қараб мана шу амаллардан баъзиларинигина тавсия этадилар, яъни солик учун энг осон йўлни танлаб, кўрсатиб берадилар. Айнан мана шу маънодаги устозлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шахсан мерос бўлиб қолган. У зоти бобаракот ҳам қўшимча ибодатга майл билдирган саҳобалар розияллоҳу анҳумга уларнинг ҳар бирининг ўз ҳолига, имконига қараб, турли вазифалар тайинлаганлари кўплаб ҳадисларда ривоят қилинган. Айни пайтда ибодатда ҳаддан ошиш, муболағага кетишдан қайтарганлари ҳам маълум ва машҳур. Бинобарин, силсилалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етишини даъво қилаётган мустаршиду муридлар мана шу маъноларни ҳам эсдан чиқармасалар, яхши бўларди.

Шунингдек, ҳозирда фақиҳлик даъвосини қилаётганларимиз ҳам ўзимизга бир назар солмоғимиз лозим. Ҳеч бўлмаса, тасаввуф ҳақидаги фиқҳий фатволарни биламизми? Ўзимиз тасаввуфдан нималарни биламиз ва нималарга амал қиламиз? Намозлардан кейинги қиладиган зикрларимиз тасаввуфдан эмасми? Билган нарсаларимизни тартибга солишимиз ва билмаганларимизни ўрганишимиз ҳамда амал қилишимиз лозим. Халққа ҳам ҳақиқатни айтиб, бу борадаги ихтилофларга чек қўймоғимиз зарур.

Сунний тасаввуфни йўлга қўяр эканмиз, бу нарса фақат муридчиликдан иборат эмаслигини англаб етмоғимиз лозим. Зеро, шайхга келиб қўл бериш ва баъзи вирдларни вазифа қилиб олиш билан иш тугаб қолмайди. 

Сунний тасаввуф бошдан-оёқ руҳий тарбиядир. Унда Қуръон ва Суннат асосида кишиларнинг руҳий олами, одоб-ахлоқи, ибодатларидаги хушуъ ва хузуълари тартибга солинади. Кундалик вирдлар фақатгина бошланғич қадам, холос. Қолаверса, янги йўлга кирган муриднинг вирди билан йиллар давомида соликлик қилган шахснинг вирди орасида фарқ бўлиши керак.

Аммо диннинг барча соҳаларида бўлгани каби, тасаввуфда ҳам ўртача бир йўлдан – васатийликдан муболағага кетмаслик лозим. Албатта, солик учун фақат ўз шайхи эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ибрат тимсолидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ила хулқланиш соликнинг ҳам, тариқат шайхининг ҳам асосий истаги, мақсади бўлиши керак. Аммо айрим мустаршиду муридлар бу борада шу қадар муболағага борадиларки, уларнинг бир-бирларининг таърифларидаги гапларидан «Булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам маъсумроқмикан», деб ўйлаш мумкин. Бу ҳақда қуйидаги ҳадиси шариф ғоятда ибратлидир:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: صَنَعَ النَّبِيُّ  شَيْئًا، فَرَخَّصَ فِيهِ، فَتَنَزَّهَ عَنْهُ قَوْمٌ، فَبَلَغَ النَّبِيَّ ، فَخَطَبَ فَحَمِدَ اللهَ، ثُمَّ قَالَ: «مَا بَالُ أَقْوَامٍ يَتَنَزَّهُونَ عَنِ الشَّيءِ أَصْنَعُهُ، فَوَاللهِ إِنِّي لَأَعْلَمُهُمْ بِاللهِ وَأَشَدُّهُمْ لَهُ خَشْيَةً». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарса қилдилар. Унда рухсат бердилар. Қавм у нарсадан ўзини олиб қочди. Бу (гап) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. У зот хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамд айтганларидан сўнг:

«Қавмларга нима бўлдики, мен қилган нарсадан ўзларини олиб қочадилар?! Аллоҳга қасамки, мен уларнинг Аллоҳни энг яхши танувчисиман ва У Зотдан энг кўп қўрқувчисиман», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бу ҳадисга ортиқча изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилган ва рухсат берган амалларидан парҳез қилган одамлар ўзларини шариат соҳибидан ҳам тақводор санайдиларми? Астағфируллоҳ, бу гап ҳеч бир мантиққа тўғри келадими?

