Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
muslim.uz
Ойлар султони — Рамазон: Саҳарликка ухлаб қолиб ҳам рўза тутиш мумкинми? Рамазон рўзасининг каффорати қандай?
«Дарё» интернет-нашри ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Muslim.uz» портали ўзаро ҳамкорликда муборак ойга бағишланган «Ойлар султони — Рамазон» лойиҳасини тақдим этади.
Лойиҳа доирасида таниқли уламолар ва диний соҳа ходимлари моҳи Рамазон фазилати тўғрисидаги ояти карималар, ҳадиси шарифлар шарҳи ҳамда рўза тутиш билан боғлиқ саволларга жавоб беради.
Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири в.в.б. Ғуломиддин Холбоев билан уюштирилди.
Рамазонда саҳарликка ухлаб қолса, рўзани қандай тутиш керак?
Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши уйғонганидан кейин сув ичиб, ният қилиб, рўзани давом эттирса бўладими?
Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган одам, ўйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам, ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмай, шу кунги рўзани тутишни ният қилади холос.
Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин. Бу ҳақда «Фатавои Ҳиндия» китобида шундай дейилган: «Заволгача ният қилиш, тонг отгандан кейин рўзани бузадиган амаллар бўлмаган бўлса, жоиз бўлади. Агар тонг отгандан кейин қасддан ёки унутиб еган, ичган ёки жинсий алоқа қилган бўлса, бундан кейин ўша кунги рўзани ният қилиши жоиз бўлмайди» («Фатавои Ҳиндия», «Шарҳут Таҳовий»).
Демак, Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши, уйғонгач, ҳеч нарса емай-ичмай, рўза тутишни ният қилиши лозим бўлади.
Рўзадор киши сўлагини ютиши мумкинми?
Айтишларича, рўзадор одам ўз сўлагини юца рўзаси очилиб кетиши мумкин экан. Бу гап қанчалик тўғри?
Рўзадор сўлаги (туфуги)ни ютиши билан рўза очилмайди. «Муҳитул Бурҳоний» номли китобда бу ҳақида шундай дейилади: «Рўзадор оғзида туфугини йиғиб кейин ютиб юборса, рўзаси бузилмайди».
Қасддан сўлагини оғзида тўплаб ютиш эса макруҳ бўлади. Бу ҳақда «Фатавои Ҳиндия»да қуйидаги жумлалар келтирилган: «Рўзадор туфугини оғзида йиғиб, кейин ютиб юбориши макруҳ бўлади. ‘Зоҳирийяъда шундай келтирилган».
Демак, туфукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас ва рўзани ҳам бузмайди.
Рўзанинг каффорати
Рамазон рўзасини қасддан бузган киши каффорат тўлар экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз.
Рўзадор қасддан, яъни рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни бузган рўзасини тутиши, ҳам каффорат вожиб бўлади.
Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:
- Бир қул озод қилиш;
- Агар бунга қодир бўлмаса, кетма-кет икки ой рўза тутиш.
Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиий. Кетма-кет 60 кунлик рўза эса шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар — Рамазон ва Қурбон Ҳайити кунлари ва Қурбон Ҳайитидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак.
Бунга ҳам имконияти бўлмаса, 60 нафар фақирга фидя миқдорича таом ёки таомнинг қийматини беради (бу қиймат 2021 йилда 25 минг сўм этиб белгиланган). Бир фақирга 60 кун таом берса ҳам бўлади, аммо бир фақирнинг ўзига 60 кунлик таомни бир кунда бериш жоиз эмас.
Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларда шундай дейилган: «Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса, унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда аввало бир қул озод қилади. Тополмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, 60 мискинни тўйдиради» («Раддул муҳтор»).
Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.
Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки, нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди («Раддул муҳтор»).
Каффорат рўзасини тутаётган киши 60 кун ичида бирор кунни қолдирса, каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.
Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилиши шарт. Агар ният қилолмай, субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади («Фатавои Ҳиндия»).
Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ. Валлоҳу аълам.
«Suara»: «Бухоро Марказий Осиёда Ислом илмининг маркази сифатида ўз обрўсини тиклади»
Индонезиянинг «Suara» ахборот сайти "Бухоро - Имом Бухорий ва Ибн Синонинг ватани" номли мақоласини чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Бухоро ҳақида сўз юритар экан, мақола муаллифи Азхар Расйид Абу Али Ибн Сино, Имом ал-Бухорий ва бошқалар каби буюк олим ва мутафаккирларнинг номлари шу шаҳар билан боғлиқлигини қайд этади.
"Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан қарийб 300 километр узоқликда жойлашган Бухоро шаҳри ислом тарихидаги энг машҳур шаҳарлардан биридир", – деб ёзади муаллиф. – Исломнинг олтин даврида Бағдод каби бу шаҳар ислом оламининг интеллектуал марказларидан бири эди. Шаҳарда икки таниқли шахс – асари тиббиёт оламида маълумотнома сифатида фойдаланиладиган мусулмон тиббиёт даҳоси ибн Сино ва Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) нинг анъаналарини йиғувчи сифатида танилган Имом Бухорий таваллуд топган. Шаҳардаги юзлаб масжид ва Қуръон мактаблари ўтмишда ислом таълимининг юксак даражага эришганини тасдиқлайди".
"Ипак йўли" бўйлаб жойлашган шаҳар тараққиётига халқаро савдо ҳам кўмаклашган, дея қайд этади газета.
"Бухоро шаҳри ўз даври учун катта эди", – деб таъкидлайди «Suara». – Бу ерда саройлар, турли шакл ва ҳажмдаги масжидлар, бозорлар, майдон ва боғлар бунёд этилган. Чет эл босқинидан ҳимояланиш учун шаҳар мустаҳкамланиб, қўш деворлар билан ўраб олинган. Фуқароларнинг кириши ва чиқиши учун бир қанча дарвозалар кўзда тутилган. Саройлар ва масжидлар гўзал архитектура билан қурилган.
Фуқаролар ва сарой аҳолисини сув билан таъминлаш учун сув коммунал хўжалиги қурилди. Ўрта асрларда Бухоронинг муҳташам меъморий ёдгорликлари унга “Қуббат ул-ислом” — “Ислом динининг гумбази” деган сифат ҳам берилади.
"Бугун Бухоро Марказий Осиёда ислом илмининг маркази сифатида ўз обрўсини тиклади", - дея ўз мақоласига якун ясайди индонезиялик журналист.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазон – саховат ойи
Мана Рамазон ойининг келганига бир неча кунлар бўлиб қолди. Юртимиздаги мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг буйруғига биноан Рамазон рўзасини адо қилмоқдалар.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга рўза тутишни фарз қилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан авалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).
“Тафсири ирфон”да ушбу оят тафсири бундай баён қилинади: “Бақара сурасининг 183-185-оятларида Рамазон ойи рўзаси ҳукмлари ва ҳикматлари баён этилган. Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби Ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақвадорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти”.
Рамазон ойи рўза фарз қилинган ойдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту-фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, бошқа кунларда саноғини тўлдирсин...” (Бақара сураси, 185-оят).
Албатта, мана шундай Рамазон ойида сахийлик қилиш, хайру-эҳсон бериш, ўзгалар аҳволидан хабар олиш кишини жуда катта ажр-савобларга ноил этади.
Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).
Сахийлик бу – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгисидир. Бу тўғрисида Алишер Навоий ҳазратлари бундай дейдилар:
Буки санга Тенгри ато айлади,
Қисм карам бирла сахо айлади.
Жуду саховат чоғи бухл этмагил,
Шукр замони доғи бухл этмагил.
Сахийлик, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида бундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.
Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
Эзгуликка ташна халқимиз Рамазон ойида янада саховатли бўлишади. Ҳадиси қудсийда (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қиладилар) Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (одам боласи) шавҳатини ва таомини Мен учун тарк қилур” деди (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”, деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир. Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати 2021 йилги фитр-садақа, фидя ва закот нисоби бўйича қуйидагиларни маълум қилди:
“ Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг), арпадан бир соъ 94кг), майиздан ярим соъ(2кг) ва хурмодан бир соъ (4кг)дир.
Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.
Шунга кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори:
. 2 кг буғдой 10000 (ўн минг) сўм;
. 4 кг арпа 14000 (ўн тўрт минг) сўм;
. 2 кг майиз 80000 (саксон минг) сўм;
. 4 кг хурмо 140 000 ( бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақаси берса кифоя қилади.
Бу йилги фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25000 ( йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.
Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозоридаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Ислом шариатига кўра, фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни Рамазон ойи давомида бериш мақсадга мувофиқ саналади.
Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 27200000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 ( йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган муслмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот нияида камбағал ва фақирларга беради”.
Аллоҳ таоло Ўз бандаларини доимо хайр-саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилаётган эҳсонларимизни қабул этиб, барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин!
Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилояти вакили
Туркия қирғизистон мусулмонларига Рамазон хайрияларини улашди
Қирғизистонда энг катта масжид бўлган пойтахт Бишкекдаги Имом Серахсий марказий масжидида Рамазон ойи муносабати билан муҳтожларга озиқ-овқат тарқатилди. Тадбирда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған иштирок этди.
Islam.ru маълумотларига кўра, Қирғизистон президенти маслаҳатчиси Букуев журналистларга берган интервьюсида турк халқига муҳтожларга инсонпарварлик ёрдами билан жўнатмалар етказиб бераётгани учун миннатдор эканини билдирди.
Бишкекдаги элчихонанинг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси Мурсель Ўзтурк Anadolu агентлигига берган интервюсида муборак Рамазон ойи меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва қардошлик ойи эканини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазон - Қуръон ойи: Воқеа сураси фазилатлари
Воқеа – қиёмат номларидан бири. Воқеа сурасида қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган ҳодисалар баён этилган, охиратда бандалар оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти келтирилган.
Ибн Асокир нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо уни кўргани бориб, ҳол-аҳвол сўради:
– Нимадан шикоятинг бор?
– Гуноҳларимдан.
– Нимани хоҳлайсан?
– Парвардигорим раҳматини.
– Сенга табиб буюрайми?
– Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди.
– У ҳолда сенга совға-салом буюртирайми?
– Ҳожати йўқ.
– Сенга керак бўлмаса, қизларингга қолади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга жавобан бундай деди:
– Қизларим камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман.
Тунда Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос билан ўқиган одам қашшоқлик кўрмайди: ризқи кенг бўлади, касб-корига барака киради. Тажрибада синаб кўрганлар бунинг ҳақиқат эканини таъкидлашган.
Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Воқеа бойлик сурасидир. Уни (ўзингиз) ўқинг, фарзандларингизга ҳам ўргатинг”, деганлар (Ибн Мардавайҳ ривояти).