Кутубхона

Эътиқод Дурдоналари: ФАРИШТАЛАР ҲАЁ ҚИЛГАН ИНСОН  (Усмон розияллоҳу анҳу)

 

ФАРИШТАЛАР ҲАЁ ҚИЛГАН ИНСОН

37 - وَذُو النُّورَينِ حَقًّا كَانَ خَيْرًا    مِنَ الْكَرَّارِ فِي صَفِّ الْقِتَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Зуннуройн (розияллоҳу анҳу), дарҳақиқат, уруш сафларидаги Қайтмас ботир (розияллоҳу анҳу)дан афзалроқ бўлган.

 

Назмий баёни:

Албатта, Зуннуройн аълороқ бўлган,

Уруш сафларида қайтмас Ботирдан.

 

Луғатлар изоҳи:

النُّورَينِ ذُو – мубтадо.

حَقًّا – маҳзуф феълнинг мафъули мутлақи. Тақдирида أَحُقُّ феъли бор.

كَانَ  – хабар.

خَيْرًا – ноқис феълнинг хабари. Бу калима, аслида, اَخْيَرُ исми тафзилнинг ҳамзаси ҳазф қилинган шаклидир.

مِنْ – “таълилия” (изоҳлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

الْكَرَّارِ – жор мажрур كَانَ га мутааллиқ. Луғавий жиҳатдан жанг майдонида ўта ҳужумкор маъносига тўғри келади.

فِي – зарфият маъносида келган жор ҳарфи.

صَفِّ – саф деганда тўғри чизиқда теккис туриш тушунилади.

الْقِتَالِ – луғатда “жанг”, “кураш” маъноларини англатади.

 

Матн шарҳи:

Усмон розияллоҳу анҳунинг насаби қуйидагича бўлган: Усмон ибн Аффон ибн Абил Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманноф. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан насаблари Абдуманнофда бирлашади. Милодий 576 йилда Тоифда туғилган. Куняси аввал Абу Абдуллоҳ, у вафот этгач, Абу Амр бўлган.  Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккита қизлари аввал Руқайя, у вафот этгач Умму Кулсумга уйланган. Шунинг учун ҳам у зот “Зуннурайн” (икки нур эгаси) деб аталган. Ривоят қилинишича, “Одам алайҳиссалом замонидан то қиёматгача бирор пайғамбарнинг икки қизига Усмон ибн Аффондан бошқа уйланган киши йўқдир”[1].  

 

Усмон розияллоҳу анҳунинг оилалари

  1. Руқайя бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу аёлидан Абдуллоҳ[2] исмли фарзанди туғилган.
  2. Умму Кулсум бинти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу аёлидан фарзанди бўлмаган.
  3. Фохита бинти Ғозвон. Бу аёлидан Абдуллоҳ (кичиги) исмли ўғли туғилган.
  4. Умму Амр бинти Жундаб. Бу аёлидан Амр, Холид, Убон, Умар, ва Марям исмли фарзандлари туғилган.
  5. Фотима бинти Валид. Бу аёлидан Валид, Саъийд ва Умму Саъийд исмли фарзандлари туғилган.
  6. Умму Банийн бинти Уяйна ибн Ҳисн. Бу аёлидан Абдулмалик исмли ўғли туғилган.
  7. Рамла бинти Шайба. Бу аёлидан Оиша, Умму Убон ва Умму Амр исмли фарзандлари туғилган.
  8. Ноила бинти Фарофиса. Бу аёлидан Марям исмли қизи туғилган.
  9. Умму валад чўрилари. Бу чўрисидан Уммул Банийн исмли қизи туғилган.

Албатта юқорида баён қилинганидек ушбу аёлларнинг тўрттадан кўпи битта никоҳда жамланмаган. 

 

Усмон розияллоҳу анҳунинг фазллари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида ҳамма ҳавас қиладиган жуда кўплаб мақтовларни айтганлар:

–  “ Эй Аллоҳим, мен Усмондан рози бўлдим, Сен ҳам ундан рози бўлгин”;

–  “ Усмон менинг жаннатдаги ўртоғимдир”;

–  “Усмон дунёда ҳам, охиратда ҳам мен билан биргадир”;

– “Усмон умматимнинг энг ҳаёлироғи ва энг икромлироғидир”;

– “Усмон ҳаёлидир, ундан фаришталар ҳам ҳаё қиладилар”.

“Бир куни Усмон розияллоҳу анҳу ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳулар тортишиб қолишди. Шунда Абу Убайда: “Эй Усмон, сен менга қарши гапиряпсан, лекин мен сендан уч хислатда афзалман”, – деди. Усмон: “Улар нима экан”, – деди. Абу Убайда: “Биринчиси, мен байъат кунида ҳозир эдим, сен йўқ эдинг, иккинчиси, мен Бадрда қатнашганман, сен қатнашмагансан, учинчиси, мен Уҳуд кунида собит турганлардан эдим, сен собит турмагансан”, – деди. Усмон: “Тўғри айтдинг, ҳақиқатда шундай бўлган, аммо байъат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бир иш билан жўнатган эдилар. Байъат вақтида қўлларини менинг номимдан узатиб: “Бу Усмон ибн Аффоннинг қўлидир”, – деганлар. У зотнинг муборак қўллари эса, албатта, менинг қўлимдан яхшидир. Бадр кунида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Мадинага ўринбосар қилиб қолдирган эдилар. Мен қарши чиқиб, у зот тайинлаган жойни ташлаб кетолмасдим. У зотнинг қизлари Руқайя касал бўлиб ётганди, мен у вафот этгунга қадар хизматида бўлдим, вафот этганидан сўнг уни дафн этдим. Уҳуд кунида қочганимга келсак, Аллоҳ таоло бу иш тўғрисида мени афв қилган ва қилган ишимни шайтонга тааллуқли эканини айтган: 

﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ تَوَلَّوۡاْ مِنكُمۡ يَوۡمَ ٱلۡتَقَى ٱلۡجَمۡعَانِ إِنَّمَا ٱسۡتَزَلَّهُمُ ٱلشَّيۡطَٰنُ بِبَعۡضِ مَا كَسَبُواْۖ وَلَقَدۡ عَفَا ٱللَّهُ عَنۡهُمۡۗ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٌ حَلِيمٞ١٥٥

“Икки (ҳарбий) бўлинма тўқнашган кунда орангиздан баъзи қилмишлари билан (тайин этилган жойдан) юз ўгириб кетганларни шайтон янглиштирган эди. Аллоҳ уларни афв этди ҳам. Зеро, Аллоҳ кечирувчан ва ҳалим зотдир”[3].             

Усмон тортишувда енгиб чиқди”[4].

Усмон розияллоҳу анҳу ниҳоятда фаросатли киши бўлган. Бир куни у зотнинг ҳузурига бир киши кирди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу: “Сизлардан бирингиз кўзларидаги зино асари билан кириб келмоқда”, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат билан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам ваҳий борми”, – дея ғалати ҳолатга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу: “Йўқ, лекин содиқ фаросат бор”, – деди. 

Халифа Умар ибн Хаттоб вафотидан сўнг мусулмонларнинг ўзаро иттифоқлари билан у зот 644 йилда 69 ёшида халифа этиб сайланган. 

Усмон ибн Аффон[5] розияллоҳу анҳу милодий 656 йилда, 82 ёшида фитначилар томонидан шаҳид қилинган ва Бақиъ қабристонига дафн этилган. Жанозасини Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу ўқиган.

 

 

 

[1] Мулла Али Қори. Шарҳу Фиқҳил акбар. Байрут: “Дорул кутубил илмия”, Али Муҳаммад Дандал таҳқиқи. – Б. 112.

[2] Усмон розияллоҳу анҳунинг 9 ўғил, 7 қиз, жами 16 фарзандлари бўлган, иккита ўғилларининг исми Абдуллоҳ бўлган.

[3] Оли Имрон сураси, 155-оят.

[4] Муҳаммад Ризо. Мавсуату хулафои рошидин. Байрут: “Мактабатул Асрия”, 2006. – Б. 28.

[5] Усмон розияллоҳу анҳуни Али розияллоҳу анҳудан афзал бўлган деб эътиқод қилиш Аҳли сунна вал-жамоа жумҳурининг қавли бўлиб, мотуридия ва ашъария мазҳаблари иттифоқ қилган масалалардан ҳисобланади. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бу масалада жумҳур уламоларга хилоф қилган бўлсада, кейинчалик жумҳурнинг қавлига қайтган.

Read 3406 times
Top