muslim.uz
Сайёр учрашувларда аҳолига кўмаклар кўрсатилди (Фотолавҳа)
Пастдарғомда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг ҳудуддаги бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлигининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан шаҳар ва туман бош имом хатибларининг сайёр йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов бу каби учрашувлар имом-домлаларимизни ўз ҳудудларида самарали иш олиб боришлари, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшашларига хайрли замин яратаётганини таъкидлади.
Йиғилиш доирасида бош имом-хатиблар тақсимот асосида тумандаги мавжуд масжидларнинг ҳужжат юритиш ишлари билан яқиндан танишишди. Улардаги баъзи камчиликлар бўйича масъулларга тавсия ва топшириқлари берилди.
“Нурул Ислом” жоме масжидида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров томонидан туманда фаолият олиб бораётган маҳалла имомлари ва отинойилар билан фаолиятларига масъулият билан ёндашиш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат-хурофотларнинг олдини олиш, одамлар билан яқиндан иш олиб бориш каби масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказилди.
Сайёр учрашувлар доирасида аҳоли, жумладан, ёшлар билан учрашув ўтказилди. Оилалардаги мавжуд низоли ҳолатлар бартараф этилди. Шунингдек, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган юртдошларимизга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Шайх Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: Гуноҳ қилган киши кофирга чиқарилмайди
БААда "Бинт Мактум" Қуръон мусобақаси бўлиб ўтмоқда
Қуръон мусобақаси Дубайда эркаклар ва аёллар учун иккита алоҳида жойда ўтказилмоқда. Очилиш маросимида сўзга чиққан ҳакамлар ҳайъати раҳбари Иброҳим Жассим ал-Мансурий мусобақанинг 24-нашрида ўтказилаётган савиясини олқишлаб, бу Қуръон ҳифзи марказлари ва маҳаллий Қуръон мусобақалари ривожининг натижаси эканини таъкидлади.
Унинг айтишича, Қуръон ҳифзи мусобақаси бошланганига чорак асрга яқин вақт ўтди ва бугунги кунда у сифат ва миқдор жиҳатдан яхши даражага етди. Шунингдек, у ҳакамлар ҳайъати аъзоларини танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолашда адолат ва аниқликка риоя қилишга чақирди.
Мусобақанинг биринчи кунида эркаклар ўртасида етти нафар ва аёллар ўртасида етти нафар даъвогар саҳнага чиқиб, ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш этди. Мусобақа 13-январга қадар давом этади ва ғолиблар тақдирланадиган ёпилиш маросими эркаклар ўртасида 16-январда, аёллар бўлимида эса 17-январда бўлиб ўтади.
Кимнинг ҳисоб-китоби осон бўлади?
Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо бундай сўзлаб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинадиган киши борки, ҳалок бўлади”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ таоло: “Аммо кимнинг ўнг томонидан берилса, у албатта енгилгина ҳисоб-китоб қилинади”, демаганми?” дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У намойиш қилиш, холос. Қиёмат куни кимнинг ҳисоб-китоби тафтиш қилинса, азобланмай қолмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга тушунарсиз шаръий масалани шарҳлаб берар эдилар. Шунинг учун саҳобалар бирор ноаниқ нарса учраса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мурожаат қилар эдилар.
Ушбу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Абу Мулайка Ойша розийаллоҳу анҳонинг эшитмаган, билмаган нарсаси ҳақида Набий алайҳиссаломдан сўраб олганини хабар қилмоқда. Бу онамизнинг зийраклигидан дарак. Ахир, Набий алайҳиссалом ёнида бўлатуриб ҳам билимини мустаҳкамлаб олмасинми?! .
Ана шундай ҳолатлардан бирини Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо ривоят қилади. Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинадиган киши борки, ҳалок бўлади”, дедилар. Буни Ойша онамиз эшитиб Набий алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари билан Аллоҳ таолонинг: “Аммо кимнинг ўнг томонидан берилса, у албатта енгилгина ҳисоб-китоб қилинади” (Иншиқоқ сураси, 8) оятини таққослади. Боиси, ҳадис лафзи ҳисоб-китоб қилинувчининг азобланишини умумлаштирмоқда. Оят лафзи эса, айримларнинг азобланишига далолат қилмоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом оятга изоҳ бериб: “Оят амал дафтарини намойиш этишдаги ҳолатни баён қилмоқда. Кимнинг амали муҳокама қилинса, ҳалок бўлади”, демоқдалар.
Набий алайҳиссаломнинг оятдан ҳақиқий маънони баён этиш учун берган жавобларида енгил ҳисоб, яъни амал дафтарини намойиш этиш ва кўрсатиш бошқа, амалларнинг тафтиш этилиши бошқа экани аён бўлмоқда. У зот алайҳиссалом оятдаги “енгилгина ҳисоб-китоб қилинади”дан мурод “Аллоҳ таоло бандага гуноҳларини зикр қилади. Сўнгра дунёда уларни беркитгани, охиратда ҳам кечириб юборишини билдиради”, деб изоҳ бермоқдалар.
“Қиёмат куни кимнинг ҳисоб-китоби тафтиш қилинса, азобланмай қолмайди”, деган лафзларига бандаларда янглишишлар кўп учраши, ким тафтиш қилинса, афв этилмаслиги ва дўзахга киритилишини баён этмоқдалар.
Демак, қиёмат куни ҳисоб-китоб икки кўринишда бўлади:
1) амаллар кўрсатилиб, танбеҳ берилади. Бу ҳисоб енгил ўтиб, унинг учун азоб берилмайди;
2) муноқаша ҳисоб-китоби. Бу – қийин ва қаттиқ ҳисоб, азобдан холи бўлмайди. Боиси, бу банданинг хатолари устидаги тафтиш бўлиб, жамики гуноҳларидан сўроқ қилинади. У ҳар бир ёмонлиги учун жавоб беради.
Аббод ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Ойша онамиз розийаллоҳу анҳонинг бундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан енгил ҳисоб ҳақида сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Қиёмат куни (амал дафтари) берилади ва унга кичик гуноҳларини намойиш қиладилар”, деб жавоб бердилар».
Кимнинг ҳисоб-китоби осон бўлади?
Абу Ҳотим ва Ҳоким раҳимаҳумаллоҳ Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Кимнинг яхшиликлари ёмонликларидан кўп бўлса, шу киши ҳисоб-китобсиз жаннатга киради. Кимнинг яхшиликлари ёмонликлари билан тенг келса, енгил ҳисоб қилинади. Сўнгра жаннатга киритилади. Кимнинг гуноҳлари яхшиликларидан зиёда келса, ана ўша ўз нафсини ҳалок этибди”. Шафоат ҳам шу сингари бўлади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: «Сизлардан бирингиз Раббисига яқин келтирилади. Ҳатто орада ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди. Унга: “Шу, шу нарсаларни қилдинг”, дейди. Банда гуноҳларига иқрор бўлади. Сўнгра Аллоҳ айтади: “Сен уни сендан дунёда беркитдим. Бугун эса сени мағфират қиламан”», дейилган.
Ҳадисда Ойша онамизнинг фазилати, таълимга ва ўрганишга ҳарислиги; ҳисоб-китоб, қиёмат кунидаги азоб, одамларнинг ҳисоб-китоблари турлилиги; толиби илмнинг ўзига ноаниқ бўлган нарсани сўраб билишга ҳақлилиги; олим одам ўзига қилинган мурожаатни чин кўнгилдан қабул этиши; Набий алайҳиссаломга ўхшаб сўровчига тушунтириб беришнинг вожиблиги баён этилган.
Мансур ЎРОЛОВ,
Сергели тумани “Нўғайқўрғон” масжиди имом ноиби
"Ҳидоят" журналидан
Ўзбекистон делегациясининг Жиддага ташрифи Саудия Арабистони ОАВ диққат марказида
Саудиянинг оммабоп «Neprass», (https://www.neprass.org/new/s/26984) «Wakeb», «Mjdalwatan» ва «Al-Kifah news» электрон нашрлари «Ўзбекистон Республикаси делегацияси Саудия Арабистони ҳаж ва умра вазири билан учрашди» сарлавҳали мақолаларни ўз саҳифаларига жойлади.
«Мулоқот чоғида томонлар Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда «Ҳаж–2024» мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар, - дейилади мақолаларда.
Томонлар икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли ва дўстона мулоқот туфайли ўзаро алоқалар янги босқичга кўтарилганини, жумладан, дин ва маърифат соҳаларида ҳамда ҳаж ва умра ибодатларини ташкил этишда юқори натижаларга эришилганини қайд этдилар».
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати