muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 13 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

“Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз”

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 13–19 ноябрь кунлари юртимиз бўйлаб Бағрикенглик ҳафталиги ўтказилади.

Ушбу ҳафталик доирасида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан "Бағрикенг Ўзбекистон – умумий уйимиз" мавзусида Халқаро пресс-клуб бўлиб ўтди.

Унда бир қатор ташкилотлар, миллий маданий марказ раҳбарлари ва конфессия вакиллари иштирок этди.

Спикерлар мамлакатимизда олиб борилаётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сиёсатига юқори баҳо бериб, юртимизда кенг нишонланадиган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар халқларимиз орасидаги дўстлик ришталарининг ривож топишига, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.

 

 

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

Шу кунларда ўлкамизнинг турли ҳудудларида диний соҳа ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишларида фаоллик билан иштирок этмоқдалар. Ўтган Уламолар Кенгашида таъкидланганидек, ушбу лойиҳа имом-домлалар ўртасида "Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир" шиори остида кенг жабҳада амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ташаббуси билан Чортоқ туманидаги “Ўрикзор” МФЙ ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида 5 гектар жойга 1500 тупдан ортиқ мевали кўчатлар экилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси 56-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.

Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.

Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап.

Ушбу тадбирда Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси мутахассислари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги масъуллари, шаҳар-туман бош имом-хатиблари, вилоят масжидларининг имом-хатиб, имом-ноиб ва мутаваллилари иштирок этдилар.

Жараёнда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Алойдинов, вилоят бош имом-хатиби М.Аббаситдинов сўзга чиқиб, ўз тилакларини билдирдилар.

Юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бу каби хайрли тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраб-авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир. Мана шундай тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати

Шу йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раисликларида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилиш Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари имом-хатиблик масъулиятли ва шарафли вазифа эканини таъкидлаш баробарида улар дин ва миллат ривожи учун хизмат қилишлари ҳамда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритдилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Самарқанд вилоятида охирги йилларда диний соҳада кўплаб натижаларга эришилгани, ҳали тизимда кўплаб қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини алоҳида таъкидлаб, мазкур жараёнда баъзи имом-хатиблар фаолиятида камчиликлар кузатилаётганини мисоллар билан келтириб ўтдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бугун, 2 ноябрь куни пойтахтимизда юксак нотиқлик маҳорати билан барча соҳалардаги ислоҳотларни халқимиз орасида кенг ва фаол тарзда етказиб бераётган бир гуруҳ жамоат арбоблари, таниқли уламолар, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, теле ва радио журналистларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасаси томонидан ташкил этилган ушбу маросим анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда диний-маърифий мавзулардаги қатор таъсирли чиқишлари учун тақдирланди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда диний соҳа ходимлари жамиятимиз тараққиётининг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Мазкур мукофот ҳам мана шундай ишларнинг яна бир эътирофидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича БМТ Яқин Шарқ агентлиги томонидан олиб борилаётган Фаластин халқи учун гуманитар ёрдам кўрсатиш тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида агентликка гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион доллар ажратилади.

“Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига гуманитар ёрдам ажратиш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) томонидан олиб борилаётган Фаластин халқи учун гуманитар ёрдам кўрсатиш тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида агентликка гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион АҚШ доллари ажратилади.

Бундан олдин Шавкат Мирзиёев ҳозирги кунда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган масалага тўхталиб ўтганди.

«Маълумки, Исроил армияси ва ҲАМАС ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда.

Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Биз Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз.

Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим.

Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», - деди президент.

kun.uz

Top