muslim.uz
Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси фаолияти билан танишилди
Таъкидлаш жоизки, юртимиз делегация вакилларининг Миср Араб Республикасидаги сафари муваффақиятли кечмоқда. Сафар давомида турли илмий муассасалар фаолияти билан яқиндан танишилмоқда. Навбатдаги манзил – Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси бўлди.
Академияда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро бўлим бошлиғи Баҳодир Хўжаев ҳамда “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси раҳбари, доктор Назир Айёд билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида ҳар икки юрт вакиллари томонидан Ўзбекистон ва Миср билан алоқалар тобора ривожланиб бораётгани, айниқса, илмий ва таълим йўналишлардаги ҳамкорликлар сўнгги йилларда кенг тараққий этаётгани таъкидланди.
Мулоқот давомида Давронбек Махсудов томонлар ўртасида ҳамкорлик масалаларини янада ривожлантириш масалалари бўйича таклифларини берди.
Академия раҳбари Назир Айёд эса қадим Мовароуннаҳр диёридан ислом илмлари, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа кўплаб илмлар бўйича етук олимлар етишиб чиққани, улар ўз наватида жаҳон тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшганини таъкидлади. Назир Айёд Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази қошидаги Халқаро илмий ҳайъат ва “Мотуридия” илмий журнали таҳрир ҳайъати аъзоси эканини фахр ва миннатдорлик билан айтиб ўтди. Келажакда ўзи бошчилик қилаётган Академияда ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг фаолият олиб боришлари мумкинилигини айтди.
Суҳбатдан сўнг, Ислом тадқиқотлари Академияси фаолияти билан атрофлича танишиб чиқилди. Академия “Ал-Азҳар” мажмуасидаги энг йирик марказлардан бири саналади. Унда бугунги кунда олти юз нафар ходим фаолият олиб боради. Академияда таржима, ахборот, экспертиза, матбаа ва нашриёт каби бўлим фаолият юритади.
Учрашув якунида Академия раҳбарияти ва жамоаси Ўзбекистондаги илмий марказлар ҳамда тадқиқотчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Аллоҳдан қўрқиш (аудио)
Шайх Муҳаммад ад-Дувайний: “Сўнгги йилларда Миср ва Ўзбекистон алоқалари тобора ривожланиб бормоқда”
Миср Араб Республикасида юртимиз делегацияси вакиллари “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг ўринбосари, шайх Муҳаммад ад-Дувайний билан учрашишди.
Мазкур мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Самимий суҳбат аввалида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига қилган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг янги даврини бошлаб бериши шубҳасизлиги таъкидланди.
Шундан сўнг соҳа масъуллари томонидан юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, аждодлар ва дунё олимларининг бой илмий меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган сермаҳсул фаолият, бу борада, халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ўрни ва аҳамияти ва бошқа бир қатор муҳим соҳавий янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ўз навбатида, Ал-Азҳар университети бутун дунёда ислом асосларини пухта ўзлаштирган, замонавий билимларга эга етук кадрларни етиштириб берувчи таълим муассасаси сифатида шуҳрат қозонгани, мусулмон умматига исломнинг асл инсонпарвар ғояларини тушунтириш, жаҳолат билан маърифат ўртасидаги фарқни очиб беришга эҳтиёж кучайган бугунги кунда мазкур таълим даргоҳининг аҳамияти юқори экани алоҳида таъкидланди.
Томонлар ўзаро мулоқотда, бугунги кунда инсон онги ва дунёқараши учун ғоявий кураш кечаётгани, бу жараёнда, дунёқараши тўлиқ шаклланмаган баъзи ёшларнинг сохта диний шиорлар таъсирида бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани дунё жамоатчилигини ташвиш ва хавотирга солаётгани айтилди. Бу борада тизимли ишларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ибодатдан роҳатланмаслик – 15 қисм
Қачонки инсон қилган ибодатидан завқланмаса, бу унинг руҳий касалликдан азоб чекаётганини кўрсатади. Бу руҳий ҳолат қалб хасталиги ва инсон нафсининг ҳийласи туфайли юзага келади.
Муолажа услуби
Бундай иллатдан халос бўлиш учун инсон фақат ҳалол таомларни истеъмол қилиши, доимо Аллоҳни зикр этиши, солиҳлар билан бирга бўлиши ва уларга хизмат қилиши керак.
Бундан ташқари, қорайган қалбига даво беришини сўраб Аллоҳ таолога ёлвориб дуо қилиш керак. Чунки фақат ёлғиз Аллоҳ бандаларига ёрдам беришга қодир ва У зот қалбларни поклай олади. Агар инсон бу насиҳатларга амал қилса, бажарган ибодатларидан баҳраманд бўла бошлайди.
Ибн Атоуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Қалбингизга сакинат бағишламаётган амалингизни Аллоҳ қабул қилмаяпти деб ноумид бўлманг! Сиз маънавий меваларини ҳозир англай олмайдиган амалингизни Аллоҳ таоло қабул қилган бўлиши ҳам мумкин”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Ўзбекистон ва Миср кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикасига ташрифи доирасида олий даражадаги музокаралар якуни бўйича ҳужжатлар имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёнотни қабул қилдилар.
Президентлар ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Улар икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Миср Инвестициялар бўйича бош бошқармаси ўртасидаги, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, жамоат соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва икки томонлама инвестициявий муносабатларни мустаҳкамлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш, тараққиёт масалаларида тажриба алмашиш каби йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Шарқшунослик институти ҳамда Миср Миллий кутубхонаси ва архиви ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.