Қуръони карим

Маккий ва Маданий сураларни биласизми?

Қуръон илмлари мавзулари орасида маккий ва маданий суралар баҳси катта ва муҳим мавзулардан бўлиб, ҳатто баъзи уламолар улар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битишган.

  Абулқосим Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ан-Найсобурий (ваф. 406/1016 й.) “Ат-Танбеҳ аъла фазл улум ал-Қуръон” (Қуръон илмлари фазилати борасида эслатма) китобида: “Қуръон илмларининг катта мавзулари сирасига нозил бўлиш ва унинг сабаблари илми, Макка ва Мадинада нозил бўлган суралар тартиби, Маккада нозил бўлиб, ҳукми маданий бўлган оятлар, Мадинада нозил бўлиб, ҳукми маккий бўлган оятлар, Маккада Мадина аҳли учун, Мадинада Макка аҳли учун нозил бўлган оятлар, маккий сураларга ўхшаб кетадиган маданий суралар, маданий сураларга ўхшаб кетадиган маккий суралар, Жуҳфада[1] нозил бўлган оятлар, Байтул Мақдисда нозил бўлган оятлар, Тоифда нозил бўлган оятлар, Ҳудайбияда нозил бўлган оятлар, кечаси нозил бўлган оятлар, кундузи нозил бўлган оятлар, жам бўлиб нозил бўлган ояталар, алоҳида нозил бўлган оятлар, маккий суралар ичидаги маданий оятлар, маданий суралар ичидаги маккий оятлар, Маккадан Мадинага кўтарилган оятлар, Мадинадан Маккага кўтарилган оятлар, Мадинадан Ҳабашистон ерларига кўтарилган оятлар, мужмал нозил бўлган оятлар, тафсир қилинган ҳолатда нозил бўлган оятлар, ихтилоф қилинган суралар ва  баъзилар маккий, баъзилар эса маданий деган суралар илми киради. Бу мавзулар йигирма беш хилдир. Ким буни билмаса ва уларнинг орасини фарқлай олмаса унга Аллоҳнинг Китобидан сўзлаш дуруст эмас!” – деган. 

Ибн Арабий ўзининг “Ан-Носих вал-мансух” асарида: “Қуръон борасида биз билган нарсалар шуки, улар орасида маккий ва маданий суралар, сафарда ёки муқимликда нозил бўлган оятлар, кечаси ёки кундузи нозил бўлган оятлар, осмонда ёки ерда нозил бўлган оятлар, Ер-у Осмон ўртасида нозил бўлган оятлар, ғорда нозил бўлган оятлар мавжуд”, дейди.

Ибн Нақиб[2] эса ўз тафсири муқаддимасида шундай дейди: “Қуръонда нозил бўлган суралар тўрт қисмдир: маккий суралар, маданий суралар, баъзиси маккий ва баъзиси маданий бўлган суралар, маккий ҳам маданий ҳам бўлмаган суралар”.

Инсонлар маккий ва маданий борасида уч ҳил таъриф берадилар:

       Уларнинг энг машҳури: Маккий суралар деб – Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларидан олдин нозил бўлган оят ва суралар, маданий суралар эса, ҳижратдан кейин нозил бўлган оят ва суралардир. Уларни Мадинада нозил бўлиши, Маккада нозил бўлиши, фатҳ йили ёки ҳажжатул вадоъда нозил бўлиши ёки бирор сафарда нозил бўлишининг эътибори йўқ. Усмон ибн Саид санади билан Яҳё ибн Салломдан ривоят қилади: “Маккада нозил бўлган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мадинага етиб боришларидан олдин йўлда нозил бўлган оят ва суралар маккий ҳисобланади. Шунингдек Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан кейин бирор бир сафарда нозил бўлган оят ва суралар маданий ҳисобланади”. Ушбу ривоят ҳижрат сафарида нозил бўлган оят ва суралар маккий эканлиги олинадиган муҳим ривоятдир. 

Иккинчиси: Маккий деб, гарчи ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам Маккада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Маданий деб эса, Мадинада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Бу гапга кўра орада яна бир нарса келиб чиқади. Сафарларда нозил бўлган оят ва сураларга на маккий ва на маданий деган ном ишлатилади. Табароний “Ал-Кабир” асарида Абу Умомадан қуйидаги ривоятни келтиради: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон уч жойда нозил бўлди: Макка, Мадина ва Шомда”, дедилар. Валид буни Байтул-Мақдис деб тафсир қилади. Ибн Касир эса, буни Табук деб тафсир қилса яхшироқ бўларди, дейди. Маккийларга унинг атрофида нозил бўлган оят ва суралар ҳам киради. Яъни Минода, Арафотда ва Ҳудайбияда нозил бўлган оят ва суралар. Маданийга эса унинг атрофида, яъни Бадр, Уҳуд ва Салъ[3] деган жойларда нозил бўлган оят ва суралар киради. 

Учинчиси: Маккий деб, Макка аҳлига хитоб тарзида нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Маданий деб эса Мадина аҳлига хитоб тарзида нозил бўлган оятларга айтилади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини шунга ҳамл қилинади. 

Имом Бухорий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган зотга қасамки, Аллоҳнинг Китобидан бирор оят нозил бўлган бўлса уни ким борасида нозил бўлганини ҳам, қаерда нозил бўлганини ҳам биламан”. Айюб айтади: “Бир киши Икримадан Қуръондаги бир оят ҳақида сўради. У: “Бу оят мана шу тоғ ёнбағрида нозил бўлган”, деб Салъ тоғига ишора қилдилар”. Буни Абу Нуъайм “Ал-Ҳиля” китобида келтирган. 

Қози Абу Бакр “Ал-Интисор” асарида шундай дейди:“Маккий ва маданий сураларни ажратишда саҳоба ва тобеинларнинг ривоятларига мурожаат қилинади. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор бир сўз ворид бўлмаган. Чунки у зот ҳам бунга буюрилмаганлар. Гарчи аҳли илмлар учун уларнинг баъзиларида носих ва мансухнинг тарихини билишлари лозим бўлсада Аллоҳ таоло бунинг илмини умматга фарз қилмаган. Буни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нассларисиз ҳам билиш мумкин. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва бошқалар маккий ва маданий сураларни санаб ўтишгани ривоятларда келади. Ибн Саъд “Табақот” да зикр қилади: “Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: “Убай ибн Каъбдан Қуръондаги Мадинада нозил бўлган суралар ҳақида сўрадим. У: “Улар йигирма еттита сура, қолгани Маккада нозил бўлган”, деб жавоб берди”. 

Абу Жаъфар ан-Наҳҳос ўзининг “Ан-Носих вал-мансух” асарида қуйидагини келтиради: “Абу Амр ибн Ало айтади: “Мужоҳиддан Қуръоннинг маккий ва маданий оятлари ҳақида сўрадим. У киши: “Ибн Аббосдан бу ҳақида сўраганимда у киши: “Анъом сураси тўлиғича Маккада нозил бўлган. У маккий сура, лекин унинг уч ояти Мадинада нозил бўлган: قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ... дан уч оят (151,152,153 оятлар). Ундан олдинги барча суралар маданий суралар. Маккада нозил бўлган суралардан: Аъроф, Юнус, Ҳуд, Юсуф, Раъд, Иброҳим, Ҳижр, Наҳл- унинг охирги уч ояти Макка ва Мадина ўртасида Уҳуддан чиқиш жойида нозил бўлган, Бани Исроил, Каҳф, Марям, Тоҳа, Анбиё, Ҳаж- унингهذان خصمان дан бошлаб уч ояти (19-21 оятлар) Мадинада нозил бўлган, Мўъминун, Фурқон, Шуаро- унинг охирги беш ояти:وَالشُّعَرَاءُ يَتَّبِعُهُمُ الْغَاوُونَ дан охиригача Мадинада нозил бўлган, Намл, Қосос, Анкабут, Рум, Луқмон: унинг  وَلَوْ أَنَّمَا فِي الْأَرْضِ مِنْ شَجَرَةٍдан бошлаб уч ояти Мадинада нозил бўлган, Сажда- унинг أَفَمَنْ كَانَ مُؤْمِنًاдан бошлаб уч ояти Мадинада нозил бўлган, Сабаъ, Фотир, Ясин, Вас-Соффат, Сод, Зумар-унинг  قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا дан бошлаб уч ояти Мадинада Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қотили Ваҳший борасида нозил бўлган, еттита Ҳаамим суралари, Қоф, Зориёт,Тур, Нажм, Қомар, Ар-Раҳмон, Воқеъа, Соф,Тағобун-лекин унинг охирги оятлари Мадинада нозил бўлган, Мулк, Нун, Ал-Ҳаққо, Маъориж, Нуҳ, Жин, Муззаммил-лекин охирги икки ояти: إِنَّ رَبَّكَ يَعْلَمُ أَنَّكَ  تَقُومُ маданийдир[4], Муддасир сурасидан Қуръоннинг охиригача Залзала, Наср, Ихлос, Фалақ, ан-Нос сураларидан бошқа барча суралар маккий суралардир. Мадинада эса Анфол, Бароат, Нур, Аҳзоб, Муҳаммад, Фатҳ, Ҳужурот, Ҳадид, ундан кейин Таҳримгача бўлган суралар”, деб жавоб бердилар”. Ривоятни худди шундай тўлиғича келтирган. Унинг барча ровийлари машҳур бўлиб, араб уламолари наздида ишончли инсонлардир. 

Имом Байҳақий “Далоил ан-нубувват” асарида қуйидагиларни келтиради: “Икрима ва Ҳасан ибн Абул Ҳасанлар айтадилар: “Аллоҳ таоло Қуръони каримдан Маккада нозил қилган суралари: Алақ, Нун, Муззаммил, Муддассир, Масад, Таквир, Аъла, Лайл, Фажр, Зуҳо, Шарҳ, Аср, Адият, Кавсар, Такосур, Маъун, Кафирун, Фил, Фалақ, Ан-Нас, Ихлос, Нажм, Абаса, Қадр, Шамс, Буруж, Тин, Қурайш, Қориъа, Қиёмат, Ҳумаза, Мурсалат, Қоф, Балад, Ториқ, Қамар, Сод, Жин, Ясин, Фурқон, Малаика(Фотир), Тоҳа, Воқеъа, Шуаро, Намл, Қосос, Исро, Собиъа (Юнус), Ҳуд, Юсуф, Ҳижр, Анъом, Соффат, Луқмон, Саба, Зумар, Ғофир, Духон, Сажда, Шуро, Зухруф, Жосия, Аҳқоф, Зарият, Ғошия, Каҳф, Наҳл, Нуҳ, Иброҳим, Анбиё, Муминун, Сажда, Тур, Мулк, Алҳаққо, Маъориж, Наба, Назиъат, Иншиқоқ, Инфитор, Рум ва Анкабут суралари. 

Мадинада нозил бўлган суралар эса: Мутоффифин, Бақара, Оли Имрон, Анфол, Аҳзоб, Моида, Мумтаҳана, Нисо, Залзала, Ҳадид, Муҳаммад, Раъд, Ар-Роҳман, Инсон, Талоқ, Баййина, Ҳашр, Наср, Нур, Ҳаж, Мунафиқун, Мужодала, Ҳужурот, Таҳрим, Соф, Жумъа, Тағобун, Фатҳ ва Бароат суралари”. 

Байҳақий: “Ушбу ривоятда Маккада нозил бўлган Фотиҳа, Аъроф ва Марям суралари тушиб қолган”, дейди. 

Ибн аз-Зурайс қуйидаги ривоятни келтиради: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Агар Маккада бир суранинг боши нозил бўладиган бўлса уни Маккада ёзиларди. Сўнг Аллоҳ унга ўзи хоҳлаганча зиёда қилади. Биринчи нозил бўлган Қуръон оятлари бу Алақ сураси, сўнг Нун, сўнг Муззамил, сўнг Муддасир, сўнг Масад, сўнг Таквир, сўнг Аъло, сўнг Лайл, сўнг Фажр, сўнг Зуҳо, сўнг Шарҳ, сўнг Аср, сўнг Адият, сўнг Кавсар, сўнг Такосур, сўнг Маъун, сўнг Кафирун, сўнг Фил, сўнг Фалақ, сўнг Ан-Нас, Ихлос, сўнг Нажм, сўнг Абаса, сўнг Қадр, сўнг Шамс, сўнг Буруж, сўнг Тин, сўнг Қурайш, сўнг Қориъа, сўнг Қиёмат, сўнг Ҳумаза, сўнг Мурсалат, сўнг Қоф, сўнг Балад, сўнг Ториқ, сўнг Қамар, сўнг Сод, сўнг Аъроф, сўнг Жин, сўнг Ясин, сўнг Фурқон, сўнг Малаика (Фотир), сўнг Марям, сўнг Тоҳа, сўнг Воқеъа, сўнг Шуаро, сўнг Намл, сўнг Қосос, сўнг Исро, сўнг Юнус, сўнг Ҳуд, сўнг Юсуф, сўнг Ҳижр, сўнг Анъом, сўнг Соффат, сўнг Луқмон, сўнг Саба,  сўнг Зумар, сўнг Ғофир, сўнг Сажда, сўнг Шуро, сўнг Зухруф, сўнгДухон, сўнг Жосия, сўнг Аҳқоф, сўнг Зарият, сўнг Ғошия, сўнг Каҳф, сўнг Наҳл, сўнг Нуҳ, сўнг Иброҳим, сўнг Анбиё, сўнг Мўъминун, сўнг Сажда, сўнг Тур, сўнг Мулк, сўнг Алҳаққо, сўнг Маъориж, сўнг Наба, сўнг Назиъат, сўнг Инфитор,  сўнг Иншиқоқ, сўнг Рум, сўнг Анкабут, сўнг Мутоффифин суралари. Ушбу суралар Маккада нозил бўлган суралар. 

Мадинада эса Бақара, сўнг Анфол, сўнг Оли Имрон, сўнг Аҳзоб, сўнг Мумтаҳана, сўнг Нисо,сўнг Залзала, сўнг Ҳадид, сўнг Муҳаммад, сўнг Раъд, сўнг Ар-Роҳман, сўнг Инсон, сўнг Талоқ, сўнг Баййина, сўнг Ҳашр, сўнг Наср, сўнг Нур, сўнг Ҳаж, сўнг Мунафиқун, сўнг Мужодала, сўнг Ҳужурот, сўнг Таҳрим, сўнг Жумъа, сўнг Тағобун, сўнг Соф, сўнг Фатҳ, сўнг Моида, сўнг Бароат суралари нозил бўлди”, дедилар”. 

Абу Убайд айтади: “Али ибн Абу Талҳа: “Мадинада Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анфол, Тавба, Ҳаж, Нур, Аҳзоб, Муҳаммад, Фатҳ, Ҳадид, Мужодала, Ҳашр, Мумтаҳана, Ҳавориййин (Соф), Тағобун, Талоқ, Таҳрим, Фажр, Лайл, Қадр, Баййина, Залзала ва Наср суралари нозил бўлди. Қолган суралар Маккада нозил бўлган”, деди”. 

Абулҳасан ибн Ҳассор ўзининг “Ан-Носих вал-мансух” асарида: “Мадинада нозил бўлган суралар йигирматта, ихтилофлилари ўн иккита, бундан бошқалари маккий суралар эканлигига иттифоқ қилинган”, дейди. 

                                   “Ал-Итқон фи улум ал-Қуръон”асари асосида

 



[1]Маккадан Мадинага қилинган ҳижрат орасидаги шаҳар номи.

[2] Абу Ҳиббоннинг шайхи Жамолуддин ҳанафий.

[3]Мадинада тоғ номи.

[4]Китобнинг асл нусхаларида худди шундай келтирилган экан. Лекин уламолар ўртасида  إِنَّ رَبَّكَ يَعْلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ ояти бир оят эканлиги борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ.

 

Read 18194 times
Top