muslim.uz
УЛАМОЛАР ИСЛОМ УММАТИНИ ТИНЧЛИК, БИРДАМЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИККА ЧАҚИРДИ!
Бутун дунёда, хусусан ислом оламида тинчликни ўрнатиш, мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва уммат бирлигини мустаҳкамлаш йўлида исломий ташкилотлар фаолият олиб боради. Мана шундай нуфузли муассасалардан бири Мусулмон донишмандлар кенгаши ҳисобланади.
Хабар бериб келаётганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгаш аъзоси сифатида фаол қатнашиб келмоқдалар. Яқинда ижтимоий тармоқларда мазкур Кенгаш аъзоларининг дунёдаги воқеа-ҳодисаларга муносабатлари эълон қилинди. Жумладан, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Малайзия Вақф ишлари вазири доктор Зулкифл бин Муҳаммад ал-Бакрий, Ислом фиқҳи академияси аъзоси Доктор Аҳмад Абдулазиз Ҳаддод ва Ливан давлати уламоси Шайх Саййид Али ал-Амин кабиларнинг чиқишларидан қуйидаги иқтибослар келтирамиз.
Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари,
Шайх Аҳмад Тоййиб:
“Айрим бандалар фақатгина уларга неъматлар етиб турганидагина шукр қиладилар. Аслида банда ҳар бир ҳолат учун шукр қилиши лозим. Аммо бундай бандалар жуда оз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир” деб хитоб қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги намозда туравериб, ҳаттоки оёқлари шишиб кетарди. Шунда У зотга: “Сизнинг аввалги-ю охирги гуноҳларингиз кечирилганку” дейилса. У зот алайҳиссалом: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?” деган эканлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар:
“Ҳозирги кунда дунёда, хусусан, Ислом оламида тинчликни ўрнатиш, уламолар ҳамкорлигини ривожлантириш, мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, уммат бирдамлиги ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш керакки, ушбу йўналишларда Мусулмон донишмандлар кенгаши салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақириб, шундай хитоб қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг!”.
Албатта, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш – жамиятда тотувлик ва биродарликнинг асосидир. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп ҳадисларида ҳамкорлик ва бирдамликка чақирганлар. Хусусан, У зот алайҳиссалом: “Мўмин-мўминга нисбатан ҳудди бир бино каби. Улар бир-бирларини мустаҳкам тутиб туришади”, деганлар. Бошқа ҳадисда эса, “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, дейилган”.
Малайзия Вақф ишлари вазири доктор
Доктор Зулкифл бин Муҳаммад ал-Бакрий:
“Азиз дўстлар! Бугун ҳар биримиз ниҳоятда қадрига етишимиз керак бўлган неъматлардан бири – тинчликдир. Тинчликнинг қиймати бебаҳо. Тинчлик бу – фақатгина урушнинг бўлмаслиги эмас, балки тинчлик бу – ички ва ташқи хотиржамлик, барқарорликдир. Бунинг учун жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ижтимой ҳимоя қилиниши лозим. Тинчлик – турли миллат вакилларига тенг адолатли муносабатда бўлиш, камситмаслик, ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам назарда тутади. Аллоҳ таоло Ер юзидаги жамики инсониятга тинчлик ва омонлик ато этсин!”
Ислом фиқҳи академияси аъзоси
Доктор Аҳмад Абдулазиз Ҳаддод (БАА):
“Аллоҳ таоло бутун инсониятни яратди. Роббисини таниш, фақат Ўзига ибодат қилиш ва яхши амаллар ила Ер юзини обод этиш учун Ўзининг халифаси (ўринбосари) қилди. Аллоҳ таоло: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик”, дея жамики башариятга марҳамат қилди.
Аллоҳ таоло одамларнинг бирга яшаши учун ўзаро танишишни яратилишдан мақсад қилди. Албатта, ҳеч бир инсон жамиятдан, одамлардан айри ҳолатда яшай олмайди. Жамиятда ҳар бир инсоннинг ўзгаларга манфаат ва яхшилик етказишда муҳим ўрни бор. Зеро, одамлар ўзаро муомалалари бир-бирларига боғлиқдир. Аллоҳ таоло: “айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйганмиз” деб марҳамат қилган.
Одамзот яратилганидан тортиб бугунгача бир-бирини тутиб турадиган бино кабидирлар, ҳар бири бошқасига хизмат қилади, бундан ҳатто баъзилар бехабар бўлади. Буларнинг барчаси инсоният адоват ва можарода эмас, балки тинчлик ва ҳамжиҳатликда бирга яшаши зарурлигини таъкидлайди. Демак, инсонлар яхшилик йўлида ҳамкор бўлишлари, ёмонликларга эса биргаликда қарши курашишлари лозим. Зеро, Аллоҳ таоло бузғунчиликни севмайди!”.
Ливан давлати уламоси
Шайх Саййид Али ал-Амин:
“Бир жамиятда яшовчи фуқаролар тенг ҳуқуққа эга. Зеро, одамлар ҳуқуқ ва бурчлари тенг бўлмаган ҳолда фақат миллатга мансублиги билан тенг деб ҳисобланиши мумкин эмас. Ислом дини турли миллатга мансуб кишиларга ҳам адолат қилишга чақиради. Аллоҳ таоло: “Агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур” (Нисо сураси, 58-оят), деб хитоб қилади.
Адолат ва бағрикенглик шариат буюрган, ўзаро бир-биримиз билан муносабатларимизни бошқарадиган тамойилдир.”
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
21 март Шамсий ҳисобда янги йилнинг 1-куни
Агар коинотда Ой бўлмаса, Ерда 1 сутка, яъни бир кеча кундуз 8 соат ва 1 йил 1000 кундан иборат бўлар эди.
Шунинг учун Қуръони Каримда:
"Қуёш ҳам, Ой ҳам аниқ ҳисоб билан сайр қилур" - Раҳмон, 5;
"У тонг оттирувчидир. Тунни оромгоҳ, Қуёш ва Ойни эса ҳисоб белгилари қилиб қўйди. Бу қудратли ва Доно зотнинг ўлчовидир" - Анъом, 96;
"У Қуёшни зиё таратувчи ва Ойни нур сочувчи этган ҳамда йилларнинг ададини ва вақт ва замонга доир ҳисобини билишларингиз учун уни Ойни манзилларга бўлиб ўлчаб қўйган зотдир..." - Юнус, 5;
"Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ - ўн икки ойдир..." - Тавба, 36;
"Сиздан, Эй Муҳаммад! ҳилоллар янги ойлар ҳақида сўрайдилар. "Улар одамларга йил ҳисоби ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир", - деб айтинг" - Бақара, 189.
Ҳижрий йил ҳисоби — мусулмонлар йил ҳисоби. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кўчиб ўтиши билан ҳижрий йил ҳисоби бошланган. У қамарий-ой ва шамсий-қуёш йил ҳисобига бўлинади.
Қамарий бўйича йил ҳисоби 622 йилнинг 16 июли жума кунидан бошланиб, Ойнинг кетма-кет келган икки бир хил фазаси орасида ўтган вақт — синодик ой, 29,530588 кун, даврига асосланган.
12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,3671 кундан иборат. Қамарий йилда 1, 3, 5, 7, 9 ва 11-ойлар 30 кундан, қолганлари 29 кундан бутун қилиб олинган.
Ойлар тартиби билан муҳаррам, сафар, рабиул аввал, рабиул охир, жумодул аввал, жумодул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввал, зулқаъда ва зулҳижжа деб аталади. Қамарий йил тропик йилдан 10-12 кун қисқа.
Қамария ҳисоби Яқин ва Ўрта Шарқнинг кўп давлатлари ва бошқа баъзи давлатларда қўлланади.
Шамсий ҳисоб 622 йилнинг баҳоридан, кун ва тун тенг келган куни — 21 мартдан бошлаб ҳисобланади.
Кейинги йил бошлари эса 20, 21 ёки 22 мартга тўғри келади. Давомийлиги Григорий календари каби 365 ёки 366 кундан иборат.
Шамсий ҳисоб бўйича ойларнинг номлари ҳут, ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сумбула, мезон, ақраб, қавс, жадий ва далв бўлиб, бу ойлар доимо йилнинг маълум бир вақтларида келади.
Ўрта Осиё халқлари Шамсий ҳисоби бўйича йилнинг дастлабки кунларини Наврўз байрами сифати нишонлайдилар.
https://t.me/oliymahad/29265
Қашқадарёлик имомлар хайриялар улашишда давом этмоқда
Рамазон – хайр-саховат, меҳр-муҳаббат ойи. Бу ойда кўнгли ўксиклар, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга яхшиликлар улашиш қадим қадриятларимиздан саналади.
Шу кунларда ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги ходимлари ва имом-хатиблар томонидан ҳомийлар кўмагида ҳудудлардаги боқувчисини йўқотган, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар хонадонига ташриф буюрилиб, улардан ҳол-аҳвол сўралди. Шу билан бирга эҳтиёжмандларга озиқ-овқат масҳулотлари, иситиш печьлари, кийим-кечаклар ва моддий ёрдам ҳадя этилди.
Жумладан, 5 нафар иккинчи жаҳон уриши қатнашчилари, 23 нафар меҳнат фахрийлари, 149 нафар нуроний ва ёлғиз кексалар, 792 нафар ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар хонадонларига бориб, уларга 429607000 сўм миқдорида моддий ёрдам ёки озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Бундай саховат тадбирлари муборак ой якунига қадар давом этади, иншоаллоҳ.
Diniy sohadagi huquqiy islohotlar
Раҳмат даҳасининг сўнгги куни кўплаб оилаларга қувонч улашилди
Рамазон хайру эҳсонларга, яхшиликларга бой бўляпти. Маҳалла фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда эҳсонга ҳақдор кишилар аниқланиб, уларнинг ҳолидан хабар олиняпти.
Рамазон ойининг мағфират даҳаси сўнгги куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов бошчилигида Тошкент тумани имом-хатибларининг ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда Тошкент, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Янгийўл туманлари имомлари билан биргаликда ҳудудлардаги 500 та кам таъминланган, эҳтиёжманд оилага 14 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати