Кутубхона

Эътиқод  дурдоналари: ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ МАЪСУМЛИКЛАРИ БАЁНИ

29 - وَإِنَّ الأَنْبِيَاءَ لَفِي أَمَانٍ  عَنِ الْعِصْيَانِ عَمْدًا وَانْعِزَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Дарҳақиқат, пайғамбарлар қасддан исён қилишдан ва (пайғамбарлик мартабасидан) четлаштирилишдан, албатта, омонда бўлганлар.

 

Назмий баёни:

Пайғамбарлар ҳеч қачон қасддан исён этмаган,

Элчилик мақомидан ажралиб ҳам кетмаган.

 

Луғатлар изоҳи:

اِنَّ – “хуруфу мушаббаҳату бил феъл”дан бири бўлган таъкид ҳарфи. Ушбу ҳарф ва унинг шериклари худди феълга ўхшаб икки исмдан бирини насб ва иккинчисини раф қилишга сабаб бўлгани учун “феълга ўхшатилган ҳарфлар” дейилади.

 الأَنْبِيَاءَ – ушбу сўз луғатда икки хил маънога далолат қилади:

  1. Хабар берувчилар;
  2. Хабардор қилинганлар.

Пайғамбар сўзига иккала маъно ҳам тўғри келади.

لَ – таъкид ҳарфи.

فِي – зарфият маъносида келган жор ҳарфи.

أَمَانٍ – жор мажрур اِنَّ нинг хабари эканига кўра раф ўрнида турибди. Луғатда ҳимоя маъносига тўғри келади. 

عَنْ  – “истеъло” (устун бўлиш) маъносида келган жор ҳарфи.

الْعِصْيَانِ – жор мажрур لَفِي أَمَانٍ  га мутааллиқ. Луғатда "бўйинсунишни тарк қилиш" маъносини англатади.

عَمْدًا – тамйизликка кўра насб бўлиб турибди. Бу калима хато қилиб ҳам, тасодифан ҳам бўлмасдан, бир ишни қасддан қилишга нисбатан ишлатилади.

انْعِزَالِ – бу масдар бировнинг бошқа томонидан бирор нарсадан четлаштирилишига ишлатилади. إِعْتِزَال масдари эса бировнинг бирор нарсадан ўзи воз кечиб ташлаб кетишига нисбатан ишлатилади. Бирор пайғамбар ҳеч қачон пайғамбарликдан четлаштирилмаган, маъносига урғу бериш учун Нозим انْعِزَال калимасини ишлатган.   

 

Матн шарҳи:

Инсонлар орасидан Аллоҳ таолонинг элчилигига танланган зотлар ҳеч қачон қасддан исён қилмаганлар. Шунингдек, бу муҳтарам зотлар оқибатлари омонда бўлган, ҳеч қачон пайғамбарлик мартабасидан ажралмаган буюк инсонлардир. Бироқ  пайғамбарлар ҳам бошқа инсонлар каби еб-ичадиган, касал ҳам бўладиган, аёлларни никоҳларига оладиган, бозорларда юрадиган, қарийдиган ва Аллоҳ белгилаган кунда ўлимга йўлиқадиган инсонлар бўлганлар. Аммо уларда бошқа инсонлардан кескин ажратиб турадиган улуғ хусусиятлар бўлган.

 

Пайғамбарларнинг хусусиятлари

Аллоҳ таолонинг элчилари қуйидаги сифатларга эга бўлганлар:

  1. Ростгўй бўлиш. Ҳар бир инсон учун зарур бўлган ростгўйлик сифати пайғамбарлик учун, албатта, бўлиши лозим бўлган сифатдир. Чунки ёлғончилик оддий инсонга ҳам лойиқ кўрилмайдиган разил сифат бўлганидан кейин пайғамбарлардек зотларда бундай разилликнинг бўлиши ақлан ҳам, нақлан ҳам мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларидан ўта ростгўй ва садоқатлиликлари билан ажралиб турганларидан у зотни Содиқ ва Амин деб аташган. Лекин у зотга ваҳий тушганидан сўнг ўта ростгўй, ўта садоқатли деб эътироф этилган зотни  шоир ва фолбинга чиқаришиб, у ёлғон гапираяпти, айтаётганларини ўзи тўқиб олган, – дейишган. Шунда Аллоҳ таоло  Ўзининг номидан ёлғон тўқийдиган ҳар бир кимса ҳақидаги қатъи ҳукмини эълон қилиб, пайғамбарлар саййиди ҳақида шундай деган:

﴿وَلَوۡ تَقَوَّلَ عَلَيۡنَا بَعۡضَ ٱلۡأَقَاوِيلِ٤٤ لَأَخَذۡنَا مِنۡهُ بِٱلۡيَمِينِ٤٥ ثُمَّ لَقَطَعۡنَا مِنۡهُ ٱلۡوَتِينَ٤٦ فَمَا مِنكُم مِّنۡ أَحَدٍ عَنۡهُ حَٰجِزِينَ٤٧ وَإِنَّهُۥ لَتَذۡكِرَةٞ لِّلۡمُتَّقِينَ٤٨

“Агар (пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) баъзи сўзларни тўқиб айтганда эди, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган, сўнгра унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирор киши ундан (пайғамбардан ҳалокатни) тўса олувчи бўлмас эди. Ҳақиқатан, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир”[1].

Аслида, у зотнинг ёлғон гапирмаётганларини, айтаётганлари ҳақ эканлигини у зотни ашаддий инкор қилаётганларнинг ўзлари ҳам билиб турган бўлсалар-да, обрў ва мансабга бўлган муҳаббат каби иллатлар туфайли  била туриб инкор қилишган.

Буни қуйидаги ривоят тасдиқлайди: “Қурайш қабиласи улуғларидан бир киши Макка кўчаларидан бирида Абу Жаҳлга йўлиқди ва ундан тўхтаб гаплашишни илтимос қилди. Сўнгра унга: “Эй Абул Ҳакам, бу ерда иккаламиздан бошқа ҳеч ким йўқ, сендан Аллоҳ учун сўрайман Муҳаммад ростгўйми, ёлғончими”, – деди. Абу Жаҳл унга очиқ-ойдин жавоб бериб: “Аллоҳга қасамки, албатта Муҳаммад ростгўйдир, у асло ёлғон гапирмаган”, – деди. Шунда ҳалиги киши: “Ундай бўлса, унга эргашишдан сизларни нима тўсиб турибди”, – деди. Абу Жаҳл унга: “Биз ва Бани Ҳошим ўзаро мусобақалашардик, улуғлик ва фахрланишда бир-биримиздан ўзишга ҳаракат қилардик, улар таом бердилар, биз ҳам таом бердик, улар сув улашдилар, биз ҳам сув улашдик, улар жой бердилар, биз ҳам жой бердик, бизлар Бани Ҳошим билан гўё икки чопқир отлар каби улуғлик ва фахрланишда мутлақо тенг эдик. Сўнгра улар биздан ўзиб кетдилар ва бизлардан пайғамбар юборилди, – дейишди. Биз энди уларга қаердан пайғамбар олиб келамиз? Аллоҳга қасамки, унга иймон ҳам келтирмаймиз, эргашмаймиз ҳам”, – деди. Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарига тасалли бериб, қуйидаги оятларни нозил қилган:

﴿قَدۡ نَعۡلَمُ إِنَّهُۥ لَيَحۡزُنُكَ ٱلَّذِي يَقُولُونَۖ فَإِنَّهُمۡ لَا يُكَذِّبُونَكَ وَلَٰكِنَّ ٱلظَّٰلِمِينَ بِ‍َٔايَٰتِ ٱللَّهِ يَجۡحَدُونَ٣٣

“Айтган гаплари Сизни маъюс (хафа) қилаётганини яхши билурмиз. Улар, аслида, Сизни ёлғончига чиқармаяптилар, балки (бу) золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор этаётирлар”[2].   

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ростгўй эканларини душманларининг ўзлари ҳам эътироф этганлар. Фақат мартаба ва мансабга бўлган муҳаббатигина уларни ҳақ динга эргашишдан тўсиб қолган”[3].

  1. Садоқатли бўлиш. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг барчалари садоқатли зотлар бўлганлар. Улар Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини бирор нарса қўшмасдан, камайтирмасдан, ўзгартирмасдан, алмаштирмасдан қандай нозил қилинган бўлса, худди шундай етказганлар. Қуръони каримда пайғамбарларнинг сифатлари қуйидагича баён қилинган:

﴿ٱلَّذِينَ يُبَلِّغُونَ رِسَٰلَٰتِ ٱللَّهِ وَيَخۡشَوۡنَهُۥ وَلَا يَخۡشَوۡنَ أَحَدًا إِلَّا ٱللَّهَۗ وَكَفَىٰ بِٱللَّهِ حَسِيبٗا٣٩

“Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқиб, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир”[4]

  1. Хабар бериш. Бу сифат, яъни ўзларига нозил қилинган ваҳийни ўзгаларга етказиш расулларга хос сифат бўлиб, бундан уларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқларини тўлиқ етказишлари тушунилади. Расуллар ўзларига ваҳий қандай нозил қилинган бўлса, уни етказишда ҳар қанча қийинчиликларга учрамасинлар, худди шундай етказиб кетганлар. Масалан, расуллардан бири бўлган Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмига шундай хабар берганлари баёни келган:

﴿أُبَلِّغُكُمۡ رِسَٰلَٰتِ رَبِّي وَأَنصَحُ لَكُمۡ وَأَعۡلَمُ مِنَ ٱللَّهِ مَا لَا تَعۡلَمُونَ٦٢

“Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман, насиҳат қиламан ва Аллоҳдан (келган ваҳий орқали) сизлар билмайдиган нарсаларни биламан”[5].  

  1. Фаросатли бўлиш. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг барчалари етук ақл эгалари бўлиш билан бир қаторда жуда ўткир фаросат соҳиби ҳам бўлганлар. Пайғамбар алайҳиссаломлардаги бу хислатларнинг бошқа инсонлардагидан фарқи шуки, бу хислатлар бошқа инсонларда бўлгани каби ёш ўтган сайин заифлашиб, нуқсонга учрамайди, балки ҳар қанча узоқ умр кўрсалар ҳам заифлашмасдан тураверади. Бу эса Аллоҳ таолонинг уларга берган фазлу марҳаматидир. Ана шундай ўткир фаросат соҳиби бўлган зотлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг зўравон кофирни мот қилиб қўйганлари Қуръони каримдаги машҳур қиссалардан биридир:

﴿أَلَمۡ تَرَ إِلَى ٱلَّذِي حَآجَّ إِبۡرَٰهِ‍ۧمَ فِي رَبِّهِۦٓ أَنۡ ءَاتَىٰهُ ٱللَّهُ ٱلۡمُلۡكَ إِذۡ قَالَ إِبۡرَٰهِ‍ۧمُ رَبِّيَ ٱلَّذِي يُحۡيِۦ وَيُمِيتُ قَالَ أَنَا۠ أُحۡيِۦ وَأُمِيتُۖ قَالَ إِبۡرَٰهِ‍ۧمُ فَإِنَّ ٱللَّهَ يَأۡتِي بِٱلشَّمۡسِ مِنَ ٱلۡمَشۡرِقِ فَأۡتِ بِهَا مِنَ ٱلۡمَغۡرِبِ فَبُهِتَ ٱلَّذِي كَفَرَۗ وَٱللَّهُ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلظَّٰلِمِينَ٢٥٨

“Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: “Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради”, – деганда, у: “Мен тирилтираман ва ўлдираман”, – деди. Иброҳим: “Албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқаргин-чи”, – деди. (Бу гапдан) куфр келтирган кимса каловланиб қолди”[6].    

