Қуръони карим

Бир оят тафсири

“Лут ўз қавмига: “Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан сизлар (хотинларингизни қўйиб)эркакларга борурмисизлар, йўлтўсар қароқчилик қилурмисизлар, мажлисларингизда ёлғон ишлар қилурмисизлар?” деганини эсланг. Бас, Лут қавмининг жавоби фақат “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтирчи” дейишлари бўлди” (Анкабут сураси, 28-29-оятлар).

   Ўтган умматлар қиссаларининг Қуръонда зикр қилиниши ҳикматларидан бири улардан ибрат олишимиз учундир. Юқоридаги оят тафсирида келадики: Жибрил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг буйруғи билан Лут қавми яшайдиган қишлоқни баландга кўтардики, ҳатто осмондаги фаришталар итларнинг вовиллашини эшитдилар. Сўнг уларни ағдариб ўша баландликдан ташлаб юборди. Кейин Аллоҳ таоло улар устига ёмғир каби тошларни ёғдирди. Бу азобларнинг барчаси улар қилган гуноҳлари сабабли эди. Натижада улар қиёматгача ёмонлик билан зикр қилинадиган бўлдилар. 

Бу оят ҳақида имом Ажурий (роҳимаҳуллоҳ) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло Лут қавмининг қилган ёмон фасод ишлари ҳақида сизларга хабар берди. Аллоҳ таоло уларнинг кўзларини кўр қилди. Сўнг Жибрил (алайҳиссалом) қанотлари билан қишлоқ аҳлини осмонга кўтарди ва тескари қилиб пастга ташлади. Сўнг устларига осмондан тошлар ёғилди ва барчалари ҳалок бўлдилар. Айтиладики, улар тўрт минг киши эдилар”. 

Бу каби маъсиятлардан узоқ бўлиш учун қуйидагиларга эътиборли бўлиш зарур: 

1.      Гуноҳларни осон қилиб ва зийнатлаб кўрсатувчи дўстлардан узоқ бўлиш. 

2.      Қараганда шаҳвоний нафсни қўзғатувчи нарсалардан кўз юмиш. 

3.      Нафсини поклаш учун тезроқ уйланишга ҳаракат қилиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким қодир бўлса уйлансин...” 

4.      Уйланишга қодир бўлмаса, шаҳватни кесувчи рўзани кўпроқ тутиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Албатта, шайтон Одам боласининг қон томирида юради. Унинг йўлини очлик билан торайтиринглар”. 

5.      Бўш вақтларини инсон ўзи учун дунё ва охиратда фойда берувчи нарсалар билан ўтказиш. Бу борада ота-оналар эътиборни болалардан қочирмаслиги керак. 

Бу умматларнинг аҳволларидан ибратланиб, бундай гуноҳлардан узоқ бўлиш керак. Чунки ҳозирги кунимизда аввалги ота-боболаримизда бўлмаган ўта хатарли касалликларнинг пайдо бўлиши, бизлардан содир бўлаётган гуноҳларимиз сабаблидир. 

Эй Аллоҳим, бизларни доимо тўғри йўлингда собитқадам қилиб, фитналардан омонда сақлагин.

 

Жабборали НУРМАТОВ, 

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси. 

Read 6928 times
Top