muslim.uz
Фарзандга исм қўйиш
Фарзанд дунёга келгач, унга чиройли исм қўйиш отанинг энг муҳим вазифаларидандир. Зеро, исм киши ҳаёти давомида унга ҳар жиҳатдан таъсир қилиши бор ҳақиқат. Бу нарса тарихдан, хусусан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар тарихидан маълум ва машҳурдир. Масалан, Ҳудайбияда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл ибн Амрнинг келаётганини кўриб: “Аллоҳ ишингизни енгиллаштирадиганга ўхшайди”, деганлари шунга далолат қилади.
Яна бир муборак ҳадисда Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Албатта сизлар Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингиз исми билан чақириласизлар. Бас (шундай экан), исмларингизни чиройли қилинглар!” (Абу Довуд, Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да,Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда бандалар қиёмат кунида ўз исмлари ва оталари исми билан чақирилиши таъкидланиб, уларни чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда. Вақти соати келиб қиёмат қоим бўлганида, барча инсонлар ҳисоб қилиниш учун Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланадилар. Ана ўшанда Аллоҳ бандаларини Ўз ҳузурига бирма-бир чақириб, уларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган амаллари ҳақида ҳисоб қилади. Кишини отаси исми билан чақириш унинг яхшироқ танилиши ва бошқалардан ажралиб туришини таъминлайди.
Мўмин киши ўзи ва фарзандларининг исмини чиройли қилишга, шунингдек қиёмат кунида нажот топишига, унинг жаннатга киришига сабаб бўладиган амалларни қилишга қаттиқ эътибор бериши керак.
Хайсама ибн Абдураҳмон Ибн Абу Сабрадан ривоят қилишича, унинг отаси Абдураҳмон бобоси билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганида, у зот: “Ўғлингнинг исми нима?” деб сўраганлар. Шунда у: “Азиз”, деб жавоб берган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Уни “Азиз” деб номламагин, балки унга “Абдураҳмон” деб исм қўйгин. Чунки исмларнинг энг яхшиси “Абдуллоҳ”, “Абдураҳмон” ва “Ҳорис”дир” деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Кейинги пайтларда одамлар анча тушуниб фарзандларига маънодор исмларни топиб қўймоқдалар. Олдингиларга ўхшаб Теша, Болта каби исмларни қўйиш кузатилмаяпти. Бироқ, кўп ҳолларда гўзал ва маънодор исмларни тўлиқ айтиб чақирмаслик натижасида қўпол хатога йўл қўяётганимзни ҳам англаб етиш вақти келди.
Масалан, Азиз дейишади, Карим дейишади ёки Жаббор дейишади. Лекин аслида шуни қўйганда, Абдулазиз, Абдулкарим, Абдулжаббор деб қўйилган. Азиз Аллоҳнинг исми "Абд" қўшилса бандаси бўлади, Азиз исмли Аллоҳнинг бандаси бўлади, Карим исмли Аллоҳнинг бандаси, Жаббор исмли Аллоҳнинг бандаси бўлади. Аллоҳнинг исмига тўғрилаб исм қўйиш эмас, балки Аллоҳга бандалик маъносини англатувчи исм қўйиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларидан бирида, "Исмларнинг энг яхшиси, бандалик маъносини англатувчи ва Аллоҳга ҳамд, мақтов маъносини англатувчи исмлардир, исмларнинг яхшиси Абдуллоҳ, Абдураҳмондир", деганлар. Аллоҳнинг исмларини билар эканмиз уларнинг олдига "Абд" сўзини қўшиб, Абдуллоҳ, Абдураҳмон, Абдураҳим, Абдумалик деб гўзал исмларни қўйишимиз керак. Бизда аксинча Абдуллоҳ, Абдумалик, Абдуғаффор деб қўйилган, ҳужжатларини ўқисангиз шу гаплар турибди, лекин муомалада Ғаффор, Рахим дейилади. Бу нотўғри нарса, бу нарсани тушунишимиз керак, фарзандларимизга исм қўйишда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз ва бу хатоларимизни тўғрилаб боришимиз лозим ва лобуддир.
Саҳобийлардан бўлган Абу Ваҳб ал-Жушамийдан ривоят қилинганда ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пайғамбарлар исми билан исмланинглар", дедилар.
Аллоҳ таоло бандалари ичида маълум зотларни Ўз рисолатини одамларга етказиш учун танлаб олди. Улар одоб-ахлоқ, муомала ва бошқа кўпгина жиҳатларга кўра инсониятнинг энг комили саналадилар ва уларнинг исми ҳам энг гўзал ва чиройлидир. Шу сабаб ҳам ҳадисда Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари исми билан исмланишга тарғиб қилинмоқда. Қуръони каримда номлари зикр қилинган йигирма бешта пайғамбар исми билан исмланиш, айниқса пайғамбарлар саййиди бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмлари билан исмланиш марғуб ва маҳбуб бўлган амаллардан саналади.
Ушбу ҳадисда кўпчилик орасида тарқалган бузуқ бир эътиқодга қаттиқ раддия берилмоқда. Баъзилар фарзандига бирон-бир пайғамбарнинг исмини қўйганларидан сўнг, маълум сабабларга кўра ўша фарзанд хасталаниб қолса, буни исмдан кўриб, пайғамбарнинг исмидан шумланадилар, “Пайғамбарнинг исми унга оғирлик қилмоқда”, деб турли хил нотўғри тасарруфларни қиладилар. Аслида пайғамбарларнинг исми бандага фойдали бўлса бўладики, ҳеч қачон зарар келтирмайди.
Амруллахон ЖАЛОЛОВ,
Китоб тумани “Баҳовуддин Нақшбанд” номли жоме масжиди имом ноиби
Покистон Ислом мафкураси кенгаши раиси: ҳар бир фуқаромиз Ўзбекистонга бир марта бўлса-да зиёратга келишни хоҳлайди
Покистон Ислом мафкураси Кенгаши раиси, профессор Қибла Аёз «Дунё» АА мухбири билан суҳбатда мамлакатимизда халқимизнинг муқаддас эътиқоди — ислом динига оид бой маънавий-маданий меросни асраб авайлаш, диёримиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий ғоялари ва асарларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, аждодларимиздан қолган ноёб манбалар асосидаги тадқиқ этилган маълумотлар билан халқимизнинг диний маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
– Ўзбекистон раҳбарияти ва қардош халқга фаол ривожланиб бораётган икки томонлама муносабатлар учун ўзимнинг энг эзгу тилакларим ва миннатдорлигимни йўллаш мен учун катта шарафдир, – деди Покистон Ислом мафкураси Кенгаши раиси. – Шуниси қувонарлики, Ўзбекистон ва Покистоннинг қардош халқлари дин, тарих, маданият ва оилавий анъаналар жиҳатидан яқин муштаракликка эга. Бу, айниқса, зиёрат туризми орқали Покистондан мамлакатингизга сайёҳлар оқимининг кўпайишида яққол намоён бўлмоқда.
Мамлакатларимиз ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан, фиқҳ ва ҳадис ислом таълимотларини ўрганиш соҳасида ижобий ва ишончли муносабатларни йўлга қўйган.
Ўзбекистонда маданий, тарихий ва маънавий соҳаларда ижобий натижаларга эришилмоқда, ислом дини тинчлик ва маърифатпарвар дин сифати кенг тарғиб этилмоқда. Давлат раҳбари раҳнамолигида мамлакатда барча халқларнинг миллий ва диний қадриятларига юксак ҳурмат кўрсатилмоқда, ислом дунёси учун намунали ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ислом динининг бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат каби ҳақиқий гуманистик аҳамияти, жумладан, зиёрат туризми орқали очиб берилмоқда.
Покистонда мавжуд кўплаб меъморий объектлар ва диққатга сазовор жойлар сизнинг аждодларингиз томонидан бунёд этилган. Улар ўзбек халқи маданияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Покистоннинг ҳар бир фуқароси зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга камида бир марта сайёҳат қилиш, бой тарихий ва ислом мероси билан яқиндан танишишни чин дилдан истайди.
Бу Ўзбекистон Президенти томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, дин эркинлиги, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида олиб бораётган изчил сиёсати самарасидир.
Ўзбекистоннинг бой ҳадис мактаби анъаналари менда катта таассурот қолдирди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида дин, таълим ва исломшунослик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари республиканинг халқаро майдонда, жумладан, мусулмон давлатлари орасидаги обрўйини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ишончим комилки, диний-маърифий соҳадаги шерикликни ривожлантириш халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим истиқболларини очиб беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бошлиқларга итоат қилишда аҳли сунна вал жамоанинг эътиқоди
Самарқанд вилояти имомлари сайёр учрашувлар ўтказмоқда
Бугун, 29 июн куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллигининг жойларда масжидлар фаолиятини такомиллаштириш, мавжуд камчиликларни жойида ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган шаҳар ва туман бош имом хатиблари ва Иштихон туманидаги мавжуд 11 та масжид имом хатиблари иштирокидаги навбатдаги сайёр учрашув тумандаги “Полвон ота” масжидида бўлиб ўтди.
***
Сайёр учрашув давомида Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ёқубжон домла Мансуров Иштихон туманида фаолият олиб бораётган отинойилар билан бугунги кунда отинойиларнинг муҳим вазифалари ҳақида суҳбат қуриб, бу борадаги муаммо ва камчиликларни таҳлил қилди, зарур тавсияларни бериб ўтди.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Амри маъруф ва наҳйи мункар – қалб ва руҳ озуқасидир
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташрифлари давом этмоқда.
Хусусан, бугун Тошкент Ислом институтининг катта ўқитувчиси устоз Муҳаммад Айюб Ҳомидов Тошкент шаҳри Чилонзор даҳасидаги “Катта Қозиробод” жоме масжидига мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга пешин намозини адо этиш учун ташриф буюрдилар.
Пешин намози жамоат бўлиб адо этилганидан сўнг, Муҳаммад Айюб домла диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиланишлар ва хушхабарлар ҳақида сўзлаб, ваъз-насиҳат қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда амри-маъруф қилувчи, ваъз-насиҳат қилувчи бандаларини энг яхши уммат дея мадҳ этган: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларнинг энг яхшиси кимлиги сўралганда у зот алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Шундан сўнг, Муҳаммад Айюб домла масжидга йиғилган жамоатдагилар томонидан берилган турли саволларга жавоб бердилар.
Аллоҳнинг уйларидан бир уй бўлмиш – масжидда жамланган намозхонлар устоз Муҳаммад Айюб Ҳомидовнинг сермазмун маърузалари ва турли саволларга атрофлича берган жавоблари учун ўз ташаккурларини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати