Рамазон-2018

Рамазон рукнидан: рўзанинг сирлари ва одоблари

Рўзада мавжуд бўлган хусусият ундан бошқа нарсада йўқ. Нега деганда, рўзани Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: «Рўза мен учун ва унинг ажру-савобини Ўзим бераман» (Имом Бухорий). Бу нисбатнинг ўзи унинг нақадар шарафли эканига кифоя этади, чунончи «Уйимни пок этинг» (Ҳаж сураси, 26-оят), деган каломида Каъба нисбатини ўзига хос этганидек.

Рўза икки маънога нисбатан фазилатли бўлади:

  1. Рўза сир ва ботиний, яъни ички амал. Уни ҳеч қачон халқ кўрмайди ва унга риё аралашмайди.
  2. Рўза Аллоҳ душманлари учун хафалик, хорлик, зеро у шаҳват душманларига васила. Дарҳақиқат, шаҳват ейиш ва ичиш билан қувватланади. Модомики, шаҳват ерлари унумдор экан, бас, бу экинзорларга шайтонлар албатта қадам босиб келади. Шаҳватларнинг тарк этилиши уларнинг йўлларини тўсиш ва беркитишдир. Рўзанинг фазилатига далолат этадиган хабарлар жуда кўп ва улар машҳур.

Рўзанинг уч хил даражаси бор: оммавий рўза, хос рўза, хослар хоссасининг рўзаси.

Оммавий рўза – бу қоринни таомдан ман этиш ва жинсий аъзони шаҳвоний ҳис-майлдан ушлаш.

Хос рўза – бу назар, тил, қўл, оёқ, эшитиш аъзолари ва бошқа барча вужудни гуноҳлардан сақлаш.

Хоснинг хос рўзаси – бу жирканчли истаклардан ва Аллоҳдан узоқлаштирадиган фикрлардан қалбнинг рўзадор бўлиши, Аллоҳдан ўзга барча нарсалардан қалбнинг узоқда бўлиши. Бу хилдаги рўзанинг шархи бошқа ўринда келади.

Хос рўзанинг одоблари қуйидагилардир: кўзни ҳаромдан юмиш, тилни одамларга азият берадиган ҳаром ёки макруҳ ё бефойда сўзларни айтишдан сақлаш, бошқа барча аъзо ва вужудни эҳтиётлаш.

Имом Бухорий ҳазратлари ривоят этган ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки ёлғон, бўҳтон сўзни ва унга амал этишни тарк этмаса, унинг емай-ичмай тутган рўзасига Аллоҳнинг ҳожати йўқ», дея марҳамат қилдилар».

Яна рўза одоблари мана шулардир: рўза тутишни ният этган одам кечалари қорнини ҳаддан зиёд тўйдириб юбормаслиги, балки у кифоя қилгудек таом ейишлиги керак. Зеро, одам боласига қориндан кўра ёмонроқ тўладиган идиш йўқ. У кечанинг аввалида тўйиб олса, кечанинг қолган қисмида ўзига фойда ола олмайди. Шу каби у саҳар пайтида ҳаддан ортиқ тўйиб овқат еб олса, пешин вақтигача ҳеч бир фойдали амал қила олмайди, кўп ейишлик ялқовлик ва фаолиятсизликни келтириб чиқаради. Натижада, кўп таом истеъмол этиш ирода этилган мақсадни зое этади, чунки рўзадан мақсад очлик ҳиссини татиш ва иштаҳани тарк этишдир.

Ихтиёрий тутиладиган рўза хусусида шуни яхши билингки, йил давомида яхши кун ва айрим фазилатли айёмларда рўза тутиш мустаҳабдир. Бу рўзалар таъкидланган яхшилик ҳисобланиб, рамазон ойидан кейинги шаввол ойининг олти кун рўзаси, арафа куни рўзаси, муҳаррам ойининг ўнинчи кунидаги ашуро рўзаси ва зулҳижжа ойининг ўнида тутиладиган рўзалардир. Абу Айюб Ансорийдан ривоят этиладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Кимда-ким рамазон ойи рўзасини адо қилиб, сўнг шаввол ойида олти кун рўза тутса, у одам гўё йил давомида рўзадор бўлибди» (Имом Муслим).

Шундай рўзаларнинг баъзиси ҳафтанинг душанба ва сешанба кунларида тутилади. Қамарий ойнинг боши, ўртаси ва охиридаги тутилгани афзал рўзадир.

Кимки ҳар ойнинг аввали, ўртаси ва ниҳоясида рўзадор бўлса, кўп яхши бўлади. Аммо энг афзали қамарий ойнинг тўлган уч кунлари, яъни 13-14-15 кунлари тутилган рўзадир.

Ҳазрат Довуд алайҳиссаломнинг ихтиёрий тутган рўзалари такрорланадиган рўзалардандир. У зот бир кун рўзадор бўлсалар, иккинчи куни рўза бўлмасдилар. Бу тартибда рўзадор бўлиш ўзида уч маънони жам этади:

  1. Нафс рўзадор бўлмаган кунда ўз ҳаққини олади. Рўза тутган кунда эса бандалигига тўла вафо этади. Бу ҳолда нафсга ором бериш ва унга масъулият юклаш жам бўлган. Бу адолатдир.
  2. Емак истеъмол этилган кун – шукрона куни ҳамда рўзадорлик куни эса сабр этиш кунидир. Иймон икки бўлак – шукр ва сабрдир.
  3. Қийинчиликда (ҳар куни таомланадиган) нафсга жуда машаққат бўлади, зеро, у доимий бир ҳолатни унутиб, иккинчи ҳолатга кўчиб ўтади. Аммо йил давомида рўзадор бўлиш ҳақида Имом Муслим Абу Қатодадан ушбу ҳадисни ривоят этганлар: «Дарҳақиқат, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Бир киши йил давомида муттасил рўза тутса, қандай бўлади?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ҳам тутмади ва рўзасиз ҳам бўлмади», деб айтдилар».

Бу – рўза ушлаш ман этилган кунларда ҳам узлуксиз йил бўйи рўза тутадиганларга тааллуқли. Аммо икки ҳайит, ташриқ ва арафа кунларидан ташқари йилнинг бошқа ҳамма кунларида рўза ушласа, ҳечқиси йўқ. Ҳишом ибн Урвадан ривоят этилишича, у кишининг оталари узлуксиз рўза тутардилар. Ҳазрат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам муттасил рўзадор эдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтдилар: «Абу Талха Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин узлуксиз қирқ йил рўза тутдилар».

Билинг! Кимнинг фаросати бўлса, рўзадан бўладиган мақсадни яхши тушунади ва афзал амалларни бажаришда ўзини ортиқча қийнамайдиган даражада иш тутади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кам рўза тутардилар ва: «Рўза ушласам, намоз адо этишда заиф бўламан, шунинг учун (ихтиёрий, зиёда) рўза тутишдан намозни ихтиёр этдим», деганлар.

Салафлардан айримлари агар рўза тутсам, Қуръони Каримни ўқишда чарчаб қоламан, деб кўп вақт рўза тутмас эди. Ҳар бир инсон ҳолини ва ўзига нима яхшилигини ўзи билгувчидир.

 

Манбалар асосида

Пискент тумани «Мулла Бўта Қози»
жоме масжиди имом хатиби

Мирсобит ВОҲИДОВ
тайёрлади

 

Read 47256 times
Top