  1. Жиркантирувчи айблардан саломат бўлиш. Пайғамбар алайҳиссаломларга хос бўлган сифатлардан бири, уларда бошқаларни уларга эргашишдан жиркантирадиган хулқ-атворлар ёки касалликларнинг бўлмаслигидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам бошқа инсонлар каби касал бўлганлар, бироқ уларни бошқалар жирканадиган касалликларга йўлиқишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаган. Айюб алайҳиссалом ҳақидаги “баданлари чириб кетиб қуртлаган, ҳатто хотинлари ҳам жирканган”, деган ривоят эса ёлғон ва бўҳтон бўлиб, исроилиёт қиссаларидан ҳисобланади. Бу қиссани тасдиқлаш ёки унга эътиқод қилиш мумкин эмас. Чунки бундай бўлиш пайғамбарларнинг сифатларига тўғри келмайди. Шунинг учун Айюб алайҳиссаломнинг касалликлари қандай бўлганини билишни Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиб, Қуръонда берилган хабардан У зот нимани ирода қилган бўлса, ўшанга иймон келтирдим, дейиш банда учун энг тўғри йўл ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

﴿۞وَأَيُّوبَ إِذۡ نَادَىٰ رَبَّهُۥٓ أَنِّي مَسَّنِيَ ٱلضُّرُّ وَأَنتَ أَرۡحَمُ ٱلرَّٰحِمِينَ٨٣ فَٱسۡتَجَبۡنَا لَهُۥ فَكَشَفۡنَا مَا بِهِۦ مِن ضُرّٖۖ وَءَاتَيۡنَٰهُ أَهۡلَهُۥ وَمِثۡلَهُم مَّعَهُمۡ رَحۡمَةٗ مِّنۡ عِندِنَا وَذِكۡرَىٰ لِلۡعَٰبِدِينَ٨٤

“Ва Айюбнинг Роббисига нидо қилиб: “Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан!” – деганини эсла. Бас, Биз уни (дуосини) истижобат қилдик. Унга етган зарарни кетказдик”[7].                                                                                                                      

Ушбу оятнинг зоҳирига кўра, Айюб алайҳиссаломнинг баданлари билан биргаликда у зотнинг аҳлларига ҳам зарар етган. Бироқ бу зарар энг буюк Зотнинг элчиси ўлароқ бошқалар жирканадиган айбу нуқсонлардан ҳимоя қилинган зотнинг шаънига тўғри келмайдиган зарар бўлмаган.

  1. Гуноҳлардан ҳимоя қилиниш. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг бошқа инсонлардан ажралиб турадиган энг муҳим фарқларидан бири – улар гуноҳу маъсиятлардан ва комил инсон шаънига тўғри келмайдиган ҳар қандай разил иллатлардан пок бўлганлар. Ҳа, пайғамбар алайҳиссаломларнинг барчалари инсониятнинг хулқи энг гўзаллари, амали энг мусаффолари, нафси энг покизалари бўлганлар. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳидоят қилиб бошқаларга намуна қилиб юборган зотлар бундан бошқача бўлиши мумкин эмасдир.

﴿أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ هَدَى ٱللَّهُۖ فَبِهُدَىٰهُمُ ٱقۡتَدِهۡۗ قُل لَّآ أَسۡ‍َٔلُكُمۡ عَلَيۡهِ أَجۡرًاۖ إِنۡ هُوَ إِلَّا ذِكۡرَىٰ لِلۡعَٰلَمِينَ٩٠

“Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоятга бошлаган зотлардир. Бас, (Сиз ҳам) уларнинг йўлига иқтидо қилинг!”[8].                                                                                                                  

Пайғамбар алайҳиссаломлардаги гуноҳлардан ҳимоя қилиниш сифати араб тилида “исмат” дейилиб, ўзбек тилида “гуноҳсизлик”, “поклик” ва “ҳимоя” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса: “Аллоҳ таолонинг набийлари ва расулларини гуноҳ ва маъсиятларга тушишларидан ҳамда  разилликлар ва ман этилган нарсаларни содир этишларидан ҳифзу ҳимоя қилиши исмат деб аталади”[9].  

“Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Исмат гуноҳ содир этишдан ҳимоя қилгани учун исмат деб номланган. Баъзиларнинг: исмат ёлғиз Аллоҳга хосдир ёки Аллоҳ ва Унинг расулигагина хосдир, деган сўзлари жуда қўпол хатодир. Чунки исмат гуноҳ ва маъсиятларни содир этишдан ҳимояланиш бўлади. Буларни эса Аллоҳ таолога нисбат бериш тўғри бўлмайди”, – деган”[10].

 

Пайғамбарлардан содир бўлган ишлар
ҳақидаги қарашлар

Пайғамбарлар гуноҳлардан ҳифзу ҳимоя қилинган зотлардир. Бунинг ҳикмати шуки, Аллоҳ таоло бизларни пайғамбар алайҳиссаломларга эргашишга ва уларнинг йўлларидан юришга буюрган. Улар бутун инсоният учун намуна қилиб юборилганлар. Агар улардан гуноҳу маъсиятлар содир бўлганида маъсиятларни қилиш шариатдаги иш бўлиб қоларди ёки уларга эргашиш бошқаларга вожиб бўлмасди. Бу эса мумкин бўлмаган ишдир. Қолаверса, гуноҳу маъсиятлар “маънавий нуқсонлар”дир. Ана шундай ифлос нарсаларни Аллоҳ таолонинг танлаб олган элчиларига нисбат бериш дуруст эмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Аммо Қуръони каримда зоҳиран баъзи пайғамбарларга маъсият нисбат берилган. Масалан Одам алайҳиссалом ҳақида шундай хабар келган:

﴿فَأَكَلَا مِنۡهَا فَبَدَتۡ لَهُمَا سَوۡءَٰتُهُمَا وَطَفِقَا يَخۡصِفَانِ عَلَيۡهِمَا مِن وَرَقِ ٱلۡجَنَّةِۚ وَعَصَىٰٓ ءَادَمُ رَبَّهُۥ فَغَوَىٰ١٢١

“Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди”[11].  

Ушбу ояти каримада Одам алайҳиссаломнинг Аллоҳга осий бўлгани ва йўлдан озгани очиқ-ойдин баён қилинган. Шу ўринда Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлса, қандай қилиб Аллоҳнинг буйруғига осий бўлади, пайғамбарлар маъсиятлардан маъсум зот эмасмилар, деган табиий савол пайдо бўлади. Ушбу саволга мазкур мавзуга тааллуқли китобларда пайғамбарларнинг маъсум зот бўлганлари, уларнинг ҳеч қачон Роббиларига қасддан исён этмаганлари, улардан маъсият кўринишида содир бўлган  баъзи ишларнинг эса, аслида, биз тушунадиган маъсиятдан тубдан фарқ қиладиган ишлар бўлгани ҳақида батафсил жавоб берилган. Ўша жавобларнинг қисқа ва лўндаси қуйидагилардир:

  1. Одам алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг буйруғини унутиб, унга хилоф ишни қилиб қўйган, ўша ишни асло ва асло қасддан содир этмаган. Қуйидаги ояти карима бунга далилдир:

﴿وَلَقَدۡ عَهِدۡنَآ إِلَىٰٓ ءَادَمَ مِن قَبۡلُ فَنَسِيَ وَلَمۡ نَجِدۡ لَهُۥ عَزۡمٗا١١٥

“Батаҳқиқ, илгари Биз Одам билан аҳдлашган эдик. Лекин у унутди. Унда азму қарор топмадик”[12].  

Яъни унга ман қилинган дарахт мевасини емасликни олдиндан тайинлаган эдик, лекин у бизнинг буйруғимизни унутиб қўйди. Юқоридаги “Одам Парвардигорига осий бўлиб, янглишди”, маъносидаги ояти каримада Одам алайҳиссаломнинг осий бўлгани қанчалик очиқ-ойдин баён қилинган бўлса, бу ишни асло қасддан қилмагани, балки унутган ҳолда қилгани ушбу ояти каримада шунчалик очиқ-ойдин баён этилган. Қасддан қилинган иш билан унутган ҳолда қилиб қўйган иш орасида қанчалик фарқ борлиги ҳеч кимга сир эмас. 

  1. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга: “Жуфтинг Ҳавво билан жаннатда яшанглар, унинг қаеридаги меваларидан емоқчи бўлсаларингиз, марҳамат еяверинглар, фақат “мана бу дарахтга яқин келманглар”, – дея буйруқ қилган:

﴿وَقُلۡنَا يَٰٓـَٔادَمُ ٱسۡكُنۡ أَنتَ وَزَوۡجُكَ ٱلۡجَنَّةَ وَكُلَا مِنۡهَا رَغَدًا حَيۡثُ شِئۡتُمَا وَلَا تَقۡرَبَا هَٰذِهِ ٱلشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ٣٥

“Биз яна айтдик: “Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз”[13].

Одам алайҳиссалом “мана бу дарахтга яқинлашмангиз”, яъни манави дарахт мевасидан еманглар маъносидаги буйруқни кўрсатилган дарахтнинг жинси деб эмас, балки айнан ўша битта дарахтнинг ўзи деб ўйлаган ва ўша дарахтнинг жинсидан бўлган бошқа дарахт мевасидан еган. Натижада бу қилган иши буйруққа хилоф бўлиб қолган. Бунда асло билиб туриб буйруққа хилоф иш қилиш маъноси йўқдир. Билиб туриб қилинган иш билан билмасдан қилиб қўйган иш орасида қанчалик фарқ борлиги ҳеч кимга сир эмас.  

  1. Одам алайҳиссаломнинг дарахт мевасидан еб қўйиши пайғамбар бўлишидан олдин содир бўлган. Маъсумликни эса пайғамбарлик тақозо қилади. Одам алайҳиссаломнинг ман қилинган дарахт мевасини егани пайғамбар бўлишидан олдин содир бўлганига ушбу ояти карима далолат қилади:

﴿ثُمَّ ٱجۡتَبَٰهُ رَبُّهُۥ فَتَابَ عَلَيۡهِ وَهَدَىٰ١٢٢

“Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади”[14].  

Пайғамбарларнинг қиссалари, маъсумликларининг исботлари, Қуръонда пайғамбарлар қиссаларининг такрор келиш сирлари ва ҳоказо пайғамбарларга тааллуқли муҳим маълумотларни Шайх Муҳаммад Али Собуний “Нубувват вал-Анбия” китобида бобларга ажратиб, батафсил баён қилган.  

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ СИФАТЛАРИ БАЁНИ;

ЗУЛҚАРНАЙН ВА ЛУҚМОН ҲАҚИДА;

 

[1] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 44, 48-оятлар.

[2] Анъом сураси, 33-оят.

[3] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия. – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 60.

[4] Аҳзоб сураси, 39-оят.

[5] Аъроф сураси, 62-оят.

[6] Бақара сураси, 258-оят.

[7] Анбиё сураси, 83, 84-оятлар.

[8] Анъом сураси, 90-оят.

[9] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия.  – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 73.

[10] Шайх Муҳаммад Али Собуний. Нубувват вал Анбия.  – Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2005. – Б. 72.

[11] Тоҳа сураси, 121-оят.

[12] Тоҳа сураси, 115-оят.

[13] Бақара сураси, 35-оят.

[14] Тоҳа сураси, 122-оят.

Read 3119 times
Top