Тўғри, зоҳид бўлиш соликларнинг шарафли бир мақомидир. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан ва у зотнинг ўзлари «ҳар бири йўлчи юлдуз» дея таърифлаган саҳобаи киромларининг ҳаёт тарзидан бизга маълум бўладики, зоҳидлик таркидунёчилик эмас. Шунинг учун ҳам ҳаёт учун зарур бўлган таом, кийим, маскан ва ҳаттоки мол-дунё ҳам зоҳидликни ошкора қилиш учун восита бўлмаслиги лозим.

Аслида зоҳидлик пинҳоний бир ҳолат бўлиб, ҳар қанча неъматга кўмилганда ҳам масрур бўлмай, шукрини чиройли тарзда адо этиш ва неъмат йўғида махзун бўлмаслик ҳақиқий зоҳидликдир.

Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида яна шуни айтишимиз мумкинки, ким Аллоҳ таолога У Зотнинг Ўзи жорий қилган шариатдан бошқа йўл билан қурбат ҳосил этишга ҳаракат қилса, шубҳасиз, адашган бўлади. Чунки бу нарса динда ғулувга кетиш ҳисобланади.

Имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Насаий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас», деганлар. 

Ва бу ҳақда Абу Солтдан шундай ривоят қилинади:

«Бир киши Умар ибн Абдулазизга мактуб ёзиб, қадар ҳақида сўради. У эса қуйидаги жавобни ёзди:

«Аммо баъду: Сенга Аллоҳга тақво қилишни, Унинг амрида мўътадил бўлишни, Набийининг суннатига эргашишни ва бидъатчилар янгитдан пайдо қилган нарсаларни тарк этишни тавсия қиламан. 

Ўзингга суннатни лозим тут. У Аллоҳнинг изни ила сен учун исматдир. Сўнг билки, одамлар ҳар қандай бидъатни чиқарсалар ҳам, албатта унинг далили ёки ибрати ўзидан олдин келган бўлади. Суннатни эса унга (яъни суннатга – муал.) хилоф қилиш хатолигини, тойилиш эканини, аҳмоқлик ва чуқур кетиш эканини яхши билган зот жорий қилгандир. 

Шундай экан, ўша қавм ўз нафсига рози бўлган нарсага сен ҳам рози бўлгин. Улар илмга асосланганлар, ўткир назар ила қараганлар. Улар ишларни кашф қилишда қувватли бўлганлар ва ўзлари доим бўлган фазлга ҳақлироқдирлар. Агар ҳидоят сиз турган нарсада бўлса, унга улардан олдин эришган бўласизлар. Агар «Бу улардан кейин пайдо бўлган» десангиз, албатта, уни уларнинг йўлига эргашмаган ва улардан юз ўгирганлар пайдо қилган бўлади.

Аслида эса аввалгилар ўзувчилардир. Улар бу ҳақда кифоя бўладиган гапни айтиб ва шифо бўладиган васфни қилиб бўлганлар. Улардан паст бўлганлар камчиликка йўл қўйганлардир. Улардан устун бўлмоқчи бўлганлар ҳасратга учраганлардир. Батаҳқиқ, бир қавмлар улардан паст бўлдилар ва жафочи бўлдилар. Бошқа бирлари улардан юқори бўлишга тама қилдилар ва ғулувга кетдилар. Улар эса иккисининг ўртасида, сиротул мустақиймда эдилар».

Диндаги ғулув ҳам турлича бўлади. Бунинг энг ёмон тури етарли илми бўлмаса ҳам, Қуръонни ўзича тушуниш, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир.

Яна бир тури эса тасаввуфни шариатдан устин қўйиш, ўзи қўл берган пирига кўр-кўрона эргашиш, ҳатто унга сиғиниш даражасида (астағфируллоҳ!) эътиқод қилишдир.

Ўрни келганда айтиб ўтиш лозимки, диндаги ғулув кўп ҳолларда диний саводнинг етарли эмаслиги билан боғлиқдир. Аммо диний билимлардан анчагина бохабар одамларнинг ҳам баъзан ғулувга кетиб қолишлари, назаримизда, улуғ Аллоҳнинг синови, Аллоҳ изн берган шайтоннинг васвасаси оқибатидир.

Бинобарин, тасаввуф ҳақида баҳс юритганимизда, етмишдан ортиқ фирқага бўлинган мусулмонлар орасида тафриқа бўлгани каби, юзлаб тариқатлар ҳам айнан бир хил тўғри йўлда эмаслигини, бузилган, адашган тариқатлар ҳам борлигини билиб қўйишимиз ва улардан эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Тариқатларнинг ва шайхлик даъвосини қилувчи шахсларнинг тўғри йўлда эканлигини аниқлаш учун уларнинг шариатга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган йўлга нечоғлик мос эканликларини солиштириш кифоя қилади.

Зеро, тасаввуфга оид барча нарсаларни азизларимиздан эшитганимиз ёки кўрганимиз тарзида эмас, азизларимиз каби Қуръон ва Суннатни асос қилиб олиб, илмий равишда ўрганиб, йўлга қўйишимиз лозим. Буларнинг барчаси ҳаммамизнинг иттифоқ бўлиб ҳаракат қилишимиз орқали юзага чиқиши мумкин.

Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф ихтилофга эмас, иттифоққа сабаб бўлади.

Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф жаҳолатга эмас, маърифатга сабаб бўлади.

Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф қолоқликка эмас, тараққиётга сабаб бўлади.

Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф жанжалга эмас, тинчликка сабаб бўлади.

Ана шундагина Исломнинг руҳий тарбия қисми бўлган тасаввуф тафриқага эмас, бирликка сабаб бўлади.

Аллоҳим! Ушбу ёзганларимизни мазкур эзгулик йўлидаги кичик бир қадам сифатида қабул этгин! Омин!

Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласида учинчи жуз – «Ният, ихлос ва илм китоби», ўттиз тўртинчи жуз – «Яхшиликлар ва ахлоқ китоби», ўттиз бешинчи жуз – «Зикрлар, дуолар, истиғфор ва тавба китоби», ўттиз олтинчи жуз – «Зуҳд ва рақоиқлар китоби», ўттиз еттинчи жуз – «Одоб китоби» ҳам айни шу мақсадга оидлиги бизни янада қувонтиради. Аллоҳ таолонинг ёрдами ила яна бошқа китоблар ва ҳаракатлар ҳам бўлиши умидидамиз. Аллоҳим, Ўзингнинг йўлингдан адаштирмагин! Омин!

 

 МанбаЛАР РЎЙХАТИ

1. Саъид Ҳавво. «Нафсни поклашда хулоса», Дорус­салом, ҳ. 1405, учинчи нашр. 

2. Саъид Ҳавво. «Руҳий тарбиямиз», Дорул кутуб ал-арабийя, ҳ.1399.

3. Абулҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий. «Роббонийлик раҳбонийлик эмас», Муассасату ар-Рисола, ҳ.1404, иккинчи нашр.

4. Абу Бакр ибн ас-Сунний. «Кундузги ва кечки амаллар», Дору ибн Зайдун, ҳ.1410, иккинчи нашр.

5. Абу Абдуллоҳ Ҳорис ибн Асад ал-Муҳосибий. «Нафс одоблари», Дорул Жийлд, Байрут, м.1984. 

6. Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад. «Нафсни ҳисоб-китоб қилиш», Муассасатул кутуб ас-Сиқофийя, ҳ. 408, биринчи нашр.

