Қуръони карим

Қуръон  оятлари сони нечта?

Қуръони карим оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга инсонларнинг эҳтиёжларига қараб Жаброил алайҳиссалом орқали кетма-кетликда туширилган ва бу иш йигирма уч йил давом этган. Оятлар тушиши Маккада бошланган, Мадинада охирига етган. Шу боис сураларнинг айримлари маккий (Макка суралари), айримлари маданий (Мадина суралари) дейилади.

Қуръони карим суралари сони 114 та.

“Сура” луғатда шараф, мақом, бинонинг тепа қисми ва тепалик маъноларини билдиради. Тафсир илми истилоҳида “сура” деб Қуръони каримнинг бошланиши ва тугаши маълум бўлган бир юз ўн тўрт катта-кичик мустақил қисмига айтилади.

“Оят” луғатда аломат, ишора, ибрат, далил ва мўъжиза каби маъноларни ифодалайди. Тафсир илми истилоҳида сураларнинг тугалланган маънога эга бўлаги “оят”дейилади.

Оятлар ваҳий билан тушганидек, уларнинг жойлашиш тартиби ҳам ваҳий билан билдирилган. Булар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий фикрлари ёки ижтиҳод, раъй ва қиёслари маҳсули эмас. Саҳобалардан нақл қилинишича, Жаброил алайҳиссалом бирор оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб тушганида, ўрнини ҳам кўрсатар ва Пайғамбар алайҳиссалом ваҳий котибларига: “Бу оятларни фалон сурага қўй” ёки “Бу оятни фалон жойга ёз”, деб буюрар эдилар.

Оятлар сонини Басра олимлари 6204 та, Макка олимлари 6219 та, Куфа олимлари 6236 та, Шом уламолари 6225 та кўрсатган. Баъзи олимлар бундан ҳам кўпроқ белгилашган. Масалан, юртдошимиз Маҳмуд Замахшарий (ваф. 1149) “Ал-Кашшоф” тафсирида Қуръони каримда 114 сура, 6666 оят, 77439 сўз ва 325343 дона ҳарф бор, деб ёзган.

Кўп тафсирчилар Куфа олимлари фикрини ёқлашади. Қуръони каримнинг бугун тарқатилаётган нусхаларида ҳам оятлар сони 6236 та белгиланган.

Қуръон оятлари сонини белгилашда фикрлар фарқли бўлишига қироат олимларининг тўхташ (вақф) аломатини турли жойга қўйишгани сабабдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларга Қуръондан таълим бераётиб ўқиганларида оят охирида тўхташ кераклигини билдирадиган даражада тин олардилар. Маъно тугалланмаган бўлса, гоҳо кейинги оятни ҳам қўшиб ўқирдилар. Тинглаб ўтирган саҳобийлардан айримлари Пайғамбаримиз алайҳиссалом тин олган жойгача бўлган қисмни бир оят деб ҳисоблашса, бошқалари маъно тугаллангунича давом этган қисмни бир оят деб билишган.

Баъзи уламолар эътироф этишича, Қуръони карим жамланиб, китоб ҳолига келтирилаётганида бир-биридан ажратиш мақсадида суралар бошланишига “Бисмиллоҳ” қўйилган. Шу боис улар сураларнинг илк ояти дейилмайди. Аммо Намл сурасида келгани (30-оят) аниқ-равшан оят ҳисобланади.

Бундан ташқари, айрим сураларнинг бошида келган ҳарфлар бирикмасини Куфа олимлари алоҳида оятлар деб айтишган. Уларнинг фикрича, “ (Тоҳа)”, “ (Ёсин)”, “  (Ҳомим)” алоҳида оят ҳисобланади. Бошқа олимлар уларни оят эмас, сураларнинг бошланиши деб билишган.

Демак, бу борада саноқлар ҳар хиллиги олимларнинг вақф аломатини қўйиш, оятларни ажратиш тутумлари турлича бўлганидандир.

 

Содиқ НОСИР 

Hidoyat jurnalidan

 

Read 58385 times
Top