7. Аҳмад ибн Абдурраҳмон ал-Мақдисий. «Қасд қилувчилар дастури», Дорул ҳижра ва Дорул баён, ҳ.1406.

8. Муҳаммад Шайхоний. «Руҳий тарбия», ҳ.1416, иккинчи нашр.

9. Соиҳ Али Ҳусайн. «Тасаввуф ва унинг тарихидан кўринишлар», Маншуроту куллийяту даъва ал-Исломия, м. 1994.

10. Абу Ҳомид Ғаззолий. «Охират илмини кашф қилишда фахрли дурлар», Муассасатул кутуб ас-Сиқофийя, ҳ.1407. 

11. Абдулқодир Аҳмад Ато. «Солиҳ амаллар савоби», Дорул Эътисом.

12. Аҳмад Амин. «Ахлоқ китоби», Мактаба Наҳза ал-Мисрийя, м.1985, ўнинчи нашр. 

13. Бурҳонуддин ал-Буқоий. «Тасаввуф борасидаги тортишув», Дорул кутуб ал-Илмийя, ҳ.1400. 

14. Муҳаммад Закий Иброҳим. «Исломий тасаввуф алифбоси», Мактабатул Одоб, ҳ.1415, бешинчи нашр. 

15. Абдулкарим ал-Қушайрий. «Кичик қалб томон», Дорул арабийяту лил китоби, ҳ.1397. 

16. Ҳусайн ал-Қувватлий. «Исломдаги ақлий тасаввуф», Маншуроту дору иқраъ, м.1998, биринчи нашр.

17. Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий. «Атонинг ҳикматлари шарҳи», Дорул фикр, ҳ.1422. 

18. Муҳаммад Маҳмуд Алвон. «Ислом ва Тасаввуф журнали», м. 1959, 1 март, 10-сон.

19. Маҳмуд Саъийд Тантовий. «Тўғри тасаввуф йўлидан қоқилиш», ҳ.1408, биринчи нашр.

20. Селжук Эройдин. «Тасаввуф ва тариқатлар», Истанбул, м.2001.

21. Камил Йилмаз. «Тасаввуф ва тариқатлар», «ENSAR» нашриёти, Истанбул, м.2000.

22. Холид Бағдодий. «Рисолаи Холидия ва одоби зикр», Истанбул, м.1993.

23. Муҳаммад Абдуллоҳ ал-Хоний. «Адаб», Истанбул, м.1993.

24. Ҳасан Муҳаммад Саъийд Шанновий. «Фи риёзит-тасаввуфи», м. 2003.

25. Муҳаммад Мозий Абул Азоим. «Рисолатул муршидин вал мустаршидин», Дорул Мадина ал-Мунаввара, Қоҳира, м.1983.

26. «Муҳаммад Мозий Абул Азоим ҳақидаги илмий рисолалар». Дорул Китобус-суфий, Қоҳира, м.1996.

27. «Мажаллатул буҳуси вад-диросотис-суфийя», 1-сон, м. 2003.

28. Абул Ҳасан Али ал-Ҳасаний ан-Надавий. «Рижолул Фикри вад Даъвати фил Исломи», Дору Ибн Касир, Байрут, м. 1999.

29. Фахруддин Али Сафий. «Рашаҳоту айнил-ҳаёти», Ибн Сино, Тошкент, м. 2003.

30. Муҳаммад Ғаззолий. «Фаннуз зикри вад-дуо инда хотамил Анбиё», Дорул қалам, Байрут, м. 1992.

31. Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий. «Ас-Салафийя», Дорул фикр, Дамашқ, м. 1998.

32. Абдулкарим ибн Ҳавазон ибн Абдулмалик ал-Қушайрий. «Тафсири Қушайрий – Латоифул ишорот», Дорул кутубил илмийя, Байрут, м. 2000.

33. Имом Аҳмад Форуқ Сарҳандий Роббоний. «Мактубот».

 

 

КИТОБ БИТДИ (Қиёматда фойдамизга ҳужжат қилсин...)

Read 3061 times
Top